Бидъатнинг таърифи, турлари ва ҳукмлари

Тавҳид ақидаси китобининг ушбу бўлимида бидъатнинг таърифи, турлари ва ҳукмлари, мусулмонлар ҳаётида бидъатнинг пайдо бўлиши ва унга олиб келган сабаблар, Ислом умматининг бидъатчиларга муносабати, аҳлус-сунна вал-жамоанинг уларни рад қилишдаги манҳажи ва замонавий бидъатлардан намуналар ҳақида сўз юритилади.

БИДЪАТНИНГ ТАЪРИФИ, ТУРЛАРИ ВА АҲКОМЛАРИ
“Тавҳид ақидаси” китобидан иқтибос

[ الأوزبكي –  Ўзбекча – Uzbek]
Шайх Солиҳ ибн Фавзон ибн
Абдуллоҳ ал-Фавзон


 


Таржима: Исмоил Муҳаммад Яъқуб
Таҳрир: Абу Абдуллоҳ Шоший
 
تعريف البدعة وبيان أنواعها
وأحكامها
مقتبس من كتاب " عقيدة التوحيد "
[ الأوزبكي –  Ўзбекча – Uzbek]
فضيلة الشيخ صالح بن فوزان
بن عبد الله آل فوزان


ترجمة: إسماعيل محمد يعقوب
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
ОЛТИНЧИ БОБ: БИДЪАТЛАР

Бу боб қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:
Биринчи бўлим: Бидъатнинг таърифи, турлари, ҳукмлари.
Иккинчи бўлим: Мусулмонлар ҳаётида бидъат-нинг пайдо бўлиши ва унга олиб келган сабаблар.
Учинчи бўлим: Ислом умматининг бидъатчиларга муносабати, аҳлус-сунна вал-жамоанинг уларни рад қилишдаги манҳажи.
Тўртинчи бўлим: Замонавий бидъатлардан наму-налар:
1)    Мавлудхонлик маросимлари;
2)    Жойлар, қадамжолар ва дунёдан ўтиб кетганларни табаррук санаш;
3)    Ибодатлар ва Аллоҳга қурбат ҳосил қилинадиган ишлардаги бидъатлар.


БИРИНЧИ БЎЛИМ:
Бидъатнинг таърифи, турлари, ҳукмлари
1) Таърифи:
Бидъат – илгари бўлмаган нарсани ихтиро қилиш маъносидаги «бадъ» сўзидан олинган.
«Фалончи бир бидъатни чиқарди» дегани илгари бўлмаган бир янги йўлни биринчи бўлиб бошлаб берди, деганидир.
Бидъат чиқариш икки хил бўлади:
1) Дунё ишларида бидъат чиқариш, янги ихтиролар яратишга ўхшаш. Бу мубоҳдир. Чунки, одатлардаги асл-асос мубоҳликдир.
2) Динда бидъат чиқариш. Бу ҳаромдир. Чунки, дин ишидаги асл-асос тавқиф (Китобу Суннат далилларига чекланиш)дир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган-лар: «Ким бизнинг бу ишимизда (яъни динимизда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад (қилинади)» (Муттафақун алайҳ).
Бир ривоятда: «Ким у тўғрида бизнинг амримиз бўлмаган бир ишни қилса, у рад этилади», деганлар (Имом Муслим ривояти).
2) Бидъатнинг турлари:
Диндаги бидъат икки турли:
Биринчи тур: Эътиқод ва сўздаги бидъат. Жаҳмия, мўътазила, рофиза ва бошқа адашган фирқаларнинг сўзлари ва эътиқодлари каби.
Иккинчи тур: Ибодатлардаги бидъат. Аллоҳга У машруъ қилмаган ибодатлар билан ибодат қилиш каби. Бунинг ўзи бир неча қисмдир:
Биринчи қисм: Ибодатнинг аслида бўладиган бидъат. Шариатда асли бўлмаган янги бир ибодат пайдо қилиш билан бўлади. Масалан, аслида шаръий бўлмаган бирор намозни янгидан пайдо қилиш ёки мавлуд ва бошқа ношаръий байрамларни пайдо қилиш каби.
Иккинчи қисм: Машруъ бўлган ибодатга зиёда орттириш билан бўладиган бидъат. Масалан, пешин ёки аср намозига бешинчи ракъатни зиёда қилиш каби.
Учинчи қисм: Машруъ бўлган ибодатни адо этиш кайфиятида бўладиган бидъат. Масалан, машруъ зикрларни жўр бўлиб, оҳанг билан айтиш каби ёки ибодатларда ўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан чиқиб кетиш даражасида қаттиқ қийнаш каби.
Тўртинчи қисм: Машруъ ибодат учун шариат хосламаган бир вақтни хослаш билан бўладиган бидъат. Масалан, Шаъбоннинг ўртасидаги бир кечани намозга, кундузини рўзага хослаш каби. Чунки, рўза ва тунги намоз аслида машруъ, бироқ уларни махсус вақтларга хослаш далилга муҳтождир.
3) Динда бидъат чиқаришнинг ҳукми:
Диндаги ҳар бир бидъат ҳаром ва залолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Янги пайдо қилинган ишлардан сақланинглар! Чунки, (динда) янги пайдо қилинган ҳар бир нарса бидъат ва ҳар бидъат залолатдир» (Имом Муслим ривояти). Бир ривоятда: «Ким у тўғрида бизнинг амримиз бўлмаган бир ишни қилса, у рад этилади» деганлар (Имом Муслим ривояти).
