Тавҳид ақидаси

Ўзбек тилига таржима қилинган ушбу китоб, ақида илмига оид бўлиб, ҳар бир мусулмон киши билиши зарур бўлган ақида масалаларини лўнда ва енгил бир услубда далиллар асосида ёритиб беради.

ТАВҲИД АҚИДАСИ
[ الأوزبكي –  Ўзбекча – Uzbek]
Шайх Солиҳ ибн Фавзон ибн
Абдуллоҳ ал-Фавзон



Таржимон: Исмоил Муҳаммад Яъқуб
Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший
 
عقيدة التوحيد
[ الأوزبكي –  Ўзбекча – Uzbek]
فضيلة الشيخ صالح بن فوزان
بن عبد الله آل فوزان


ترجمة: إسماعيل محمد يعقوب
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي

 

МУҚАДДИМА
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Оламлар Робби Аллоҳга ҳамду санолар, Унинг содиқу амийн Пайғамбарига ва у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар бўлсин...
Бу китобнинг мавзуси тавҳид ҳақида бўлиб, уни мухтасар шаклда ва ибораларини енгил ва тушунарли бўлишига аҳамият қаратдим. Унда бир қанча манбалардан, хусусан буюк алломалар – шайхулислом Ибн Таймия, аллома Ибн Қаййим, шайхулислом Муҳаммад ибн Абдул-Ваҳҳоб ва унинг шогирдлари бўлмиш муборак даъват имомлари китобларидан иқтибослар келтирдим.
Шубҳасиз, исломий ақида хусусидаги илм барча илмлар ичида энг асосийси бўлиб, амаллар тўғри, Аллоҳ ҳузурида мақбул ва эгаларига фойдали бўлиши учун бу илмни ўрганиш, ўргатиш ва унга амал қилишга қаттиқ аҳамият бериш зарурдир. Хусусан, бугунгидек динсизлик, тасаввуф, таркидунёчилик, мозорларга сиғиниш, пайғамбар йўлига зид бўлган бидъатлар каби ҳар хил оқимлар кенг тарқалган замонда яшаб турар эканмиз, унинг аҳамияти янада яққол кўзга ташланади. Бу оқимлар ғоят хатарли бўлиб, мусулмон киши улар қаршисида Китоб, Суннат ва салафи солиҳ йўллари асосига қурилган соғлом ақида қуроли билан қуролланмоғи лозим. Акс ҳолда, йўлдан оздирувчи бу оқимлар уни ўз домига тортиб кетиши мумкин. Бу эса мусулмонларнинг фарзанд-ларига соғлом ақидани асл манбаларидан ўргатишга қаттиқ аҳамият беришни тақозо қилади.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловот ва саломлар йўлласин.


БИРИНЧИ БОБ:
АҚИДА ИЛМИГА КИРИШ
Бу боб қуйидаги бўлимларни ўзи ичига олади:
Биринчи бўлим: Ақида маъноси, унинг дин биносининг пойдевори сифатидаги аҳамияти.
Иккинчи бўлим: Соғлом ақида манбалари ва ақидани қабул қилишдаги салафлар манҳажи.  
Учинчи бўлим: Ақидадан оғиб кетиш ва ундан сақланиш йўллари.
БИРИНЧИ БЎЛИМ:
АҚИДА МАЪНОСИ, УНИНГ ДИН БИНОСИНИНГ ПОЙДЕВОРИ СИФАТИДАГИ АҲАМИЯТИ
Ақиданинг луғавий маъноси
Ақида ва эътиқод сўзлари «боғлаш» маъносидаги «ақд» (عقد) сўзидан олинган бўлиб, «фалон нарсага эътиқод қилдим» дегани, унга дилимни ва қалбимни боғладим, деганидир. Инсон ақида билан диндорга айланади. Ақида қалб амали бўлиб, у қалбнинг бир нарсага ишониши ва тасдиқлашидир.
Ақиданинг шаръий маъноси
Ақида Аллоҳга, малоикаларига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхши ва ёмонига иймон келтиришдир, буларни иймоннинг рукнлари деб аталади.
Шариат икки қисмга – эътиқодий ва амалий ишларга бўлинади.
Эътиқодий ишлар амалнинг кайфиятига (шакли шамойилига) тааллуқли бўлмаган, Аллоҳнинг рубу-биятига, Унга ибодатнинг вожиблигига эътиқод қилиш, шунингдек юқорида айтилган барча иймон рукнларига эътиқод қилиш каби ишлардир. Уларни асллар деб номланади.
Амалий ишлар амалнинг кайфиятига тааллуқли бўлган, намоз, закот, рўза ва бошқа амалий ҳукмларга ўхшаган ишлардир. Уларни фарълар (тармоқлар) деб номланади. Чунки, булар яроқлилик ва яроқсизлик жиҳатидан унисига (яъни аслларга) бино қилинади.
Соғлом ақида – дин унинг устига қуриладиган ва амаллар у билан саҳиҳяроқли бўладиган асосдир.
Аллоҳ таоло айтади:
«Ким Роббига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Роббига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин!» (Каҳф: 110).
«Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилинган-дир: Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қолурсан!» (Зумар: 65).
«Бас сиз Аллоҳга — У зот учун динингизни холис килган ҳолда ибодат қилинг! (Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир» (Зумар: 2, 3).
Ушбу ояти карималар ва шу маънодаги бошқа кўплаб оятларда амаллар фақат ширкдан холи бўлсагина мақбул бўлишига далил бордир. Шунинг учун пайғамбарлар — уларга Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин — энг аввало ақидани тузатишга аҳамият қаратганлар. Улар ҳамма нарсадан аввал қавмларини ягона Аллоҳгагина ибодат қилишга ва Ундан ўзгага ибодатни тарк қилишга даъват қилардилар.
Аллоҳ таоло айтади: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шай-тондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).
Ҳар бир пайғамбарнинг қавмига айтадиган бирин-чи сўзлари шундай эди:
«Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон Илоҳ йўқдир» (Аъроф: 59, 65, 73, 85).
Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Шуайб ва бошқа пайғамбарлар ўз қавмларига шундай хитоб қилганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғам-барликнинг илк даврида, Маккада ўн уч йил мунтазам равишда одамларни тавҳидга ва ақидани тузатишга чақирдилар. Чунки, дин биносининг асосий пойдевори шудир. Барча замонларда даъват эгалари ва ислоҳга чорловчилар пайғамбарлар изидан бориб, биринчи навбатда даъватларини тавҳидга чорлаш ва ақидани тузатишга чақиришдан бошлардилар, шундан кейин-гина диндаги бошқа буюрилган ишларга ўтардилар.  

ИККИНЧИ БЎЛИМ:
СОҒЛОМ АҚИДА МАНБАЛАРИ ВА АҚИДАНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШДАГИ САЛАФЛАР МАНҲАЖИ
Ақида тавқифий (далилга боғлиқ) бўлиб, фақат шариат соҳиби томонидан келган далил билангина собит бўлади ва унда рай (фикр) ва ижтиҳодга ўрин йўқдир. Шундан келиб чиқиб, унинг манбалари ҳам Китоб ва Суннатда келган далилларга чеклангандир. Чунки, Аллоҳни ва Унга нисбатан эътиқод қилиниши вожиб бўлган ва Уни поклаш лозим бўлган нарсаларни ҳеч ким Унинг ўзидан кўра яхшироқ билмайди, Аллоҳни Унинг Ўзидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра яхшироқ билувчи йўқдир. Шунинг учун салафи солиҳнинг ва уларга эргашган-ларнинг ақидани қабул қилишдаги манҳажи Китоб ва Суннатга чекланган эди.
Аллоҳ таоло ҳаққида Китоб ва Суннат нимага далолат қилган бўлса, улар ўша нарсага иймон келтирдилар, эътиқод қилдилар ва унга амал қилдилар. Нима нарсага Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбарининг Суннатида далолат келмаган бўлса, ўша нарсани Аллоҳ ҳаққида ножоиз санадилар ва уни рад қилдилар. Шунинг учун улар ўртасида эътиқод борасида ихтилоф бўлмади, барчаларининг ақидалари битта ва жамоатлари бир бўлди. Чунки, Аллоҳ таоло Унинг Китобини ва Пайғамбарининг Суннатини маҳкам тутган кишиларни жамул-жам ва иттифоқ қилишга, эътиқодларини тўғрилаб қўйишга ва манҳажларини бирлаштириб қўйишга Ўзи кафил бўлган.
Аллоҳ таоло айтади: «Барчангиз Аллоҳнинг арқонини (Қуръон ва Суннатни) маҳкам тутингиз ва бўлинмангиз!» (Оли Имрон: 103).
Аллоҳ таоло айтади: «Сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргаш-са, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас» (Тоҳа: 123).
Шунинг учун улар нажот топувчи фирқа деб номланганлар. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммат етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши, барчаси дўзахга кетиши ва фақат биргина фирқа ундан нажот топиши ҳақида хабар берган ҳадисларида айни уларнинг нажот топишларига гувоҳлик берганлар, ўша битта фирқанинг кимлиги ҳақидаги саволга жавобан: «Улар бугунда мен ва асҳобларим тутган йўлни ушлаган кишилардир», деганлар (Ҳадисни Имом Аҳмад ривоят қилган).
Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган нарсанинг тасдиқи кўринди. Айрим инсонлар ақидаларини Китоб ва Суннатдан бошқа, илми калом ва юнон файласуфларидан қолган мантиқ қоидалари устига қуришгач, эътиқодда тойи-лиш ва фирқаларга бўлиниш ҳосил бўлди ва бу ўз навбатида бирлик ва бирдамликнинг йўқолишига, жамоатнинг бўлиниши ва ислом жамиятининг парча-ланишига олиб келди.


УЧИНЧИ БЎЛИМ:
АҚИДАДАН ОҒИБ КЕТИШ ВА УНДАН
АҚЛАНИШ ЙЎЛЛАРИ
Соғлом ақидадан оғиб кетиш йўқлик ва ҳалокатга юзланиш демакдир. Зеро, соғлом ақидагина инсонни фойдали амал сари ҳаракатлантирувчи энг катта кучдир. Соғлом ақидада бўлмаган киши ўзига ёпири-либ келаётган шак-шубҳа ва гумон уюмлари гирдо-бида қолади ва бахтли ҳаёт йўлларини тўғри кўра олмай қолади. Оқибатда, ҳаётида ҳаловат йўқолиб, танг-тор ҳаётга гирифтор бўлади ва бу тангликдан қутулиш учун ўзини ҳар тарафга уради, охир-оқибат баъзан ўзини ўлдиришдан бошқа чора тополмайди. Бу ҳозирда соғлом ақида йўлидан маҳрум бўлган жуда кўп халқларда гувоҳ бўлиб турилган воқеликдир. Соғлом ақида ҳукм сурмаган жамият бахтли ҳаёт кечириш омилларидан буткул маҳрум бўлган ҳайвоний жамиятдир. Гарчи, унда моддий ҳаёт воситалари ва тириклик омилларидан жуда кўп нарса муҳайё бўлса-да, булар унинг учун бахтли ҳаёт кечиришга етарли бўлмасдан, бу нарса кофир жамиятларда кўриб турилганидек, аксар ҳолларда вайроналик ва ҳалокат сари етакламоқда. Чунки, моддий факторлар уларнинг хусусиятлари ва манфаатларидан истифода этиш учун тўғри йўл-йўриқ ва йўлланмаларга муҳтождир. Йўл-йўриқни эса фақат соғлом ақидагина бера олади.
Аллоҳ таоло айтди: «(Юборган барча пай-ғамбарларимизга шундай дедик): Эй пайғам-барлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар! Албатта Мен қилаётган амалларингизни билувчидирман» (Муъминун: 51).
Аллоҳ таоло айтди: «Аниқки Биз Довудга (улуғ) бир фазл-мартаба ато этдик «Эй тоғлар ва қушлар, (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!» Ва унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик. (Ва унга дедик): «Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин! (Эй Довуд хонадони), яхши амал қилинглар! Зеро Мен қилаётган амалларингизни кўриб турувчидирман». Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйсундирдик) ва унинг учун мис булоғини оқизиб қўйдик. Яна жинлардан ҳам Роббининг изни-иродаси билан унинг қўл остида ишлайдиган кимсаларни (бўйсундириб қўйгандирмиз). Улардан ким Бизнинг амримиздан тойилса, Биз унга ўт-олов азобидан тотдириб қўюрмиз. Улар (Сулаймон-га мисдан) у хоҳлаган нарсаларни — ибодатхона-ларни, ҳайкалларни, ҳовузлар каби (катта) лаган-ларни ва (ўчоқларга) ўрнашган (вазмин) қозон-ларни қилиб берурлар. «(Эй) Довуд хонадони, (Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг шукронаси учун) амал-ибодат қилинглар! Бан-даларим орасида шукр қилувчи (зотлар жуда) оздир» (Сабаъ: 10-13).
Бинобарин, моддий қувват ақида қуввати билан чамбарчас боғланган бўлмоғи лозим. Қачон ботил ақидаларга оғиб кетиш билан ундан ажралиб қолса, у ҳолда моддий куч-қувват вайронагарчилик ва бузғунчилик воситасига айланиб қолади. Бунинг исботини ҳозирда моддий куч-қудратга эга, бироқ соғлом ақидага эга бўлмаган кофир давлатларда кўриб турилибди.
Соғлом ақидадан оғиб кетишнинг бир неча сабаблари бўлиб, уларни билиб олиш зарурдир. Улар ичида энг муҳимлари қуйидагилар:
1.    Саҳиҳ ақидани ўрганиш ва ўргатишдан юз ўгирилиши ёки унга етарлича аҳамият бермаслик туфайли уни билмаслик. Бунинг оқибатида, саҳиҳ ақидани ҳам, унинг зиддида бўлган бошқа мафкураларни ҳам билмайдиган, натижада ҳақни ботил, ботилни эса ҳақ деб эътиқод қиладиган авлод вужудга келади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Агар жоҳилиятни танимайдиган одам Исломда улғайса, Исломнинг ҳалқалари бирма-бир бузилаверади».
2.    Ота-боболар йўлига таассуб қилиш ва гарчи ботил бўлса-да, улар тутумини маҳкам тутиш, унга хилоф келувчи нарсани, гарчи ҳақ бўлса-да, тарк қилиш. Аллоҳ таоло айтганидек: «Қачон (мушрикларга): «Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунинг», дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади. Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, тўғри йўлни тополмайдиган бўлсалар, ҳам-а?» (Бақара: 170).
3.    Одамларнинг ақида хусусидаги сўзларини уларнинг далилларини билмаган ҳолда, ё далилларининг саҳиҳлиги даражасини билма-ган ҳолда олиш билан кўр-кўрона тақлид қилиш. Жаҳмийлар, муътазилийлар, ашъарий-лар, сўфийлар ва бошқа мухолиф фирқалар-нинг воқелиги бунга мисол бўладики, улар ўзларидан илгариги залолат пешволарига кўр-кўрона тақлид қилиб, адашдилар ва соғлом эътиқоддан бурилиб кетдилар.
4.    Азиз-авлиёлар шахсида ғулув кетиш, уларни ўз даражаларидан юқори қўйиш, чунончи уларни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қодир бўлмайдиган, манфаат келтириш ва зарарни даф қилиш каби ишларга қодир деб эътиқод қилиш, уларни ҳожатларни ўташ ва дуоларни ижобат қилишида Аллоҳ билан халқлари ўртасида воситачи қилиб олиш. Охир-оқибат иш Аллоҳни қўйиб, уларга ибодат қилишга етиб боради, бу эса уларнинг мозорларига сиғиниш, уларга атаб қон чиқариш ва назрлар келтириш билан, уларга дуо қилиш, улардан ёрдам ва мадад тилаш кўринишида содир бўлади. Солиҳлар хусусида Нуҳ қавмидан айни шу қабилдаги сиғиниш содир бўлган эди: «Ва (ўзларига эргашган тубан-пасткаш кимсаларга): «Сизлар ҳаргиз ўз худоларин-гизни тарк қилманглар!» «Вад»ни ҳам, «Сувоъ»ни ҳам, «Яғус»ни ҳам, «Яуқ»ни ва «Наср»ни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!» дедилар» (Нуҳ: 23). Бундай ҳолатлар ҳозирда ҳам кўплаб ўлкаларда қабрпастлардан содир бўлиб турибди.
5.    Аллоҳнинг борлиқдаги оят-аломатларини ва Қуръондги оятларини тафаккур қилишдан ғофиллик ҳамда моддий маданият тараққиёти меваларига мафтун бўлиб қолиш оқибатида, уларнинг барини фақатгина инсон қўли маҳсули деб ўйлаб қолдилар, инсонни улуғлай бошладилар ва бу самараларни ёлғиз инсон куч-ҳаракати ва ихтиросигагина нисбатлай бошладилар. Аллоҳ таоло илгари Қорун ҳақида айтганидек: «У: «Менга (бор молу-давлатим) фақат ўзимдаги билим сабаблигина ато этилгандир, (бас, ҳеч ким уни мендан тортиб ололмас»), деди» (Қасас: 78).
Яна инсон айтганидекки, «Биз Ўз томо-нимиздан бўлган бирон марҳаматни тотдир-сак албатта у «Бу ёлғиз ўзимнинг (доноли-гим ва саъй-ҳаракатим билан бўлди), дер» (Фуссилат: 50).
«Қачон Биз Ўз томонимиздан унга бирон неъмат ато этсак, у «Ҳеч шак-шубҳасиз бу (неъмат) менга ўзимнинг билимдонлигим сабабли берилди», дер» (Зумар: 49).
Улар бутун борлиқни (коинотни) пайдо қилган ва унга ушбу ҳайратомуз хусусиятларни жойлаб қўйган, инсонни йўқдан бор қилган ва унга ўша хусусиятларни чиқариб олиш ва улардан фойдаланиш қобилиятини ва малака-сини бериб қўйган Зотнинг  буюклиги ҳақида фикр юритмадилар.
«Ҳолбуки сизларни ҳам, қилаётган амалла-рингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» (Ас-Соффат: 96).
«Самовот ва Ер мамлакатлари ҳақида, Аллоҳ яратган нарсалар тўғрисида... ўйламайдиларми?!» (Аъроф: 185).
«Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўладиган мева-ларни чиқарган зотдир. У Ўз амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйсундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйсундирди. У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйсундирди (яъни, сизлар яхши яшашингиз учун тартиб-интизомга солиб қўйди). Яна кеча ва кундузни сизлар учун бўйсундирди. Шунингдек, сизларга барча сўраган нарса-ларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар» (Иброҳим: 32-34).
6.    Кўп ҳолларда хонадонлар тўғри йўлланма ва йўл-йўриқлардан холи бўлиб қолди. Дарҳақи-қат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ҳар бир туғилажак бола фитрат устида туғилади, сўнг ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилиб тарбиялайди» (Бухорий ва Муслим ривоят-лари). Демак, ота-онанинг болани тўғри йўлга йўллашда жуда катта роли бор экан.
7.    Ислом оламининг аксарида таълим-тарбия ва оммавий ахборот воситалари ўз вазифаларини тўғри адо этмаслиги. Дарҳақиқат, аксарият таълим-тарбия йўналишлари диний жиҳатга унча аҳамият қаратмаяпти ёки бунга умуман лоқайд қарамоқдаки, оммавий ахборот воситалари — телевидения, радио, газета-журналлар ёшлар онгини бузиш ва йўлдан оздириш воситасига айланиб қолди, ёки моддий, олди-қочди ва кўнгилочар нарсалар-гагина эътибор қаратиб, ахлоқни тузатадиган, соғлом ақидани шакллантирадиган, адашган оқимларга қарши турадиган маънавий йўналишларга эътибор қаратмаяпти, натижада куфр ва динсизлик армияси қаршисида уларга қарши ҳеч нарса қилиш қўлидан келмайдиган нўноқ бир авлод улғаймоқда.

Соғлом ақидадан оғиб кетишдан сақланиш йўллари:
1.    Салафи солиҳларимиз қилганлари каби, Аллоҳ азза ва жалланинг Китобига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннат-ларига қайтиш, соғлом ақидани шу икки манбадан олиш. Бу умматнинг охирини унинг аввалини ислоҳ қилган нарсагина ислоҳ қилади. Адашган тоифаларнинг ақидаларини ва шубҳаларини уларга жавоб айтиш ва улардан огоҳлантириш учун ўқиб-ўрганиш. Чунки, ёмонликни танимайдиган одам унга тушиб қолиши эҳтимоли каттадир.
2.    Таълим-тарбиянинг ҳар бир босқичида соғлом ақидани — салафи солиҳ ақидасини — ўқитиш ва ўргатишга аҳамият қаратиш ва ушбу фан учун етарлича дарс соатлари ажратиш, ушбу модда бўйича синов ва имтиҳонларни кучайтиришга аҳамият бериш.
3.    Соф салаф китобларини ўқитишни йўлга қўйиш ва адашган тоифаларнинг — сўфийлар, бидъатчилар, жаҳмийлар, муътазилийлар, ашъарийлар, мотуридийлар ва бошқаларнинг китобларидан сақланиш, уларни фақатгина ботилларидан огоҳлантириш ва уларга раддия бериш нуқтаи назаридан ўқиб ўрганиш.
Одамларга салафлар ақидасини бот-бот эслатиб турадиган ва соғлом ақидадан оғувчиларнинг залолатларига раддия берадиган ислоҳчи даъват соҳибларининг бўлиши.


ИККИНЧИ БОБ:
ТАВҲИДНИНГ МАЪНОСИ ВА ТУРЛАРИ
Тавҳид — Аллоҳ таолони яратиш ва бошқаришда ягона деб билиш, ибодатни фақат Унга холис қилиш ва Ундан ўзгага ибодатни тарк қилиш, Унинг гўзал исмлари ва олий сифатларини исбот қилиш (бор деб эътиқод қилиш), Уни айбу нуқсондан пок деб билишдир. Шу таъриф билан у тавҳиднинг қуйида баён қилинадиган ҳар учала турини ўз ичига олган бўлади.
1. РУБУБИЯТ ТАВҲИДИ
У қуйидаги бўлимлардан иборат:
Биринчи бўлим: Рубубият тавҳиди маъноси, унинг фитратда (инсон табиатида) борлиги ва мушриклар ҳам уни тан олишлари;
Иккинчи бўлим: Роб калимасининг Қуръон ва Суннатдаги маъноси, адашган халқларнинг рубубият бобидаги дунёқарашлари ва уларга раддиялар;
Учинчи бўлим: Борлиқнинг Аллоҳга итоат ва таслим билан бўйсуниши;
Тўртинчи бўлим: Қуръоннинг Аллоҳнинг яратиш, ризқ бериш ва бошқа ишларда ягоналигини исботлашдаги манҳажи (тутган йўли);
Бешинчи бўлим: Рубубият тавҳиди улуҳият тавҳидини лозим тутиши.
БИРИНЧИ БЎЛИМ:
РУБУБИЯТ ТАВҲИДИ МАЪНОСИ, МУШРИКЛАР ҲАМ УНИ ТАН ОЛИШЛАРИ
Тавҳид умумий маъносига кўра, Аллоҳ таолони рубубиятда ягона деб эътиқод қилиш, ибодатни Унга холис қилиш, Унинг исм ва сифатларини исбот қилиш (бор деб ишониш) бўлиб, у уч турга — рубубият тавҳиди, улуҳият тавҳиди, исм ва сифатлар тавҳидига бўлинади. Улардан ҳар бирининг ўзига хос маъноси бўлиб, ўртадаги фарқ очиқланиши учун уларни баён қилиш зарурати бор.
Рубубият тавҳиди Аллоҳ таолони феълларида ягона билишдир, бу эса қуйидагиларга эътиқод қилиш билан ҳосил бўлади:
У барча махлуқотларнинг ягона яратувчисидир: «Аллоҳ барча нарсанинг Яратувчисидир» (Зумар: 62).
У барча жонзотга ризқ берувчидир: «Ер юзида ўрмалаган жон борки, барчасининг ризқи Аллоҳ-нинг зиммасидадир» (Ҳуд: 6).
У бутун оламнинг эгаси ва оламдаги барча ишларни бошқарувчидир. Берувчи ҳам, олувчи ҳам, азиз қилувчи ҳам, хор қилувчи ҳам Удир. У барча ишга қодирдир. Кеча ва кундузни айлантиради, ҳаёт бахш этади ва ўлдиради: «Айтинг: Эй мулку давлат эгаси бўлган Аллоҳим, сен истаган кишингга мулк ато қилурсан ва истаган кишингдан бу мулкни тортиб олурсан, истаган кишингни азиз қилурсан ва истаган кишингни хор қилурсан. Бор яхшилик ёлғиз Сенинг қўлингдадир. Албатта Сен барча нарсага қодирсан. Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда истаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан» (Оли Имрон: 26, 27).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яратиш ва ризқ беришда шериги бўлишини рад этгани каби подшоҳликда ҳам Унинг шериги ё ёрдамчиси бўлишини рад этди.
Аллоҳ таоло айтади: «Булар Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди (эй мушриклар,) сизлар Менга Ундан ўзга «худолар» нималарни яратганини кўрсатинглар-чи!» (Луқмон: 11).
 Аллоҳ таоло айтади: «Агар (Раҳмон) Ўз ризқини ушлаб-тўхтатиб қўйса, сизларга ризқ-рўз берадиган ўша зот ким ўзи?!» (Мулк: 21).
У барча халқларига рубубиятда (тарбиятчи-ликда) ягона эканини эълон қилди:
«Ҳамду сано бутун оламлар Робби бўлмиш Аллоҳгадир» (Фотиҳа: 2).
«Албатта Роббингиз – Аллоҳ осмонлар ва ерни олти кунда яратган, сўнг (Ўзининг улуғлиги ва буюклигига лойиқ бир тарзда) Аршга юксалган Зотдир. У кечани (қоронғуликни) кундузга кирит-гай, (кеча ва кундуз бир-бирини) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Робби — Аллоҳ буюкдир» (Аъроф: 54).
Аллоҳ таоло барча халойиқларни Ўзининг рубубиятига иқрорлик устида яратди. Ҳатто, ибодатда Унга шериклар қилувчи мушриклар ҳам Унинг рубубиятда ягоналигига иқрор бўлишади. Аллоҳ таоло айтади:
«Айтинг: «Етти осмоннинг ҳожаси ва улуғ аршнинг соҳиби кимдир?» Улар: «(Буларнинг барчаси) Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Ахир қўрқмайсизларми?!» Айтинг: «Агар билсанглар (айтинглар-чи), «Барча нарсанинг подшоҳлиги қўлида бўлган, Ўзи (барчага) Ҳомийлик қиладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган зот кимдир?» Улар: «Бундай подшоҳлик ва ҳомийлик ёлғиз Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас қандай алданмоқдадирсизлар?!» (Муъминуун: 86-89).
Ушбу тавҳидга инсоният орасидан бирон бир таниқли тоифа қарши чиққан эмас, балки қалбларга унга иқрор бўлиш табиати ўрнатилган бўлиб, бу иқрорлик бошқа нарсаларга иқрорликдан кўра кучлироқдир. Аллоҳ таоло пайғамбарлар ҳақида ҳикоя қилганидек: «Пайғамбарлари айтдилар: «Осмонлар ва Ернинг яратувчиси бўлмиш Аллоҳ(нинг борлиги ва бирлиги) хусусида шак-шубҳа бўлиши мум-кинми?!» (Иброҳим: 10).
Оламлар Роббини инкор қилувчи деб танилган кимсалар ичида энг машҳури бўлмиш Фиръавн ҳам ич-ичида Унинг борлигига ишонарди. Бу эса Мусо алайҳиссаломнинг унга қилган хитобида кўринади: «(Мусо) деди: «(Эй Фиръавн), сен анави очиқ-равшан (мўъжизаларни) фақат осмонлар ва Ернинг Роббигина нозил қилганини аниқ билурсан» (Исро: 102).
Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавми ҳақида айтади: «Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар» (Намл: 14).
Худди шунга ўхшаш, бугунги кундаги Роб таолони инкор қиладиган худосиз коммунистлар ҳам аслида ҳақни қабул қилишга бўйинлари ёр бермагани учунгина Уни зоҳирда инкор қилишади, аслида улар ботинларида эътироф этишга мажбурларки, ҳар қандай мавжуднинг албатта мувжиди (пайдо қилув-чиси) бор, ҳар қандай махлуқнинг албатта холиқи (яратувчиси) бор, ҳар қандай изнинг албатта из қолдирувчиси бор. Аллоҳ таоло айтади: «Бал¬ки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратувчими-канлар-а?! Балки осмонлар ва Ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!»  (Ат-тур: 35, 36).
Бутун оламни, унинг юқорисини ҳам, қуйисини ҳам, барча қисмларини мушоҳада этиб кўринг, уларнинг барчасини ўз яратувчиси, пайдо қилувчиси ва подшоҳига гувоҳлик бериб турганини топасиз. Ақл ва фитратларда яратувчини инкор қилиш илмни инкор қилиш билан баробар, иккаласи ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқдир. Чунки, саҳиҳ илм яратувчининг борлигини исбот қилади. Коммунистларнинг бугунги кунда Роб таолонинг вужудини сурбетларча инкор қилишлари, аслида, ҳақни тан олишга бўйинлари ёр бермагани ҳамда соғ ақл ва соғлом фикр натижаларини мусодара қилишгани учунгинадир. Ким ўзини шундай ўринга туширса, у ақлини йўқотибди ва ўзини одамларнинг кулгисига қўйибди. Шоир айтга-нидек:
Воажаб, Илоҳга осийлик нечун?!
Кофир Уни қандай қиладир инкор?!
Ахир оламдаги ҳар бир нарсада
Биру борлигига аломат бисёр!

 

ИККИНЧИ БЎЛИМ:
РОБ КАЛИМАСИНИНГ ҚУРЪОН ВА СУННАТДАГИ МАЪНОСИ, АДАШГАН ХАЛҚЛАРНИНГ РУБУБИЯТ БОБИДАГИ ДУНЁҚАРАШЛАРИ ВА УЛАРГА РАДДИЯЛАР
«Роб» калимасининг Китоб ва Суннатдаги маъноси
«Роб» калимаси аслида, бир нарсани ўстириб-улғайтирмоқ ва мукаммаллик ҳолига етказмоқ маъносини ифодалайдиган «Робба – яруббу» феъли-нинг ўзагидан олинган бўлиб, «ар-Роб» мутлақлик ҳолида фақат Аллоҳ таолога нисбатан истеъмол қилинади, «Оламлар Робби» (Фотиҳа: 2), «Сизлар-нинг Роббингиз ва илгариги ота-боболарингизнинг Робби» (Шуъаро: 26) каби.
Аллоҳдан бошқаларга эса фақат бошқа бир сўзга изофа қилинган (боғланган) ва чекланган ҳолда ишлатилади, «роббуд-дор» (ҳовлининг эгаси) ва «роббул фарас» (отнинг эгаси) каби. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссалом ҳақида ҳикоя қилган қуйидаги оятларда ҳам у бир тафсирга кўра, шу маънода келади:
«Ҳожангнинг олдида мен ҳақимда зикр қилгин (зора, у мени бу зулмдан озод қилса)», деди. (Лекин) шайтон ҳожасига зикр қилишни унинг ёдидан чиқариб, (Юсуф) бир неча йил зиндонда қолиб кетди» (Юсуф: 42).
«Ҳожангнинг ёнига қайтиб бориб...» (Юсуф: 50).
«Сизларнинг бирингиз (бу зиндондан халос бўлиб) яна ҳожасига соқийлик қилур» (Юсуф: 41).
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам йўқолиб қолган туя ҳақида сўзлай туриб: «ҳатто уни эгаси топгуни-ча» деб, «роб» калимасини ишлатганлар.
Оламлар Робби — уларнинг яратувчиси, подшоҳи, ислоҳ қилувчиси, уларни Ўз неъматлари билан ва уларга пайғамбарлар тушириш, китоблар нозил қилиш, амалларига жазо-ю мукофот бериш билан тарбият қилувчи, деган маънони билдиради. Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Зеро, рубубият бандаларга буйруқ ва қайтариқлар қилишни, яхшиларининг яхшилигига мукофот ва ёмонларининг ёмонлигига жазо беришни тақозо қилади».
Рубубиятнинг моҳияти шудир.
1. «Роб» калимасининг маъноси адашган халқлар тасаввурида
Аллоҳ таоло халқларни табиий хилқат бўлмиш тавҳид табиати устида ва яратувчини — Роб субҳанаҳу ва таолони таниш сифати билан яратди.
Аллоҳ таоло айтади: «Бас (эй Муҳаммад), ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни сақлангиз! Аллоҳнинг яратиши ўзгарти-рилмас. Энг тўғри дин мана шудир. Лекин кўп одамлар билмаслар» (Рум: 30).
Аллоҳ таоло айтади: «Роббингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камар-ларидан то Қиёмат Кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен сизларнинг Роббингиз эмасманми?», деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан Сен Роббимизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг!» (Аъроф: 172).
Демак, Аллоҳнинг рубубиятига (роблигига) иқрор бўлиш ва Унга юзланиш табиий хилқат ишидир, ширк эса кейин юзага келган ишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир туғилажак бола фитрат (хилқат)да туғилади, сўнг ота-онаси уни яҳудий ё насроний ё мажусийга айлантиради», деганлар (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Агар бандани ўз фитратига (табиий хилқатига) ташлаб қўйилса эди, у албатта тавҳид сари йўналган бўларди, пайғамбарлар олиб келган ва китобларда нозил бўлган, шунингдек унга борлиқдаги оят-аломатлар ҳам далолат қилиб турган ҳақ даъватини қабул қилган бўларди. Бироқ, нотўғри тарбия ва динсизлик муҳити — шу иккиси норасиданинг ҳаёт йўлини ўзгартириб юборади ва шу боисдан болалар залолат ва йўлдан озишда ўз ота-оналарига тақлид қилишади.
Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: «Мен банда-ларимни ҳаниф (яъни тўғри йўлдан оғмаган) ҳолда яратдим, сўнг шайтонлар уларни йўлдан оздирди-лар» дейди (Аҳмад ва Муслим ривоятлари). Яъни, шайтонлар уларни бутларга сиғинишга ва Аллоҳни қўйиб, бутларни ўзларига илоҳ қилиб олишга буриб юборди, натижада улар залолат ва гумроҳлик, бўлиниш ва ихтилофлар чангалига тушишди. Ҳар бир фирқанинг ўз сиғинадиган худоси бўлиб, бошқанинг худосига сиғинмайди. Чунки, барчалари ҳақиқий Роб таолони тарк қилиб, ботил робларга сиғинишга мубтало бўлишди. Аллоҳ таоло айтганидек: Бас, мана шу Аллоҳ — ҳақиқий Роббингиздир. Ҳақиқатдан кейин эса фақатгина залолат бор, холос (яъни, ҳақиқий Роббингиз бўлмиш Аллоҳдан ўзгага сиғинар экансиз, албатта йўлдан озган бўласиз). Бас, қай тарафга бурилиб кетмоқдасизлар?!» (Юнус: 32). Залолатнинг эса чек-чегараси йўқ, у ўзининг ҳақ Роббидан юз ўгирган ҳар бир кишининг доимий ҳамроҳидир. Аллоҳ таоло айтади: «Тарқоқ — турли-туман «худолар» яхшироқми ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми? Сизлар эса, У зотни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номлар-бутларга-гина ибодат қиласизлар. Ахир Аллоҳ уларга (ибодат қилиш ҳақида) бирон ҳужжат туширмаган-ку?» (Юсуф: 39, 40).
Рубубиятда сифатлари ҳам, феъллари ҳам бир хил бўлган иккита холиқни исботлаш (борлигини эътиқод қилиш) маъносида ширк бўлиши мумкин эмас, фақатгина айрим мушриклар уларнинг маъбудалари борлиқдаги айрим тасарруфларга қодирлигини даъво қилишган, холос. Шайтон уларни ўша маъбудаларга сиғинтириш учун ақлларини чалғитиб ўйнаган ва ҳар бир қавмни ўз ақлларига қараб ўйнатган. Чунончи, айрим тоифаларни бутпарастликка ўликларни улуғлаш томондан чорлаган, Нуҳ қавми солиҳ кишиларининг суратларини вафотларидан кейин тасвирлаб олиш орқали уларга сиғинишга ўтиб кетишгани каби. Яна бир тоифа эса, самодаги айрим юлдузларнинг (сайёраларнинг) оламга таъсири борлигини даъво қилишган ва улар суратида бутлар ясаб, улар учун алоҳида ибодатхоналар қуришган. Кейин ушбу юлдузларга сиғинишда ҳам ихтилоф қилиб, баъзилари қуёшга, баъзилари ойга, яна баъзилари бошқа юлдузларга сиғинишади, улар учун алоҳида ҳайкаллар қуришади, ҳар бир юлдузнинг ўзига хос ҳайкали бўлади. Айримлари оловга сиғинишадики, улар мажу-сийлардир. Айрим мушриклар Ҳиндистонда бўлгани каби, сигирларга сиғинишади. Айримлари малоика-ларга, айримлари дов-дарахт ва тоғу тошларга, яна айримлари қабр ва мозорларга сиғинишади. Ҳаммаси-нинг сабаби битта: уларнинг тасаввурларида мазкур сиғинилаётган нарсаларда рубубият хусусиятларидан нимадир бор.
Айримлари эса мазкур бутлар ўзида қандайдир ғоиб нарсаларни тамсил этади, деб даъво қилишади. Ибнул Қаййим айтадилар: «Бут аслида, ғоибдаги бир маъбуд шаклида ясалган бўлиб, улар бут-санамни ўша маъбуд-нинг ноиби ва ўринбосари бўлиши учун, унинг шакли, кўриниши ва суратида ясашади. Йўқса, маълумки, ақли расо бўлган ҳеч бир кимса ўз қўли билан тош ё ёғочдан йўниб ясаган нарсани илоҳ ва маъбуд деб эътиқод қилмайди...».
 Шунингдек, қадимда ҳам, ҳозирда ҳам бутпарастлар ўша ўликлар уларга шафоатчи бўлишини ва Аллоҳ ҳузурида буларнинг ҳожатлари ўталишида воситачи бўлишини даъво қилишади, «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», дейишади (Зумар: 3), «Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қилишади ва: “Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчиларимиз”, дейишади» (Юнус: 18).
Шунингдек, айрим араб мушриклари ва насронийлар ўз маъбудаларини Аллоҳнинг фарзанди деб тасаввур қилишарди, араб мушриклари Аллоҳнинг қизлари деган эътиқодда малоикаларга сиғинишди, насронийлар эса Ийсо Масиҳ алайҳиссаломга Аллоҳ-нинг ўғли деган эътиқодда ибодат қилишди.
2. Ушбу ботил тасаввурларга раддиялар
Аллоҳ таоло ушбу ботил тасаввурларнинг барини қуйидаги сўзлари билан рад этди:
а) Бутпарастларга қуйидаги сўзлари билан раддия берди:
«(Эй мушриклар, ўзларингизча сиғинаётган санамларингиз) — «Лот», «Уззо», ва яна учинчи-лари бўлмиш тубан «Манот» ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?!» (Ан-нажм: 19, 20). Оят маъноси, Имом Қуртубий айтганларидек: “Бу олиҳалар ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Улар Аллоҳга шерик бўла олишлари учун, бирон фойда ё зарар етказа олдиларми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари уларни бузиб, вайрон қилган пайтда улар ўзларини ҳимоя қила олишдими?!
Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй пайғамбар), уларга Иброҳим хабарини тиловат қилинг! Ўшанда у отаси ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?» — дегани-да, улар: «Бут-санамларга ибодат қилмоқдамиз. Бас уларга содиқлигимизча қолурмиз», дедилар. (Иброҳим) айтди: «Илтижо қилган пайтларингизда (бутларингиз) сизларни(нг илтижоларингизни) эшит-диларми ёки сизларга фойда ё зиён етказа оладиларми?!» Улар дедилар: «Йўқ, бизлар ота-боболаримизнинг мана шундай (бутларга ибодат) қилишларини кўрганмиз (шунинг учун бизлар ҳам бутларга ибодат қиламиз)» (Шуаро: 69-74).
Улар ушбу бут-санамлари дуоларини эшит-маслигини ва уларга бирон фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмаслигини тан олишганди, фақат ота-боболарига тақлид қилибгина уларга сиғинишарди, тақлид эса ботил ҳужжатдир.
б) Қуёш, ой ва юлдузларга сиғинувчи кимсаларга қуйидаги сўзлари билан раддия берди:
«У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди)» (Аъроф: 54).
«Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатлари-дандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган зотга — Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37).
в) Малоикаларга ва Масиҳ алайҳиссаломга уларни Аллоҳнинг фарзанди деган эътиқодда ибодат қилувчи кимсаларга қуйидаги сўзлари билан раддия берди:
«Аллоҳ ҳеч бир фарзанд тутмади» (Муъминуун: 91).
«Унинг жуфти йўқ-ку, қаёқдан боласи бўлсин!» (Анъом: 101).
«У туғмаган ва туғилмагандир. Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир» (Ихлос: 3, 4).


УЧИНЧИ БЎЛИМ:
БОРЛИҚНИНГ АЛЛОҲГА ИТОАТ ВА ТАСЛИМ БИЛАН БЎЙСУНИШИ
Борлиқ коинот — еру кўк, фалаклар, сайёралар, жонзотлар, дов-дарахтлар, тошу тупроқ, денгизу кўллар, малоикалар, инсу жин, барча-барчаси Аллоҳга бўйсинувчи, Унинг кавний амри фармонига итоат этувчидир. Аллоҳ таоло айтади:
«Ахир осмонлару Ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйсуниб турибди-ку!» (Оли Имрон: 83).
«Балки Ер ва осмонлардаги нарсалар у Зотга тегишлидирки, ҳаммаси Унга бўйсунади» (Бақара: 116).
«Осмонлар ва Ердаги барча жониворлар ва фаришталар ҳам кибр-ҳаво қилмаган ҳолларида ёлғиз Аллоҳга сажда қилурлар» (Наҳл: 49).
«(Эй Пайғамбар), сиз осмонлардаги ва ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дов-дарахтлар ва (барча) жониворлар ҳамда кўпдан-кўп инсонлар (ёлғиз) Аллоҳга сажда қилишини кўрмадингизми?» (Ҳаж: 18).
«Осмонлар ва Ердаги барча жонзот ва уларнинг соялари хоҳ истасинлар, хоҳ иста-масинлар, эртаю кеч фақат Аллоҳгагина сажда қиладилар — бўйсунадилар» (Раъд: 15).
Ушбу коинотлар ва оламларнинг бари Аллоҳга бўйсунади, Унинг ҳукмига бош эгади, Унинг хоҳиш-иродаси ва амру фармонига мувофиқ ҳаракатланади, улардан ҳеч бири Унга бирон нарсада осийлик қилмайди, ҳар бири ўз вазифасини ўта аниқ тартиб-интизом билан адо этади, ўз яратувчисини ҳар қандай айбу нуқсон ва ожизликдан пок санайди. Аллоҳ таоло айтади: «Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот (Аллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишла-рини — поклашларини англамассизлар» (Исро: 44).
Тилсизу тилли, жонсизу жонли мавжудотнинг бари Аллоҳга итоат қилади, Унинг кавний амри фармонига (яъни борлиқ учун тузиб қўйган қонуниятига) бўйсунади, барчаси ҳолат тили билан бўлсин, сўзловчи тил билан бўлсин, Аллоҳни барча айбу нуқсондан поклаб туради. Оқил инсон ушбу мавжудотлар ҳақида фикр юритгани сайин уларнинг ҳақ билан ва ҳақ учун яратилган эканини билаверади, уларнинг (маълум қонуниятга) бўйсундирилган эканини, улар ўз бошқарувчиларига асло қарши чиқмасликларини, барча-барчаси ўз фитратлари билан яратувчиларига иқрор эканини билиб бораверади.
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Улар бўйсинувчи, таслим бўлувчи, эгилувчи ва хокисорлик изҳор қилувчи бўлиб, бунинг бир қанча жиҳатлари бор. Жумладан:
Ўзларининг Унга муҳтож эканларини билишади;
Унинг улар устида жорий бўлаётган қадари ва истак-хоҳишларига бўйин эгишади;
Музтарлик ҳолатида Унга дуо-илтижо қилишади;
Мўмин Роббининг амрига, шунингдек унинг тақдирига битган мусибатларига ихтиёрий равишда бўйсунади. Бундай ҳолларда у ўзига буюрилган сабр ва бошқа ишларни ўзи хоҳлаб қилади, у Аллоҳга ўз ихтиёри билан таслим бўлувчидир, ўзи истаб бўйинсунувчидир. Кофир эса Роббининг кавний амрига бўйсунади. Борлиқ ва коинотнинг сужудидан мурод уларнинг бўйин эгишларидир. Ҳар бир нарса-нинг сужуди унинг ўзига хос ва ўзига муносиб кўринишда, Роббига бўйсунишини ифодалайдиган бир шаклда бўлади. Ҳар бир нарсанинг тасбеҳ айтиши мажозий эмас, балки ҳақиқат бўлиб, унинг ўзига хос шаклдадир».
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳнинг динидан ўзга дин истайди-ларми?! Ахир осмонлару Ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйсуниб турибди-ку! Ўшалар ҳам фақат Унинг Ўзига қайтариладилар-ку!» (Оли Имрон: 8) ояти ҳақида сўз юритиб, шундай дейди:
«Аллоҳ субҳанаҳу бутун борлиқ истаса-истамаса Унга бўйсунишини хабар берди. Чунки, барча махлуқотлар, хоҳ иқрор бўлсин, хоҳ инкор қилсин, Унга тўла-тўкис қулчилик қилиб турувчидир, Унга таслимдир, Унинг тадбири ила бошқарилувчидир, истаса ҳам, истамаса ҳам Унга бўйин эгувчидир. Ҳеч бир мавжудот Унинг истагидан, Унинг қазо ва қадаридан ташқарига чиқа олмагай. Бир ҳолдан бошқасига ўзгариш ҳам, куч-қувват ҳам фақат Унинг тарафидандир. У бутун оламнинг Робби ва подшо-ҳидир, оламда Ўзи истаганидек тасарруф қилади. У барча мавжудотнинг яратувчиси, йўқдан бор қилувчиси ва ҳар бирига ўзига хос сурату шакл берувчи Зотдир. Ундан бошқалар ҳаммаси яратил-гандир, тарбият қилинувчидир, фақирдир, муҳтождир, заифдир, бандадир. Ёлғиз Угина субҳанаҳу ва таоло қудратлидир, яратувчидир, бор қилувчидир, пайдо қилувчидир».


ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ:
ҚУРЪОННИНГ АЛЛОҲНИНГ ЯРАТИШ, РИЗҚ БЕРИШ ВА БОШҚА ИШЛАРДА ЯГОНАЛИГИНИ ИСБОТЛАШДАГИ МАНҲАЖИ
Қуръоннинг яратувчининг борлиги ва бирлигини исботлашдаги манҳажи-йўли тўғри фитрат ва соғлом ақллар билан ҳамоҳанг манҳаж бўлиб, ақллар қаноатланадиган ва рақиблар таслим бўладиган саҳиҳ далил-ҳужжатларга қурилгандир. Қуйида улардан айримларини кўриб чиқамиз:
1. Ҳар бир янги пайдо бўлган нарсанинг албатта бир пайдо қилувчиси борлиги исбот талаб қилмас ҳақиқатдир.
Бу эса фитрат билан билинадиган, ҳатто ёш болаларга ҳам маълум бўлган бирламчи масаладир. Чунки, биров бир ёш боланинг орқасидан келиб, ўзини кўрсатмасдан бир шапалоқ урса, у дарҳол: «Ким урди?» деб сўрайди. Агар унга: «Сени ҳеч ким ургани йўқ» дейилса, табиийки у бунга ишонмайди ва унга тушган зарба ўз-ўзидан бўлиб қолганини ақли қабул қилмайди. Агар: «Сени фалончи урди» дейилса, у дод солиб, то урган одамдан аламини олмагунича қўймайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло айтадики: «Бал-ки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратувчимикан-лар-а?!» (Ат-тур: 35). Бу нарсалар бирламчи, яъни ҳеч ким билмай қолиши ва инкор қилиши мумкин бўлмаган маълумот эканини баён қилиш учун ояти карима истифҳоми инкорий (инкор маъносига далолат қилувчи сўроқ) шаклида келди: «Бал¬ки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратувчисиз) яралиб қолгандир-лар?! Ёки улар ўзларини ўзлари яратдиларми?!» Ҳар иккиси ҳам ботил. Демак, уларни яратган бир яратувчи борлиги маълум бўлади, у эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир, Ундан ўзга яратувчи йўқдир. Аллоҳ таоло айтади:
«Булар Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди сизлар Менга Ундан ўзга «худолар» нималарни яратганини кўрсатинглар-чи!» (Луқмон: 11).
«Сизлар Аллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган (бутларингиз) ҳақида хабар беринглар, Менга кўрсатинглар-чи, улар Ердан нимани яратган-лар?!» (Аҳқоф: 4).
«Ё улар Аллоҳ яратгани каби ярата оладиган бутларни У зотга шерик қилишиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсалар (Аллоҳ яратганми ёки сиғинаётган бутлари яратганми) номаълум бўлиб қолдими? Айтинг: «Аллоҳ барча нарсани яратув-чидир ва У танҳо ғолибдир» (Раъд: 16).
«Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашган-ларида ҳам бир чивин ярата олмаслар» (Ҳаж: 73).
«(Мушрикларнинг) Аллоҳни қўйиб, илтижо қилаётган бутлари бирон нарсани яратувчи эмасдир, балки ўзлари яралувчидирлар» (Наҳл: 20).
«(Эй мушриклар), ахир (барча мавжудотни) яратувчи зот — Аллоҳ билан (ҳеч нарса) ярата олмайдиган (бутларингиз) баробарми?! Ўйламай-сизларми?!» (Наҳл: 17).
Шу қадар кўп ва такрор-такрор чақириқларга қарамай, бирон киши бирор нарсани яратганини даъво қилолмади, буни исботлаш у ёқда турсин, қуруқ даъво қилишга ҳам журъат қилмади. Бу билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ягона яратувчи зот экани ва Унинг ҳеч қандай шериги йўқлиги маълум бўлди.
2. Бутун оламнинг иши ўта аниқ низом ва ғоят пухталик билан юриб тургани ҳам унинг яратувчиси ягона илоҳ ва ҳеч қандай шериксиз танҳо Роб эканига энг кучли далилдир.
Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ фарзанд тут-магандир ва У зот билан бирга бирон илоҳ бўлган эмасдир. Акс ҳолда, албатта ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан кетиб, бир-бирларидан устун бўлиб олур эдилар» (Муъминун: 91).
Ҳақиқий илоҳ яратувчи ва фаолият кўрсатувчи бўлмоғи зарур. Агар Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билан бирга Унинг мулкига шерик бўлган бошқа бир илоҳ ҳам бўлсайди, у ҳолда унинг ҳам яратиш ва бошқа фаолиятлари бўларди ва табиийки бошқа бир илоҳнинг ўзига шерик бўлишига рози бўлмасди, агар шеригини енгишга ва подшоҳлигу илоҳликни ёлғиз ўзи қўлда тутишга қодир бўлса, албатта шундай қилган бўларди. Агар бундай қилиш қўлидан келмаса, унда худди дунёдаги подшоҳлар ҳар бири ўзининг хос мулки ва салтанатига эга бўлгани каби у илоҳ ҳам ўзининг мулку яратишдан бўлган улушини ажратиб олиб, уни мустақил бошқаришга ўтган бўларди ва натижада бўлиниш юзага келган бўларди. Демак, қуйидаги уч ишдан бири бўлишидан бошқа чора йўқ:
 а) Улардан бири иккинчисини ўзига бўйсун-диради ва подшоҳликка танҳо эга чиқади;
б) Ҳар бири ўзи яратган халқини ва ўз мулкини ажратиб, мустақил бошқаришга ўтади ва ўртада бўлиниш юзага келади;
в) Ҳар иккиси ҳам уларга буйруғи ўтадиган ва ўзи истаганидек тасарруф қилишга қодир бўлган ягона бир қудратли подшоҳнинг қўл остида бўлади. Ўша подшоҳ ҳақ илоҳ, улар эса унинг қуллари бўлади.
Воқелик ҳам шу ўзи. Модомики, оламда бўлиниш ва парчаланиш юзага келмаган экан, бу нарса унинг ишларини бошқариб турувчи зот ягоналигига, унинг талашувчиси ва шерикликка даъвогари йўқлигига, оламнинг эгаси ягона ва шериксиз эканига далилдир.
3. Барча махлуқотларни ўз вазифаларини бажариш ва ўз хусусиятларини адо этишга бўйсундирилгани
Борлиқдаги ҳеч бир махлуқот ўзига юклан-ган вазифани адо этишдан бош тортмайди. Мусо алайҳиссалом Фиръавн билан сўзлашувда айни шу ҳақиқатни далил қилиб келтиради. Фиръавн ундан: «Сизларнинг Роббингиз ким, эй Мусо?», деб сўраганида  Мусо қониқарли ва етарли жавоб бериб деди: «Роббимиз барча нарсага ўз хилқатини — шаклини ато этиб, сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган зотдир» (Тоҳа: 49, 50). Яъни, Роббимиз барча махлуқотни яратган ва ҳар бир мавжудотга ўзига мос ва муносиб бўй-баст ва сифатларни ато этган, сўнг ҳар бирини нима мақсадда ва қандай вазифа учун яратган бўлса, ўша нарсага йўллаб қўйган зотдир. Бу йўллаши далолат қилиш ва илҳомлантириш ҳидояти бўлиб, у барча махлуқотларда кўриб турилган умумий ҳидоятдир. Бинобарин, ҳар бир мавжудотни кўрасиз-ки, ўзининг манфаати учун яратилган нарсаларга интилиб, ўзига зарарли бўлган нарсалардан узоқлашишга ҳаракат қилади. Аллоҳ таоло ҳатто тилсиз-ақлсиз ҳайвонга ҳам ўзига фойдали нарсани қилишига, зарарли нарсадан қочишига ва ҳаётдаги вазифасини адо этишига имкон берадиган идрокни бериб қўйган. Аллоҳ таоло айтганидек: «У барча нарсани чиройли қилиб яратган зотдир» (Сажда: 7).
 Жамийки махлуқотларни яратиб, уларга ақлларни лол қолдирадиган шаклу суратлар ато этиб қўйган зот ҳақиқий Робдир, Уни инкор қилиш вужуддаги энг улкан ҳақиқатни инкор қилишдир, ҳақни била туриб, тан олишга бўйин ёр бермаслигидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло халқларга улар дунёда муҳтож бўладиган барча нарсани ато этди, сўнг уларни бу нарсалардан фойдаланиш йўлига йўллаб қўйди. Шубҳасиз, У ҳар бир турга мансуб мавжудотга ўзига мос ва муносиб шаклу шамойил ва сурат берди, ҳар эркагу аёлга ўз жинсига муносиб қадди-қомат ва кўриниш ато этди, ҳар бир аъзога ўз вазифасига яроқли шакл ва қобилият берди. Шуларнинг барчасида У субҳанаҳу ва таоло бутун мавжудотнинг робби эканига ва фақат Унинг ўзигина ибодатга сазовор зот эканига қатъий далил-ҳужжатлар бордир.
Ҳар нарсада бордир оят-аломат
Биру борлигига қилмиш далолат.
Шубҳасиз, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг рубубиятини, яъни халқларни тарбият қилувчи эканини ва буни У ўзи ёлғиз амалга оширишини исботлашдан мақсад — шу билан ибодатга ҳам Унинг ўзи ёлғиз, ҳеч бир шериксиз лойиқ зот эканига, яъни улуҳият тавҳидига далил олишдир. Агар инсон рубубият тавҳидига иқрор бўлса-ю, улуҳият тавҳидига иқрор бўлмаса, ёки уни лойиқ даражада ўрнига қўймаса, у мусулмон ҳам, муваҳҳид (тавҳид аҳли) ҳам саналмайди. Балки, уни кофир ва динсиз дейилади. Иншооллоҳ, келгуси бўлимда шу ҳақда сўз юритамиз.


БЕШИНЧИ БЎЛИМ:
РУБУБИЯТ ТАВҲИДИ УЛУҲИЯТ ТАВҲИДИНИ ЛОЗИМ ТУТИШИ
Бу дегани, ким Аллоҳнинг рубубият тавҳидига иқрор бўлса ва яратувчи ҳам, ризқ берувчи ҳам, борлиқ ишларини юргизувчи ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзи эканини эътироф этса, у энди ибодатнинг барча турига ҳам ягона Аллоҳнинг Ўзигина лойиқ эканига иқрор бўлмоғи лозим бўлади. Улуҳият тавҳиди шудир. Улуҳиятдан мурод ибодатдир, илоҳ эса маъбуд (ибодат қилинувчи зот) демакдир. Демак, Аллоҳгагина дуо-илтижо қилинади, Ундангина мадад сўралади, Унгагина таваккул қилинади, қурбонликлар фақат Унга атаб бўғизланади, назрлар фақат Унга аталади, бошқа турдаги барча ибодатлар ҳам фақат Унга қилинади. Рубубият тавҳидига иқрорлик улуҳият тавҳидининг вожиб бўлишига далилдир. Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло кўпинча, улуҳият тавҳидини инкор қилувчиларга қарши уларнинг рубубият тавҳидига иқрорликларини ҳужжат қилиб келтиради. Мисол учун, қуйидаги оятларда шундай дейди:
«Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни яратган Роббингизга ибодат қилингиз, шояд тақво эгалари бўлсангиз. У зот сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг!» (Бақа-ра: 21, 22).
Уларни улуҳият тавҳидига, яъни Ўзига ибодат қилишга буюраркан, уларга қарши ҳужжат сифатида рубубият тавҳидини, яъни илгариги-ю кейинги барча инсонларни яратганини, Еру осмонни ва улар орасидаги мавжудотни яратганини, шамолларни бўйсундириб қўйганини, ёмғирлар ёғдирганини, набототни ундириб-ўстирганини, бандалар учун ризқ ўлароқ меваларни чиқарганини айтиб, модомики шундоқ экан, бу ва бундан бошқа нарсалардан ҳеч бирини яратмаган ва қилмаган кимсаларни ибодатда Унга шерик қилишлари ўта нолойиқ иш бўлишини зикр қилди. Демак, улуҳият тавҳидини исбот қилишнинг фитрий (инсон табиати ва хилқатига тегишли) йўли — унга рубубият тавҳидини далил сифатида келтириш бўлди. Чунки, инсон (тафаккури) аввал ўзининг илк яратилиш манбаига ва ўзига фойда ва зарар келиб чиқиш ўринларига боғлангач, кейин ўзини Унга яқинлаштирадиган, Уни ўзидан рози қиладиган, ўзи билан Унинг ўртасидаги алоқани мустаҳкамлайдиган воситаларга кўчади. Рубубият тавҳиди улуҳият тавҳидига кириш эшигидир. Шу туфайли Аллоҳ таоло мушрикларга шу йўл билан ҳужжат келтирди ва пайғамбарига ҳам уларга қарши шу нарсаларни ҳужжат қилишини буюрди. Аллоҳ таоло айтди:
 «(Эй Пайғамбар, уларга) айтинг: «Агар билувчи бўлсанглар (айтинглар-чи), бу ер ва ундаги бор жонзот кимники?» Улар: «Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас (шундан) ибрат-эслатма олмайсиз-ларми?!» Айтинг: «Етти осмоннинг ҳожаси ва улуғ аршнинг соҳиби кимдир?» Улар: «(Буларнинг барчаси) Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Ахир қўрқмайсизларми?!» Айтинг: «Агар билсанглар (айтинглар-чи), "Барча нарсанинг подшоҳлиги қўлида бўлган, Ўзи (барчага) Ҳомийлик қиладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган зот кимдир?» Улар: «Бундай подшоҳлик ва ҳомийлик ёлғиз Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас қандай алданмоқдадирсизлар?!» (Муъминун: 84-89).
«Мана шу Аллоҳ сизларнинг Роббингиздир. Ундан ўзга ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқдир. У ҳамма нарсанинг яратувчисидир. Бас, Унга бандалик қилингиз!» (Анъом: 102).
У ўзининг рубубиятда танҳо эканини ибодатга ҳам ёлғиз Ўзи сазовор эканига далил-ҳужжат қилиб келтирди. Зотан, У халқларни фақат улуҳият тавҳиди учун яратгандир: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Аз-зарият: 56).
Банда рубубият тавҳидини эътироф этгани билан, то улуҳият тавҳидига ҳам иқрор бўлмагунича ва унга амал қилмагунича муваҳҳид (тавҳид аҳлидан) бўла олмайди. Бўлмаса, мушриклар ҳам рубубият тавҳидига иқрор бўлишган, бироқ бу уларни Исломга кирит-маган эди. Улар Аллоҳни яратувчи, ризқ берувчи, ҳаёт бахш этувчи, ўлдирувчи деб эътироф этганлари ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши урушдилар. Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Пайғамбар), қасамки, агар сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар: «Аллоҳ», дерлар» (Зухруф: 87).
«(Эй Пайғамбар), қасамки, агар сиз улардан: «Осмонлар ва Ерни ким яратган?» деб сўрасангиз, албатта: «Уларни қудратли ва доно (Аллоҳ) яратган», дерлар» (Зухруф: 9).
«(Эй Пайғамбар) айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!» Улар албатта: «Аллоҳ», дейдилар» (Юнус: 31).
Қуръонда бу маънодаги оятлар кўп. Кимки, тавҳид дегани Аллоҳнинг борлигини эътироф этишдир ё Аллоҳнинг яратувчи ва борлиқни бошқарувчи эканига иқрор бўлишдир, деб даъво қилса ва тавҳиднинг шу туригагина чекланса, пайғамбарлар чақирган тавҳид-нинг моҳиятини англаб етмаган бўлади. Чунки, у малзум устида тўхтаб, лозимни тарк қилган ёки далил устида тўхтаб, мадлул алайҳни тарк қилган бўлади.
Ҳеч қандай камчилиги бўлмаган ҳамма тарафлама мутлақ баркамоллик улуҳият хусусиятларидандир. Бу эса ибодатнинг барчаси ёлғиз Унга бўлмоғини вожиб қилади. Таъзим, улуғлаш, қўрқиш, дуо қилиш, умидвор бўлиш, тавба қилиш, таваккул қилиш, мадад сўраш, кучли муҳаббатга йўғрилган ўта ҳокисорлик, буларнинг ҳаммаси ҳам ақл, ҳам шариат, ҳам фитрат тақозосига кўра, ёлғиз Аллоҳга қаратилган бўлмоғи вожибдир, ҳам ақл, ҳам шариат, ҳам фитрат тақозосига кўра Ундан ўзгага қилиниши мумкин эмасдир.


2. УЛУҲИЯТ ТАВҲИДИ
У қуйидаги бўлимлардан иборат:
Биринчи бўлим: Улуҳият тавҳидининг маъноси ва унинг пайғамбарлар даъватининг мавзуси экани;
Иккинчи бўлим: Икки шаҳодат калимаси: маънолари, рукнлари, шартлари, улар тақозо қиладиган ишлар, уларни бузувчи нарсалар;
Учинчи бўлим: Қонунчилик: ҳалол қилиш, ҳаром қилиш Аллоҳнинг ҳаққи;
Тўртинчи бўлим: Ибодат: маъноси, турлари, умумийлиги;
Бешинчи бўлим: Ибодатнинг чекчегарасини белгилашдаги хато тушунчалар (ибодат маъносини тўлиқ тушунмаслик ёки унда ғулув кетиш каби);
Олтинчи бўлим: Дуруст ибодатнинг устунлари: севги, қўрқув, бўйсуниш, умидворлик;
Еттинчи бўлим: Ибодат ва амалнинг қабул бўлиши шартлари — ихлос ва шариатга эргашиш;
Саккизинчи бўлим: Диндаги даражалар: Ислом, иймон, эҳсон. Уларнинг таърифи ва улар ўртасидаги умумийлик ва хусусийлик.


БИРИНЧИ БЎЛИМ:
УЛУҲИЯТ ТАВҲИДИНИНГ МАЪНОСИ ВА УНИНГ ПАЙҒАМБАРЛАР ДАЪВАТИ МАВЗУСИ ЭКАНИ
Улуҳият тавҳидидан мурод ибодатдаги тавҳиддир.
Улуҳият тавҳиди — бандалар шаръий ибодат кўринишида қиладиган: дуо, назр, қон чиқариш, умидворлик, хавф, таваккул, рағбат, раҳбат, инобат каби феълларини Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига қилишларидир. Тавҳиднинг шу тури аввалги-ю охирги барча пайғамбарларнинг даъвати мавзусидир. Аллоҳ таоло айтади:
«Дарҳақиқат, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғутдан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).
«(Эй Пайғамбар), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Мендан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25).
Ҳар бир пайғамбар қавмига даъватни улуҳият тавҳидига буюриш билан бошлар эди. Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Шуайб айтганлари каби: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга ҳақ Илоҳ йўқдир» (Аъроф: 59, 65, 73, 85).
«Иброҳимни (эсланг) — у ўз қавмига деган эди: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Ундан қўрқинг-лар!» (Анкабут: 16).
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилди: «Айтинг: Дарҳақиқат мен Аллоҳга У зот учун динимни холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилганман» (Зумар: 11).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган-лар: «Одамлар билан то улар «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир ва Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир», деб гувоҳлик бермагунларича урушишга буюрилдим» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Мусулмон киши зиммасидаги энг биринчи вазифа «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик бериш ва шунга амал қилишдир. Аллоҳ таоло деди: «(Эй Пайғамбар), Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!» (Муҳаммад: 19).
Ислом динини қабул қилаётган кишига биринчи бўлиб буюриладиган нарса икки шаҳодат калимасини айтмоқликдир. Шундан маълум бўладики, улуҳият тавҳиди пайғамбарлар даъватидан асосий кўзда тутилган муроддир. Бундай деб номланишига сабаб, улуҳият Аллоҳ таолонинг “Аллоҳ” деган исми далолат қиладиган сифат бўлиб, Аллоҳ — улуҳият эгаси, яъни ибодат қилинувчи (маъбуд) демакдир.
Убудият (қуллик ва бандалик) банданинг васфи экани эътибори билан бу тавҳидга ибодат тавҳиди ҳам дейилади. Зотан, банда Роббига ғоят муҳтож бўлгани туфайли ушбу ибодатларнинг барини ихлос билан адо этиши вожиб бўлади. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Билингки, Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмаган ҳолда ибодат қилиш банданинг Аллоҳга бўлган эҳтиёжидир. Бунинг қиёс қилинадиган бирор ўхшаши йўқ. Фақат баъзи жиҳатдан тананинг емак-ичмакка бўлган эҳтиёжига ўхшаб кетади, бироқ ўртада жуда катта фарқ мавжуд. Зеро, банданинг ҳақиқати (моҳияти) унинг қалби ва руҳидир. Қалб ва руҳ саломатлиги эса унинг илоҳи бўлмиш, Ундан ўзга ҳақ илоҳ бўлмаган Аллоҳ билангина ҳосил бўлади ва дунёда Унинг зикри билангина ором топади. Бандага Аллоҳдан бошқаси тарафидан қандайдир лаззат ва сурур келган тақдирда ҳам, бу унда давомли равишда бўлмайди, балки бир турдан бошқа турга ва бир шахсдан бошқа шахсга кўчиб туради. Аммо, у Илоҳига ҳар қандай ҳолда ва ҳамма вақт ғоят эҳтиёжлидир, қаерда бўлмасин, У у билан биргадир».
Тавҳиднинг ушбу тури пайғамбарлар даъватининг мавзуси бўлди. Чунки, у барча амаллар унинг устига қуриладиган асос-пойдевордир, усиз ҳеч бир амал дуруст ва яроқли бўлмайди. Агар у вужудга келмаса, унинг зидди бўлмиш ширк юзага чиқади. Аллоҳ таоло айтди:
«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас» (Нисо: 48, 116).
«Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Анъом: 88).
«Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетгай ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қолгайсан!» (Зумар: 65).
Чунки, тавҳиднинг бу тури бандага вожиб бўлувчи ҳуқуқларнинг энг биринчисидир. Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар ҳамда ота-онага яхшилик қилинглар!» (Нисо: 36).
«Роббингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилиш-ларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишла-рингизни амр этди» (Исро: 23).
«Айтинг: Келинглар, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай. У зотга бирон нарсани шерик қилмангиз, ота-онага яхшилик қилингиз...» (Анъом: 151).


ИККИНЧИ БЎЛИМ:
ИККИ ШАҲОДАТ КАЛИМАСИ: МАЪНОЛАРИ, РУКНЛАРИ, ШАРТЛАРИ, УЛАР ТАҚОЗО ҚИЛА-ДИГАН ИШЛАР, УЛАРНИ БУЗУВЧИ ИШЛАР
Биринчи: Шаҳодат калималари маъноси
1) «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик бериш маъноси — Аллоҳдан ўзга ҳеч ким ибодатга сазовор эмас, деб эътиқод қилиш ва иқрор бўлиш, шу эътиқодни лозим тутиб, унга амал қилиш демакдир. «Ла илаҳа» Аллоҳдан ўзга ҳеч бир кимса, ким бўлишидан қатъий назар, ибодатга лойиқлигини инкор қилиш, «иллаллоҳ» эса ибодатга фақат Аллоҳнинг ўзигина сазовор эканини эътироф этишдир. Ушбу калиманинг қисқача маъноси — Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ, демакдир. Айнан «Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ» деб эмас, балки «Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ» деб айтиш лозим ва шу тўғри маъно бўлади. Чунки, биринчи маъно воқеликка зиддир, Аллоҳдан бошқа ҳам ибодат қилинаётган маъбудалар кўп, Аллоҳдан бошқаси маъбуд эмас, дейилса, ўша нарсаларга ибодат ҳам Аллоҳга ибодатлиги келиб чиқади. Бу эса энг катта ботил гапдир ва бу ер юзи аҳлининг энг кофирларидан бўлмиш “ваҳдатул-вужуд” аҳлининг мазҳабидир.
Ушбу калимани бир неча ботил маънолар билан тафсир қилинган. Жумладан:
а) Унинг маъноси — “Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ” деганидир. Бу маъно тўғри эмас. Чунки, бундан, юқорида айтганимиздек, ҳаққу ноҳақ ҳар қандай маъбуд Аллоҳ экани келиб чиқиб қолади.
б) Унинг маъноси — “Аллоҳдан бошқа яратувчи йўқ” деганидир. Бу эса аслида, ушбу калима маъносининг бир қисми, тўла маъноси эмас. Чунки, бу маъно фақат рубубият тавҳидини исбот қилади, бу эса етарли эмас, чунки мушриклар ҳам бу тавҳидни эътироф этишган.
в) Унинг маъноси — “Ҳокимият фақат Аллоҳни-кидир” деганидир. Бу ҳам унинг маъносининг бир жузъи, тўла маъноси эмас. Чунки, бундай дейишнинг ўзи етарли эмас. Чунки, ҳокимиятни ягона Аллоҳга қилгани билан, агар Аллоҳдан бошқага дуо қилса ё ибодат турларидан бирортасини Аллоҳдан бошқасига бурса, муваҳҳид (тавҳид аҳлидан) бўлмайди.
Бу тафсирларнинг барчаси ботил ё ноқис тафсирлардир. Биз уларни одамларнинг қўлларидаги баъзи китобларда бўлгани учунгина, танбеҳ ўлароқ келтирдик.
Ушбу калиманинг салафлар ва муҳаққиқ уламолар наздидаги энг тўғри тафсири, юқорида айтганимиздек, “Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ” деганидир.
2) «Муҳаммадун росулуллоҳ» деб гувоҳлик бериш маъноси — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳнинг бандаси ва бутун инсониятга элчиси эканларини ботину зоҳирда эътироф этиш, сўнг бунинг тақозоси ўлароқ, у зотнинг амрларига итоат қилиш, сўзларини тасдиқлаш, қайтарган ишларидан тийилиш ва Аллоҳга у зотнинг шариатларига мувофиқ ибодат қилишдир.
Иккинчи: Икки шаҳодатнинг рукнлари
а) «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг иккита рукни бўлиб, бири нафий, бири исботдир.
Биринчи рукн “Ла илаҳа” — нафий (рад қилиш) бўлиб, у ширкнинг барча турларини йўққа чиқаради ва Аллоҳдан ўзга сиғиниладиган барча нарсаларга кофир бўлишни вожиб қилади.
Иккинчи рукн “Иллаллоҳ” — исбот (бор деб билиш) бўлиб, ибодат қилинишга фақат ягона Аллоҳгина сазовор эканини ўрнатади ва шунга амал қилишни вожиб қилади. Бу икки рукннинг маъноси кўпгина оятларда келган. Мисол учун:
«Бас, ким тоғутга кофир бўлса ва Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳ-кам ҳалқани ушлабди» (Бақара: 256).
Оятдаги «Ким тоғутга кофир бўлса» ибораси биринчи рукн бўлмиш «Ла илаҳа» маъносидир, «Аллоҳга иймон келтирса» ибораси эса иккинчи рукн бўлмиш «Иллаллоҳ» маъносидир.
Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳиссалом тилидан келтирган сўзлари ҳам шунга ўхшайди: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман. Магар мени яратган Зотгагина (ибодат қилурман)» (Зухруф: 26, 27).
Бундаги «бутлардан покдирман» ибораси ҳам биринчи рукндаги нафий маъноси, «магар мени яратган зотгагина» ибораси эса иккинчи рукндаги исбот маъносидир.
б) «Муҳаммадун росулуллоҳ» калимасининг иккита рукни бор, бири — у зот Аллоҳнинг бандаси, иккинчиси — Аллоҳнинг расули (элчиси) эканидир. Бу икки рукн у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ифрот (ҳаддан ошиш) ва тафритни (эътиборсиз қарашни) йўққа чиқаради. У зот ушбу икки улуғ сифатлари билан халқларнинг энг комилидирлар. Бу ердаги “банда” маъноси — ибодат қилувчи, қул, демакдир. Яъни, у зот бошқа инсонлар нимадан яратилган бўлса, шундан яратилган оддий инсондирлар, у кишига ҳам бошқаларга жорий бўлган нарса жорий бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман» (Каҳф: 110). Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бандалик ҳаққини тўла-тўкис адо этдилар ва Аллоҳ таоло у зотни шу билан мақтади. Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳ Ўз бандасига (яъни Муҳаммад алайҳис-саломга, у кишини барча бало-қазодан асраш учун) етарли эмасми?!» (Зумар: 36).
«Бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Китоб — Қуръонни нозил қилган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин» (Каҳф: 1).
«(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжид-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир» (Исро: 1).
«Расулуллоҳ» маъноси — бутун инсониятни Аллоҳга даъват қилиш, уларга хушхабар бериш ва огоҳлантириш учун юборилган Аллоҳнинг элчиси, демакдир.
У зотга ушбу икки сифат билан гувоҳлик беришда у зот ҳақларидаги ифроту тафритни (яъни ҳаддан ортиқ улуғлашни ҳам,  беҳурмат қилишни ҳам) рад қилиш мужассамдир. Зеро, у зотга умматлик даъвоси-даги инсонлар ичида у кишини улуғлашда ҳаддан ошган ва ҳақларида ғулув кетган, ҳатто бандалик даражасидан илоҳлик даражасига чиқариб қўйган, Аллоҳни қўйиб, у кишидан мадад сўрайдиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қодир бўлмайдиган ҳожатларни бароридан келтириш ва мусибатларни аритиш каби ишларни у кишидан сўрайдиган кишилар ҳам бор. Ва аксинча, у зотнинг рисолатларини инкор қилган, йўлларига эргашишга бепарволик қиладиган, у зот келтирган динга зид сўзу ишларга муккасидан кетган, у зотнинг ҳукмлари ва хабарларини ўзбошим-чалик билан хато таъвил қиладиган кимсалар ҳам бор.
Учинчи: Икки шаҳодатнинг шартлари
а) «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг шартлари
«Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасининг еттита шарти бор бўлиб, шу шартлар ҳаммаси топилгандагина бу калима ўз айтувчисига фойда беради. Улар қуйидагилар:
Биринчи: Илм (билим). Бунинг зидди жаҳолат (билмаслик)дир.
Иккинчи: Яқийн (аниқ ишонч). Бунинг зидди шак-шубҳадир.
Учинчи: Қабул. Бунинг зидди рад қилишдир.
Тўртинчи: Бўйсуниш. Бунинг зидди тарк қилишдир.
Бешинчи: Сидқ (ростгўйлик). Бунинг зидди ёлғондир.
Олтинчи: Ихлос. Бунинг зидди ширкдир.
Еттинчи: Муҳаббат. Бунинг зидди нафратдир.
Биринчи шарт: Илм
Яъни, ушбу калимадан кўзда тутилган маънони ҳамда бу калима рад қиладиган ва исбот қиладиган нарсаларни билишдир. Бунинг зиддида эса ушбуларни билмаслик туради. Аллоҳ таоло айтади: «Фақат ўзлари билган ҳолларида ҳақ гувоҳлик берган (яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик берган) кишиларгина...» (Зухруф: 86).
Яъни, улар тиллари берган гувоҳликни қалблари англаган-билган ҳолларида «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик берган кишилардир. Агар маъносини билмаган ҳолда тил билангина айтиб қўйса, бу нарса фойда бермайди. Чунки, унинг мазмунига эътиқод қилган бўлмайди.
Иккинчи шарт: Яқийн
Яъни, айтувчиси унинг маъно-мазмунига аниқ ишонч ҳосил қилган бўлиши шарт. Агар бу ҳақда шак-шубҳа қиладиган бўлса, бу калима унга фойда бермайди. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ ва Расулига иймон келтириб, сўнгра ҳеч қандай шак-шубҳа қилмаган... зотлардир» (Ҳужурот: 15).
Шак-шубҳа қилувчи кимса мунофиқ бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга: «Ушбу девор ортида «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб чин қалбидан ишонч билан гувоҳлик берган қай бир кишини кўрсанг, унга жаннат башоратини бер» деганлар (Имом Муслим ривояти). Демак, ким бу калимага чин дилдан ишонган бўлмаса, жан-натга киришга лойиқ бўлмайди.
Учинчи шарт: Қабул
Учинчи шарти ушбу калиманинг тақозоси бўлган ягона Аллоҳгагина ибодат қилиш ва Ундан ўзгага ибодатни тарк қилишни қабул қилмоқликдир. Ким бу калимани айтгани ҳолда, мазкур шартини қабул қилмаса ва унга амал қилмаса, Аллоҳ таоло қуйидаги оятда айтган кишилар жумласидан бўлади: «Улар «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилишар ва «Биз ҳали бир мажнун шоирни деб илоҳларимизни тарк қилар эканмиз-ми?!» дейишар эди» (Ас-соффат: 35, 36).
Бугунги кундаги қабрпарастларнинг ҳолати ҳам худди шундай, улар ҳам «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейдилар, бироқ қабрларга сиғинишни ташламай-дилар. Ва демакки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» маъносини қабул қилмайдилар.
Тўртинчи шарт: Бўйсуниш
Тўртинчи шарти ушбу калима далолат қилган нарсага тўла бўйсунишдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ким чиройли амал қилувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас у мустаҳкам халқани ушлабди» (Луқмон: 22).
«Мустаҳкам ҳалқа»дан мурод «Ла илаҳа иллаллоҳ»дир. «Ўзини Аллоҳга топширса» дегани ихлос билан Аллоҳга бўйсунса, деганидир.
Бешинчи шарт: Сидқ
Бешинчи шарти ушбу калимани сидқидилдан, яъни қалб шуни тасдиқлаган ҳолда айтишдир. Агар тили билан айтса-ю, қалби тасдиқламаса, ёлғончи мунофиқ бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда «Аллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирдик», дейдилар. Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаган ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар. Уларнинг дилларида мараз бор эди, бас, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир» (Бақара: 8-10).
Олтинчи шарт: Ихлос
Ихлос — ушбу калимани айтиш билан дунё матоларидан биронта нарсани мақсад қилмасдан, риё ва сумъани тарк қилиб, амални ҳар қандай ширк аралашмаларидан тоза ва мусаффо ҳолда қилишдир.
Итбон ҳадиси деб танилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган-ларидек: «Албатта, Аллоҳ Ўзининг юзини истаб «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишини дўзахга ҳаром қилгандир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Еттинчи шарт: Муҳаббат
Еттинчи шарти ушбу калимага ва у далолат қилган нарсаларга ҳамда унинг тақозосига кўра амал қилаётган кишиларга муҳаббат қўйиш. Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳ-ни севгандек севадилар. Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари эса (анавиларнинг Аллоҳга ва ўз илоҳларига бўлган муҳаббатидан) кучлироқдир» (Бақара: 165).
«Ла илаҳа иллаллоҳ» аҳли бўлмиш иймонли кишилар фақат Аллоҳни холис, чин дилдан яхши кўрадилар. Ширк аҳли эса Аллоҳни ҳам, Унга қўшиб бошқа илоҳларини ҳам яхши кўришади. Бу эса «Ла илаҳа иллаллоҳ» тақозосига зиддир.
 б) «Муҳаммадун росулуллоҳ»нинг шартлари
«Муҳаммадун росулуллоҳ» шаҳодат калимасининг шартлари қуйидагилардир:
1)    Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларини эътироф этиш ва бунга чин дилдан эътиқод қилиш.
2)    Ушбу эътирофини тили билан очиқ айтиш.
3)    У зотга тўла эргашиш, бу эса у зот келтирган ҳаққа амал қилиш ва у зот қайтарган ботилдан тийилиш билан бўлади.
4)    У зот хабар берган ўтмиш ва келажак ишларидан иборат ғайб хабарларини тасдиқ-лаш.
5)    У зотни ўз жони, моли, бола-чақаси, ота-онаси ва барча одамлардан кўра кўпроқ яхши кўриш.
6)    У зотнинг сўзларини ҳар қандай кишининг сўзидан устун қўйиш ва у зотнинг суннат-ларига амал қилиш.
Тўртинчи: Икки шаҳодат калимаси тақозо қиладиган ишлар
а) «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси тақозо қиладиган ишлар
«Ла илаҳа» иборасидан тушунилган нафийга амал қилиб, Аллоҳдан бошқа жамики маъбудаларнинг ибодатидан воз кечиш ҳамда «Иллаллоҳ» иборасидан тушунилган исботга амал қилиб, фақат Аллоҳнинг Ўзига, ҳеч қандай шерик келтирмасдан ибодат қилиш. Аксарият ушбу калимани айтадиган кишилар бунга амал қилмайдилар, унинг тақозосига хилоф қилиб, илоҳликни махлуқларга, мозорларга, қадамжоларга, тоғутларга, дарахт ва тошларга исбот қилишади. Улар тавҳидни бидъат деб эътиқод қилишади, унга чақирган кишиларни ёмон кўришади, ибодатни холис Аллоҳ-гагина қиладиган кишиларни маломат қилишади.
б) «Муҳаммадун росулуллоҳ» калимаси тақозо қиладиган ишлар
У зотга ишониш ва итоат қилиш, у зот қайтарган ишларни тарк қилиш, суннатларига амал қилишга чекланиш, суннат бўлмаган, бидъат ва динда янги пайдо қилинган ишларни ташлаш, у зотнинг сўзлари-ни бошқа ҳар қандай кишининг сўзидан юқори қўйиш.
Бешинчи: Икки шаҳодат калимасини бузувчи ишлар
Улар Исломни бузувчи ишлардир. Чунки, айни шу икки шаҳодат калимасини айтиш билан инсон Исломга киради. Бу калимани талаффуз қилиш унинг мазмун-моҳиятини эътироф этиш ҳамда у тақозо этган исломий амалларни амалга ошириш демакдир. Ким шунга амал қилмаса, ушбу калимага гувоҳлик берган пайтда ўз зиммасига олган аҳдни бузган бўлади. Исломни бузувчи ишлар кўп бўлиб, уламолар фиқҳ китобларида унга алоҳида боб ажратиб, «Муртадлик ҳақида боб» деб атаганлар. Улардан энг муҳимлари ўнта бўлиб, уларни шайхулислом Муҳаммад ибн Абдул-Ваҳҳоб раҳимаҳуллоҳ шундай баён қилади:
1)    Аллоҳнинг ибодатида ширк келтириш. Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48, 116).
«Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72).
Аллоҳдан бошқага атаб қон чиқариш, мозорлар ё жинлар учун жонлиқ бўғишлаш ҳам шу турга киради.
2)    Ўзи билан Аллоҳнинг ўртасига воситачилар қилиб, уларга дуо-илтижо қиладиган, шафоат-ларини сўрайдиган, уларга таваккул қиладиган (суянадиган) киши кофир бўлишига иттифоқ қилинган.
3)    Мушрикларни кофир санамайдиган, уларнинг куфрида шак қиладиган ё уларнинг йўлларини тўғри санайдиган киши кофир бўлади.
4)    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқасининг йўли у зотнинг йўлларидан кўра мукаммалроқ, ёки бошқасининг ҳукми у зотнинг ҳукмларидан тўғрироқ деб эътиқод қилган киши кофир бўлади. Тоғутларнинг ҳукмларини Расу-луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмларидан афзал санайдиган, қонунларнинг ҳукмини Ислом ҳукмидан афзал биладиган кимсалар бунга мисол бўлади.
5)    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган дин ва шариатдан бирор нарсани ёмон кўрган киши – гарчи ўзи шунга амал қилса ҳам – кофир бўлади.
6)    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динидан ё шу диндаги савоб ва азоблар устидан кулиб, масхара қилган кимса кофир бўлади. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?» Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 65, 66).
7)    Сеҳргарлик. (Эр-хотиннинг кўнгилини бир-бирига илитиш ё совутиш учун) иситма-совутма қилиш ҳам шунга киради. Ким шундай қилса ё шунга рози бўлса, кофир бўлади. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: «Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (сен сеҳр ўрганиш билан) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар»  (Бақара: 102).
8)    Мусулмонлар қаршисига мушрикларни қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам бериш. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Сиз-лардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалар-дандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас» (Моида: 51).
9)    Кимда-ким, айрим инсонлар Муҳаммад соллал-лоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларидан чиқишга ҳақли бўлади, худди Хазир Мусо алайҳиссаломнинг шариатларидан чиқишга ҳақли бўлгани каби, деб эътиқод қилса,  кофир бўлади. Мен бунга қўшимча қилиб айтаманки, айрим ғулув кетган сўфийлар эътиқод қилгани-дек, уларнинг баъзи пиру муршидлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларига эргашишга эҳтиёж қолдирмайди-ган даражада олий мақомга етганини эътиқод қилган киши кофир бўлади.
10)    Аллоҳнинг динидан юз ўгириш, уни ўрган-маслик ва унга амал қилмаслик. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Кофир бўлган кимсалар эса ўзлари огоҳлантирилган нарсадан юз ўгирувчидирлар» (Аҳқоф: 3), «Ўз Роббининг оятлари билан панд-насиҳат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта Биз ундай жиноятчи кимсалардан интиқом олувчидирмиз» (Сажда: 22).
Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб раҳимаҳуллоҳ айтади: «Исломни бузувчи бу амалларни ҳазиллашиб ё жиддий ё қўрқиб айтган ва қилган кишилар ўртасида фарқ йўқ. Фақат мажбурланган кишигина бундан мустаснодир. Шунинг учун ҳам мусулмон бу ишлар-дан ҳазир бўлиши ва ўз нафсига улардан хавф қилиши зарурдир. Аллоҳдан Унинг ғазабини келтирувчи ва азобига йўлиқтирувчи ишлардан паноҳ тилаймиз».


