Тавҳид калимасининг фазилатлари

Ушбу рисолада тавҳид калимасининг Қуръони Карим ва Суннатда ворид бўлган фазилатлари баён қилинади.

Тавҳид калимасининг фазилатлари
«Калиматут-тавҳид, фазоилуҳа ва мадлулуҳа ва шурутуҳа ва навоқизуҳа» китобидан иқтибос

[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин ал-Бадр



Мутаржим: Абу Жаъфар Бухорий
Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший
 
فضائل كلمة التوحيد
مقتبس من كتاب "كلمة التوحيد لا إله إلا الله فضائلها ومدلولها وشروطها ونواقضها"
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
عبد الرزاق بن عبد المحسن البدر

ترجمة: أبو جعفر البخاري
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي

 

Муқаддима
Бутун оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Мен: «Шериксиз якто Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси» эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳга кўплаб салому салавотлар ёғдирсин!
Сўнг ...
Ушбу рисола сўзларнинг энг хайрлиси, фазилатлиси, муаззами ва энг фойдалиси бўлмиш Тавҳид калимаси «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг фазилатлари, маънолари, шартлари ва бузувчилари ҳақида айтилган гапларнинг қаймоғини ўз ичига олади. Аслида, ушбу рисола, айрим фазилатли биродарларимизнинг таклифига биноан ҳамда фойдаси кенгроқ ва тушунилиши осонроқ бўлиши умидида, каминанинг «Фиқҳул адъияти вал-азкаар» китобимдан ажратиб олингандир.
Аллоҳ таолодан бу рисолага баракаларини ёғдириши, истаган қулларига ҳидоят дарвозаси қилиши, бунинг воситасида бизларни ҳам Ўзи инъомлар ато этган пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар, солиҳлар йўлига ҳидоятлашини тилайман. — Улар қандай ҳам яхши дўстлардир! — Аллоҳ биз учун етарлидир!
Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, унинг оиласи ва бутун асҳобларига салавоту саломлар йўлласин!
Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин ал-Бадр

Тавҳид калимаси «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг фазилатлари
Бу буюк калиманинг муаззам ва бебаҳо фазилатлари, сон-саноқсиз хусусиятлари бўлиб, уларни адоғигача санашга ҳеч кимнинг кучи етмайди.
Бу калима — калималарнинг энг афзали, буюги ва муаззами бўлиб, у учунгина махлуқотлар яратилган, элчи-пайғамбарлар юборилган ва илоҳий китоблар туширилган.
Бу калима билан одамлар мўмин ва кофирларга, бахтиёр ва бахтиқароларга ажралганлар.
Бу калима — мустаҳкам арқон, иймон тармоқларининг энг муҳими, жаннатни қўлга киритиш ва жаҳаннамдан қутулиш йўли, шаҳодат калимаси, саодат диёрининг очқичи, диннинг асли, асоси ва чўққисидир.
Бу калиманинг фазилатлари ва диндаги мавқеи таъриф-лаганларнинг таърифи, орифларнинг билганлари устида-дир. Аллоҳ таоло айтди:
﴿ شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ ﴾
«Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикмат Эгасидир» (Оли Имрон: 18).
Қуръони Каримда бу калиманинг фазилатлари ҳақида, Аллоҳ таолонинг уни пайғамбарлар чақириғининг қаймоғи ва хулосаси қилгани баён қилинган:
﴿ وَمَا أَرْسَلْنَا مِنْ قَبْلِكَ مِنْ رَسُولٍ إِلَّا نُوحِي إِلَيْهِ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنَا فَاعْبُدُونِ ﴾
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Менгина бордирман, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандир-миз» (Анбиё: 25);
﴿ وَلَقَدْ بَعَثْنَا فِي كُلِّ أُمَّةٍ رَسُولًا أَنِ اعْبُدُوا اللَّهَ وَاجْتَنِبُوا الطَّاغُوتَ ﴾
«Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36);
﴿ يُنَزِّلُ الْمَلَائِكَةَ بِالرُّوحِ مِنْ أَمْرِهِ عَلَى مَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ أَنْ أَنْذِرُوا أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنَا فَاتَّقُونِ ﴾
«(Аллоҳ) Ўз амри-иродаси билан Ўзи хоҳлаган бандаларига фаришталарни (шундай) ваҳий билан туширур: («Эй пайғамбарларим, инсонларни) огоҳланти-рингларки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Мен Ўзимгина бордирман. Бас, (барчаларингиз) Мендангина қўрқин-гиз!»» (Наҳл: 2).
