Тобеинлар ҳаётига чизгилар (1-қисм)

Саҳобалар ҳаётига чизгилар номли ушбу китобда асри саодатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин даврда яшаб, саҳобалардан таълим олган солиҳ инсонлар бўлган тобеинлар ҳаётидан лавҳалар ўрин олгандир.

 

Тобеинлар ҳаётига чизгилар (1-қисм)
> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <    
        

 

Абдурраҳмон Раъфат Бошо



 

Таржима: Камолиддин Иноятуллоҳ
Таҳрир: Абу Абдуллоҳ Шоший

 

 

صور من حياة التابعين
  الجزء الأول
> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <    
        

عبد الرحمن رأفت الباشا



ترجمة: كمال الدين عناية الله
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Эй Аллоҳ, одамларнинг саралари бўлган тобеинларни нақадар яхши кўришим Сенга аёндир. Бу муҳаббатдан фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига бўлган муҳаббатимгина ортиқдир.
Эй Аллоҳ, буюк дахшат, яъни қиёмат кунида ё саҳобалар, ё тобеинларнинг қай бирлари билан бўлса ҳам бирга бўлишни менга инъом эт. Зеро, мен уларни фақат Сен учунгина яхши кўришимни Ўзинг биласан, эй карамли Зот.


Ато ибн Аби Рабоҳ
«Илм билан Аллоҳнинг Юзини ирода қилган ушбу уч кишидан бошқа бировни кўрмадим, улар: Ато..., Товус... ва Мужоҳид» (Салама ибн Куҳайл).
Биз ҳозир ҳижратнинг тўқсон еттинчи йили, Зул-ҳижжа ойидамиз. Рўпарамизда «Эски уй» аталмиш «Каъбатуллоҳ»... У ҳар тарафдан келган зиёратчилар билан тўлиб тошган. Улар пиёда-ю уловда, ёшу қари, эркагу аёл, оқ танлигу қора танлик, арабу ажам, шоҳу гадо... барчалари инсонларнинг Подшоҳи ҳузурига, Ундан қўрқиб ва умид қилиб, чақириғига лаббай, деб узоқ яқиндан келганлар.
Мана бу эса мусулмонларнинг халифаси Сулаймон ибн Абдулмалик дунё подшоҳларининг буюкларидан бири, қўл остидагилари билан бир хил, бош кийимсиз, яланг оёқ, эгнида сурпдан бўлган ридо ва изордан иборат икки либосидан бошқа кийими йўқ ҳолда Байтуллоҳни тавоф қилмоқда. Ёнида тўлин ойдек кўркам, келишган, атиргулдек хушрўй, хушбўй икки ўғли ҳамроҳ. Тавофни тугатгач ёрдамчиларидан бирига қараб:
— Соҳибингиз қаердалар? — деди. У: «Намоз ўқияптилар», деб, Масжидул-Ҳаромнинг ғарб тарафига ишора қилди. Халифа икки ўғли билан ишора қилинган тарафга юра бошлаган эди, унинг хос қўриқчилари халифага йўлни очиб, тиқилинч машаққатидан уни халос қилишга кириша бошлашди, халифа уларни қайтариб:
— Бу ўрин шоҳу гадо баробар бўладиган ердир. Бунда ҳеч ким ҳеч кимдан ортиқ эмас. Фақат муттақинлар ва амали қабул бўлганларгина ортиқдирлар. Кўпинча Аллоҳнинг ҳузурига сочи тўзиган, уст-боши чанг босган ҳолда келган оддий одамдан, подшоҳлардан қабул қилинмаган амаллар қабул қилинади, — деди ва излаган кишиси тарафга йўл олди. У одам ҳали ҳам намозда қоим, рукуъ ва саждаларда ғарқ эди. Одамлар у кишининг орқа тарафида ва ўнгу сўлида кутиб ўтиришарди. Халифа ҳам қаторга келиб ўтирди ва икки ўғлини ҳам ёнига ўтқазди. Қурайшлик бу икки йигит, мўминлар амири излаган ва оддий халқ билан бир қаторда унинг намоздан фориғ бўлишини кутиб ўтирган мана бу кишига разм сола бошлашди. Қарасалар у қора юзли, жингалак сочли ва ясси бурун бир «ҳабаший» қария экан. Ўтирганида узоқдан қора қарғага ўхшаб кўринар эди. У намоздан фориғ бўлгач Халифа ўтирган тарафга қараб ўгирилди. Сулаймон ибн Абдулмалик унга салом берди ва ҳаж амаллари ҳақида сўрай бошлади. У саломга алик олгач, ҳар бир сўралган масалага бирма-бир, тўлиқ, бирон қўшимча қилишга ўрин қолдирмай, сўзига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан далиллар келтириб жавоб берди. Саволларига жавоб олгач, Халифа миннатдорлик билдириб ўғиллари билан Сафо сари йўл олди. Кета туриб жарчиларнинг:
«Эй мусулмонлар, бу ерда Ато ибн Аби Рабоҳ, у киши бўлмасалар Абдуллоҳ ибн Аби Нажиҳдан бошқа ҳеч ким одамларга фатво бермасин», деган нидосини эшитган ўғиллардан бири отасига:
— Қандай энди бу жарчилар Ато ибн Аби Рабоҳ ва унинг биродаридан бошқа ҳеч ким фатво бермасин, деб буюришади ва биз эса Халифага катта аҳамият кўрсатмаган ва уни етарлича улуғламаган бояги кишидан фатво сўрадик, — деди. Сулаймон ибн Абдулмалик ўғлига:
— Эй ўғлим, сен кўрган ва биз унинг олдида ўзимизни хор тутганимиз ўша киши, Масжидул-Ҳаромдаги фатво соҳиби, Абдуллоҳ ибн Аббоснинг бу улуғ мансабдаги меросхўри Ато ибн Аби Рабоҳ бўладилар, — деди. Сўнг сўзида давом этиб:
— Эй ўғилларим, илм ўрганинглар! Илм билан паст даражали одам юқори даражаларга эришади, ҳеч ким танимаган киши эса машҳурликка етади, қуллар шоҳлар мартабасига кўтарилади.
Ўғилларига айтган сўзида Сулаймон ибн Абдулмалик муболаға қилмаган эди. Дарҳақиқат Ато ибн Аби Рабоҳ ёшлигида Маккалик бир аёлнинг қули эди. Лекин шундай бўлсада Аллоҳ таоло Ўз лутфи карами ила «ҳабаший» бу болага ёшлик чоғиданоқ қадамини илм йўлида босиш неъматини ато қилди. Ато вақтини уч қисмга тақсимлаган эди: Бир қисмини маккалик аёл хожасига ажратган, унда унинг ҳаққини мукаммал адо этиб, унга чиройли хизмат қилар эди. Бир қисмини эса Парвардигорига ажратиб, унда Аллоҳ азза ва жаллага холис ибодат қилиш билан машғул бўларди. Яна бир қисмини илм талабига ажратган эди. Бунда у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёт бўлган саҳобаларига боғланиб, уларнинг соф илм булоқларидан қониб-қониб симирар эди. У илмни Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Зубайр ва бошқа саҳобаи киромлардан, барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин, таҳсил олиб, қалбини илм, фиқҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бўлган ривоят билан тўлдирди.
Маккалик хожаси ғуломи ўз жонини Аллоҳнинг йўлига тиккани ва ҳаётини илм талабига бахшида этганини кўргач, шояд Аллоҳ бу бола билан Ислом ва мусулмонларга манфаат етказар деган умидда, ўз ҳаққидан воз кечиб, Аллоҳ йўлида ғуломини озод қилиб юборди. Ана шу кундан бошлаб Ато ибн Аби Рабоҳ Байтул-Ҳаромни, ўзи учун тунайдиган макон, таълим оладиган мадраса, тақво ва тоат билан Аллоҳга яқин бўладиган намозгоҳ қилиб олди.
Тарихшунослар: «Масжидул-Ҳаром Ато ибн Аби Рабоҳга 20 йил мобайнида турар жой бўлди», дейдилар.
Дарҳақиқат, улуғ тобеин Ато ибн Аби Рабоҳ илмда энг юқори манзилатга етиб, ўз асрининг оз кишиларигина эришган мартабага кўтарилди. Ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Умра қилгани Маккага келганларида, одамлар савол ва фатволар сўраб ҳузурларига келишди, шунда улуғ саҳоба:
«Эй аҳли Макка, мен сизларга ҳайронман, орангизда Ато ибн Аби Рабоҳдек киши бўла туриб, саволингизни менга тўплаб ўтирибсизми?», деган эканлар, розияллоҳу анҳумо.
Дин ва илмдаги бундай даражага Ато ибн Аби Рабоҳ икки хислат билан эришди:
Биринчи хислат: У нафсига ҳоким бўла олди. Фойдасиз нарсалардан лаззатланиш учун нафсига йўл қўймади;
Иккинчи хислат: У вақтига ҳоким бўла олди. Ортиқча гап-сўз ва ишларга вақтини кетказмади. Муҳаммад ибн Суқа ўзининг зиёратига келган бир жамоатга қуйидагиларни айтиб берган:
— Худди менга фойда берганидек, шояд сизларга ҳам фойда берадиган бир сўзни айтиб берайми? Улар:
— Айтиб беринг, — дедилар. Шунда у:
— Кунларнинг бирида Ато ибн Аби Рабоҳ менга насиҳат қилиб шундай деди: «Эй жиян, бизлардан аввалгилар ортиқча гап-сўзларни ёмон кўришар эди». Мен дедим:
— Уларнинг наздидаги ортиқча сўзлар нималардан иборат эди?
— Улар Аллоҳ азза ва жалланинг Каломини тиловат қилиш ва уни тушуниш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ривоят қилиш ва уни фаҳмлаш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш, Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган илмни талаб қилиш ва ҳаёт учун зарур бўлган сўзлардан бошқа барча сўзларни ортиқча санардилар», сўнг менга тикилиб: «Ҳолбуки шак-шубҳасиз сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб турувчи улуғ (фаришта)лар бордир» (оят)ини ва ҳар бирингизда икки фаришта, «... ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилувчи (ёзиб турувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб-ёзиб турарлар. У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса), унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» оятини инкор қиласизми?, деди ва «Қиёмат майдонида саҳифалар тарқатилганда, бирортамиз ўз саҳифасидаги сўз-амалларнинг аксари на динига ва на дунёсига тааллуқли бўлмаган сўз-амаллар бўлишидан уялмайдими?», деб насиҳат қилган эди, роҳимаҳуллоҳ.
Аллоҳ азза ва жалла Ато ибн Аби Рабоҳнинг илмини ҳар турли инсонларга манфаатли қилди: аҳли илмлар, ҳунармандлар ва бошқа кўпгина инсонлар унинг илмидан фойдаландилар. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ўзлари ҳақида шундай ҳикоя қиладилар:
«Маккада ҳаж амалларини бажариш асносида беш ўринда хато қилган эдим, бир сартарош хатоларимни тузатиб қўйди. Эҳромдан чиқиш учун соч олдиргани сартарошга келиб: «Сочимни неча пулга олиб қўясиз», деган эдим, у: «Ҳидоят топгур, ибодатда шартлашилмайди, ўтир, қанча берсанг бераверасан», деди. Хижолат бўлиб ўтирдим, ўтирганда ҳам қиблага орқа қилиб ўтирган эканман, қиблага юзланишимга ишора қилди. Хижолатимга хижолат қўшилиб қиблага юзландим. Устига устак, сочимни қириши учун бошимнинг чап тарафини тутибман. «Ўнг тарафини тут», деди. Ўнг тарафимни тутдим. Сочимни қира бошлади. Мен ундан ажабланганимча жим ўтирган эдим. «Нега жим ўтирибсан, такбир айт», деди. Такбир айта бошладим. Сочимни олиб бўлгач, ўрнимдан туриб кетаётган эдим, «Қаерга кетяпсан», деди. Жойлашган жойимга кетяпман, дедим. «Аввал икки ракаат намоз ўқиб ол, кейин қаерга кетсанг кетаверасан», деди. Икки ракаат намоз ўқигач, ўзимга-ўзим: «Бу одам оддий сартарошга ўхшамайди, аҳли илмлардан бўлса керак», дедим-да: «Бу нарсаларни қаердан биласиз?», деб сўрадим. У: «Ато ибн Аби Рабоҳнинг шундай қилганини кўрганман, ундан ўрганиб, одамларни ҳам шунга йўллайман», деди.
Дунё Ато ибн Аби Рабоҳга боқди, аммо у дунёга боқмади, унга парво ҳам қилмади, балки ундан юз ўгирди. Бутун умрини қиймати беш дирҳамдан ошмайдиган либос билан ўтказди. Халифалар уни ўзлари билан бирга бўлиш учун саройга чақиришганда, уларнинг дунёлари сабаб ўзининг динига путур етиб қолишидан қўрқиб, чақириқларига ижобат қилмади. Фақат мусулмонларга фойда ёки Исломга яхшилик бўладиган бўлсагина халифалар олдига борарди. Усмон ибн Ато ал-Хуросоний ҳикоя қилган воқеа ана шулардан биридир:
«Отам билан бирга халифа Ҳишом ибн Абдулмаликнинг ҳузурига кетаётган эдик. Дамашққа етишимизга озгина қолганда қора эшак миниб келаётган бир қарияга рўбарў келдик. Қариянинг энгнида ғализ бир кўйлак, эски тўн ва бошини қоплаб турган эски телпак, эшагининг эгари ҳам ёғочдан қилинган... Мен бундан кулиб, отамга:
— Ким бу? — дедим. Отам:
— Жим бўл! Ахир бу зот Ҳижоз фуқаҳоларининг саййиди Ато ибн Аби Рабоҳ бўладилар, — деди.
Қария яқинлашгач, отам хачиридан у киши эшагидан тушиб қучоқлашиб кўришдилар, ҳол-аҳвол сўрашгач яна уловларга миниб йўлда давом этдик. Халифанинг қасри эшиги олдига келиб, изн бўлгунча кутиб туриш учун ўтириб улгурмагандилар ҳамки, киришга изн берилди, отам билан қария кириб кетишди. Қайтиб чиқишганида, отамдан нима гаплар бўлганини айтиб беришини сўрадим. Отам деди:
«Халифа Ҳишом Ато ибн Аби Рабоҳ киришга изн сўраётганини эшитиб, дарҳол изн берди, Аллоҳга қасамки, унинг сабабидангина мен ҳам кира олдим. Халифа Ато ибн Аби Рабоҳга пешвоз чиқиб:
— Хуш келибдилар, хуш келибдилар, қани бу ерга марҳамат қилсинлар, деб, ўзининг курсисига ўтқазди ва ўзи ҳам тиззасини унинг тиззасига теккизиб ўтирди. Саройда ҳурматли кишилар гаплашиб ўтиришган экан, ҳаммалари жим бўлиб сукут қилишди. Ҳишом Ато ибн Аби Рабоҳга юзланиб:
— Буюринг, эй Абу Муҳаммад, биздан нима хизмат, — деди. Ато ибн Аби Рабоҳ:
— Эй мўминлар амири, икки Ҳарам аҳли... Аллоҳнинг халқи ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўшнисидирлар. Уларга берилажак улушларини тақсимлаб берсангиз.
— Хўп бўлади... Эй котиб ёз, Макка ва Мадина халқининг бир йиллик улушлари берилсин. Бундан бошқа ҳожатингиз ҳам борми, эй Абу Муҳаммад, буюринг.
— Ҳа, эй Амирул-мўминин. Ҳижоз ва Нажд аҳли арабларнинг асли ҳамда Исломнинг етакчиларидирлар. Садақотларининг ортиғи ўзларига қайтарилса.
— Хўп бўлади... Эй котиб ёз, садақотларининг ортиғи ўзларига қайтарилсин! Яна ҳожатингиз борми, эй Абу Муҳаммад, буюринг.
— Ҳа бор, эй Мўминлар амири. Чегарада турувчилар душманга биринчи рўбарў келадилар, мусулмон­ларга ёмонликни қасд қилганларга қарши урушадилар, шунинг учун уларга улушларини мўл қилиб берилса, чунки улар яхши таъминланмасалар, чегара зое бўлади.
— Хўп бўлади... Эй котиб ёз, чегарада турганларга улушлари мўл қилиб етказилсин! Буюринг, эй Абу Муҳаммад, яна ҳожатингиз борми?
— Ҳа, эй Амирул-мўминин. Зиммийларга тоқатларидан ортиғи юкланмаса, чунки улардан олинадиган жизя душманингизга қарши сизларга ёрдам бўлади.
— Хўп бўлади... Эй котиб ёз, зиммийларга тоқатларидан ортиғи юкланмасин! Яна хожатингиз борми, эй Абу Муҳаммад, буюринг!
— Ҳа бор, эй Мўминлар амири: «Ўз ҳаққингизда Аллоҳдан тақво қилинг! Шуни билинг-ки, сиз ёлғиз яратилганингиздек, ёлғиз вафот этасиз, ёлғиз қайта тириласиз ва ёлғиз ҳисоб қилинасиз. Атрофингиздагиларнинг биронтаси сиз билан бирга бўлмайди».
Ҳишом бу гапларни эшитиб йиғлаб, бошини хам қилганча қолди, Ато ибн Аби Рабоҳ туриб чиқиб кетдилар, мен ҳам орқаларидан эргашдим. Эшик олдига яқинлашганимизда, бир киши ҳамён кўтариб келиб:
— Амирул-мўминин буни сизга бериб юбордилар, — деди. Ато ибн Аби Рабоҳ:
— Ҳайҳот! «Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳнинг зиммасидадир», — деди.
Аллоҳга қасамки, Ато ибн Аби Рабоҳ Халифанинг олдига кириб, бир қултум сув ҳам ичмай қайтиб чиқди.
Ато ибн Аби Рабоҳ узоқ умр кўрди, ёши юзга етди. Бу узун умрини илм ва амал, яхшилик ва тақво билан тўлдирди. Одамлар қўлидаги нарсалардан беҳожатлик ва Аллоҳ ҳузуридаги нарсаларга умид қилиш билан умрини пок тутди. Ўлим Атони дунё юкларидан енгил, охират озуқасида оғир ҳолда топди. Бунга қўшимча, етмиш марта ҳаж қилган. Бу дегани етмиш марта Арафотда туриб, Аллоҳ таолонинг розилиги ва жаннатни сўраб, ҳамда Аллоҳнинг ғазаби ва дўзахдан паноҳ истаб дуо қилган... Аллоҳ уни Ўз раҳматига олсин.


Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимий
«Зуҳд саккиз кишида тамомига етган, уларнинг пешқадами Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимийдир» (Алқама ибн Марсид).
Биз ҳозир ҳижратнинг ўн тўртинчи йилидамиз... Мана бу кишилар саҳобаи киромлар ва тобеинларнинг улуғлари. Улар халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрига биноан Басра шаҳрининг ҳудудини белгиламоқдалар. Улар янги режаланган бу шаҳарни Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига чақирувчилар учун марказ, Унинг калимасини ерда олий бўлиши учун машъала ва Форс шаҳарларида ғазот қилаётган мусулмонларга лашкаргоҳ қилишни мақсад қилганлар. Мусулмонлар Нажд, Ҳижоз ва Ямандан Ислом давлатининг чегарасини ҳимоя қилиш учун жамоа-жамоа бўлиб, янги шаҳарга кўчиб келишмоқда. Нажддан кўчиб келаётган муҳожирлар сафида «Бани Тамим»лик йигит Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимий ал-Анбарий ҳам бор эди. Бу вақтда Омир ибн Абдуллоҳ ўсмирликнинг илк дамларини ўтказаётган, эндигина мўйлаби сабза урган, софюрак ва ёруғ юзли йигитча эди. Басра шаҳри ҳам янги бунёд қилинган бўлсада, ғаниматлар ва тиллаларнинг оқиб келиши боис, энг бой шаҳарлардан бири бўлишга улгурган эди. Лекин Тамимлик йигит Омир ибн Абдуллоҳнинг мақсади бу ғанимат ва тиллаларга эга бўлиш эмас, негаки у одамлар қўлидаги нарсалардан ўзини тийган, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсаларга интилган, дунё ва унинг зийнатидан юз ўгирган, Аллоҳ ва Унинг ризосига юзланган эди. Ўша вақтда Басра шаҳрининг волийси улуғ саҳобий Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу эдилар. Бу зот нафақат волий, балки Басрадан ҳар тарафга фатҳ учун чиқаётган мусулмон аскарларнинг қўмондони, Басра аҳлининг имоми ва устози ҳам эдилар. Омир ибн Абдуллоҳ Абу Мусо Ашъарий билан тинчлик ва жанг дамларда, сафарда ёки муқимликда бўлсин доим бирга бўлиб, Аллоҳнинг каломини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлганидек соф ҳолда ўрганди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадисларини у кишидан ривоят қилди ва ҳамда Ислом дини билимларини чуқур ўрганди. Илмдан кўзлаган мақсадини мукаммал ҳосил қилгач, ҳаётини уч қисмга тақсимлади: Бир қисмини илм ҳалқаларига ажратиб, Басра масжидида одамларга Қуръон ўргатди. Яна бир қисмини ибодатга ажратиб, одамлардан холи бўлиб, оёқлари толиққунча Аллоҳга ибодат қилди. Учинчи қисмини эса, Аллоҳ йўлида қиличини яланғочлаб жиҳод майдонларида ўтказди. Мана шу уч ишдан бошқа бирон нарсага ҳаётида асло ўрин қолдирмади, ҳатто одамлар уни «Басранинг обиди», «Басранинг зоҳиди» деб номлашди.
Омир ибн Абдуллоҳнинг обидлиги ҳақидаги во­қеа­лардан бирини Басралик йигит ҳикоя қилади:
«Ораларида Омир ибн Абдуллоҳ ҳам бўлган карвон билан сафарга чиқдим. Кечга яқин дарахтлари кўп бўлган бир ерга етиб келдик. Омир нарсаларини жойлаб, отининг арқонини узун қилиб бир дарахтга боғлади ва етарлича ўт-ўлан, хашаклардан йиғиб отининг олдига ташлади, сўнг дарахтзор ичига кириб кетди. Ўзимга-ўзим: «Қасамки, бугун шу йигитнинг кетидан бориб, кечаси дарахтзор ичида нима қилишини кузатаман», дедим. Омир дарахтзорни оралаб бориб, дарахтлар билан ўралган, кўздан пана бир тепаликка келиб тўхтади ва қиблага юзланиб намоз ўқий бошлади. Мен ҳаётимда унинг намозидек гўзал, мукаммал ва хушуъ билан ўқилган намозни кўрмаган эдим. Аллоҳ ирода қилганича намоз ўқиганидан кейин, Аллоҳ таолога илтижо ила дуо қила бошлади. Қилган дуоларидан: «Парвардигоро, Ўз амринг билан мени яратдинг, хоҳиш-ироданг билан мени ушбу дунё синовлари ичида қолдирдинг, сўнг менга: «Эй бандам, мустаҳкам бўл, нафсингни тийгин», дединг. Сен Ўз лутфинг ила мени мустаҳкам қилмасанг, мени тиймасанг, қандай қилиб мен банда-и ожиз мустаҳкам бўлайин, эй қудратли Зот! Парвардигорим, Сен Ўзинг биласан, агар дунё ва ундаги бор нарса меники бўлса-ю, сўнг Сени розилигинг учун мендан уни сўралса, талабгорига уни шундай бериб юбораман. Бас, Сен ҳам нафсимни ўзимга ҳадя қилиб бер, эй раҳмли ва меҳрибон Зот!!». Эй Роббим, ҳар қандай мусибатни менга осон қилаётган ва ҳар қандай қазо-ю қадарга мени рози қилаётган нарса, Сенинг муҳаббатингдир. Сенга бўлган муҳаббатим ила кечами-кундуз не ҳол бўлишига мен парво қилмасман».
Басралик йигит: «Сўнг менинг қаттиқ уйқум келганди, ухладим. Мен ухлаб ора-сира уйғонардим, Омир эса намоз ўқишда ва муножот қилишда давом этарди. Эрталабки намоз вақти киргач, Омир бомдод намозини ўқиди ва дуога юзланди: «Эй Аллоҳ, мана тонг ҳам бўлди. Одамлар Сенинг фазли-марҳаматингни истаб ҳаракатга тушадилар. Ҳар бирларининг ўзига яраша эҳтиёжи бор. Омирнинг Сендаги ҳожати эса, унинг гуноҳини кечишингдир. Эй Аллоҳ, менинг ва одамларнинг эҳтиёжини Ўзинг қондир. Эй карамли Зот, эй Аллоҳ, мен Сендан уч нарса сўраган эдим, иккитасини бердинг, учинчисини эса бермадинг. Эй Аллоҳ, шуни ҳам бергин, токи мен ўзим яхши кўрган ва ўзим хоҳлагандек Сенга ибодат қилайин...». Дуони тугатиб ўрнидан тураётганида кўзи менга тушиб қолди. Кечаси билан уни кузатиб чиққанимни англагач, бундан қаттиқ хафа бўлиб, маҳзун тарзда:
— Билишимча, бу кеча мени кузатиб чиққанга ўхшайсан-а, эй басралик биродар, — деди. Мен:
— Ҳа, — дедим. Омир:
— Кўрган нарсаларингни яширгин, Аллоҳ гуноҳларингни яширсин, — деди. Мен:
— Аллоҳга қасамки, ё Аллоҳдан сўраган ўша уч нарса нима эканини менга айтасан, ёки бўлмаса бу кеча кўрганларимни одамларга ёяман, — дедим. Омир:
— Барака топгур ундай қилма! — деди. Мен:
— Айтганимни қиламан, — дедим. Жиддийлигимни кўргач,
— Аллоҳ номи билан ҳеч кимга айтмаслик аҳдини берсанг, айтаман, — деди. Мен:
— Токи тирик экансан, бу сирни ҳеч кимга айтмасликка Аллоҳ номи билан аҳд бераман, — дедим. Омир Аллоҳдан сўраган ўша уч нарса нима эканини айтиб берди:
— Мен учун динимда аёллардан кўра хавфлироқ нарса йўқ эди. Шунинг учун аёлларга бўлган муҳаб­батни қалбимдан олишини сўраб Роббимга дуо қилган эдим, ижобат қилди. Шундан кейин мен аёл кишини кўрдимми, деворни кўрдимми фарқи йўқ бўлиб қолди. Мен:
— Бу биринчиси, иккинчиси нима? — дедим. У:
— Иккинчиси: Мен Аллоҳдан Ўзидан бошқа ҳеч кимдан қўрқмасликни сўраган эдим, буни ҳам ижобат этди. Аллоҳга қасамки ерда ҳам, кўкда ҳам Аллоҳдан бошқа бирон нарсадан қўрқмайдиган бўлдим. Мен:
— Учинчисичи? — дедим. Омир:
— Учинчиси: Роббимдан, кеча-ю кундуз ўзим хоҳлагандек ибодат қилишим учун «уйқумни ол!» деб сўраган эдим, бунисини бермади», — деди. Ундан бу гапларни эшитгач:
— Бу қадар ўзингни қийнама, шундоқ ҳам сен кечаларда бедор, кундузлари рўзадор экансан. Жаннатни сен қилаётган амалларнинг ози билан ҳам топса бўлади. Дўзахдан эса сен қўрқаётган нарсаларнинг ози билан ҳам сақланилади, — дедим. Шунда у:
— Мен афсус-надомат фойда бермайдиган Кунда афсус-надомат чекиб қолишдан қўрқаман. Аллоҳга қасамки, кучим борича ибодатда тиришавераман. Нажот топсам, Аллоҳнинг раҳмати туфайлидир, дўзахга тушсам, ўзимнинг камчилигим сабаблидир..., — деди.
Омир ибн Абдуллоҳ кечаларни ибодат билан ўтказадиган обидгина эмас, балки у кундузлари жиҳод майдонларида жанг қилувчи мужоҳид ҳам эди. Ҳар қачон жарчилар Аллоҳ йўлида жиҳодга чақирсалар, биринчилардан бўлиб уларнинг чақириқларига ижобат қиларди. Мужоҳидлар билан бирон ғазотга чиқмоқчи бўлса, ўзига мувофиқ келадиган ҳамроҳлар излар эди, мувофиқ ҳамроҳлар топгач, уларга: «Биродарлар, учта шартим бор, агар шартларимга рози бўлсангиз, сизларга ҳамроҳ бўламан», дер эди. Улар: «Қани шартларингизни айтингчи», десалар.
«Биринчи шартим шуки: сафаримиз асносида сизларга хизматни фақат мен қиламан, бунда ҳеч ким мен билан тортишмайди.
Иккинчи шартим: мен сизларга муаззин бўламан, намозга азонни фақат мен айтаман.
Учинчи шартим: имконим етганича сарф-харажатлар менинг ҳисобимдан бўлади». Агар шу шартларга рози бўлишса, уларга ҳамроҳ бўлар, рози бўлишмаса, шартига кўнадиган бошқа ҳамроҳлар излар эди.
Омир ибн Абдуллоҳ хавф-хатар ва ёрдамга муҳтожлик дамларда ҳозир бўладиган, ғаниматлар тақсим қилинаётган вақтда эса кўринмайдиган мужоҳидлар жумласидан эди. У шундай жанг қилардики, ундан бошқалар бундай жанг қила олмасди. Ғаниматлардан эса, бошқалардан кўра кўпроқ тийилар эди. Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу «Қодисия» жангидан сўнг, Кисронинг қасрига тушиб, Амр ибн Муқарринга қўлга киритилган ғаниматларни йиғиб ва ҳисоблаб, бешдан бирини мусулмонларнинг «Байтул-молига», қолганини эса мужоҳидларга тақсимлаб беришни амр қилдилар. Унинг олдида тавсифига тил ожизлик қиладиган, беҳисоб мол-дунё ва нафис-қимматбаҳо зеб-зийнатлар жамланди. Йиғилган ғаниматлар ичида қимматбаҳо тош­лар билан безатилган, тилло ва кумушлардан ясалган идишлар. Бу идишларда Форсларнинг шоҳ­лари таомланар эди. Булардан ташқари қимматбаҳо ёғочдан ясалган, ичига Кисронинг либослари, дуру гавҳарлар билан безатилган совут ва камарлари солинган сандиқлар... Ичи тўла нафис тақинчоқлар бўлган идишлар... Тарих мобайнида Форс империясига халқларни бўйсундириб келган подшоҳ ва қўмондонларнинг қилич ва қинлари ва ҳоказолар бор эди. Мусулмонларнинг гувоҳлигида хизматчилар бу ғаниматларни ҳисоблаб турган бир вақтда, сочлари тўзиган, уст-боши чанг бир киши, ҳажми катта ва вазни ҳам оғир сандиқни икки қўллаб кўтариб олиб келиб қўйди. Олиб келинган сандиққа диққат қилсалар, ғанимат ичида бундай сандиқнинг мисли йўқ эди. Ичини очиб қарагандилар, дур ва гавҳарларнинг энг нафислари билан лиқ тўла экан. Уни олиб келган кишидан:
— Буни қаердан олдинг? — деб сўрадилар. У:
— Фалон жангда, фалон ердан ўлжа қилиб олдим, — деди. Улар:
— Ичидан бирон нарса олдингми? — дегандилар. У:
— Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин... Аллоҳга қасамки, нафақат бу сандиқ, ҳатто Форс шоҳлари эга бўлган барча нарсалар менинг наздимда тирноқчалик қадри йўқ. Агар мусулмонлар «Байтул-молининг» ҳаққи бўлмаганида, уни турган еридан қимирлатмасдим ва олдингизга ҳам олиб келмасдим, — деди. Улар:
— Аллоҳ сизни азиз қилсин, ўзингиз ким бўласиз? — дейишди. У киши:
— Йўқ, мени мақтаб юрмаслигингиз учун, мен сизларга кимлигимни айтмайман. Мен Аллоҳ таологагина ҳамд айтаман ва ажр-мукофотни ҳам Аллоҳнинг Ўзидан умид қиламан, — деди-да, чиқиб кетди. Улар бу кишининг кимлигини билиб келиш учун кетидан одам жўнатдилар. Жўнатилган одам унинг кетидан билдирмай, то у ҳамроҳларига етгунича эргашиб бориб, ҳамроҳларидан унинг кимлигини сўраганида:
— Ие, сиз бу кишини танимайсизми? Бу киши «Басранинг зоҳиди Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимий бўладилар», — деб жавоб бердилар.
Омир ибн Абдуллоҳ шундай сифатлар соҳиби бўлишига қарамай, унинг ҳаёти дилхиралик ва одамларнинг озорларидан холи бўлмади. Ҳақ сўзни баралла айтувчи ҳамда мункарни инкор қилиб, уни йўқотишга ҳаракат қилувчиларга етадиган одатий балоларга у ҳам рўбарў келди. Унинг озор чекишига тўғридан тўғри сабаб бўлган ҳодиса мана бундай бўлган эди: Кунларнинг бирида Омир ибн Абдуллоҳ Басра шурта (миршаб) мудирининг ёрдамчиси, бир зиммий кишининг ёқасидан ушлаб, уни судраб олиб кетаётганини кўриб қолди. Зиммий эса одамлардан ёрдам сўраб: «Мени ҳимоя қилинглар! Аллоҳ сизни ҳимоя қилсин. Пайғамбарингиз зиммасига кирган кишини ҳимоя қилинглар, эй мусулмонлар», деб қичқириб борарди. Омир зиммийга:
— Бўйнингдаги жизяни тўлаганмисан? — деди. Зиммий:
— Ҳа, тўлаганман. Омир зиммийни судраб кетаётган кишига қараб:
— Бундан нима истайсан? — деди. У:
— Мен билан бориб мудиримизнинг боғларини тозалашини хоҳлайман. Омир зиммийга:
— Айтилган ишни қилишни хоҳлайсанми? — деди. Зиммий:
— Йўқ асло, чунки бу иш менинг кучимни кетказади ва ҳамда тирикчилигимдан тўсади. Омир мудирнинг ёрдамчисига қараб:
— Уни қўйиб юбор! — деди. У эса:
— Қўйиб юбормайман, — деди. Шунда Омир чопонини зиммийнинг устига ёпиб:
— Аллоҳга қасамки, мен тирик эканман Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳдлари бузилмайди, — деб, қаттиқ туриб олди. Бир зумда одамлар йиғилиб, Омирга ёрдам беришди ва зиммийни мудир ёрдамчисининг зулмидан халос этишди. Нима қилишни билмай қолган миршаб бошлиғининг ёрдамчилари Омирга туҳмат қилиб, уни итоатсизликда, аҳли сунна ва жамоадан чиққанликда айблашди, у аёлларга уйланмайди, ҳайвон сутини ичмайди ва гўштини емайди, амирлар мажлисларига келишдан бош тортади, деб, халифа Усмон розияллоҳу анҳуга шикоят ёздилар. Халифа Басранинг волийсига Омир ибн Абдуллоҳни ҳузурига чақиришни, унга тиркалаётган айбловлар ҳақида сўраб-суриштириб, натижаси ҳақида хабар беришни амр қилди. Волий Омирни чақириб: «Мўминлар амири сизга қўйилаётган айбловлар ҳақида сўраб-суриштиришни менга амр қилдилар», деди. Омир:
— Мўминлар амири буюрган нарсалар ҳақида сўрайверинг, — деди.
— Нега сиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан юз ўгириб, уйланмай юрасиз?
— Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан юз ўгириб уйланишни тарк қилмаганман, балки роҳиблик Исломда йўқ эканига гувоҳлик бераман. Бироқ, мен кўрдимки, менинг битта жоним бор экан, хотин киши жонимга эгалик қилиб қолишидан қўрқиб, уни Аллоҳга атаб юбордим.
— Нега сиз гўшт емайсиз?
— Нега энди, мен гўшт емас эканман. Гўшт топа олсам ва иштаҳа қилсам албатта ейман, аммо иштаҳа қилмасам ёки иштаҳам бўлса-ю гўшт бўлмаса унда еёлмайман.
— Нега сиз пишлоқ емайсиз?»
— Биз мажусийлар пишлоқ тайёрлайдиган минтақада яшаймиз. Мажусийлар эса ўлимтик билан ҳалол сўйилган ҳайвонни фарқламайдилар. Пишлоққа солинадиган ширдон ҳаром ўлган қўйдан олинган бўлишидан қўрқиб емайман. Агар икки мусулмон, бу шариатга мувофиқ сўйилган қўйдан олинган, деб гувоҳлик берса, ейман».
— Нега амирлар мажлисларига келиб ўтирмайсиз?
— Шундоқ ҳам сиз амирлар остонангиз олдида ҳожат талаблар ниҳоятда кўп, ана шуларни ҳузурингизга чақириб, ҳожатларини ўтанг. Сизларга эҳтиёжи йўқларни эса холи қўяверинг, — деди.
Омир ибн Абдуллоҳнинг сўзлари халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга етказилди. Мўминлар амири унинг бу сўзларида, итоатдан бўйинтовлаш ёки аҳли сунна вал-жамоадан чиқишни кўрмадилар. Бироқ, бу ҳам ёмонлик ўтини ўчира олмади. Омир ибн Абдуллоҳ ҳақларида миш-мишлар кўпайиб кетди. Унинг тарафдорлари билан хусуматчилари ўртасида фитна содир бўлишига оз қолди. Усмон розияллоҳу анҳу уни Шом диёрларига кўчиб, ўша ерни ватан тутишга амр қилдилар. Шомдаги волийлари Муовия ибн Аби Суфёнга эса Омир ибн Абдуллоҳни яхши кутиб олиб, ҳурматини жойига қўйишни буюрдилар.
Омир ибн Абдуллоҳ Басрадан кўчаётган кунда, уни кузатиш учун дўстлари ва шогирдларидан иборат катта оломон Марбат номли Басранинг энг чекка маҳалласигача эргашиб бодилар. Шу ерда Омир ибн Абдуллоҳ уларга қараб: «Мен дуо қиламан, сизлар «Омин» деб туринглар», деди. Одамлар уни кўриш учун бўйинларини чўздилар, ҳаракатлар сукунатга айланди, кўзлар эса унга қадалди. Омир икки қўлини кўтариб: «Эй Аллоҳ, менга ёлғон тўқиб, мен ҳақимда миш-миш тарқатиб, мени шаҳримдан чиқарган ва биродарларимдан айирганларни кечирдим, Сен ҳам уларни кечиргин, дину дунёсида офият бергин, мени ҳам, уларни ҳам ва бошқа мусулмонларнинг ҳам гуноҳу камчиликларини Ўз раҳматинг, мағфиратинг ва лутфинг билан яширгин, эй раҳмли, меҳрибон Зот», деб дуо қилди ва уловини Шом тарафга буриб йўлга тушди.
 Омир ибн Абдуллоҳ қолган ҳаётини Шом диёрларида ўтказди. Байтул-Мақдисни ўзига ватан тутди. Шомнинг амири Муовия ибн Аби Суфён тарафидан ўзига лойиқ тарзда эътибор, ҳурмат ва иззат-икром кўрди. Ўлим соати яқинлашиб, касал бўлиб ётганида, дўстлари унинг зиёратига кирсалар, йиғлаб ётган экан. Улар: «Ахир, сиз тақволи ва солиҳ киши бўлсангиз, нега йиғлайсиз?», дедилар. Омир: «Аллоҳга қасамки, мен дунёга ҳарислигим ёки ўлимдан қўрққанимдан йиғлаётганим йўқ. Бироқ, сафарнинг узоқлиги, озуқанинг камлигидан йиғлаяпман. Дарҳақиқат, мен юксалиш билан тушиш ўртасида турибман, жаннатгами ва ё дўзахгами? Қай бирига киришимни билмайман.
Омир ибн Абдуллоҳнинг сўнги нафаси тили Аллоҳ­ни зикр қилиб турган ҳолда чиқди. Мусулмонларнинг биринчи қибласи, икки ҳарамнинг учинчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сайр қилган муқаддас заминда Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимий мангу қўним топди...
Аллоҳ Унинг қабрини мунаввар қилсин ва абадий Жаннатда юзини ёруғ қилсин...