УЧИНЧИ БЎЛИМ:
ҚОНУНЧИЛИК: ҲАЛОЛ ҚИЛИШ ВА ҲАРОМ ҚИЛИШ АЛЛОҲНИНГ ҲАҚҚИ
Қонунчилик деб таржима қилганимиз “ташриъ”-дан мурод — Аллоҳ таоло бандалари ақида, муомалот ва бошқа ишларда унга амал қилишлари учун туширган манҳаж, яъни йўл-йўриқлар мажмуидир. Ҳалол қилиш ва ҳаром қилиш ҳам шунга дохил бўлиб, ҳеч ким Аллоҳ ҳалол қилмаган нарсани ҳалол санаши ва Аллоҳ ҳаром қилмаган нарсани ҳаром санаши мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар!» (Наҳл: 116).
«Айтинг: Хабар берингизчи (эй мушриклар), Аллоҳ сизлар учун нозил қилган ризқу рўзнинг (айримларини) ҳаром, (айримларини) ҳалол қилиб олдингиз». Айтинг: Хабар берингизчи, (бундай қилиш учун) сизларга Аллоҳ изн бердими ёки Аллоҳ шаънига бўҳтон қилмоқдамисизлар?!» (Юнус: 59).
Аллоҳ таоло Китоб ва Суннатдан бирон далилсиз ҳалол қилиш ва ҳаром қилишдан қайтарди ва бундай қилишни Аллоҳга нисбатан уйдирма тўқиш деб атади. Шунингдек, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бир нарсани ҳеч қандай далилсиз фарзу вожиб ёки ҳаром деб эълон қилган кишини Ўзининг хос ҳаққи бўлмиш қонунчи-ликда шериклик даъво қилувчи деб хабар берди. Аллоҳ таоло айтади:
«Ёки уларнинг диндан Аллоҳ изн бермаган нарсаларни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари борми?!» (Шуро: 21).
Ким шу нарсани била туриб Аллоҳдан бошқа қонун чиқарувчига итоат қилса ва унинг қонунига амал қилса, уни Аллоҳга шерик қилган бўлади. Аллоҳ таоло айтади:
 «Агар уларга бўйсунсангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолгайсизлар» (Анъом: 121).
Яъни, Аллоҳ ҳаром қилган ўлимтикларни ҳалол санайдиган кимсаларга ким итоат қилса, у мушрик бўлади.
Аллоҳ таоло яна шундай деб хабар берганки, ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қиладиган ва Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром санайдиган руҳоний ва роҳибларига итоат қилса, Аллоҳни қўйиб, ўшаларни ўзига илоҳ қилиб олган бўлади. Аллоҳ таоло айтади:
«Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларининг олимларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Роб (илоҳ) қилиб олдилар. Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга бандалик килишга буюрилган эдилар. Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. У зот уларнинг ширкларидан покдир» (Тавба: 31).
Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу ушбу оятни эшитиб: «Ё Расулуллоҳ, биз уларга ибодат қилмасдик-ку», деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилишганида сизлар ҳам уни ҳалол санармидинглар, улар Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилишганида сизлар ҳам уни ҳаром санармидинглар, ахир?!», дедилар. У: “Ҳа, шундай», деганида «Шу уларга ибодат қилишларидир», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Шайх Абдурраҳмон ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ҳадисда шунга далил борки, Аллоҳ-нинг маъсиятида олимлар ва роҳибларга итоат қилиш Аллоҳни қўйиб, уларга ибодат қилишдир ва бу Аллоҳ асло кечирмайдиган катта ширкдир. Зеро, оят сўнггида Аллоҳ таоло айтмоқдаки: «Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга ибодат қилишга буюрилган эдилар. Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. У зот уларнинг ширк-ларидан покдир». Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло айтадики: «Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз! Зотан, бу иш итоатсиз-ликдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларини (яъни мушрикларни) сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар. Агар уларга бўйсунсан-гизлар, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар» (Анъом: 121). Кўпчилик одамлар далилга беписанд қарашлари туфайли, ўзлари тақлид қилган кишиларга далилга хилоф бўлган ишларда тақлид қилиб, шу ҳолга тушиб қолишади, бу эса ширкдир” (иқтибос тугади).
Аллоҳнинг қонунига риоя қилиш ва Ундан ўзга-нинг қонунларини тарк қилиш «Ла илаҳа иллал-лоҳ»нинг тақозо ва талабларидандир.

ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ:
ИБОДАТ: МАЪНОСИ, ТУРЛАРИ, УМУМИЙЛИГИ
1. Ибодат маъноси
Ибодат аслида қуллик, ҳокисорлик, бўйинсуниш демакдир.
Шариат истилоҳида эса, унинг бир неча таъриф-лари бўлиб, умумий маъноси биттадир. Жумладан:
Ибодат — Аллоҳга У пайғамбарлари воситасида буюрган ишларга бўйсуниш билан итоат қилиш демакдир.
Ибодат — Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳокисорлик ифодасидир. У Аллоҳга чексиз муҳаббатга йўғрилган чексиз ҳокисорликдир. Унинг умумий ва кенг қамровли таърифи шуки, ибодат — Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган барча зоҳирий ва ботиний сўз ва ишлардир.
Ибодат қалб, тил ва тана аъзоларига тақсим-лангандир.
Хавф (қўрқув), ражо (умидворлик), муҳаббат, таваккул, рағбат, раҳбат (қўрқинч), булар қалбга тааллуқли ибодатлардир.
Тилда ва дилда тасбеҳ, таҳлил, такбир, ҳамд, шукр айтиш, булар тил ва қалбга тааллуқли ибодатлардир.
Намоз, закот, ҳаж, жиҳод, булар қалб ва тана аъзолари ибодатидир.
Ибодатнинг қалб, тил ва бадан аъзоларига тааллуқли бундан бошқа ҳам турлари кўпдир.
Ибодат — Аллоҳ таоло халқларни фақат шу учун яратгандир. Аллоҳ таоло айтади:
«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман. Зеро Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз берувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир» (Аз-зарият: 56-58).
Демак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло хабар бермоқ-даки, инсу жинни яратиши остидаги ҳикмат уларнинг Аллоҳга ибодат қилиб туришларидир. Аслида, Аллоҳ уларнинг ибодатларига муҳтож эмас, аксинча улар Аллоҳга муҳтожликлари туфайли Унинг ибодатига эҳтиёжлидирлар ва Унга шариатига мувофиқ ибодат қиладилар. Бас, ким Аллоҳга ибодат қилишдан бош тортса, у кибр қилувчидир. Ким Аллоҳга ибодат қилса ва У билан бирга бошқасига ҳам ибодат қилса, у мушрикдир. Ким ёлғиз Аллоҳга ибодат қилса, бироқ Унинг шариатига мувофиқ қилмаса, у бидъатчидир. Ким Аллоҳга Унинг шариатига мувофиқ ибодат қилса, у мўмин ва муваҳҳиддир.
2. Ибодат турлари ва умумийлиги
Ибодатнинг турлари кўп бўлиб, у тил ва бадан аъзоларида зоҳир бўлган ва қалбда содир бўлган зикр, тасбеҳ, таҳлил, Қуръон тиловати, намоз, закот, рўза, ҳаж, жиҳод, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш, қариндош-уруғ, етим-есир, мискин ва мусофирларга эҳсон (яхшилик) қилиш каби барча тоат турларини ўз ичига олади. Шунингдек, Аллоҳ ва Расулини яхши кўриш, Аллоҳдан қўрқиш ва Унга тавба-инобат қилиш, динни Аллоҳга холис қилиш, Унинг ҳукмига сабр қилиш ва қазосига рози бўлиш, Унга суяниш, раҳматидан умидвор бўлиш ва азобидан қўрқиш ҳам ибодатдир. Мўмин киши ўзининг қилаётган ҳар бир ишида агар қурбатни (Аллоҳга яқинлашишни) ният қилса, унинг ҳар бир хатти-ҳаракати ибодатга айланади. Ҳатто, уйқу ва ейиш-ичиш билан агар Аллоҳнинг тоатига куч-қувват ҳосил қилишни ният қилса, шу ҳам ибодатга айланади. Олди-сотти, касб-ҳунар, никоҳланиш каби одатий ишлар ҳам яхши ният туфайли ибодатга айланиб, бу билан савобга эришилади. Демак, ибодат фақат маълум расм-русумларгагина чекланиб қолмайди.


БЕШИНЧИ БЎЛИМ:
ИБОДАТНИНГ ҲАД-ҲУДУДИНИ БЕЛГИЛАШДАГИ ХАТО ТУШУНЧАЛАР БАЁНИ
Ибодатлар тавқифийдир
Шу маънодаки, ҳеч бир ибодат Китоб ва Суннатдан бўлган бирон далилсиз машруъ (шариатга мувофиқ) бўлмайди. Нимаики, машруъ бўлмаса, у бидъат деб эътибор қилинади ва қабул қилинмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганла-ридек: «Ким бизнинг амримиз бўлмаган бир амални қилса, у рад қилингусидир» (Муттафақун алайҳ). Яъни, унинг бу иши мақбул бўлмайди, бу иши учун гуноҳкор бўлади. Чунки, унинг иши маъсиятдир, тоат эмасдир. Қолаверса, машруъ ибодатларни адо этишдаги соғлом йўл — бепарволик ва ялқовлик билан ўта ҳаддан ошиш ва ғулув ўртасидаги мўътадилликдир. Аллоҳ таоло пайғамбарига амр этганидек: «Бас (эй Муҳаммад), сиз ва сиз билан бирга тавба қилган зотлар ўзингизга буюрилгани янглиғ Тўғри йўлда бўлингиз! Туғёнга тушман-гиз!» (Ҳуд: 112).
Ушбу ояти карима ибодатларни адо этишнинг соғлом ва тўғри йўлини чизиб бермоқда. Бу эса уларни адо этишда ҳаддан ошиш ҳам, лоқайдлик ҳам бўлмаган мўътадил йўлни тутиш билан, “ўзингизга буюрилгани янглиғ” шариатга мувофиқлик билан ҳосил бўлади. Сўнгра таъкидлаб, “туғёнга тушман-гиз!” амри берилмоқдаки, туғён — ҳаддан ошиш ва ғулув кетишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан уч кишининг ўз амалларини кам санаб, улардан бири: «Мен умрбод рўза тутаман» деб, иккинчиси: «Ухламасдан, тинимсиз намоз ўқийман» деб, учинчиси: «Уйланмасдан ўтаман» деб айтган-ларини эшитиб, уларга танбеҳ берганлар, «Аммо, мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўламан. Намоз ўқийман ва ҳам ухлайман ва ҳам аёлларга уйланаман. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас!», деганлар (Муттафақун алайҳ).
Ҳозирда ибодат борасида одамларни бир-бирига бутунлай қарама-қарши бўлган икки тарафга бўлиниб қолганини кўриш мумкин.
Биринчи тоифа ибодат тушунчасини ғоят тор тушуниб, уни адо этишга ўта лоқайд қарайди, айрим ибодат турларини умуман бажармайди, ибодатларни маълум бир амалларгагина ва масжидда адо этилади-ган ибодатларгагина чеклаб қўйган. Улар учун уйда, ишхонада, бозорда, кўчада, ўзаро муомалаларда, сиёсатда, ҳукмда, низоларда ва ҳаётнинг бошқа майдонларида адо этилажак ибодат тушунчаси мавжуд эмас.
Тўғри, масжиднинг ўзига хос фазли бор, беш вақт намоз масжидда адо этилиши вожиб. Бироқ, ибодат шугина эмас, ибодат мусулмон кишининг масжид ташқарисидаги барча ҳаётини ҳам қамраб олади.
Иккинчи тоифа эса, ибодатларни татбиқ қилишда ўта қаттиқ, ҳаддан ошиш йўлини тутади. Мустаҳаб амалларни фарзу вожиб даражасига чиқаради, айрим мубоҳ ишларни ҳаром санайди. Унинг тутган йўлига қарши бўлганларни адашган ва хатокорликка ҳукм қилади, уларнинг тушунчаларини хатога чиқаради.
Аслида, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидир, ишлар-нинг ёмони эса динда янги пайдо қилинганларидир.


ОЛТИНЧИ БЎЛИМ:
ДУРУСТ ИБОДАТНИНГ УСТУНЛАРИ
Ибодатнинг асосий устунлари учта бўлиб, улар севги, хавф ва умидворликдир.
Ҳокисорликка йўғрилган муҳаббат ва умидвор-ликка қоришган қўрқув... Ибодатда мана шу ҳолатлар жамул-жам бўлмоғи зарур. Аллоҳ таоло мўмин бандаларини шундай васф этади:
«Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар» (Моида: 54).
«Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари кучлироқдир» (Бақара: 165).
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарлари васфида айтади:
«Дарҳақиқат, улар яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар» (Анбиё: 90).
Салафлардан бирлари шундай деган экан: «Аллоҳга ёлғиз муҳаббат билангина ибодат қилган кимса зиндиқ, ёлғиз умидворлик билангина ибодат қилган кимса муржиъ, ёлғиз қўрқув билангина ибодат қилган киши ҳарурий, Унга севги, қўрқув ва умидворлик билан ибодат қилган киши мўмин муваҳҳиддир». Буни шайхулислом “Убудият” рисола-сида зикр қилгач, шундай дейди: «Демак, Аллоҳнинг дини Унга ибодат, итоат ва бўйсунишдан иборат. Ибодатнинг асл маъноси хорлик ва ҳокисорликдир. Зотан, арабларда босилавериб, қадам изи бўлиб кетган йўлни “тариқ муъаббад” (طريق معبد) дейилади. Ибодат ҳокисорлик маъносини ва муҳаббат маъносини ўз ичига олган бўлиб, унинг зимнида Аллоҳ таолога чексиз муҳаббатга қоришиқ чексиз ҳокисорлик бордир. Биров бир одамга ёмон кўргани ҳолда бўйсуниб турса, унга сиғинган бўлмайди. Биров бир нарсани яхши кўрса-ю, унга бўйсунмаса, унга сиғинган бўлмайди, ўз фарзандини ёки дўстини яхши кўргани каби. Шунинг учун Аллоҳнинг ибодатида бу икки сифатнинг биригина етарли бўлмайди, балки Аллоҳ бандага ҳамма нарсадан суюмлироқ бўлиши зарур бўлади ва унинг наздида Аллоҳ барча нарсадан буюкроқ бўлиши вожиб бўлади, балки тўла-тўкис муҳаббат ва бўйсуниш фақат Аллоҳгагина бўлмоғи лойиқдир...” (иқтибос тугади).
Ушбулар ибодатнинг меҳвари (марказий ўқи) бўлиб, ибодат унинг атрофида айланади. Аллома Ибнул Қаййим “Нунийя” номли қасидасида ушбу маънони ифодалаб, шундай дейди (шеър мазмуни):
“Раҳмонга бўлган ибодат Унга бўлган чексиз муҳаббат ҳамда обиднинг чексиз ҳокисорлигидан иборат бўлиб, шу иккиси ибодатнинг икки қутбидир. Ва ибодат фалаги шу икки қутб атрофида айланади. Унинг айланиши пайғамбарнинг амри биландир, нафсу ҳаво ва шайтон йўриғи билан эмас”.
Аллома ушбу сатрларда ибодатнинг маҳбубга – яъни, Аллоҳ таолога – муҳаббат ва ҳокисорлик узра айланишини фалакнинг икки қутби узра айланишига ташбеҳ қилмоқда ва ибодат фалагининг айланиши хоҳиш-ҳаво билан ёки нафсу шайтоннинг йўриғи билан эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрлари ва у зот келтирган шариат кўрсатмаси асосида бўлишини зикр қилмоқда.


3. ИСМ ВА СИФАТЛАР ТАВҲИДИ
Исм ва сифатлар тавҳиди қуйидаги бўлимлардан иборат:
Биринчи: Исм ва сифатларнинг собитлигига Китоб, Суннат ва ақлдан далиллар;
Иккинчи: Аҳлус-сунна вал-жамоанинг Аллоҳнинг исм ва сифатлари борасидаги манҳажи;
Учинчи: Исм ва сифатларни ё улардан бирор-тасини инкор қилган кимсага раддия.
Биринчи: Исм ва сифатларнинг собитлигига Китоб, Суннат ва ақлдан далиллар
А) Китоб ва Суннатдан далиллар
Юқорида тавҳид уч қисмга — рубубият тавҳиди, улуҳият тавҳиди ва исму сифатлар тавҳидига тақсимланишини айтиб ўтдик ва аввалги икки турдаги тавҳидга бир қанча далиллар келтирдик. Энди тавҳид-нинг учинчи тури бўлмиш исм ва сифатлар тавҳидига далилларни зикр қиламиз.
Даставвал Китоб ва Суннат далилларига мурожаат қиламиз. Қуръонда Аллоҳ таоло шундай дейди:
«Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд этинглар). Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар. Улар яқинда қилиб ўтган амалларига яраша жазоланурлар» (Аъроф: 180).
Ушбу оятда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг исмлари борлигини хабар бериб, уларни гўзал исмлар деб атади ва улар билан дуо қилишга, “Ё Аллоҳ”, “Ё Раҳмон”, “Ё Раҳийм”, “Ё Ҳай”, “Ё Қайюм”, “Ё Роббал оламийн” деб нидо қилишга буюрди. Унинг исмларида — уларни рад қилиш ё нотўғри таъвил қилиш ё бошқа қилиш билан — ҳақдан оғиб кетадиган кимсаларга ушбу ёмон қилмишларининг жазосини албатта бериши билан таҳдид қилди.
Аллоҳ таоло яна айтади:
«Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, фақат Угина бордир. Унинг учун энг гўзал исмлар бордир» (Тоҳа: 8).
«У — Аллоҳ шундай зотдирки, Ундан ўзга ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқдир. (У) ғайб ва шаҳодатни (яъни яширин ва ошкора нарсаларни) билувчидир. У меҳрибон ва раҳмлидир. У — Аллоҳ шундай зотдирки, Ундан ўзга ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқдир. У (ёлғиз) подшоҳдир, (барча айб-нуқсондан) покдир, саломатдир, (Ўзи хоҳлаган бандаларини дунё бало-офатлари ва охират азобидан) омон қилувчидир, (бандаларнинг амалларини) кўриб-кузатиб турувчи-дир, қудрат соҳибидир, бўйсундирувчидир, (танҳо) кибр эгасидир. Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан покдир. У — Аллоҳ яратувчидир, (йўқдан) бор қилувчидир, (барча нарсага) сурат-шакл берувчидир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги бор нарса Унга тасбеҳ айтур. У қудрат ва ҳикмат соҳибидир» (Ҳашр: 22-24).
Ушбу оятлар Аллоҳнинг исмлари собит (бор) эканига далил бўлади.
Энди Аллоҳнинг исмлари собитлигига Суннатдан бўлган далилларга келсак, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Албатта, Аллоҳнинг тўқсон тўққиз – бир кам юз – исми борки, ким уларни санаса, жаннатга киради» (Муттафақун алайҳ).
Аллоҳнинг исмлари бу саноққа чекланган эмас. Бунга далил шуки, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуоларида шундай деганлар: «Сеники бўлган ҳар бир исм билан Сендан сўрайманки, Сен у билан Ўзингни номлаган эдинг ё уни китобингда нозил қилган эдинг ё уни халқларингдан биронтасига билдирган эдинг ё уни Ўз ҳузурингдаги ғайб илмида қолдирган эдинг. Шу исмларнинг ҳаммаси билан сўрайманки, Қуръонни қалбимнинг баҳори қилгин...» (Аҳмад “Муснад”да ривоят қилган, Ибн Ҳиббон саҳиҳ санаган). Демак, Аллоҳнинг исмлари шу тўқсон тўққизга чекланган эмас экан. Юқоридаги ҳадисдан мурод шуки – валлоҳу аълам – ким ушбу тўқсон тўққиз исмни ўрганса, уларни ёд олса ва улар билан дуо ва ибодат қилса, жаннатга киради ва бу ушбу исмлар учун хосиятдир.
Аллоҳнинг исмларидан ҳар бир исм Унинг сифатларидан бир сифатни ўз ичига олган. Масалан, Алим (билгувчи) илм ва билим сифатига далолат қилади, Ҳаким (ҳикматли) ҳикмат сифатига далолат қилади, Самиъ (эшитувчи) ва Басир (кўрувчи) эшитиш ва кўриш сифатига далолат қилади, ва ҳоказо ҳар бир исм Аллоҳнинг сифатларидан бир сифатга далолат қилади. Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Пайғамбар), айтинг: У — Аллоҳ Бирдир. Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзланувчидир (яъни барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). У туғмаган ва туғилмагандир (яъни Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У азалий ва абадий зотдир). Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир» (Ихлос сураси).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Ансорлардан бирлари Қубо масжидида уларга имом бўлиб намоз ўқиб берарди. У ҳар сафар намозда бирон сурани қироат қилса, аввал “Қул ҳуваллоҳу аҳад” сураси билан бошлар, кейин бошқа сурани ўқирди ва ҳар бир ракаатда шундай қиларди. Асҳоблари унга бу ҳақда гапириб: «Сен ҳар сафар шу сура билан бошлайсан, кейин шу ўзи кифоя қилмайди, дейсан-да, яна бошқа сурани ўқийсан. Ё шунинг ўзинигина ўқи ё эса уни қўйиб, бошқасини ўқи», дейишди. У: «Йўқ, мен бу сурани қўймайман. Агар менинг имом бўлишимни истасанглар, шундай ўқиб бераман. Агар хоҳламасанглар, имомликни тарк қиламан», деди. Уни ичларидаги энг афзал киши деб кўрганларидан бошқанинг имом бўлишини истамадилар. Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар ҳузурига келганларида у зотга бунинг хабарини бердилар. У зот: «Эй фалончи, нега асҳобларинг айтган нарсани қилмайсан? Ҳар ракаатга шу сурани албатта ўқишга сени нима мажбур қилди?», деб сўрадилар. У:  «Мен бу сурани яхши кўраман», деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни яхши кўришинг сени жаннатга киритади», дедилар (Имом Бухорий “Саҳиҳ”ида ривоят қилган).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини бир сарийяга (қўшинга) бош қилиб юбордилар. У асҳобларига намозда имом бўлар ва қироатини “Қул ҳуваллоҳу аҳад” билан тамомлар эди. Қайтиб келганларидан сўнг бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб беришди. У зот: «Ундан сўранглар-чи, нега шундай қиларкин», дедилар. Ундан бу ҳақда сўрашганида: «Чунки, у Раҳмоннинг сифати, мен у билан қироат қилишни яхши кўраман», деб жавоб берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга айтиб қўйинглар, Аллоҳ таоло уни яхши кўради», дедилар (Имом Бухорий “Саҳиҳ”ида ривоят қилган). Яъни, бу сура Раҳмон таолонинг сифатларини ўз ичига олгандир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг юзи бор эканини хабар берган: «Буюклик ва карам соҳиби бўлган Роббингизнинг юзигина боқий мангу қолур» (Ар-раҳмон: 27).
У Ўзининг қўли борлигини хабар берган: «Ўз қўлларим билан яратган нарсага...» (Сод: 75).
«Йўқ! У зотнинг қўллари очиқдир» (Моида: 64).
Яна Аллоҳ таоло рози бўлиш, яхши кўриш, ёмон кўриш, ғазаб қилиш ва бошқа сифатларга эгаки, бу ҳақда Унинг ўзи хабар берган ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уни шу сифатлар билан сифатлаганлар.
Б) Ақлий далиллар
Аллоҳнинг исм ва сифатлари борлигига ақлий далиллар ҳам мавжуд. Жумладан:
1)    Борлиқдаги турли-туман ва ҳар хил кўринишдаги буюк мавжудотлар ўз вазифаларини қатъий тартиб-низом билан адо этиши, ўзига белгиланган чизиқдан заррача оғмасдан йўлида юриши Аллоҳнинг буюклиги, қудрати, илми, ҳикмати, иродаси ва истак-хоҳишига далолат қилади.
2)    Инъом-эҳсони, зарарларни аритиши, балоларни кўтариши, буларнинг бари раҳмати, карами ва саховатига далил бўлади.
3)    Осийларга бало ва азоб тушириши Унинг ғазаби ва ёмон кўришига далолат қилади.
4)    Тоат-ибодатли бандаларни икром қилиши, уларни собитқадам қилиши Унинг улардан розилиги ва муҳаббатига далолат қилади.
Иккинчи: Аҳлус-сунна вал-жамоанинг Аллоҳнинг исм ва сифатлари борасидаги манҳажи
Салафи солиҳ ва уларга эргашганлардан иборат аҳлус-сунна вал-жамоанинг манҳажи — Аллоҳнинг исм ва сифатларини Китоб ва Суннатда қандай келган бўлса, шундай исбот қилиш (бор деб эътиқод қилиш)дир. Уларнинг манҳажи қуйидаги тамойил-ларга қурилади:
1)    Улар Аллоҳнинг исм ва сифатларини Китоб ва Суннатда келганидек, зоҳирича ва лафзлари далолат қилган маънолари бўйича исбот қиладилар, уларни зоҳиридан бошқага таъвил қилмайдилар, лафзлари ва маъно-мазмунла-рини ўз ўрнидан ўзгартирмайдилар.
2)    Аллоҳнинг исм ва сифатларини махлуқот-ларнинг сифатларига ўхшатишни рад қилади-лар. Аллоҳ таоло айтганидек: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўрувчидир» (Шуро: 11).
3)    Аллоҳнинг исм ва сифатлари исботида Китоб ва Суннатда келган хабарлардан уёғига ўтмайдилар, бу хусусда Аллоҳ ва Расули нимани исбот қилган (яъни бор деган) бўлса, ўшани исбот қиладилар, Аллоҳ ва Расули нимани нафий қилган (яъни йўқ деган) бўлса, ўшани нафий қиладилар, Аллоҳ ва Расули нимадан сукут қилган бўлса, ундан сукут қила-дилар.
4)    Исм ва сифатлар ҳақидаги нассларни (яъни оят ва ҳадисдан далилларни) маъноси тушунарли ва тафсири аниқ бўлган муҳкам (яъни аниқ бир маъноли) деб эътиқод қиладилар, уларни муташобиҳ (яъни бирдан ортиқ маънога эҳтимоли бор) деб билмайдилар, уларнинг манҳажини билмайдиган айрим замондош қаламкаш ва ёзувчилар уларга туҳмат ўлароқ нисбат беришгани каби улар исм ва сифатлар-нинг маъноларини тафвиз (яъни уларнинг маъносини Аллоҳнинг ўзига топшириш) ҳам қилмайдилар.
5)    Сифатларнинг маъносини эмас, балки уларнинг кайфиятини (шакли-шамоили қандайлигини) Аллоҳга тафвиз қиладилар ва бу ҳақда баҳс юритмайдилар.
Учинчи: Исм ва сифатларни ё улардан бирортасини инкор қилган кимсага раддия
Уч турли кишилар исм ва сифатларни инкор қилишади.
1)    Жаҳмийлар. Улар Жаҳм ибн Сафвоннинг издошлари бўлиб, исм ва сифатларни барча-сини инкор қилишади.
2)    Муътазилийлар. Улар Ҳасан Басрий раҳима-ҳуллоҳнинг дарс ҳалқасидан ажралиб чиқиб кетган Восил ибн Атонинг издошларидир. Улар исмларни маънодан холи бўлган қуруқ лафзлар сифатида исбот қиладилар, сифатлар-ни эса умуман инкор қиладилар.
3)    Ашъарийлар, мотуридийлар ва уларнинг издошлари. Улар исмларни исбот қиладилар, сифатларнинг баъзисини исбот қилиб, баъзисини нафий қиладилар. Улар бу борада ўз мазҳабларини бир шубҳа устига, яъни ўз даъволари бўйича, Аллоҳни махлуқотларга ўхшатишдан қочишга қурганлар. Чунки, махлуқотлар ҳам бу исмларнинг баъзилари билан исмланадилар ва шу сифатлар билан сифатланадилар. Бас, исм ва сифатнинг лафзи ва маъносидаги шерикликдан уларнинг ҳақиқатида (моҳиятида) ҳам шериклик лозим келади, дейишади. Бундан эса, уларнинг назарида, махлуқни Холиққа ўхшатиш лозим келади. Бу билан улар қуйидаги икки ишдан бирини лозим тутишларига тўғри келади:
    Ё исм ва сифатлар ҳақидаги нассларни зоҳиридан бошқа маънога таъвил қилиш, юзни ўзга, қўлни неъматга (ёки қудратга) таъвил қилиш каби.
    Ё эса уларнинг маъноси зоҳиридан бошқача (яъни, мажозий маънода) деган эътиқод билан, улардан нима мурод эканини фақат Аллоҳнинг ўзи билади, деб нассларнинг маъносини Аллоҳга тафвиз қилиш (топшириш).
Исм ва сифатларни даставвал инкор қилганлар айрим араб мушриклари бўлди. Аллоҳ таоло улар ҳақида қуйидаги оятни нозил қилди:
«(Эй Пайғамбар) шундай қилиб, Биз сизни (кўпдан-кўп) авлодлардан кейин келган бир авлодга — улар Раҳмонни инкор қилиб турган ҳолларида — Биз сизга ваҳий қилган нарсаларни тиловат қилиб беришингиз учун пайғамбар қилиб юбордик» (Раъд: 30).
Бу оят нозил бўлиш сабаби, Қурайш қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Раҳмонни зикр этаётганларини эшитиб, буни инкор қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Улар Раҳмонни инкор қилиб турган ҳолларида» оятини нозил қилди.
Ибн Жарир бу воқеа Ҳудайбия сулҳида бўлганини айтади. Ўшанда Қурайш билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрталарида сулҳ тузилаётган пайтда котиб «Раҳмон ва Раҳим бўлган Аллоҳнинг исми билан» деб ёзганида, Қурайш: «Биз Раҳмон деганни билмаймиз», деди.
Ибн Жарир яна Ибн Аббосдан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саждаларида «Ё Раҳмон, ё Раҳим» деб дуо қилардилар. Шунда мушриклар, бу ўзи битта илоҳга сиғинишини даъво қилади, бироқ иккитага дуо қилади, дейишди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: «(Эй Пайғамбар), айтинг: Аллоҳга дуо қилинглар ёки Раҳмонга дуо қилинглар. Қандай дуо қилсангиз-да (жоиздир). Зеро, У зотнинг гўзал исмлари бордир» (Исро: 110) оятини нозил қилди.
Аллоҳ таоло «Фурқон» сурасида айтади: «Қачон (мушрикларга): «Раҳмонга сажда қилинглар», дейилса, улар: «Нима у Раҳмон? Сен буюрган нарсага сажда қилаверамиз-ми?», дейишар» (Фурқон: 60).
Ўша мушриклар кейинги жаҳмий, муътазилий, ашъарийларнинг ҳамда Аллоҳнинг У Ўзи учун исбот қилган ёки пайғамбари У учун исбот қилган исму сифатларини инкор қилган барча кимсаларнинг салафлари эди. Нақадар ёмон салафлар ва нақадар ёмон издошлар бўлди улар!
Уларга бир неча томонлама раддия бериш мумкин;
Биринчидан: Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзига исм ва сифатларни исбот қилди (яъни бор деди), Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Аллоҳ таоло учун исм ва сифатларни исбот қилдилар. Энди ўша исм ва сифатларни ё улардан баъзисини Аллоҳдан нафий қилиш (яъни борлигини инкор ва рад қилиш) Аллоҳ ва Расули исбот қилган нарсани рад қилиш бўлади. Бу эса Аллоҳ ва Расулига қарши чиқиш бўлади.
Иккинчидан: Ушбу сифатларнинг махлуқотларда ҳам мавжудлигидан ёки баъзи махлуқотлар мазкур исмлардан баъзиси билан номланишидан Аллоҳ ва халқлари ўртасида ўхшашлик лозим келмайди. Чунки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг исм ва сифатлари Ўзига хос, махлуқотларнинг исм ва сифатлари эса ўзларига хосдир. Аллоҳ таолонинг зоти ўзга мах-луқотларнинг зотига ўхшамагани каби, Унинг исм ва сифатлари ҳам махлуқотларнинг исм ва сифатларига ўхшамайди. Бир исмда ва унинг маъносида умумий тарзда шерик бўлиш унинг ҳақиқатида ҳам шерик бўлишни тақозо этмайди.
Масалан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзини Алим (билувчи, доно) ва Ҳалим деб номлаган, баъзи бандаларини ҳам алим ва ҳалим деб номлаган: «(Малоикалар Иброҳимга) бир доно (алим) ўғил хушхабарини бердилар» (Аз-зарият: 28), «Бас Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик» (Ас-соффат: 101). Барча алим бирдек эмас, барча ҳалим ҳам бир хилда эмас.
Аллоҳ таоло Ўзини Самиъ (эшитувчи) ва Басир (кўрувчи) деб номлади: «Ал¬батта, Аллоҳ эшитувчи, кўрувчи бўлган зотдир» (Нисо: 58). Айрим бандаларини ҳам самиъ ва басир деб атади: «Биз уни эшитувчи, кўрувчи қилиб қўйдик» (Инсон: 2). Бир эшитувчи бошқа эшитувчидек, бир кўргувчи бошқа кўргувчидек эмас, ахир.
Аллоҳ таоло Ўзини Рауф ва Раҳим (меҳрибон ва раҳмли) деб номлади: «Дарҳақиҳат, Аллоҳ одамлар-га меҳрибон ва раҳмлидир» (Ҳаж: 65). Баъзи бандаларини ҳам рауф ва раҳим деб атади: «(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл — ҳақ динга келишингизга) ҳарис — ташна бўлган ва барча мўминларга меҳрибон ва раҳмли бўлган бир пайғамбар келди-ку!» (Тавба: 128). Рауф билан рауфнинг, раҳим билан раҳимнинг фарқи бор!
Шунингдек, У Ўзини айрим сифатлар билан сифатлади, бандаларини ҳам айни шу сифатлар билан сифатлади.
Мисол учун, У Ўзини илм билан сифатлади: «Ва улар У зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар» (Бақара: 255).
Бандаларини ҳам илм билан сифатлади: «Сизларга жуда оз илм берилгандир» (Исро: 85), «Ҳар бир илм соҳибининг устида (ундан устунроқ) билимдон бордир» (Юсуф: 76), «Илм-маъфират ато этилган кишилар дедилар» (Қасас: 80).
У Ўзини куч-қудрат билан сифатлади: «Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир» (Ҳаж: 40), «Зеро Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз берувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир» (Аз-зарият: 58).
Бандаларини ҳам куч-қувват билан сифатлади: «Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни ночор нарсадан (яъни бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизлар учун) ночорликдан кейин куч-қувват (пайдо) қилди, сўнгра куч-қувватдан кейин яна ночорлик ва қариликни пайдо қилди» (Рум: 54).
Маълумки, Аллоҳнинг исм ва сифатлари фақат Унинг Ўзига хос ва Ўзига мосдир. Махлуқотларнинг исмлари эса уларнинг ўзларига хос ва мосдир. Бир исмда ва унинг маъносида шерикликдан унинг ҳақиқатида ҳам шериклик лозим келмайди. Буни иккита бир хил исм ё сифат эгаси бўлган шахснинг ҳар томонлама бир хил эмаслигидан ҳам билса бўлади.
Учинчидан: Комиллик сифатларига эга бўлмаган зот илоҳ бўлишга ярамайди. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом отасига: «Эй ота, нега сиз эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сизга бирон фойда етказа олмайдиган бутга ибодат қиласиз?» деган (Марям: 42).
Аллоҳ таоло бузоққа сиғинганларга раддия бериб: «У (бузоқ) ўзларига сўзламаслигини ва ҳидоят ҳам қила олмаслигини билмадилар-ми?!» деди (Аъроф: 148).
Тўртинчидан:  Сифатларнинг исботи (бор бўли-ши) комилликка, нафийси (йўқ бўлиши) эса нуқсонга далолат қилади. Ҳеч қандай сифатга эга бўлмаган нарса ё йўқ, ё эса ўта ноқис бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай бўлишдан покдир.
Бешинчидан: Сифатларни зоҳиридан бошқача маънога таъвил қилишга бирон далил йўқ ва бу ботил ишдир. Уларнинг маъносини тафвиз қилиш (Аллоҳ-нинг ўзига топшириш)дан Аллоҳ таоло бизга Қуръонда маъносини англаб бўлмас сўзлар билан хитоб қилгани келиб чиқади. Ҳолбуки, Аллоҳ бизга Қуръонни тадаббур (тафаккур) қилишга буюрган, У қандай қилиб маъноси англанмас нарсани тадаббур қилишга буюради?!
Демак, маълум бўлдики, Аллоҳнинг исм ва сифатларини Унинг Ўзига лойиқ бўлган тарзда исбот қилиш ва уларни махлуқотларнинг сифатларига ўхшатишни рад қилиш зарур бўлади. Аллоҳ таоло айтгандек: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўрувчидир» (Шуро: 11). У Ўзини бирон нарсага ўхшашини рад қилди ва Ўзига эшитиш ва кўриш сифатини исбот қилди. Бу эса сифатларни исбот қилишдан ташбеҳ лозим келмаслигига ҳамда ўхшашлик бўлмаган ҳолда сифатларни исбот қилиш вожиблигига далил бўлади.
Бу аҳлус-сунна вал-жамоанинг исм ва сифатлар-даги нафий ва исбот борасидаги сўзларининг умумий маъносидир.


УЧИНЧИ БОБ:
БАШАРИЯТ ҲАЁТИДАГИ ЙЎЛДАН ОҒИШ. КУФР, ДИНСИЗЛИК, ШИРК ВА НИФОҚ ТАРИХИГА БИР НАЗАР
У қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:
Биринчи бўлим: Башарият ҳаётидаги йўлдан оғиш.
Иккинчи бўлим: Ширк, таърифи ва турлари.
Учинчи бўлим: Куфр, таърифи ва турлари.
Тўртинчи бўлим: Нифоқ, таърифи ва турлари.
Бешинчи бўлим: Жоҳилият, фисқ, залолат, муртадликнинг қисмлари ва ҳукмлари билан ҳар бирининг ҳақиқатининг баёни.
БИРИНЧИ БЎЛИМ:
БАШАРИЯТ ҲАЁТИДАГИ ЙЎЛДАН ОҒИШ
Аллоҳ таоло халқларни Ўзининг ибодати учун яратди ва бунда уларга ёрдам берадиган ризқларни муҳайё қилиб қўйди: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман. Зеро Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир» (Аз-зарият: 56-58).
Нафсни ўз фитратига — табиий хилқатига қўйил-са, у Аллоҳнинг илоҳлигига иқрор бўлувчи, Аллоҳни яхши кўрувчи ва Унга бирон нарсани шерик қилмасдан ибодат қилувчи бўлади. Бироқ, инсон ва жин шайтонлари алдаш мақсадида ялтироқ сўзлар билан васваса қилиб, чиройли кўрсатадиган нарсалар уни бузади ва оғдириб юборади. Зотан, тавҳид инсон табиатига ўрнатилган, ширк эса аслида унга бегона ва келгинди нарсадир. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни сақлангиз! Аллоҳнинг яратиши ўзгарти-рилмас» (Рум: 30).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳар бир туғилган гўдак фитрат устида туғилади, сўнг ота-онаси уни яҳудий ё насроний ё мажусийга айлантиради» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Демак, тавҳид одамзотнинг қон-қонида бор нарсадир.
Одам алайҳиссалом ва у зотдан кейин келган зурриётлари даврида узоқ асрлар мобайнида дин — Ислом эди. Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар бир миллат эдилар. Сўнг Аллоҳ (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқи-тувчи пайғамбарларини юборди» (Бақара: 213).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Одам ва Нуҳ алайҳиссаломлар ўртасида ўн аср ўтган, барчаси Исломда эди».
Ибн Қаййим «Иғосатул-лаҳфон»да: «Бу ҳақдаги энг тўғри сўз шу, зеро Убай ибн Каъб қироатида мазкур оят: «Сўнг ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач, Аллоҳ хуш-хабар элтгувчи ва қўрқитувчи пайғамбарларни юборди», деб ўқилади. «(Аввалда) одамлар фақат бир миллат (яъни, бир динда) бўлган эдилар. Сўнгра бўлиниб кетдилар» (Юнус: 19) ояти ҳам бунга шоҳид бўлади», дейди.
Яъни, пайғамбарлар юборилишининг сабаби — халқлар аввалдан ўзлари унинг устида бўлиб келган ҳақ диндан бўлиниб кетишлари бўлди.
Худди шунга ўхшаш, араблар ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг динида бўлган эдилар. Бир давр келиб, Амр ибн Луҳай ал-Хузоъий исмли кимса у зотнинг динларини ўзгартириб, араб ерларига, хусусан Ҳижозга бут-санамларни олиб кирди, шундан сўнг Аллоҳдан ўзгага сиғинишлар бошланди, ушбу муқаддас диёрда ва унинг атрофларида ширк кенг ёйилди, шундан сўнг Аллоҳ таоло Муҳаммад соллал-лоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборди ва у зот одамларни тавҳидга, Иброҳимнинг миллатига даъват этдилар, Аллоҳ йўлида ҳақиқий курашдилар, охир-оқибат тавҳид ақидаси ва Иброҳимнинг миллати қайтиб келиб, бутлар синдирилди, Аллоҳ шу билан динни камолига етказди ва бутун оламга Ўзининг неъматини мукаммал қилди. Бу умматнинг аввалидаги энг афзал асрларда яшаган зотлар айни шу манҳаж устида ўтдилар. Кейинги асрларга келиб жаҳолат ёйилди, бошқа динларга мансуб бегона фикрлар кириб келди, залолатга чорловчилар сабабли умматнинг кўп қисмига ширк қайтиб келди. Азиз-авлиёларни улуғлаш, уларга муҳаббат қўйиш кўринишида қабрлар устига зиёратгоҳлар қурилди, сағаналар бино қилинди. Дуо, мадад сўраш, уларга атаб назр ва қурбонликлар қилиш каби ҳар хил сиғиниш турлари билан уларни Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган бутларга айланти-рилди. Ширкни «солиҳларни васила қилиш», «уларга муҳаббат изҳор қилиш» деган исмлар билан исмладилар, буни уларга нисбатан ибодат деб санамаймиз, деб даъво қилдилар. Ҳолбуки, аввалги мушрикларнинг сўзлари ҳам айни шундай бўлганини унутдилар: «У зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар)» (Зумар: 3).
Башариятда қадимда ҳам, ҳозирда ҳам шу қабилдаги ширк содир бўлиб келгани ҳолда улардан кўплари рубубият тавҳидига иймон келтирадилар, фақат ибодатлардагина ширк келтирадилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар» (Юсуф: 106).
Роб таолонинг борлигини Фиръавн, худосиз даҳрийлар ва ҳозирги даврдаги коммунистлар каби жуда озчиликдан бошқалар умуман инкор қилмаган-лар. Уларнинг инкори ҳам манмансираш бобидан бўлиб, аслида ич-ичларида У зотнинг борлигига иқрор бўлишга мажбур эдилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, уларни инкор этдилар» (Намл: 14).
Ақллари тан олардики, ҳар бир махлуқ учун бир холиқ-яратувчи бўлиши, ҳар бир мавжудни вужудга келтирувчиси бўлиши зарур. Ўта аниқ ва мукаммал қурилган бу борлиқ низомини бошқариб туриш учун доно, қудратли ва билимдон зот бўлиши зарур. Ким буни инкор қилса, ё эсини еб қўйган аҳмоқ ё кибр-ҳавоси ақлига ғолиб келган ақлсиз бўладики, бундай кимсаларга эътибор берилмайди.