Бу сурадаги оят, Аллоҳ таоло илк ўлароқ бандаларига ёғдирган неъматларни санагани ва бу неъматга эришиш Аллоҳ таолонинг бандаларига мўл қилган тавфиқи билангина мумкин эканига далолат қилмоқда:
﴿ وَأَسْبَغَ عَلَيْكُمْ نِعَمَهُ ظَاهِرَةً وَبَاطِنَةً ﴾
«... ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (яъни, моддий-маънавий) неъматларини комил қилиб бергани-ни кўрмадингларми?!» (Луқмон: 20).
Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ ушбу оятдаги «неъматлар»ни «Ла илаҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ)» калимаси, дея тафсир қилди (Ибн Жарир тафсири, 11/78).
Суфён ибн Уйайна раҳимаҳуллоҳ: «Аллоҳ таоло бандаларидан бирига «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ)» эканини танитганидан кўра каттароқ неъмат бермаган», деди (Ибн Ражаб «Калиматул ихлаас», 53).
 Бу калиманинг фазилатларидан: Аллоҳ таоло тавҳид калимасини «ширин (яхши) сўз» деб атади ва деди:
﴿ أَلَمْ تَرَ كَيْفَ ضَرَبَ اللَّهُ مَثَلًا كَلِمَةً طَيِّبَةً كَشَجَرَةٍ طَيِّبَةٍ أَصْلُهَا ثَابِتٌ وَفَرْعُهَا فِي السَّمَاءِ  تُؤْتِي أُكُلَهَا كُلَّ حِينٍ بِإِذْنِ رَبِّهَا وَيَضْرِبُ اللَّهُ الْأَمْثَالَ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُونَ ﴾
«(Эй инсон), Аллоҳ яхши Сўзга (яъни, иймон калимасига) қандай мисол келтирганини кўргин: у Сўз худди бир асил дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (Ер остига) маҳкам ўрнашган, шохлари эса осмонда бўлиб, Парвардигорининг изни-иродаси би-лан мудом мева берур. Аллоҳ одамлар эслатма-ибрат олишлари учун мана шундай мисоллар келтирур» (Иброҳим: 24, 25).
 Бу калима — Аллоҳнинг ушбу оятида собит бўлган қавлдир:
﴿ يُثَبِّتُ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا بِالْقَوْلِ الثَّابِتِ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَفِي الْآخِرَةِ وَيُضِلُّ اللَّهُ الظَّالِمِينَ وَيَفْعَلُ اللَّهُ مَا يَشَاءُ ﴾
«Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур. Золимларни эса Аллоҳ (ҳақ) йўлдан оздирур. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур» (Иброҳим: 27).
 Бу калима — Аллоҳнинг ушбу қавлидаги аҳддир:
﴿ لَا يَمْلِكُونَ الشَّفَاعَةَ إِلَّا مَنِ اتَّخَذَ عِنْدَ الرَّحْمَنِ عَهْدًا ﴾
«(У кунда) фақат Раҳмон наздида аҳду-паймон олган, (Аллоҳни бир билиб зиммаларидаги фарзларни адо этган) кишиларгина шафоат қилишга эга бўлурлар» (Марям: 87).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг: “Аҳду-паймон” — “Ла илаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир) калимаси бўлиб, вазиятларнинг ўзгариши ва куч- қувват учун Аллоҳ азза ва жаллага йўналишдир ва бу барча тақвонинг чўққисидир», дегани ривоят қилинган (Табароний «ад-Дуъаа», 3/1518).