Урва ибн Зубайр
«Жаннат аҳлидан бўлган кишига қарашлик кимни қувонтирса, Урва ибн Зубайрга қарасин» (Абдулмалик ибн Марвон).
Ботаётган қуёш ўзининг заррин нурларини Байтуллоҳдан териб-териб олиб, майин шабадаларга унинг пок саҳнида эсишга изн берган дамда, улуғ саҳобаи киромлар ва тобеинларнинг катталари, ҳавони такбир-у таҳлил билан хушбўйлаб, атрофни эса солиҳ дуоларга тўлдириб тавоф қилмоқдалар... Масжидул-Ҳаромнинг ўртасида маҳобат ва улуғворлик билан турган Каъбаи муаззаманинг атрофида, одамлар унинг улуғворлигидан кўзлари қувониб, лағв ва гуноҳ бўлмаган сўзларни сўзлашиб, ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтирардилар... Рукни Ямонийга яқин ерда эса, юзлари нурли, улуғ насабли, масжиддаги қушлар каби пок ва якдил, хушбўй ва хушрўй тўрт йигит давра қуриб ўтиришар эди. Улар Абдуллоҳ ибн Зубайр, унинг икки укаси: Мусъаб ибн Зубайр ва Урва ибн Зубайр ҳамда Абдулмалик ибн Марвон эдилар. Даврада ширин суҳбат айланаётган эди, ичларидан бирлари: «Келинглар ҳар биримиз ўзи яхши кўрган орзусини Аллоҳдан сўраймиз», деди. Орага бу таклиф ташлангач, хаёллар кенг олам узра кеза бошлади, ширин хаёллар оғушида Абдуллоҳ ибн Зубайр гап бошлаб, орзусини баён қилди: «Менинг орзуим, Ҳижозга эга бўлиб, халифаликка эришишдир». Мусъаб ибн Зубайр ҳам акасининг орзусига яқин: «Менинг орзуим, Кўфа ва Басрага эга бўлсам ва бунда ҳеч ким мен билан тортишмаса», деди. Абдулмалик ибн Марвон: «Сизларни шу қониқтирса, мени қониқтирмайди. Менинг орзуим, ер юзига эгалик қилиб, Муовия ибн Аби Суфёндан кейин халифаликни қўлга киритсам», деди. Урва ибн Зубайр эса ҳеч нима демай жим ўтирар эди. Унга қараб: «Зубайр, сен нимани орзу қиласан?», дедилар. Урва ибн Зубайр: «Орзу қилган дунё ишларингизга Аллоҳ барака берсин. Аммо менинг орзуимга келсак, мен амал қилувчи олим бўлишни орзу қиламан. Мендан одамлар Аллоҳнинг Китобини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ва Ислом дини аҳкомларини ўргансалар... Охиратда мен Аллоҳнинг розилигига эришиб нажот топсам ва жаннатдан насибадор бўлсам... Мана шу менинг орзуимдир», деди.
Қарангки, кунлар ўтиши билан Язид ибн Муовиянинг вафотидан сўнг, Абдуллоҳ ибн Зубайр халифалик билан байъат қилиниб, Ҳижоз, Миср, Яман, Хуросон ва Ироқга эгалик қилди... Аммо оз вақт ўтмай, ёшлик чоғида орзусини қилган жой яқинида... Каъбанинг олдида қатл қилинди. Мусъаб ибн Зубайрни ҳам орзуси рўёбга чиқиб, акаси Абдуллоҳ тарафидан Ироққа ҳоким этиб тайинланди, лекин қисқа муддат ичида ҳокимликдан четлатилиб қатл қилинди. Абдулмалик ибн Марвонга келсак, отаси вафот этгач халифалик унга ўтди, Абдуллоҳ ибн Зубайр ва укаси Мусъабнинг қатлидан сўнг эса барча мусулмонлар унинг қўл остига жамланиб, замонасининг энг буюк подшоҳларидан бирига айланди.
Урва ибн Зубайрнинг ҳаёти қандай кечган экан? Келинглар, унинг қиссасини бошидан бошлаймиз.
Урва ибн Зубайр ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифаликларидан бир йил қолганида, мусулмон оилалар орасида энг ҳурматли ва олий мақом хонадонда таваллуд топди. Оталари Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу... Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фидоий саҳобаларидан... Исломда биринчи бўлиб қиличини яланғочлаган, жаннат билан башорат берилган ўнта саҳобанинг бири... Оналари эса Асмо бинти Абу Бакр «икки белбоғ соҳибаси»... (Ҳижрат куни белбоғини иккига бўлиб, бири билан Расулуллоҳнинг озуқа идишларини, бошқаси билан сув идишларини боғлагани учун шундай шарафга эришган). Она тарафдан боболари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифалари ва ғордаги ҳамроҳлари... Ота тарафдан момолари София бинти Абдулмутталиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммалари... Холалари мўминларнинг оналари Оиша розияллоҳу анҳодир. Оиша розияллоҳу анҳо вафот этганларида Урва ибн Зубайр ўзлари қабрга тушиб, лаҳадга қўйганлар. Иймон шарафи ва Ислом иззатидан бошқа, мана шундай насабдан кўра олий насаб ва шундай шарафдан кўра буюк шараф бормикин?
Каъбаи Муаззама олдида қилган орзусини рўёбга чиқариш учун Урва ибн Зубайр илм таҳсилига бел боғлаб, қаттиқ киришди. Ҳаёт бўлган саҳобаларни ғанимат билиб, уларнинг уйларига қатнаб, орқаларида намоз ўқиб, илм мажлисларини қолдирмай иштирок этди. У Алий ибн Абу Толиб, Абдурраҳмон ибн Авф, Зайд ибн Собит, Абу Айюб Ансорий, Усома ибн Зайд, Саъид ибн Зайд, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумдан ривоят қилди. Аксар илмини холаси Оиша розияллоҳу анҳодан олди ва одамлар уларга дин ишларида суянадиган, солиҳ ҳокимлар эса ўзлари масъул бўлган халқлар ва шаҳарлар масаласида улардан ёрдам истайдиган, Мадинанинг етти эътимодли фақиҳларидан бири бўлиб етишди. Бунинг далили ўлароқ, Умар ибн Абдулазиз Валид ибн Абдулмалик тарафидан Мадинага волий этиб тайинланганида, одамлар қутлаш учун унинг ҳузурига келдилар. Пешин намозини ўқиб бўлгач, Мадина уламоларидан ўн кишини таклиф қилди. Таклиф қилинган олимларнинг пешқадами эса Урва ибн Зубайр эди. Умар ибн Абдулазиз уламоларни яхши кутиб олиб, уларга иззат-икром кўрсатгач, Аллоҳга ҳамду сано айтиб шундай деди: «Менга ҳақ устида ёрдамчи бўладиган ва ҳамда ажр-савобга ҳам эга бўлиб қоладиган бир иш учун мен сизларни чорладим. Мен ҳар бир ишни сизларнинг фикрингиз ва маслаҳатингиз билангина қилмоқчиман. Сизлардан илтимосим шуки, агар бирон кимсани бошқа бировга зулм қилаётганини кўрсангиз ёки менинг ходимларим ҳаддан ошиб, зулмга қўл ургани сизларга етса, шуни менга хабар берсангиз!». Бу гапларни эшитгач, Урва ибн Зубайр унинг ҳаққига дуои хайрлар қилиб, Аллоҳдан унга ҳақда собитлик ва рушди ҳидоят тилаб қолди.
Урва ибн Зубайр илм билан амални жамлаган эди. У иссиқ кунларда рўзадор, узун тунларда бедор, тили эса доим Аллоҳнинг зикри билан машғул эди. Бунга қўшимча, у Аллоҳнинг Китобига ҳамроҳ бўлиб олган, Қуръон ўқишга шундай берилган эдики, кундузлари Қуръоннинг тўртдан бирини мусҳафга қараб, тунлари шунча қисмини ёддан тиловат қилар, эътиборли жиҳати шуки, мана шу одатини Урва ибн Зубайр ёшлигидан бошлаб то вафот топгунга қадар тарк қилмаган, фақат бир марта бошига тушган мусибат сабаб қолдирган эди. Бу ҳодиса тафсилотини кейинроқ баён қиламиз.
Урва ибн Зубайр илм билан амални жамлаган эканига далиллардан яна бири — намоздир... Намоз унинг қалб роҳати, қўз қувончи ва ердаги жаннати эди. Намоз ўқиганида ниҳоятда гўзал, мукаммал ва узун ўқир эди. Урва ибн Зубайр ҳақида келган ривоятларда айтилишича: «У бир кишининг енгил намоз ўқиётганини кўриб, намоздан фориғ бўлгач ҳузурига чақирди ва: «Эй биродар, Аллоҳ таолодан сўрайдиган биронта ҳам эҳтиёжинг йўқми? Аллоҳга қасамки, мен намозда Аллоҳ таолодан ҳамма нарсани, ҳатто тузни ҳам сўрайман», деб насиҳат қилди.
Урва ибн Зубайр саховатда ҳам пешқадам бўлиб, бағри кенг ва ниҳоятда қўли очиқ инсон эди. Сахийлиги ҳақидаги ривоятлардан бири шуки: «Унинг Мадинадаги энг катта боғлардан ҳисобланган боғи бор эди. Боғнинг ичи салқин, суви ширин, хурмо дарахтлари баланд ва сердарахт эди. Ҳайвонлар ва ёш болалар кириб дарахтларга шикаст етказмаслиги учун, йил давомида боғнинг атрофини девор билан ўраб ҳимоя қилар, қачонки хурмолар одамнинг иштаҳасини очадиган тарзда ғарқ пишганда эса, одамлар бемалол кириб тўйгунларича еб ва хоҳлаганларича олиб кетишлари учун, боғнинг бир неча тарафидан дарча очиб қўярди. Қачон боғига кирса Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини қайта-қайта ўқир эди: «Сен боғингга кирган пайтингда: «Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлур), бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир», десанг эди!...» (Каҳф: 39).
Валид ибн Абдулмаликнинг халифалик даврида Аллоҳ таоло Урва ибн Зубайрни, фақат иймон ва ишонч билан суғорилган қалб эгаларигина чидай оладиган имтиҳон билан синашни ирода қилди. Мусулмонлар халифаси Урва ибн Зубайрни Дамашққа келиб меҳмон бўлиб кетишга таклиф қилди. Таклифни қабул қилган Урва ибн Зубайрга катта ўғли ҳамроҳ бўлди. Дамашққа етиб келишганда халифа уларни чиройли кутиб олди, уларга иззат-икром кўрсатиб, хурматларини жойига қўйди. Сўнг кўнгиллар истамайдиган бир иш бўлишини Аллоҳ таоло ирода қилди. Аввал Урва ибн Зубайрнинг ўғли халифанинг зотли отларини кўриш учун отхонага кирганида, отлардан бирининг тўсатдан тепиб юбориши натижасида, ўша ерда вафот этди. Кейин мусибатзада ота ўғлини тупроқга қўйиши кетидан, ўзи ҳам қорасон касали билан оғриб қолди. Болдири шишиб, оғриқ ҳам кундан кун кучая борди. Халифа ҳар тарафлардан табиблар чақириб, азиз меҳмонини даволашлари учун, турли воситалар билан уларни рағбатлантирди. Лекин барча табиблар: «Касал, жасаднинг ҳаммасига тарқаб ҳалокатга олиб бормасдан аввал, оёқни кесиш керак», деган якдил хулоса билдирдилар. Бунга кўнишдан бошқа чора йўқ эди. Жарроҳ келиб, оёқни кесиш учун асбобларни ҳозирлагач, Урва ибн Зубайрга деди: «Оёқни кесишдаги қаттиқ оғриқни сезмаслигингиз учун, маст қилувчи ичимликдан ичишни маслаҳат қиламан». Урва ибн Зубайр: «Ҳайҳот, йўқ-йўқ, даволаниш умидида ҳаромни асло истеъмол қилмайман», деди. Жарроҳ: «Унда наркоз берайлик», деган эди. Урва ибн Зубайр: «Аъзоларимнинг биридан айрилишдаги оғриқни сезмай туриб, Аллоҳдан бунга ажр умид қилишни хоҳламайман», деб жавоб берди. Жарроҳ оёқни кесишни бошлаётганида, бир қанча кишилар Урва ибн Зубайрни олдига келишди. Урва: «Булар кимлар?», деган эди. «Оғриқдан оёғингизни қимирлатиб юборсангиз, сизга бирон зарар бўлиб қолмаслиги учун, сизни ушлаб туришга келишди», дейилди. Урва ибн Зубайр: «Мени буларга ҳожатим йўқ, уларга жавоб бериб юбораверинг. Зикр ва тасбеҳ билан буларнинг ўрнини босишни умид қиламан», деди. Жарроҳ пичоғини (скальпельни) олиб тери ва гўштни кесди. Пичоқ суякга тақалганда, аррани олиб аралай бошлади, Урва эса: «Ла илаҳа иллаллоҳ», «Аллоҳу акбар», деб ётарди. Жарроҳ аралашда давом этди, Урва ҳам такбир ва таҳлил айтаверди ва ниҳоят оёқ жасаддан ажралди. Қонни тўхтатиш ва газак олмай яра тез битиши учун, қиздириб турилган ёғга ботирилганда Урва ҳушидан кетиб, узоқ вақт беҳуш бўлиб ётди. Ана шундагина юқорида айтганимиз, Қуръондан ўқийдиган кундалик одатини ўқий олмади. Ёшлигидан бошлаган бу хайрли одатини, мана шунда бир мартагина тарк қилди.
Урва ўзига келгач кесилган оёғини олиб келишларини сўради. Олиб келишгач, кесилган аъзосини қўлига олиб, у ёқ бу ёғини айлантириб туриб: «Тун кечалари сени устингда мени масжидларга юрғизган Аллоҳ биладики, мен сен билан асло ҳаромга бормадим», деди ва Маън ибн Авснинг ушбу байтини ёд олди, маъноси: «Қасамки, қўлимни асло шубҳага чўзмадим. Юргазмади мени фаҳш тараф оёқларим. Фаҳшга бошламади қулоғим ҳам кўзим. Ўйлатмади уни фикрим ва ақлим. Менга етган мусибат, аввалгиларга ҳам етганин билдим».
Азиз меҳмоннинг бошига тушган мусибатлар: ўғлидан, сўнг оёғидан ажралиши, халифа Валид ибн Абдулмаликка ҳам оғир ботди. Шунинг учун Меҳмонга таъзия билдириш, уни сабрга ундаш ва оз бўлсада мусибатини енгиллатиш чораларини излади. Шу вақт Дамашққа «Бани Абс»дан бир жамоа келган эди. Уларнинг ораларида кўзи кўр киши ҳам бор эди. Халифа ундан кўзининг кўрмай қолишига нима сабаб бўлганини сўраганида, у қиссасини айтиб шундай деди: «Эй мўминлар амири, «Бани Абс»да мендан бой ва мендан кўра хотин ва бола-чақаси кўп киши йўқ эди. Бир кун бутун мол-дунёйим, хотин ва болаларим билан қавмимга қарашлик бир водийга келиб тушдим. Тўсатдан катта бир сел келдики, бунақасини ҳаётимда кўрмаган эдим. Бу сел молу-дунёйимни ҳам, аҳли-аёл, бола-чақамни ҳам ҳаммасини оқизиб кетди. Қарасам битта туя ва янги туғилган чақалоғимиз қолибди. Туя асов туя эди бир силтаниб қўлимдан чиқиб кетди. Болани ерга қўйиб туяни кетидан югирдим. Туяга етган эдим ҳам, у ёқда бола чинқириб қолди. Қарасам бўри боламни тишлаб турган экан. Болага югурдим, лекин қутқаришга улгурмадим. Яна туянинг кетидан югуриб уни ушлашга ҳаракат қилдим. Туяга яқинлашганимда оёғи билан тепиб юборди, пешанам ёрилиб, ана шунда кўзим ҳам кўрмай қолди... Шундай қилиб, бир кечада аҳли-аёлим, бола-чақам, мол-дунёйим ва кўз нуримдан айрилиб қолдим...». Унинг бу гапларини эшитган халифа, ёрдамчисига: «Бу кишини меҳмонимиз Урва ибн Зубайрнинг олдиларига олиб бор. Бошига тушган бу мусибатни уларга ҳам айтиб берсин. Ҳаётда ўзларидан кўра кўпроқ мусибатланганлар борлигини эшитсалар, шояд мусибатлари енгиллашар», деди.
Урва ибн Зубайр Мадинага қайтиб, оиласи ҳузурига кирганида уларга: «Эй аҳлим қайғурманглар, Аллоҳ таоло бизга тўрт фарзанд берган эди, биттасини олиб, учтасини ўзимизда қолдирди. Аллоҳга ҳамд бўлсин. Менга икки қўл ва икки оёқ берган эди, биттасини олиб учтасини ўзимда қолдирди. Аллоҳга ҳамд бўлсин. Аллоҳ мендан озини олиб, кўпини ўзимда қолдирди. Бир марта балолаган бўлса, кўп марта офият берди», деб уларга тасалли берди.
Мадина аҳли ўз имомлари ва олимлари Урва ибн Зубайрнинг қайтганларини билгач, у зотга таъзия билдириш ва ҳол-аҳвол сўраш учун ҳар тарафдан кела бошладилар. Таъзия билдирганлар ичида энг чиройли ва таъсирли сўз Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Талҳанинг сўзи бўлди: «Хурсанд бўлинг, эй Абу Абдуллоҳ, аъзоларингиз ва фарзандларингиздан бири, сиздан аввал жаннатга кетди. Аллоҳ хоҳласа барчангиз бир-бирларингизга эргашасиз. Аллоҳ таоло бизларга, биз муҳтож бўлган, сизнинг илмингиз ва фикрингизни қолдирди. Аллоҳ таоло илмингизни сизга ҳам бизга ҳам фойдалик қилсин. Аллоҳ ажру-савоб берувчи ва гўзал ҳисоб қилувчи Зотдир».
Урва ибн Зубайр бутун ҳаёти мобайнида мусулмонлар учун, ҳидоят нури, нажотга йўлловчи ва яхшиликларга чорловчи бўлиб қолди. Энг катта аҳамиятни болаларга, хусусан ўзининг фарзандлари ва қолаверса бошқа мусулмонларнинг фарзандлари тарбиясига қаратиб, ҳеч бир фурсатни қўймай, уларни тўғри йўлга йўллаб, насиҳат қилиб турарди. Фарзандларини илм талаб қилишга қизиқтириб айтган сўзларидан: «Болаларим, илм талаб қилинглар ва унинг ҳаққини тўла ўтанглар. Гарчи сиз қавмнинг кичиги бўлсангиз ҳам, илм билан Аллоҳ таоло сизни қавмнинг катталаридек қилиб қўяди». Сўнг: «Бу дунёда илмсиз қариликдан ҳам қабиҳроқ нарса бормикин?!», дер эди.
Яна фарзандларини Аллоҳ азза ва жалла йўлида берадиган садақаларнинг яхшиларини танлаб, чин кўнгилдан беришга даъват этарди: «Болаларим, қавмингизнинг ҳурматли кишисига беришга уяладиган нарсани, Аллоҳ йўлида садақа қилиб юрманглар. Чунки Аллоҳ энг азиз ва энг ҳурматли ва ҳамда энг яхшисини танлаб беришга ҳақли Зотдир».
Уларга одамларни танитиб, уларнинг туб мақсадларини кўра билиш ва англашни ўргатиб шундай дер эди: «Болаларим, гарчи одамлар наздида ёмон киши деб билинган одамдан, бир яхши амал кўрсангиз, унда яхшиликни умид қилаверинг, зеро яхшиликнинг ака-укалари бўлади. Ва гарчи одамлар наздида яхши киши деб билинган одамдан, бир ёмон амал кўрсангиз, ундан эхтиёт бўлинглар, зеро ёмонликнинг ҳам ака-укалари бўлади. Яхшилик ака-укаларига етаклайди ва ёмонлик ҳам ака-укаларига етаклайди, шуни билиб олинглар!».
Яна уларни, гўзал муомалали, ширинсухан ва очиқ чеҳрали бўлишга васият қилар эди: «Болаларим, ҳикматли сўзларда келган: «Сўзинг ширин, чеҳранг очиқ бўлса, одамларга пул бериб турувчи кишидан ҳам суюкли бўласан».
Урва ибн Зубайр одамлар дунёга боқиб, неъматлар билан ҳузурланиб қолганларини кўрса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғир ва машаққатли ҳаётларини эслатар эди. Мана шулардан бирини Муҳаммад ибн Мункадир ҳикоя қилиб берган: «Бир кун Урва ибн Зубайр қўлимдан ушлаб: «Эй Абу Абдуллоҳ, мен холам — мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига кирганимда, менга: «Эй ўғлим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонларида қирқ кунлаб (ўчоққа) ўт ёқилмас эди», дедилар. Мен: «Нима билан кун кечирар эдингиз?», дедим. Оиша розияллоҳу анҳо: «Хурмо ва сув билан», дедилар.
Урва ибн Зубайр етмиш бир йил яхшилик ва эзгуликларга тўла, тақво билан бурканган умр кечирди. Қочиб қутулиб бўлмайдиган ажал унга ҳам келганида, у рўзадор эди. Аҳллари ифторлик ҳозирлашганида, Кавсар суви билан ифтор қилишни умид қилган ҳолда, ифтор қилмади... ».