ИККИНЧИ БЎЛИМ:
ШИРК, ТАЪРИФИ, ТУРЛАРИ
а) Ширкнинг таърифи:
Ширк — Аллоҳ таолога илоҳлиги ва рубубиятида шерик исбот қилишдир. Кўпинча ширк Аллоҳ билан қўшиб бошқага дуо қилиш ёки қурбонлик, назр, қўрқиш, умид қилиш, муҳаббат қўйиш каби Аллоҳга бағишланиши лозим бўлган ибодат турларини Ундан ўзгага йўналтиришда намоён бўлади. Ширк гуноҳлар ичида энг каттаси бўлиб, бунинг бир неча сабаблари бор:
— Чунки, у илоҳлик хусусиятларида махлуқни холиққа ўхшатишдир. Ким Аллоҳга бировни шерик қилса, уни Унга ўхшатган бўлади. Бу эса энг катта зулмдир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13). Зулм — бир нарсани ўз ўрнидан бошқа жойга қўйишдир. Ким Аллоҳдан бошқага ибодат қилса, у ибодатни ўз ўрни-дан бошқа жойга қилган ва уни нолойиқ томонга буриб юборган бўлади. Бу эса энг катта зулмдир.
— Аллоҳ таоло ширкдан тавба қилмаган одамни кечирмаслигини хабар берган: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган банда-лари учун кечирур» (Нисо: 48).
— Аллоҳ таоло мушрикка жаннатни ҳаром қилганини, у жаҳаннамда абадий куяжагини хабар берган: «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтир-са, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72).
— Ширк барча амалларни бекор қилади. Аллоҳ таоло деди: «Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Анъом: 88). Яна деди: «Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан!» (Зумар: 65).
— Мушрикнинг қони ва моли ҳалолдир. Аллоҳ таоло деди: «Бас, қачон уруш ҳаром қилинган ойлар чиқса, мушрикларни топган жойингизда ўлдирингиз, (асир) олингиз, қамал қилингиз ва барча йўлларда уларни кузатиб турингиз!» (Тавба: 5). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамлар билан улар то «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтмагунларича урушишга буюрилдим. Агар уни айтсалар, мендан қонларини ва молларини сақлаб қоладилар, Исломнинг ҳаққи бундан мустасно» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
— Ширк — гуноҳи кабираларнинг энг каттасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга катта гуноҳларнинг энг каттасини айтиб берайми?» дедилар. «Ҳа, ё Расулуллоҳ», дейишди. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш...», дедилар (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Аллома Ибн Қаййим «Алжавабул кафий» китобида ёзади: «Аллоҳ субҳанаҳу хабар берадики, халқ (яратиш) ва амр (буюриш)дан мақсад — исм ва сифатлари билан танилиши, шериксиз ёлғиз Ўзига ибодат қилиниши ва одамлар адолатни барпо қилиш-ларидир. Бу — осмонлар ва Ер у билан барпо бўлган адолатдир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Қасамки, Биз Ўз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжат-мўъжизалар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон-тарози туширдик» (Ҳадид: 25). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло пайғамбарларини юборишдан ва китобларини туширишдан мақсад — одамлар адолатни барпо қилишлари эканини хабар берди. Адолатнинг энг каттаси — тавҳиддир. У адолатнинг боши ва асосидир. Ширк эса зулмдир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13).  Демак, ширк зулмлар ичида энг катта зулм, тавҳид эса адолатлар ичида энг катта адолатдир. Нима нарсаки, мана шу мақсудга қаттиқ зид келар экан, у катта гуноҳларнинг энг каттасидир... Ширк бу мақсудга мутлақо зид бўлгани учун у кабиралар ичида мутлақ кабира бўлди, Аллоҳ ҳар бир мушрикка жаннатни ҳаром қилди, унинг қонини, молини, аҳлини тавҳид аҳлига ҳалол қилди, Унга бандаликни бажо келтиришмагани боис уларни қул қилишга рухсат берди, мушрикнинг ҳеч бир амали Унинг ҳузурида мақбул бўлмайди, У мушрик ҳақида қилинган шафоат-ни ҳам қабул қилмайди, охиратда унинг бирон-бир дуосини ижобат қилмайди. Зеро, мушрик Аллоҳни билмайдиган жоҳилларнинг энг жоҳилидирки, Унга махлуқини баробар билди. Бу эса ўтакетган жаҳолат-дир. Шунингдек, гарчи мушрик воқеъда Роббига зулм қилмаган ва ўз жонига зулм қилган эса-да, бу унинг тарафидан содир этилган энг катта зулм ҳамдир» (Иқтибос тугади).
Ширк — Аллоҳ субҳанаҳу Ўзини ундан пок санаган нуқсон ва айбдир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ Ўзини ундан поклаган нарсани У зотга исбот қилган бўлади. Бу ўта саркашлик ва Аллоҳга қаттиқ қарши чиқишликдир.
б) Ширкнинг турлари:
Ширк икки хил:
Биринчи: Эгасини диндан чиқарадиган, тавба қилмасдан ўлса, абадий дўзахда қолдирадиган катта ширк. У — ибодат турларидан бирортасини Аллоҳдан бошқага буришдир. Аллоҳдан бошқага дуо қилиш, Аллоҳдан ўзгага – хоҳ қабрларга, хоҳ жин ва шайтонларга бўлсин – қурбонлик ва назрлар қилиш, вафот этиб кетган кишиларнинг ёки жин ва шай-тонларнинг бирон зиён-заҳмат етказишларидан қўр-қиш, ҳозирда азиз-авлиёларнинг сағаналари устида қилаётганларидек ҳожатларни ўташ ва мусибатларни аритиш каби Аллоҳдан ўзгаси қодир бўлмайдиган ишларни Ундан ўзгасидан умид қилиш каби. Аллоҳ таоло айтади: «Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчиларимиз», дейдилар» (Юнус: 18).
Иккинчи: Диндан чиқармайдиган, лекин тавҳид-ни нуқсонли қиладиган кичик ширк бўлиб, у катта ширкка олиб боради. У ўзи икки қисм бўлинади.
Биринчи қисм: Ошкора ширк, у сўз ва ишлардан иборат.
Сўзларга мисол:
    Аллоҳдан бошқа билан онт ичиш. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳдан бошқа билан онт ичса, кофир ва мушрик бўлади», дедилар (Термизий ривояти).
    «Аллоҳ хоҳласа ва сиз хоҳласангиз», дейиш. Бир одам шундай деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Мени Аллоҳга тенглаш-тирдингми?! Фақат Аллоҳ ўзи хоҳласа дегин», дедилар (Насоий ривояти).
    «Аллоҳ ва сиз бўлмаганингизда эди», дейиш.
«Аллоҳ хоҳласа, сўнгра фалончи хоҳласа», «Аллоҳ бўлмаганида, сўнгра фалончи бўлмаганида», дейиш дурустдир. Чунки, «сўнгра» боғловчиси орада бир мунча масофа билан бирин-кетинликни англатади ва банданинг истагини Аллоҳнинг истагига тобеъ эканини билдиради. Аллоҳ таоло айтганидек: «Сизлар фақат бутун оламлар Робби бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина хоҳларсизлар (яъни Тўғри йўлда бўла оласизлар)» (Таквир: 29).
«Ва» боғловчиси эса мутлақ биргаликни ва шерикликни ифодалайди, тартиб ва кетма-кетликни англатмайди. Масалан: «Мен учун фақат Аллоҳ ва сен борсан», «Бу Аллоҳнинг баракотидан ва сенинг баракотингдан» деганга ўхшаш.
Ишларга мисол:
    Балони аритиш ё даф қилиш учун ҳалқа ва ип тақиб олиш.
    Кўз тегиши ва бошқа нарсалардан сақланиш учун туморлар тақиш каби. Агар мана шу нарсалар балони даф қилишга сабаб деб эътиқод қилса, кичик ширк бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло буларни сабаблар қилмаган. Аммо, агар шу нарсаларнинг ўзи балони аритади ё даф қилади, деб эътиқод қилса, катта ширк бўлади. Чунки, бу Аллоҳдан бошқага боғланиш ҳисобланади.
Иккинчи қисм: Махфий ширк бўлиб, у хоҳиш-истак ва ниятлардаги ширкдир. Риё ва сумъа яъни, Аллоҳга қурбат ҳосил қилинадиган бирон амални қилиб, у билан одамларнинг мақтовига эришишни исташ бунга мисол бўлади. Масалан, бировлардан мақтов эшитиш учун намозини чиройли ўқиш ёки садақа бериш ёхуд одамлар эшитиб, уни мақташлари учун зикрлар айтиш ва чиройли овозда тиловат қилиш каби. Агар амалга риё аралашса, у амал бутунлай йўққа чиқади. Аллоҳ таоло айтади. «(Эй Пайғамбар, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга сизларнинг илоҳингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Роббига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Роббига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амаллари-ни ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф 110).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар-га энг қўрқадиган нарсам кичик ширкдир», дедилар. «Эй Росулуллоҳ, кичик ширк нима?» деб сўрадилар. «Риё», деб жавоб бердилар (Аҳмад ва Табароний ривоятлари).
Дунёвий тамаъ илинжида амал қилиш – мол топиш учун ҳаж қилиш ё азон айтиш ё имомлик қилиш каби – ёки мол топиш учун шаръий илм таҳсил қилиш ё жиҳод қилиш ҳам шу жумладандир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Динорнинг, дирҳамнинг, латта-путтанинг қули хор бўлсин, берилса рози бўлади, берилмаса жаҳли чиқади» (Бухорий ривояти).
Имом Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ «Ал-жаваб ал-кафий»да ёзади: «Хоҳиш-истак ва ниятлардаги ширк — қирғоғи кўринмайдиган улкан бир денгиздир, камдан-кам одам ундан нажот топади. Кимда-ким амали билан Аллоҳдан бошқани кўзласа, У зотга қурбат ҳосил қилишдан бошқа нарсани ният қилса ва мукофотни Ундан талаб қилса, ният ва истакларида ширк келтирган бўлади. Ихлос — феъллари ҳам, сўзлари ҳам, ният ва истаклари ҳам холис Аллоҳ учун бўлишдир. Аллоҳ таоло бандаларига буюрган ва ундан бошқасини ҳеч кимдан қабул қилмайдиган ҳанийфия — Иброҳим алайҳиссаломнинг миллати шудир, Исломнинг ҳақиқати шудир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир» (Оли Имрон: 85). Ким ундан юз ўгирса, ақлсиз кимсалардан бўлади» (иқтибос тугади).
Юқорида ўтган гаплардан хулоса шуки, катта ва кичик ширк ўртасида қуйидаги фарқлар бор:
—    Катта ширк диндан чиқаради, кичик ширк диндан чиқармайди.
—    Катта ширк ўз эгасини дўзахда абадий қолишига сабаб бўлади, кичик ширк эгаси дўзахга кирса, унда абадий қолмайди.
—    Катта ширк барча амалларни бекорга чиқаради, кичик ширк барча амалларни бекорга чиқармайди, балки риё ҳамда дунё учун қилинган амал ўзи аралашган амалнигина бекорга чиқаради.
—    Катта ширк ўз эгасининг қони ва молини ҳалол қилади, кичик ширк ҳалол қилмайди.

 

УЧИНЧИ БЎЛИМ:
КУФР, ТАЪРИФИ, ТУРЛАРИ
а) Куфрнинг таърифи:
Куфрнинг луғавий маъноси «ўраш» ва «яши-риш»дир, шаръий истилоҳда эса иймоннинг зиддини англатади. Зеро, куфр — у билан биргаликда рисолат-ни ёлғон санаш, ёки бор-йўғи шак-шубҳа қилиш, ё эса бош тортиш ё ҳасад ё кибр ё рисолатга эргашишдан тўсувчи айрим хоҳиш-истакларга эргашиш бўлсин ёки бўлмасин – Аллоҳга ва пайғамбарларига иймон келтирмасликдир. Гарчи рисолатни ёлғон сановчининг куфри каттароқ бўлса ҳам, пайғамбарларнинг ҳақлигига ишончи бўла туриб ҳасад билан инкор қилувчи ва ёлғон сановчи ҳам куфрда ундан кам эмас (Ибн Таймия: «Мажмуъул фатово»: 12/335).
б) Турлари: Куфр икки хил:
Биринчи: Диндан чиқарадиган катта куфр. У ўз навбатида беш қисмдир:
1-қисм: Ёлғон санаш куфри. Бунга далил — Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: «Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Ҳақ — Қуръон келган чоғида уни ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Жаҳаннамда кофир ким-салар учун жой топил-масми?!» (Анкабут: 68).
2-қисм: Тасдиқлаш билан бирга бўйин товлаш ва кибрланиш куфри. Бунга далил — Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: «Эсланг, (эй Пайғамбар), Биз фариш¬таларга “Одамга таъзим қилинг”, дейиши-миз билан саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб, кофирлардан бўлди» (Бақара: 34).
3-қисм: Шак-шубҳа куфри – у гумон куфридир – Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи бунга далилдир: «Ва (кофирлик билан) ўзига зулм қилган ҳолда, боғига кирар экан, айтди: «Бу (боғ — менинг молу давлатим) ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Ва Қиёмат ҳам қойим бўлмайди, деб гумон қиламан. Қасамки, агар Роббимга қайтарилсам, (яъни, Қиёмат қойим бўлиб, қайта тирилсам) албатта бундан ҳам яхшироқ оқибат — бахтни топурман». Биродари унга хитоб қилиб деди: «Сен ўзингни (асли-наслинг бўлмиш Одамни) тупроқдан сўнг нутфа — бир томчи сувдан яратиб, сўнгра (уни) инсон қилиб ростлаган зот — Аллоҳга кофир бўлдингми?! Мен эса: «У — Аллоҳ Роббимдир», (дейман) ва Роббимга ҳеч кимни шерик қилмайман».
4-қисм: Юз ўгириш куфри. Бунга далил — Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: «Кофир бўлган кимса-лар эса ўзлари огоҳлантирилган нарсадан (яъни охиратдаги азобдан) юз ўгирувчидирлар» (Аҳқоф: 3).
5-қисм: Нифоқ куфри. Бунга далил — Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: «Бунга сабаб уларнинг (тилларида) иймон келтириб, сўнгра (дилларида) кофир бўлганларидир. Бас, уларнинг диллари муҳрлаб қўйилди. Энди улар (иймоннинг ҳақиқати-ни) англай олмаслар!» (Мунофиқун: 3).
Иккинчи: Диндан чиқармайдиган кичик куфр. У амалий куфрдир ва Китобу Суннатда куфр деб номланган гуноҳлардир. Улар катта куфр даражасига етмаган, Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳ бир шаҳарни (яъни Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқу рўзи бекаму кўст келиб турар эди. Бас, (қачонки) у (яъни, унинг аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига куфр (ношукрлик) қилгач, Аллоҳ у (шаҳар аҳолисига) бу «ҳунарлари» (куфру исёнлари) сабабли очарчилик ва нотинчлик балосини тотдириб қўйди» (Наҳл: 112) оятидаги куфрони неъмат каби куфрдир.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мусулмонни сўкиш фисқ, у билан жанг қилиш куфрдир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари), «Мендан сўнг бир-бирингизнинг бўйнингизга қилич урадиган кофир бўлиб кетманглар» (Бухорий ва Муслим ривоятлари) деган сўзларидаги мусулмон билан урушиш каби куфрдир.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичса, кофир бўлибди ёки мушрик бўлибди» (Термизий ривояти) деган сўзларидаги Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш каби куфрдир.
Аллоҳ таоло гуноҳи кабира соҳибини мўмин деб атади: «Эй мўминлар, сизларга ўлдирилган киши-лар учун қасос олиш фарз қилинди» (Бақара: 178), қотилни иймонлилар сафидан чиқариб ташламади, уни қасос эгаси учун биродар деб атади: «Энди кимга биродари томонидан бир оз афв қилинса (яъни қотилдан қасос олиш ўрнига товон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйинсуниш ва чиройли суратда товон тўлаш лозимдир» (Бақара: 178).
Аллоҳ таоло деди: «Агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар, дарҳол уларнинг ўртасини тузатиб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳ-нинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан ўнглаб қўйинглар. (Мудом) адолат қилинглар! Зе¬ро Аллоҳ адолат қилгувчи-ларни суяр. Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар — шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар» (Ҳужурот: 9, 10). (Таҳовия шарҳидан қисқартириб олинди).
Катта куфр билан кичик куфр ўртасидаги фарқлар хулосаси:
    Катта куфр диндан чиқаради ва амалларни бекорга чиқаради. Кичик куфр диндан чиқармайди ва амалларни бекорга чиқармайди, бироқ даражасига қараб уларни нуқсонли қилади ва соҳибини азобга дучор этиши мумкин.
    Катта куфр эгаси дўзахда абадий қолади. Кичик куфр эгаси дўзахга кирса, унда абадий қолмайди, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилиши ва умуман дўзахга киритмаслиги ҳам мумкин.
    Катта куфр қон ва молни ҳалол қилади. Кичик куфр қон ва молни ҳалол қилмайди.
    Мўминлар катта куфр эгасини ашаддий душманлари деб билишлари лозим. Уларни яхши кўриш, улар билан дўстлашиш – энг яқин қариндоши бўлса ҳам – мўминлар учун дуруст бўлмайди. Кичик куфр дўстликни ман қилмайди, унинг эгасини иймони миқдорига қараб яхши кўриш мумкин, маъсияти миқдорига қараб ёмон ҳам кўрилаверади.


ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ:
НИФОҚ, ТАЪРИФИ, ТУРЛАРИ
а) Нифоқнинг таърифи:
Нифоқ ёки мунофиқлик луғатда «нофиқоъ» сўзидан олинган бўлиб, қўшоёқнинг инидан чиқувчи тешиклар маъносини англатади. Қўш-оёқни ушлайман дейилса, уларнинг биридан кириб, иккинчисидан чиқиб кетади.
Ёки «нафақ» сўзидан олинган бўлиб, яшириниб олиш мумкин бўлган лаҳм, ертўла маъносини англата-ди. (Ибн Асир: «Ан-Ниҳоя», 5/98).
Шаръий истилоҳда унинг маъноси — зоҳирда мусулмон бўлиб кўриниб, ботинда куфр ва ёмонликни яширишдир. Мунофиқ деб аталишининг сабаби — шариатнинг бир эшигидан кириб, бошқа эшигидан чиқиб кетгани учундир. Аллоҳ таоло шу маънога диққат қаратиб: «Албатта, мунофиқлар ҳақиқий фосиқдирлар» (Тавба: 67), яъни, шариатдан чиқувчи-дирлар, дейди. Аллоҳ таоло мунофиқларни кофир-лардан ҳам ёмонроқ қилди:
«Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар» (Нисо: 145).
«Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир» (Нисо: 142).
«Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар. Уларнинг дилларида мараз бор эди, бас, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир» (Бақара: 9-10).
б) Нифоқнинг турлари:
Нифоқ икки хил бўлади:
Биринчи: Эътиқодий нифоқ. У — эгаси тилида Исломни изҳор қилиб, дилида куфрни яширган катта нифоқдир. Нифоқнинг бу тури кишини буткул диндан чиқаради ва бундай кимса дўзахда абадий қолади. Аллоҳ таоло бу нифоқ аҳлини куфр, иймонсизлик, динни ва диндорларни масхара қилиш, дин душман-ларига Исломга бўлган адоватларида шерик бўлиш каби барча ёмон сифатлар билан сифатлади. Мунофиқлар барча замонларда бўлиб келганлар. Хусусан, Исломнинг куч-қудрати кўриниб, унга ошкора қарши чиқишга қодир бўлмаган пайтларида мусулмонларга ичкаридан фириб бериш учун ва мусулмонлар орасида яшаб, молу жонларини асраб қолиш учун ўзларини мусулмон қилиб кўрсатишади. Мунофиқ Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига иймон келтирган бўлиб кўринади, бироқ аслида буларнинг ҳаммасини ёлғон сановчи бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу мунофиқларнинг сир-асрорларини очиб ташлади, ниқобларини йиртиб ташлади, бандалари уларнинг кирдикорларидан бохабар ва эҳтиёт бўлишлари учун уларнинг қилмишларини ёритиб берди. «Бақара» сурасининг аввалида оламдаги учта тоифани — мўминлар, кофирлар ва мунофиқларни баён қилиб, мўминларни тўрт оятда, кофирларни икки оятда зикр қилиб ўтди, мунофиқларни эса кўпликлари ва Исломга ва мусулмонларга нисбатан фитналари қаттиқ бўлгани боис ўн уч оятда баён қилди. Зотан, Исломнинг улар билан балоланиши ғоят қаттиқдир. Чунки, улар Исломга, унга ёрдам беришга ва у билан дўстлашишга мансублар, ҳақиқатда эса унинг ашаддий душмани-дирлар (Ибн Қаййимнинг мунофиқларнинг сифатлари ҳақидаги рисоласидан иқтибос).
Бу нифоқ ўзи олти турга бўлинади:
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи санаш;
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсаларнинг баъзисини ёлғон санаш;
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёмон кўриш;
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсаларнинг баъзисини ёмон кўриш;
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган диннинг қудрати пасайиши билан шодланиш;
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динларига ёрдам беришни ёмон кўриш.
Иккинчи: Амалий нифоқ. У — дилда иймон сақланиб қолгани ҳолда мунофиқларнинг амалларидан баъзисини қилишдир. Нифоқнинг бу тури кишини диндан чиқармайди, бироқ шунга олиб боради. Бу нифоқ эгасида иймон ҳам, нифоқ ҳам бўлади. Нифоқи кўпайса, шу сабабли ҳақиқий мунофиққа айланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари бунга далилдир: «Кимда тўртта сифат бўлса, у ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда улардан биттаси бўлса, то уни тарк қилгунича, нифоқдан битта сифат унда бор бўлади: Омонат қўйилса хиёнат қилади, гапирса ёлғон сўзлайди, аҳд берса хиёнат қилади, хусуматлашса фожирлик қилади (ҳақдан оғиб кетади)» (Муттафақун алайҳ).
Кимда мазкур тўрт сифат жамланса, унда ёмонлик жамланибди ва у ҳақиқий мунофиқларнинг сифат-ларига эга бўлибди. Кимда бу сифатлардан биттаси бўлса, мунофиқликнинг битта сифатига эга бўлибди. Гоҳо бандада яхшилик ва ёмонлик сифатлари, иймон ва куфру нифоқ сифатлари жамланиб қолади. Мазкур сифатлар тақозоси билан қилган амалларига кўра савоб ва жазога лойиқ бўлади. Мисол учун, намозни масжидда жамоат билан адо қилишдан эриниш ҳам мунофиқлар сифатларидан. Мунофиқлик ғоят ёмон ва хатарлидир, саҳобалар унга тушиб қолишдан қаттиқ қўрқишар эди. Ибн Абу Мулайка айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ўттизтаси билан кўришганман, ҳаммалари мунофиқ-ликдан қаттиқ қўрқардилар».
Катта нифоқ билан кичик нифоқ ўртасидаги фарқлар:
    Катта нифоқ диндан чиқаради, кичик нифоқ диндан чиқармайди.
    Катта нифоқ — эътиқодда ич ва ташнинг фарқли бўлишидир, кичик нифоқ эса эътиқодда эмас, амалда ич ва ташнинг фарқли бўлишидир.
    Катта нифоқ мўминдан содир бўлмайди, кичик нифоқ гоҳо мўминдан ҳам содир бўлади.
    Катта нифоқ эгаси кўпинча тавба қилмайди. Тавба қилганида ҳам унинг тавбаси қабул бўлиши ҳақида ихтилофлар бор. Кичик нифоқ ундай эмас, унинг эгаси гоҳо тавба қилади ва Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Шайхул-ислом Ибн Таймия айтади: «Кўпинча мўмин кишига нифоқ тармоқларидан бир тармоқ кўндаланг бўлади-да, сўнгра Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Баъзан нифоққа олиб борадиган баъзи нарсалар унинг дилига келади ва Аллоҳ уни даф қилади. Мўмин шайтон васвасалари билан ва куфр васвасалари билан мубтало бўлиб, бундан юраги сиқилади. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, бизлардан биримиз дилида шундай нарсани топадики, осмондан ерга ташлаб юборилиши уни айтишдан кўра яхшироқ», деганларида у зот: «Бу (яъни, шайтон васвасасини ёмон деб билиб, уни қалбдан қувишга интилишингиз) очиқ иймондир», дедилар (Аҳмад ва Муслим ривоятлари). Бир ривоятда: «Буни айтиш жуда оғир», дейиш-ганида: «Унинг найрангини васвасага чеклаб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дедилар. Яъни, шу васвасанинг қалбга келиши ва уни ёмон кўриб, қалбдан қувишга интилиш очиқ иймондандир» (Китобул иймон: 238-с).
    Аммо катта нифоқ аҳлига келсак, Аллоҳ таоло улар ҳақида: «(Улар) кар, соқов, кўрдурлар, демак (ботил йўлларидан Исломга) қайтмай-дилар» (Бақара: 18) дейди. Яна улар ҳақларида: «Кўрмайдилармики, улар ҳар йили бир-икки марта балога — фитналарга йўлиқмоқдалар. Шундан кейин ҳам на тавба қиладилар ва на панд-насиҳат оладилар» (Тавба: 126) дейди.
Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Уламолар уларнинг тавбаси зоҳирда қабул бўлиши ҳақида ихтилоф қилганлар, чунки улар доим мусулмон-лик даъвосида бўлишганидан тавбалари ҳам маълум бўлмайди» (Мажмуъул фатово: 28/434, 435).

 

БЕШИНЧИ БЎЛИМ:
ЖОҲИЛИЯТ, ФИСҚ, ЗАЛОЛАТ, МУРТАДЛИК, УЛАРНИНГ ҚИСМЛАРИ ВА ҲУКМЛАРИ
1) Жоҳилият:
Жоҳилият — арабларнинг Исломдан олдинги даврда бўлиб келган: Аллоҳни, пайғамбарларини, дин шариатларини билмаслик, насаблар билан фахрланиш, кибрланиш, зўравонлик каби ҳолатларидир. Илмсиз-лик ва илмга эргашмаслик маъносидаги «жаҳл» сўзидан олинган.
Шайхулислом Ибн Таймия «Иқтизоус-сиротил-мустақийм»да ёзади: «Ҳақни танимаган одам жаҳолати содда бўлган жоҳилдир. Агар ҳақнинг зиддини эътиқод қилса, у жаҳолати мураккаб бўлган жоҳилдир. Агар ҳақни билатуриб ё билмасдан ҳаққа зид гапни гапирса, у ҳам жоҳил саналади. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилинишларидан олдин жоҳилиятда эдилар. Ўрталари-да юрган гап-сўз ва иш-амалларни уларга жоҳил яратиб берар ва унга жоҳил амал қилар эди. Шунингдек, пайғамбарлар олиб келган нарсаларга зид бўлган яҳудия ва насрония каби барча йўллар ҳам жоҳилият бўлиб, бу оммавий равишдаги жоҳилият эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юборилганларидан кейин жоҳилият кофирлар диёрла-рида бўлганидек, бир жойда бор, бошқасида йўқ ҳолатлар бўлди. Ёки бир шахсда жоҳилият бўлиб, бошқасида бўлмаган ҳолатлар бўлди. Масалан, бир одам Исломни қабул қилишидан олдин гарчи ўзи Ислом диёрида яшасада, жоҳилиятда бўлган ҳисоб-ланади. Аммо мутлақ замонга нисбатан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилганларидан кейин жоҳилият даври йўқолди. У зотнинг умматларидан бир тоифа то қиёмат қойим бўлгунича ҳақ устида ғолибона давом этади. Гоҳо мусулмон диёрларида кўпгина мусулмон шахсларида чекланган жоҳилият бўлиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Умматим ичида тўртта иш борки, улар жоҳилият ишларидандир» (Муслим ривояти). Абу Зарга айтганларидек: «Сен жоҳилият (феъл-атвори) бор киши экансан!» (Муттафақун алайҳ) ва шу кабилар» (иқтибос тугади).
Илмсизлик маъносидаги жоҳилликка нисбат берилган жоҳилият икки қисмга бўлинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар қилинишларидан олдинги умумий жоҳи-лият, у зотнинг пайғамбарликлари билан ниҳоясига етди.
Айрим давлатларга, айрим шаҳарларга, айрим шахсларга хос бўлган жоҳилият, у ҳозирда ҳам мавжуд. Бу билан жоҳилиятни ушбу замонга оммавий равишда нисбатлаб: «ушбу аср жоҳилияти», дейдиган кишиларнинг сўзлари хато экани маълум бўлади. Тўғриси эса: «бу асрдаги айрим кишилар жоҳилияти ёки бу асрдаги кўпчилик одамлар жоҳилияти» дейиш-ликдир. Жоҳилиятни оммавий деб аташ нотўғри. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликлари билан оммавий жоҳилият барҳам топган.
2) Фисқ:
Фисқ луғатда «чиқиш» маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса Аллоҳнинг тоатидан чиқиш демакдир. У Аллоҳнинг тоатидан умумий чиқишни ҳам англатади ва кофирга ҳам фосиқ, деб айтилади. Жузъий чиқишни ҳам англатади, гуноҳи кабиралардан бирортасини қилган мўминга ҳам фосиқ деб айтилади.
Фисқ икки хилдир:
1.    Диндан чиқарадиган фисқ — яъни куфр. Кофир-ни ҳам фосиқ деб номланади. Аллоҳ таоло иблис ҳақида зикр қилиб: «Бас, Роббининг амридан чиқди» (Каҳф: 50) дейди. Шайтондан содир бўлган бу фисқ (чиқиш) куфр эди. Аллоҳ таоло: «Фосиқ бўлган кимсаларнинг маъволари эса дўзахдир» (Сажда: 20) дейди ва бу билан кофирларни кўзда тутади. Бунга оятнинг давоми далил бўлади: «Ҳар қачон ундан чиқмоқчи бўлсалар, яна унга қайтарилурлар ва уларга: «Ўзларингиз ёлғон деган дўзах азобини тотингиз», дейилур» (Сажда: 20).
2.    Мусулмонлар ичидан осий бўлганларига ҳам фосиқ дейилади, бироқ фосиқлиги уни Исломдан чиқармайди. Аллоҳ таоло айтади: «Покиза аёл-ларни (зинокор деб) бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қил-манглар! Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир» (Нур: 4). Яна айтади: Бас, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди» (Бақара: 197). Уламолар бу оятдаги фисқ калимасини гуноҳ ишлар деб тафсир қилганлар.
3) Залолат:
Залолат — тўғри йўлдан адашиш маъносини англатади ва у ҳидоятнинг зиддидир. Аллоҳ таоло айтади: «Ким ҳидоят йўлига юрса, бас, ўзи учун юрар. Ким (ҳидоят) йўлидан озса, у ҳам ўз зиёнига озур» (Исро: 15).
Залолат — адашиш бир неча маъноларда истеъмол қилинади:
    Гоҳо куфрга истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло деди: «Кимки Аллоҳга, фаришталарга, китоб-ларига, пайғамбарларига ва охират кунига ишонмаса, демак, у жуда қаттиқ адашибди» (Нисо: 136).
    Гоҳо ширкка истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло деди: «Кимки Аллоҳга ширк келтирса, демак, жуда қаттиқ йўлдан озибди» (Нисо: 116).
    Гоҳо куфрдан пастроқ бўлган мухолифликка истеъмол қилинади. Адашган фирқалар дейил-ганга ўхшаш.
    Гоҳо хатога истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло деди: «(Мусо) айтди: «Ўшанда мен у ишни адашиб (билмаган ҳолда) қилган эдим» (Шуъаро: 20).
    Гоҳо нисён — унутишга истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло деди: «Бири унутиб адашса, яна бири унга эслатади» (Бақара: 282).
    Гоҳо адашиб-улоқиб кетишга истеъмол қилина-ди. Йўқолиб қолган туя дейилганга ўхшаш.
4) Муртадлик, унинг қисмлари ва ҳукмлари:
Риддат ёки муртадлик луғатда «ортга қайтиш» маъносини англатади. Фиқҳий истилоҳда: «Мусулмон бўлгандан сўнг яна куфрга қайтиш» демакдир. Аллоҳ таоло деди: «Сизлардан ким ўз динидан қайтиб (муртад бўлиб), динсиз ҳолда ўлса, ундай кимса-ларнинг қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетур. Улар дўзах эгаларидир ва унда абадий қолажаклар» (Бақара: 217).
Қисмлари: Муртадлик Исломни бузувчи ишлар-дан бирортасини қилиш билан ҳосил бўлади. Исломни бузувчи нарсалар кўп бўлиб, улар беш қисмга бўлинади:
1)    Сўз билан муртад бўлиш. Аллоҳ таолони ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ё малоикаларни ё пайғамбарлардан биронтасини сўкиш, ғайбни билишни даъво қилиш, пайғамбарлик даъво қилиш, пайғамбарлик даъво қилган одамни тасдиқлаш, Аллоҳдан ўзгага дуо қилиш, Аллоҳдан бошқаси қодир бўлмайдиган ишларда бошқадан мадад сўраш ё паноҳ тилаш каби.
2)    Феъл билан муртад бўлиш. Бут-санамга, дарахтга, тошга, қабрларга сиғиниш, уларга атаб қон чиқариш, Қуръонни ифлос жойларга ташлаш, сеҳргарлик қилиш, сеҳрни ўрганиш ва ўргатиш, Аллоҳ нозил қилмаган нарса билан – уни ҳалол деб эътиқод қилиб – ҳукм қилиш каби.
3)    Эътиқод қилиш билан муртад бўлиш. Аллоҳнинг шериги бор деб ёки зино, ароқ ва судхўрликни ҳалол деб ёки нонни ҳаром деб ёки намоз фарз эмас деб эътиқод қилиш каби – ҳалол ё ҳаромлиги ёки вожиблигига қатъан иттифоқ қилинган ва билмаслик мумкин бўлмаган – нарсалар.
4)    Юқорида ўтганлардан бирортасида шак-шубҳа қилиш билан муртад бўлиш. Ширк-нинг ҳаромлигига ёки зино ва ароқнинг ҳаромлигига ёки ноннинг ҳалоллигига шубҳа қилиш ёхуд Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатларига ё бошқа бирон пайғамбарнинг рисолатига ёки Ислом дини ҳақида, унинг ҳозирги даврга яроқлилиги ҳақида шубҳа билан қараш каби.
5)    Тарк қилиш билан муртад бўлиш. Намозни қасддан тарк қилиш каби. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банда билан куфр ва ширк ўртасида намозни тарк қилиш бордир», деганлар (Муслим ривояти). Намозни тарк қилувчининг кофир бўлишига бундан бошқа ҳам далиллар бор.
Муртадлиги аниқ бўлган кишига ижро этиладиган ҳукмлар:
1.    Муртад бўлган кишидан тавба қилиши талаб қилинади. Агар тавба қилса ва уч кун ичида Исломга қайтса, буни ундан қабул қилинади ва ўз ҳолига қўйилади.
2.    Агар тавба қилишдан бош тортса, уни қатл қилиш вожиб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким динини ўзгартирса, уни ўлдиринглар», деганлар (Бухорий ва Абу Довуд ривоятлари).
3.    Тавба қилиш талаб қилинган муддат мобайнида мол-дунёсини тасарруф қилишдан ман қилинади. Агар Исломга қайтса, моли ўзиники бўлади. Йўқса, ўлдирилган ё муртадликда ўлган пайтидан моли ўлжа сифатида байтулмолга олинади. Муртад бўлган пайтидан бошлаб мусулмонлар фойдасига ишлатилади, ҳам дейилган.
4.    У билан яқин қариндошлари ўртасида мерослашиш ман қилинади, ворис ҳам бўлмай-ди, меросини ҳам олмайдилар.
5.    Муртадлик билан ўлса ё ўлдирилса, ювил-майди, жаноза ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига қўйилмайди, балки кофирлар қабристонига кўмилади ёки мусулмонлар қабристонидан бошқа бирон жойга кўмиб ташланади.

 


ТЎРТИНЧИ БОБ:
ТАВҲИДГА ЗИД БЎЛГАН ЁКИ УНИ НУҚСОНЛИ ҚИЛАДИГАН СЎЗ ВА ИШЛАР
Бу бобда қуйидаги бўлимлар бор:
Биринчи бўлим: Кафтга, финжонга ўқиш билан ғайбни билишни даъво қилиш, мунажжимлик қилиш ва ҳоказо...
Иккинчи бўлим: Сеҳргарлик, фолбинлик, башо-ратчилик.
Учинчи бўлим: Қабрлар ва зиёратгоҳларга қур-бонлик, назр ва ҳадялар келтириш ва уларни улуғлаш.
Тўртинчи бўлим: Ҳайкал ва монументларни улуғлаш, таъзим бажо келтириш.
Бешинчи бўлим: Динни масхара қилиш, унинг ҳурматларини поймол қилиш.
Олтинчи бўлим: Аллоҳ нозил қилгандан бошқа нарса билан ҳукм қилиш.
Еттинчи бўлим: Қонун чиқариш, ҳалол ва ҳаром қилиш ҳаққини даъво қилиш.
Саккизинчи бўлим: Динсиз тоифаларга, жоҳилий ҳизбларга аъзо бўлиш.
Тўққизинчи бўлим: Ҳаётга моддиюнчилик назари билан қараш.
Ўнинчи бўлим: Туморлар, руқя ва афсунлар.
Ўн биринчи бўлим: Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш, тавассул, Аллоҳ қолиб махлуқдан мадад тилаш.

БИРИНЧИ БЎЛИМ:
КАФТ, ФИНЖОН ВА ШУ КАБИЛАРГА ЎҚИШ БИЛАН ҒАЙБНИ БИЛИШНИ ДАЪВО ҚИЛИШ
Ғайбдан мурод – одамлардан махфий бўлган ва улар кўрмайдиган келажак ва ўтмиш ишлари бўлиб, унинг илмини Аллоҳ таоло фақат Ўзига хослаган. Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: «Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)»» (Намл: 65). Ғайбни ёлғиз Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Гоҳо бирон ҳикмат ва манфаат юзасидан пайғамбарларига ғайб ишларидан Ўзи иста-ганини билдиради. Аллоҳ таоло деди: «(У зот) ғайбни билгувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирон кимсани огоҳ қилмас. Фақат Ўзи рози бўлган пайғамбарнигина (Ўзининг ғайб сир-асрорининг айримларидан огоҳ этар)» (Жин: 26-27). Яъни, Ўзининг рисолатига танлаб олган зотларгагина ғайбдан Ўзи истаган нарсани бил-диради. Чунки, пайғамбар мўъжизалар билан, шу жум-ладан Аллоҳ унга билдирган ғайб хабарлари билан ўзининг пайғамбарлигини исботлайди. Бу эса фариш-талардан бўлган ва инсонлардан бўлган расул-элчига омдир. Аллоҳ истисно қилган пайғамбарлардан бошқа кимда-ким қайсидир йўллар билан – кафтга ё финжонга (афсун) ўқиш билан бўлсин, фолбинлик ё сеҳр ё мунажжимлик билан ё бошқа бирон йўл билан бўлсин – ғайб илмини биламан деб даъво қилса, у ёлғончи ва кофирдир. Баъзи кўзбўямачи лўттибоз ва дажжоллардан содир бўлаётган, йўқолган нарсалар-нинг қаердалигини айтиб бериш, айрим касалликлар-нинг сабабларидан сўзлаб: «фалончи сенга фалон-фалон амални қилганлиги туфайли сен шу касалга чалингансан» дейиш каби ишлар айни шу қабилдаги ишлардир. Бу ишлар аслида уларга жин ва шайтонлар ёрдамида ҳосил бўлади, бироқ улар одамларни алдаб, ўзларини юқорида айтилганидек ишлар орқали ғайбни билгандек кўрсатишади.
Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Фолбинлардан баъзиларининг уларга боғланган жин ва шайтонлари бўлиб, (фаришталардан) ўғринча эшитиб олган ғайб хабарларини уларга етказишар, сўнг улар бунга ёлғонларни қўшиб-чатишарди... Улардан баъзисига шайтон у юртда бўлмайдиган таомларни: мева ва ширинликларни келтиради. Улардан баъзисини жин Макка, Байтул Мақдис каби жойларга учириб олиб боради» (Мажмуат ут-тавҳид: 797-801).
Гоҳо уларнинг ғайбдан гапиришлари мунажжим-лик – ерда бўлажак воқеа-ҳодисаларни фалакдаги ўзгаришларга қараб айтиб бериш орқали бўлади. Шамолларнинг эсиш даврини, ёмғирларнинг ёғиш вақтларини, нарх-наволарнинг ўзгаришини ва шу каби бошқа ишларни юлдузларнинг ҳаракатланишига, йиғилишига ва тарқалишига қараб билишларини даъво қиладилар. Фалон-фалон юлдуз кўринганда уйланса, шундай-шундай яхшиликлар ҳосил бўлади, фалон юлдуз чиққанда сафар қилса, бундай бўлади, фалон юлдуз фалон жойда турганида туғилган фарзанд мана бундай бахтга ёки бахтсизликка эришади, деган гапларни гапиришади. Айрим газета-журналларда «Мунажжим башорати» рукнида бериладиган уйдир-малар ҳам айни шу қабилдаги гаплардандир.
Айрим жоҳил ва иймони заиф кишилар кўпинча мунажжимлар ҳузурига ўзининг келажаги ҳақида, бошига қандай кунлар келиши, кимга уйланиши ё турмушга чиқиши ва ҳоказолар ҳақида сўраб бори-шади. Ваҳоланки, кимда-ким ғайбни билишни даъво қилса ёки шундай даъво эгасини тасдиқласа, у мушрик ва кофир бўлади. Чунки, у Аллоҳга Унгагина хос бўлган нарсада шерикликни даъво қилган бўлади. Юлдузлар яратилиб, бўйсундириб қўйилган, улар бирон ихтиёрга эга эмас, бировнинг бахти ё бахтсиз-лигига, ўлими ё ҳаётига уларнинг алоқаси йўқ. Буларнинг ҳаммаси гап ўғриси бўлган шайтонларнинг ишларидан.