 Бу калиманинг фазилатларидан бири, у мустаҳкам ҳалқа бўлиб, уни ушлаган одам нажот топади, ушламаган одам эса ҳалокатга учрайди. Аллоҳ таоло айтди:
﴿ فَمَنْ يَكْفُرْ بِالطَّاغُوتِ وَيُؤْمِنْ بِاللَّهِ فَقَدِ اسْتَمْسَكَ بِالْعُرْوَةِ الْوُثْقَى ﴾
«Бас, ким шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди» (Бақара: 256);
﴿ وَمَنْ يُسْلِمْ وَجْهَهُ إِلَى اللَّهِ وَهُوَ مُحْسِنٌ فَقَدِ اسْتَمْسَكَ بِالْعُرْوَةِ الْوُثْقَى ﴾
«Ким чиройли амал қилгувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас, у мустаҳкам халқани ушлабди. Барча ишлар охир-оқибатда ёлғиз Аллоҳга борур» (Луқмон: 22).
 Бу калиманинг фазилатларидан яна бири, у Аллоҳнинг фидокор дўсти Иброҳим алайҳиссалоту вассалом ўзидан кейингилар учун шояд (Аллоҳнинг йўлига) қайтарлар дея мангу қолдирган калимадир. Аллоҳ таоло айтди:
﴿ وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ لِأَبِيهِ وَقَوْمِهِ إِنَّنِي بَرَاءٌ مِمَّا تَعْبُدُونَ  إِلَّا الَّذِي فَطَرَنِي فَإِنَّهُ سَيَهْدِينِ  وَجَعَلَهَا كَلِمَةً بَاقِيَةً فِي عَقِبِهِ لَعَلَّهُمْ يَرْجِعُونَ ﴾
«Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман. Магар мени яратган зотгагина (ибодат қилурман). Бас, албатта У мени (ҳақ динга) ҳидоят қилажак». У (Иброҳим) ўшани (яъни, ўзининг ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиши ҳақидаги сўзни ўзидан кейин келадиган зурриёт-авлодлари ҳам унга) қайтишлари учун ўз ортида қолгувчи сўз қилди» (Зухруф: 26 – 28).
 Бу калима — Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига фарз қилган — тақво калимаси бўлиб, улар бунга энг лойиқ ва ҳақдор эдилар. Аллоҳ таоло айтди:
﴿ إِذْ جَعَلَ الَّذِينَ كَفَرُوا فِي قُلُوبِهِمُ الْحَمِيَّةَ حَمِيَّةَ الْجَاهِلِيَّةِ فَأَنْزَلَ اللَّهُ سَكِينَتَهُ عَلَى رَسُولِهِ وَعَلَى الْمُؤْمِنِينَ وَأَلْزَمَهُمْ كَلِمَةَ التَّقْوَى وَكَانُوا أَحَقَّ بِهَا وَأَهْلَهَا وَكَانَ اللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمًا ﴾
«Ўшанда ко¬фир бўлган кимсалар дилларига қизиққонликни — динсизлик қизиққонлигини солган-ларида (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар эканликларини инкор этишиб, мусулмонларни Маккага киришдан тўсганларида) Аллоҳ Ўз пайғамба-рининг ва мўминларнинг устига Ўз сакинат — оромини туширди ва уларга тақво калимасини (яъни, ла илаҳа иллаллоҳ калимасини) лозим қилди. Улар ўша (калима)га жуда ҳақдор ва аҳл-лойиқ эдилар. Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган Зотдир» (Фатҳ: 29).
Абу Исҳоқ Сабиъий раҳимаҳуллоҳ айтди: Амр ибн Маймувн раҳимаҳуллоҳ: «Одамлар «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ) жумласидан кўра афзалроқ жумлани айтмаганлар», деди. Саъд ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ: «Эй Абу Абдуллоҳ, у нима эканини биласизми? Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, у Аллоҳ таоло Муҳамад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларига фарз қилган ва улар унга лойиқ ва унинг аҳли бўлган тақводир», деди (Табароний «ад-Дуъаа», 3/1533).