Робеъ ибн Хусайм
«Эй Абу Язид, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизни кўрганларида эди, албатта яхши кўрган бўлар эдилар» (Абдуллоҳ ибн Масъуд).
Ҳилол Ашжаий меҳмони Мунзир Саврийга:
— Эй Мунзир, шайхнинг олдиларига бориб, бир иймонлашиб келмаймизми? — деди.
Мунзир:
— Ҳа албатта, аслида шайх Робеъ ибн Хусайм билан кўришиб, у кишининг иймон саҳнларида бир соат бўлсада яшашга бўлган завқ-шавқ мени Кўфага етаклаб келган. Ҳузурларига киришимизга изн олдингизми? Шайх фалаж бўлиб қолганларидан бери, уйларини лозим тутиб, Роббисига юзланиб, одамлардан четланибдилар, деб эшитган эдим.
Ҳилол:
— Кўфа аҳли у кишини билибдики, Робеъ ибн Хусайм шундайлар. Касаллик шайхни ўзгартиргани йўқ.
Мунзир:
— Ундай бўлса яхши, лекин сиз биласизки, шайх­ларнинг ўзларига хос хусусиятлари бўлади, шунинг учун Робеъ ибн Хусаймнинг ҳузурларига борганимизда ўзимиз хоҳлаган нарса ҳақида сўраймизми ёки шайхга қулоқ солиб у зот хоҳлаган нарсадан эшитганимиз маъқулми?
Ҳилол:
— Агар Робеъ ибн Хусайм билан тўлиқ бир йил ўтирсангиз ҳам, сиз гапирмасангиз ва бирон нарса ҳақида сўрамасангиз у киши гапирмайдилар. Робеъ ибн Хусайм сўзларини зикр, сукутларини фикр қилиб олганлар.
Мунзир:
— Ундай бўлса Аллоҳдан барака сўраган ҳолда қани кетдик.
Сўнг Робеъ ибн Хусаймнинг манзилига қараб йўл олдилар. Шайхнинг ҳузурига кириб саломлашгач, ҳол-аҳвол сўрадилар:
— Шайх қандайсиз?
Робеъ ибн Хусайм:
— Заиф ва гуноҳкорман, ризқимни еб, ажалимни кутиб ётибман.
Ҳилол:
— Кўфага кучли бир табиб келибди, ижозатингиз билан уни олиб келайми? Робеъ ибн Хусайм:
— Эй Ҳилол, мен шифо ҳақлигини биламан. Лекин мен Од, Самуд (қабилаларини) ва қудуқ эгаларини (яъни Шуайб пайғамбарни ёлғончи қилганлари сабабли қудуққа қулаб ҳалок бўлган кимсаларни) ҳамда шу орадаги кўпдан-кўп қавмлар ҳақида фикр юритдим. Уларнинг дунё ва унинг матоларига ҳарисликларини кўрдим. Улар биздан кўра кўпроқ куч-қудратга эга эдилар, ораларида табиблар ва касаллар бор эди. На даволовчи қолди ва на даволанувчи... Сўнг чуқур хўрсиниб: «Агар ҳақиқий дард шу бўлганида, ундан албатта даволанган бўлар эдик», деди.
Мунзир:
— Ҳақиқий дард нима унда?
Робеъ ибн Хусайм:
— Гуноҳлар... ҳақиқий дард гуноҳлардир.
Мунзир:
— Уларнинг давоси нима?
Робеъ ибн Хусайм:
— Даво истиғфордир.
Мунзир:
— Тузалиш қандай бўлади?
Робеъ ибн Хусайм:
— Гуноҳдан тавба қилиб, сўнг унга қайтмаслик билан. Сўнг бизларга тикилиб: «Махфий ишлар... Махфий ишлар... Одамларга махфий, лекин Аллоҳга ошкор бўлган махфий ишларга хушёр бўлинг! Унинг давосини изланг!».
Мунзир:
— Унинг давоси нима?
Робеъ ибн Хусайм:
— Давоси холис тавба қилишдир. Сўнг йиғлаб юборди, ҳатто кўз ёшлари соқолини ҳўл қилиб қўйди.
Мунзир:
— Сиздек одам йиғлайдими?
Робеъ ибн Хусайм:
— Ҳайҳот... Нега йиғламайин?! Мен шундай одамларни кўрдимки (саҳобаларни назарда тутиб) биз уларнинг олдида ўғрига ўхшаймиз.
Ҳилол: «Биз шундай суҳбатлашиб ўтирганимизда, шайхнинг ўғли кириб саломлашди ва: «Отажон, онам сизга яхши ҳолва тайёрладилар. Шундан есангиз қалблари анча таскин топарди, олиб келайми?, деди. Робеъ ибн Хусайм: «Майли, олиб келақол», деди. Шайхнинг ўғли ҳолвани олиб келгани чиқиб кетганида, эшикни тақиллатиб бир тиланчи нарса сўраб келиб қолди. Робеъ ибн Хусайм: «Уни ичкарига олиб киринглар», деди.
Ҳилол: «Мен ҳовлига кирган тиланчига назар солдим, у ўрта ёшли киши экан. Кийимлари йиртиқ, сўлаги оқиб турар, кўринишидан ақли паст эди. Кўзимни ундан узмасимдан шайхнинг ўғли ҳолвани олиб келди. Робеъ ибн Хусайм ҳолвани тиланчининг олдига қўйишга ишора қилди. Ҳолва тиланчининг олдига қўйилгач, у сўлагини оқизиб ҳолвани ейишга киришди ва шу алфозда уни еб битирди.
Робеъ ибн Хусаймнинг ўғли:
— Аллоҳнинг раҳмати бўлсин сизга отажон, онам атайин шуни сизга тайёрлаган эдилар. Шундан тамадди қилишингизни биз ҳам хоҳлаган эдик. Сиз бўлсангиз, нима еганини ҳам билмаган, мана бу кишига ҳаммасини едириб юбордингиз, — деди.
Робеъ ибн Хусайм:
— Эй ўғлим, у билмаса ҳам Аллоҳ таоло билади, деб, ушбу оятни ўқидилар: «Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз. Ҳар қандай нарсани инфоқ қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билур» (Оли Имрон: 92)
Шу вақт шайхнинг яқинларидан бири келиб: «Эй Абу Язид, Фотима розияллоҳу анҳонинг ўғли имом Ҳусайн қатл қилинибди», деди. Робеъ ибн Хусайм: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиу-у-н» деб, Зумар сурасининг 46-оятини ўқидилар: «Айтинг: «Эй Аллоҳ, —(эй) осмонлар ва ерни илк яратувчи Зот, (эй) ғайбу шаҳодатни (яъни яширин ва ошкор нарсаларни) билувчи Зот, ёлғиз Ўзинггина бандаларинг ўртасида улар ихтилоф қилиб ўтган нарсалар ҳақида ҳукм қилурсан». Лекин шайхнинг бу дегани хабар келтирган кишига камлик қилдими:
— Унинг ўлими ҳақида нима дейсиз? — деб сўради.
Робеъ ибн Хусайм:
— Нима ҳам дердим, Аллоҳга қайтишади ва ҳисоб китобларини ҳам Аллоҳ қилади, дейман.
Ҳилол: «Қарасам пешин вақти яқинлашиб қолибди: «Менга насиҳат қилинг!», дедим шайхга.
Робеъ ибн Хусайм:
— Эй Ҳилол, одамларнинг мақташлари сени мағ­рурлантириб қўймасин, зеро улар сенинг ташқи томонингни биладилар. Сен амалингга қайтувчисан, Аллоҳнинг розилиги мақсад қилинмаган ҳар қандай амал эса саробдир.
Мунзир:
— Менга ҳам насиҳат қилинг, Аллоҳ ажрингизни берсин.
Робеъ ибн Хусайм:
— Эй Мунзир, билган нарсаларингда Аллоҳдан қўрқ, билмаганингни эса билувчисига топшир. Эй Мунзир, бирортангиз: «Парвардигоро мен Сенга тавба қиламан» деб, кейин тавба қилмаса битта ёлғон бўлади, лекин: «Парвардигоро мени тавба қилишга муваффақ қил» десин, шунда дуо бўлади. Эй Мунзир, таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ), ҳамд (алҳамду лиллаҳ), такбир (Аллоҳу акбар), тасбиҳ (субҳаналлоҳ) айтиш, яхшиликни сўраб, ёмонликдан паноҳ исташ, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш ҳамда Қуръон ўқишдан бошқа сўзларда яхшилик йўқдир».
Мунзир:
— Сиз билан мана шунчадан бери ўтирибмиз, лекин шеър айтиб мисол келтирганингизни эшитмадик, аммо бошқа шайхлар шеърни мисол қилиб келтирадилар.
Робеъ ибн Хусайм:
— Бу дунёда айтган ҳар бир сўзинг ёзилиб, у дунё­да ўқиб эшиттирилади. Мен ҳисоб кунида номаи аъмолим ўқиб эшиттирилганда, унда бир байт шеър топилишини хоҳламайман, дедилар ва бизга юзланиб: «Ўлимни кўп эсланглар, зеро у сиз кутаётган меҳмонингиздир. Меҳмоннинг ғоиблиги узайиб кетган бўлса, ташриф қилиши яқинлашади». Сўнг йиғлаб: «Қачон Ер (зилзилага тушиб, барча нарса) чил-парчин қилинганда. Парвардигорингиз(нинг ҳукми) ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда. (Кофирлар кўришлари учун) ўша Кунда жаҳаннамни ҳам (яқин) келтириб қўйилганда», мана шу Кунда биз нима қиламиз? — дедилар.
Ҳилол Ашжаий: «Робеъ ибн Хусайм сўзларини тугатмадилар ҳам, пешин намозига азон айтилиб қолди. Ўғилларига қараб: «Қани кел, муаззиннинг чақириғига ижобат қилайлик», дедилар. Шайхнинг ўғли бизларга: «Масжидга олиб чиқишга ёрдамлашиб юборинг! Аллоҳ ажрини берсин», деди. Шайхни кўтардик, ўнг қўлларини ўғилларининг елкасига чап қўлларини менинг елкамга қўйиб масжидга йўналдик, унинг оёқлари ерни чизиб борарди. Шунда Мунзир:
— Эй Абу Язид, сизнинг бу ҳолингизда, намозни уйингизда барпо қилишга рухсат берилганку.
Робеъ ибн Хусайм:
— Ҳа, сенинг айтганинг тўғри, лекин мен муаззиннинг: «Ҳаййа алал фалаҳ» «Нажотга келинглар» деган чақириғини эшиттим. Сизлардан бирортангиз нажотга чақириқни эшитса, эмаклаб бўлса ҳам борсин!
Робеъ ибн Хусайм ким ўзи?!
Келинг... Робеъ ибн Хусайм билан танишиб чиқамиз.
Робеъ ибн Хусайм тобеинларнинг улуғларидан ва зуҳд ўз асрида саккиз кишида камолига етган бўлиб, ана шу зоҳид кишиларнинг биридир. Асли араб, Музарий. Насл-насаби боболари Илёс ва Музарда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан туташади.
Робеъ ёшлик чоғидан Аллоҳнинг тоатида улғайди ва нафсини Унга тақво қилишга бағишлади. Онаси ярим кечада уйқудан уйғониб қараса, ёш ўғлининг ҳали ҳам жойнамоз устида тик туриб Аллоҳга муножот қилаётган, намозга ғарқ бўлган ҳолда топар эди. Ўғлига:
— Эй болам... Робеъ... ухламайсанми? — деса,
Робеъ:
— Тун зулмати ўраб олган ва душманнинг ҳужумидан қўрққан одам ухлай оладими? — дер эди. Бу сўзларни эшитган муштипар онанинг кўзларида ёш қуюлиб, ўғлининг ҳаққига дуои хайр қиларди. Робеъ улғайган сари унинг тақвоси ҳам, Аллоҳдан қўрқиши ҳам бирга улғайиб борди. Унинг кўп тазарру билан ёлворишлари, кечалари одамлар ухлаб ётганда ҳўнграб йиғлашлари онаизорнинг раҳмини келтирар ва ҳатто ҳар хил гумонларга ҳам олиб борарди. Шунда ўғлига:
— Эй ўғлим, нима бўлди сенга, балки каттароқ бир жиноят қилиб қўйдингми? Одам ўлдириб қўйдингми?
Робеъ:
— Ҳа она, мен одам ўлдирдим.
Она:
— Кимни ўлдирдинг болам, уни оиласидан ўртага одам қўйиб илтимос қилсак, балки кечиришар. Сенинг бу йиғлашларингни, кечаларидаги нолаларингни билишса, албатта раҳм қилишади, болам.
Робеъ:
— Онажон фақат ҳеч кимга айтманг! Мен ўз нафсимни ўлдирдим... Гуноҳлар билан уни ўлдирдим...
Робеъ ибн Хусайм Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишда у зотнинг энг яқин саҳобаларидан бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга шогирд тушиб, устозига фарзанднинг отасига бўлган боғланишидек боғланди. Ўз навбатида устоз ҳам шогирдини, ота ўзининг ёлғиз фарзандини қандай яхши кўрса шундай яхши кўриб қолди. Робеъ Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ҳузурларига изн сўрамай кираверар, Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ҳузурларига киришга эса, то Робеъ чиқиб кетмагунича ҳеч кимга изн берилмас эди. Улуғ саҳоба Робеъдаги соф қалб, ихлос ва ибодатдаги эҳсонни кўриб, шогирдининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замони саодатларидан кечиккани ва у зотнинг суҳбатларида бўлмаганидан, қалбида ўкинч пайдо бўларди. Шогирдига: «Эй Абу Язид, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизни кўрганларида эди, албатта яхши кўрган бўлар эдилар». Яна: «Сизни кўрсам Аллоҳдан қўрқувчиларни эслайман», дер эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд бу сўзларида муболаға қилмаган эдилар. Ҳақиқатда Робеъ ибн Хусайм Аллоҳдан қўрқув, тақво ва парҳезкорликда, ўз давридаги оз кишиларгина етган юксакликга чиқа олган эдилар. Бу ҳақда ҳали-ҳануз тарих саҳифаларини порлатиб турган кўпдан-кўп хабарлар ривоят қилинган, биродарларидан бирининг ушбу ҳикояси шулардан биридир: «Робеъ ибн Хусайм билан йигирма йил ҳамроҳлик қилган бўлсам, фақат хуш сўзларнигина сўзлар эди, деб Аллоҳнинг ушбу сўзини тиловат қилди: «(Ҳар бир) хуш сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур» (Фотир: 10).
Абдурраҳмон ибн Ажлон ҳикоя қилади: «Робеъ ибн Хусаймнинг уйида бир кеча тунаб қолдим. Мени ухлади деб билгач, туриб намоз ўқий бошлади. Намозда Аллоҳ таолонинг: «Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?! (Жосия: 21) оятини ўқиди. Бутун тун бўйи намозда ушбу оятнигина ўқиди, бошидан бошлар, оят тугагач яна бошидан бошлар ва то субҳ бўлгунга қадар шу ҳолда давом этди, кўзларидан эса дув-дув ёш оқиб турарди».
Робеъ ибн Хусаймнинг Аллоҳдан хавфи ва қўрқиши ҳақидаги ривоятлар ниҳоятда кўпдир... Шулардан бир жамоа кишилар ҳикоя қилган ушбу воқеа диққатга сазовордир: «Кунларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу билан бирга сафарга чиқдик. Жамоамиз ичида Робеъ ибн Хусайм ҳам бор эди. Фурот бўйлаб кетаётганимизда, тошларни ёқиб оҳакка айлантириш учун олов ёқилган катта қўрага рўпара келиб қолдик. Қўрадаги олов гуриллаб ёнар, учқунлари учиб, гувиллаган товуши эшитилиб турарди. Қўрага, ёниб кул бўлиб оҳакга айланиши учун тошлар ташланаётган эди. Робеъ ибн Хусайм оловни кўргач бир сесканиб жойида туриб қолди ва Аллоҳ таолонинг: «(Дўзах) уларни узоқ жойдан кўрган вақтидаёқ унинг ҳайқириқ ва бўкиригини эшитурлар. Қачон улар кишанланган ҳолларида (дўзахдан) тор бир жойга ташланганларида ўша жойда (ўзларига) ўлим тилаб қолурлар» оятини ўқиб, ҳушидан кетиб йиқилди. Дарҳол ҳушига келтириш чораларини қилдик, ҳушига келгач эса, уйига олиб кетдик».
Робеъ ибн Хусайм умри бўйи ўлимни кутиб, унга ҳозирлигини кўриб ҳаёт кечирди. Ўлим соати келганида, меҳрибон отасидан ажралаётганига йиғлаб турган қизига қараб: «Нега йиғлайсиз қизим, ахир отангизга яхшилик келди» деб, руҳини яратган Зотга топширди...