Мазкур икки ҳадис шунга далолат қиладики, динда пайдо қилинган ҳар бир янгилик бидъат, ҳар бир бидъат рад этилажак залолатдир. Бунинг маъноси шуки, ибодат ва эътиқодлардаги бидъатлар ҳаром қилинган. Бироқ, ҳаромлик бидъатнинг турига қараб фарқли бўлади. Улардан очиқ куфр бўлганлари ҳам бор, қабрларни уларда ётганларга қурбат ҳосил қилиш мақсадида тавоф қилиш, уларга жонлиқ ва назрлар келтириш, қабрдагиларга дуо қилиш ва улардан мадад сўраш каби ёки жаҳмия ва мўътазилаларнинг ғулув кетганлари айтадиган сўзлар каби. Улардан ширкка восита бўладиганлари бор, қабрлар устига бино қуриш, улар олдида намоз ўқиш ва дуо қилиш каби. Улардан эътиқодий фисқ бўлганлари бор, хавориж, қадария ва муржиъаларнинг шаръий далилларга зид сўз ва эътиқодларидаги бидъат каби. Улардан маъсият бўлганлари бор, тарки дунёчилик, рўзасини офтоб тиғида туриб ўтказиш, жимоъ шаҳватини кесиш мақсадида ўзини бичиш каби.
Эслатма:
Кимки бидъатни бидъати ҳасана ва бидъати саййиъага (яхши бидъат ва ёмон бидъатга) бўлса, у хато қилган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам-нинг: «Ҳар бир бидъат залолатдир» деган сўзларига қарши чиққан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча бидъатни залолат деб ҳукм қилган ҳолларида бу одам, йўқ, барча бидъат залолат эмас, балки ҳасана бидъат ҳам бор, деган бўлади. Ҳофиз Ибн Ражаб «Арбаъийн» шарҳида айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жавомиъул калимдан саналувчи «ҳар бир бидъат залолатдир» деган сўзларидан ҳеч бир нарса истисно этилмайди. Бу дин асосларидан бир буюк асл-асосдир. Пайғамбар соллал-лоҳу алайҳи ва салламнинг «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад қилинган-дир» деган сўзлари ҳам айни шу маънони ифодалайди. Демак, кимки бир янгилик пайдо қилиб, уни динга нисбатласа, динда унинг қайтадиган асли бўлмаса, у залолатдир. Эътиқод масалалари бўладими, амаллар-ми, зоҳирий ишлар бўладими, ботинийми, фарқсиз, дин ундан покдир» (Жомиъул улум вал-ҳикам).
Бидъати ҳасана дейдиганларнинг сўзларига ҳеч қандай ҳужжат йўқ, фақат Умар розияллоҳу анҳунинг таровиҳ намози ҳақида: «Бу нақадар яхши бидъат» деган сўзини ҳужжат қиладилар.
Ва яна салафларнинг Қуръонни битта китоб қилиб жамланишини ҳамда ҳадисларни ёзиб, девон қилин-ганини инкор қилмаганларини айтиб, бу ҳам бидъат-ку, дейдилар. Бунга жавоб шуки, бу ишлар шариатда асли бор бўлиб, янги пайдо қилинган эмас. Умар розияллоҳу анҳу «нақадар яхши бидъат» деган сўзлари билан луғавий бидъатни назарда тутган, шаръий бидъатни эмас. Шариатда қайтадиган асли бор бўлган ҳар қандай нарсага бидъат дейилса, ундан луғавий бидъат тушунилади, шаръий бидъат тушунилмайди. Чунки, шаръий бидъат деб шариатда қайтадиган асли бўлмаган нарсага айтилади.
— Қуръонни битта китобга жамлашнинг шариатда асли бор. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни ёзиб қўйишга буюрар эдилар, лекин қўлёзмалар тарқоқ эди. Саҳобалар розияллоҳу анҳум уни сақлаш мақсадида битта мусҳафга жамладилар.
— Таровиҳни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча кун саҳобалари билан ўқигач, уларга фарз қилиниб қолишидан хавф қилиб чиқмай қўйганлар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум уни Пайғам-бар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик пайтларида ёлғиз-ёлғиз ўқиб юрганлар. У зотнинг вафотларидан сўнг Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу худди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқала-рида ўқиганларидек ҳаммани битта имом ортига жамлади. Бу диндаги бидъат эмас.
— Ҳадисларни ёзиб қўйиш ҳам шариатда асли бўлган ишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи саҳобаларнинг илтимосларига кўра айрим ҳадисларни ёзишга буюрган эдилар. Пайғамбар соллал-лоҳу алайҳи ва саллам даврида умумий тарзда ҳадис ёзишдан эҳтиёт бўлишнинг сабаби – ҳадис билан Қуръоннинг аралашиб кетиши хавфи эди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгач, бу қўрқув барҳам топди. Яъни, Қуръон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан илгари мукаммал ва аниқ-тиниқ бўлган эди. Шундан сўнг мусулмонлар ҳадисни зое бўлиб кетишидан сақлаш учун йиғиб, китоб ҳолига келтирдилар. Уларни Аллоҳ таоло яхши мукофотлар билан мукофотласин. Улар Роббиларининг китоби ва набийлари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатини зое бўлишдан сақлаб қолдилар.


