Жоиз ва ножоиз тавассул

Ушбу мухтасар рисолада муаллиф ҳафизаҳуллоҳ Қуръон ва Суннатдан далиллар келтириб, тавассул мавзусини ёритиб берган.

 

Жоиз ва ножоиз тавассул
> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <    
        

 

Шайх Абдуллоҳ ибн Абдулҳамид Ал-Асарий



 

 

Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший

 


التوسل المشروع والممنوع
> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <    
        

 

 

عبد الله بن عبد الحميد الأثري




ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

 

Муқаддима
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ҳамд оламлар Раббиси Оллоҳга хосдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, унинг оиласига, саҳобаларига ва қиёматгача уларни дўст тутганларга саловоту саломлар бўлсин.
Аҳли суннат вал-жамоат олимларининг кўпчилиги тавассулнинг машруъ эканлигига иттифоқ қилиб, бунга оятлар ва саҳиҳ ҳадисларни далил қилишгандир. Аммо Қуръон ва Суннатда келган ҳамда бу умматнинг салафлари тақдим қилган тавассул тушунчасининг кўриниши баъзи мусулмонларнинг онгида фарқли тус олгандир. Бу инсонлар, тавассулдан Ислом асосларига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига зид бўлган нотўғри тушунчаларни  тушуниб олишган ва бунга (далилга яроқсиз) заиф ва тўқима-мавзу ҳадисларни далил қилишади, устига-устак яна тавассул борасида келган оятларни ўзларининг хато тушунчаларига мос шаклда таъвил қиладилар.
Ҳолбуки биз Китоб ва Суннатни тушунишда ихтилоф қилиб қолсак, саҳоба ва тобеинлардан иборат салафи солиҳнинг тушунчасига мурожаат қилишимиз лозимдир. Чунки улар одамлар орасида икки муборак ваҳий (Қуръон ва Суннат)га энг яқин зотлардир. Улар Оллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги гувоҳликлари билан энг хайрли, энг фазилатли кишилардир: «Инсонларнинг энг хайрлиси менинг замонимдагиларидир. Сўнгра улардан кейингилар, сўнгра улардан кейин келганлардир» .
Оллоҳга ва Унинг пайғамбарига иймони бор ҳар бир мусулмон киши нафсу ҳавога эргашишдан йироқ бўлиши лозимки, у Оллоҳнинг йўлидан оздирувчидир. Шунинг учун салафи солиҳларимизнинг ортидан бориш шартдир. Шундан келиб чиқиб, бидъат ва нафсу ҳаво аҳлида кўрганимиз, унда гаплар кўпайган ва оёқлар ҳақ йўлдан тойган ушбу нозик масалага ойдинлик киритишни мақсад қилдим. Оллоҳдан мадад сўраб, қўлимдан келганича тавассул мавзуси ҳақида Китоб ва Суннатда ворид бўлган далилларни тўплашга ҳаракат қилдим. Оллоҳ таолодан ниятимда ихлос ва фикримда тўғриликни сўрайман, албатта У — Жаввод-олийҳиммат, Карим-серсаховат зотдир.
Тавассулнинг тарифи
Тавассулнинг луғавий маъноси, мақсадга боғловчи, истакка яқинлаштирувчи, хоҳишга олиб борувчи восита деганидир. Бошқа бир маъноси эса султоннинг ҳузуридаги мавқе, мартаба ва яқинликдир.