Иёс ибн Муовия ал-Музаний
«Амрнинг мардлиги, Ҳотим (Ҳотамтой)нинг саховати, Аҳнафнинг ҳалимлиги, Иёснинг заковати...» (Абу Таммам).
Мўминлар амири Умар ибн Абдулазиз тунни мижжа қоқмай, безовталаниб ўтказди. Дамашқнинг бу совуқ кечасида унинг уйқусини қочирган, уни машғул қилган иш, Басра аҳли ўртасида адолат тарозисини қоим қиладиган, уларга Аллоҳнинг Китоби билан ҳукм қиладиган, ҳақни барпо қилишда уни қўрқув ва рағбат ушламайдиган қозини танлаш эди. Ўйлай-ўйлай ихтиёри икки кишига тўхтади. Иккалалари ҳам, динда олим, ҳақда салобатли, теран фикрли, ўткир назар ва фаҳму фаросатли бўлиб, бу сифатларда улар бамисоли эгизаклардек ўхшаш эдилар. Халифа уларнинг бирида бошқасидан ошиқча бир фазилатни топса, бунинг муқобилида бошқасидан ҳам бунга баробар келадиган фазилатни топар эди. Тонг отгач Дамашқда ҳозир бўлган Ироқдаги волийси Адий ибн Артоҳни чақириб:
— Иёс ибн Муовия ал-Музаний ва Қосим ибн Робиа ал-Ҳорисий билан суҳбатлашиб, иккисидан бирини Басрага қози қилиб тайинлагин, деб амр қилди. Волий:
— Хўп бўлади, эй Амирул-мўминин, — деди ва Иёс ва Қосимни жамлаб:
— Мўминлар амири, Аллоҳ умрларини зиёда қилсин, иккингиздан бирингизни Басрага қози этиб тайинлашимга амр қилдилар, хўш нима дейсиз? — деди. Уларнинг ҳар бирлари биродарларининг фазилатлари, илми ва билимини зикр қилишиб, бу мансабга ҳақлироқ эканини айтишди. Бу билан масала ҳал бўлмаслигини кўрган волий:
— Бу мажлисдан то масалани ҳал қилмагунингизча чиқмайсиз, деб қатъий сўз айтгач, Иёс сўз бошлади:
— Эй амир, сиз мен ва Қосим ҳақида Ироқнинг икки олими Ҳасан Басрий ва Муҳаммад ибн Сийриндан сўранг, ана улар бизнинг ўртамизда ажрим қилишга энг қодир кишилардир, — деди. Бу икки улуғлар билан Иёсдан кўра Қосимнинг борди-келдиси кўпроқ эди. Қосим Иёснинг тадбирини тушунди. Агар амир улар билан маслаҳатлашадиган бўлса, улар албатта Қосимни тайинлашга маслаҳат беришади. Шунда Қосим ҳам ўз сўзини айтди:
— Эй амир, мен ҳақимда ҳам, Иёс ҳақида ҳам ҳеч кимдан сўраманг. Эй амир, Аллоҳга қасам ичиб айтаман, Иёс мендан Аллоҳнинг динида билимлироқ ва қозилик ишларида олимроқдир. Агар мен бу қасамимда ёлғон сўзлаётган бўлсам, мендек сўзида ёлғон аралаштирадиган кишини қозиликка тайинлаш дуруст бўлмайди. Агар мен бу қасамимда рост бўлсам, ҳақли одамни қўйиб ҳақсиз одамни тайинлаш ҳам дуруст бўлмайди. Шунда Иёс волийга:
— Эй амир, сиз бир кишини чақириб, унга қозиликни таклиф қилишингиз билан, уни жаҳаннам четига олиб бориб қўйдингиз. Энди у, ёлғон қасам ичиб бўлса ҳам ўзини бундан халос қилмоқда. Кейин ёлғон қасам ичгани учун Аллоҳга истиғфор айтиб тавба қилади ва қўрққан нарсасидан ўзини қутқариб қолади, — деди. Шунда Адий:
— Шуни фаҳмлаган сиздек заковат соҳиби қозиликка ҳақлироқ ва лойиқдир, — деди ва Иёсни Басрага қози этиб тайинлади.
Умар ибн Абдулазиздек зоҳид халифа Басрага қози бўлишини ихтиёр этган бу киши ким экан? Ҳотим ат-Тоийнинг (Ҳотамтой) сахийлиги, Аҳнафнинг ҳалимлиги ва Амр ибн Маъди Карибнинг мардлигида зарбул-масал қилингани каби, унинг заковати ва фаҳму фаросати ҳақида ҳам зарбул-масаллар қилинган бу киши ким ўзи? Келинглар, бу кишининг ҳаётини бошидан ўрганамиз, зеро унинг ҳаёти нодир ҳодисаларга бой, қизиқарли ҳаётдир.
Иёс ибн Муовия ибн Қурра ал-Музаний ҳижратнинг қирқ олтинчи йили, Нажднинг Ямома минтақасида дунёга келди. Оиласи билан Басрага кўчиб, шу ерда ўсиб-улғайиб, таълим-тарбия олди. Ўсмирлик чоғида у Дамашққа ҳам тез-тез қатнаб, ҳаёт бўлган саҳобаи киромлар ва улуғ тобеинлардан дарс олди. Музанийлик бу болада, болалик чоғиданоқ улуғворлик ва закийлик аломатлари зоҳир бўлиб, бу ҳақдаги хабарлар ва нодир ҳодисалар одамлар орасида айланиб юрар эди. Шулардан бири: «Иёс аҳли зиммалардан бўлган бир яҳудийда ҳисоб илмини таълим оларди. Бир куни муаллимнинг олдига ўзига ўхшаган яҳудий ошналари жамланиб, дин ҳақида гаплашиб ўтиришди. Уларнинг назаридан четда қолган Иёс эса, сукут сақлаб сўзларини тинглаб ўтирарди. Муаллим ошналарига:
— Мусулмонлардан ажабланмайсизми? Улар жаннатда турли таомлар ейишар, аммо қазои ҳожат қилмас эмишлар! — деди. Шунда Иёс муаллимга қараб:
— Сиз ажабланаётган иш ҳақида гапирсам майлими? — деди.
Муаллим:
— Майли, гапир.
Иёс:
— Шу дунёда ейилган ҳар бир нарса, чиқинди бўлиб ҳожатда чиқиб кетадими?
— Йўқ.
— Унда чиқмайдигани қаерга кетади?
— Жисмга озуқа бўлиб сингиб кетади.
— Шу дунёнинг ўзида еганларимизнинг баъзиси жисмимизга озуқа бўлиб кетар экан, жаннатда унинг ҳаммаси озуқа бўлиб кетишидан нега ажабланасиз? Муаллим қўли билан унга ишора қилиб: «Ҳа яшшамагур сен бола», деб қўйди.
Иёс йилдан йил улғайган сари, унинг заковати ҳақидаги хабарлар ҳам улғаяверди. Ривоят қилинишича, Иёс ўспиринлик чоғида Дамашққа келади. Иттифоқо у ерда Дамашқ аҳлидан бўлган бир қария билан бир ҳақ устида тортишиб қолади. Уни ҳужжат билан қониқтира олмагач, қозининг ҳузурига борадилар. Қозининг ҳузурида Иёс бироз қизишиб, даъволашаётган қарияга баланд овозда гапириб юборди. Шунда қози:
— Овозингни пастроқ қил эй бола, сени қаршингда ёши ва қадри катта инсон турибди, — деди.
Иёс:
— Лекин ҳақиқат ундан-да каттароқдир.
Қозининг жаҳли чиқиб:
— Жим бўл! — деди.
Иёс:
— Мен жим бўлсам, менинг ҳужжатимни ким гапиради.
Қозининг ғазаби зиёдалашиб:
— Қозихонага кирганингдан бери фақат ботил сўзларни сўзлаяпсан-а! Иёс:
— Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. У ягонадир шериги йўқдир. Бу ҳақми ёки ботилми? Қози ғазабидан тушиб:
— Ҳақ, ҳақ... Каъбанинг Роббига қасамки ҳақ, — деди.
Музанийлик бу йигит илм таҳсил қилишга астойдил киришиб, Аллоҳ насиб этганича ундан қониқиб-қониқиб симирди. Ҳатто у илмда шундай катта даражага эришдики, ёш бўлишига қарамай катталар унга бўйсунар, уни ўзларига имом қилиб орқасидан иқтидо қилишар ва қўлида шогирд бўлиб таълим олишар эди. Йилларнинг бирида Абдулмалик ибн Марвон, халифа бўлишидан аввал, Басрага келганида тўртта яшил чопонли, соқолли қориларнинг олдида, ҳали мўйлаби сабза урмаган ёш Иёснинг уларга имом бўлиб намоз ўқимоқчи эканини кўриб:
— Мана бу соқол эгаларига ажаб, ичларида ўзларига пешво қилишга лойиқ бирон ёши катта олим йўқмики, мана бу ёш болани ўтказибдилар, — деди. Сўнгра Иёсга қараб:
— Ҳой бола, ёшинг нечада? — деб сўради. Шунда Иёс:
— Ёшимми, ёшим... Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар бўлган лашкарга амир этиб тайинлаган Усома ибн Зайднинг ёшидаман, — деб жавоб берди.
Бу жавобдан лол қолган Абдулмалик ибн Марвон:
— Боракаллоҳ! Ўтавер болам, ўтавер, — деди.
Йилларнинг бирида, одамлар улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бошчилигида Рамазон ҳилолини кўриш учун очиқ кенгликка чиқдилар. Шу кунларда бу улуғ саҳобий юз ёшни қаршилаган эдилар. Ҳамма осмонга тикилган, Ойни қидирган, аммо ҳеч ким кўрмаётган дамда, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу осмонга тикилиб: «Мен кўряпман ҳов ана Ой, ҳов ана», деб қўллари билан кўрсатдилар. Бироқ ҳеч ким уни кўрмади. Ҳамма осмонга қараганда, фаросатли Иёс Анас розияллоҳу анҳуга қаради. Қараса қошларининг узун бир толаси кўзларига тушиб турган экан, одоб билан изн сўраб қошларини силаб тўғрилаб қўйди ва: «Эй Расулуллоҳнинг соҳибси, энди қарангчи», деди. Анас розияллоҳу анҳу осмонга тикилиб қараб: «Йўқ энди кўринмаяпти, энди кўрмаяпман», — дедилар.
Иёс ибн Муовия ал-Музанийнинг заковати ҳақидаги хабарлар тарқагандан тарқалди. Одамлар унинг ҳузурига ҳар тарафлардан келиб, ўзларининг илм ва дин ишларидаги мушкулларини арз қилар, баъзилар маърифатни истасалар, айримлар эса ожиз қолдириш, ботил нарсаларда тортишишни хоҳлардилар. Шундай воқеалардан:
«Кунларнинг бирида бир қабила раиси келиб:
— Эй Абу Воила (Иёс ибн Муовиянинг кунялари) мускир (маст қилувчи ичимлик) ҳақида нима дейсиз? — деди. Иёс ибн Муовия:
— Ҳаромдир.
— Нега ҳаром бўлади, ахир у оловда қайнатилган сув ва хурмодан таркиб топган бўлса, буларнинг бари ҳалол нарсалар эмасми?
— Гапириб бўлдингми эй раис ёки яна гапинг борми?
— Гапириб бўлдим.
— Агар бир ҳовуч сув олиб, шуни юзингга сепсам оғритадими?
— Йўқ, оғритмайди.
— Агар бир сиқим тупроқ олиб, шуни юзингга сочсамчи оғритадими?
— Йўқ, оғритмайди.
— Агар бир сиқим сомон олиб, шуни шуни юзинга отсам оғритадими?
— Йўқ, оғритмайди.
— Энди шу тупроқни олиб, унга сомонни аралаштириб, устидан сув солиб гувала қилсам ва буни қуёшда пиширсам, кейин шу билан юзинга урсам оғритадими?
— Ҳа, оғритади, ўлдириб қўйиши ҳам мумкин.
— Маст қилувчи ичимликнинг ҳукми ҳам худди шундай. Унинг ҳам бўлаклари жамланиб ачитилса ҳаром бўлади.
Иёс ибн Муовия қозилик вазифасига тайинлангач, унинг заковатининг очилмаган қирралари, тадбирининг кенглиги ва ҳақиқатни очишдаги нодир маҳорати зоҳир бўла бошлади. Шулардан: «Икки киши даъволашиб унинг ҳузурига келишди. Уларнинг бири иккинчисига маълум миқдордаги молни омонат қолдиргани, энди шу омонатни қайтариб беришни сўраганида инкор қилаётганини айтди». Иёс ибн Муовия инкор қилувчи кишидан омонатни сўраган эдилар, у яна инкор қилиб:
— Даъвогарнинг ҳужжати бўлса олиб келсин, бўлмаса қасам ичишдан бошқа менинг устимда ҳаққи йўқдир, — деди. Иёс ибн Муовия қасам билан бировнинг моли ноҳақ ейилиб кетишидан қўрққанларидан даъвогарга:
— Қайси жойда молингни омонат берган эдинг?
Даъвогар:
— Фалон жойда.
Иёс ибн Муовия:
— Ўша ерда нима бор эди.
Даъвогар:
— Катта бир дарахт бор эди. Дарахтнинг сояси остида ўтириб таомландик, сўнг кетишимиздан олдин омонатни бердим.
Иёс ибн Муовия:
— Ўша дарахтнинг олдига қайтиб бор, шояд дарахт сенга молингни қаерга қўйганингни ва нима қилганингни эслатса, кейин ҳузуримга қайтиб келиб нима ҳол бўлганини менга айтасан, — дедилар. Даъвогар кетгач, Иёс ибн Муовия омонатни инкор қилаётган кишига қараб:
— Даъвогар қайтгунига қадар бу ерда ўтира тур, — деди ва ҳузурида ўз навбатини кутиб турган бошқа даъвогарларга юзланиб, уларни эшита кетди. Бироқ омонатни инкор қилаётган кишидан ҳам назарини узмай, кўзининг қири билан уни кузатиб турарди. Бир оз вақт ўтгач, уни хотиржам, бепарво ўтирганини кўриб, тўсатдан:
— Нима деб ўйлайсан, даъвогар сенга омонатни берган жойга етиб бордимикин? — деб сўради. У киши ўзи билмаган ҳолда, ўйламай:
— Йўқ, ҳали етиб бормаган бўлса керак. У ер анча узоқ, — деб қўйди. Шунда Иёс ибн Муовия:
— Эй Аллоҳнинг душмани, омонатни инкор қиласан, аммо уни қаерда олганингни биласан.. Аллоҳга қасамки сен хоинсан, — дедилар. У киши ҳайратда, даҳшатда жим ўтириб қолди ва хиёнат қилганига иқрор бўлди. Иёс ибн Муовия уни даъвогар келгунига қадар ушлаб турдилар ва омонатни қайтариб беришга амр қилдилар.
Яна шундай воқеалардан бири: Икки киши эркак­лар бошларига ташлаб юрадиган икки рўмол устида тортишиб, Иёс ибн Муовиянинг ҳузурига даъволашиб келдилар. Рўмолларнинг бири яшил рангли, қимматбаҳо янги рўмол, иккинчиси эса қизил рангли эски рўмол эди. Даъвогар сўз бошлади:
— Чўмилиш учун кийимларимни ечиб ҳовузга тушдим. Рўмолимни ҳовузнинг четига кийимларим ёнига қўйган эдим. Бу киши келди ва ўзининг қизил рўмолини менинг рўмолим ёнига қўйиб, ҳовузга тушиб чўмилди, кейин мендан аввал ҳовуздан чиқди ва кийимларини кийиб, мени рўмолимни бошига ташлаб кетиб қолди. Орқасидан югуриб: «Ҳой биродар, ахир бу менинг рўмолим-ку, қайтариб беринг!», деб айтган эдим, у эса бу унинг рўмоли эканини айтмоқда. Иёс гумондорга қараб:
— Сен нима дейсан? — деб сўради.
— Рўмол меники, мана қўлимда турибди, — деди. Даъвогарга:
— Рўмол сеники эканига бирон ҳужжатинг борми? — деб сўраган эди. Даъвогар:
— Йўқ, — деб жавоб берди. Шунда Иёс ходимларидан бирига:
— Менга тароқ олиб келинг! — деб амр қилди. Тароқ олиб келингач, даъволашаётган икки кишининг сочларини таради. Бирининг сочидан қизил толалар, бошқасидан эса яшил толалар чиқди. Сочидан қизил толалар чиққан кишига қизил рўмолни, яшил толалар чиққан кишига яшил рўмолни беришга ҳукм қилди.
Иёс ибн Муовия ал-Музанийнинг фаросати ва заковатининг ўткирлигига далолат қилувчи воқеалардан яна бири: Кўфа шаҳрида одамларга ўзини тақволи, омонатдор қилиб кўрсатган бир киши бор эди. Бу киши ҳақида мақтовлар ва ҳамда унга ишонувчилар кўпайиб кетди. Одамлар сафар қилмоқчи бўлсалар молларини унга омонат қолдирадиган, ажаллари яқинлашиб қолганини сезганлар эса, болаларига уни васий қилиб қолдирадиган бўлиб қолдилар. Кунларнинг бирида бир киши келиб унга ўзининг бир қанча молини омонат қолдириб кетди, кейин қайтиб келиб молини қайтариб беришни сўраганида эса у инкор қилди. Бу ҳолдан ҳайрон қолган киши нима қиларини билмай, охири қози Иёснинг ҳузурига бориб арзини баён қилади. Иёс унга:
— Мени ҳузуримга шикоят қилиб келишингни унга айтганмидинг? — деб сўради. Шикоятчи:
— Йўқ, — деди.
Иёс ибн Муовия:
— Ҳозир кетавер, аммо эртага ҳузуримга яна келгин! — деб тайинлаб, ҳалиги омонатдор деб танилган кишини чақиртирди. У келгач унга:
— Менинг ҳузуримда қаровчиси йўқ етим болаларнинг кўпгина моллари йиғилиб қолди. Шуни сенга топширишни ва етим болаларга сени васий қилишни ихтиёр этдим. Шунга вақтинг бемалол ва жойинг ишончлими? — деб сўради. У:
— Ҳа, бемалол муҳтарам қози, — деб жавоб берди. Иёс ибн Муовия:
— Ундай бўлса молни сақлашга жой ҳозирлаб, индинга молни кўтариб кетишга ҳаммоллар билан келгин! — деди. Эртасига топшириқга кўра шикоятчи келди. Иёс ибн Муовия:
— Ҳозир сен унинг олдига боргин, яна бир бор молингни қайтариб беришни талаб қил, агар яна инкор қилса, «Қозига шикоят қиламан» деб айт!» — деди. Шикоятчи бориб ундан молини қайтаришни талаб қилганида, у ҳеч қандай омонат олмаганини айтиб, молни беришдан бош тортди. Шунда шикоятчи Иёс айтганидек:
— Ундай бўлса қозига шикоят қиламан, — деди. Бу сўзни эшитиши биланоқ омонатини қайтариб берди ва узр айтиб уни юпатиб ҳам қўйди. Шикоятчи Иёснинг ҳузурига қайтиб:
— У омонатимни қайтариб берди, Аллоҳ сизни яхши мукофотлар билан мукофатласин, — деб миннатдорчилик билдирди. Ваъдалишилган кунда ўзини омонатдор қилиб кўрсатиб юрган киши, бир қанча ҳаммоллар билан қозининг олдига келганида, Иёс ибн Муовия унинг кирдикорларини фош қилиб шарманда қилди ва: «Сен қандай ҳам ёмон одам экансан, эй Аллоҳнинг душмани! Дунё топиш учун динни қопқон қилиб олибсан-а», деб койиди.
Иёс ибн Муовия ўткир заковати, топқирлиги ва ҳозиржавоблигига қарамай, баъзида уни ҳужжат билан қониқтириб, чорасиз қолдирганлар ҳам бўлган. Ўзи ҳақида ҳикоя қилиб деди: «Мени биров мағлуб қила олмаган эди. Аммо бир кишигина бунга муваффақ бўлди. Бир куни Басрада қозихонада эдим, ҳузуримга бир гувоҳни олиб келишди. У фалон боғ фалончининг боғи эканига гувоҳлигини айтиб, боғнинг ҳудудини белгилаб берди. Мен унинг гувоҳлигини текшириб:
— Боғнинг ичида қанча дарахти бор? — деб сўрадим. У бир оз жим ўтириб, сўнг шифтга қараб:
— Муҳтарам қози неча йилдан бери шу ерда қозилик қиласиз? — деди. Мен:
— Фалонча йилдан бери, — деб айтдим. У:
— Унда айтингчи, шу шифтнинг вассажуфтлари нечта? — деди. Мен билмадим ва унга:
— Сен ҳақсан, — деб унинг гувоҳлигини қабул қилдим.
Иёс ибн Муовия ёшлари етмиш олтига етганда туш кўрдилар. Тушларида оталари ва ўзлари от миниб ёнма-ён борар, на оталари ва на ўзлари ўтиб кетмай, баробар кетишаётган экан. Оталари етмиш олти ёшда вафот қилган эдилар. Шу кечада Иёс ибн Муовия аҳл-оиласига:
— Бу кеча қандай кечалигини биласизми? — дедилар. Улар:
— Йўқ, — деб жавоб беришди. Иёс ибн Муовия:
— Бу кеча отамнинг умрлари ниҳоясига етган кечадир, — дедилар ва тонгга етмай шу кечада вафот етдилар.
Қози Иёсни Аллоҳ Ўз раҳматига олсин. Дарҳақиқат ўз замонасининг заковат ва фаросатда ҳамда ҳақни билиш ва унга етишдаги нодир шахслардан бири эди.