ИККИНЧИ БЎЛИМ:
Мусулмонлар ҳаётида бидъатларнинг пайдо бўлиши ва унга олиб келган сабаблар
1) Мусулмонлар ҳаётида бидъатларниннг пайдо бўлиши.
Бунинг остида иккита масала бор:
Биринчи масала: Бидъатларнинг пайдо бўлиш даври
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ «Мажму-ъул фатово»да (10/354) айтади: «Билингки, илмлар ва ибодатларга тааллуқли бўлган аксари бидъатлар уммат ичида хулафои рошидийнларнинг охирги давр-ларида содир бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек: «Мендан кейин яшаган-ларингиз тез орада кўп ихтилофларни кўради. Шунда сизлар менинг суннатимни ҳамда хулафои рошидийн ва маҳдиййин (ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифалар) суннатини маҳкам ушланглар» (Абу Довуд, Термизий ривоятлари).
Биринчи бўлиб қадар бидъати, иржоъ бидъати, ташайюъ ва хаворижлар бидъати пайдо бўлди. Усмон розияллоҳу анҳу вафотидан кейин фирқалар пайдо бўлгач, ҳурурия бидъати пайдо бўлди. Саҳобалар даври охирларида, яъни Ибн Умар, Ибн Аббос ва Жобир каби саҳобалар даврининг охирларида қадария пайдо бўлди. Муржиалар ҳам шунга яқинроқ даврда пайдо бўлди. Жаҳмия эса Умар ибн Абдулазизнинг ўлимидан сўнг тобеинлар даврининг охирларида пайдо бўлди. У киши бу фирқадан огоҳлантирганлиги ривоят қилинган. Жаҳм Ҳишом ибн Абдулмаликнинг халифалик даврида Хуросонда чиққан эди.
Бу бидъатлар иккинчи асрда пайдо бўлди, у даврда саҳобалар бор эди, улар бидъат аҳлига қарши наҳий мункар қилдилар. Муфаззал асрдан сўнг иътизол (мўътазила) бидъати пайдо бўлди, мусулмонлар орасида фитналар юз берди, фикрларнинг хилма-хиллиги, бидъат ва хоҳиш-ҳавога мойиллик кучайди, сўфийлик бидъати, қабрларга сағана қуриш бидъати вужудга келди. Шундай қилиб вақт ўтган сари бидъатлар кўпайиб, хилма-хил тус олди».

Иккинчи масала: Бидъатларнинг пайдо бўлиш ўрни
Бидъатларнинг пайдо бўлиши жиҳатидан исломий диёрлар фарқли бўлган. Шайхулислом Ибн Таймия «Мажмуъул фатово»да (20/300-303-с) айтади: «Расу-луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари яшаган ва улардан илм ва иймон тарқалган катта шаҳарлар бешта: икки ҳарам (Макка ва Мадина), икки ироқ (Кўфа ва Басра) ва Шом. Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ибодат ва улар ортидан келувчи исломий ишлар барчаси шу диёрлардан чиққан. Асосий бидъатлар ҳам Мадинаи Набавиядан ташқари шу тўрт шаҳардан чиқди. Кўфадан ташайюъ (шиалик) ва иржоъ (муржи-алик) чиқди, кейин бошқа жойларга тарқалди. Басрадан қадар (қадарийлик), иътизол (мўътазилалик), фосид носиклар чиқди, кейин бошқаларга тарқалди. Шомда носибийлик ва қадарийлик тарқалди. Бидъат-ларнинг энг ёмони бўлмиш тажаҳҳум (жаҳмиялик) Хуросон томонда пайдо бўлди. Бидъатларнинг пайдо бўлиши набавий диёрдан (Мадинадан) узоқлик миқдо-рига қараб бўлди. Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилгандан сўнг бўлиниш пайдо бўлгач, ҳарурия бидъати пайдо бўлди. Аммо Мадинаи Набавия гарчи унда бидъатни дилдан истовчи кимсалар бўлган эса-да, бундай бидъатлар тарқалишидан саломат эди. Унда қадария ва бошқа бидъатлар бўлган, бироқ бидъатчилар хорланган, мазамматланган, Кўфадаги, Басрадаги, Шомдаги бидъатчиларнинг акси ўлароқ мағлуб ва хор эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадисда собит бўлганки, Дажжол Мадинага кира олмайди. Дарҳақиқат, тўртинчи асргача, яъни имом Моликнинг асҳоблари давригача иймон ва илм давом этди».
Аммо муфаззал уч аср ичида Мадинаи Набавияда бошқа шаҳарларда бўлгандек бидъат зоҳир бўлмади ва унда диннинг аслларида бидъат чиқмади.
2) Бидъатларнинг чиқишига олиб келган сабаблар:
Шубҳасиз, Қуръон ва Суннатни маҳкам ушлашда бидъату залолатларга тушишдан омонлик бор. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр» (Анъом: 153).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир чизиқ чиздилар-да, сўнг: «Бу Аллоҳнинг тўғри йўли», дедилар. Унинг ўнг ва чап тарафига бир неча чизиқлар тортиб: «Булар шундай йўлларки, ҳар бирининг устида биттадан шайтон унга чорлаб туради», дедилар. Сўнг қуйидаги оятни ўқидилар: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва бошқалар ривоятлари).
Ким Китоб ва Суннатдан юз ўгирса, уни адашти-рувчи йўллар, пайдо қилинган бидъатлар ўз домига тортиб кетади.