 Бу калиманинг фазилатларидан яна бири, бу калима — тўғриликнинг энг чўққиси ва ғоясидир. Аллоҳ таоло айтди:
﴿ يَوْمَ يَقُومُ الرُّوحُ وَالْمَلَائِكَةُ صَفًّا لَا يَتَكَلَّمُونَ إِلَّا مَنْ أَذِنَ لَهُ الرَّحْمَنُ وَقَالَ صَوَابًا ﴾
«Руҳ (Жаброил) ва (барча) фаришталар саф тортиб турадиган Кунда улар (инсонлар) У зотдан (Аллоҳдан) қўрқиб бирон сўз айтишга қодир бўлмаслар. Улар сўзлай олмаслар, фақат У Меҳрибон зот изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзни айтур» (Набаъ: 28).
Алий ибн Талҳа раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг Аллоҳ таолонинг:
﴿ مَنْ أَذِنَ لَهُ الرَّحْمَنُ وَقَالَ صَوَابًا ﴾
«У Меҳрибон зот изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзни айтур» (Набаъ: 28) ояти ҳақида: «Фақат, Аллоҳ таоло «Ла илаҳа иллаллоҳ» гувоҳлиги билан изн берган (кишиларгина гапира оладилар). У — ростлик-нинг чўққисидир», деганини ривоят қилди (Табароний «ад-Дуъаа», 3/1520).
Икрима раҳимаҳуллоҳ: «Ростлик — «Ла илаҳа иллоллоҳ»дир», деди (Табароний «ад-Дуъаа», 3/1520).
 Бу калиманинг фазилатларидан яна бири, бу калима — Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида тилга олинган ҳақиқий дуодир:
﴿ لَهُ دَعْوَةُ الْحَقِّ وَالَّذِينَ يَدْعُونَ مِنْ دُونِهِ لَا يَسْتَجِيبُونَ لَهُمْ بِشَيْءٍ إِلَّا كَبَاسِطِ كَفَّيْهِ إِلَى الْمَاءِ لِيَبْلُغَ فَاهُ وَمَا هُوَ بِبَالِغِهِ وَمَا دُعَاءُ الْكَافِرِينَ إِلَّا فِي ضَلَالٍ ﴾
«Ҳақиқий дуо-илтижо фақат Унга қилинур. Ундан ўзга — (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган бутлар у мушрикларнинг биронта дуосини мустажоб қилмас. Илло улар бир кимсага ўхшайдиларки, у кимса кафтларини сувга ёзиб, у сув оғзига етишини кутиб турар. Ҳолбуки, у (сув) унинг оғзига етгувчи эмасдир. (Яъни, худди сув жонсиз нарса бўлгани туфайли ташна кишининг ҳолидан бехабар бўлиши, бинобарин, унинг оғзига бориб етмагани каби у мушриклар дуо-илтижо қиладиган бутлари ҳам жонсиз нарса бўлганлари сабабли уларнинг дуоларини эшитмас — муста¬жоб қилмас.) Бундай кофирларнинг дуолари мутлақо бефойда — хатодир» (Раъд: 14).
 Бу калиманинг фазилатларидан бири, бу калима — Ислом аҳли атрофида тўпланган, унга кўра дўстлашиб, душманлашган, суюб, нафрат қилишган ҳақиқий алоқадир. Бу калима сабабли Ислом жамияти бир тана, бир-бирини мустаҳкамлаган бино янглиғ бўлгандир.