Умар ибн Абдулазиз ҳамда ўғли Абдулмалик
«Билмайсанми ҳар бир қавмнинг ўз аслзодаси бўлади... Бани Умайянинг аслзодаси Умар ибн Абдулазиздир. У қиёмат куни ёлғиз ўзи бир уммат бўлиб қайта тирилтирилади» (Муҳаммад ибн Алий ибн Ҳусайн).
Улуғ тобеин мўминлар амири Умар ибн Абдулазиз ўтмишдоши Сулаймон ибн Абдулмаликни қабрга қўйиб, қўлидаги тупроқни қоқиб улгурмасидан, атрофида ерни зириллатаётган товушини эшитди. «Ниманинг товуши бу?», деб сўраган эди. «Халифа минадиган маркаблар, эй амирул мўминин, минишингиз учун ҳозирлаб қўйилди», деб жавоб берилди. Умар ибн Абдулазиз унга кўз қири билан назар соларкан, чарчоқ ва бедорликдан заифлашган товушда: «Бунинг менга нима кераги бор. Буларни менинг йўлимдан четлатинглар, барака топинглар! Менга ўзим минадиган хачирни олиб келинг, шу кифоядир», деди. Хачирга миниб бўлмади ҳамки, миршаблар бошлиғи найзалар ушлаб олган одамларини унинг ўнг ва чап тарафига саф тортириб ўзи эса халифанинг олдига тушиб олди. Умар ибн Абдулазиз миршаблар бошлиғига қараб:
— Менинг сизга ҳам миршабларингизга ҳам ҳожатим йўқ. Мен мусулмонлардан бириман холос, улар қандай юришса мен ҳам шундай юраман, — деб одамлар билан бирга масжид сари йўл олди. Жарчи одамларни масжидга чорлаб жар солганди, мусулмонлар ҳар тарафдан ёғилиб келдилар. Сафлар тўлгач Умар ибн Абдулазиз туриб хутба бошлади. Аллоҳ таолога ҳамду сано ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва саломлар айтгач шундай деди:
— Эй одамлар, мен бу мансабга ўз томонимдан бирон талаб ва ихтиёрсиз ҳамда мусулмонларнинг маслаҳатисиз тайинландим. Шунинг учун бўйнингиздаги менга бўлган байъатни ечиб, ихтиёрни ўзингизга бердим. Ўзингиз рози бўладиган халифани сайлаб олинглар. Одамлар:
— Биз сизни ихтиёр этдик ва сизни халифа бўлишингизга розимиз. Ишимизга садоқат ва Аллоҳнинг баракаси билан бош бўлаверинг, — деб бир овоздан жавоб бердилар. Овозлар тиниб, қалблар таскин топганини кўргач, яна бир бор Аллоҳга ҳамду сано ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавотлар айтиб, одамларни тақво қилиш ва дунёда зоҳид бўлишга ундади, охиратга рағбатлантирди, ўлимни эслатди... Уларга ўлимни қотиб кетган қалбларни юмшатадиган, осий кўзлардан тирқираб ёшлар қуйиладиган, сўзловчининг юрагидан чиқиб, эшитувчининг қалбига ўрнашадиган сўзлар билан эслатди. Сўнг барча одамлар эшитиши учун толиққан товушини баландлатиб:
— Эй одамлар, Аллоҳга бўйсунган кишигагина итоат қилинади, Аллоҳга итоат этмаса унга ҳам итоат йўқдир. Модомики мен сизлар ҳақингизда Аллоҳга итоат қилар эканман, сизлар ҳам менга бўйсунинглар. Аллоҳга осийлик қилсам биронтангиз ҳам менга итоат қилманг, — деди. Сўнг минбардан тушиб, уйига йўл олди.
Халифанинг вафотидан сўнг ўзига етган чарчоқни чиқариш мақсадида хонасига кириб бир оз дам олмоқчи бўлиб ёнбошлаган эди ҳамки, ўн етти ёшда бўлган ўғли Абдулмалик изн сўраб кириб:
— Мўминлар амири нима қилмоқчилар? — деб сўради. Умар ибн Абдулазиз:
— Жисмимда куч-қувват қолмади, шунинг учун бир оз мизғиб олмоқчиман.
Абдулмалик:
— Мазлумларга ҳақларини олиб бермасдан аввал дам олмоқчимисиз. Умар ибн Абдулазиз:
— Эй ўғлим, Сулаймон амакинг вафот этганидан бери мижжа қоққаним йўқ. Пешин вақти бўлсин, одамларга намоз ўқиб бергач, Аллоҳ хоҳласа мазлумларга ҳақларини олиб бераман.
Абдулмалик:
— Пешингача яшашингизга бирон кимса кафил бўла оладими?
Мана шу сўз Умарнинг ғайратини қўзғатиб, кўзидан уйқуни қочириб юборди. Толиққан жисмига қувват ва ирода бахш этди. Ўғлини бағрига босиб, пешонасидан ўпди ва: «Зурриётимдан динда менга ёрдам берувчини чиқариб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», деб шукрона айтди. Сўнг одамларни жамлашга амр қилиб деди:
— Ким мазлум бўлиб ҳаққини ололмаётган бўлса, менга айтсин...
Одамлар у ҳақда: «Отасини ибодатга киргизган ва зоҳидлик йўлида юргизган», деб айтишадиган Абдулмалик ким экан? Келинглар бу солиҳ йигит билан яқиндан танишайлик.
Умар ибн Абдулазизнинг ўн беш фарзанди бўлиб, учтаси қиз ва қолганлари ўғил эди. Уларнинг барчалари тақводан етарли насибадор ва салоҳиятда ҳам юқори мақомда эдилар. Бу дуру гавҳар шодаларининг ўртасида бўлган Абдулмалик, уларнинг ичида порлаб турган юлдуз каби бўлиб, қобилиятли ва ўта фаросатли, ўзи ёш бўлса ҳам ақли катталарнинг ақли каби эди. Ёшлигидан бошлаб Аллоҳ азза ва жалланинг тоат-ибодатида улғайди. Умар ибн Хаттоб оиласидагиларга ва хусусан Абдуллоҳ ибн Умарга тақвода, гуноҳдан тийилишда ва тоат-ибодат билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилишда жуда-жуда ўхшар эди. Амакиваччаси Осим шундай ҳикоя қилади:
— Дамашқга келганимда амакимнинг ўғли Абдулмаликка меҳмон бўлдим. Ўша вақтда у ҳали бўйдоқ эди. Хуфтон намозини ўқигач, ҳар биримиз ухлаш учун ҳозирланган жойимизга ётдик. Абдулмалик туриб чироқни ўчиргач, кўзлар юмилиб уйқуга кетдик. Ярим кечаси уйғониб кетиб қарасам, Абдулмалик туриб намоз ўқиётган экан. У Аллоҳ таолонинг: «(Эй Муҳаммад), хабар берингчи, агар Биз уларни (узоқ) йиллар (сиҳат-саломатлик, мол-давлат билан) фойдалантирсак-да, сўнгра уларга ваъда қилинган нарсалар (яъни азоб) келса, (ўша пайт) уларга (ҳаёти дунёда) фойдаланган нарсалари асқотурми?!» оятини ўқир эди. Ундаги мени мафтун қилган ҳолат, Абдулмалик оятларни қайта-қайта ўқиши ва юракни эзадиган даражадаги йиғлаши бўлди. У оятни ўқиб бўлгач яна қайтариб ўқир эди. Мен уни йиғидан ўлиб қолса керак, деб ўйлаб қолдим. Уни бу ҳолатдан чиқариш учун, уйғонган киши айтадиган калима: «Ла илаҳа иллаллоҳ, валҳамду лиллаҳ», деб айтдим. Овозимни эшитгач жим бўлди ва мен ундан бошқа товуш эшитмадим».
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг зурриётидан бўлган бу йигит, ўз асрининг катта уламоларига шогирд тушиб, Аллоҳнинг Каломини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ҳамда Ислом дини аҳкомларини мукаммал ўрганди. Ёш бўлишига қарамай ўз давридаги Шом уламоларининг аввалги табақаларидан ўрин олди. Ривоят қилинишича: Умар ибн Абдулазиз Шомнинг олиму қориларини жамлаб: «Сизларни йиғишимдан мақсад, мендан аввал аҳли байтимиз одамлардан ноҳақ олиб қўйган моллар ҳақида сўрамоқчи эдим, шунга нима дейсиз?», деди. Улар: «Эй мўминлар амири, бу иш сиз халифа бўлишингиздан аввал содир бўлган, шунинг учун бунинг гуноҳи уни ноҳақ олганлар зиммасидадир», деб жавоб бердилар. Аммо Умар ибн Абдулазиз бу жавобдан қониқиш ҳосил қилмади. Олимларнинг ичларида ҳам бу жавобга қўшилмаганлари бор эди, шулардан бири: «Эй мўминлар амири, бу масала ҳақида Абдулмаликни чақириб сўранг, зеро у бу ерга чақирилган олимлардан илмда ҳам, билимда ҳам, ақлда ҳам кам эмас», деди. Абдулмалик келгач Умар ибн Абдулазиз унга: «Амакимизнинг фарзандлари одамлардан зулм билан олиб қўйган мол-дунё ҳақида нима дейсиз. Эгалари келиб молларини талаб қилишмоқда, ҳақиқатда биз бу моллар уларнинг ҳаққи эканини биламиз?», деди. Абдулмалик:
— Модомики бу моллар одамларнинг ҳаққи эканини билсангиз, уни қайтариб бериш керак, чунки сиз билиб туриб уни эгаларига олиб бермасангиз, улардан зулм билан олиб қўйганларга шерик бўлиб қоласиз деб ўйлайман, деб ўз фикрини билдирди. Буни эшитган Умар ибн Абдулазизнинг кўнгли ёришиб, қалби таскин топди ва шу билан уни ўйлантираётган масала ҳал бўлди.
Умарлар авлоди бўлган бу йигит, мусулмонлар чегараларини қўриқлаш мақсадида, Шом ерларидан бўлган чегарага яқин бир қишлоқда яшашни ихтиёр этиб, боғу-роғлар, соя-салқинлар ва зилол сувларга бой бўлган Дамашқни ташлаб, мақсади сари йўл олди. Отаси Умар ибн Абдулазиз унинг солиҳ ва муттақин йигит эканини билишига қарамай, уни шайтон васваса қилиб қўйишидан ёки болалик инжиқлиги ўз домига тортиб қўйишидан қаттиқ ҳадиксираб, ўғлининг ҳар бир ҳолатини билиб туришга ҳаракат қилар, бундан у асло эринмас ва бепарволик қилмас эди. Бу ҳақда Умар ибн Абдулазизнинг вазири ва маслаҳатчиси қози Маймун ибн Меҳрон шундай ҳикоя қилади:
— Бир куни Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига кирдим. У ўғли Абдулмаликка, охиратни эслатувчи, жаҳаннам азобидан қўрқитиб, жаннат роҳатлари билан шодлантирувчи, насиҳатга тўла мактуб ёзаётган экан. Мактубда битилган сатрлардан баъзиларини мисол тариқасида келтирсак:
«Аммо баъд... Эй ўғлим, менинг насиҳатларимни ёдда тутиш ва сўзларимни идрок қилишга энг ҳақли бўлган сендирсан. Аллоҳ таоло ишларнинг катта-ю кичигида бизларга кўп яхшиликлар ато этди, бу учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, бас шундай экан сен ўзинга ва ота-онангга бўлган Аллоҳнинг фазлу-марҳаматини доим ёдингда тут. Кибр-ҳаво ва ўзни катта тутишдан сақлан, чунки бу ишлар шайтоннинг амалидан бўлиб, шайтоннинг ўзи эса мўминларнинг очиқ душманидир. Мен бу хатни, сендан бирон ножўя иш хабари етгани учун ёзганим йўқ, Аллоҳ сақласин. Мен сендан фақат яхшиликни биламан холос, фақат сен ўзинга бир оз юксак баҳо бериб қўйганлигинг хабари менга етиб қолди. Агар сендаги бу ҳолат мен ёмон кўрадиган даражага етган бўлса, мендан яхшилик кутма...». Сўнг Умар ибн Абдулазиз менга ўгирилиб:
— Эй Маймун ибн Меҳрон, ўғлим Абдулмаликка нисбатан қалбимда кучли муҳаббат бор. Мана шу муҳаббат ундаги асл ҳолатни идрок қилишдан ғолиб келиб, кўпгина оталарга етган болаларининг айбини кўра олмаслик балоси менга ҳам етиб қолишидан қўрқаман. Сиз Абдулмаликнинг олдига бориб, ундаги яширин ҳолатлардан хабар топишга урининг. Унда кибр-ҳаво ва фахрланиш каби иллатлар борми йўқми шуни кузатинг. Чунки у ҳали ёш бўлганидан, мен уни шайтон васваса қилиб қўйишидан хавотирдаман, — деди. Маймун ибн Меҳрон ҳикоя қилади:
— Отни қамчилаб Абдулмалик томон йўл олдим. Етиб боргач, изн сўраб ҳузурига кирдим. Қарасам ёш, навқирон, хушрўй ва ниҳоятда камтарин йигит экан. У жундан қилинган тўшакда ўтирар эди. Мени илиқ кутиб олиб, сўз бошлади:
— Отамдан сиз ҳақингизда жуда кўп яхши гапларни эшитганман, сиздан фойдаланиб қолишни умид қилиб қоламан.
Мен:
— Қандайсиз, аҳволингиз не?
— Аллоҳнинг фазли марҳамати билан яхши юрибман. Аммо мен отамнинг менга бўлган яхши гумонлари, мени мағрурлантириб қўйишидан хавотирдаман. Ва ҳолбуки мен отам ўйлаётган даражага етганим йўқ. Отамнинг менга бўлган муҳаббатлари, мендаги асл ҳолатни билишдан ғолиб келиб, отамга офат бўлиб қолишдан қўрқаман. Мен ота-боланинг сўзи бир хил чиққанига ажабландим ва яна сўрашда давом этдим:
— Нимадан тирикчилик қиласиз?
— Ўзимнинг ҳалол пулимга ер сотиб олганман. Шунинг ҳосилидан келаётган фойда эвазига, одамлардан беҳожат бўлиб кун кечирмоқдаман.
— Таомингиз нималардан иборат?
— Баъзида гўшт, баъзида адас билан зайтун, яна баъзида сирка билан зайтун... Мана шу яшаш учун етарлидир.
— Ўзингизда бир манманлик, ўзига юксак баҳо бериш аломатларини сезмадингизми?
— Ҳа, шулардан бир нав бор эди менда... Отам менга насиҳат қилиб, нафсимнинг ҳақиқатини тушунтириб, уни менинг наздимда ҳақир қилиб, қад­рини паслатиб қўйганларидан кейин, Аллоҳ буни менга фойдали қилди ва бу нарса мендан кетди. Аллоҳ отамни яхши мукофотлар билан мукофотласин.
Абдулмалик билан чамаси бир соатча суҳбатлашиб, унинг нутқидан баҳра олдим. Бундай очиқ юзли, ақли комил, ёш бўлишига, тажрибаси оз эканига қарамай гўзал одоблик болани кўрмаган эдим. Кун охирлаб қолганида бир йигит келиб:
— Тақсир, бўшатиб қўйдик, — деди. Абдулмалик жим бўлиб қолди. Мен:
— Нимани бўшатиб қўйишди? — деб сўрадим.
— Ҳаммомни, — деб жавоб берди.
Мен:
— Қанақасига?
Абдулмалик:
— Одамлардан холи қилиб, менга бўшатиб қўйишади.
Мен:
— Буни эшитмасимдан аввал, менда катта таассурот қолдирган эдингиз, — дедим. У хижолат бўлиб, мусибатда айтиладиган: Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиуун, деб:
— Бунинг нимаси ёмон, эй амаки, —деди.
Мен:
— Ҳаммом сизникими?
Абдулмалик:
— Йўқ.
Мен:
— Нега унда одамларни ундан чиқартириб юбордингиз. Гўё сиз бу билан ўзингизни улардан устун қўймоқчимисиз ва қадрингизни кўтармоқчимисиз? Бундан ташқари сиз ҳаммом соҳибига кунлик дароматида зиён етказиб ва ҳаммомга келганларнинг ҳам ноумид қиласиз.
Абдулмалик:
— Ҳаммом соҳибини рози қилиб, кунлик дароматини бераман.
Мен:
— Бу манманлик аралашган исрофдир... Одамлар билан бирга ҳаммомга киришдан сизни нима тўсади? Сиз ҳам уларнинг бири эмасмисиз? Абдулмалик:
— Мени одамлар билан бирга киришдан тўсадиган нарса, баъзи нодон кимсалар сатри авратсиз ҳаммомга кирадилар, кўзим уларнинг авратларига тушиб қолишини истамайман ва уларни сатри аврат қилишга мажбур қилишни ҳам хоҳламайман, чунки улар буни «ҳокимлик билан зўравонлик қилиш» деб қараб қолишлари мумкин. Аллоҳ таоло бизларни бу ҳокимликдан, фойдамизга ҳам зараримизга ҳам қилмай, тамоман халос қилишини сўраб қоламан. Аллоҳ сизни Ўз раҳматига олсин, менга фойдали насиҳат қилинг. Менга йўл кўрсатинг.
Мен:
— Ҳаммомга келган барча одамлар чиқиб кетгунларига қадар кутиб туринг, одамлар қолмагач сўнг кираверинг.
Абдулмалик:
— Ваъда бераман, энди асло кундуз куни ҳаммомга кирмайман. Бу диёрларнинг қаттиқ совуғи бўлмаганида умуман кирмаган бўлар эдим, — деди. Сўнг, бир нарса ўйлаётган одамдек бошини эгиб қолди, бир оздан кейин менга юзланиб:
— Сиздан ўтиниб сўрайман буни отамга айтманг, чунки мен отамнинг мендан ғазабланиб қолишларидан ва мен розиликларини ололмай ажал ўртамизни ажратиб қўйишидан қаттиқ қўрқаман, — деди. Мен Абдулмаликдан бу гапни эшитгач, унинг ақлини синаб кўриш мақсадида:
— Агар мўминлар амири: «Ўғлимда бирон ножўя иш кўрдингизми?» — деб сўрасалар, ёлғон гапиришимга рози бўласизми? — дедим. У:
— Йўқ асло, Аллоҳ сақласин, лекин сиз: «Мен унда биргина ножўя ишни кўриб насиҳат қилиб қўйган эдим, дарҳол ундан қайтди» десангиз, отам сиз яширган нарсани ошкор қилишингизни сўрамайдилар, зеро Аллоҳ яширган нарсани кавлаштиришдан, отамни Аллоҳ пок қилган, — деди. Маймун ибн Маҳрон:
— Мен ҳаётимда бундай ота-болани кўрмадим, уларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.
Хулафои рошидинларнинг бешинчилари Умар ибн Абдулазиздан Аллоҳ рози бўлсин ва рози қилсин... Қабрларини ва ҳамда жигарбанди, ўғли Абдулмаликнинг қабрини мунаввар айласин...
Рофиқул-аълода кўришадиган Кунда уларга саломлар бўлсин...
Яхши, солиҳ мўминлар билан қайта тириладиган Кунда уларга саломлар бўлсин...