Бидъатлар келиб чиқишига олиб келган сабаб-лар қуйидаги ишларда умумлашади:
Дин ҳукмларини билмаслик, хоҳиш-ҳавога эрга-шиш, фикр ва шахсларга таассуб қилиш, кофирларга ўхшашга уриниш, уларга тақлид қилиш.
Мазкур сабабларни бирма-бир батафсил кўриб чиқамиз:
а) Дин ҳукмларини билмаслик:
Даврлар ўтиб, одамлар рисолат осорларидан узоқлашган сари илм озайиб, жаҳолат тарқала борди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган-ларидек:
«Мендан кейин яшаганларингиз тез орада кўп ихтилофларни кўради» (Абу Довуд, Термизий ривоят-лари).
«Албатта Аллоҳ илмни бандалари (қалби)дан суғуриб олиш билан олиб қўймайди, балки илмни олимларни олиш билан олиб қўяди. Ҳатто бирон-бир олимни қолдирмагач, одамлар жоҳил кимсаларни ўзларига бош қилиб олишади, улардан (фатво) сўрал-ганда илмсизлик билан фатво бериб, (ўзлари ҳам) адашиб, (бошқаларни ҳам) адаштиришади» (Имом Бухорий ривояти).
Бидъатларга фақат илм ва уламолар қарши тура олади. Агар илм ва уламолар йўқолса, бидъатлар ёйилишига, бидъатчилар фаоллашувига қулай фурсат вужудга келади.
б) Хоҳиш-ҳавога эргашиш:
Ким Китобу Суннатдан юз ўгирса, ҳавосига эрга-шиб кетади. Аллоҳ таоло айтади:
«Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!» (Қасас: 50).
«(Эй Муҳаммад), ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?!» (Жосия: 23).
Бидъатлар хоҳиш-ҳаволарга эргашиш самарасидан бошқа нарса эмас.
в) Фикрларга ва шахсларга таассуб қилиш:
Фикр ва шахсларга таассуб қилиш ҳам кишини далилга эргашиш ва ҳақни танишдан тўсади. Аллоҳ таоло айтади: «Қачон (мушрикларга): «Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунингиз», дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўл-сак, ўшанга эргашамиз», дейишади» (Бақара: 170).
Ҳозирги даврдаги баъзи сўфий мазҳаблар ва қубурийларга эргашган кишилар ичидаги мутаассиб-ларнинг ҳоли айни шуки, агар уларни Китобу Суннатга чақирилса, бу иккисига хилоф келувчи барча нарса-ларни тарк қилишга чорланса, ўз мазҳаблари, машо-йихлари, ота-боболарини ҳужжат қилишади.
г) Кофирларга ўхшашга уриниш:
Кофирларга ўхшашга уриниш ҳам кишини бидъат-лар комига тортадиган сабаблардан. Абу Воқид ал-Лайсий шундай ҳикоя қилади: «Биз Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Ҳунайнга қараб отландик, куфрдан қутулганимизга ҳали кўп бўлмаган эди. Мушрикларнинг сидра отлик бир дарахти бўлиб, унинг олдига бориб сиғинишар ва (ирим қилиб) қурол-ларини унга боғлашар эди, уни «зоту анвот» деб аталарди. Йўлда ўшандай дарахтлардан бири ёнидан ўтиб қолдик. Шунда биз: «Ё Расулуллоҳ, бизга ҳам «зоту анвот» қилиб берсангиз» дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Субҳаналлоҳ! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, худди Бану Исроил Мусога айтгандек сўзларни айтмоқдасизлар. Улар: «Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер», дедилар. У айтди: «Албатта, сизлар билмайдиган қавмдирсизлар» (Аъроф: 138). Илгари ўтган умматларнинг йўлларини тутмоқдасиз-лар!» дедилар (Имом Термизий ривояти).
Ҳадисдан маълум бўладики, Бану Исроилни ўз пайғамбарларидан шундай қабиҳ талабни қилишга – уларга худди мушрикларнинг олиҳалари каби олиҳа ясаб беришни сўрашга олиб борган нарса – уларнинг кофирларга ўхшашга уринишларидан бошқа нарса эмасди. Айни шу нарса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан баъзиларини у зотдан ўзларига табаррукланадиган бир дарахт қилиб бериш-ларини сўрашга олиб борди. Бу эса бугунги воқеъ-ликнинг айни ўзидир. Зеро, ҳозирда мусулмонлардан кўплари бидъат ва ширк амалларида, чунончи туғилган кунларни нишонлаш, махсус ишлар учун кунлар ва ҳафталиклар уюштириш, диний ва хотирлаш муноса-батлари билан йиғилиш, ҳайкал ва хотира тошлари ўрнатиш, мотам маросимлари ўтказиш, жанозалардаги бидъатлар, қабрлар устига сағаналар қуриш ва шу кабиларда кофирларга тақлид қилишга ўтиб кетдилар.


УЧИНЧИ БЎЛИМ:
Ислом умматининг бидъатчиларга нисбатан тутган ўрни ва аҳлус-сунна вал-жамоанинг уларни рад қилишдаги манҳажи
1) Аҳлус-сунна вал-жамоанинг бидъатчиларга нисбатан тутган ўрни:
Аҳлус-сунна вал-жамоа доим бидъатчиларни рад қилиб, уларнинг бидъатларини инкор қилиб ва уларни бу ишларни қилишдан тўсиб келган. Қуйида бундан баъзи намуналар олиб келамиз:
а) Уммуд-Дардо розияллоҳу анҳо айтади: «Абуд-Дардо олдимга ғазабланган ҳолда кириб келди. «Сизга нима бўлди?» деган эдим, «Аллоҳга қасамки, Муҳам-мад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишларидан фақат намозни жамоат бўлиб ўқишларидан бошқа бирор нарса (қолганини) билмаяпман», деди» (Имом Бухорий ривояти).