Шайх аллома Муҳаммад Амин Шанқитий раҳимаҳуллоҳ «Азвааул баян» китобида шундай деган: «Парчаларни тўплайдиган ва фарқли нарсаларни бирлаштирадиган алоқа — «Ла илаҳа иллаллоҳ» уюшмасидир. Ахир кўрмайсизми, бу алоқа исломий жамиятнинг барча аъзосини ягона жасаддек бирлаштириб, бир-бирини маҳкам тутган бинога айлантирди. Ўрталаридаги катта фарқ бўлишига қарамай Арш ҳаммоллари ва Арш атрофидаги фаришталарнинг кўнгиллари Ер юзидаги одамзот учун меҳрга тўлди. Аллоҳ таоло айтди:
﴿ الَّذِينَ يَحْمِلُونَ الْعَرْشَ وَمَنْ حَوْلَهُ يُسَبِّحُونَ بِحَمْدِ رَبِّهِمْ وَيُؤْمِنُونَ بِهِ وَيَسْتَغْفِرُونَ لِلَّذِينَ آمَنُوا رَبَّنَا وَسِعْتَ كُلَّ شَيْءٍ رَحْمَةً وَعِلْمًا فَاغْفِرْ لِلَّذِينَ تَابُوا وَاتَّبَعُوا سَبِيلَكَ وَقِهِمْ عَذَابَ الْجَحِيمِ  رَبَّنَا وَأَدْخِلْهُمْ جَنَّاتِ عَدْنٍ الَّتِي وَعَدْتَهُمْ وَمَنْ صَلَحَ مِنْ آبَائِهِمْ وَأَزْوَاجِهِمْ وَذُرِّيَّاتِهِمْ إِنَّكَ أَنْتَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ  وَقِهِمُ السَّيِّئَاتِ وَمَنْ تَقِ السَّيِّئَاتِ يَوْمَئِذٍ فَقَدْ رَحِمْتَهُ وَذَلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ ﴾
«Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришталар) Парвардигорларига ҳамду сано айтиш билан (У зотни барча айбу нуқсонлардан) поклаб-тасбеҳ айтурлар ва У зотга иймон келтирурлар, ҳамда иймон келтирган кишиларни мағфират қилишини сўрарлар: «Парвардигоро, Ўзинг раҳмат-меҳрибонлик ва илм жиҳатидан барча нарсадан кенгдирсан. Бас, тавба-тазарруъ қилган ва Сенинг йўлингга эргашган киши-ларни Ўзинг мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин. Парвардигоро, уларни ҳам, уларнинг ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриёт-лари орасидаги солиҳ-мўмин бўлган кишиларни ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган мангу жаннатларга дохил қилгин. Албатта Сенинг Ўзинггина қудрат ва ҳикмат соҳибидирсан. Ўзинг уларни барча ёмонликлардан асрагин. Кимни ўша Кундаги (Қиёматдаги) ёмонлик-лардан асрасанг, бас, ҳақиқатан унга раҳм-шафқат қилибсан. Мана шу буюк бахтдир»» (Ғофир: 7 – 9).
Оятлар Арш ҳаммоллари ва Арш атрофидаги фаришталар билан, Ер юзидаги одамзот ўртасини боғлаган алоқа — Аллоҳ таолога бўлган иймон борлиги, шунинг учун ҳам улар Аллоҳ таолога ушбу муаззам тилаклар билан илтижо қилганига ишора қилмоқда.
Шавконий раҳимаҳуллоҳ давом этиб шундай дейди: «Хуллас, ер аҳлининг ҳам, ер аҳли билан само аҳлини бир-бирига боғлаб турган восита ҳам, «Ла илаҳа иллаллоҳ»дир. Шунинг учун, ундан бошқа чақириқ билан чақириш жоиз бўлмайди, албатта» («Азвааул баяан» 3/447, 448).
 Бу калиманинг фазилатларидан бири, бу калима — ҳасанотларнинг энг афзалидир. Аллоҳ таоло айтди:
﴿ مَنْ جَاءَ بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ خَيْرٌ مِنْهَا ﴾
«Ким яхшилик билан келса, бас, унинг учун ўша (яхшилигидан) яхшироқ мукофот бўлур» (Намл: 89).
Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳум ва бошқаларнинг: «Ҳасанотдан мақсад — «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир), демакдир» деганлари нақл қилинган (Табароний «ад-Дуъаа», 3/1497, 1498).