Ҳасан Басрий
«Ҳасан Басрий каби инсон уларнинг орасида бўлган қавм қандай ҳам адашсин» (Маслама ибн Абдулмалик).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари, онамиз Умму Салама розияллоҳу анҳога, чўрилари Хайра ўғиллик бўлгани ҳақидаги хушхабар келиб, уммул-мўминин розияллоҳу анҳонинг қалбларини қамраб олган шоду хуррамлик, нурлик чеҳраларида ҳам намоён бўлган эди. Хушхабарни эшитгач, чилласини уйларида ўтказиш учун, она-болани олиб келишга тезда одам жўнатдилар. Чунки Хайра Умму Салама розияллоҳу анҳонинг ҳузурларида ҳурмат ва эҳтиромга сазовор, қалбдан яхши кўришларини қозона олганидан, янги туғилган чақалоқни кўриш завқи-шавқи онамизда кучлик эди. Кўп ўтмай Хайра чақалоғини кўтариб кириб келди. Умми Салама розияллоҳу анҳонинг кўзлари болага тушиши билан, қалбларини унга нисбатан улфатлик ва мамнунлик эгаллаб олди. Чақалоқ ҳам унга қараган одамни ўзига ром қиладиган даражада юз-кўзи чиройли, тўрт мучаси соғ ва ширингина эди. Боланинг онасига юзланиб:
— Чақалоғинга исм қўйдингми? — деб сўрадилар.
Хайра:
— Йўқ онажон, ўзингиз хоҳлаган исмни қўясиз деб, сизнинг ихтиёрингизга қолдирдим. Умму Салама розияллоҳу анҳо:
— Аллоҳдан барака тилаб, исмини Ҳасан қўямиз, — дедилар ва қўлларини кўтариб гўдакнинг ҳаққига дуо-и хайр қилдилар.
Янги меҳмон хушхабари Умму Салама розияллоҳу анҳонинг хонадонларига чекланмаган эди. Бу хурсандчиликда уларга Мадинадаги яна бир хонадон аҳли шерик эдилар. Бу хонадон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваҳий котиблари Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг хонадони эди. Негаки Зайд ибн Собитнинг ходими Ясор Ҳасаннинг отаси эди-да. Ясор ҳам улуғ саҳобий ҳузурларида ҳурматга сазовор, у зотнинг муҳаббатларини қозонган эди. Шундай қилиб бундан буёғига Ҳасан Басрий бўлиб танилган Ҳасан ибн Ясор, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонларидан бирида ўсиб улғайиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидан бири Умму Салама номи билан машҳур бўлган, Ҳинд бинт Суҳайлнинг ҳужраларида тарбия топди. Шуни билиб қўйинг, Умми Салама араб аёллари ичидаги ақл, фазл, юксак мартаба ва олийжанобликда энг етукларидан ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ичида ҳам илмда ва ҳадис ривоятида, уларнинг энг кўпларидан бири эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уч юз саксон еттита ҳадис ривоят қилганлар. Буларга қўшимча Исломдан аввал ёзишни биладиган камсонли аёллардан бўлганлар. Умму Салама розияллоҳу анҳога насибаси қўшилиб қолган бу чақалоқнинг боғланиши шу билан чекланиб қолмай, балки яна ҳам чуқурроқ кетгандир... Яъни, кўпинча Ҳасаннинг онаси Хайра Умму Салама онамизнинг юмушлари билан ташқарига чиқиб кетганида, чақалоқ қорни очганидан йиғлаб қоларди. Йиғиси зўрайиб кетса, Умми Салама розияллоҳу анҳо болани бағриларига босиб, онаси йўқлигидан гўдакни чалғитиш учун, унга ўз кўкракларини тутар эдилар. Болага бўлган кучли муҳаббатлари туфайли, кўкракларидан сут тўлиб чиқар, бола эмиб, йиғидан тўхтаб тинчланар эди. Ана шу билан Умму Салама розияллоҳу анҳо Ҳасанга икки жиҳаддан она бўлдилар... Бири мўминлар онаси сифатида ва яна бири эмизикли она сифатида...
Мўминлар оналарининг ўзаро гўзал ва мустаҳкам алоқада бўлганлари ҳамда уйларининг бир-бирига яқин бўлгани, бу бахтлик болага Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадонларининг барчасига кириб юриш ва ушбу хонадон эгаларининг хулқлари билан хулқланиш, тутган йўлларини ушлаш бахтига муяссар қилди. Ҳасан Басрий ўзлари айтганларидек, бу уйларни ўзининг шўхлиги, ҳаракатлари ва ўйинлари билан тўлдириб турар, ҳатто сакраб уйларнинг шифтларига қўлини текказиб ўйнаб юрар эди. Ҳасан нубувват хушбўйликлари билан муаттар бўлган, унинг нури билан жилвираган шундай муҳитда ҳаёт гузаронлик қилди. Уммаҳотул мўмининларнинг ҳужралари тўлиб тошган ширин чашмалардан қониқиб симирди ва бундан ташқари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг масжиди шарифларида Усмон ибн Аффон, Алий ибн Абу Толиб, Абу Мусо Ашъарий, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Анас ибн Молик, Жобир ибн Абдуллоҳ ва булардан бошқа улуғ саҳобаларга шогирд бўлиб илм ўрганди, улардан ривоятлар қилди. Буларнинг ичларида мўминлар амири Алий ибн Абу Толибга қаттиқ муҳаббат қўйди. Алий розияллоҳу анҳунинг диндаги салобати, ибодатдаги эҳсони ва дунё зебу зийнатларига зоҳидлиги уни қойил қолдирди... Ёрқин баёнлари, етук ҳикматлари, сермазмун сўзлари ва қалбларни ларзага солувчи панд-насиҳатлари уни ўзига ром этди... Шулардан қаттиқ таъсирлангач, У зотнинг ибодат ва тақводаги хулқлари билан хулқланди... Фасоҳат ва баёндаги йўлларида изма-из юрди... Ҳасаннинг ёши ўн тўртга кириб, катталар сафига қўшилгач, ота-онаси билан Басрага кўчиб ўтиб, шу ерда истиқоматда қолди. Шу сабаб Ҳасан Басрага нисбат берилиб, одамлар орасида Ҳасан Басрий бўлиб танилди.
Ҳасан келган вақтда Басра шаҳри Ислом давлатидаги илм қўрғонларининг энг катталаридан эди. Ундаги катта масжид эса, Басрага келган саҳобалар ва тобеинларнинг улуғлари билан денгиз мисоли тўлқинланиб турар... Турли алвондаги илм ҳалқалари масжиднинг ичи-ю ташини обод қилиб, кўркига кўрк қўшар эди. Ҳасан ҳам масжидни ўзига лозим тутиб, уммати Муҳаммаднинг олими ва обиди Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг илм ҳалқаларидан жой олиб, у кишидан тафсир, ҳадис, қироат, фиқҳ, луғат, адаб ва бошқа-бошқа кўп илмларни таҳсил олди. Кўп ўтмай ўзи ҳам дин ва илмда унга суяниладиган олим ва фуқаҳоларнинг бирига айланди. Одамлар унга юзланиб, унинг тўлиб тошган илм булоғидан қониб-қониб симирадиган, қаттиқ қалбларни эритиб, кўзлардан тирқираб ёшлар оқизадиган ваъз-насиҳатларига жим ўтириб қулоқ тутадиган, ақлларни мафтун этадиган ҳикматларини ёд олиб, тадаббур қиладиган, мушки анбардан хушбўйроқ ахлоқини ўзларига ўрнак қилиб оладиган бўлдилар. Ҳасан Басрийнинг хабари атроф шаҳарларга ва одамлар орасида тез ёйилиб кетди... Халифа ва амирлар қизиқиб у ҳақда сўраб суриштирадиган, хабардор бўлишга интиладиган бўлдилар. Холид ибн Сафвон ҳикоя қилади:
— Ҳийрада (Ироқдаги қадимий шаҳар) Маслама ибн Абдулмаликни (Умавийларнинг амири ва лашкарбошиси) учратиб қолдим. У менга:
— Эй Холид, Ҳасан Басрий ҳақида менга гапириб бер, уни сендан кўра яхши биладиган киши йўқ бўлса керак деб ўйлайман, — деди.
Мен:
— Амиримизни Аллоҳ саломат қилсин... Дарҳақиқат мен Ҳасан Басрий ҳақида илм билан сизга хабар берувчиларнинг энг яхшисидирман, чунки мен биринчидан унинг қўшнисиман, иккинчидан илм мажлисида унинг ҳамшиниман ва аҳли Басра ичида уни энг яхши билувчиман, — дедим. Маслама:
— Билганларингдан айтиб бер, — деди.
Мен:
— Ҳасан Басрий шундай одамки, унинг ичи билан таши, сўзи билан амали бир хилдир. Яхшиликка буюрса, ўзи шунга энг амал қилувчи, ёмонликдан қайтарса, ўзи шундан энг қайтувчидир. Одамлардан беҳожат, уларнинг қўлларидаги нарсалардан ўзини тортгандир ва аксинча одамлар эса унга муҳтож, ундаги нарсаларга талабгордирлар..., Маслама ибн Абдулмалик:
— Бўлди, эй Холид, бўлди, етарли!! Ҳасан Басрий каби инсон уларнинг орасида бўлган қавм қандай ҳам адашсин?! — деди.
Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий Ироқга волий этиб тайинланиб, у ерда зулм қилиб ҳаддидан ошганда, Ҳасан Басрий унга қарши чиқиб, эътироз билдирган, одамларга унинг ёмон ишларини ошкор қилган ва ҳақ сўзни унинг ўзига очиқ айтолган оз сонли кишилар қаторида бўлдилар. Шулардан: Ҳажжож Басра билан Кўфа оралиғидаги Восит номли шаҳарда, ўзи учун қаср қурдириб, одамлар уни томоша қилиб дилхушлик қилишлари ва барака тилаб дуо қилишлари учун ҳаммани қасрга чорлади.Одамлар йиғиладиган бундай фурсатни қўлдан чиқармай, ундан унумли фойдаланиб, уларга панд-насиҳат қилиш, дунё зебу-зийнатларига берилмай, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузуридаги нарсаларга интилиш ва шу каби эслатмаларни баён қилиш умидида Ҳасан Басрий ҳам у ерга борадилар. Етиб боргач, одамлар қаср­нинг ҳашамати, кенг ва катталиги, нақшкор ва ўта зийнатланганига маҳлиё бўлиб қаср атрофида айланиб юришганини кўриб, уларга гапира бошладилар:
— Ёмонларнинг ёмони қурдирган бу қасрни кўриб туриммиз, шуни билингларки Фиръавн ҳам бунданда катта ва ҳашаматли қасрларни қурдирган эди... Натижа нима бўлди? Аллоҳ Фиръавнни ҳалок этди, қурдирган қасрларини эса ер билан яксон қилди... Кошки Ҳажжож аҳли само уни ёмон кўришини, ердагилар уни мағрурлантириб қўйганини билса эди... Ҳасан Басрий шундай қаттиқ-қаттиқ гапиришда давом этардилар. Тингловчилардан бири Ҳажжож Ҳасан Басрийни жазолашидан ҳадиксираб:
— Етар, эй Абу Саид, — деганида,
Ҳасан Басрий:
— Аллоҳ аҳли илмлардан «...одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!», деб аҳд-паймон олган, — деб сўзларида давом этдилар.
Эртаси куни Ҳажжож ғазабдан ёрилиб кетгудек ҳолда ўз қароргоҳига кириб, аъёнларига:
— Ҳалокат бўлсин сенларга, нонкўрлар... Басралик бир қул туриб, биз ҳақимизда хоҳлаганини гапирса-ю, уни тийиб қўядиган бирорта одам топилмаса-я... Аллоҳга қасамки, ҳаммангизга унинг қонини ичираман, қўрқоқлар, — деди ва қилич билан зеркунда (қатл қилишда тўшаладиган чарм тўшама) олиб келишни буюрди ва жаллодни чақиртирди. Ҳузурида ҳаммаси ҳозир бўлгач, Ҳасан Басрийни олиб келиш учун одамларини жўнатди. Оз ўтмай Ҳасан Басрийни олиб келдилар. Кўзлар Ҳасан Басрийга қадалди, юраклар дукуллаб ура бошлади. Ҳасан Басрий қилич, зеркунда ва жаллодни кўргач, лабларини қимирлатиб қўйдилар. Сўнг Ҳажжожга юзландилар ва у кишида мўминнинг улуғворлиги, мусулмоннинг азизлиги ва Аллоҳ йўлига чақирувчи даъватчининг виқори намоён эди. Ҳасан Басрийни ана шундай ҳолатда кўрган Ҳажжож ҳайбатланиб:
— Хуш келибсиз, эй Абу Саид, хуш келибсиз... Қани бу ёққа ўтсинлар... деб илтифот кўрсатиб ҳатто ўз тахтига ўтқазгунича... бу ерга ўтсинлар, деб турган Ҳажжожни кўрган аъёнлар ҳайрон қолдилар. Ҳажжож тахтда ўтирган Ҳасан Басрийга юзланиб диний масалалар ҳақида сўрай бошлади. Ҳасан Басрий ҳар бир саволга ҳайиқмай, чиройли баён ва кенг илм билан жавоб берардилар. Шунда Ҳажжож:
— Сиз уламоларнинг саййидисиз, эй Абу Саид, — деди ва қимматбаҳо хушбўйлик келтириб, у билан Ҳасан Басрийнинг соқолларини хушбўйлатиб кузатиб қўйди. Ҳасан Басрий қароргоҳдан чиқиб кетгач, Ҳажжожнинг дарбони (эшик қоравули) чопиб келиб:
— Эй Абу Саид, аслида Ҳажжож сизни бошқа мақсадда чақиртирган эди. Сиз кирганингизда, қилич, зеркунда ва жаллодни кўриб, лабингизни қимирлатиб пичирлаганингизни кўрдим, менга айтинг!! шунда нима дедингиз?
Ҳасан Басрий:
— Эй неъматларимнинг Хожаси ва ғам-аламда менга паногоҳ бўлган Зот, Сен оловни Иброҳим алайҳис-салом учун совуқ ва омонлик қилганинг каби, бунинг ҳам қаҳр-ғазабини мен учун совуқ ва омонликга айлантиргин, — дедим. Волийлар ва амирлар билан шунга ўхшаш ҳолатлар Ҳасан Басрийнинг сермазмун ҳаётида кўп содир бўлган. Бу ҳолатлардан у ҳар сафар Аллоҳ тарафидан ҳимояланган, азиз ва ҳокимлар кўз ўнгида янада обрў-эътиборли бўлиб чиқар эди... Мана шулардан: «Зоҳид халифа Умар ибн Абдулазиз оламдан ўтиб, хилофат Язид ибн Абдулмаликга ўтгач, у Ироққа Умар ибн Ҳубайра Фазорийни волий этиб тайинлайди. Кейин унинг ҳокимиятини катталаштириб, унга Хуросонни ҳам қўшиб беради. Аммо Язид ўзидан аввал ўтган солиҳ халифа изидан кетмай, Ироқдаги волийси Умар ибн Ҳубайрага мактублар жўнатиб, улардаги буйруқларни, гарчи гоҳида ҳаққа терс бўлса ҳам сўзсиз ижро қилишга амр қилади. Умар ибн Ҳубайра Ҳасан Басрий ва Шаъбий номи билан танилган Омир ибн Шураҳбийлни чақиртириб уларга:
— Мўминлар амири Язид ибн Абдулмаликни Аллоҳ таоло халифа бўлишини ирода этиб, унга итоат қилишни эса мусулмонларга фарз қилган. Биласизки халифа мени Ироққа, сўнг бунга қўшиб Форсга волий этиб тайинлади. Аммо халифа гоҳида менга шундай амр-фармон мактубларни юборадики, мен ундаги амрларнинг адолатли эканига қалбим таскин топмайди. Мен халифага итоат этиб, унинг бу амрларини бажаришим учун менга диндан бирон ечим топиб бера оласизми, — деб мурожаат қилди. Шаъбий халифага илтифот ва волийга енгиллик бўладиган бир сўз айтди. Ҳасан Басрий эса сукут сақлаб ўтирар эди... Умар ибн Ҳубайра Ҳасан Басрийга қараб:
— Сиз нима дейсиз, эй Абу Саид? — деди.
Ҳасан Басрий:
— Эй Ибн Ҳубайра, сиз Язиднинг амрларини бажаришда Аллоҳдан қўрқинг, Аллоҳнинг амрларини бажаришда Язиддан қўрқманг... Шуни билингки, Аллоҳ таоло сизни Язиддан ҳимоя қила олади, аммо Язид сизни Аллоҳдан ҳимоя қила олмайди... Эй ибн Ҳубайра, яқин осмондан тошбағир ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган фаришта тушиб, сизни бу ўрнингиздан четлатиб, кенг қасрдан тор қабрга кўчириб қўйса, сиз у ерда Язидни топа олмайсиз, балки Язиднинг Парвардигорига хилоф қилган амалингизни топасиз... Эй ибн Ҳубайра, агар сиз Аллоҳ таоло билан бирга ҳамда Унинг итоатида бўлсангиз, Парвардигори олам сизни Язиднинг озорларидан, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам сақлайди... Агар сиз Аллоҳга осийлик қилишда Язид билан бирга бўлсангиз, унда Аллоҳ сизни Язидга ташлаб қўяди. Шуни билингки, эй ибн Ҳубайра, Холиқ таолога гуноҳ бўлган ишларда, ким бўлишидан қатъий назар, махлуқга итоат қилинмайди, — деди. Умар ибн Ҳубайра кўз ёшлари соқолини ҳўл қилгудек даражада йиғлаб юборди. Сўнг Шаъбийдан кўра Ҳасан Басрийга мойил бўлиб, уни кўпроқ иззат-икром билан сийлаб кузатиб қўйди. Икковлари волийнинг ҳузуридан чиқишиб, масжид тараф юра бошлаганларида, атрофларига одамлаб йиғилиб, волий билан бўлган суҳбат ҳақида сўрадилар. Шаъбий одамларга юзланиб:
— Эй одамлар, ичларингизда кимда ким ҳар қандай ўринда ҳам Аллоҳ таолони махлуқотларидан ортиқ қўя олса шуни қилсин! Аллоҳга қасамки, Ҳасан Басрий волийга айтган сўзларни мен ҳам билар эдим, лекин мен ўз сўзим билан волийни риоя қилган бўлсам, Ҳасан Басрий эса Аллоҳнинг риоясини қилиб сўз сўзлади... Натижада Аллоҳ мени волийнинг назаридан узоқлатди, Ҳасан Басрийни эса волийга яқин ва маҳбуб қилди, — деди.
Ҳасан Басрий саксон йилга яқин умр кечириб, бу йиллар орасида дунёни илм, ҳикмат ва маърифат билан тўлдирдилар. Келажак авлодга қолдирган бебаҳо мерослари — асрлар оша қалбларга улфат бўлиб қолган, қалбларни титратиб, таъсирлантирадиган, кўзлардан шашқатор ёшлар оқизадиган, адашганларни Аллоҳга йўллайдиган, бепарво-ғофилларни эса дунёнинг ҳақиқати ва ундаги одамларнинг ҳоли билан огоҳ қиладиган ваъз-насиҳатларидир. Дунё ва унинг ҳоли ҳақида сўраган сўровчига айтган сўзлари, шулардан бир намунадир:
— Дунё ва охират ҳақида мендан сўрайдиган бўлсанг, сенга шуни айтаман. Дунё билан охиратнинг мисоли, машриқ билан мағрибга ўхшайди... Қачон уларнинг бирига яқинлашсанг, бошқасидан узоқлашасан. Менга бу дунёни сифатлаб беринг дейсан!!... Аввали офат-бало, охири йўқлик-фано бўлган дунёнинг нимасини сенга сифатлай... Ҳалолига ҳисоб қилинса, ҳаромига азобга қолинса... Бойлар мафтун бўлса, камбағаллар маҳзун қолса... Яна ўзи ва одамлар ҳоли ҳақида сўраган кишига айтган ушбу сўзлари:
— Ҳолимизга вой бўлсин, ўзимиз учун нима қилдик?! Динимизни оздириб, дунёмизни семиртирдик... Ахлоқимизни эскиртиб, буюм ва либосларимизни янгиладик... Биримиз ёнбошлаб бемалол, бировнинг молини ейдиган бўлди... Таоми зўрлик билан тортиб олинган... Хизматчини ҳақсиз ишлатган... Нордондан сўнг ширинни, совуқдан сўнг иссиқни, қуруғидан сўнг ҳўлини талаб қилган... Ҳатто тўйиб кетганидан товуш чиқариб кекиради, сўнг ҳазми таом талаб қилиб, овқатини ҳазм қилмоқчи бўлади... Эй аҳмоқ, сен овқатни эмас, дийнингни ҳазм қилмоқдасан...
— Муҳтож қўшнинг қаерда қолди?
— Қорни оч етим қариндошинг қаерда?
— Сенга кўз тикиб турган мискин-бечорачи?
— Аллоҳ таолони сенга буюрган амрлари қаерда қолди?
— Қаерда?!
Кошки сен сонлардан иборат эканингни, ҳар кун ўтганида бир сонга камайиб боришингни билсанг эди!
Бир юз ўнинчи ҳижрий йил, Ражаб ойининг аввали жума кечасида, Ҳасан Басрий Парвардигорининг чақириғига лаббай деб ижобат қилди... Тонг отиб, одамлар орасида унинг вафоти ҳақидаги хабар тарқаганида, Басра ларзага тушди. Уни ювиб, кафанлаб, ҳаётининг аксарини олим, муаллим ва даъватчи бўлиб ўтказган ўша катта масжидда жумъа намозидан сўнг жанозалари ўқилиб, дафн қилишга олиб кетдилар... Ҳамма одамлар жанозага эргашиб кетдилар, ҳатто ўша куни Басранинг жомеъсида аср намози ўқилмади, чунки намоз ўқийдиган биронта одам ҳам қолмаган эди... Мана шу кун, Ҳасан Басрий Парвардигорининг ҳузурига кўчган кундан бошқа бирон кун ҳам Басра жомеъсида, намоз ўқилмай қолганини одамлар билмайдилар...