б) Амр ибн Яҳё айтади: «Отам бобомдан ривоят қилиб айтганларини эшитдимки: Биз ғадот (бомдод) намозидан олдин Абдуллоҳ ибн Масъуднинг эшиги олдида уни кутиб, чиқса бирга намозга борамиз деб ўтирган эдик, Абу Мусо ал-Ашъарий келиб қолди ва: «Абу Абдурраҳмон ҳали чиқмадими?» деб сўради. Биз: «Йўқ» деган эдик, то чиққунича биз билан ўтирди. Чиқиб келгач ҳаммамиз унга пешвоз чиқдик. Абу Мусо деди: «Эй Абу Абдурраҳмон, мен ҳозиргина масжидда нотаниш бир ишни кўрдим, лекин алҳамдулиллаҳ, яхшиликни кўрдим». «Нима иш экан?» деб сўради. У айтди: «Борсангиз кўрасиз, масжидда бир қавмни кўрдимки, намозни кутиб, ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтири-шибди. Ҳар бир ҳалқада бир киши (бош), қўлларида тошчалар, ҳалиги киши: «Юз марта такбир айтинглар» дейди, юз марта такбир айтишади, «Юз марта таҳлил айтинглар» дейди, юз марта таҳлил айтишади, «Юз марта тасбеҳ айтинглар» дейди, юз марта тасбеҳ айтишади». «Сиз уларга нима дедингиз?» деди. «Сиз-нинг фикрингизни кутиб, ҳеч нарса демадим», деди. «Ёмонликларини санашга буюрмабсиз-да, яхшилик-ларидан ҳеч нарса йўқ бўлмаслигига кафолат бермабсиз-да», деди. Сўнг биргалашиб кетдик. Ҳалиги ҳалқалардан бири олдига келиб тўхтади ва: «Нима қилаяпсизлар?» деб сўради. «Эй Абу Абдурраҳмон, тошчалар билан такбир, таҳлил, тасбеҳ, таҳмидни санаяпмиз» дейишди. «Гуноҳларингизни сананглар, яхшиликларингиздан бирон нарса зое кетмаслигига мен кафилман. Ҳолингизга вой бўлсин, эй уммати Муҳаммад! Ҳалокатингиз бунчалар тез бўлмаса! Ҳали у зотнинг саҳобалари ҳаёт бўлса, кийимлари ҳали эскимаган бўлса, идишлари синмаган бўлса! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар ё Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг миллатидан кўра ҳидоятлироқ бир миллатдасизлар ё эса залолат эшиги-ни очишга уринувчисизлар», деди. «Эй Абу Абдур-раҳмон, биз фақат яхшилик истаган эдик» дейишди. «Қанча яхшилик истовчилар бўладики, унга асло ета олмайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: «Бир қавм келадики, Қуръон ўқийдилар, бироқ бўғизларидан нарига ўтмайди». Аллоҳга қасам-ки, билмайман, балки ўшаларнинг кўплари сизлардан бўлса керак», деди. Сўнг улардан бурилиб кетди». Умар ибн Салама айтади: «Ўшаларнинг кўпчилигини Наҳравон куни хаворижлар билан бирга бизга қарши урушга кирганини кўрдик» (Имом Доримий ривояти).
в) Бир киши Имом Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳ ҳузурига келиб: «Қаердан эҳром боғласам бўлади?» деб сўради. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берган ва ўзлари эҳром боғлаган мийқотдан», деб жавоб берди. «Ундан узоқроқдан боғласамчи?» деди. «Бундай қилишни дуруст деб кўрмайман» деди. «Бунинг нимасини кариҳ кўрасиз?» деди. «Сенинг фитнага тушишингни кариҳ кўраман» деди. «Яхшилик-ни зиёда қилишда нима фитна бўлиши мумкин?» деб сўради. Молик деди: «Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Пайғамбарнинг амрига хилоф иш қиладиган ким-салар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63). Сен ўзингни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам у билан хосланмаган бир фазилат билан хослашингдан кўра ҳам катта фитна бўлиши мумкин-ми?!» (Абу Шома «Албоъису ала инкарил бидаъ вал-ҳаводис»да (14-с) келтирган).
Булар ўтмиш уламолари ишларидан намуналар эди. Алҳамдулиллаҳ, барча асрларда, то ҳозирги кунгача ҳам уламолар бидъатчиларни инкор қилишда давом этмоқдалар.