Икрима раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг:
﴿ مَنْ جَاءَ بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ خَيْرٌ مِنْهَا ﴾
«Ким яхшилик билан келса, бас, унинг учун ўша (яхшилигидан) кўра яхшироқ мукофот бўлур» (Намл: 89) ояти ҳақида: «У (ҳасанот) — «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир) жумласидир. (Буни айтган одамга) ундан кўра яхшироқ нарсалар ҳам бор. Чунки “Ла илаҳа иллаллоҳ”дан кўра яхшироқ нарса йўқдир», дегани ривоят қилинган (Ибн Банно «Фазлут таҳлил ва саваабуҳул жалил», 74).
(Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг) Муснад(и) ва бошқа асарларда Абу Зарр разияллоҳу анҳудан ушбу ҳадис нақл қилинган: Мен: Ё Расулуллоҳ, менга мени жаннатга яқинлаштириб, жаҳаннамдан узоқлаштирадиган амални ўргатмайсизми?!, деб сўраганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар ёмонлик (гуноҳ) қилсанг, унинг орқасидан битта яхшилик қил. Ўша яхшиликнинг ўн баробар ортиқ савоби бор!», деб жавоб бердилар. Мен: “Ла илаҳа иллаллоҳ” ҳам ҳасанотларга кирадими?, деб сўрасам: «Ҳа, у — ҳасанотларнинг ҳасанотидир», дедилар («ал-Муснад», 5/169, Табароний «ад-Дуъаа», 1498. Ҳадис лафзи Табароний раҳимаҳуллоҳникидир).

  
Тавҳид калимасининг Суннатда келган
бошқа фазилатлари
Биз юқорида тавҳид калимаси — «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ) жумласининг Қуръони Каримда келган фазилатларининг айримларини айтиб ўтдик: бу муаззам калима боис Еру осмонлар тикланди, бутун махлуқотлар яратилди, пайғамбарлар юборилиб, китоблар нозил қилинди, шариатлар жорий қилинди, тарозилар қўйилиб, номалар ёзилди, жаннат ва жаҳаннам бозори қизиди ва одамлар мўмин ва кофир, яхши ва ёмонга айрилди. Бу калима яралиш, буюриш, савоб ва жазонинг манбаидир. У — миллат асосланган, қибла қурилган, аввалги-ю охиргилар маҳшарда сўроқланадиган ҳақиқат-дир. У кунда Аллоҳ ҳузурида турган банданинг оёқлари «Нимага ибодат қилар эдингиз?» ва «Пайғамбарларга қандай жавоб берган эдингиз?» саволларига жавоб бермагунича ердан узилмайди...
Биринчи: «Нимага ибодат қилар эдингиз?» саволига берилган жавоб, «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ) калимасини билим, иқрор ва амал нуқтаи назаридан ҳаётга татбиқ қилишдир.
Иккинчи: «Пайғамбарларга қандай жавоб берган эдингиз?» саволининг жавоби эса, «Албатта, Муҳаммад — Аллоҳнинг элчисидир» жумласини билим, иқрор, эргашиш ва итоат нуқтаи назаридан ҳаётга татбиқ қилишдир.
Тавҳид калимаси — «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ)нинг фазилатлари, банда санай олмайдиган даражада кўпдир. Унга бу дунё ва у дунёда бериладиган ажру савоб ва фойдаларнинг ҳеч бири одамзотнинг хаёлига келмаган. Шундай бўлсада, мен бу калиманинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида ворид бўлган фазилатларидан бир дастасини тақдим этмоқчиман.
 Бу калиманинг фазилатларидан бири, бу калима икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан нақл қилинган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига кўра, амалларнинг энг афзали, савоблари кўпи, (савоби) қулни озод қилишга тенг ва уни айтган одамга шайтондан қалқондир: «Ким бир кунда: «Шериксиз ягона Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, эгадорлик ва бутун ҳамдлар Унингдир. У ҳар нарсага қодирдир», дея юз марта айтса, унга юзта қулни озод қилиш савоби бўлади, юзта ҳасанот ёзилиб, юзта ёмонлиги (гуноҳи) ўчирилади ва бу (айтиши) ўша куни то оқшомгача унга шайтондан қалқон бўлади. (Қиёмат кунида) бундан кўра кўпроқ амал қилган одамгина ундан афзалроқ бўлади. (Бўлмаса, йўқ)» (Имом Бухорий, 6403, Имом Муслим, 2693).