 

ИККИНЧИ БЎЛИМ:
СЕҲРГАРЛИК, ФОЛБИНЛИК, БАШОРАТЧИЛИК
Бу ишлар ҳаммаси ҳаром ва шайтоний ишлар бўлиб, ақидага зид келади ва уни бузади. Чунки, булар фақат ширк амаллари воситасида ҳосил бўлади.
1) Сеҳр
Сеҳр – сабаби махфий ва кўзга кўринмас нарсадан иборат.
У афсунлар, руқялар, ҳар хил сўзлар, дорилар, тутатқилар ёрдамида қилинадиган махфий ишлар билан ҳосил бўлади. Унинг ҳақиқатан қалбларга ва баданларга таъсири бўлиб, кишини касал қилиши, ўлдириши, эр-хотиннинг ўртасини ажратиб юбориши мумкин. Унинг таъсири Аллоҳнинг кавний қадарий изни билан бўлади. У шайтоний амалдир. Улардан кўпига фақат ширк ва хабис руҳларга улар яхши кўрадиган нарсалар билан қурбат ҳосил қилиш воситасида эришилади. Шунинг учун шариат соҳиби уни ширкка боғлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи нарсадан сақланинг-лар», дедилар. «Улар нималар?» деб сўраганларида: «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр...», дедилар (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Сеҳр ширкка икки тарафдан дохилдир:
Биринчи тараф: Унда шайтонлар хизматидан фойдаланиш, уларга боғланиш, сеҳргарнинг хизмати-ни бажаришлари учун уларга яхши кўрадиган нарсалари билан қурбат-яқинлик ҳосил қилиш борлиги учун. Зотан, сеҳр – шайтонларнинг таълими-дан бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шай¬тонлар кофир эдилар» (Бақара: 102).
Иккинчи тараф: Ғайбни билиш даъвоси ва бунда Аллоҳга шериклик даъвоси борлиги учун. Бу эса куфр ва залолатдир. Аллоҳ таоло деди: «Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку» (Бақара: 102). Демак, шундай бўлар экан, ҳеч шак-шубҳасиз, бу иш ақидага зид бўлган ва у билан шуғулланган одамни қатл қилиш лозим бўлган куфр ва ширкдир. Катта саҳобалардан бир жамоаси уларни ўлдирганлар. Ҳозирда одамлар сеҳр ва сеҳргарликка енгил ва бепарво қарайдиган бўлиб қолган. Кўпинча уни алоҳида бир фан деб санашиб, у билан фахрланишади, унинг эгаларига мукофотлар, рағбатлантирувчи совғалар беришади. Сеҳргарлар учун алоҳида клублар, йиғилишлар, мусобақалар ташкил қилишади, уларда минглаб ишқибозлар ҳозир бўлади. Бу эса динни билмаслик, ақидага лоқайдлик билан қараш, уни мазах қилувчиларга имконият яратиб беришдан бошқа нарса эмас.
2) Фолбинлик ва башоратчилик:
Ҳар иккиси ғайбни ва ғойиб ишларни билишни даъво қилишдир. Ерда вужудга келажак ва содир бўлажак нарсаларнинг хабарини бериш, йўқолган нарсанинг қаердалигини айтиб бериш каби. Бу эса осмондан гап ўғирлайдиган шайтонларнинг хизмати-дан фойдаланиш билан бўлади. Аллоҳ таоло деди: «Мен сизларга жинлар кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар барча гуноҳга ботган товламачиларга тушиб, эшитиб олганларини уларга ташларлар. Уларнинг (жинларнинг) кўпла-ри ёлғончилардир» (Шуаро: 221). Яъни, шайтон малоикаларнинг гапларидан битта сўзни эшитиб олиб, уни фолбиннинг қулоғига етказади. Фолбин эса бу сўзга юзта ёлғон қўшиб ёлғонлайди, осмондан эшитиб олинган ўша битта сўз туфайли одамлар унга ишонишади.
Ғайбни фақат Аллоҳ билади. Ким фолбинлик ва шу каби ишлар билан ғайб ишларидан биронтасида Аллоҳга шериклик даъво қилса ёки шундай даъво қилган одамни тасдиқласа, Аллоҳга Унинг хусусият-ларидан бўлган нарсада шерик исбот қилган бўлади. Фолбинлик ширкдан холи бўлмайди, чунки у шайтон-ларга улар яхши кўрган ишлар билан қурбат ҳосил қилиш билан бўлади. Бу эса Аллоҳнинг илмида Унга шериклик даъво қилиш жиҳатидан рубубиятдаги ширк, бирон турли ибодат билан Аллоҳдан бошқага қурбат ҳосил қилиш жиҳатидан улуҳиятдаги ширкдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким фолбинга бориб, унинг гапларини тасдиқласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган нарсага кофир бўлибди» (Абу Довуд ривояти).
Эътибор қаратиш ва огоҳланиш лозимки, сеҳргар, фолбин ва башоратчилар одамларнинг ақидалари билан ўйнашадилар. Ўзларини табиблар мақомида кўрсатиб, беморларга Аллоҳдан бошқага атаб, фалон-фалон сифатдаги қўй-қўзи ёки хўроз каби жонлиқ сўйиб, қон чиқаришни буюришади. Ёки уларга бўйин-ларига осиб оладиган ё уйларига, сандиқларига солиб қўядиган туморлар шаклидаги ширкона тилсимлар ва шайтоний афсунларни ёзиб берадилар. Бошқа бирлари эса йўқолган нарсаларнинг жойларини айтиб берувчи сифатида ном чиқарадилар. Йўқотган нарсаси ҳақида сўраб ҳузурларига келган жоҳил одамларга жин-шайтонлардан бўлган ёрдамчилари кўмагида йўқолган нарсанинг жойини айтиб берадилар. Яна баъзилари ўзларини кароматли авлиёлар қилиб кўрсатишади, ёниб турган ўтга кириб, зиён-захматсиз чиқишади, баданларига тиғ уриб ёки ўзларини автоулов ғилди-раклари остига ташлаб, ҳеч қандай зарар кўришмайди. Бу аслида шайтоннинг амалидан бўлган ва фитна-имтиҳон учун уларнинг қўлларида содир бўлаётган сеҳр ва кўзбойлоғичликдир.
Шайхулислом Ибн Таймия ўзининг батоиҳий аҳмадий (рифоий) сеҳргарлар билан қилган мунозараси ҳақида айтади: «Батоиҳийлар шайхи менга овозини кўтариб: «Бизда мана бундай, мана бундай ҳолатлар бор» деб, ўтда ёнмаслик ва шу каби ишларнинг уларга хос эканини даъво қилди. Шунда мен ҳам овозимни кўтариб, ғазаб билан: «Мен машриқдан мағрибгача барча аҳмадийларга хитоб қилиб айтаманки, сизлар ўт билан нима иш қилсангиз, мен ҳам худди шуни қиламан. Ким ўтда куйса мағлуб бўлади – ёки «унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин» деган бўлсам керак, – лекин бир шарт биланки, аввал жисмларимиз сирка ва иссиқ сув билан яхшилаб ювилади» дедим. Амирлар ва одамлар бунинг сабабини сўрашганида: «Чунки, буларнинг ўт билан алоқа-ларида (куймайдиган қилиб қўядиган) ҳийлалари бор, уни бақа ёғи, норинж пўстлоғи, талқ тошидан тайёрлашади» дедим, шунда одамлар шовқин кўта-ришди. У бу ишга қодирлигини кўрсатиб: «Сен ҳам, мен ҳам жисмларимизга олтингугурт суртиб, борияга ўраламиз» деди. Мен: «Бўпти, тур» дедим ва уни бунга зўрлай бошладим. У кўйлагини ечмоқчи бўлган-дай қўлини кўтараётган эди, мен: «Йўқ, аввал иссиқ сув ва сирка билан ювинасан» дедим. У ўзларининг одатларига кўра ваҳм-шубҳаланиш изҳор қилди. Сўнг: «Ким амирни яхши кўрса, бир боғ ўтин келтирсин» деди. Мен айтдим: «Бу вақтни чўзиш ва жамоатни тарқатишга ҳаракат, бу билан мақсуд ҳосил бўлмайди. Унинг ўрнига, мойчироқ ёқамиз-да, мен ўзимнинг бармоғимни ҳам, сенинг бармоғингни ҳам аввал ювиб, сўнг унга тиқаман. Кимнинг бармоғи куйса, ўша мағлуб бўлган бўлади – ёки унга Аллоҳнинг лаънати бўлади». Бу гапимдан сўнг у ўзгарди ва мағлуб бўлди» (Мажмуъул фатово: 11/446-465).
Бундан мақсад ўша дажжолларнинг мана шундай яширин ҳийлалар билан одамларни алдашларини баён қилиш эди.


УЧИНЧИ БЎЛИМ:
ҚАБРЛАР ВА ЗИЁРАТГОҲЛАРГА ҚУРБОНЛИК, НАЗР ВА ҲАДЯЛАР КЕЛТИРИШ ВА УЛАРНИ УЛУҒЛАШ
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ширкка олиб келувчи барча йўлларни тўсганлар ва улардан ғоят қаттиқ огоҳлантирганлар. Қабрлар масаласи ҳам шулар жумласидан бўлиб, уларга сиғинишдан ва қабрдагилар хусусида ғулув кетишдан сақловчи қоидаларни тузиб бердилар. Жумладан:
— Авлиёлар ва солиҳлар ҳақларида чуқур кетиш-дан огоҳлантирдилар. Чунки бу уларга сиғинишга олиб боради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ғулувдан сақланинглар! Сизлардан илга-ригиларни ғулув ҳалок қилган» (Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ривоятлари). Яна айтганлар: «Мени худди насоролар Ибн Марямни кўкка кўтарганидек кўкка кўтариб мақтаманглар! Мен бор йўғи бир бандаман. «Аллоҳнинг бандаси ва расули» денглар» (Бухорий ривояти).
— Қабрлар устига бино қилишдан огоҳлантир-дилар. Абул Ҳайёж ал-Асадий ривоят қилади: Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу менга шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени нимага юборган бўлсалар, сени шу ишга юборайми? Биронта ҳам ҳайкални қўймай бузиб ташлайсан, биронта ҳам кўтарилган қабрни қўймай текислайсан» (Муслим ривояти). Қабрларни гипслаб сувашдан ва улар устига сағаналар бино қилишдан қайтардилар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрни гипслашдан, унинг устида ўтиришдан ва унинг устига бино қилишдан қайтардилар (Муслим ривояти).
— Қабрлар олдида намоз ўқишдан қайтардилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам (ўлим соати яқинлашиб) келган вақтда юзларига йўл-йўл ёпинчиқларини ташлаб олдилар, нафаслари бўғилиб кетгач, юзларини очдилар ва мана шундай ҳолатда туриб: «Яҳудий ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбар-ларининг қабрларини масжид қилиб олишди» деб, уларнинг қилмишларидан (умматларини) огоҳлантир-дилар. Агар шундай бўлмаганда (яъни, у зотнинг қабрлари масжид қилиниб олинишидан қўрқилма-ганида) эди у зотнинг қабрлари (уй ичида эмас, ҳамма кўроладиган) очиқликда қолдирилар эди. Бироқ уни масжид қилиб олинишидан қўрқдилар(да очиқликда қолдирилишига изн бермадилар)» (Муттафақун алайҳ). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Огоҳ бўлинглар, сизлардан илгари ўтган-лар пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишар эди. Огоҳ бўлинглар, қабрларни масжид қилиб олманглар! Мен сизларни бундан қайтараман» (Имом Муслим ривояти). Қабрларни масжид қилинишининг маъноси – гарчи устига масжид қурилмаган бўлса ҳам улар олдида намоз ўқишдир. Намоз ўқиш қасд қилинган ҳар бир жой масжид ҳисобланади. Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ер мен учун намозгоҳ ва (сув бўлмаганда) таҳоратга яроқли қилинди» (Муттафақун алайҳ). Устига масжид қуриб олинса, иш яна ҳам қаттиқлашади.
Кўпчилик одамлар бу қайтариқларга зид иш қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳлантирган ишларга қўл урдилар ва бунинг ортидан катта ширкка кириб қолдилар. Қабрлар устига масжидлар, сағаналар, чиллахоналар қурдилар, уларни ҳар турли ширк амаллари – қурбонлик ва назрлар сўйиш, уларда ётган маййитларга дуо қилиб, улардан мадад сўраш каби ишлар адо этиладиган зиёратгоҳларга айлантирдилар.
Аллома Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ ёзади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлар ҳақидаги суннатларини, у зот буюрган  ва қайтарган ишларни ва у зотнинг саҳобалари тутган йўлларни бугунги кунда одамлар қилаётган ишларга солиштирган одам бу иккисининг бир-бирига бутунлай тескари эканини кўради. Масалан, Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам қабрларга қараб намоз ўқишдан қайтарганлар, улар қабрлар олдида намоз ўқишади. Қабрларни масжидлар қилиб олишдан қайтарганлар, улар қабрлар устига масжидлар қуриб, уларни машҳадлар (шаҳидлар ётган жойлар) деб аташди. Қабрлар устида чироқ ёқишдан қайтарганлар, улар қабрлар устида шамчироқлар ёқишга вақфлар ажратишади. Қабристонларни ийдгоҳ қилиб олишдан қайтарганлар, улар эса қабристонларни ҳар турли маросимлар ўтказиладиган жойга айлантириб олиш-ди, уларда ҳайит байрамларига тўпланганидан ҳам кўп одамлар тўпланадиган бўлди. Ҳолбуки у зот қабрларни текислашга буюрганлар. Имом Муслим «Саҳиҳ»да келтирганидек, Абул Ҳайёж ал-Асадий айтади: Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу менга шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени нимага юборган бўлсалар, сени шу ишга юборайми? Биронта ҳам ҳайкални қўймай бузиб ташлайсан, биронта ҳам кўтарилган қабрни қўймай текислайсан» (Имом Муслим ривояти). Имом Муслим яна ривоят қилади: «Сумома ибн Шуфай айтади: Биз Фазола ибн Убайд билан Румдаги Рудис деган жойда эканимизда бир шеригимиз вафот этди. Шунда Фазола ибн Убайд унинг қабрини текислаб қўйишга буюрди. Сўнг: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни текислашга буюрганларини эшитганман», деди». Улар эса мазкур икки ҳадисга хилоф иш қилишга қаттиқ ҳаракат қилишади, қабларни ердан уй баландлигида кўтаришади, уларга қуббалар ўрнатишади... Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам машруъ қилган ва қабрлар ҳақида юқорида ўтган қайтариқларидан қасд қилган нарсалари билан ҳозирги одамлар қилаётган ишлар ўртасида нақадар катта фарқлар бор! Шубҳасиз, бу нарсаларда банда санаб тугата олмайдиган даражада кўп бузилишлар бор. (Сўнг бу бузилишларни айтиб ўтаркан, жумладан шундай дейди:) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилишда машруъ қилган нарса – фақат охиратни эслаш ва зиёрат қилинувчининг ҳаққига дуо қилиш, раҳмат сўраш, истиғфор айтиш, офият тилаш билан унга яхшилик қилиш эди. Шунда зиёрат қилувчи ўзига ҳам, зиёрат қилинаётган маййитга ҳам яхшилик қилган бўлар эди. Бу мушриклар эса ишни бутунлай тескари томонга айлантиришди ва зиёратдан бўлган мақсуднинг акси ўлароқ, маййитни Аллоҳга шерик қилиб, унга дуо қилиш ёки дуода уни восита қилиш, ундан ҳожатларини адо этишини сўраш, устларига баракотлар ёғдиришини ёки душманлари устидан нусрат беришини сўраш каби ширк амалларини қиладиган бўлишди. Натижада ўзларига ҳам, маййитга ҳам ёмонлик қилишди, яъни уни ҳеч бўлмаганда ҳаққига қилинадиган дуо ва истиғфор-лардан маҳрум қилишди» (Иғосатул-лаҳфон: 1/214-217).
Демак, бундан мозорларга назр ва қурбонликлар келтиришнинг катта ширк экани маълум бўлади. Сабаби, бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам-нинг қабрлар хусусидаги, улар устига бино кўтармас-лик ва масжидлар қурмаслик ҳақидаги кўрсатмаларига хилофдир. Чунки, қачонки улар устига қубба ва сағаналар қурилиб, атрофига масжид ва зиёратгоҳлар тиклангач, жоҳиллар унда ётган маййитларни бирон фойда ё зарар етказишга, улардан мадад сўраганларга мадад беришга, илтижо қилиб келганларнинг ҳожат-ларини раво қилишга қодир зотлар деб ўйлаб қолишди, шунинг учун уларга назрлар элтишди, улар устида жонлиқлар бўғизлаб, қон чиқарадиган бўлиш-ди. Натижада, қабрлар Аллоҳни қўйиб, сиғиниладиган бут-санамларга айланиб қолди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳ, менинг қабримни сиғиниладиган васанга (бутга) айлантириб қўймагин» деб дуо қилганлар (Имом Молик ва Аҳмад ривоятлари). Бундай дуо қилишлари бежиз эмас эди. Дарҳақиқат, жуда кўп ислом ўлкаларида қабрпа-растлик пайдо бўлди, қабрга сиғиниш авж олди. Аммо, у зотнинг дуолари баракотидан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қабрларини Ўзи ҳимоя қилди. Гарчи, у зотнинг масжидларида ҳам баъзи жоҳил ва хурофотчи кимсалар томонидан айрим ношаръий ишлар содир бўлиб турса-да, улар у зотнинг қабрларига етиб боришга қодир бўлмадилар. Зеро, у зотнинг қабрлари уйларининг ичидадир, бевосита масжидда эмас ва уйлари деворлар билан ўраб олинган. Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ “Нуния”ларида айтиб ўтгани каби: «Аллоҳ роббул оламийн у зотнинг дуоларини ижобат этди ва (қабрларини) уч қават девор билан ўраб қўйди».

 

ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ:
ҲАЙКАЛЛАРНИ ВА ХОТИРА УЧУН ЎРНАТИЛГАН ТОШЛАРНИ УЛУҒЛАШ ҲУКМИ ҲАҚИДА
Тимсол ёки ҳайкал – инсон ё ҳайвон ё бошқа бирон жонзот шакли акс эттирилган суратдир. Насб – хотира тоши эса аслида мушриклар бирон улуғ ва пешво кишиларининг хотирасини тирилтириш учун жонлиқ сўйиб, қонини оқизадиган тошдир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жозотлар-ни тасвирлашдан қайтарганлар. Айниқса улуғ одамларнинг – олимлар, подшоҳлар, обидлар, лашкар-бошилар, пешволарнинг сиймоларини тасвирлаш қаттиқ қайтарилган ишлардандир. Уларни тасвирлаш бирон лавҳага ё қоғозга ё деворга ё кийимга суратларини тушириш йўли билан бўлсин ёки ҳозирги замонда машҳур бўлган фотосуратларини олиш йўли билан бўлсин ёки тош ё бошқа нарсани йўниб ҳайкалларини ясаш йўли билан бўлсин, фарқсиздир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам девор ва шу каби жойларга суратлар осишдан, тош-тимсоллар ўрнатишдан, шу жумладан хотира тошлари ўрнатиш-дан қайтарганлар. Чунки бу нарса ширкка олиб борадиган воситадир. Аслида, Ер юзида илк пайдо бўлган ширк сурат ва ҳайкаллар тасвирлаш ва уларни ўрнатишдан келиб чиққан. “Нуҳ алайҳис-саломнинг қавмида солиҳ кишилар бўлган эди. Улар вафот этишгач, қавмлари кўп маҳзун бўлишди. Шунда шайтон уларнинг суратларини ясаб, одатда ўтирадиган жойларига ўрнатиб қўйишни ва суратларни уларнинг номлари билан аташни қавмнинг кўнглига солди. Улар шундай қилишди, бироқ уларга ибодат қилишмаган эди. Бу авлод дунёдан ўтиб кетиб, илм унутилгач, келгуси авлодлар уларга сиғина бошладилар” (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди, у зот қавмини суратлар ортидан келиб чиққан ширкдан қайтарди, бироқ қавми унинг даъватини қабул қилмади ва бутларга айланиб улгурган ўша суратларга сиғинишдан қайтмади: «Ва (ўзларига эргашган тубан-пасткаш кимсаларга): «Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманг-лар!» «Вад»ни ҳам, «Сувоъ»ни ҳам, «Яғус»ни ҳам, «Яуқ»ни ва «Наср»ни ҳам ҳаргиз тарк қилманг-лар!» дедилар» (Нуҳ: 23). Мазкур исмлар хотиралари ўчиб кетмасин деб ўрнатилган ўша суратлар эгалари-нинг исмлари эди.
Қаранг, хотира тошлари сабабли қандай қилиб Аллоҳга ширк келтириш ва Унинг расулларига бўйсунмаслик келиб чиқди. Ва бу нарса уларнинг тўфон сабабли ҳалок қилинишларига сабаб бўлди. Бу эса суратлар ясаш ва уларни ўрнатишнинг қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан дарак беради. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусаввирларни лаънатлаганлар, уларни қиёмат куни энг қаттиқ азобланадиган кишилар бўлишини айтганлар, суратларни ўчириб ташлашга амр қилган-лар, сурат бор уйга фаришта кирмаслигини хабар берганлар. Буларнинг ҳаммаси бу ишнинг ёмонлиги-дан ва умматнинг ақидасига хатари кучлилигидан шундай бўлди. Зеро, Ер юзидаги биринчи ширк суратлар ўрнатиш туфайли бошланган эди. Сурат ва ҳайкалларни хонадонларга ўрнатиладими, майдон ё боғларгами, барчаси шаръан ҳаромдир. Чунки бу нарса ширкка восита, ақиданинг бузилишига сабаб бўлади. Бугунги кунда кофирлар авайлаб асрайдиган ақидалари йўқлигидан шу ишни қилаётган бўлсалар, мусулмонлар ўз куч-қувватлари ва бахт-саодатлари манбаи бўлган ақидаларини сақлаб қолиш учун бу ишда кофирларга шерик бўлмасликлари зарур. Ҳозирда одамлар бу босқичдан ўтиб бўлишган, эндиликда тавҳид нима, ширк нима, ҳамма билади, дейиш тўғри бўлмайди. Чунки, шайтон ҳар бир авлод ичида пайт пойлаб туради, қачонки уларда жаҳолат ёйилса, худди Нуҳ қавмининг уламолари дунёдан ўтиб кетиб, ораларида жаҳолат тарқалганда қилганидек муомалани уларга қилади. Чунки, ҳеч бир тирик жон фитнадан омонликда эмас. Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг пайғамбари бўла туриб: «Роббим, мени ва болаларимни бутларга сиғинишдан йироқ қилгин» (Иброҳим: 35) деб дуо қилдилар, ўзларига фитнадан хавф қилдилар. Баъзи салафлар айтганлар: «Иброҳим-дан кейин ким ҳам фитнадан омонда қолади?!».


БЕШИНЧИ БЎЛИМ:
ДИННИ МАСХАРА ҚИЛИШ, УНИНГ ҲУРМАТЛАРИНИ ПОЙМОЛ ҚИЛИШ
Динни масхара қилиш – Исломдан муртад бўлиш ва диндан тамоман чиқиш демакдир. Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми? Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 65-66).
Бу оят Аллоҳни масхара қилиш куфр эканига, пайғамбарни масхара қилиш куфр эканига, Аллоҳнинг оятларини масхара қилиш куфр эканига далолат қилади. Ким бу ишлардан биттасини масхара қилса, ҳаммасини масхара қилган бўлади. Мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва саҳоба-ларини масхара қилганларида шу оят нозил бўлган эди. Бу ишлардан бирини масхара қилиш бошқасига ҳам уланиб кетади. Аллоҳнинг тавҳидига бепарво қарайдиган ва ўлиб кетганларга дуо-илтижо қилишни улуғ санайдиганлар агар тавҳидга буюрилсалар ва ширкдан қайтарилсалар, бунга беписанд қарайдилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад) қачон улар сизни кўрсалар, фақат: «Аллоҳ мана шуни пайғамбар қилиб юбордими?! Агар сабр қилиб (маҳкам турмаганимизда) ҳақиқатан у бизларни худоларимиздан оздираёзди-я», деб сизни масхара қилурлар» (Фурқон: 41-42).
Нафсларида ширкни улуғлаш бўлгани учун мушриклар доим ўзларини тавҳидга чорлаган пайғам-барларни айблаб, ақлсизлик, адашганлик ва мажнунлик билан сифатлаб келганлар.
Аллоҳ таоло деди: «Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар» (Бақара: 165). Ким бирон махлуқотни Аллоҳни яхши кўрганича яхши кўрса, мушрик бўлади. Аллоҳ учун яхши кўришни Аллоҳ билан бирга яхши кўришдан фарқлай билиш лозим. Қабрларни муқаддас санаб сиғинадиган кишиларни Аллоҳнинг тавҳиди ва ибодатига доир нарсаларни масхара қилишларини, қабрда ётган шафеъларини эса ғоят улуғлашларини кўрасиз. Улар бирови Аллоҳга бемалол ёлғон қасам ичиши мумкин, бироқ ўзи сиғинадиган азиз-авлиё номига ёлғон қасам ичишга ботина олмайди. Баъзи тоифаларни кўрасизки, азиз-авлиёдан хоҳ қабри ёнида, хоҳ бошқа жойда бўлсин, мадад сўрашни ўзлари учун саҳар пайти масжидда Аллоҳга дуо қилишдан кўра фойдалироқ санашади ва уларнинг йўлидан тавҳид сари бурилган кишиларни масхара қилишади. Кўплари масжидларни хароб қилиб, машҳадларни обод қили-шади. Бу Аллоҳни, Унинг оятларини ва пайғамбарини менсимаслик ва ширкни улуғлашдан бошқа нарса эмас (Мажмуъул фатово: 15/47-49).
Истеҳзо – масхара икки хил бўлади:
Биринчи: У ҳақда оят нозил бўлган ишларда бўлгани каби очиқ масхаралаш. Масалан: «Бу қорила-римиздан кўра қорнини яхши кўрувчироқ, тиллари ёлғончироқ, душманга рўпара келганда қўрқоқроқ одамни кўрмадик» деганлар хусусида оят нозил бўлганди. Ёки: «Бу динингиз бешинчи дин», «эсипаст-лар дини», ёки маъруфга буюриб, мункардан қайтара-диган одамларни кўришса, масхара қилиб: «Ана, диндорлар етиб келди» деганга ўхшаш ҳар турли гаплар каби.
Иккинчи: Очиқ бўлмаган масхаралаш. Аллоҳнинг Китоби ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам-нинг ҳадислари ўқилганда ёки амри маъруф ва наҳий мункар қилинганда кўз қисиш, тил чиқариш, лаб чўччайтириш, қўл билан ишора қилиш каби.
Баъзилар айтадиган: «Ислом йигирманчи асрга ярамайди, у фақат ўрта асрларга яроқли дин. У қолоқ ва реакцион дин, унинг таъзир ва жазоларида ўта қаттиққўллик ва ваҳшийлик бор, у талоққа ва кўпхо-тинликка рухсат бериши билан аёлнинг ҳуқуқига зулм қилган» деган гаплар, ёки: «инсон томонидан жорий қилинган қонунлар одамлар учун Ислом ҳукмларидан яхшироқ» деган гап, тавҳидга чақирадиган, қабр ва мозорларга сиғинишдан қайтарадиган одамни «бу экстремист» деб аташ, мусулмонлар жамоатини бўлиб ташлашни истайди, дейиш ёки «бу ваҳҳобий», «бешинчи мазҳабдаги одам» деган гаплар ҳаммаси динни ва дин аҳлини сўкиш, соғлом ақидани масхара қилишга киради. Ёки бўлмасам, Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини тутмоқчи бўлган одамнинг соқолини мазах қилиб: «дин соч-соқол билан ўлчанмайди» каби гаплар ҳам шу қабилдаги гаплардандир.

 

ОЛТИНЧИ БЎЛИМ:
АЛЛОҲ НОЗИЛ ҚИЛГАНДАН БОШҚА НАРСА БИЛАН ҲУКМ ҚИЛИШ
Гап-сўзларда, шариат асосларида, хусуматларда, қон (қатл, қасос)ларда, молиявий муомалаларда ва бошқа ҳақ-ҳуқуқларда ихтилоф пайдо бўлганда Аллоҳ таолонинг ҳукмига бўйсуниш, шариатига рози бўлиш, Унинг Китобига ва Расулининг суннатига мурожаат қилиш Аллоҳга бўлган иймоннинг ва бандаликнинг тақозосидир. Зеро, ёлғиз Угина ҳакамдир ва ҳукм Уникидир. Шундай экан, ҳокимлар Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилишлари, фуқаролар Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннати асосида ҳукмлашишлари лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Албат-та, Аллоҳ сизларни омонатларини ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганин-гизда адолат билан ҳукм қилишга буюради» (Нисо: 58). Яна айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз! Борди-ю, бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59).
Сўнг Аллоҳ нозил қилган нарсадан бошқаси билан ҳукмлашиш иймон билан бир жойда жамланмас-лигини баён қилади: «(Эй Муҳаммад), ўзларини сизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирган деб ҳисоблайдиган (айрим) кимсалар-нинг тоғутга ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга унга ишонмас-лик буюрилган эди. (Чунки) шайтон уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди... Йўқ, Роббингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилма-гунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар » (Нисо: 60-65).
Аллоҳ субҳанаҳу қасам билан таъкидлаб, Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳукм сўраб борма-ган ва у кишининг ҳукмларига рози бўлиб, таслим бўлмаган кишида иймон бўлмаслигини айтди. Шунингдек, Аллоҳ нозил қилган нарсадан бошқаси билан ҳукм қиладиган ҳокимларни кофир, фосиқ ва золимлар деб атади: «Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» (Моида: 44), «Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар золимлардир» (Моида: 45), «Кимда-ким Аллоҳ нозил этган дин билан ҳукм этмас экан, улар фосиқлардир» (Моида: 47).
Баъзи исломга нисбатланган давлатларда бўлгани-дек фақат шахсий аҳволлардагина эмас, балки уламо-лар ўртасида ижтиҳодий сўзлардаги барча низоларда, шунингдек суд ишларини кўришда ва бошқа ҳуқуқий масалалардаги хусуматларда ҳам Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилиш ва унинг асосида ҳукмлашиш лозим бўлади. Зеро, Ислом бўлинмас бир бутун диндир. Ихтилофлар пайтида фақат Китобу Суннатдан далили бўлган нарсани бирон мазҳабга таассуб қилмасдан, бирон имомга тарафкашлик қилмасдан қабул қилинади. Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, тўла ҳолдаги исломга кирингиз! (Яъни, исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз)!» (Бақара: 208). Яна деди: «Ё китобнинг бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми?» (Бақара: 85).
Шунингдек, мазҳабларга эргашган кишилар ўз имомларининг сўзларини, хусусан ақидага доир ишларда Китобу Суннатга қайтаришлари, уларга мувофиқ келганини олиб, хилоф келганиини ҳеч қандай таассубсиз ва тарафкашликсиз рад қилишлари лозим бўлади. Зеро, имомларнинг ўзлари – уларни Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин – шунга васият қилганлар ва барчаларининг тутган йўллари шу бўлган. Ким шунга хилоф иш қилса, гарчи уларнинг мазҳабларига нисбатланса-да, уларга эргашган бўлмайди ва Аллоҳ таоло қуйидаги оятда айтган кишилар жумласидан бўлади: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ бинни Марямни Парвардигор деб билдилар» (Тавба: 31). Оят насороларгагина хос бўлмасдан, қилмишлари уларнинг қилмишига ўхшаган барчани ўз ичига олади.
Ким одамлар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса-дан бошқаси билан ҳукм қилиб, Аллоҳ ва Расулининг амрларига хилоф қилса ёки нафси ҳавосининг кўйига кириб шундай қилишни истаса, ҳар қанча мўминликни даъво қилмасин, Ислом ва иймон бўйинбоғини бўйни-дан ечиб ташлаган бўлади. Аллоҳ таоло бундай кимса-ларнинг ишларини мункар, даъволарини эса ёлғон деб атади: «(Эй Муҳаммад), ўзларини сизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирган деб даъво қиладиган (айрим) кимсаларнинг тоғутга ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадин-гизми? Ҳолбуки, уларга унга ишонмаслик буюрил-ган эди» (Нисо: 60). «Даъво қиладиган» деган калима-дан уларда иймон бўлмаслиги маълум бўлмоқда. Чунки, «даъво қилиш» ибораси аксар амалга ошмай-диган ва хилоф қилинадиган ёлғон даъволарга истеъ-мол қилинади. «Ҳолбуки, уларга унга ишонмаслик буюрилган эди». Чунки, тоғутга кофир бўлиш тавҳиднинг рукнидир. Қачон бу рукн ҳосил бўлмаса, тавҳид вужудга келмайди. Тавҳид иймоннинг асоси-дир, барча амаллар фақат у билан яроқли бўлади, у бўлмаса яроқсизга айланади. Бу нарса қуйидаги оят маъносида очиқ-равшан кўриниб турибди: «Бас, ким тоғутга кофир бўлса ва Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлаб-ди» (Бақара: 256). Боиси, тоғутга  ҳукм сўраб бориш унга иймон келтириш демакдир.
Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмайдиган кишида иймон бўлмаслиги Аллоҳнинг шариатини ҳоким қилиш – иймон, ақида ва ибодат эканига далолат қилади. Аллоҳнинг шариати уни ҳоким қилиш одамларга фойдалироқ бўлгани учунгина ҳоким қилинмайди. Баъзи одамлар шу томонига эътибор қаратишади ва биринчи, асосий тарафини унутишади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз шариатини фақат ўзига манфаат борлиги учун ҳоким қиладиган, бу нарсани ибодат деб қилмайдиган одамларни айблаб айтади: «Қачон улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорлансалар, баногоҳ улардан бир гуруҳи (пайғамбар ҳузурига келишдан) юз ўгиргувчидир. Агар ҳақиқат улар (тараф)да бўлса, (пайғамбар олдиларига) бўйин эгиб келурлар.» (Нур: 48-49).
Демак, улар фақат ўз ҳавои нафсларига қараб иш тутишади ва нафсларига ёқмаган нарсадан юз ўгиришади. Чунки, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳукм сўраб келишни Аллоҳга ибодат деб билишмайди.
Аллоҳ нозил қилгандан бошқа нарса билан ҳукм қиладиган одамнинг ҳукми:
Аллоҳ таоло деди: «Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» (Моида: 44). Ояти карима маъносига кўра, Аллоҳ нозил қилгандан бошқа нарса билан ҳукм қилиш куфрдир. Бу куфр гоҳо диндан чиқарувчи катта куфр бўлса, гоҳо диндан чиқармайдиган кичик куфр бўлади. Бу ҳокимнинг (ҳукм қилувчининг) ҳолига қараб бўлади. У агар Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилиш вожиб эмас деб эътиқод қилса ва у билан ҳукм қилиш-қилмасликда ўзини ихтиёрли деб билса, ёки Аллоҳнинг ҳукмини паст кўрса ва инсонлар тарафидан тузилган қонун ва тузумларни ундан яхшироқ деб билса, ёки уни ҳозирги замонга яроқли эмас деса ёки Аллоҳ нозил қилгандан бошқа нарса билан ҳукм қилиш билан кофир ва мунофиқларнинг кўнглини олишни истаса, бу катта куфрдир. Агар Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилиш вожиб деб эътиқод қилса ва кўрилаётган масалада Аллоҳнинг ҳукми нима эканини билса, шундан сўнг ўзининг гуноҳкор бўлишини эътироф қилиб туриб, Аллоҳнинг ҳукмида юз ўгирса, у осий ва кичик куфр эгаси бўлади. Агар Аллоҳнинг ҳукмини билишга уринса, бунга куч-ғайрат сарфласа, бироқ уни билмаса ва хато қилса, у хатокор бўлади, хатоси кечирилган ва қилган ижтиҳоди учун битта ажрга эга бўлган бўлади (Қаранг: «Таҳовия шарҳи»: 363-364-саҳифалар).
Бу бир хос масаладаги ҳукм ҳақида эди. Аммо умумий масалалардаги ҳукм бундан фарқлидир. Шайхулислом Ибн Таймия ёзади:
«Ҳоким агар диндор бўлса, лекин илмсиз равишда ҳукм қилса, дўзах аҳлидан бўлади. Агар олим бўлса, лекин ўзи билган ҳақнинг зидди билан ҳукм қилса, дўзах аҳлидан бўлади. Агар адолатсиз ва илмсиз равишда ҳукм қилса, дўзах аҳлидан бўлишга лойиқроқ бўлади. Бу бирон шахсий масаладаги ҳукм ҳақидаги гап эди. Аммо агар мусулмонларнинг динида умумий ҳукм қилса ва ҳақни ботил, ботилни ҳақ деса, суннатни бидъатга, бидъатни суннатга, маъруфни мункарга, мункарни маъруфга айлантирса, Аллоҳ ва Расули буюрган нарсадан қайтарса ва Аллоҳ ва Расули қайтарган нарсага буюрса, бу бутунлай бошқа бир турки, унда Аллоҳ таоло ўзи ҳукм қилади» (Мажмуъул фатово: 35/388).
Яна ёзади: «Шаксиз, ким Аллоҳ пайғамбарига нозил қилган нарса билан ҳукм қилиш вожиб деб эътиқод қилмаса, кофир бўлади. Ким одамлар ўртасида ҳукм қилишда Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашмасдан, балки ўзи адолат деб кўрган нарса билан ҳукм қилишни ҳалол санаса, у ҳам кофирдир. Дунёдаги ҳар бир уммат-халқ адолат билан ҳукм қилишга буюради. Гоҳида уларнинг динидаги адолат каттаконлари адолат деб кўрган нарса бўлади. Балки Исломга мансуб бўлган амирлардан кўплари ҳам Аллоҳ нозил қилмаган, ўзларининг ота-боболаридан қолган одатлари билан ҳукм қилишади ва Китобу Суннат бўйича эмас, балки мана шу урф-одатлари бўйича ҳукм қилишни муносиб кўришади, бу эса куфрдир» (Минҳожус-суннатин-набавия).
Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайх айтади:  «Агар Аллоҳдан бошқанинг ҳукми билан ҳукм қилса-ю, аслида Аллоҳнинг ҳукмигина ҳақ эканини ва ўзининг бу билан гуноҳкор бўлаётганини эътиқод қилса, ундан содир бўлаётган бу иш фақат бир-икки марта содир бўлаётган бўлса, мана шуни кичик куфр дейилади. Аммо тартиб билан ва давомий равишда Аллоҳдан бошқанинг ҳукми билан ҳукм қила туриб: «Биз хато қиляпмиз, шариатнинг ҳукми адолатлироқ» деб айтса ҳам, бу барибир диндан чиқарувчи катта куфр бўлаве-ради».
Бу сўзлардан маълум бўладики, онда-сонда содир бўладиган жузъий ҳукм билан барча ҳукмларда ёки кўп ҳукмларда асос саналадиган умумий ҳукм ўртасида катта фарқ бор ва бу диндан чиқарадиган куфр саналади. Зотан, ким шариати исломияни четга суриб, унинг ўрнига инсонлар тарафидан тузилган қонунларни ўринбосар деб билса, бу дегани қонун шариатдан кўра яхшироқ ва ҳаётга яроқлироқ дегани бўлади. Бу эса шак-шубҳасиз, диндан чиқарадиган ва тавҳидга зид келадиган катта куфрдир.

 

ЕТТИНЧИ БЎЛИМ:
ҚОНУН ЧИҚАРИШ, ҲАЛОЛ ҚИЛИШ ВА ҲАРОМ ҚИЛИШ ҲАҚҚИНИ ДАЪВО ҚИЛИШ
Бандалар ибодатларида, муомалотларида ва бошқа ишларида унга биноан юрадиган, шунингдек уларнинг ўртасидаги низоларга ажрим чиқариб, хусуматларга барҳам берадиган ҳукмларни чиқариш фақат Аллоҳ таолонинг ҳаққидир: «Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Робби — Аллоҳ буюкдир» (Аъроф: 54). Бандаларига нима нарсалар яроқли бўлишини билувчи ва шунга кўра уларга қонунлар чиқарувчи зот фақат Унинг Ўзидир. Парвардигор бўлганидан уларга қонунлар чиқаради, улар эса банда бўлганликларидан Унинг қонунларини қабул қиладилар, бунда манфаат фақат уларга бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Борди-ю бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59). «Сизлар ихтилоф қилган ҳар бир нарсанинг ҳукми Аллоҳга (қайта-рилур ва У зот ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини ажратиб берур)» (Шуро: 10). Аллоҳ таоло бандалар-нинг Ўзидан бошқани қонун чиқарувчи деб қабул қилишларини инкор қилди: «Ёки уларнинг диндан Аллоҳ изн бермаган нарсаларни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари борми?!» (Шуро: 21).
Демак, ким Аллоҳнинг қонунчилигидан бошқа қонунчиликни қабул қилса, Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлади. Аллоҳ ва Расули томонидан машруъ қилинмаган ибодатлар барчаси бидъатдир ва ҳар қандай бидъат залолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким бизнинг бу ишимизда (яъни динимизда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад қилинади» (Муттафақун алайҳ). Бир ривоятда: «Ким бизнинг амру фармонимиз бўлмаган бирон ишни қилса, у рад қилинади» (Имом Муслим ривояти). Сиёсатда ва одамлар ўртасида ҳукм юритишда Аллоҳ ва Расули чиқармаган ҳар қандай қонун – тоғутнинг ҳукмидир, жоҳилият ҳукмидир: «Жоҳилият ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!» (Моида: 50).
Шунингдек, ҳалол қилиш ва ҳаром қилиш ҳаққи ҳам фақат Аллоҳга тегишли бўлиб, бирон кимса бу ҳақларда У зотга шерик бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз! Зотан, бу иш итоатсиз-ликдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларини (яъни мушрикларни) сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар. Агар уларга бўйинсун-сангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар» (Анъом: 121).
Аллоҳ субҳанаҳу Ўзи ҳаром қилган нарсаларни ҳалол санайдиган шайтонларга ва уларнинг дўстла-рига итоат қилишни Ўзига ширк келтириш деб атади. Худди шу каби, кимда-ким олимларга ва амирларга Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилишларида ё Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилишларида итоат қилса, уларни ўзига илоҳ тутган бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар Аллоҳни қўйиб, ўзлари-нинг олимларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Роб (илоҳ) қилиб олдилар. Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга бандалик килишга буюрил-ган эдилар. Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. У зот уларнинг ширкларидан покдир» (Тавба: 31).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур оятни Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳуга ўқиб берганларида у: «Ё Расулуллоҳ, биз уларга ибодат қилмас эдик-ку» деди. У зот: «Сизларга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб беришса ҳалол санардин-гиз, Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром дейишса ҳаром санардингиз, шундай эмасмми, ахир?!» дедилар. «Ҳа, шундай» деганида: «Мана шу уларга ибодат қилишдир», дедилар (Термизий, Ибн Жарир ва бошқалар ривояти).
Ҳалол қилиш ва ҳаром санашда Аллоҳ қолиб, уларга итоат қилиш – уларга ибодат ва ширк бўлди. Бу эса «Бир Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ» деб гувоҳлик берувчи тавҳидга зид бўлган катта ширкдир. Зеро, бу шаҳодат маъносига кўра ҳалол қилиш ва ҳаром қилиш фақат Аллоҳ таолонинг ҳаққидир. Агар олимларга ва обидларга Аллоҳнинг шариатига мухолиф равишда ҳалол қилиш ва ҳаром қилишларида итоат қилган одам ҳақида гап шу бўлса – ваҳоланки, улар илм ва динга яқин бўлишади, баъзан хатолари нотўғри ижтиҳодлари туфайли бўлиб, бунинг учун бир ажрга эга бўлишлари ҳам мумкин – энди кофир ва динсизлар тарафидан яратилиб, мусулмон мамлакатларига юборилаётган, мусулмонлар ўртасида у билан ҳукм қилинаётган қонунлардаги ҳукмларга итоат қилувчи одамлар ҳақида нима дейиш мумкин?!