2) Аҳлус-сунна вал-жамоанинг аҳли бидъат-ларни рад қилишдаги манҳажи:
Уларнинг бундаги манҳажи Китоб ва Суннат асосига қурилган, бидъатчиларнинг шубҳаларини келтириб, сўнг уларни йўққа чиқарадиган қониқти-рувчи ва миқ эткизмай (тилни айлантирмай, мот қилиб) қўювчи манҳаждир. Улар суннатларни ушлаш ва бидъатлардан тийилиш вожиб эканига Китоб ва Суннатдан далил келтирадилар. Бу тўғрида кўплаб китоблар ёзганлар, ақида китобларида шиа, хавориж, жаҳмия, мўътазила ва ашъарийларнинг иймон ва ақида асослари ҳақида айтган бидъат сўзларига раддиялар берганлар, шу мавзуга хос китоблар ёзганлар. Масалан, имом Аҳмад жаҳмияларга раддия китоби ёзган, бошқа имомлар, жумладан Усмон ибн Саид ад-Доримий ҳам бу мавзуда китоб ёзган, шайхулислом Ибн Таймия ва шогирди Ибнул Қаййим, шайх Муҳаммад ибн Абдул-ваҳҳоб ва бошқаларнинг китобларида ҳам мазкур фирқаларга, қубурий ва сўфийларга қарши раддиялар мавжуд. Хоссатан, бидъат аҳлларини рад қилиб ёзилган китоблар ҳам кўп бўлиб, мисол тариқасида қуйидаги-ларни айтиш мумкин:
Эски китоблардан:
1)    Имом Шотибийнинг «Эътисом» китоби;
2)    Шайхулислом Ибн Таймиянинг «Иқтизоус-сиротил мустақийм» китоби;
3)    Ибн Ваззоҳнинг «Инкарул ҳавадис вал-бидаъ» китоби;
4)    Туртушийнинг «Ал-ҳавадис вал-бидаъ» китоби;
5)    Абу Шоманинг «Ал-баъис аъла инкарил бидаъ вал-ҳавадис» китоби.
Янги китоблардан:
1)    Шайх Алий Маҳфузнинг «Ал-ибдаъ фий мазор-рил-ибтидаъ» китоби;
2)    Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Ҳавомидийнинг «Ас-сунан» ва «Ал-мубтадаъат ул-мутааллиқа бил-азкари вас-солават» китоблари;
3)    Шайх Абдулазиз ибн Бознинг «Ат-таҳзир минал бидаъ» рисоласи;
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, мусулмон уламолар доимий равишда газета ва журналлар, эшиттиришлар, жумъа хутбалари ва маърузалар орқали бидъатларни инкор қилиб ва бидъатчиларга раддиялар бериб келадилар. Бу эса мусулмонларнинг онгини очишда ва бидъатларни йўқотишда катта таъсирчан амаллардан ҳисобланади.

ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ:
Замонавий бидъатлардан намуналар
1)    Мавлуди набий қилиб маросимлар ўтказиш;
2)    Қадамжолар, зиёратгоҳлар ва қабрларни табар-рук санаш;
3)    Ибодатлар ва Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ўринларидаги бидъатлар;
Мазкур бидъатлар ҳозирги даврда замоннинг орқага кетиши, илмнинг озлиги, ихтилофлар ва бидъат-ларга чақирувчиларнинг кўплиги, урф-одатларда кофирларга ўхшашга интилиш ёйилгани сабабли кўпайган. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам-нинг: «Сизлардан илгари ўтганларнинг йўлларига эргашиб кетасизлар» (Термизий ривояти) деган сўзла-рининг тасдиғидир.
1) Мавлуди набий муносабати билан маросим-лар қилиш.
  Бу худди насороларнинг Исо Масиҳнинг туғилган кунини  байрам (рождество) қилишларига ўхшайди. Жоҳил мусулмонлар ёки адашган олимлар ҳар йили Рабиул-аввал ойида, шунингдек бошқа пайтларда ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғил-ганликлари муносабати билан йиғилиш ва маросимлар ўтказишади. Бу нарсани баъзилар масжидларда, баъзилар уйларида ё махсус тайёрланган жойларда ташкил қиладилар ва бундай маросимларга авом халқ оммавий равишда тўпланади. Бу насороларнинг Масиҳ алайҳиссаломнинг туғилган куни муносабати билан йиғилиш қилиш бидъатига ўхшаб кетади. Кўпинча бу йиғилишлар бидъат ҳамда насороларга ўхшашга уриниш бўлиши билан бир қаторда, кўплаб ширк ва мункар амаллардан ҳам холи эмас. Масалан, уларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ғулув кетадиган қасидалар ўқилади, ҳатто Аллоҳдан сўраладиган дуо ва ёрдам талаб қилишларни у кишидан сўраш даражасигача борадилар. Ҳолбуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига мақтов айтишда ғулув кетишдан қайтариб шундай деганлар: «Мени насоролар Ибн Марямни кўкларга кўтариб мақтагандек мақтаманглар. Мен Аллоҳнинг бандасиман, холос. «Аллоҳнинг бандаси ва Расули» денглар» (Муттафақун алайҳ).
Кўпинча, бу мажлисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳозир бўладилар, деб эътиқод қиладилар. Мункар амалларидан шуни ҳам айтиш мумкинки, бундай йиғилишларда кўпчилик жўр бўлиб нағмалар билан нашидлар айтишади, дўмбиралар чалиб, бидъатчи сўфийлар каби зикрлар қилишади. Гоҳо, бу йиғилишларда эркак-аёл аралаш бўлади ва бузуқликларга олиб келадиган фитналар ҳам чиқади. Бундай амаллардан холи бўлган тақдирда ҳам бидъат экани кифоядир: «Ҳар бир янги пайдо қилинган нарса бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир». Бу йиғилиш-ларни қилиш бориб-бориб, бошқа ҳар хил мункарот-ларнинг пайдо бўлишига восита бўлади.