Шариат истилоҳида эса, Оллоҳ таолога яқин бўлишнинг машруъ сабабларини ушлаш, У зот субҳонаҳу ва таолонинг ҳузурида юксак мартабага эришиш учун, ёки манфаат келтирадиган ҳамда зарарни аритадиган ҳожатларни амалга ошиши учун, ёда дунёю охиратда истаган нарсани қўлга киритиш учун У зот субҳонаҳунинг розилигига олиб борувчи, Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиллари билан шариат қилган ибодатни қилишдир. Оллоҳга васила қилиш фақат шариат доирасидагина бўлиши даркор.
Василанинг учта асоси бор:
1) Тавассул қилинадиган зот — карам ва фазилат соҳиби Оллоҳ субҳонаҳу ва таолодир;
2) Васила қилувчи — ҳожати бажарилишини истаган заиф ва муҳтож бандадир;
3) Васила қилинган нарса — Оллоҳга яқинлаштирувчи солиҳ амалдир. Мана шу василадир.
Васила Оллоҳга яқинлаштириб, эҳтиёжни бартараф қиладиган манфаатли бўлиши учун қуйидаги шартлар доирасида бўлиши ҳамда васила қилувчида топилиши керак:
— Васила қилувчи киши солиҳ бир мўмин бўлиши ҳамда шу амали билан Оллоҳнинг розилигини мақсад қилиши;
— Васила қилинаётган амал, Оллоҳнинг бандаларга ўша амал билан қурбат ҳосил қилишини шариат қилиб берган амаллардан бўлиши керак;
— Ўша амал шариатимизда бор бўлган ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига мувофиқ амал бўлиши керак. Бу амалга ниманидир қўшилган ёки камайтирилган, ёҳуд у зот белгилаб берган ва шариат қилган замон ва макондан бошқасида қилинмаган бўлиши лозим.
Бундан маълум бўладики, ғайримуслимларнинг амаллари на қурбат ва на васила бўла олмас экан, худди шунингдек, бидъат амаллар ҳам Оллоҳ таолога яқинлаштирмайди.
Тавассулнинг турлари
Суннат олимлари тавассулни икки қисмга бўладилар:
1) Машруъ (жоиз, шаръий) тавассул;
2) Мамнуъ (ножоиз, бидъат) тавассул.
1) Машруъ тавассул ва турлари
Машруъ тавассул: Оллоҳ таолога У зот яхши кўриб, рози бўладиган фарз ёки суннат ибодатлар билан қурбат-яқинлик ҳосил қилишдир. Бу ибодатлар хоҳ сўз, хоҳ амал, хоҳ эътиқод бўлсин, баробардир. Унинг қуйидаги кўринишлар бор:
Биринчи: Оллоҳ таолога Унинг гўзал исмлари ва олий сифатларини васила қилиш:
Оллоҳ таолога Унинг гўзал исмлари ва олий сифатларини васила қилиш, васила йўлларнинг энг яхшиси, энг улуғи ва энг манфаатлисидир. Бунга далил:
Оллоҳ таоло айтади:
«Оллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд этинглар, ибодат қилинглар)» .
Яъни Оллоҳга Унинг гўзал исмларини васила қилган ҳолда дуо, ибодат қилинглар.
Бундан кўринадики, Оллоҳга Унинг исмларидан ёки сифатларидан бирини васила қилиш мумкин экан. Ва бу Оллоҳ яхши кўриб, рози бўлган амаллар жумласидандир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимани васила қилиб дуо қилган бўлсалар, бизнинг ҳам қилишимиз машруъ-жоиз бўлади. Мана саҳобалар, тобеинлар ва табаъ тобеинлар ҳам шундай дуо қилганлар.
Иккинчи: Киши ўзи қилган солиҳ амалини васила қилиши:
Бир мусулмоннинг: «Эй Оллоҳ! Сенга бўлган иймоним ва муҳаббатим, Расулингга тобелигим ва иймоним билан сўрайман, мендаги мусибатни аритгин», деб дуо қилиши шу жумладандир. Шунингдек, дуо қилувчи киши Оллоҳга иймони, намоз, рўза, жиҳод, Қуръон тиловати, зикр, Пайғамбарга саловат, истиғфор, умуман олганда барча яхши амаллар ҳамда ҳаром нарсаларни тарк қилиш каби фақат Оллоҳнинг розилигини истаб қилган солиҳ амалларини айтиб, васила қилиб Оллоҳдан сўраши шу жумладандир. Бунга далил:
«Парвардигоро, бизлар Сенга иймон келтирганмиз, бас, гуноҳларимизни мағфират айла ва бизни жаҳаннам азобидан асра!» .
Суннатдаги далилга келсак, биздан олдинги умматларда содир бўлган ғор соҳиблари қиссасини келтиришимиз мумкин. Уч киши бошпана излаб ғорга кирганларида улкан бир қоя тош қулаб ғорнинг оғзини бекитиб қўяди. Ўшанда улар энг умидвор бўлган амалларини эслаб, ўша амалларини васила қилиб Оллоҳга дуо қиладилар. Шунда Оллоҳ уларга ёрдам беради ва мушкулларини кушойиш қилади. (Бу ҳадиснинг тўлиқ ҳолати имом Бухорий ва Муслимнинг “Саҳиҳ”ларида келган)
Учинчи: Солиҳ инсонларнинг дуоларини васила қилиш:
Қаттиқ қийинчилик ҳолатига тушган киши ўзини Оллоҳга нисбатан гуноҳкор, камчиликларга йўл қўйганини билади-да, қувватлироқ бир сабабни ушлаб, ўша билан Оллоҳ таолодан сўрашни кўнгли тусайди ва Китоб ва Суннатни билган ва тақводор киши, деб эътиқод қилган солиҳ инсоннинг ёнига боради. Унга Оллоҳдан менинг мушкулимни кушойиш қилишини ва ғамимни аритишини сўраб Оллоҳга дуо қилиб беринг, дейди. Бу тавассул турига далил:
«Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин!» .
Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Мўмин кишининг биродари ҳаққига ғоибона қилган дуоси ижобатдир» . Шунингдек, Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадис бунга далилдир:
«Умар ибн Хаттоб қурғорчилик, қаҳатчилик бўлганда Аббос ибн Абдулмуттолибни васила қилиб ёмғир сўраган. Умар шундай деб дуо қилганди: «Эй Оллоҳ! Биз Сенга (ҳаётликларида) Пайғамбаримизни васила қилиб ёмғир сўрардик, Сен бизга ёмғир ёғдирардинг. Энди эса, (вафотларидан кейин) Пайғамбаримизнинг амакиларини васила қилиб ёмғир сўраяпмиз, бизга ёмғир ёғдир». Анас айтади: «Ўшанда уларга ёмғир ёғдирилганди» .
Ҳазрати Умарнинг  сўзининг маноси:
Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига бориб, у зотдан бизнинг ҳаққимизга дуо қилишини сўрар ва Оллоҳга у зотнинг дуолари билан яқинлашардик. Ҳозир эса, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рофиқул Аълога кўчиб ўтдилар (яъни вафот этдилар) ва биз учун дуо қилиб бера олмайдилар. Шунга биз Пайғамбаримизнинг амакилари Аббоснинг ёнига келиб, ундан биз учун Оллоҳга дуо қилиб беришини сўраяпмиз.  
Машруъ тавассулнинг турлари шулардан иборат бўлиб, булардан бошқалари бирор-бир далилга асосланмаган. Машруъ тавассул турларининг ҳукмлари ҳар хилдир. Жумладан, Оллоҳнинг исм ва сифатларини, иймон ва тавҳидни васила қилиш вожиб бўлса, солиҳ амалларни ёки солиҳларнинг дуоларини васила қилиш мустаҳабдир. Шунинг учун мусулмон киши қийинчилик дамларида машруъ василалар билан Оллоҳдан сўраши ва бидъату гуноҳ бўлганларини Оллоҳдан қўрққан, Ундан ҳаё қилган, Унга итоат этган ҳолда тарк қилиши вожибдир.
2) Бидъат тавассул ва турлари