САККИЗИНЧИ БЎЛИМ:
ДИНСИЗ ТОИФАЛАРГА, ЖОҲИЛИЙ ПАРТИЯЛАРГА АЪЗО БЎЛИШНИНГ ҲУКМИ
1) Коммунистик, секуляр (илмония-дунёвийлик), капиталистик каби динсиз тоифа ва йўлларга аъзо бўлиш Исломдан қайтиб, муртад бўлишдир. Агар бу йўлларга аъзо бўлган одам Исломни даъво қилса, бу катта нифоқ бўлади. Зеро, мунофиқлар зоҳирда Исломга нисбатланиб, аслида кофирлар билан бўлади-лар. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай дейди:
«Иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: «Биз ҳам иймон келтирдик», дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан ҳоли қолганда эса: «Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (улар-нинг устидан) кулмоқдамиз, холос», дейишади» (Бақара: 14).
Яна айтади: «Улар (яъни мунофиқлар) сизларга кўз тикиб турадилар. Агар сизларга Аллоҳ томони-дан фатҳу зафар бўлса: «Биз ҳам сизлар билан бир диндамиз-ку», дейдилар. Агар ғалаба кофирларга насиб бўлса: «Биз сизлардан устун бўлган ва сизларни мўминлардан ҳимоя қилган эмасми-дик?»,  дейишади» (Нисо: 141).
Бу алдоқчи мунофиқларнинг иккита юзи бўлади. Бир юзи билан мўминларга боқишса, иккинчи юзи билан кофир дўстларига боқишади. Уларнинг иккита тили бўлади. Биттасини мусулмонлар зоҳирига қараб қабул қилаверадилар, иккинчиси эса уларнинг яширин сирларини фош қилади: «Иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: «Биз ҳам иймон келтирдик», дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан ҳоли қолганда эса: «Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (уларнинг устидан) кулмоқ-дамиз, холос», дейишади» (Бақара: 14).
Китобу Суннатдан – унинг аҳлини масхаралаб ва ҳақир санаб – юз ўгиришди, кўпайгани сари ёмонлик ва мутакаббирликни зиёда қиладиган илмлари билан мағрурланиб, Аллоҳу Расулининг ҳукмига бўйсуниш-дан бош тортишди. Аллоҳу Расулининг сўзларини маҳкам ушлаган кишиларни кўришса, уларнинг устла-ридан кулишларини кўрасиз: «Аллоҳ уларнинг усти-дан кулади ва ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юришларини давомли қилади» (Бақара: 15). Зеро Аллоҳ таоло мўминлар сафига қўшилишга буюрган: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонла-рида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!» (Тавба: 119).
Бу динсиз йўллар бир-бирига қирпичоқ йўллардир, чунки улар ботилга асосланган. Масалан, шуюийлар (коммунистлар) Яратувчи субҳанаҳу ва таолонинг борлигини инкор қилишади ва самовий динларга қарши курашишади. Ким ўз ақлига ақидасиз яшашни раво кўрса, бирламчи ақлий ҳақиқатларни инкор қилса, у ақлини ишлатмайдиган беақл бўлади. Илмонийлар (дунёвийлик тарафдорлари) динларни инкор қилишади ва бу ҳаётда фақат ҳайвонларча яшашдан бошқа ғояси бўлмаган моддийликка (материалистик фалсафага) суянишади. Капиталист-ларнинг эса ҳалолдан бўлади-ми, ҳаромдан бўладими, қайси томондан бўлса ҳам мол-дунё жамғаришдан бошқа ғам-ташвиши бўлмайди. Уларда камбағалларга нисбатан меҳр-шафқат деган нарса бўлмайди. Иқтисодлари рибо асосига қурилган. Рибо эса Аллоҳ ва Расулига қарши кураш, давлат ва шахсларнинг емирилиши, қашшоқ халқларнинг қонларини сўриш, демакдир. Заррача иймони бор одам у ёқда турсин, қайси ақли расо инсон бундай ақлсиз, динсиз, ҳаётда интиладиган ва унинг йўлида курашадиган бирор ғояси бўлмаган бу тузумларда яшашга рози бўлади?! Аслида бу тузумлар мусулмонлар диёрига уларнинг кўпидан саҳиҳ дин кўтарилгани, йўлсизлик устида тарбияланиб, қарамликда яшашгани боисгина кириб келган.
2) Жоҳилий, миллий, ирқий партия ва тоифаларга аъзо бўлиш ҳам куфрдир, Ислом динидан қайтиб, муртад бўлишдир. Чунки, Ислом миллий-ирқий таассубларни, жоҳилий наъраларни рад этади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан таниши-шингиз (дўст-биродар бўлишингиз) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужу-рот: 13).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким асабийяга (миллатчилик, тарафкашликка) чақир-са, у биздан эмас. Ким асабийя учун жанг қилса, у биздан эмас. Ким асабийя учун ғазабланса, у биздан эмас» (Имом Муслим ривояти).
Яна дедилар: «Албатта Аллоҳ сизлардан жоҳилият таассубчилигини ва ота-боболар билан мақтанишни кетказди. Энди киши фақат тақводор мўмин ёки бадбахт фожир бўлади. Инсонлар Одам фарзандла-ридир, Одам эса тупроқдан яралган. Арабнинг ажам устида ҳеч қандай афзаллиги йўқ, фақат тақво билангина (афзал бўлиши мумкин)» (Термизий ва бошқалар ривояти).
Бундай тоифачиликлар мусулмонларни бўлиб ташлайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бирликка, яхшилик ва тақво устида ўзаро ёрдамлашишга буюрган, бўлиниш ва ихтилофга берилишдан қайтарган. Аллоҳ таоло айтади: «Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилла-рингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз» (Оли Имрон: 103).
Аллоҳ таоло бизлардан фақат битта ҳизб-жамоа бўлишимизни истайди. Нажотга эришувчи бу ҳизб – Аллоҳнинг ҳизбидир.
«Бироқ, Европанинг сиёсий ва маданий истилосига учраганидан сўнг ислом олами ушбу қон-қариндошлик, жинсий ва миллий-ирқий таассубчиликларга бўйсуна бошлади, уларни илмий асосланган масала, муқаррар ҳақиқат, қочиб қутулиш имконсиз бўлган воқелик деб ишона бошлади, мусулмон халқлар Ислом таг томири билан йўқотиб ташлаган таассубчиликни яна қайта тирилтиришга, унинг расм-русумларини тиклашга, исломдан олдинги даврлардаги миллий-ирқий анъана-лари билан фахрланишга ғайритабиий бир интилиш билан интила бошлади. Ваҳоланки, айни шу нарсани Ислом жоҳилият деб номлаган, Аллоҳ таоло мусул-монларга ундан қутулиш неъматини инъом қилган ва бу неъматнинг шукрини адо этишга ундаган эди.
Табиийки, аслида мўмин киши узоқ ё яқин даврлар илгари ўтган жоҳилиятни фақатгина нафрат, ёмон кўриш, жирканиш ва сесканиш билан эслайди. Қамоқ азобларига дучор бўлиб, ундан эндигина қутулиб чиққан одам маҳбуслик даврида чеккан азоб-уқубатлар ва тортган хўрликларини титроқларсиз эслай оладими ахир?! Узоқ вақт оғир дард тортиб, ҳаётдан бутунлай умиди узилган одам касаллигидан тузалиб кетгач, ўтган кунларини ранги ўзгармай, кўнгли бузилмай эслай оладими ахир?!» (Абул Ҳасан ан-Надвий, «Риддатун ва ла Аба Бакр лаҳа» рисоласидан).
Бу тоифачиликлар Аллоҳнинг шариатидан юз ўгирган, Унинг динидан тонган кимсалар учун Аллоҳ юборган азоб деб билмоқ лозим. Аллоҳ таоло айтгани-дек: «Айтинг: У сизларга устингиздан ё оёқларин-гиз остидан азоб юборишга, ёки сизларни гуруҳ-гуруҳ қилиб аралаштириб юбориб (жангу жадаллар-да) айримларингизга айримларингизнинг зарарини тотдириб қўйишга қодир бўлган зотдир» (Анъом: 65).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Модомики, раҳбарлари Аллоҳнинг Китоби билан ҳукм қилмас экан, Аллоҳ уларни бир-бирларига азоб тоттирадиган қилиб қўяди» (Ибн Можа ривояти).
Ҳизб ва тоифаларга таассуб қилиш худди яҳуд-ларда бўлганидек, бошқаларда бўлган ҳақдан юз ўгиришга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай дейди: Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага иймон келтиринг», дейилса, «Биз ўзимизга нозил қилинган нарсага иймон келтирамиз», дейдилар. Ва ундан кейин келган ўзларидаги нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи ҳақ (китоб)га кофир бўладилар» (Бақара: 91).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган ҳақдан ота-боболарининг йўлига таассуб қилиб юз ўгирган жоҳилият аҳлининг ҳолати ҳам айни шундай бўлган эди: «Қачон (мушрикларга): «Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунинг, дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади» (Бақара: 170).
Бу тоифачилар ўз тоифаларини Аллоҳ бутун баша-риятга марҳамат қилиб берган Исломнинг ўрнига қўйишни истайдилар.


ТЎҚҚИЗИНЧИ БЎЛИМ:
ҲАЁТГА МОДДИЙЛИК НАЗАРИ БИЛАН ҚАРАШ ВА БУ НАЗАРИЯНИНГ ЗАРАРЛАРИ
Ҳаётга нисбатан икки хил қараш – моддий қараш ва соғлом қараш мавжуд бўлиб, ҳар икки қарашнинг ўзига хос таъсирлари бор.
а) Ҳаётга моддийлик назари билан қараш маъноси:
Ҳаётга моддий назар билан қарашда инсоннинг фикр юритиши фақат нақд нафс хоҳишларига эришишгагина кифояланган ва ҳаракатлари шу доира ичигагина чекланган бўлади. Фикрлаши бунинг ортидан келувчи оқибатларга етиб бормайди, бу оқибатлар учун амал қилмайди, у ҳақда қайғурмайди. Билмайдики, Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини охират учун экинзор қилган, дунёни амал ҳовлиси, охиратни эса жазо-мукофот ҳовлиси қилган. Ким дунёсини солиҳ амаллар билан ғанимат билса, ҳар икки ҳовлининг фойдасини қўлга киритган бўлади, ким дунёсини зое қилса, охиратини ҳам зое қилган бўлади: «У дунёю охиратда зиён кўрур. Бу эса очиқ-аниқ зиёндир» (Ҳаж: 11).
Аллоҳ таоло бу дунёни бекорга яратмади, балки уни улкан ҳикмат учун яратди. Аллоҳ таоло айтади: «У сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир» (Мулк: 2).  
«Албатта, Биз (бандаларимиздан) қайсилари чиройлироқ амалларни қилишларини синамоқ учун Ер устидаги бор нарсани унга зийнат — безак қилиб қўйдик» (Каҳф: 7).
Аллоҳ субҳанаҳу бу ҳаётда ҳисоби фақат Ўзига маълум бўлган даражада кўп дунё матоларини ва кўзга кўриниб турувчи зийнатларни – мол-дунё, фарзандлар, обрў-эътибор, ҳукмронлик ва бошқа лаззатбахш нарсаларни яратиб қўйди.
Одамлар ичида айрим – тўғрироғи кўпчилик – кишилар борки, қарашлари бу матоларнинг фақат ташқи тарафига чекланган, нафсларини шулар билан қондирадилар, уларнинг ички тарафига назар солмай-дилар, уларга эришиш, жамғариш ва улар билан лаззат топиш билан банд бўлиб, улар ортидан келувчи охират ҳаёти учун амал қилишдан ғафлатдалар. Ва ҳатто шу дунё ҳаётидан бошқа ҳаёт бўлишини инкор қиладилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ҳаёт фақат дунёдаги ҳаётимиздир. Биз ҳеч қайта тирилгувчи эмасмиз, деб айтадилар» (Анъом: 29).
Аллоҳ таоло ҳаётга бундай назар билан қарайди-ган кишиларга ваъид — азоб хабарини беради: «Албатта, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмай-диган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, фақат ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар — ана ўшаларнинг жойлари, касб қилиб ўтган гуноҳ-лари сабабли — дўзахдир» (Юнус: 7-8).
Яна айтади: «Ким (фақат) шу ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга қилган амалларини(нг ажр-мукофотини) шу дунёда комил қилиб берурмиз ва улар бу дунёда зиён кўрмайдилар. Ундай кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч кандай насиба йўқдир. Уларнинг бу дунёда қилган барча яхшиликлари беҳуда кетур ва қилиб ўтган амаллари бефойдадир» (Ҳуд: 15-16).
Бу азоб хабари ва бу таҳдид мазкур қараш тараф-дорларининг барчасини: мунофиқлар ва риёкорлар каби охират амалини қилиб туриб, бу билан дунё ҳаётини истайдиган кишилар бўладими, жоҳилият аҳли ва капиталист, коммунист, илмоний динсизлар каби бузғунчи йўлларни тутган, қайта тирилиш ва ҳисоб-китобга ишонмайдиган кофирлар бўладими, фарқсиз, барча-барчасини ўз ичига олади. Зеро, улар ҳаётнинг қадрини билмадилар, уларнинг дунёга бўлган қарашлари ҳайвонларнинг қарашидан фарқ қилмайди. Балки улар ҳайвонлардан ҳам адашганроқ, чунки ақлларини ишлатмадилар, куч-тоқатларини фоний ва йўқ бўлиб кетувчи нарсаларга сарфладилар, вақтларини зое қилдилар. Ўзларини кутиб турган, бир кун келиб иложсиз албатта унга борадиган оқибатлари учун амал қилмадилар. Ҳайвонларни эса бирон-бир оқибат кутиб тургани йўқ, уларнинг бу ҳақда фикр юритадиган ақллари ҳам йўқ. Аллоҳ таоло айтади: «Ёки сиз уларнинг кўпларига (ҳақ сўзни) тинглай оладилар ё англай оладилар деб ўйлайсизми?! (Ундоқ эмас, зеро) улар ҳеч нарса эмаслар, магар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Йўқ, улар янада йўлдан озганроқ кимсалардир!» (Фурқон: 44).
Аллоҳ таоло бу қараш эгаларини билимсизлик билан сифатлади: «Лекин кўп одамлар билмаслар. Улар охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида фақат ҳаёти дунёнинг зоҳиринигина билурлар» (Рум: 6-7).
Улар гарчи саноат ва ихтиролар бобида етук билим эгалари бўлган тақдирда ҳам, илм ва билим эгаси деб номланишга нолойиқ жоҳиллардир. Чунки уларнинг билимлари дунё ҳаётининг фақат зоҳирий тарафидан у ёғига ўтолмади. Бу – эгалари олимлик деб аталган бундай шарафли номга эга бўлишга сазовор бўлмай-диган ноқис илмдир. Аслида, бундай юксак унвон Аллоҳни ҳаққи-рост таниган ва Ундан қўрққан зотларга истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдон-ларгина қўрқур» (Фотир: 28).
Ҳаётга моддий қарашга ёрқин намуналардан бири – Аллоҳ таоло Қорун қиссасида зикр қилган воқеа ва унга ато этган беҳисоб хазиналардир: «Сўнг, (Қорун) қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан эди, ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: «Эх, қани эди бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу-давлат бўлса эди. Дарҳақиқат у улуғ насиба эгасидир», дедилар» (Қасас: 79).
Унга ўхшашни орзу қилдилар, унга ҳавас билан қарадилар ва моддий қарашларидан келиб чиқиб, уни улуғ насиба эгаси деб сифатладилар. Бу худди ҳозирги даврда кофир давлатларда бўлган иқтисод ва саноат-нинг ривожланишига ўхшайдики, иймони заиф бўлган мусулмонлар уларнинг кофир эканларига ва уларни кутиб турган ёмон оқибатларга қарамасдан, уларга оғизларининг суви келиб қарайдилар. Бу хато қараш уларни кофирларни улуғлашга, кўнгилларида уларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлишига, ёмон ахлоқ-одобларида улардан ўрнак олишга олиб келади. Ваҳоланки, уларга ҳаракатчанликда, куч-қудратга эришишда ва фойдали ихтиро ва саноатларда тақлид қилсалар тўғрироқ бўлар эди.
б) Ҳаётга бўлган иккинчи – тўғри қараш:
Бу қараш эгаси бу дунёда бўлган мол-давлат, салтанат ва моддий қувватларнинг барчасини охират иши учун ёрдамланадиган восита деб қарайди.
Аслида, дунёнинг ўзи ҳеч қандай айбли нарса эмас, мақтов ёки айблов фақатгина банданинг унда қилган амалига қаратилади. Дунё – охиратга ўтиш учун бир йўлак ва кўприкдир, жаннат озуқаси дунёдан олинади, жаннат аҳли эришадиган энг яхши маишат уларнинг бу дунёда эккан уруғларидан ҳосил бўлади.
Дунё – жиҳод, намоз, рўза, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш ҳовлиси, яхшиликлар томон мусобақа-лашиш майдони. Аллоҳ таоло жаннат аҳлига айтади: «Ўтган кунларда (яъни ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъмат-ларни) пок билиб еб-ичаверинглар» (Ал-Ҳааққа: 24).

 

ЎНИНЧИ БЎЛИМ:
РУҚЯЛАР  ВА ТУМОРЛАР
1) Руқялар
Руқялар деб истма, оғриқ каби бирон офатга йўлиққан одамга ўқиб, дам солинадиган дуоларга айтилади. Уни «азойим» деб ҳам номлайдилар. У икки хил бўлади:
Биринчи: Қуръон оятлари ўқиш ёки Аллоҳнинг исм ва сифатлари билан паноҳ сўраш каби ширкдан холи бўлган руқялар. Руқянинг бу тури мубоҳдир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам руқя қилганлар, руқя қилишга буюрганлар ва унга ижозат берганлар.
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Биз жоҳилиятда руқя қилар эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда сўраган эдик: «Ўқийди-ган руқяларингизни менга кўрсатинглар. Модомики, ширк бўлмаса, руқяларнинг зарари йўқ», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Имом Суютий айтади: Уламолар руқя учта шарт жамланганда жоиз бўлишига иттифоқ қилганлар: Аллоҳнинг каломи ёки Аллоҳнинг исм ва сифатлари билан бўлиши; араб тилида ва маъноси тушунарли бўлиши; руқянинг ўзи ҳеч қандай таъсир қилмайди, у фақат Аллоҳнинг тақдири билан таъсир қилади, деб эътиқод қилиш.
Ўқилиш кайфияти: Касалга ўқиб, дам солинади ёки сувга дам солиб, уни беморга ичирилади. Собит ибн Қайс ривоят қилган ҳадисда айтилишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Батҳондан тупроқ олиб, уни бир қадаҳга солдилар, сўнг унга сув билан дам уриб, унинг устидан қуйдилар» (Абу Довуд ривояти).
Иккинчи: Ширкдан холи бўлмаган, яъни дуо, мадад сўраш, паноҳ тилаш билан Аллоҳдан бошқа-сидан ёрдам сўраладиган руқялар. Жинларнинг исм-лари билан, малоикаларнинг, анбиё ва солиҳларнинг исмлари билан руқя қилиш каби.
Бу – Аллоҳдан бошқага дуо қилиш бўлиб, катта ширк ҳисобланади. Ёки араб тилида бўлмаган ва маъноси тушунарсиз бўлган сўзлар билан руқя қилинганда билмаган ҳолда ширк ва куфр аралашиб қолиш хавфи бўлади. Руқянинг бу тури ман қилинган.
2) Туморлар:
Тумор – болаларнинг, баъзан катта ёшли эркак ва аёлларнинг бўйнига тақиладиган нарса бўлиб, у икки турли бўлади.
Туморнинг биринчи тури:
Туморга Қуръон оятлари ёки Аллоҳнинг исм ва сифатлари битилган бўлади ва шифо талабида тақиб олинади. Уламолар бу хил туморлар тақишнинг ҳукми тўғрисида икки хил фикрга бўлинганлар:
Биринчи фикр: Бундай туморлар тақиш жоиз. Бу Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг сўзидир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган сўзнинг зоҳири ҳам шу. Абу Жаъфар ал-Боқир ва Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам бир ривоятда шу фикрда бўлганлар ва туморлар тақишдан ман қилувчи ҳадисни ширк аралашган туморларга хос деб таъвил қилганлар.
Иккинчи фикр: Тақиш мумкин эмас. Бу Ибн Масъуд ва Ибн Аббос, шунингдек Ҳузайфа, Уқба ибн Омир ва Ибн Укайм розияллоҳу анҳум фикрларидир. Тобеинлардан бир жамоаси, жумладан Ибн Масъуд-нинг асҳоблари, бир ривоятда, кўпчилик асҳоблари-нинг сўзларига кўра, имом Аҳмад ҳам шу фикрда бўлганлар. Бу фикрга ҳужжат қилиб Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган: «Руқялар, туморлар ва иситма-совутма қилиш ширкдир» ҳадисини айтадилар. (Абу Довуд, Ибн Можа, Аҳмад ривоятлари).
Бу фикр уч жиҳатдан тўғридир:
    Ҳадисдаги қайтариқ умумий бўлиб, умумдан бирон нарсани хосланмаган.
    Воситани тўсиш бор, чунки бу нарса рухсат берилмаган туморларни тақишга олиб бориши мумкин.
    Қуръон оятлари ёзилган нарсани тақиб олган одам у билан иложсиз ҳожатхонага ҳам киради ва бу билан Қуръоннинг хорланишига сабаб бўлади.
Туморнинг иккинчи тури:
Мунчоқ, суяк, чиғаноқ, ип, оёқ кийими, ҳар хил михлар, жин ва шайтонларнинг исмлари, тилсимлар каби Қуръон оятларидан бошқа тақиб олинадиган нарсалар бўлиб, булар қатъан ҳаром ва ширкдир. Чунки, Аллоҳ субҳанаҳудан, У зотнинг исмлари, сифатлари ва оятларидан бошқа нарсаларга боғла-нишдир. Ҳадисда: «Ким бирон нарсага боғланса, ўша нарсага топшириб қўйилади» дейилган (Аҳмад, Термизий ривоятлари). Яъни, Аллоҳ таоло уни ўзи боғланган нарсага топшириб қўяди. Ким Аллоҳга боғланса, Унга илтижо қилса, ишини Унга топширса, Аллоҳ унга кифоя қилади, узоғини яқин, оғирини енгил қилади. Ким Ундан бошқага – махлуқларга, туморларга, дори-дармонларга, қабрларга суянса, Аллоҳ уни мана шу – ундан бирон нарсани беҳожат қилолмайдиган, унга фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга топшириб қўяди-да, натижада ақидасини бой беради, Робби билан бўлган алоқаси узилади ва У зот уни ёрдамсиз қолдиради.
Мусулмон киши ақидасини зарарлантирадиган ва бузадиган нарсалардан муҳофаза қилиши, ножоиз бўлган даволарни қабул қилмаслиги, дарддан халос бўлиш мақсадида турли сафсатабоз ва алдоқчи кимсалар ҳузурига бормаслиги лозим. Чунки, улар унинг қалбини ва ақидасини касаллантирадилар. Ким Аллоҳга таваккул қилса, Аллоҳ унга кифоя қилади.
Баъзи одамда бирон-бир ҳиссий касаллик бўлмаса-да, ваҳмий касалликдан – кўз тегиши ёки ҳасаддан хавф қилиб тумор тақади ёки машинасига, от-уловига, уйи ё дўконининг эшигига тумор осиб қўяди. Бу ишлар ҳаммаси ақиданинг ночорлигидан, Аллоҳга бўлган таваккулининг заифлигидандир. Агар ақида заифлашса, у ҳақиқий касалликки, уни тавҳид ва саҳиҳ ақидани ўрганиш орқали даволаш лозим бўлади.


ЎН БИРИНЧИ БЎЛИМ:
АЛЛОҲДАН БОШҚАГА ҚАСАМ ИЧИШ, МАХЛУҚНИ АЛЛОҲГА ВОСИТА ҚИЛИШ, АЛЛОҲНИ ҚЎЙИБ, МАХЛУҚДАН МАДАД
ТИЛАШ ҲУКМИ
а) Аллоҳдан бошқага қасам ичиш:
Қасам – хоссатан муаззам (улуғланувчи, таъзим қилинувчи) зотнинг номини зикр қилиш билан ҳукмни таъкидлаш демакдир. Таъзим (улуғланиш) – ёлғиз Аллоҳ таолонинг ҳаққидир, Ундан бошқаси билан қасам ичиш асло жоиз эмас. Уламолар қасам фақатгина Аллоҳ билан ёки Унинг исмлари ёки сифатлари билан бўлишига иттифоқ қилганлар, У зотдан бошқаси билан қасам ичишдан ман қилини-шига ижмоъ қилганлар. Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичиш ширкдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳдан бошқага қасам ичса, у аниқ кофир бўлибди ёки мушрик бўлибди» (Аҳмад, Термизий, Ҳоким ривоятлари). Аслида у кичик ширк саналади, бироқ унинг номига қасам ичилаётган шахс қасам ичувчининг наздида сиғиниш даражасигача улуғланса, унда бу катта ширкка айланади. Бугунги кунда қабрларга сиғинувчиларнинг ҳолига ўхшашки, улар қабрда ётган улуғларидан Аллоҳдан кўра кўпроқ қўрқадилар. Масалан, улардан бировидан ўзи улуғ санайдиган азиз-авлиё номига қасам ичиш талаб қилинса, ёлғон қасам ичишдан қўрқади, фақат гапи рост бўлсагина қасам ичади. Аммо, Аллоҳ номи билан қасам ичиш талаб қилинса, ёлғон қасам ичишдан ҳам тоймайди.
Қасам ичиш – унинг номига қасам ичилаётган шахсни улуғлаш бўлиб, Алоҳдан бошқа ҳеч ким бунга муносиб эмас. Қасамнинг ҳурматини сақлаш ва кўп қасам ичмаслик лозим. Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад), яна сиз ҳар бир тубан қасам-хўр... кимсага итоат этманг!» (Қалам: 10).
«Қасамларингизни (бузишдан) сақланингиз» (Моида: 89).
Яъни, фақат зарурат юзасидан, ростлик ва яхшилик ҳолатида қасам ичингиз! Чунки, кўп қасам ичиш ёки ёлғон қасам ичиш Алоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳурматсизлик ва У зотни улуғламасликка далолат қилади. Бу эса тавҳидни нуқсонли қилади. Ҳадис борки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уч тоифа одам борки, Аллоҳ уларга гапир-майди, уларни покламайди, уларга аламли азоб бордир», дедилар ва жумладан: «Бир кишики, Аллоҳни ўз матосига айлантириб олган, сотишда ҳам қасам ичади, олишда ҳам қасам ичади», дедилар (Табароний ривояти). Шу қадар қаттиқ огоҳлантириш-ларидан маълум бўлмоқдаки, кўп қасам ичиш Аллоҳ-нинг номини беҳурмат қилишдан сақлаш мақсадида ҳаром қилинган. Шунингдек, Аллоҳ номи билан ёлғон қасам ичиш ҳам ҳаромдир. Аллоҳ таоло мунофиқ-ларни улар билатуриб ёлғон қасам ичишади, деб сифатлаган.
Хулоса:
Аллоҳдан бошқа билан – масалан, омонатга ё Каъбага ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларига – қасам ичиш ҳаром ва ширкдир.
Аллоҳ номига қасддан ёлғон қасам ичиш ҳаромдир.
Рост бўлса-да, бирор заруратсиз Аллоҳ номига кўп қасам ичиш ҳаром, зеро бу Аллоҳ субҳанаҳу номини беҳурмат қилишдир.
Зарурат тушганда Аллоҳнинг номига рост қасам ичиш жоиз.
б) Тавассул – махлуқни Аллоҳга восита қилиш:
Тавассул – бирон нарсага яқинлашиш ва унга боғланиш маъносида бўлиб, Аллоҳ таолога тоат-ибодатлар билан ва У зотнинг розилигига эргашиш билан яқинлик ҳосил қилинади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга яқин бўлиш йўлини излангиз ҳамда Унинг йўлида жиҳод қилингиз, шунда шояд нажот топурсиз!» (Моида: 35).
Тавассул икки қисмга бўлинади:
Биринчи қисм – шаръий тавассул бўлиб, у ўзи бир неча хил бўлади:
    Аллоҳ таолога У зот ўзи буюрганидек, исмлари ва сифатлари билан тавассул қилиш: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд этинглар). Унинг исмла-рида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинг-лар. Улар яқинда қилиб ўтган амалларига яраша жазоланурлар» (Аъроф: 180).
    Аллоҳ таолога иймон ва солиҳ амаллар билан тавассул қилиш. Аллоҳ таоло иймон аҳлларининг сўзларини келтириб, шундай дейди: «Эй Робби-миз, албатта биз: «Роббингизга иймон келти-рингиз!» деб иймонга чорлаган жарчи (Муҳам-мад соллаллоҳу алайҳи ва саллам нидоларини) эшитдигу иймон келтирдик. Эй Роббимиз, бизнинг гуноҳларимизни мағфират қил, қил-ган ёмонликларимизни (саҳифайи аъмолимиз-дан) ўчиргил ва бизларни яхшилар билан бирга ўлдир!» (Оли Имрон: 193).
Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда уч киши ғорда эканида катта харсангтош ғор оғзини тўсиб қўйгани, шунда улар Аллоҳга солиҳ амаллари билан тавассул қилганларида Аллоҳ уларни ғордан халос қилгани айтилган.
    Юнус алайҳиссалом қилганидек, Аллоҳга Унинг тавҳиди билан тавассул қилиш: «Сендан ўзга ҳеч ҳақ илоҳ йўқдир, эй пок Парвардигор» (Анбиё: 87).
    Айюб алайҳиссалом қилганидек, Аллоҳ таолога ўзининг заиф ва муҳтожлигини изҳор қилиш билан тавассул қилиш: «(Роббим), мени бало уш-лади. Ўзинг раҳм-шафқат қилгувчиларнинг раҳмлироғидирсан» (Анбиё: 83).
    Ҳаёт бўлган солиҳ кишиларнинг дуолари билан тавассул қилиш. Саҳобалар қурғоқчилик пайтла-рида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳ таолодан ёмғир сўраб дуо қилишларини сўрардилар. У зотнинг вафотларидан сўнг амаки-лари Аббос розияллоҳу анҳудан дуо талаб қилганлар ва у киши дуо қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
    Гуноҳни эътироф қилиш билан Аллоҳга тавассул қилиш: (Кейин Аллоҳга илтижо қилиб), деди: «Роббим, дарҳақиқат мен ўз жонимга жабр қилиб қўйдим. Энди Ўзинг мени мағфират қилгин» (Қасас: 16).
Иккинчи қисм – ношаръий тавассул:
Юқорида шаръий тавассулда зикри ўтган турлар-дан бошқа нарсалар билан тавассул қилиш. Чунончи, дунёдан ўтиб кетган кишилардан дуо ва шафоат сўраб тавассул қилиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жоҳ (ҳаққи-ҳурмат)лари билан тавассул қилиш, махлуқларнинг ўзи ёки уларнинг ҳаққи билан тавассул қилиш каби. Бу ҳақда қуйида батафсил баён қилинади:
1) Ўликлардан дуо талаб қилиш жоиз эмас.
Чунки, ўлик одам ҳаётлик пайтида қодир бўлган-дек дуо қилишга қодир эмас. Ўликлардан шафоат сўраш мумкин эмас. Умар ибн Хаттоб, Муовия ибн Абу Суфён ва уларнинг ҳузурларида бўлган бошқа саҳобалар ҳам, уларга яхшилик билан эргашган кишилар (тобеинлар) ҳам қурғоқчилик пайтларида Аббос, Язид ибн Асвад каби ҳаёт бўлган кишиларни тавассул қилиб дуо қилардилар, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари олдида ҳам, қабрларидан бошқа жойда ҳам у зот билан тавассул қилиб, ёмғир сўраб дуо қилмаганлар, балки у зотнинг ўринларига Аббос ва Язид каби кишиларни восита қилганлар. Умар розияллоҳу анҳу дуо қилиб айтардилар: «Эй Роббимиз! Биз Сенга пайғамбари-мизни восита қилиб сўрардик, шунда Сен бизга ёмғир ёғдирардинг. Мана энди пайғамбаримизнинг амакила-рини восита қилиб сўраймиз, бизларга ёмғир ёғдир-гин». Улар шаръий йўсинда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тавассул қилиш имкони қолмагани учун ҳам шундай қилганлар. Йўқса, агар жоиз бўлса эди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига бориб, у зотни восита қилишга бемалол имконлари бор эди. Бундай қилмаганликлари ўликларни на дуолари билан, на шафоатлари билан восита қилишнинг жоиз эмаслигига далил бўлади. Агар у зоти шарифдан вафотларидан кейин ҳам худди тирикликларида бўлганидек дуо ва шафоат сўраш бир хилда мумкин бўлса эди, у зотни қўйиб бошқаларга асло мурожаат қилмаган бўлардилар.
2) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаққи-ҳурматларини ёки бошқа бировнинг ҳаққи-ҳурматини восита қилиш жоиз эмас.
«Агар Аллоҳдан сўрасангизлар, менинг жоҳим (ҳурматим)ни восита қилиб сўранглар, чунки Аллоҳ-нинг ҳузурида менинг жоҳим буюкдир» ҳадиси ёлғон ҳадисдир. У мусулмонлар эътимод қиладиган бирон китобда келмаган, ҳадис илми олимларидан биронтаси зикр қилмаган. Модомики, бир ишнинг далили саҳиҳ бўлмас экан, уни қилиш жоиз бўлмайди. Чунки, ибодатлар фақат саҳиҳ ва очиқ далиллар билангина собит бўлади.
3) Махлуқотларнинг зоти билан тавассул қилиш жоиз эмас.
Чунки, «Фалончининг зоти билан» дейилганда «билан» калимаси агар қасам учун бўлса, Аллоҳга ўша фалончи билан қасам ичган бўлади. Агар махлуққа махлуқ билан қасам ичиш жоиз эмас ва ҳадисда айтилганидек ширк бўлар экан, холиқ азза ва жаллага махлуқ билан қасам ичиш қандай жоиз бўлсин?!
Агар «билан» сабаб маъносида бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло махлуқ билан сўрашни сабаб қилмаган ва бандаларига машруъ қилмаган.
4) Махлуқнинг ҳаққи билан тавассул қилиш икки сабабдан жоиз эмас:
Биринчи: Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зимма-сига бирон кимсанинг ҳаққи вожиб эмас. Балки аксинча, махлуққа бу билан фазлу марҳамат кўрсата-диган зот Аллоҳ субҳанаҳунинг Ўзидир. Аллоҳ таоло айтади: «Иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган» (Рум: 47).
Итоат қилувчи банданинг мукофотга ҳақдор (сазовор) бўлиши Аллоҳ тарафидан фазлу марҳамат ва инъом қилиш туфайли бўлган ҳақдорликдир. Бу бир махлуқнинг бошқа бир махлуқ устида бўлган ҳақдор-лигига ўхшаган яхшиликка яхшилик қабилидаги сазо-ворлик эмас.
Иккинчи: Аллоҳ таоло бандасига марҳамат қилган бу ҳақ унинг ўзига хос ва бошқага алоқаси йўқ бўлган ҳақдир. Агар унга лойиқ бўлмаган одам ўша билан тавассул қилса, ўзига алоқаси йўқ бегона нарса билан тавассул қилган бўлади ва бу унга ҳеч қандай фойда келтирмайди.
Энди, «Сендан барча сўровчиларнинг ҳаққи билан сўрайман» деган сўзлар бўлган ҳадис собит (саҳиҳ) бўлмаган ҳадисдир. Чунки, унинг иснодида Атийя ал-Авфий бор, у баъзи муҳаддисларнинг сўзларига кўра, заифлигига иттифоқ қилинган ҳадисдир. Шундай экан, бу каби заиф ҳадислар ақида ишларидан бўлган ушбу муҳим масалада ҳужжат қилинмайди. Қолаверса, бу ҳадисда муайян бир шахснинг ҳаққи билан тавассул қилиш эмас, балки умуман сўровчиларнинг ҳаққи билан тавассул қилиш айтилмоқда. Сўровчиларнинг ҳаққи эса ижобатдир, Аллоҳнинг ваъдаси шундай.
Бу улар учун Аллоҳ ўзига ўзи вожиб қилган ҳақдир, У зотга буни ҳеч ким вожиб қилган эмас. Демак, бу У зотга махлуқнинг ҳаққи билан эмас, балки Ўзининг содиқ ваъдаси бўйича қилинган тавассулдир.
в) Махлуқ билан истионат ва истиғоса қилиш ҳукми:
Истионат – бирор ишда ёрдам ва мадад сўрашдир.
Истиғоса – машаққат ва қийинчиликни кетказиш-ни сўрашдир.
Махлуқ билан истиғоса ва истионат қилиш икки хил:
Биринчи: Махлуқдан у қодир бўлган ишларда ёрдам ва мадад сўраш жоиз.
Аллоҳ таоло айтади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз!» (Моида: 2).
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом қиссасида айта-ди: «(Бас, Мусонинг) гуруҳидан бўлган киши ундан душман томондан бўлган кимсага қарши ёрдам сўради» (Қасас: 15).
Шунингдек, уруш ва шу кабиларда одам ўзининг ёру дўстларидан ёрдам олиши ҳам махлуқ қодир бўладиган ишлардандир.
Иккинчи: Ёлғиз Аллоҳнинг ўзигина қодир бўла-диган ишларда махлуқдан ёрдам ва мадад сўраш. Ўликлардан ёрдам сўраш ёки тириклардан касалларга шифо бериш, мусибатларни аритиш ва зарарни даф қилиш каби Аллоҳдан бошқаси қодир бўлмайдиган ишларда мадад сўраш каби. Бу хил мадад сўрашлар ножоиз ва катта ширкдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларида бир мунофиқ мўминларга озор етказиб юрарди. Баъзилар: «Юринг-лар, бу мунофиқнинг ёмонлигидан Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва салламдан мадад сўрайлик» дейиш-ганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мададни мендан сўралмайди, мададни фақат Аллоҳдан сўралади», дедилар (Табароний ривояти). У зот тавҳидни ҳимоя қилиш ва ширкка олиб борувчи йўлларни тўсиш учун ҳамда Роббиларига нисбатан одоб ва тавозеъда турганларидан, шунингдек умматни сўз ва феъллардаги ширк воситаларидан огоҳланти-риш мақсадида ҳаётликларида ўзлари қодир бўлган ишларда ҳам мазкур калиманинг ўзларига нисбатан ишлатилишини ёқтирмадилар. Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликларида қодир бўлган ишларидаки шундай бўлса, вафотларидан кейин Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қодир бўлмайдиган ишларда қандай у кишидан ёрдам ва мадад сўраш жоиз бўлсин?!
Агар бу нарса у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларидаки жоиз бўлмас экан, бошқаларнинг ҳаққида албатта жоиз бўлмайди.


БЕШИНЧИ БОБ:
РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ ВА АҲЛИ БАЙТЛАРИ ҲАМДА САҲОБАЛАРИ ҲАҚЛАРИДА ЭЪТИҚОД ҚИЛИШ ВОЖИБ БЎЛГАН НАРСАЛАР БАЁНИ
Бу боб қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:
Биринчи бўлим: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ва улуғлашнинг вожиблиги, у зотни кўкларга кўтариб мақташдан қайтарилганлик ва у зотнинг манзилатларининг баёни ҳақида.
Иккинчи бўлим: У зотга итоат қилиш ва эргашиш вожиблиги ҳақида.
Учинчи бўлим: У зотга саловот ва салом йўллаш-нинг вожиблиги ҳақида.
Тўртинчи бўлим: Аҳли байтларининг фазли, улар хусусида жафосиз ва ғулувсиз лозим бўладиган нарсалар ҳақида.
Бешинчи бўлим: Саҳобаларнинг фазли ва улар хусусида эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсалар ҳақида, саҳобалар ўртасида юз берган ишлар хусусида аҳлус-сунна вал-жамоанинг тутган йўли ҳақида.
Олтинчи бўлим: Саҳобаларни ва ҳидоят имом-ларини сўкишдан қайтарилганлик ҳақида.