Китоб ва Суннатда, салафи солиҳларнинг амалла-рида ва муфаззал асрларда асли-асоси бўлмаган нарса бидъат дедик. Мавлуд бидъати анча кеч, яъни ҳижрий тўртинчи асрдан кейин пайдо бўлган. Уни фотимий шиалар пайдо қилишган.
Имом Абу Ҳафс Тожуддин ал-Фокҳоний раҳима-ҳуллоҳ айтади: «Аммо баъд, баъзи одамлар Рабиул-аввал ойида қилаётган, мавлуд деб аталадиган йиғилиш ҳақида, бунинг динда асли борми, деган саволлар кўп тушяпти. Шу саволга аниқ жавоб, муайян изоҳ талаб қилибдилар. Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаманки, мавлуднинг Қуръон ва Суннатда асли борлигини билмайман. Динда намуна бўлган, салаф уламолари йўлини маҳкам тутган дин олимларининг биронтасидан бу амални қилганликлари бизга етиб келмаган. Балки бу баттол кимсалар пайдо қилган бидъат ва очкўз одамлар шу билан бойишни кўзлаган нафс шаҳватидан бошқа нарса эмас»  (Рисо-латул маврид фий амалил мавлид).
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Баъзи инсонлар пайдо қилаётган, насороларнинг Ийсо алайҳиссаломнинг туғилган кунини нишонлашларига тақлидан ё Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан муҳаббат ва улуғлаш ниятида қиладиган мавлудин набий деб аталмиш байрамлари ҳам шу жумладандир. Аслида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунлари айни қайси кунлиги ҳақида ихтилофлар бор, қолаверса, уни байрам қилиб йиғилишлар қилишни салафлар қилмаганлар. Агар бунда катта яхшилик бўлганда салафлар албатта қилган бўлардилар, улар биздан кўра бунга лойиқроқ ва биздан кўра улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни улуғловчироқ, яхши ишларга биздан кўра ҳарисроқ эдилар. Балки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат у зотни улуғлаш, у зотга эргашиш, итоат қилиш, буйруқларига бўйсуниш, суннатларини ботинан ва зоҳиран тирилтириш, олиб келган йўлларини ёйишда ва бунинг учун қалб, тил ва қўл билан жиҳод қилишда кўриниши керак.  Аввалги муҳожир ва ансорлардан иборат салафларнинг ва уларга яхшилик билан эргашган зотларнинг йўллари шу эди» (Иқтизоус-сиротил-мустақийм: 2/615).
Бу бидъатни инкор қилиб, қадимда ва ҳозирда рисолалар, китоблар ёзилган. Бу нарса бидъат ва ғайридинларга тақлид бўлишига қўшимча, яна авлиёлар, машойихлар, пешволар кабиларнинг ҳам мавлудларини қилишга олиб келади ва кўп ёмонликлар эшигини очади.
2) Қадамжолар, зиёратгоҳлар ва шахсларни тирик ва ўлик ҳолда табаррук санаш:
Янги пайдо қилинган бидъатлардан бири – махлуқ-ларни (яратилмиш нарсаларни) табарруклашдир. Бу бутпарастликнинг бир тури ҳамда содда ва лақма одамларнинг топган-тутгани овланадиган қармоқдир. Табаррук – барака талаб қилиш, яъни бир нарсада яхшиликнинг давомий туришини ва зиёдаланишини исташдир. Бу талабнинг ижобатига фақатгина Аллоҳ субҳанаҳу қодир бўлади, Аллоҳгина баракани ёғдиради ва давомий қилади. Аммо яратилмиш барака беришга, вужудга келтиришга, ҳаттоки олиб қолишга ва давомий қилишга ҳам қодир бўлмайди. Қадамжо ва зиёрат-гоҳларни, тирик ва ўлик шахсларни табарруклаш – улардан баракот талаб қилиш мумкин эмас. Агар ўша нарса барака беради, деб эътиқод қилса, ширк бўлади. Агар уни зиёрат қилиш, силаш, ўпиш Аллоҳдан талаби ҳосил бўлишига сабаб, деб эътиқод қилса, у ширкка воситадир. Аммо, саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўй-ларини, тупукларини, жисмларидан ажраган нарсани табаррук қилишларига келсак, бу у зотнинг улар орасида ҳаётлик пайтларига хосдир. Аммо, вафот-ларидан сўнг саҳобалар у зотнинг ҳужраларини, қабрларини табаррук қилмаганлар, намоз ўқиган ёки ўтирган жойларини табарруклаш учун бормаганлар. Шунингдек, Абу Бакр, Умар ва бошқа улуғ саҳобалар каби солиҳ кишиларни тириклигида ҳам, ўлганларидан кейин ҳам табаррукламаганлар. Ҳиро ғорига намоз ўқиш, дуо қилиш учун келмас эдилар, Мусо алайҳис-салом Аллоҳ билан гаплашган Тур тоғига намоз ўқиш учун бормаганлар. Ва бошқа пайғамбарларнинг ёки улуғларнинг жойлари деб айтиладиган тоғларга, маконларга, бирон пайғамбарнинг қадамжосига қурил-ган сағаналарга бормаганлар. Ҳатто, Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо Мадинаи Набавияда намоз ўқиб юрган жойни ҳам, ёки Маккада ё бошқа жойда намоз ўқиган жойларини салафлардан биронтаси ўпмаган, силамаган, улуғламаган. Агар муборак икки оёқлари билан босиб намоз ўқиб турган жойни ўпиш ёки силаш умматлари учун машруъ бўлмаган экан, қандай қилиб бошқа бировлар намоз ўқиган, ухлаган деб айтиладиган жойни ўпиб, силаш жоиз бўлсин?!