Оллоҳ яхши кўрмаган ва рози бўлмаган сўзлар, амаллар ва эътиқодлар билан Оллоҳга яқин бўлишга ҳаракат қилиш  бидъат-ножоиз тавассул ҳисобланади. Бу тавассул тури аксарият васила қилувчи инсонларни Оллоҳ рухсат берган тавассул шаклидан ғафлатда қолишларига сабаб бўлгандир. Улар ношаръий васила билан овора бўлганлари оқибатида шаръий васила йўлларидан узоқлашдилар, амаллари беҳуда бўлиб, зиён қилдилар.
Энди мусулмонларга насиҳат қилиш, Ислом рисоласини етказиш ва ношаръий тавассул нима эканини билдириб қўйиш мақсадида унинг баъзи турларини айтиб ўтамиз:
Биринчи: Оллоҳ таолога шахсларнинг ҳаққи-ҳурматини ёки обрў-эътиборини ёки мартабасини ўртага қўйиб васила қилиш:
Дуода Оллоҳ таолодан бир кишининг ҳаққи-ҳурматини ўртага қўйиб сўраш, бидъат тавассул жумласидандир. Бир киши: «Эй Оллоҳ! Пайғамбаринг ҳаққи-ҳурмати, ёки фалончи банданг ҳаққи-ҳурмати юзидан Сендан сўрайман», дегани каби. Бундай тавассул кўриниши ИСЛОМ ДИНИДА ЙЎҚДИР.
«Биз Китобда бирон нарсани қўймай (ёзганмиз, баён қилганмиз)» , деган Оллоҳнинг китобида ҳам, «Расулуллоҳ бизга ҳамма нарсани, ҳатто хожатхона одобларини ҳам ўргатдилар» , деб хабар берган суннатда ҳам бундай тавассул кўриниши йўқ ва келмагандир. Шунингдек, саҳобаларнинг амалларида ҳам бундай тавассул топилмайди. Исломда буюрилган тавассул тури эса, Оллоҳдан Унинг гўзал исмлари ва олий сифатлари билан сўрашликдир.
Бидъат тавассулнинг бу кўриниши кишини катта ширкка етаклайди. Агар у Оллоҳ таолога ҳам худди раҳбар ва ҳокимга ўхшаб ўртага орачи-воситачи қўйилиши керак, деб эътиқод қилса катта ширкни қилган бўлади. Чунки у Холиқ (Яратувчи)ни махлуқ (яратилганлар)га ўхшатди. Ваҳолангки, Оллоҳни махлуқларига ўхшатилмайди. Зеро Унинг бир кимсадан рози бўлишида (унинг сўраганини бериши, дуосини ижобат қилишида) орачиларга ҳожати йўқ, агар бир кимсага ғазаб қилса, орачилар уни қутқариб ололмайди ҳам.
Шуни яхши билингки, бандалар ҳар қанча юксак мақомларда бўлса: хоҳ фаришта, хоҳ пайғамбар, хоҳ расул бўлса ҳам, уларни Оллоҳ азза ва жаллага ҳаргиз қиёслаш мумкин эмас. Чунки бандалар Холиқ-Яратувчига муҳтождирлар. Оллоҳ эса ягона Яратувчи бўлиб, орачи-воситачилардан беҳожат Зотдир. Мана Оллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Ва Оллоҳни қўйиб, улар учун осмонлар ва Ердан бирон нарсани ризқ қилиб бера олмайдиган, ҳеч нарсага қодир бўлмайдиган бутларга ибодат қилурларми?! 74. Бас, Оллоҳнинг ўхшашини қидирманглар! (У зотнинг мисли — ўхшаши йўқдир.) Албатта Оллоҳ (барча нарсани) билур, сизлар (эса ҳеч нарсани) билмассиз» .
Шунинг учун ҳам саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин, дуо қилиб бериши учун амакилари Аббосга мурожаат қилдилар. Лекин улар Пайғамбаримиз ҳаётда экан дуоларида: «Эй Оллоҳ, Пайғамбаринг ҳаққи-ҳурмати бизга ёмғир ёғдир», вафотларидан сўнг: «Эй Оллоҳ, Аббоснинг ҳаққи-ҳурмати бизга ёмғир ёғдир», демаганлар. Чунки бу бидъат дуо кўриниши бўлиб, Оллоҳнинг китобида бунинг асли йўқ, саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам буни таълим олмагандилар. Шу сабабдан улар бундай дуо қилмадилар. Бордию кимнингдир ҳаққи-ҳурматини ўртага қўйиб васила қилиш жоиз бўлганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳаққи-ҳурматини ўртага қўйиб сўралган бўларди ва у зот бунга ҳақлироқ ҳам эди. Бироқ тавассулнинг бу кўриниши Макка давридаги мушрикларнинг ширки билан бир хилдирки, Оллоҳ таоло улар ҳақида шундай дейди:
«У зотдан ўзгаларни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Оллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар)» .
Оллоҳ сизни раҳматига олсин, шуни билингки, мавқе-эътибори ҳар қанча баланд бўлишидан қатъий назар бир бандани ёки унинг ҳаққи-ҳурматини васила қилинганда қайсидир маънода у фойда ёки зарар бера олади, деб эътиқод қилинса, Ислом миллатидан чиқарадиган катта шикр қилинган бўлади, Оллоҳ асрасин!
Иккинчи: Авлиё ва солиҳ инсонлардан дуо қилиб сўраш, уларга назр қилиш ва улардан мадад тилаш:
Солиҳ кишилар ўлганларидан кейин, улардан дуо сўраш, уларнинг ҳаққи-ҳурматларини ўртага қўйиб васила қилиш ва уларга назр қилиш, ИСЛОМ ДИНИГА ЁД НАРСАДИР. Бу катта ширк бўлиб, тавҳидга путур етказади. Масалан: «Эй фалончи Ҳожам! Эй фалончи Пирим! Ўзинг қўлла, мушкулимни осон қил... Мен учун Оллоҳдан сўранг, ёки Мен сизнинг паноҳингиздаман, сиздан ва Оллоҳдан мадад сўрайман» каби дуолар, илтижолар ширкий сўзлар жумласидандир.
Шунингдек, ўлиб кетган солиҳларга назр қилиш ҳам бидъат василадир. Масалан: «Эй Саййидим, агар Оллоҳ менга буни насиб қилса, сиз учун шуни қиламан. Эй Пирим, манави иш амалга ошсин, сиз учун бундай қиламан. Ёки соғайиб кетай, ёки фарзанд кўрай, сиз учун ундай, бундай қиламан» каби назр қилишлар, буларнинг барчаси Оллоҳдан бошқага қилинган саналади. Оллоҳ таолодан бошқаси учун қилинган ҳар қандай ибодатдан Ислом безордир. Оллоҳ таоло айтади:
«(Мушриклар) Оллоҳ учун Унинг Ўзи яратган экин ва чорвалардан бир улуш ажратиб, ўзларича: «Бу Оллоҳ учун, бу (қолгани) эса бутларимиз учун», дедилар. Ўрни келганда бутлари учун бўлган улуш Оллоҳ (нинг улуши)га қўшилмайди. Оллоҳ учун бўлган улуш эса бутлари (нинг улуши)га қўшилаверади. Нақадар ёмон ҳукм чиқарадилар-а!» .   
Оллоҳдан бошқага юзланиш, ўликларга дуо-илтижо қилиш, мозорларга шамлар ёқиш, қабрларнинг устига мақбаралар қуриш ва бунга ўхшаш амаллар баъзи жоҳил кишиларнинг ишлари бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, у зотнинг саҳобаларининг ва тобеинларнинг йўли эмасдир. Чунки улар дуо ибодат ва фақат Оллоҳ таологагина қилиниши вожибдир, деб эътиқод қилишган. Мана Оллоҳ таоло айтади:
«Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад) Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларининг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар» .
Муваҳҳидлар имоми соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам саҳобаларга «Дуо ибодатдир» , деб таълим берганлар.
Шундай экан, дуо улуҳият тавҳидининг хусусиятларидан бўлган ҳолда қандай қилиб уни Оллоҳдан бошқага қилиш мумкин?!