БИРИНЧИ БЎЛИМ:
РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИ ЯХШИ КЎРИШ ВА УЛУҒЛАШНИНГ ВОЖИБЛИГИ, У ЗОТНИ КЎКЛАРГА КЎТАРИБ МАҚТАШДАН ҚАЙТАРИЛГАНЛИК ВА У ЗОТНИНГ ДАРАЖАЛАРИ БАЁНИ ҲАҚИДА
1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севиш ва улуғлаш вожиблиги:
Банда энг аввал Аллоҳ азза ва жаллага муҳаббат қўйиши вожиб бўлади ва бу энг улуғ ибодат турлари-дандир. Аллоҳ таоло айтади: «Иймонли кишилар-нинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари кучлироқдир» (Бақара: 165).
Чунки, У Зот зоҳиру ботиндаги барча неъматларни бандаларга марҳамат қилган тарбияткунандадир. Аллоҳ таолога муҳаббатдан сўнг У Зотнинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаб-батлари вожиб бўлади. Зеро, у зот Аллоҳга даъват қилдилар, Аллоҳни танитдилар, шариатини етказдилар ва ҳукмларини баён қилиб бердилар. Мўминлар эришган дунё-ю охират яхшиликларининг ҳаммаси у зот орқали ҳосил бўлди. Бирор киши у зотга итоат қилмай ва эргашмай туриб жаннатга кира олмайди. Ҳадисда айтилганки: «Кимда учта нарса бўлса, у иймоннинг ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Расули унга бошқа барча нарсадан кўра суюкли бўлиши, бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учун яхши кўриши, Аллоҳ куфрдан қутқарганидан сўнг яна куфрга қайтишни ўтга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши» (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатлари Аллоҳ таолонинг муҳаббатига тобеъ ва у билан чамбарчас боғлиқдир. У зотга хос муҳаббат қўйиш ва бу муҳаббатни Аллоҳдан бошқа барча маҳбубларнинг муҳаббатидан муқаддам қўйиш вожиб экани у зотнинг қуйидаги ҳадисларидан маълум бўлади: «Сизларнинг бирортангиз мен унга отасидан, фарзандидан ва барча инсонлардан кўра суюмлироқ бўлмагунимча иймонли бўлмайди» (Муттафақун алайҳ).
Ва ҳатто мўмин киши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ўзидан ҳам севимлироқ бўлиши вожиб экани ворид бўлган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, сиз менга ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра суюклисиз» деганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сенга ҳатто ўзингдан кўра ҳам суюм-лироқ бўлмагунимча (иймонинг комил бўлмайди)», дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Энди сиз менга ўзимдан кўра ҳам севимлироқ бўлдингиз», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ана энди (тўғри бўлди), эй Умар», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бундан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат Аллоҳдан бошқа барчанинг муҳаббатидан муқаддам туриши лозим. Зеро, бу Аллоҳга бўлган муҳаббатга боғланиб кетади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ йўлида ва Аллоҳ учун яхши кўрилади. У зотга бўлган муҳаббат мўминнинг қалбида Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг зиёда бўлиши билан зиёдалашади, камайиши билан камаяди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат у зотни улуғлаш, ҳурматларини жойига қўйишни, у зотга эргашишни, сўзларини ҳамма халқ-ларнинг сўзларидан муқаддам қўйишни ва суннат-ларини улуғлашни тақозо қилади.
Аллома Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Инсон-га нисбатан ҳар қандай муҳаббат ва улуғлаш фақатгина Аллоҳга бўлган муҳаббат ва улуғлаш ортидан келмоғи лозим. Чунончи, Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат ва улуғлаш ҳам у зотни пайғамбар қилиб юборган Зотга бўлган муҳаббат ва улуғлаш ичига кириб, уни тўлдиради. Зотан, умматлари Аллоҳни севганларидан у зотни ҳам севишади, у зотни Аллоҳ улуғлагани учун улуғлаша-ди, ҳурматлашади. Демак, бу Аллоҳнинг муҳаббати-дандир, Аллоҳнинг муҳаббати тақозосидандир.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга маҳобат ва муҳаббат туширди. Шунинг учун бирон-бир инсон зоти бошқа инсонлар қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан асҳоблари қалбида ўрнашган муҳаббат, ҳайбат ва улуғликка эга бўлган эмас. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Исломга кирганидан кейин айтадики, илгари ҳеч кимни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёмон кўргандек ёмон кўрмасдим, мусулмон бўлганим-дан сўнг ҳеч ким менга у зотдан кўра севимлироқ ва ҳурматлироқ бўлмай қолди. Агар сизларга у зотни сифатлаб бериш мендан сўралса, буни қилолмаган бўлардим, чунки мен у зотга эҳтиромим кучлилигидан кўзларимни тўлдириб қарай олмас эдим.
Урва ибн Масъуд Қурайшга айтган эди: «Эй қавм, қасам ичиб айтаманки, мен Кисро, Қайсар ва бошқа подшоҳлар ҳузурида бўлганман. Бирон-бир подшоҳни асҳоблари уни Муҳаммаднинг асҳоблари Муҳаммадни улуғлашларича улуғлаганини кўрмадим. Аллоҳга қасамки, уни ҳурматлаганларидан юзига тик боқмай-дилар. Агар тупурса тупиги ерга етиб бормай, улардан бирининг кафтига тушади-да, уни юзларига ва кўкрак-ларига суртадилар. Агар таҳорат қилса, ортган сувини талашиб кетадилар» (Жалоул афҳом: 120-121-с).
2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтовларида ғулув ва итроъдан (кўкларга кўтариб мақташдан) қайтарилганлик:
Ғулув – ҳаддан ошиш маъносидадир. Аллоҳ таоло: «Динингизда ғулув кетмангиз (яъни ҳаддингиздан ошмангиз)!» (Нисо: 171) деган.
Итроъ – ҳаддан ташқари ва ёлғон аралаштириб мақташдир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хусусла-рида ғулув кетишдан мурод – у зотни бандалик ва пайғамбарлик мартабасидан юқори кўтариш ва улуҳият хусусиятларидан биронтасини у зотга нисбат бериш билан – масалан, дуо қилиш, мадад тилаш ёки номларига қасам ичиш билан – ҳаддан ошишдир.
У зот хусусларида итроъдан мурод – ошириб-тошириб ва кўкларга кўтариб мақташдир. У зот ўзлари бундай қилишдан қайтариб айтганлар: «Мени насро-нийлар Ибн Марямни кўкларга кўтаргани каби кўкка кўтариб мақтаманглар! Мен бир бандаман холос. «Аллоҳнинг бандаси ва расули» денглар» (Муттафа-қун алайҳ). Яъни, мени ёлғон мақтовлар билан мақтаманглар, мени мақташда худди насоролар Ийсо алайҳис-саломнинг мақтовларида ғулув кетиб, уни илоҳ деб даъво қилишганидек ҳаддан тажовуз қилманглар. Мени Роббим нима билан сифатлаган бўлса, шу билан сифатланглар, «Аллоҳнинг бандаси ва элчиси» денглар.
Асҳобларидан бири у зотга: «Сиз бизнинг саййидимизсиз» деганида: «Саййид Аллоҳ таборака ва таолодир» деганлар. «Сиз энг афзалимиз ва энг улуғимизсиз» дейишганда: «Одатда ўзингиз айтадиган сўзларни айтаверинглар, шайтон сизларни ўз йўлига юргизиб юбормасин», деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Одамлар: «Эй Расулуллоҳ, эй энг яхшимиз ва энг яхшимизнинг ўғли, саййидимиз ва саййидимизнинг ўғли!» деб мурожаат қилганларида у зот: «Эй одамлар, одатий сўзингизни айтаверинглар, шайтон сизларни алдаб қўймасин, мен Аллоҳнинг бандаси ва пайғам-бари Муҳаммадман. Мени Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи қўйган даражадан юқори кўтаришларингизни истамайман», деганлар (Аҳмад ва Насоий ривоятлари).
У зот халқлар ичида мутлақ энг афзали ва энг улуғи эдилар. Шундай бўлса-да, ўзларини «Сиз саййидимизсиз, сиз энг яхшимизсиз, сиз энг афзали-мизсиз, сиз энг улуғимизсиз» каби сўзлар билан мақташларини ёқтирмадилар, асҳобларини у киши ҳақларида ғулув кетишдан ва ортиқча лаганбар-дорликдан узоқлатиш учун ва тавҳидни ҳимоя қилиш учун шундай қилдилар. Ўзларини банда эришадиган мартабаларнинг энг олийси бўлмиш иккита сифат билан сифатлашга йўлладилар, бу сифатларда ғулув ҳам, ақидага хатар ҳам йўқ эди, у икки сифат – «Аллоҳнинг бандаси ва Расули» деган сифатлар эди. Ўзларини Аллоҳ азза ва жалла ўрнатган мартабадан юқори кўтаришларини истамадилар. Бироқ эндиликда кўп одамлар у зотнинг бу қайтариқларига хилоф қилишди, у зотга дуо қиладиган, мадад тилайдиган, номлари билан қасам ичадиган, Аллоҳдан бошқасидан сўраш мумкин бўлмайдиган нарсаларни у кишидан сўрайдиган бўлдилар. Мавлудларда, қасидаларда ва нашидларда қилаётганлари каби, Аллоҳнинг ҳаққи билан Расулининг ҳаққини ажрата олмайдиган бўлдилар.
 3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг манзилат (даража)ларини баён қилиш:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ мақтаган сўзлар билан мақтаб, манзилатларини баён қилишнинг, Аллоҳ у зотни у билан муфаззал этган даражаларини зикр қилишнинг ва шундай эътиқод қилишнинг зарари йўқ. У зотнинг Аллоҳ тарафидан берилган олий манзилатлари бор, Аллоҳнинг бандаси ва элчиси, халқлари ичидаги мутлақ энг яхши ва энг афзал кишисидирлар. У зот барча одамларга, инсу жиннинг ҳаммасига Аллоҳнинг расулидирлар, пайғам-барларнинг энг афзали ва энг сўнггисидирлар, у зотдан кейин пайғамбар келмайди. Аллоҳ у зотнинг қалбларини кенг-мунаввар қилиб қўйган, зикрларини юксалтириб қўйган, у зотнинг амрларига хилоф қилганларга хорликни битган, у зот Аллоҳ таоло тарафидан ваъда қилинган мақоми маҳмуд (мақтовли ўрин) эгасидирлар: «Шоядки, Роббингиз сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (яъни, умматларингизни шафоат қиладиган) мақомда тирилтирур» (Исро: 79). Бу мақом бутун пайғамбарлар ичидан ёлғиз у зотнинг ўзларига хос мақомдир, у зот халқларнинг Аллоҳдан энг қўрқувчироғи ва тақволироғидирлар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотнинг ҳузурларида овозларни кўтаришдан қайтарган ва у зот ҳузурларида овозларини пасайтирувчи кишиларни мақтаган:
«Эй мўминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда) овозла-рингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар! Албатта Аллоҳнинг пайғамбари ҳузурида овозла-рини паст қилган зотлар — ана ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган (яъни, тақво имтиҳонидан ўтган) зотлардир. Улар учун мағфират ва улуғ ажр-мукофот бордир. (Эй Муҳаммад), албатта (сизнинг аҳли аёлларингиз истиқомат қиладиган) ҳужралар ортидан туриб сизни чақира-диган кимсаларнинг кўплари ақлсиз кимса-лардир. Агар улар то сиз ўзингиз уларнинг олдига чиққунингизча (сизни чақириб безовта этмасдан) сабр қилганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлур эди. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Ҳужурот: 2-5).
Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: Бу оят-ларда Аллоҳ таоло мўмин бандаларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан қиладиган муомалаларида қилишлари лозим бўлган ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва улуғлаш, овозларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларидан кўтар-маслик каби ишлар хусусида одоб берди. Аллоҳ таоло у зотни бошқа одамлардек, исмлари билан: «Эй Муҳаммад» деб чақиришни ман қилди, у зотни фақат рисолат ва нубувват сифатлари билангина: «Ё Расулуллоҳ», «Эй Аллоҳнинг пайғамбари» деб чақирилиш лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), пайғамбарни чақиришни ўрталарингиз-да бир-бирларингизни чақириш каби қилмангиз-лар (яъни у зотни ҳурмат-эҳтиром билан «Эй Аллоҳнинг пайғамбари», деб чақиринглар)» (Нур: 63). Аллоҳ субҳанаҳунинг Ўзи ҳам у зотга: «Я айюҳан-набий», «Я айюҳар-росул» деб хитоб қилган.
Аллоҳ таоло ва фаришталари у зотга саловот йўл-лаб туради, Аллоҳ таоло бандаларини ҳам саловот айтишга буюрган: «Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою саловот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).
Лекин, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақтовлари учун Китобу Суннатдан далилсиз бирон муайян вақт ва ҳолатни хослаб ажратилмайди, мавлудхонлар қилаётганидек, у зотнинг туғилган кунлари деб даъво қилинадиган бир кунни мақтовлари учун хослаш мункар бидъатдир.
У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннат-ларини улуғлаш, унга амал қилиш вожиб деб эътиқод қилиш, суннат – таъзимлаш ва амал қилиш вожиблиги жиҳатидан Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда туради, чунки у Аллоҳ таоло тарафидан ваҳийдир, деб эътиқод қилиш ҳам у зотнинг ўзларини улуғлаш жумласига киради. Аллоҳ таоло айтади: «Ва у ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Нажм: 3-4).
У зотнинг ҳадисларини шубҳа остига қўйиш ёки шаънини пасайтириш ёки ривоят йўллари ва санадларини саҳиҳ ёки заиф деб санаш ё маъноларини шарҳлаш фақатгина чуқур илм ва ҳофиза эгаси бўлган зотларгагина жоиз бўлади. Ҳозирги даврга келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннат-лари ҳақида жоҳилона журъат билан сўзловчилар кўпайган, хусусан ҳали таълимнинг дастлабки босқич-ларида бўлган ўспирин ёшлар тарафидан бу иш кўпроқ содир бўлади, улар бир неча китоблар кўрган бўлиб, ўзларича ҳадисларни саҳиҳ ва заифга ҳукм қиладиган, ровийлар шаънида илмсизлик билан фикр билдирадиган бўлганлар. Бу уларнинг ўзларига ҳам, умматга ҳам катта хатардир. Шундай экан, Аллоҳдан қўрқсинлар, ўз ҳадларини билсинлар.


ИККИНЧИ БЎЛИМ:
РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМГА ИТОАТ ҚИЛИШ ВА ЭРГАШИШНИНГ
ВОЖИБЛИГИ ҲАҚИДА
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш у зот буюрган нарсани қилиш ва қайтарган нарсани тарк қилишни вожиб қилади ва бу «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деган шаҳодатнинг талаби ҳамдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло у зотга итоат қилишимизни кўп оятларда буюрган. Гоҳо у зотга итоат Аллоҳга итоат калимаси билан ёнма-ён келади. Масалан, Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни, мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз!» (Нисо: 59).
Бу каби оятлар кўп. Гоҳо алоҳида суратда ҳам буюради:
«Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди» (Нисо: 80).
«Ва пайғамбарга бўйинсунинглар. Шояд раҳ-матга эришсангизлар» (Нур: 56).
Гоҳо расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлган кимсаларга ваъид (таҳдид) оятлари келади. Аллоҳ таоло айтади:
«Пайғамбарнинг амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63).
Яъни, қалбларига куфр, мунофиқлик, бидъат каби фитналар етиши ёки дунёда аламли азоб бўлмиш қатл этилиш, жазо, қамоқ ёки шу каби тезкор уқубатлар етиши мумкин. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишни ва эргашишни банданинг Аллоҳ муҳаббатига эришишига, гуноҳлари мағфират этилишига сабаб қилди. Аллоҳ таоло айтади:
«Айтинг (эй Муҳаммад): Агар Аллоҳни севсан-гиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади» (Оли Имрон: 31).
Шунингдек, у зотга итоат қилишни ҳидоят, осий бўлишни залолат деб атади:
«Агар унга бўйинсунсангиз, ҳидоят топурсиз-лар» (Нур: 54).
«Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Албатта Аллоҳ бундай золим қавмни хидоят қилмас» (Қасас: 50).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотда умматлари учун гўзал намуна борлигини хабар берди:
«(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21).
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ояти карима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўзларида, амалларида, барча ҳолатларида намуна қилиб ушлаш-даги катта аслдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таборака ва таоло «Аҳзоб» кунида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сабру тоқатларини, чидам ва матонатларини, жиҳодларини, Робби азза ва жалладан кенглик-ёруғлик кутишларини ўрнак ва намуна қилиб олишга буюрди. Қиёмат кунигача у зотга Аллоҳнинг саловот ва саломлари бўлсин».
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Расулга ва унга эргашганларга итоат қилишни Қуръоннинг қирққа яқин ўрнида такрор-такрор келтирди. Инсонлар Расулуллоҳ ва унинг издошлари олиб келган нарсага емоқ-ичмоққа муҳтож бўлгандек муҳтождирлар. Чунки емоқ-ичмоқсиз дунёда ўлим вужудга келади. Расул ва унинг издошларига итоатсизлик билан эса доимий азоб ва бахтсизлик вужудга келади. Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ибодатларни адо қилишда ўзларига эргашишга ва уларни ўзлари адо қилаётган кайфиятда адо қилишга буюрдилар:
«Менинг намоз ўқиётганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар» (Имом Бухорий ривояти).
«Мендан ҳаж ибодатларингизни ўрганинглар» (Имом Муслим ривояти).
«Ким бизнинг амримиз бўлмаган ишни қилса, у рад қилингандир» (Муттафақун алайҳ).
«Ким суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас» (Муттафақун алайҳ).
Ва бошқа ҳадислар борки, уларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга буйруқ ҳамда у зотга қарши чиқишдан қайтариқлар бордир.

 

УЧИНЧИ БЎЛИМ:
РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМГА САЛОВОТ ВА САЛОМЛАР ЙЎЛЛАШНИНГ ШАРЪИЙЛИГИ ҲАҚИДА
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловоту саломлар айтишни у зотнинг ҳақларидан қилди ва умматга у зотга саловот ва салом айтишни машруъ қилди. Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою саловот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинг-лар!» (Аҳзоб: 56).
Аллоҳ таолонинг саловоти фаришталар ҳузурида у зотни мақташи, фаришталарнинг саловоти дуо, инсонларнинг саловоти истиғфор айтишдир (Бухорий Абул Олиядан зикр қилган).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу оятда бандаси ва набийсининг Ўз ҳузуридаги – малаъул аълодаги манзилатидан хабар берди. Яъни, Аллоҳ у кишини муқарраб фаришталар ҳузурида мақтайди, фаришталар у кишига саловот йўллайдилар, сўнг Аллоҳ таоло юқори ва қуйи олам аҳлининг мақтови жам бўлиши учун қуйи олам аҳлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот ва салом йўллашга буюрди.
«Саломлар айтинглар!» маъноси – Ислом саломи билан салом беринглар, демакдир. Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтилса, саловот ва салом баробар айтилиши керак, биттасига чекланиб қолмаслик лозим. Яъни, фақат «соллаллоҳу алайҳи» дейилмайди ва фақат «алайҳиссалом» ҳам дейилмайди. Чунки Аллоҳ таоло ҳар иккаласини баробар айтишга буюрди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сало-вот айтмоқлик баъзи ўринларда матлуб ва зарурий бўлиб, вожиб ёки суннати муаккада ҳисобланади.
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ «Жалоул афҳом» китобида саловот айтишнинг 41та ўрнини келтиради ва биринчи ўринни ушбу сўзлар билан бошлайди: «Саловот айтишнинг энг муҳим ва энг таъкидлироғи намозда ташаҳҳуддан кейинги саловот бўлиб, мусулмонлар унинг шаръий эканига ижмоъ қилишган, вожиб эканида ихтилоф қилишган». Сўнг қунут дуосининг охирида, жума, икки ҳайит ва истисқо намозлари хутбаларида, муаззинга жавоб айтгандан кейин, дуо пайтида, масжидга кириш ва чиқишда, у зотнинг номлари зикр этилганда каби ўринларини айтиб ўтади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот ва салом айтиш ўринларини айтиб ўтгач, бу саловотлардан ҳосил бўладиган самараларни зикр қилади ва улардан 40тасини санаб ўтади (Жалоул афҳом: 203-с).
Жумладан:
    Бу билан Аллоҳнинг буйруғига бўйсуниш бор;
    Бир марта саловот айтганга Аллоҳ таолодан 10 саловот ҳосил бўлади;
    Дуо қилишдан олдин саловот айтса, ижобатига умид бўлади;
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга васила сўраш билан саловот йўлласа, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатига эришишига сабаб бўлади;
    Саловот йўллаш гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлади;
    Саловоту салом айтувчига Пайғамбар соллал-лоҳу алайҳи ва салламнинг жавоб қайтариш-ларига сабаб бўлади.
Ўша улуғ пайғамбарга Аллоҳнинг саловоту салом-лари бўлсин.

 

ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ:
АҲЛИ БАЙТНИНГ ФАЗЛИ ВА УЛАР ХУСУСИДА ЖАФО ҲАМ ҚИЛМАЙ, ҒУЛУВ ҲАМ КЕТМАЙ ЭЪТИҚОД ҚИЛИШ ЛОЗИМ БЎЛГАН
НАРСАЛАР ҲАҚИДА
Аҳли байт – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг садақа ейишлари ҳаром бўлган хонадон аҳли бўлиб, улар Алий оиласи, Жаъфар оиласи, Ақил оиласи, Аббос оиласи, Ҳорис ибн Абдулмуттолиб авлоди ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ва қизларидир.
Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй пайғамбар) хонадо-нининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказиш-ни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос» (Аҳзоб: 33).
Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ «Тафсир»ида ёзади: «Қуръонни тадаббур қилган киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ҳам мазкур оят остига киришлари ҳақида шак-шубҳа қилмайди, чунки аслида гапнинг оқими улар ҳақида бормоқда. Шунинг учун кейинги оятда: «(Эй пайғамбар аёллари,) уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикмат (яъни пайғамбар ҳадислари)дан иборат тиловат қилина-диган нарсаларни зикр-тиловат қилинглар!» (Аҳ-зоб: 34) дейилади. Яъни, Аллоҳ таборака ва таоло сизларнинг уйларингизда Ўз Расулига нозил қилаётган Китоб ва Суннатга амал қилинглар (Қатода ва бошқалар тафсирига кўра), бутун инсонлар орасидан фақат сизларга хосланган бу неъматни зикр қилинг-лар, зотан ваҳий бошқаларнинг эмас, айнан сизлар-нинг уйингизда тушмоқда. Оиша Сиддиқа бинт Сиддиқ розияллоҳу анҳо улар ичида ушбу неъматга энг лойиқроқ ва бу хусусда улуши энг кўп ва бу умумий раҳматдан хосланганроқдирлар. Чунки, бу зотнинг тўшакларидан бошқа бирон аёлнинг тўшагида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий нозил бўлган эмас. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари хабар берганлар».
Аҳлус-сунна вал-жамоа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтларини яхши кўради-лар, дўст тутадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улар хусусида қилган васиятларини ёдда тутадилар: «Аҳли байтим хусусида сизларга Аллоҳ(дан қўрқиш)ни эслатаман» (Имом Муслим ривояти).
Аҳлус-сунна уларни яхши кўрадилар ва ҳурмат қиладилар. Чунки, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ва ҳурматлаш жумласи-дандир. Фақат шарти шуки, улар худди аждодлари бўлмиш Аббос ва унинг авлоди, Алий ва унинг авлоди каби суннатга эргашувчи, динда мустаҳкам турган бўлишлари керак. Аммо, суннатга хилоф қилган ва динда барқарор бўлмаган кишиларни гарчи аҳли байтдан бўлсалар-да, дўст тутиш жоиз эмас.
Аҳлус-сунна вал-жамоа аҳли байтга нисбатан мўътадил ва инсоф билан муносабатда бўладилар, улар ичидан динда мустаҳкам турувчи кишиларни дўст тутадилар, суннатга мухолиф бўлган ва диндан четланган кимсалардан гарчи аҳли байтдан бўлсалар-да, воз кечадилар. Зеро, ундай кимсаларнинг аҳли байтдан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам-нинг қариндошларидан бўлишлари то динда барқарор бўлмагунларича уларга ҳеч қандай фойда бермайди.
«Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳ-нинг азобидан) огоҳлантиринг!» (Шуъаро: 214) ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қариндош-уруғларини чорлаб, уларга шундай хитоб қилдилар:
«Эй Қурайш жамоаси – ёки шунга ўхшаш сўз – ўз жонингизни қутқариб олинг, мен Аллоҳнинг азобидан бирон нарсани сизлардан тўса олмайман. Эй Аббос ибн Абдулмутталиб, мен Аллоҳнинг азобидан бирон нарса-ни сиздан тўса олмайман. Эй Расулуллоҳнинг аммаси София, мен Аллоҳнинг азобидан бирон нарсани сиздан тўса олмайман. Эй Фотима бинт Муҳаммад, молимдан истаганингча сўра, бироқ мен Аллоҳнинг азобидан бирон нарсани сендан тўса олмайман» (Имом Бухорий ривояти).
Яна ҳадис шариф борки: «Қай бир кимсани амали (саодат даражасига етишда) кечиктирган бўлса, насаби уни тезлата олмайди» (Имом Муслим ривояти).
Аҳлус-сунна вал-жамоа аҳли байтнинг баъзилари хусусида ғулув кетиб, уларни гуноҳдан мутлақ пок деб даъво қиладиган рофизийлардан ҳам, ҳақ йўлда бар-қарор бўлган аҳли байтларга адоват қиладиган, уларга таъна-маломат тошлари отадиган носибийлардан ҳам, аҳли байтни Аллоҳга восита қиладиган ва уларни илоҳлаштирадиган бидъат ва хурофот аҳлидан ҳам ўзларини пок деб биладилар.
Аҳлус-сунна бу ва бошқа хусусларда мўътадил манҳаж ва тўғри йўл устидадир. Улар аҳли байт ва улардан бошқалар ҳақида ҳаддан ҳам ошмайдилар, беписандлик ҳам қилмайдилар, жафо ҳам қилмайди-лар, ғулув ҳам кетмайдилар, ғулув кетувчилардан ўзларини пок санайдилар. Амирул мўминийн Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўзи ҳақида ғулув кетган кимсаларни тириклай ўтга ташлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо уларни ўлдиришни қўллаб-қувватлади, бироқ ўтда ёндириш ўрнига қилич билан қатл қилиш тарафдори бўлди. Алий розияллоҳу анҳу ғулувчиларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Сабаъни ўлдириш мақсадида излатганида у қочиб яширинди.


БЕШИНЧИ БЎЛИМ:
САҲОБАЛАРНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ ВА УЛАР ХУСУСИДА ЭЪТИҚОД ҚИЛИШ ВОЖИБ БЎЛГАН НАРСАЛАР ҲАҚИДА, САҲОБАЛАР ОРАСИДА ВУЖУДГА КЕЛГАН ИШЛАР ХУСУСИДА АҲЛУС-СУННА ВАЛ-ЖАМОАНИНГ ТУТГАН
ЙЎЛИ ҲАҚИДА
Саҳобадан мурод кимлар? Улар хусусида қандай эътиқод қилиш керак бўлади?
Саҳоба – саҳобий сўзининг кўплиги бўлиб, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришган, у зотга иймон келтириб, мўмин ҳолида ўлган кишидир. Уларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамсуҳбат бўлганлик, бирга жиҳод қилганлик, у зотдан шариатни қабул қилиб, ўзларидан кейингиларга етказганлик хусусиятлари билан уммат-нинг энг афзали, даврларнинг энг яхшиси деб эътиқод қилиш вожиб бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло уларни Ўзининг улуғ Китобида мақтаб, шундай дейди:
«Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқа-дамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргаш-ган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир» (Тавба: 100).
«Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сужуд қилаёт-ган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг юзлари-да сажда изидан (қолган) белги-аломатлари бордир. Мана шу (яъни кофирларга қаҳрли бўлиш, мўминлар-га меҳрибонлик ва кўп намоз ўқиб, рукуъ-сажда қилиш) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. (Яъни Тавротда ҳам Аллоҳ таоло мўминларни мана шундай сифатлар билан сифатлагандир). Уларнинг Инжилда-ги мисоллари эса худди бир шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз новдасида тик турган, деҳқонларни лол қолдирадиган ўсимликка ўхшайди. (Мўминларнинг аввал-бошда заиф-озчилик бўлишиб, кейин аста-секин кўпайиб, кучга тўлиб кетишлари Инжилда юқорида зикр қилинганидек ўсимликка ўхшатилиши) улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир. Аллоҳ (мўминлардан) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга мағфират ва улуғ ажр-мукофот ваъда қилгандир» (Фатҳ: 29).
«(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар — камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир. Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнаш-ган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни севарлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахилли-гидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир» (Ҳашр: 8-9).
Бу оятларда Аллоҳ субҳанаҳу муҳожир ва ансор-ларни мақтади ва уларни яхшиликлар сари шошилувчи пешқадамлар деб сифатлади ҳамда улар-дан рози эканлигини, уларга жаннатларни ҳозирлаб қўйганлигини хабар берди. Уларни ўзаро бир-бирларига меҳрибон, кофирларга нисбатан қаттиққўл деб, рукуъ ва саждалари кўп, қалблари пок ва иймону тоат белгилари билан танилиб турадилар, деб сифатла-ди. Уларни кофир душманларни ғамга солишда Ўз пайғамбарига шерикликка танлаганини айтди. Шу-нингдек, муҳожирларни ўз ватанларини, мол-дунё-ларини Аллоҳ учун, динининг нусрати учун, Аллоҳнинг фазли ва розилигини умид қилиб тарк қилдилар ва шунда содиқ қолдилар, деб сифатлади. Ансорларни эса ҳижрат ва нусрат ҳовлиси соҳиблари ва содиқ иймон аҳли деб сифатлади, уларнинг муҳожир биродарларига бўлган муҳаббатларини, муҳожирларни ўзларидан афзал кўрганликларини ва уларга нисбатан ҳамдарду хайрихоҳ бўлганликларини, бахилликдан саломат бўлганликларини васф қилди ва шу билан нажотга эришганликларининг хабарини берди. Бу айтиб ўтилганлар уларнинг умумий фазилатларидан баъзиси бўлиб, муҳожиру ансорлар-дан ҳар бирининг баъзиларини баъзиларидан афзал қилиб турадиган мартабалари, хос фазилатлари бор ва бу уларнинг Исломга, жиҳодга, ҳижратга ошиқиш-ларига қараб ўлчанади. Аллоҳ улардан рози бўлсин.
Саҳобаларнинг афзали тўрт халифа – Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумдирлар. Сўнг жаннат хушхабари берилган ўн киши – мазкур тўрт халифа ва Талҳа, Зубайр, Абдурраҳмон ибн Авф, Абу Убайда ибн Жарроҳ, Саъд ибн Абу Ваққос, Саид ибн Зайддирлар розияллоҳу анҳум ажмаийн.
Муҳожирлар ансорлардан, Бадр ва Ризвон аҳлла-ридан афзалдирлар. Макка фатҳидан илгари Исломга кириб, жанг қилганлар Фатҳдан кейин Исломга кирганлардан афзалдир.
Саҳобалар ўртасида воқеъ бўлган фитна ва жанглар хусусида аҳлус-сунна вал-жамоанинг тутган йўли
Фитна сабаби:
Яҳудлар Исломга ва мусулмонларга қарши тил бириктиришди, улардан бири Яман яҳудларидан бўл-миш Абдуллоҳ ибн Сабаъ исмли маккор ва ифлос бир кимса ўзини мусулмон қилиб кўрсатиб, мусулмонлар ичида хулафои рошидийннинг учинчилари Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши кин-адоват ва заҳар пуфлай бошлади, унинг зиддига туҳматлар ёғдира бошлади. Унинг сўзларига алданган фикри тор, иймони заиф, фитнани яхши кўрадиган кимсалар унинг атрофида тўпландилар. Тил бириктирув халифаи рошид Усмон розияллоҳу анҳунинг мазлум бўлиб ўлдирилиши билан ниҳоя топди. Унинг ортидан мусулмонлар орасида ихтилоф келиб чиқди. Мазкур яҳудий ва унинг издошлари ташаббуси билан фитна авж олди, охир-оқибат саҳобалар орасида уруш келиб чиқди.
Таҳовия шориҳи айтади: «Олимларнинг айтиш-ларича, рофизийликнинг аслини мақсади Ислом дини-ни йўқ қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни обрўсизлантириш бўлган зиндиқ мунофиқ келтириб чиқарган. Абдуллоҳ ибн Сабаъ ўзини мусул-мон кўрсатиб, ўз макри ва ифлослиги билан худди Булис насронийлик динига қилганидек Ислом динига путур етказишни истади. У ўзини художўй қилиб кўрсатди, амри маъруф, наҳий мункар қилувчи бўлиб кўринди. Охири бориб Усмон розияллоҳу анҳуга фитна уюштириш ва ўлдириш ишига харакат қилди. Кейин Кўфага келиб, ўзининг ғаразли мақсадларига эришиш учун Алий розияллоҳу анҳу хусусида ғулув қилиш ва унга мадад беришни изҳор қилди. Бу нарса Алий розияллоҳу анҳуга етиб боргач, у киши уни ўлдирмоқчи бўлдилар. Шунда у Қирқийсга қочиб кетди. Бу хабар тарихда машҳур».
Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилгач, қалблар бирлаша олмай қолди, қайғу ғамлар улканлашди, ёмонлар ғолиб бўлиб, яхшилар хор бўлди. Фитна чиқара олмай юрганлар ҳаракатга тушдилар. Яхшилик, ислоҳни яхши кўрадиган кишилар уни барпо қилишдан ожиз бўлиб қолдилар ва амирул мўминийн Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга байъат бердилар. Дарҳақиқат, у киши ўша пайтда халифаликка энг лойиқ ва бошқалардан кўра афзалроқ эди. Аммо, қалблар тарқоқ, фитна олови ёқилган эди, сўзлар бир-бирига тўғри келмас, жамият издан чиққан, халифа ва яхши инсонлар ўзлари мақсад қилаётган барча яхшиликларга имкон топа олмасдилар. Кўпчилик бўлиниш ва фитнага аралашиб кетди ва бўлар иш бўлди».
Алий ва Муовия розияллоҳу анҳумо ўртасидаги урушга аралашган саҳобаларнинг узрларини баён қилиб, яна шундай дейди: «Муовия халифалик даъво қилмаган, у Алий билан жангга кирганида унга халифа сифатида байъат берилмаган ва халифа сифатида жангга кирмаган, халифаликка лойиқ ҳам эмасди. Буни Муовия ҳам, унинг тарафдорлари ҳам эътироф этишарди. Муовия ва тарафдорлари Алий ва унинг тарафдорларига қарши уруш бошлаш ва уларга ғолиб бўлишни ўйламаган ҳам эди. Бироқ, Алий розияллоҳу анҳу ва у кишининг асҳоблари у кишига итоат қилиш ва байъат бериш лозим, чунки мусулмонлар учун фақат битта халифа бўлиши керак деган фикрда эдилар ва Муовия ва унинг тарафдорларини у кишининг итоатидан ташқарида ҳисоблаб, уларни ягона халифага итоат қилдириш ва жамоатни сақлаб қолишни ўз вазифалари деб кўрдилар, бу вазифани адо қилиш мақсадида уларга қарши жанг қилиш фикрида бўлдилар. Муовия ва унинг тарафдорлари эса, Алийга итоат қилиш бизга вожиб эмас, агар бизга қарши уруш очилса, биз мазлум ҳолда урушга кирамиз, чунки Усмон билиттифоқ мазлум бўлиб ўлдирилди, унинг қотиллари Алийнинг лашкари ичида, улар шавкат ва қудрат соҳиби, агар биз тийилсак улар бизга ҳам зулм ва тажовуз қилишади, Алий эса худди Усмонни ҳимоя қила олмаганидек бизни ҳам улардан ҳимоя қила олмайди, биз бизнинг ҳақимизда инсоф қилишга қодир бўлган халифага байъат қилишимиз лозим, дейишарди».
Саҳобалар орасида урушлар келтириб чиқарган фитна ва пайдо бўлган ихтилофлар хусусида аҳлус-сунна вал-жамоанинг фикри икки ишда умумлашади:
Биринчи иш: Улар саҳобалар орасида вужудга келган нарсалар ҳақида гапиришдан тўхталадилар ва у ҳақда баҳс юритишдан тийиладилар, чунки бундай ҳолатларда сукут сақлаш омонлик йўлидир ва айтадилар:
«Эй Роббимиз, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Эй Роббимиз, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 10).
Иккинчи иш: Саҳобаларнинг камчиликлари ҳақи-да ривоят қилинган сўзларга бир неча тарафлама жавоб айтилади:
Биринчи: Бу сўзлар орасида душманлар уларнинг обрўларини тўкиш учун тўқиб чиқарган ёлғонлар мавжуд.
Иккинчи: Бу сўзларга қўшиб юборилган, камайтирилган, яъни аслидан ўзгартирилиб ёлғонлар киргизилган, шу боис уларга эътибор берилмайди.
Учинчи: Бу сўзлар ичидан тўғри бўлганлари ҳам – улар эса жуда оз – улар бунда маъзурдирлар. Чунки, улар мужтаҳидлардир, ижтиҳодлари ортидан ё тўғри топган ё эса хато қилган бўлиб чиқадилар. Чунки, бу ижтиҳод қилинадиган ўринлардан бўлиб, агар мужта-ҳид тўғри топса икки ажрга, хато қилса бир ажрга эга бўлади ва унинг хатоси кечирилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар ҳукм қилувчи ижтиҳод қилиб, тўғри топса, унга иккита ажр, ижтиҳод қилиб, хато қилса, унга битта ажр бўлади» (Муттафақун алайҳ).
Тўртинчи: Саҳобалар ҳам инсон, шахс сифатида хато қилишлари мумкин. Улар шахсларга нисбатан гуноҳдан пок эмаслар. Лекин улардан содир бўлган нарсаларга бир неча каффоратлар бор:
—    Тавба қилган бўлишлари. Тавба ҳар қанча гуноҳни ўчириб юборади. Бу ҳақда далиллар келган.
—    Агар улардан бирор хато содир бўлган тақдирда ҳам, уларнинг ўша хатонинг кечирилишига олиб келадиган фазилатлари, хусусиятлари бор. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур» (Ҳуд: 114).
—    Уларга бошқаларга нисбатан кўп яхшиликлар ато этилган. Фазлда ҳеч ким уларга тенглаша олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал-ламнинг сўзлари билан собит бўлганки, улар энг яхши аср кишилари, улардан бирларининг бир мудд қилган садақаси бошқаларнинг Уҳуд тоғича қилган садақаларидан ортиқроқ (Мутта-фақун алайҳ). Розияллоҳу анҳум ва арзоҳум ажмаъийн.
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бутун аҳлус-сунна вал-жамоа ва дин имомларининг ҳаммалари саҳобалардан биронтасини, энг яқинларини ҳам, собиқийнларини ҳам, бошқаларини ҳам маъсум – гуноҳдан пок деб эътиқод қилмайдилар. Балки улар ҳам гуноҳга тушиб қолишлари мумкин. Аллоҳ таоло уларни тавба сабабли кечиради, даражаларини кўтаради ва гуноҳларни ўчирувчи яхшиликлар ёки бошқа сабаблар билан кечиради. Аллоҳ таоло айтади:
«Рост Қуръонни келтирган зот (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вассалом) ва уни тасдиқ этган (мўминлар) – ана ўшалар тақводор зотлардир. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни жаннатда) ўзлари хоҳлаган нарсалари бордир. Бу чиройли амал қилгувчи кишиларнинг мукофотидир. Зеро Аллоҳ уларнинг қилган ёмон амалларини ўчириб, қилиб ўтган энг чиройли амалларининг ажри билан мукофотлар» (Зумар: 33-35).
«Энди қачон у вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: «Роббим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга муваффақ этгин ва Ўзинг мен учун зурриётимда ҳам яхшилик қилгин (яъни фарзандларимни ҳам аҳли солиҳ бандаларингдан қилгин). Албатта мен Сенга (қилган барча гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта мен мусулмонлардандирман», деди. Ана ўшалар шундай зотлардирки, Биз улардан қилган энг чиройли амалларни қабул қилурмиз ва жаннат эгалари қаторида уларнинг ёмонлик гуноҳларидан ўтиб юборурмиз» (Аҳқоф: 15-16)». (Мажмуъул фато-во: 35,69).
Дарҳақиқат, Аллоҳнинг душманлари фитна вақти-да саҳобалар орасида келиб чиққан ихтилоф ва жангу жадални уларни камситиш ва ҳурматларига тил теккизишга сабаб қилиб олдилар. Баъзи замондош ёзувчилар ҳам бу хабис йўлни тутиб, ўзлари билмаган нарсалари ҳақида вайсашади. Ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари орасида гўё ҳакам қилиб олиб, нодонлик билан, ҳеч қандай далилсиз равишда улардан баъзиларини тўғриликка, баъзиларини хатокорликка ҳукм қилишади, шарқ-шунослар ва уларнинг думлари бўлмиш ғаразли кимсалар сўзини такрорлашади. Айрим саёз билимли ёш мусулмонларни ўзларининг улуғ умматлари тарихига ва асрларнинг яхшиси бўлган салафи солиҳлари тарихига нисбатан шубҳага соладилар, Исломни айблашни ва мусулмонларнинг бирлигини бўлиб ташлашни истайдилар, салафи солиҳларга эргашиш ва Аллоҳ таолонинг: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Эй Роббимиз, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимиз-да иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Эй Роббимиз, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 10) деган  сўзларига амал қилиш  ўрнига бу умматнинг охиргилари қалбига аввалгиларга нисбатан адоват солишни кўзлайдилар.

 

ОЛТИНЧИ БОБ: БИДЪАТЛАР
Бу боб қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:
Биринчи бўлим: Бидъатнинг таърифи, турлари, ҳукмлари.
Иккинчи бўлим: Мусулмонлар ҳаётида бидъат-нинг пайдо бўлиши ва унга олиб келган сабаблар.
Учинчи бўлим: Ислом умматининг бидъатчилар-га муносабати, аҳлус-сунна вал-жамоанинг уларни рад қилишдаги манҳажи.
Тўртинчи бўлим: Замонавий бидъатлардан наму-налар:
1)    Мавлудхонлик маросимлари;
2)    Жойлар, қадамжолар ва дунёдан ўтиб кетганларни табаррук санаш;
3)    Ибодатлар ва Аллоҳга қурбат ҳосил қилинадиган ишлардаги бидъатлар.

 

БИРИНЧИ БЎЛИМ:
БИДЪАТНИНГ ТАЪРИФИ, ТУРЛАРИ, ҲУКМЛАРИ
1) Таърифи:
Бидъат – илгари бўлмаган нарсани ихтиро қилиш маъносидаги «бадъ» сўзидан олинган.
«Фалончи бир бидъатни чиқарди» дегани илгари бўлмаган бир янги йўлни биринчи бўлиб бошлаб берди, деганидир.
Бидъат чиқариш икки хил бўлади:
1) Дунё ишларида бидъат чиқариш, янги ихтиролар яратишга ўхшаш. Бу мубоҳдир. Чунки, одатлардаги асл-асос мубоҳликдир.
2) Динда бидъат чиқариш. Бу ҳаромдир. Чунки, дин ишидаги асл-асос тавқиф (Китобу Суннат далил-ларига чекланиш)дир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган-лар: «Ким бизнинг бу ишимизда (яъни динимизда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад (қилинади)» (Муттафақун алайҳ).
Бир ривоятда: «Ким у тўғрида бизнинг амримиз бўлмаган бир ишни қилса, у рад этилади», деганлар (Имом Муслим ривояти).
2) Бидъатнинг турлари:
Диндаги бидъат икки турли:
Биринчи тур: Эътиқод ва сўздаги бидъат. Жаҳмия, мўътазила, рофиза ва бошқа адашган фирқаларнинг сўзлари ва эътиқодлари каби.
Иккинчи тур: Ибодатлардаги бидъат. Аллоҳга У машруъ қилмаган ибодатлар билан ибодат қилиш каби. Бунинг ўзи бир неча қисмдир:
Биринчи қисм: Ибодатнинг аслида бўладиган бидъат. Шариатда асли бўлмаган янги бир ибодат пайдо қилиш билан бўлади. Масалан, аслида шаръий бўлмаган бирор намозни янгидан пайдо қилиш ёки мавлуд ва бошқа ношаръий байрамларни пайдо қилиш каби.
Иккинчи қисм: Машруъ бўлган ибодатга зиёда орттириш билан бўладиган бидъат. Масалан, пешин ёки аср намозига бешинчи ракъатни зиёда қилиш каби.
Учинчи қисм: Машруъ бўлган ибодатни адо этиш кайфиятида бўладиган бидъат. Масалан, машруъ зикрларни жўр бўлиб, оҳанг билан айтиш каби ёки ибодатларда ўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан чиқиб кетиш даражасида қаттиқ қийнаш каби.
Тўртинчи қисм: Машруъ ибодат учун шариат хосламаган бир вақтни хослаш билан бўладиган бидъат. Масалан, Шаъбоннинг ўртасидаги бир кечани намозга, кундузини рўзага хослаш каби. Чунки, рўза ва тунги намоз аслида машруъ, бироқ уларни махсус вақтларга хослаш далилга муҳтождир.
3) Динда бидъат чиқаришнинг ҳукми:
Диндаги ҳар бир бидъат ҳаром ва залолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Янги пайдо қилинган ишлардан сақланинглар! Чунки, (динда) янги пайдо қилинган ҳар бир нарса бидъат ва ҳар бидъат залолатдир» (Имом Муслим ривояти). Бир ривоятда: «Ким у тўғрида бизнинг амримиз бўлмаган бир ишни қилса, у рад этилади» деганлар (Имом Муслим ривояти).
Мазкур икки ҳадис шунга далолат қиладики, динда пайдо қилинган ҳар бир янгилик бидъат, ҳар бир бидъат рад этилажак залолатдир. Бунинг маъноси шуки, ибодат ва эътиқодлардаги бидъатлар ҳаром қилинган. Бироқ, ҳаромлик бидъатнинг турига қараб фарқли бўлади. Улардан очиқ куфр бўлганлари ҳам бор, қабрларни уларда ётганларга қурбат ҳосил қилиш мақсадида тавоф қилиш, уларга жонлиқ ва назрлар келтириш, қабрдагиларга дуо қилиш ва улардан мадад сўраш каби ёки жаҳмия ва мўътазилаларнинг ғулув кетганлари айтадиган сўзлар каби. Улардан ширкка восита бўладиганлари бор, қабрлар устига бино қуриш, улар олдида намоз ўқиш ва дуо қилиш каби. Улардан эътиқодий фисқ бўлганлари бор, хавориж, қадария ва муржиъаларнинг шаръий далилларга зид сўз ва эътиқодларидаги бидъат каби. Улардан маъсият бўлганлари бор, тарки дунёчилик, рўзасини офтоб тиғида туриб ўтказиш, жимоъ шаҳватини кесиш мақсадида ўзини бичиш каби.
Эслатма:
Кимки бидъатни бидъати ҳасана ва бидъати саййиъага (яхши бидъат ва ёмон бидъатга) бўлса, у хато қилган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳар бир бидъат залолатдир» деган сўзларига қарши чиққан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча бидъатни залолат деб ҳукм қилган ҳолларида бу одам, йўқ, барча бидъат залолат эмас, балки ҳасана бидъат ҳам бор, деган бўлади. Ҳофиз Ибн Ражаб «Арбаъийн» шарҳида айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жавомиъул калимдан саналувчи «ҳар бир бидъат залолатдир» деган сўзларидан ҳеч бир нарса истисно этилмайди. Бу дин асосларидан бир буюк асл-асосдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад қилингандир» деган сўзлари ҳам айни шу маънони ифодалайди. Демак, кимки бир янгилик пайдо қилиб, уни динга нисбатласа, динда унинг қайтадиган асли бўлмаса, у залолатдир. Эътиқод масалалари бўладими, амалларми, зоҳирий ишлар бўладими, ботинийми, фарқсиз, дин ундан покдир» (Жомиъул улум вал-ҳикам).
Бидъати ҳасана дейдиганларнинг сўзларига ҳеч қандай ҳужжат йўқ, фақат Умар розияллоҳу анҳунинг таровиҳ намози ҳақида: «Бу нақадар яхши бидъат» деган сўзини ҳужжат қиладилар.
Ва яна салафларнинг Қуръонни битта китоб қилиб жамланишини ҳамда ҳадисларни ёзиб, девон қилин-ганини инкор қилмаганларини айтиб, бу ҳам бидъат-ку, дейдилар. Бунга жавоб шуки, бу ишлар шариатда асли бор бўлиб, янги пайдо қилинган эмас. Умар розияллоҳу анҳу «нақадар яхши бидъат» деган сўзлари билан луғавий бидъатни назарда тутган, шаръий бидъатни эмас. Шариатда қайтадиган асли бор бўлган ҳар қандай нарсага бидъат дейилса, ундан луғавий бидъат тушунилади, шаръий бидъат тушунилмайди. Чунки, шаръий бидъат деб шариатда қайтадиган асли бўлмаган нарсага айтилади.
— Қуръонни битта китобга жамлашнинг шариатда асли бор. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни ёзиб қўйишга буюрар эдилар, лекин қўлёзмалар тарқоқ эди. Саҳобалар розияллоҳу анҳум уни сақлаш мақсадида битта мусҳафга жамладилар.
— Таровиҳни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча кун саҳобалари билан ўқигач, уларга фарз қилиниб қолишидан хавф қилиб чиқмай қўйганлар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум уни Пайғам-бар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик пайтларида ёлғиз-ёлғиз ўқиб юрганлар. У зотнинг вафотларидан сўнг Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу худди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқала-рида ўқиганларидек ҳаммани битта имом ортига жамлади. Бу диндаги бидъат эмас.
— Ҳадисларни ёзиб қўйиш ҳам шариатда асли бўлган ишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи саҳобаларнинг илтимосларига кўра айрим ҳадисларни ёзишга буюрган эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида умумий тарзда ҳадис ёзишдан эҳтиёт бўлишнинг сабаби – ҳадис билан Қуръоннинг аралашиб кетиши хавфи эди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгач, бу қўрқув барҳам топди. Яъни, Қуръон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан илгари мукаммал ва аниқ-тиниқ бўлган эди. Шундан сўнг мусулмонлар ҳадисни зое бўлиб кетишидан сақлаш учун йиғиб, китоб ҳолига келтирдилар. Уларни Аллоҳ таоло яхши мукофотлар билан мукофотласин. Улар Роббилари-нинг китоби ва набийлари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатини зое бўлишдан сақлаб қолдилар.