3) Ибодатлар ва Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ўринларидаги бидъатлар:
Бу замонда ибодатлар ўрнида пайдо қилинган бидъатлар кўп. Ибодатлардаги асл-асос – далил билан шаръий бўлишидир. Бирор далил ва ҳужжати бўлмаган нарса бидъатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ким унда бизнинг амримиз бўлмаган бир ишни қилса у рад этилгандир» (Имом Муслим ривояти).
Бирон бир далилсиз қилинадиган ибодатлар жуда кўп бўлиб, қуйидагилар шулар жумласидан:
— Намозга жаҳрий ният қилиш, яъни, ният қилдим Аллоҳ учун фалон-фалон намоз ўқимоқликни дейиш. Бу бидъат, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан эмас. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: Сизлар Аллоҳга динингларни билдирмоқчимисизлар?! Ҳолбуки, Аллоҳ осмонлар-даги ва Ердаги бор нарсани билур. Аллоҳ барча нарсани билгувчидир!» (Ҳужурот: 16). Ниятнинг ўрни қалбдир, у қалбга оид амал, тилга эмас.
— Намоздан сўнг жамоат бўлиб зикр қилиш. Бу ҳам бидъат, чунки ҳар бир шахс вирд ва зикрларни ёлғиз-ёлғиз айтиши шаръийдир.
— Бирон муносабатларда ёки дуодан кейин ёки ўликлар учун Фотиҳа ўқишни сўраш.
— Ўлганларга атаб мотамхоналар қилиш, маросим қилиб дастурхонлар тузаш, қорилар ёллаш. Буни ўлганга фойдаси бор деб ёки азадорликнинг бир тури деб ўйлайдилар. Буларнинг барчаси бидъат ва асли йўқ ишлардир.
— Диний муносабатлар туфайли йиғилишлар қилиш. Масалан: Исро ва меърож муносабати, набавий ҳижрат муносабати каби. Бундай йиғилишларнинг ҳам шариатда асли йўқ.
— Ражаб ойида ражабий умра деб умра қилиш, унга айрим нафл намозлари ва нафл рўзаларни хослаш. Аслида, бу ойнинг ҳам бошқа ойлардан умрада, намозда, рўзада, қурбонликда ва бошқаларда ажралиб турадиган жойи йўқ.
— Сўфийларнинг турли туман зикрлари. Уларнинг ҳаммаси бидъат. Чунки, сўзларида, кўринишларида ва вақтларида шаръий зикрларга хилофлик бор.
— Шаъбон ойининг қоқ ярмидаги бир тунни тунги намозга, кунни эса рўзага хослаш. Бу ҳақда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳеч нарса собит бўлмаган.
— Қабрларга сағана қуриш, масжид қилиб олиш, табаррукланиш мақсадида зиёрат қилиш, ўликларни восита қилиш ва бошқа ширкий ишлар, шунингдек, аёлларнинг қабрларни зиёрат қилиши ҳам шу жумладандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни, қабрлар устига масжид қурувчиларни, чироқлар ёқувчиларни лаънатлаганлар.
Бидъат куфрнинг элчисидир. У Аллоҳ ва Расули қонун қилмаган, динда ортиқча нарса бўлиб, гуноҳи кабирадан ҳам ёмон. Шайтон бидъат амали қилинганда гуноҳи кабирага хурсанд бўлганидан кўра кўпроқ хурсанд бўлади. Чунки, гуноҳ қилувчи гуноҳ қилганини билиб тавба қилади. Бидъатчи эса бидъатни қилиб, ўзини Аллоҳга яқинлик қилувчи диндор деб ҳисоблайди ва тавба қилмайди. Бидъат суннатни йўқ қилади, у ўз аҳлига суннатларни қилишни ва суннат аҳлини ёмон кўргизади. Бидъат Аллоҳдан узоқлаш-тиради, Аллоҳнинг ғазабини, азобини келтиради ва қалбларнинг занглаши ва фасодига олиб келади.
Бидъатчига қандай муомала қилинади:
Бидъатчи билан ҳамсуҳбат бўлиш, у билан бирга ўтириш ҳаром, фақат насиҳат юзасидан ва унга амалининг мункар эканини билдириш учун бирга ўтириш мумкин. Чунки, унга кўп аралашиб юриш ўзининг ёмон таъсирини ўтказади. Агар уни тийиб қўйишнинг иложи бўлмаса, ундан ва унинг ёмонлигидан эҳтиёт бўлиш вожиб.
Мусулмонларнинг олимлари ва пешволари бидъат-чиларни тийиб қўйишлари ва уларнинг қўлидан тутиб, ёмонликлардан қайтаришлари вожиб. Чунки, уларнинг Исломга нисбатан хатарлари қаттиқ. Шуни ҳам билиш лозимки, кофир давлатлар бидъатчилар бидъатини кенг ёйиши учун уларга турли йўллар билан ёрдам беришади. Чунки, мана шу йўл билан Исломга зарба беришни, унинг асл суратини булғашни мақсад қилишади.
Аллоҳ азза ва жалладан динига нусрат беришини, калимасини олий қилишини ва душманларини хор қилишини сўраймиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад сол-лаллоҳу алайҳи ва салламга, оиласи ва асҳобларига Аллоҳнинг саловот ва саломлари бўлсин.