Маълумингиз бўлсинки, юқорида айтиб ўтилган амалларнинг ҳаммаси набийлар ва расуллар олиб келган тавҳид калимасига зиддир. Тавҳид — ибодатни бирор кимсага қилмай, фақат ёлғиз, шериксиз Оллоҳгагина қилишдир. Пайғамбарлар Оллоҳ таолонинг амал солиҳ ва шариатига мувофиқ бўлсагина қабул қилишини баён қилдилар. Шунингдек, Оллоҳ таоло барча нарсани кечиришини ва фақат ширкнигина кечирмаслигини етказдилар. Оллоҳ таоло айтади:
«Албатта Оллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур. Ким Оллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик қилса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди» .
Учинчи: Авлиёларнинг руҳлари учун қурбонлик қилиш ва қабрлари атрофида илтижо қилиб ўтириш:
Баъзи жоҳил мусулмонлардан содир бўлаётган ишлар: авлиёларнинг қабрлари, зиёратгоҳлари ва мақбаралари атрофида муайян мавсумларда ва бошқа замонларда уларга атаб қурбонлик қилиб қон чиқаришлари, ўша жойларга касал кишиларни олиб бориб, мақбаралар атрофида илтижо қилиб ўтиришлари ва кечани ўша ерда ўтказишлари, ўша қабр ва мақбаралардаги ўликлардан дардларига шифо сўрашлари, уларга дуо-илтижо қилиб, мадад тилашлари, буларнинг бари Оллоҳ руҳсат бермаган, залолатга олиб борадиган бидъатлардир. Бу амаллар дастлабки жоҳият амалларидан ва Оллоҳ таолонинг ибодатида ширк келтириш жумласидандир. Ҳолбуки, Оллоҳ таоло бу ширкдан қайтариб шундай деган:
«Оллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» ,
«Бас, билиб туриб ўзгаларни Оллоҳга тенглаштирманг» .
Бу ботил амалда бардавом бўлганнинг ҳам, бунга қўл қовуштириб гувоҳ бўлиб турганнинг ҳам ҳукми айнидир. Яъни Оллоҳга ширк келтирган ҳукмидадир.
Ўзларини Исломга нисбатлаган кўп жоҳил кишиларнинг Қуръон, Суннат ва уммат ижмоси билан собит бўлган машруъ тавассул кўринишлари бор бўлишига қарамай, унга қиё боқмасдан, мазкур бидъат тавассулни ушлаб олганларини кўриб ҳайрон қоласиз. Уларнинг Оллоҳ азза ва жалла рухсат бермаган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилмаган, бу умматнинг салафи солиҳидан нақл қилинмаган бидъат тавассулни ва ўзлари тўқиб чиқарган дуоларни ушлаб олганини кўрасиз.
Мусулмон биродарлар! Анави бидъат тавассул кўринишларини инкор қилган фақат биз эмасмиз, балки у динимизнинг асосларидан ва саҳобалар, тобеинлар, тўрт мазҳаб имомлари ва уларга эргашганларнинг мазҳабидир. Зеро динда ҳар қандай бидъат қайтарилгандир!
Мусулмонларнинг тавассул борасида тўғри йўлдан узоқлашишларининг сабаблари
Биринчи сабаб: Аксарият мусулмонларнинг бидъат тавассулга кириб қолишларининг асосий сабаби ТАҚЛИДДИР. Тақлид дегани, далили йўқ қавлни ушлаб олишликдир. Бу эса шаръан ножоиздир. Тақлид қилувчи киши муайян бир олимга тақлид қилиб, агарчи шаръий далиллар унинг аксини исботлаб турса ҳам унинг сўзларидан чиқмайди.
Ваҳолангки, Оллоҳ таоло кўпгина оятларда буни қоралаган ва ундан қайтаргандир:
«Қачон (уларга): «Оллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунингиз», дейилса, улар: «Йўқ, биз ота-боболаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади. Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмаган, тўғри йўлни тополмаган бўлсалар, ҳам-а?» .