 

ИККИНЧИ БЎЛИМ:
МУСУЛМОНЛАР ҲАЁТИДА БИДЪАТЛАРНИНГ ПАЙДО БЎЛИШИ ВА УНГА ОЛИБ КЕЛГАН САБАБЛАР
1) Мусулмонлар ҳаётида бидъатларниннг пайдо бўлиши.
Бунинг остида иккита масала бор:
Биринчи масала: Бидъатларнинг пайдо бўлиш даври
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ «Маж-муъул фатово»да (10/354) айтади: «Билингки, илмлар ва ибодатларга тааллуқли бўлган аксари бидъатлар уммат ичида хулафои рошидийнларнинг охирги давр-ларида содир бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек: «Мендан кейин яшаган-ларингиз тез орада кўп ихтилофларни кўради. Шунда сизлар менинг суннатимни ҳамда хулафои рошидийн ва маҳдиййин (ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифалар) суннатини маҳкам ушланглар» (Абу Довуд, Термизий ривоятлари).
Биринчи бўлиб қадар бидъати, иржоъ бидъати, ташайюъ ва хаворижлар бидъати пайдо бўлди. Усмон розияллоҳу анҳу вафотидан кейин фирқалар пайдо бўлгач, ҳурурия бидъати пайдо бўлди. Саҳобалар даври охирларида, яъни Ибн Умар, Ибн Аббос ва Жобир каби саҳобалар даврининг охирларида қадария пайдо бўлди. Муржиалар ҳам шунга яқинроқ даврда пайдо бўлди. Жаҳмия эса Умар ибн Абдулазизнинг ўлимидан сўнг тобеинлар даврининг охирларида пайдо бўлди. У киши бу фирқадан огоҳлантирганлиги ривоят қилинган. Жаҳм Ҳишом ибн Абдулмаликнинг халифа-лик даврида Хуросонда чиққан эди.
Бу бидъатлар иккинчи асрда пайдо бўлди, у даврда саҳобалар бор эди, улар бидъат аҳлига қарши наҳий мункар қилдилар. Муфаззал асрдан сўнг иътизол (мўътазила) бидъати пайдо бўлди, мусулмонлар орасида фитналар юз берди, фикрларнинг хилма-хиллиги, бидъат ва хоҳиш-ҳавога мойиллик кучайди, сўфийлик бидъати, қабрларга сағана қуриш бидъати вужудга келди. Шундай қилиб вақт ўтган сари бидъатлар кўпайиб, хилма-хил тус олди».

Иккинчи масала: Бидъатларнинг пайдо бўлиш ўрни
Бидъатларнинг пайдо бўлиши жиҳатидан исломий диёрлар фарқли бўлган. Шайхулислом Ибн Таймия «Мажмуъул фатово»да (20/300-303-с) айтади: «Расу-луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари яшаган ва улардан илм ва иймон тарқалган катта шаҳарлар бешта: икки ҳарам (Макка ва Мадина), икки ироқ (Кўфа ва Басра) ва Шом. Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ибодат ва улар ортидан келувчи исломий ишлар барчаси шу диёрлардан чиққан. Асосий бидъатлар ҳам Мадинаи Набавиядан ташқари шу тўрт шаҳардан чиқди. Кўфадан ташайюъ (шиалик) ва иржоъ (муржи-алик) чиқди, кейин бошқа жойларга тарқалди. Басрадан қадар (қадарийлик), иътизол (мўътазила-лик), фосид носиклар чиқди, кейин бошқаларга тарқалди. Шомда носибийлик ва қадарийлик тарқалди. Бидъатларнинг энг ёмони бўлмиш тажаҳҳум (жаҳмиялик) Хуросон томонда пайдо бўлди. Бидъатларнинг пайдо бўлиши набавий диёрдан (Мадинадан) узоқлик миқдорига қараб бўлди. Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилгандан сўнг бўлиниш пайдо бўлгач, ҳарурия бидъати пайдо бўлди. Аммо Мадинаи Набавия гарчи унда бидъатни дилдан истовчи кимсалар бўлган эса-да, бундай бидъатлар тарқали-шидан саломат эди. Унда қадария ва бошқа бидъатлар бўлган, бироқ бидъатчилар хорланган, мазамматланган, Кўфадаги, Басрадаги, Шомдаги бидъатчиларнинг акси ўлароқ мағлуб ва хор эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадисда собит бўлганки, Дажжол Мадинага кира олмайди. Дарҳақиқат, тўртинчи асргача, яъни имом Моликнинг асҳоблари давригача иймон ва илм давом этди».
Аммо муфаззал уч аср ичида Мадинаи Набавияда бошқа шаҳарларда бўлгандек бидъат зоҳир бўлмади ва унда диннинг аслларида бидъат чиқмади.
2) Бидъатларнинг чиқишига олиб келган сабаблар:
Шубҳасиз, Қуръон ва Суннатни маҳкам ушлашда бидъату залолатларга тушишдан омонлик бор. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр» (Анъом: 153).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир чизиқ чиздилар-да, сўнг: «Бу Аллоҳнинг тўғри йўли», дедилар. Унинг ўнг ва чап тарафига бир неча чизиқлар тортиб: «Булар шундай йўлларки, ҳар бирининг устида биттадан шайтон унга чорлаб туради», дедилар. Сўнг қуйидаги оятни ўқидилар: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва бошқалар ривоятлари).
Ким Китоб ва Суннатдан юз ўгирса, уни адашти-рувчи йўллар, пайдо қилинган бидъатлар ўз домига тортиб кетади.
Бидъатлар келиб чиқишига олиб келган сабаб-лар қуйидаги ишларда умумлашади:
Дин ҳукмларини билмаслик, хоҳиш-ҳавога эрга-шиш, фикр ва шахсларга таассуб қилиш, кофирларга ўхшашга уриниш, уларга тақлид қилиш.
Мазкур сабабларни бирма-бир батафсил кўриб чиқамиз:
а) Дин ҳукмларини билмаслик:
Даврлар ўтиб, одамлар рисолат осорларидан узоқлашган сари илм озайиб, жаҳолат тарқала борди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган-ларидек:
«Мендан кейин яшаганларингиз тез орада кўп ихтилофларни кўради» (Абу Довуд, Термизий ривоят-лари).
«Албатта Аллоҳ илмни бандалари (қалби)дан суғуриб олиш билан олиб қўймайди, балки илмни олимларни олиш билан олиб қўяди. Ҳатто бирон-бир олимни қолдирмагач, одамлар жоҳил кимсаларни ўзларига бош қилиб олишади, улардан (фатво) сўрал-ганда илмсизлик билан фатво бериб, (ўзлари ҳам) адашиб, (бошқаларни ҳам) адаштиришади» (Имом Бухорий ривояти).
Бидъатларга фақат илм ва уламолар қарши тура олади. Агар илм ва уламолар йўқолса, бидъатлар ёйилишига, бидъатчилар фаоллашувига қулай фурсат вужудга келади.
б) Хоҳиш-ҳавога эргашиш:
Ким Китобу Суннатдан юз ўгирса, ҳавосига эрга-шиб кетади. Аллоҳ таоло айтади:
«Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!» (Қасас: 50).
«(Эй Муҳаммад), ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?!» (Жосия: 23).
Бидъатлар хоҳиш-ҳаволарга эргашиш самарасидан бошқа нарса эмас.
в) Фикрларга ва шахсларга таассуб қилиш:
Фикр ва шахсларга таассуб қилиш ҳам кишини далилга эргашиш ва ҳақни танишдан тўсади. Аллоҳ таоло айтади: «Қачон (мушрикларга): «Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунингиз», дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўл-сак, ўшанга эргашамиз», дейишади» (Бақара: 170).
Ҳозирги даврдаги баъзи сўфий мазҳаблар ва қубурийларга эргашган кишилар ичидаги мутаассиб-ларнинг ҳоли айни шуки, агар уларни Китобу Суннатга чақирилса, бу иккисига хилоф келувчи барча нарсаларни тарк қилишга чорланса, ўз мазҳаблари, машойихлари, ота-боболарини ҳужжат қилишади.
г) Кофирларга ўхшашга уриниш:
Кофирларга ўхшашга уриниш ҳам кишини бидъат-лар комига тортадиган сабаблардан. Абу Воқид ал-Лайсий шундай ҳикоя қилади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Ҳунайнга қараб отландик, куфрдан қутулганимизга ҳали кўп бўлмаган эди. Мушрикларнинг сидра отлик бир дарахти бўлиб, унинг олдига бориб сиғинишар ва (ирим қилиб) қуролларини унга боғлашар эди, уни «зоту анвот» деб аталарди. Йўлда ўшандай дарахт-лардан бири ёнидан ўтиб қолдик. Шунда биз: «Ё Расулуллоҳ, бизга ҳам «зоту анвот» қилиб берсангиз» дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Субҳаналлоҳ! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, худди Бану Исроил Мусога айтгандек сўзларни айтмоқдасизлар. Улар: «Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер», дедилар. У айтди: «Албатта, сизлар билмайдиган қавмдирсизлар» (Аъроф: 138). Илгари ўтган уммат-ларнинг йўлларини тутмоқдасизлар!» дедилар (Имом Термизий ривояти).
Ҳадисдан маълум бўладики, Бану Исроилни ўз пайғамбарларидан шундай қабиҳ талабни қилишга – уларга худди мушрикларнинг олиҳалари каби олиҳа ясаб беришни сўрашга олиб борган нарса – уларнинг кофирларга ўхшашга уринишларидан бошқа нарса эмасди. Айни шу нарса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан баъзиларини у зотдан ўзларига табаррукланадиган бир дарахт қилиб бериш-ларини сўрашга олиб борди. Бу эса бугунги воқеъ-ликнинг айни ўзидир. Зеро, ҳозирда мусулмонлардан кўплари бидъат ва ширк амалларида, чунончи туғилган кунларни нишонлаш, махсус ишлар учун кунлар ва ҳафталиклар уюштириш, диний ва хотирлаш муносабатлари билан йиғилиш, ҳайкал ва хотира тошлари ўрнатиш, мотам маросимлари ўтказиш, жанозалардаги бидъатлар, қабрлар устига сағаналар қуриш ва шу кабиларда кофирларга тақлид қилишга ўтиб кетдилар.

 

УЧИНЧИ БЎЛИМ:
ИСЛОМ УММАТИНИНГ БИДЪАТЧИЛАРГА НИСБАТАН ТУТГАН ЎРНИ ВА АҲЛУС-СУННА ВАЛ-ЖАМОАНИНГ УЛАРНИ РАД ҚИЛИШДАГИ МАНҲАЖИ
1) Аҳлус-сунна вал-жамоанинг бидъатчиларга нисбатан тутган ўрни:
Аҳлус-сунна вал-жамоа доим бидъатчиларни рад қилиб, уларнинг бидъатларини инкор қилиб ва уларни бу ишларни қилишдан тўсиб келган. Қуйида бундан баъзи намуналар олиб келамиз:
а) Уммуд-Дардо розияллоҳу анҳо айтади: «Абуд-Дардо олдимга ғазабланган ҳолда кириб келди. «Сизга нима бўлди?» деган эдим, «Аллоҳга қасамки, Муҳам-мад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишларидан фақат намозни жамоат бўлиб ўқишларидан бошқа бирор нарса (қолганини) билмаяпман», деди» (Имом Бухорий ривояти).
б) Амр ибн Яҳё айтади: «Отам бобомдан ривоят қилиб айтганларини эшитдимки: Биз ғадот (бомдод) намозидан олдин Абдуллоҳ ибн Масъуднинг эшиги олдида уни кутиб, чиқса бирга намозга борамиз деб ўтирган эдик, Абу Мусо ал-Ашъарий келиб қолди ва: «Абу Абдурраҳмон ҳали чиқмадими?» деб сўради. Биз: «Йўқ» деган эдик, то чиққунича биз билан ўтирди. Чиқиб келгач ҳаммамиз унга пешвоз чиқдик. Абу Мусо деди: «Эй Абу Абдурраҳмон, мен ҳозиргина масжидда нотаниш бир ишни кўрдим, лекин алҳамдулиллаҳ, яхшиликни кўрдим». «Нима иш экан?» деб сўради. У айтди: «Борсангиз кўрасиз, масжидда бир қавмни кўрдимки, намозни кутиб, ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтиришибди. Ҳар бир ҳалқада бир киши (бош), қўлларида тошчалар, ҳалиги киши: «Юз марта такбир айтинглар» дейди, юз марта такбир айтишади, «Юз марта таҳлил айтинглар» дейди, юз марта таҳлил айтишади, «Юз марта тасбеҳ айтинглар» дейди, юз марта тасбеҳ айтишади». «Сиз уларга нима дедингиз?» деди. «Сизнинг фикрингизни кутиб, ҳеч нарса демадим», деди. «Ёмонликларини санашга буюрмабсиз-да, яхшиликларидан ҳеч нарса йўқ бўлмаслигига кафолат бермабсиз-да», деди. Сўнг биргалашиб кетдик. Ҳалиги ҳалқалардан бири олдига келиб тўхтади ва: «Нима қилаяпсизлар?» деб сўради. «Эй Абу Абдурраҳмон, тошчалар билан такбир, таҳлил, тасбеҳ, таҳмидни санаяпмиз» дейишди. «Гуноҳларингизни сананглар, яхшиликларингиздан бирон нарса зое кетмаслигига мен кафилман. Ҳолингизга вой бўлсин, эй уммати Муҳаммад! Ҳалокатингиз бунчалар тез бўлмаса! Ҳали у зотнинг саҳобалари ҳаёт бўлса, кийимлари ҳали эскимаган бўлса, идишлари синмаган бўлса! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар ё Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг миллатидан кўра ҳидоятлироқ бир миллатдасизлар ё эса залолат эшигини очишга уринувчисизлар», деди. «Эй Абу Абдурраҳмон, биз фақат яхшилик истаган эдик» дейишди. «Қанча яхшилик истовчилар бўладики, унга асло ета олмайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: «Бир қавм келадики, Қуръон ўқийдилар, бироқ бўғизларидан нарига ўтмайди». Аллоҳга қасам-ки, билмайман, балки ўшаларнинг кўплари сизлардан бўлса керак», деди. Сўнг улардан бурилиб кетди». Умар ибн Салама айтади: «Ўшаларнинг кўпчилигини Наҳравон куни хаворижлар билан бирга бизга қарши урушга кирганини кўрдик» (Имом Доримий ривояти).
в) Бир киши Имом Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳ ҳузурига келиб: «Қаердан эҳром боғласам бўлади?» деб сўради. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берган ва ўзлари эҳром боғлаган мийқот-дан», деб жавоб берди. «Ундан узоқроқдан боғласам-чи?» деди. «Бундай қилишни дуруст деб кўрмайман» деди. «Бунинг нимасини кариҳ кўрасиз?» деди. «Сенинг фитнага тушишингни кариҳ кўраман» деди. «Яхшиликни зиёда қилишда нима фитна бўлиши мумкин?» деб сўради. Молик деди: «Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Пайғамбарнинг амрига хилоф иш қиладиган ким-салар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63). Сен ўзингни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам у билан хосланмаган бир фазилат билан хослашингдан кўра ҳам катта фитна бўлиши мумкин-ми?!» (Абу Шома «Албоъису ала инкарил бидаъ вал-ҳаводис»да (14-с) келтирган).
Булар ўтмиш уламолари ишларидан намуналар эди. Алҳамдулиллаҳ, барча асрларда, то ҳозирги кунгача ҳам уламолар бидъатчиларни инкор қилишда давом этмоқдалар.
2) Аҳлус-сунна вал-жамоанинг аҳли бидъат-ларни рад қилишдаги манҳажи:
Уларнинг бундаги манҳажи Китоб ва Суннат асосига қурилган, бидъатчиларнинг шубҳаларини келтириб, сўнг уларни йўққа чиқарадиган қониқти-рувчи ва миқ эткизмай (тилни айлантирмай, мот қилиб) қўювчи манҳаждир. Улар суннатларни ушлаш ва бидъатлардан тийилиш вожиб эканига Китоб ва Суннатдан далил келтирадилар. Бу тўғрида кўплаб китоблар ёзганлар, ақида китобларида шиа, хавориж, жаҳмия, мўътазила ва ашъарийларнинг иймон ва ақида асослари ҳақида айтган бидъат сўзларига раддиялар берганлар, шу мавзуга хос китоблар ёзганлар. Масалан, имом Аҳмад жаҳмияларга раддия китоби ёзган, бошқа имомлар, жумладан Усмон ибн Саид ад-Доримий ҳам бу мавзуда китоб ёзган, шайхулислом Ибн Таймия ва шогирди Ибнул Қаййим, шайх Муҳаммад ибн Абдул-ваҳҳоб ва бошқаларнинг китобларида ҳам мазкур фирқаларга, қубурий ва сўфийларга қарши раддиялар мавжуд. Хоссатан, бидъат аҳлларини рад қилиб ёзилган китоблар ҳам кўп бўлиб, мисол тариқасида қуйидаги-ларни айтиш мумкин:
Эски китоблардан:
1)    Имом Шотибийнинг «Эътисом» китоби;
2)    Шайхулислом Ибн Таймиянинг «Иқтизоус-сиротил мустақийм» китоби;
3)    Ибн Ваззоҳнинг «Инкарул ҳавадис вал-бидаъ» китоби;
4)    Туртушийнинг «Ал-ҳавадис вал-бидаъ» китоби;
5)    Абу Шоманинг «Ал-баъис аъла инкарил бидаъ вал-ҳавадис» китоби.
Янги китоблардан:
1)    Шайх Алий Маҳфузнинг «Ал-ибдаъ фий мазор-рил-ибтидаъ» китоби;
2)    Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Ҳавомидийнинг «Ас-сунан» ва «Ал-мубтадаъат ул-мутааллиқа бил-азкари вас-солават» китоблари;
3)    Шайх Абдулазиз ибн Бознинг «Ат-таҳзир минал бидаъ» рисоласи;
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, мусулмон уламолар доимий равишда газета ва журналлар, эшиттиришлар, жумъа хутбалари ва маърузалар орқали бидъатларни инкор қилиб ва бидъатчиларга раддиялар бериб келадилар. Бу эса мусулмонларнинг онгини очишда ва бидъатларни йўқотишда катта таъсирчан амаллардан ҳисобланади.


ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ:
ЗАМОНАВИЙ БИДЪАТЛАРДАН НАМУНАЛАР
1)    Мавлуди набий қилиб маросимлар ўтказиш;
2)    Қадамжолар, зиёратгоҳлар ва қабрларни табар-рук санаш;
3)    Ибодатлар ва Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ўринларидаги бидъатлар;
Мазкур бидъатлар ҳозирги даврда замоннинг орқага кетиши, илмнинг озлиги, ихтилофлар ва бидъатларга чақирувчиларнинг кўплиги, урф-одатларда кофирларга ўхшашга интилиш ёйилгани сабабли кўпайган. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сизлардан илгари ўтганларнинг йўлларига эргашиб кетасизлар» (Термизий ривояти) деган сўзларининг тасдиғидир.
1) Мавлуди набий муносабати билан маросим-лар қилиш.
  Бу худди насороларнинг Исо Масиҳнинг туғилган кунини  байрам (рождество) қилишларига ўхшайди. Жоҳил мусулмонлар ёки адашган олимлар ҳар йили Рабиул-аввал ойида, шунингдек бошқа пайтларда ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилганликлари муносабати билан йиғилиш ва маросимлар ўтказишади. Бу нарсани баъзилар масжидларда, баъзилар уйларида ё махсус тайёрланган жойларда ташкил қиладилар ва бундай маросимларга авом халқ оммавий равишда тўпланади. Бу насороларнинг Масиҳ алайҳиссаломнинг туғилган куни муносабати билан йиғилиш қилиш бидъатига ўхшаб кетади. Кўпинча бу йиғилишлар бидъат ҳамда насороларга ўхшашга уриниш бўлиши билан бир қаторда, кўплаб ширк ва мункар амаллардан ҳам холи эмас. Масалан, уларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ғулув кетадиган қасидалар ўқилади, ҳатто Аллоҳдан сўраладиган дуо ва ёрдам талаб қилишларни у кишидан сўраш даражасигача борадилар. Ҳолбуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига мақтов айтишда ғулув кетишдан қайтариб шундай деганлар: «Мени насоролар Ибн Марямни кўкларга кўтариб мақтагандек мақтаманглар. Мен Аллоҳнинг бандасиман, холос. «Аллоҳнинг бандаси ва Расули» денглар» (Муттафақун алайҳ).
Кўпинча, бу мажлисларида Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳозир бўладилар, деб эътиқод қиладилар. Мункар амалларидан шуни ҳам айтиш мумкинки, бундай йиғилишларда кўпчилик жўр бўлиб нағмалар билан нашидлар айтишади, дўмбиралар чалиб, бидъатчи сўфийлар каби зикрлар қилишади. Гоҳо, бу йиғилишларда эркак-аёл аралаш бўлади ва бузуқликларга олиб келадиган фитналар ҳам чиқади. Бундай амаллардан холи бўлган тақдирда ҳам бидъат экани кифоядир: «Ҳар бир янги пайдо қилинган нарса бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир». Бу йиғилишларни қилиш бориб-бориб, бошқа ҳар хил мункаротларнинг пайдо бўлишига восита бўлади.
Китоб ва Суннатда, салафи солиҳларнинг амалла-рида ва муфаззал асрларда асли-асоси бўлмаган нарса бидъат дедик. Мавлуд бидъати анча кеч, яъни ҳижрий тўртинчи асрдан кейин пайдо бўлган. Уни фотимий шиалар пайдо қилишган.
Имом Абу Ҳафс Тожуддин ал-Фокҳоний раҳима-ҳуллоҳ айтади: «Аммо баъд, баъзи одамлар Рабиул-аввал ойида қилаётган, мавлуд деб аталадиган йиғилиш ҳақида, бунинг динда асли борми, деган саволлар кўп тушяпти. Шу саволга аниқ жавоб, муайян изоҳ талаб қилибдилар. Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаманки, мавлуднинг Қуръон ва Суннатда асли борлигини билмайман. Динда намуна бўлган, салаф уламолари йўлини маҳкам тутган дин олимларининг биронтасидан бу амални қилганликлари бизга етиб келмаган. Балки бу баттол кимсалар пайдо қилган бидъат ва очкўз одамлар шу билан бойишни кўзлаган нафс шаҳватидан бошқа нарса эмас»  (Рисолатул маврид фий амалил мавлид).
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Баъзи инсонлар пайдо қилаётган, насороларнинг Ийсо алайҳиссаломнинг туғилган кунини нишонлаш-ларига тақлидан ё Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан муҳаббат ва улуғлаш ниятида қиладиган мавлудин набий деб аталмиш байрамлари ҳам шу жумладандир. Аслида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунлари айни қайси кунлиги ҳақида ихтилофлар бор, қолаверса, уни байрам қилиб йиғилишлар қилишни салафлар қилмаганлар. Агар бунда катта яхшилик бўлганда салафлар албатта қилган бўлардилар, улар биздан кўра бунга лойиқроқ ва биздан кўра улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни улуғловчироқ, яхши ишларга биздан кўра ҳарисроқ эдилар. Балки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат у зотни улуғлаш, у зотга эргашиш, итоат қилиш, буйруқларига бўйсуниш, суннатларини ботинан ва зоҳиран тирилтириш, олиб келган йўлларини ёйишда ва бунинг учун қалб, тил ва қўл билан жиҳод қилишда кўриниши керак.  Аввалги муҳожир ва ансорлардан иборат салафларнинг ва уларга яхшилик билан эргашган зотларнинг йўллари шу эди» (Иқтизоус-сиротил-мустақийм: 2/615).
Бу бидъатни инкор қилиб, қадимда ва ҳозирда рисолалар, китоблар ёзилган. Бу нарса бидъат ва ғайридинларга тақлид бўлишига қўшимча, яна авлиёлар, машойихлар, пешволар кабиларнинг ҳам мавлудларини қилишга олиб келади ва кўп ёмонликлар эшигини очади.
2) Қадамжолар, зиёратгоҳлар ва шахсларни тирик ва ўлик ҳолда табаррук санаш:
Янги пайдо қилинган бидъатлардан бири – махлуқларни (яратилмиш нарсаларни) табаррук-лашдир. Бу бутпарастликнинг бир тури ҳамда содда ва лақма одамларнинг топган-тутгани овланадиган қармоқдир. Табаррук – барака талаб қилиш, яъни бир нарсада яхшиликнинг давомий туришини ва зиёдаланишини исташдир. Бу талабнинг ижобатига фақатгина Аллоҳ субҳанаҳу қодир бўлади, Аллоҳгина баракани ёғдиради ва давомий қилади. Аммо яратилмиш барака беришга, вужудга келтиришга, ҳаттоки олиб қолишга ва давомий қилишга ҳам қодир бўлмайди. Қадамжо ва зиёратгоҳларни, тирик ва ўлик шахсларни табарруклаш – улардан баракот талаб қилиш мумкин эмас. Агар ўша нарса барака беради, деб эътиқод қилса, ширк бўлади. Агар уни зиёрат қилиш, силаш, ўпиш Аллоҳдан талаби ҳосил бўлишига сабаб, деб эътиқод қилса, у ширкка воситадир. Аммо, саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг Пайғамбар соллал-лоҳу алайҳи ва салламнинг мўйларини, тупукларини, жисмларидан ажраган нарсани табаррук қилишларига келсак, бу у зотнинг улар орасида ҳаётлик пайтларига хосдир. Аммо, вафотларидан сўнг саҳобалар у зотнинг ҳужраларини, қабрларини табаррук қилмаганлар, намоз ўқиган ёки ўтирган жойларини табарруклаш учун бормаганлар. Шунингдек, Абу Бакр, Умар ва бошқа улуғ саҳобалар каби солиҳ кишиларни тириклигида ҳам, ўлганларидан кейин ҳам табаррук-ламаганлар. Ҳиро ғорига намоз ўқиш, дуо қилиш учун келмас эдилар, Мусо алайҳис-салом Аллоҳ билан гаплашган Тур тоғига намоз ўқиш учун бормаганлар. Ва бошқа пайғамбарларнинг ёки улуғларнинг жойлари деб айтиладиган тоғларга, маконларга, бирон пайғамбарнинг қадамжосига қурил-ган сағаналарга бормаганлар. Ҳатто, Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо Мадинаи Набавияда намоз ўқиб юрган жойни ҳам, ёки Маккада ё бошқа жойда намоз ўқиган жойларини салафлардан биронтаси ўпмаган, силама-ган, улуғламаган. Агар муборак икки оёқлари билан босиб намоз ўқиб турган жойни ўпиш ёки силаш умматлари учун машруъ бўлмаган экан, қандай қилиб бошқа бировлар намоз ўқиган, ухлаган деб айтиладиган жойни ўпиб, силаш жоиз бўлсин?!
3) Ибодатлар ва Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ўринларидаги бидъатлар:
Бу замонда ибодатлар ўрнида пайдо қилинган бидъатлар кўп. Ибодатлардаги асл-асос – далил билан шаръий бўлишидир. Бирор далил ва ҳужжати бўлмаган нарса бидъатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ким унда бизнинг амримиз бўлмаган бир ишни қилса у рад этилгандир» (Имом Муслим ривояти).
Бирон бир далилсиз қилинадиган ибодатлар жуда кўп бўлиб, қуйидагилар шулар жумласидан:
— Намозга жаҳрий ният қилиш, яъни, ният қилдим Аллоҳ учун фалон-фалон намоз ўқимоқликни дейиш. Бу бидъат, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан эмас. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: Сизлар Аллоҳга динингларни билдирмоқчимисизлар?! Ҳолбуки, Аллоҳ осмонлардаги ва Ердаги бор нарсани билур. Аллоҳ барча нарсани билгувчидир!» (Ҳужурот: 16). Ниятнинг ўрни қалбдир, у қалбга оид амал, тилга эмас.
— Намоздан сўнг жамоат бўлиб зикр қилиш. Бу ҳам бидъат, чунки ҳар бир шахс вирд ва зикрларни ёлғиз-ёлғиз айтиши шаръийдир.
— Бирон муносабатларда ёки дуодан кейин ёки ўликлар учун Фотиҳа ўқишни сўраш.
— Ўлганларга атаб мотамхоналар қилиш, маросим қилиб дастурхонлар тузаш, қорилар ёллаш. Буни ўлганга фойдаси бор деб ёки азадорликнинг бир тури деб ўйлайдилар. Буларнинг барчаси бидъат ва асли йўқ ишлардир.
— Диний муносабатлар туфайли йиғилишлар қилиш. Масалан: Исро ва меърож муносабати, набавий ҳижрат муносабати каби. Бундай йиғилишларнинг ҳам шариатда асли йўқ.
— Ражаб ойида ражабий умра деб умра қилиш, унга айрим нафл намозлари ва нафл рўзаларни хослаш. Аслида, бу ойнинг ҳам бошқа ойлардан умрада, намозда, рўзада, қурбонликда ва бошқаларда ажралиб турадиган жойи йўқ.
— Сўфийларнинг турли туман зикрлари. Уларнинг ҳаммаси бидъат. Чунки, сўзларида, кўринишларида ва вақтларида шаръий зикрларга хилофлик бор.
— Шаъбон ойининг қоқ ярмидаги бир тунни тунги намозга, кунни эса рўзага хослаш. Бу ҳақда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳеч нарса собит бўлмаган.
— Қабрларга сағана қуриш, масжид қилиб олиш, табаррукланиш мақсадида зиёрат қилиш, ўликларни восита қилиш ва бошқа ширкий ишлар, шунингдек, аёлларнинг қабрларни зиёрат қилиши ҳам шу жумладандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни, қабрлар устига масжид қурувчиларни, чироқлар ёқувчиларни лаънатлаганлар.
Бидъат куфрнинг элчисидир. У Аллоҳ ва Расули қонун қилмаган, динда ортиқча нарса бўлиб, гуноҳи кабирадан ҳам ёмон. Шайтон бидъат амали қилинганда гуноҳи кабирага хурсанд бўлганидан кўра кўпроқ хурсанд бўлади. Чунки, гуноҳ қилувчи гуноҳ қилганини билиб тавба қилади. Бидъатчи эса бидъатни қилиб, ўзини Аллоҳга яқинлик қилувчи диндор деб ҳисоблайди ва тавба қилмайди. Бидъат суннатни йўқ қилади, у ўз аҳлига суннатларни қилишни ва суннат аҳлини ёмон кўргизади. Бидъат Аллоҳдан узоқлаш-тиради, Аллоҳнинг ғазабини, азобини келтиради ва қалбларнинг занглаши ва фасодига олиб келади.
Бидъатчига қандай муомала қилинади:
Бидъатчи билан ҳамсуҳбат бўлиш, у билан бирга ўтириш ҳаром, фақат насиҳат юзасидан ва унга амалининг мункар эканини билдириш учун бирга ўтириш мумкин. Чунки, унга кўп аралашиб юриш ўзининг ёмон таъсирини ўтказади. Агар уни тийиб қўйишнинг иложи бўлмаса, ундан ва унинг ёмонлигидан эҳтиёт бўлиш вожиб.
Мусулмонларнинг олимлари ва пешволари бидъатчиларни тийиб қўйишлари ва уларнинг қўлидан тутиб, ёмонликлардан қайтаришлари вожиб. Чунки, уларнинг Исломга нисбатан хатарлари қаттиқ. Шуни ҳам билиш лозимки, кофир давлатлар бидъатчилар бидъатини кенг ёйиши учун уларга турли йўллар билан ёрдам беришади. Чунки, мана шу йўл билан Исломга зарба беришни, унинг асл суратини булғашни мақсад қилишади.
Аллоҳ азза ва жалладан динига нусрат беришини, калимасини олий қилишини ва душманларини хор қилишини сўраймиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад сол-лаллоҳу алайҳи ва салламга, оиласи ва асҳобларига Аллоҳнинг саловот ва саломлари бўлсин.

 

МУНДАРИЖА
МУҚАДДИМА    1
БИРИНЧИ БОБ: АҚИДА ИЛМИГА КИРИШ    3
БИРИНЧИ БЎЛИМ: АҚИДА МАЪНОСИ, УНИНГ ДИН БИНОСИНИНГ ПОЙДЕВОРИ СИФАТИДАГИ АҲАМИЯТИ    3
ИККИНЧИ БЎЛИМ: СОҒЛОМ АҚИДА МАНБАЛАРИ ВА АҚИДАНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШДАГИ САЛАФЛАР МАНҲАЖИ    6
УЧИНЧИ БЎЛИМ: АҚИДАДАН ОҒИБ КЕТИШ ВА УНДАН  АҚЛАНИШ ЙЎЛЛАРИ    8
ИККИНЧИ БОБ: ТАВҲИДНИНГ МАЪНОСИ ВА ТУРЛАРИ    16
1. РУБУБИЯТ ТАВҲИДИ    16
БИРИНЧИ БЎЛИМ: РУБУБИЯТ ТАВҲИДИ МАЪНОСИ, МУШРИКЛАР ҲАМ УНИ ТАН ОЛИШЛАРИ    17
ИККИНЧИ БЎЛИМ: РОБ КАЛИМАСИНИНГ ҚУРЪОН ВА СУННАТДАГИ МАЪНОСИ, АДАШГАН ХАЛҚЛАРНИНГ РУБУБИЯТ БОБИДАГИ ДУНЁҚАРАШЛАРИ ВА УЛАРГА РАДДИЯЛАР    22
УЧИНЧИ БЎЛИМ: БОРЛИҚНИНГ АЛЛОҲГА ИТОАТ ВА ТАСЛИМ БИЛАН БЎЙСУНИШИ    30
ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ: ҚУРЪОННИНГ АЛЛОҲНИНГ ЯРАТИШ, РИЗҚ БЕРИШ ВА БОШҚА ИШЛАРДА ЯГОНАЛИГИНИ ИСБОТЛАШДАГИ МАНҲАЖИ    34
БЕШИНЧИ БЎЛИМ: РУБУБИЯТ ТАВҲИДИ УЛУҲИЯТ ТАВҲИДИНИ ЛОЗИМ ТУТИШИ    40
2. УЛУҲИЯТ ТАВҲИДИ    44
БИРИНЧИ БЎЛИМ: УЛУҲИЯТ ТАВҲИДИНИНГ
МАЪНОСИ ВА УНИНГ ПАЙҒАМБАРЛАР ДАЪВАТИ МАВЗУСИ ЭКАНИ    45
ИККИНЧИ БЎЛИМ: ИККИ ШАҲОДАТ КАЛИМАСИ: МАЪНОЛАРИ, РУКНЛАРИ, ШАРТЛАРИ, УЛАР ТАҚОЗО ҚИЛАДИГАН ИШЛАР, УЛАРНИ БУЗУВЧИ ИШЛАР    49
УЧИНЧИ БЎЛИМ: ҚОНУНЧИЛИК: ҲАЛОЛ ҚИЛИШ ВА ҲАРОМ ҚИЛИШ АЛЛОҲНИНГ ҲАҚҚИ    63
ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ: ИБОДАТ: МАЪНОСИ, ТУРЛАРИ, УМУМИЙЛИГИ    66
БЕШИНЧИ БЎЛИМ: ИБОДАТНИНГ ҲАД-ҲУДУДИНИ БЕЛГИЛАШДАГИ ХАТО ТУШУНЧАЛАР БАЁНИ    69
ОЛТИНЧИ БЎЛИМ: ДУРУСТ ИБОДАТНИНГ
УСТУНЛАРИ    72
3. ИСМ ВА СИФАТЛАР ТАВҲИДИ    75
УЧИНЧИ БОБ: БАШАРИЯТ ҲАЁТИДАГИ ЙЎЛДАН ОҒИШ. КУФР, ДИНСИЗЛИК, ШИРК
ВА НИФОҚ ТАРИХИГА БИР НАЗАР    89
БИРИНЧИ БЎЛИМ: БАШАРИЯТ ҲАЁТИДАГИ ЙЎЛДАН ОҒИШ    89
ИККИНЧИ БЎЛИМ: ШИРК, ТАЪРИФИ, ТУРЛАРИ    93
УЧИНЧИ БЎЛИМ: КУФР, ТАЪРИФИ, ТУРЛАРИ    101
ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ: НИФОҚ, ТАЪРИФИ, ТУРЛАРИ    106
БЕШИНЧИ БЎЛИМ: ЖОҲИЛИЯТ, ФИСҚ, ЗАЛОЛАТ, МУРТАДЛИК, УЛАРНИНГ ҚИСМЛАРИ ВА ҲУКМЛАРИ    112
ТЎРТИНЧИ БОБ: ТАВҲИДГА ЗИД БЎЛГАН
ЁКИ УНИ НУҚСОНЛИ ҚИЛАДИГАН СЎЗ
ВА ИШЛАР    119
БИРИНЧИ БЎЛИМ: КАФТ, ФИНЖОН ВА ШУ КАБИЛАРГА ЎҚИШ БИЛАН ҒАЙБНИ БИЛИШНИ ДАЪВО ҚИЛИШ    120
ИККИНЧИ БЎЛИМ: СЕҲРГАРЛИК, ФОЛБИНЛИК, БАШОРАТЧИЛИК    123
УЧИНЧИ БЎЛИМ: ҚАБРЛАР ВА ЗИЁРАТГОҲЛАРГА ҚУРБОНЛИК, НАЗР ВА ҲАДЯЛАР КЕЛТИРИШ ВА
УЛАРНИ УЛУҒЛАШ    128
ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ: ҲАЙКАЛЛАРНИ ВА ХОТИРА
УЧУН ЎРНАТИЛГАН ТОШЛАРНИ УЛУҒЛАШ ҲУКМИ ҲАҚИДА    134
БЕШИНЧИ БЎЛИМ: ДИННИ МАСХАРА ҚИЛИШ, УНИНГ ҲУРМАТЛАРИНИ ПОЙМОЛ ҚИЛИШ    137
ОЛТИНЧИ БЎЛИМ: АЛЛОҲ НОЗИЛ ҚИЛГАНДАН БОШҚА НАРСА БИЛАН ҲУКМ ҚИЛИШ    140
ЕТТИНЧИ БЎЛИМ: ҚОНУН ЧИҚАРИШ, ҲАЛОЛ ҚИЛИШ ВА ҲАРОМ ҚИЛИШ ҲАҚҚИНИ ДАЪВО ҚИЛИШ    148
САККИЗИНЧИ БЎЛИМ: ДИНСИЗ ТОИФАЛАРГА, ЖОҲИЛИЙ ПАРТИЯЛАРГА АЪЗО БЎЛИШНИНГ ҲУКМИ    152
ТЎҚҚИЗИНЧИ БЎЛИМ: ҲАЁТГА МОДДИЙЛИК НАЗАРИ БИЛАН ҚАРАШ ВА БУ НАЗАРИЯНИНГ ЗАРАРЛАРИ    158
ЎНИНЧИ БЎЛИМ: РУҚЯЛАР  ВА ТУМОРЛАР    163
ЎН БИРИНЧИ БЎЛИМ: АЛЛОҲДАН БОШҚАГА ҚАСАМ ИЧИШ, МАХЛУҚНИ АЛЛОҲГА ВОСИТА ҚИЛИШ,
АЛЛОҲНИ ҚЎЙИБ, МАХЛУҚДАН МАДАД  ТИЛАШ
ҲУКМИ    167
БЕШИНЧИ БОБ: РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ ВА АҲЛИ БАЙТЛАРИ ҲАМДА САҲОБАЛАРИ ҲАҚЛАРИДА ЭЪТИҚОД ҚИЛИШ ВОЖИБ БЎЛГАН НАРСАЛАР
БАЁНИ    177
БИРИНЧИ БЎЛИМ: РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ
АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИ ЯХШИ КЎРИШ ВА
УЛУҒЛАШНИНГ ВОЖИБЛИГИ, У ЗОТНИ КЎКЛАРГА КЎТАРИБ МАҚТАШДАН ҚАЙТАРИЛГАНЛИК ВА У
ЗОТНИНГ ДАРАЖАЛАРИ БАЁНИ ҲАҚИДА    178
ИККИНЧИ БЎЛИМ: РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМГА ИТОАТ ҚИЛИШ ВА ЭРГАШИШНИНГ  ВОЖИБЛИГИ ҲАҚИДА    187
УЧИНЧИ БЎЛИМ: РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМГА САЛОВОТ ВА САЛОМЛАР ЙЎЛЛАШНИНГ ШАРЪИЙЛИГИ ҲАҚИДА    191
ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ: АҲЛИ БАЙТНИНГ ФАЗЛИ ВА УЛАР ХУСУСИДА ЖАФО ҲАМ ҚИЛМАЙ, ҒУЛУВ ҲАМ КЕТМАЙ ЭЪТИҚОД ҚИЛИШ ЛОЗИМ БЎЛГАН  НАРСАЛАР
ҲАҚИДА    194
БЕШИНЧИ БЎЛИМ: САҲОБАЛАРНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ ВА УЛАР ХУСУСИДА ЭЪТИҚОД ҚИЛИШ ВОЖИБ БЎЛГАН НАРСАЛАР ҲАҚИДА, САҲОБАЛАР ОРАСИДА ВУЖУДГА КЕЛГАН ИШЛАР ХУСУСИДА АҲЛУС-СУННА ВАЛ-ЖАМОАНИНГ ТУТГАН  ЙЎЛИ ҲАҚИДА    198
ОЛТИНЧИ БОБ: БИДЪАТЛАР    208
БИРИНЧИ БЎЛИМ: БИДЪАТНИНГ ТАЪРИФИ, ТУРЛАРИ, ҲУКМЛАРИ    209
ИККИНЧИ БЎЛИМ: МУСУЛМОНЛАР ҲАЁТИДА БИДЪАТЛАРНИНГ ПАЙДО БЎЛИШИ ВА УНГА ОЛИБ КЕЛГАН САБАБЛАР    215
УЧИНЧИ БЎЛИМ: ИСЛОМ УММАТИНИНГ БИДЪАТЧИЛАРГА НИСБАТАН ТУТГАН ЎРНИ ВА АҲЛУС-СУННА ВАЛ-ЖАМОАНИНГ УЛАРНИ РАД ҚИЛИШДАГИ МАНҲАЖИ    222
ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ: ЗАМОНАВИЙ БИДЪАТЛАРДАН НАМУНАЛАР    227
МУНДАРИЖА    235