Мазкур икки девонда Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари ҳам ривоят қилинган: «Ким у (тавҳид калимаси)ни ўн марта айтса, Исмоил ўғилларидан ўнта қулни озод қилган кишидек (савобга эга) бўлади» (Имом Бухорий, 6404, Имом Муслим, 2693).
 Бу калиманинг фазилатларидан яна бири, бу калима пайғамбарлар — соллаллоҳу алайҳим ва салламлар — айтган жумлаларнинг энг афзалидир. Бунинг исботи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ушбу ҳадисдир: «Мен ва пайғамбарлар Арафа туни айтганимиз энг афзал нарса: «Шериксиз ягона Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ, эгадорлик ва бутун ҳамдлар Унингдир. У ҳар нарсага қодирдир» (жумласидир)» (Алий разияллоҳу анҳу ривояти. Табароний «ад-Дуъаа», 874).
Бошқа бир ривоятда: «Дуоларниг энг яхшиси, Арафа кунидаги дуодир. Мен ва мендан аввалги пайғамбарлар айтган нарсаларнинг энг яхшиси: «Шериксиз ягона Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ, эгадорлик ва бутун ҳамдлар Унингдир. У ҳар нарсага қодирдир» (жумласидир)» [Термизий «Сунан», 3585. Бу ҳадисни шайх Албоний «ас-Силсилатус Саҳиҳа»да ҳасан ва: «Бу ҳадис, бутун гувоҳлар билан собитдир», деган (4/7, 8)].
 Бу калиманинг фазилатларидан бири, бу калима, «Муснад», Термизийнинг «Сунан» ва бошқа ҳадис девонларида яхши санад билан Амр ибн Ос разияллоҳу анҳудан нақл қилинган ҳадисда айтилганидек, Қиёмат кунида гуноҳ номаларини босиб кетади: «Умматимдан бир одамни Қиёмат куни халойиқ кўзи ўнгида чақирилади ва унинг тўқсон тўққизта номаси очилади. Уларнинг ҳар бири кўз тушадиган жойгача узун бўлади. Сўнгра, Аллоҳ таборака ва таоло унга: «Буларни инкор этасанми?», деб сўраганида: «Йўқ, Роббим», деб жавоб беради. Аллоҳ азза ва жалла: «Ҳа, бизда сенга тегишли битта ҳасанот бор! Сенга зулм қилинмайди», дейди ва унга «Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадар расулуллоҳ» (Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, дея гувоҳлик бераман) (ёзувлари ёзилган) гувоҳнома чиқарилади. Одам: «Роббим, бу номалар олдида бу гувоҳноманинг нима иши бор?», деб сўрайди. Аллоҳ азза ва жалла: «Дарҳаққиат, сенга зулм қилинмайди!», дейди ва номаларни тарозининг бир палласига, гувоҳномани эса бошқа палласига қўйилади. Номалар енгил келиб, гувоҳнома уларни босиб кетади» («Муснад», 2/213, Термизий «Сунан», 2639, Ибн Можа «Сунан», 4300. Шайх Албоний бу ҳадисни «Саҳиҳул жомеъ»да саҳиҳ деди, 8095).
Бу одам гуноҳ номаларини босиб кетадиган ва «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ) ёзилган гувоҳномани оладиган даражада чин юракдан иймон келтирди. Ҳолбуки, бандалар кўнгилларидаги иймонларига қараб қилаётган амалларида бир-бирларидан устун бўладилар. Қалбидаги иймони заиф бўлгани боис, «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни талаффуз қилган қанча-қанча одамларга бундай неъмат берилмайди. Икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Анас ибн Молик разияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ушбу ҳадис нақл қилинган: «Жаҳаннамдан «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ) деган ва қалбида арпа (донаси) оғирлигида яхшилик бўлган кимса чиқади. Жаҳаннамдан «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган ва қалбида буғдой (донаси) оғирлигида яхшилик бўлган кимса чиқади. Жаҳаннамдан «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган ва қалбида зарра оғирлигида яхшилик бўлган кимса чиқади» (Имом Бухорий, 44, Имом Муслим, 193, 325). Бундан «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган одамларнинг амаллари кўнгилларидаги иймонга қараб хилма-хил бўлиши равшан бўлмоқда.