Шунингдек, салаф олимлар ҳам, мужтаҳид имомлар ҳам тақлиддан қайтарганлар. Чунки тақлид, мусулмонлар сафини заифлаштирадиган ва талашиб-тортишишга йўл очадиган сабаблардан биридир. Бирдамлик эса, эргашишда ва ихтилоф юзага келганда Оллоҳ ва Расулига мурожаат қилишдадир. Шу сабабдан саҳобаларни ҳамма масалаларда муайян бир кишига тақлид қилганларини кўрмайсиз. Шунингдек, тўрт мазҳаб имомлари ҳам ўз фикрларида туриб олмаганлар, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис етиб келса, фикрларидан қайтганлар ҳамда одамларни улар далил қилган нарсаларни билмасдан туриб тақлид қилишдан қайтарганлар. Чунки улар Оллоҳ таолонинг қуйидаги сўзини яхши тушунганлар:
«(Эй инсонлар), сизларга Раббингиздан нозил қилинган нарсага (Қуръон ва Суннатга) эргашингиз! Ундан ўзгаларни дўст тутиб, уларга эргашмангиз! Камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар» .
Иккинчи сабаб: Оят ва ҳадисларни баъзиларини олиб, бошқаларини ташлаш. Шунда ҳам улар олган оят ва ҳадислар уларнинг муродларига ҳужжат бўлмайди ва уларнинг фикрларини қўллаб-қувватламайди. Улар ё оят ва ҳадисларнинг тўғри тафсирини идрок қилмаган, ё ҳақиқатдан узоқ таъвилларга кирган бўладилар.
Шундай оятлардан бири:
«Эй мўминлар, Оллоҳдан қўрқингиз ва Унга васийла ахтарингиз» . Бу оятдаги василадан мурод, Оллоҳ таолога У зот рози бўладиган тоат-ибодат ва амаллар билан яқин бўлиш йўлини ахтаринглар, демакдир. Ушбу маънода муфассирлар ўртасида хилоф йўқдир.
Энди бу оятни Оллоҳдан бошқасидан ёрдам сўрашликнинг жоизлигига далил қилинишига келсак, бу Оллоҳнинг каломини ўрнидан ўзгартириш, бузиб кўрсатишдир.
Демак, Оллоҳ таоло унга буюрган васила, У зотга солиҳ ва Уни рози қиладиган амал билан яқин бўлишга ҳаракат қилиш экан. Бу тафсир борасида муфассирлар ўртасида хилоф йўқдир.
Ҳадислардан эса, юқорида баёни ўтган Умарнинг Аббосни васила қилгани ҳақидаги ҳадис уларга чигаллик яратди ва Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қариндошлиги учун Аббоснинг ўзини васила қилган эди, дедилар. Биз айтамизки, унда улар Язид ибн Асвад Журашийнинг ҳолига нима дейдилар? Муовия ва мусулмонлар ёмғир сўраб Журашийни васила қилдилар, яъни  Жураший улар учун Оллоҳга дуо қилди, Оллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилди ва ёмғир ёғдирди.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига келиб, «Оллоҳга дуо қилинг, менга офият берсин», деган кўзи ожиз киши ҳақидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Истасанг дуо қиламан (шифо топасан), истасанг сабр қил. Сабр қилганинг яхшироқдир», дедилар. У эса «Оллоҳга дуо қилиб беринг», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга чиройли, мукаммал таҳорат олишга ва қуйидагича дуо қилишга буюрдилар: «Эй Оллоҳ, мен Сенга раҳмат пайғамбари — пайғамбаринг Муҳаммад билан юзланаябман. Эй Муҳаммад, ҳожатим раво бўлсин дея мен сен билан Раббимга юзланаябман. Эй Оллоҳ, унинг мен ҳақимда шафоати (дуоси)ни қабул қил!». Шундай деб дуо қилган эди, кўзига нур берилди ва кўриб бошлади». Бу ҳадиснинг маъноси очиқ-равшандир. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзининг ҳаққига дуо қилишини сўради ҳамда ўзи ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоларини қабул қилинишини сўраб Оллоҳга дуо қилди: «Эй Оллоҳ, унинг менинг ҳаққимга қилган дуосини қабул қил», деди.
Учинчи сабаб: Асли бўлмаган, баъзан дин асосларига мухолиф бўлган заиф ва тўқима ҳадисларга амал қилиш. Мисол тариқасида улардан баъзиларини айтиб ўтамиз:
— «Менинг ҳаққи-ҳурматим билан (Оллоҳга) васила қилинглар, чунки менинг ҳаққи-ҳурматим Оллоҳнинг наздида улуғдир»;
— «Одам алайҳиссалом гуноҳ қилиб қўйганда «Эй Раббим, Муҳаммаднинг ҳаққи-ҳурмати ила мени кечиришингни сўрайман», деди. Шунда Оллоҳ: «Муҳаммадни ҳали яратганим йўқку, уни қаердан билдинг», деди. Одам: «Эй Раббим, мени яратиб, менга руҳингдан пуфлаганингда бошимни кўтариб қарасам, Аршнинг устунларига Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг расулидир, деган ёзувни кўрдим. Шундан билдимки, (у энг суйган банданг экан, чунки) Сен ўз исминг ёнида фақат Ўзингга энг суюкли бандангни келтирасан», деди. Шунда Оллоҳ: «Сени кечирдим. Агар Муҳаммад бўлмаса эди, сени яратмаган бўлардим», деди». Имом Заҳабий «ал-Мийзон» китобида юқоридаги ҳадисни ботил ва тўқимадир, деган.
— «Ким уйидан намоз (ўқигани масжид сари йўл)га чиқса ва «Эй Оллоҳ, мен Сендан сўровчиларнинг ҳаққи-ҳурмати билан сўрайман, бу қадамларимнинг ҳаққи-ҳурмати билан сўрайман...», деса...», деган ҳадис заифдир. Шайхул-ислом ва Заҳабий заиф деган.
Хотима ўрнида: Муваҳҳид (фақат Оллоҳга ибодат қилган мўмин) банда бидъат тавассул турларидан узоқ юриши лозимки, уларни қилган киши ё катта ширкка, ё кичик ширкка, ёда ҳаром бўлган бидъатга кириб қолиши тайин. Яна унда дуонинг ижобат бўлмаслигини кафолатлайдиган дуода ҳаддан ошишлик бор. Зеро Оллоҳ таоло фақат шариатига мувофиқ бўлган амалнигина қабул қилади. Шунингдек муваҳҳид банда Қуръонда ва Суннатда келган дуоларни қилишга ҳарис бўлмоғи лозим. Чунки уларнинг ижобат бўлиши аниқроқ ва улар билан дуо қилишда ажр ва савоб бордир.
Эй Оллоҳ, биз Сендан гўзал исмларинг ва олий сифатларинг билан, Сенга бўлган иймонимиз, раҳмат пайғамбари бўлган Пайғамбарингга бўлган муҳаббатимиз, унинг суннатига тобелигимиз билан, Сенинг Карим Юзинг учунгина қилган солиҳ амалларимиз билан сўраймиз, бизни Сенинг йўлингда хизмат қиладиган, динингга даъват қиладиган муваҳҳид бандаларингдан қил! Пайғамбаринг йўлида юрадиган қил! Ҳақда узра собитқадам қил! Бизни душманларимиз устидан ғолиб қил! Албатта, Сен дуоларни эшитиб, ижобат қилгувчи Зотсан. Ва Пайғамбаримиз Муҳаммадга, унинг оиласига, саҳобаларига ва қиёматгача уни дўст тутганларга Оллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.

Мундарижа

Муқаддима    1
Тавассулнинг тарифи    2
Тавассулнинг турлари    4
1) Машруъ тавассул ва турлари    4
2) Бидъат тавассул ва турлари    8
Мусулмонларнинг тавассул борасида тўғри йўлдан узоқлашишларининг сабаблари    15
Мундарижа    21