 Бу калиманинг фазилатларидан бири, бу калима Еру осмонлар билан бирга тортилса, «Муснад»да Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисга кўра, уларни босиб кетади: «Нуҳ алайҳиссалом ўлими олдидаги ўғлига: «Мен сени «Ла илаҳа иллаллоҳ»га буюраман. Етти (қават) осмон ва етти (қават) Ер бир паллага, «Ла илаҳа иллаллоҳ» (бошқа) паллага қўйилса, уларни «Ла илаҳа иллаллоҳ» босиб кетади. Агар етти (қават) осмон қуйилган ҳалқа бўлса, «Ла илаҳа иллаллоҳ» уни узиб ташлайди», деди» («Муснад», 2/170, Шайх Албоний бу ҳадисни «Саҳиҳул жомеъ»да саҳиҳ деди, 1340).
 Бу калиманинг фазилатларидан бири, бу калима билан Аллоҳ орасида парда йўқдир. Ҳатто у пардаларни йиртиб, Аллоҳ таолога улашади. Термизийнинг «Сунан»и-да Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ҳасан санад билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган ушбу ҳадис бор: «Банда «Ла илаҳа иллаллоҳ» (жумласи)ни қачон катта гуноҳлардан эҳтиёт бўлиб самимий айтар экан, унга само дарвозалари Аршга етадиган даражада очилади» (Термизий «Сунан», 3590, Шайх Албоний бу ҳадисни «Саҳиҳул жомеъ»да саҳиҳ деди, 5648).
 Бу калиманинг фазилатларидан бири, бу калима уни айтган одам учун жаҳаннамдан нажотдир. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» ҳадислар девонида шундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муаззиннинг: «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман» деганини эшитгач: «Жаҳаннамдан чиқди!», дедилар» (Имом Муслим, 382).
Икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Утбон разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадиси келтирилган: «Дарҳақиқат, Аллоҳ жаҳаннамга Аллоҳ ризоси учун «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган одамни ҳаром қилди» (Имом Бухорий, 6938, Имом Муслим, 33, 263).
 Бу калиманинг фазилатларидан яна бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу калиманинг зикрларнинг энг афзали эканини айтдилар. Термизий ва бошқалар Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ушбу ҳадисни ривоят қилдилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Зикрларнинг энг афзали — «Ла илаҳа иллаллоҳ», дуоларнинг энг афзали эса «Алҳамдулиллаҳ» (Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!)дир» деганларини эшитганман» (Термизий, 3383, Ибн Можа «Сунан», 3800. Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни «Саҳиҳул жомеъ»да саҳиҳ деган, 1104).
 Бу калиманинг фазилатларидан бири, уни чин юракдан айтган кимса Қиёмат кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатлари билан бахтиёр бўлади. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу шундай ривоят қилган: «Ё Расулуллоҳ, Қиёмат кунида сизнинг шафоатингиз билан энг бахтиёр бўладиган одам ким?», деб сўрасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга бўлган эътиборинг боис бу ҳақда сендан илгари бирон кимсанинг сўрамаслигини ўйлар эдим. Одамларнинг Қиёмат кунида менинг шафоатим билан энг бахтиёр бўлгани — чин юракдан ёки самимий суратда «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтганларидир», деб жавоб бердилар (Имом Бухорий, 99).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур қавлларидаги «чин юракдан ёки самимий суратда «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтганларидир» жумласи бу калима қуруққина тил билан талаффуз қилган одамдан қабул қилинмаслиги, балки унинг Қуръон ва Суннатда баён қилинган шартлари ва заруратларини амалга ошириш кераклигига далолат қилади. Ўшандагина, бу калима уни айтган одамдан қабул қилинади.