Қози Шурайҳ
Шурайҳдан сўрадилар: «Қай йўл билан бундай илмга эриша олдингиз?» Шурайҳ деди: «Уламолар билан суҳбат қилиш, улардан ўрганиб ва ўргатиш билан эришдим» (Суфён Авсий).
Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу ан­ҳу бир аъробийдан от сотиб олдилар ва пулини нақд бериб, ўша ернинг ўзида отга миниб йўлларига равона бўлдилар. Аммо ҳали жуда ҳам узоқ кетмаслариданоқ, отда унинг юришига халақит берадиган нуқсони кўрина бошлади. Умар розияллоҳу анҳу дарҳол ортга қайтиб, аъробийга шундай деди:
— Отингни қайтариб ол, уни айби бор экан.
— Қайтариб олмайман, эй мўмининлар амири, чунки мен уни сизга сотганимда у соппа-соғ эди.
— Ундай бўлса ўртамизда ажрим қиладиган бир кишини танла.
— Ўртамизда Шурайҳ ибн Ҳорис ҳакам бўлсин.
Умар розияллоҳу анҳу рози бўладилар ва икковлон муаммони ҳал қилиш учун Шурайҳнинг олдига йўл олдилар. Шурайҳ аъробийнинг сўзини эшитгач, Умар розияллоҳу анҳуга юзланиб деди:
— Отни олганингизда у соппа-соғ эдими, эй мўминлар амири?
— Ҳа.
— Ундай бўлса, отни ё ўзингизда олиб қолинг, ё бўлмаса қандай ҳолда сотиб олган бўлсангиз шундайлигича қайтаринг.
Бундай одилона ҳукмдан қойил қолган Умар розияллоҳу анҳу Шурайҳга қараб деди:
— Мана буни ҳукм деса бўлади... Ҳақ сўз ва одилона ҳукм. Сиз Кўфага боринг, мен сизни у ерга қози этиб тайинладим.
Умар розияллоҳу анҳу Шурайҳни қози этиб тайинлашларидан аввал ҳам у киши жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, улуғ саҳобалар ва тобеинлар ичидаги илм ва фикр соҳиблари орасида ўзига яраша обрў-эътиборга сазовор кишилардан эди. Фозил ва етук инсонлар Шурайҳдаги ўткир фаросат ва ўта ноёб заковатни, олий хулқ ва бой ҳаётий тажрибани қадрлар эдилар.
Шурайҳ ибн Ҳорис асли яманлик, Кинда қабиласидан бўлиб, оғир кечган ҳаётининг ярмини жоҳилиятда ўтказган киши эди. Араб Ярим Ороли ҳидоят нури билан мунаввар бўлиб, Ислом нури Яман ерларига ҳам етиб боргач, Шурайҳ Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтирган, ҳидоят ва ҳақ чақириқни лаб­бай деб қабул қилган илк мусулмонлардан бўлди.
Шурайҳнинг фазилатини қадрига етган, унинг одоб-ахлоқи ва бошқалардан устун жиҳатларини билган инсонлар, унинг иймонга мушарраф бўлгач, Мадинага эртароқ келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришиш насиб қилмаганига афсус қилардилар. Қани эди, унга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рафиқул аълога йўлиқишларидан аввал у зот билан учрашиш, мусаффо чашмаларидан билвосита эмас, бевосита қониб-қониб симириш, иймон неъмати насиба қилгандан сўнг, саҳобийлик шарафи ҳам насиб қилганида эди, деб орзу қилардилар. Дарҳақиқат, шундай бўлганида, у барча яхшиликларни ўзида жамлаган бўлар эди. Аммо инсоннинг хоҳиши эмас, тақдирда битилгани бўлар экан...
Умар Форуқ розияллоҳу анҳу, гарчи ўша пайтда Ислом осмони ҳали-ҳануз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидек ёрқин юлдузлар билан порлаб турган бўлса-да, тобеинлардан бўлган кишини қозиликдек катта ва масъулиятли мансабга тайинлаб хато қилмаган эдилар. Умар розияллоҳу анҳунинг фаросати ва тадбирларининг нақадар тўғри экани кунлар ўтиши билан ўз исботини топди. Шурайҳ мусулмонлар ўртасида узлуксиз олтмиш йил қозилик қилди. Уни бу мансабда қолишини, кетма-кет келган халифаларнинг барчалари — Умар, Усмон, Алий ва Муовия розияллоҳу анҳумлар ва улардан кейинги Умавий халифалар ҳам маъқул топдилар. Ҳажжожнинг волийлик даврида Шурайҳ қозиликдан озод қилишларини талаб қилди. Бу вақтда у ўзининг сермазмун ва узун умрининг бир юз еттинчи йилига қадам қўйган эди.
Исломда қозилик тарихи Шурайҳнинг қозилик соҳасида бошдан кечирган ажойиб ва ҳайратомуз ҳолат-ҳодисалар билан безатилиб, каттаю-кичик мусулмонларнинг Шурайҳ амалда кўрсатиб берган Аллоҳнинг шариатига гўзал тарзда бўйсунишлари ила порлаб турибди. Ана шундай ибратга тўла воқеалардан бири, Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўзи учун қадрли бўлган совутини йўқотиб қўйгани хусусидаги воқеадир. Совутини йўқотиб қўйган Алий розияллоҳу анҳу кўп ўтмай худди шу совутни Кўфа бозорида бир зиммийнинг қўлида кўриб қолади. Зиммий совутни сотувга қўйган эди. Алий розияллоҳу анҳу совутга кўзи тушиши биланоқ уни танийди ва зиммийга қарата шундай дейди:
— Бу совут меники эди, фалон кечада, фалон жойда туямнинг устидан тушиб қолибди.
— Йўқ, бу менинг совутим, мана қўлимда турибди, эй мўминлар амири!
— Ахир бу менинг совутим, уни бировга сотган ҳам эмасман, ҳадя ҳам қилмаганман-ки, сеники бўлиб қолса?!
— Ундай бўлса ўртамизда мусулмонлар қозиси ажрим қилсин.
— Инсоф қилдинг, қани юр бўлмаса.
Икковлари Шурайҳ қозининг ҳузурига бордилар. Қозихонага — Шурайҳнинг ҳузурига киришгач, Шурайҳ Алий розияллоҳу анҳудан сўради:
— Қандай даъвоингиз бор, эй мўминлар амири?
— Мана бу совут менинг совутим эди, уни фалон кечада, фалон ерда йўқотиб қўйган эдим. Баногоҳ уни мана бу кишининг қўлида кўриб қолдим. Унга бу совут олди-сотди йўли ёки ҳадя орқали келмаган.
Шурайҳ зиммийга қараб деди:
— Сен нима дейсан?
— Совут меники, мана қўлимда турибди. Мўминлар амирини ёлғон гапиришда айбламайман.
Шурайҳ Алий розияллоҳу анҳуга деди:
— Эй мўминлар амири, сиз гапираётган гапингизда содиқ эканингиз ва бу совут сизники эканида менинг қалбимда заррача ҳам шак-шубҳа йўқ. Лекин қилаётган бу даъвоингизнинг рост эканига икки гувоҳ олиб келишингиз шарт.
— Ҳа, албатта. Хизматкорим Қанбар ва ўғлим Ҳасан мен учун гувоҳлик берадилар.
— Ўғилнинг ота учун гувоҳи ўтмайди, эй мўминлар амири.
— Субҳаналлоҳ! Жаннат аҳлидан бўлган кишининг гувоҳлиги ўтмайдими?!... Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидидирлар», деганларини эшитмаганмисиз?
— Эшитганман, эй мўминлар амири, лекин мен фарзанднинг ота учун берган гувоҳлигини қабул қилмайман.
Шунда Алий розияллоҳу анҳу зиммийга қараб деди:
— Совут сенга бўлақолсин, мени бу икковидан бош­қа гувоҳим йўқ.
— Эй мўминлар амири, чиндан ҳам совут сизники, — деди Алий розияллоҳу анҳунинг гапидан ҳайратга тушган зиммий, — Ё Аллоҳ! Мўминлар амири менингдек бир зиммий билан қозига бориб даъволашса-ю, қози эса менинг фойдамга, унинг зарарига ҳукм чиқарса-я! Мана шундай одилликка буюрувчи дин ҳақ эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман. Эй қози жаноблари, ҳақиқатда бу совут мўминлар амирининг совутидир. Мен Сиффинга (Шом вилоятидаги жойнинг номи) йўл олган лашкарнинг кетидан кетаётиб, унинг кул ранг туясидан тушиб қолган совутини олган эдим.
— Модомики мусулмон бўлдинг, бундан буён бизга биродарсан... Мана шу совут ва унга қўшимча мана бу от ҳам мендан сенга ҳадя, — деди Алий розияллоҳу анҳу.
Бу воқеадан кўп ўтмай, мазкур одам Алий розияллоҳу анҳу бошчилигида хаворижларга қарши бўлиб ўтган Наҳравон жангида шаҳид бўлади.
Шурайҳнинг ажойиботларига далолат қилувчи яна бир воқеа:
Кунларнинг бирида Шурайҳнинг ўғли отасига:
— Отажон, мен билан бир қавм ўртасида келишмовчилик юз берди. Эшитиб кўринг, агар ҳақ мен тарафда бўлса, улар билан даъволашаман. Борди-ю, ҳақ улар тарафда бўлса, уларни сулҳга чақираман, — дея, отасига ҳолатни баён қилди. Шурайҳ воқеа тафсилотларини эшитиб бўлгач:
— Улар билан даъволашавер, — деди. Отанинг маслаҳати билан ўғил уларни қозига бориб даъволашишга чақирди. Улар рози бўлишиб, ҳаммалари қозининг ҳузурига бордилар. Шурайҳ икки томон даъвосини эшитгач, қавмнинг фойдасига, ўғлининг зарарига ҳукм қилди. Ота бола уйга қайтгач, ўғли:
— Ота мени шарманда қилдингиз.. Аввал сиз билан маслаҳатлашмаганимда эди, сизни маломат қилмаган бўлардим, — деди. Шунда Шурайҳ ўғлига деди: «Эй ўғлим, Аллоҳга қасамки, сен мен учун улардан суюклироқсан. Лекин Аллоҳ азза ва жалла менга сенданда Азиздир! Менга маслаҳат солганингда, ҳақ улар тарафида эканини сенга айтмаганим, сен буни билгач, уларни сулҳга кўндиришинг, натижада, уларнинг баъзи ҳақлари зое бўлишидан қўрқдим. Шунинг учун сенга шундай деган эдим».
Яна бир нодир ҳолат: Шурайҳнинг ўғли маҳкамага тортилган бир кишига кафил бўлиб ўртага тушди. Шундан сўнг у киши маҳкамадан қочиб кетади. Шурайҳ кафил бўлиб ўртага тушган ўғлини, қочиб кетган кишининг ўрнига қамоқга ташлайди ва ўзи ҳар куни ўғлининг олдига қамоққа овқат олиб бориб туради.
Баъзан қозихонага даъволашиб келганларнинг гувоҳларидан Шурайҳнинг кўнгли тўлмас, аксинча, қалбида уларга нисбатан шубҳалар пайдо бўларди. Аммо гувоҳлар гувоҳликка ярайдиган ва рад қилиш мумкин бўлмагани учун, уларни қабул қилишдан ўзга чора топмас эди. Лекин улар гувоҳликка ўтишларидан аввал, уларга насиҳат қилиб бундай дер эди: «Менга қулоқ солинглар! Аллоҳ сизни ҳидоятда қилсин. Сиз бу кишига гувоҳлик беришингиз билан унга ҳукм қилган бўласиз. Мен қиёматда сизларни рўкач қилиб дўзахдан сақланаман, аслида дўзахдан сақланадиган ишни қилиш сизларга лозимроқдир. Гувоҳлигингиз чин бўлмаса, ҳозир гувоҳликка ўтмаслик имконингиз бор». Агар шундан кейин ҳам улар гувоҳликка ўтишда қаттиқ туриб олсалар, унда бу гувоҳларни олиб келган кишига қарата: «Билиб қўй, мен буларнинг гувоҳлиги билан сенга ҳукм чиқараман, аммо билиб турибманки, ҳақ сен тарафда эмас, лекин мен гумон билан эмас, балки гувоҳларнинг шаҳодати билан ҳукм қиламан. Мен чиқарган ҳукм сенга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб бермайди», дер эди.
Қози Шурайҳ ўзига шиор қилиб олган ва қозихонада тез-тез айтиб турадиган сўзлардан бири қуйидаги сўзлар эди:
«Эртага қиёматда золим киши аслида ким ютқизганини билиб олади. Золимлар азобни кутсалар, мазлумлар адолатни кутадилар. Қасам ичиб айтаманки, Аллоҳ учун бирон нарсани тарк этган киши, уни қўлдан бой бергани учун асло пушаймон қилган эмас».
Шурайҳ фақатгина Аллоҳ, Унинг Китоби ва Расулига тааллуқли бурчини адо қилибгина қолмай, балки мусулмонларнинг олим ва амирлари ҳамда омма халққа ҳам қўлидан келган эзгуликни улашар, уларга нисбатан зиммасидаги вазифасини садоқат билан бажарар эди. Бунга қуйидаги воқеани далил қилиш мумкин:
Бир киши дўстидан шикоят қилаётганини эшитиб қолган Шурайҳ, уни қўлидан ушлаб четга тортдида, унга шундай деди: «Укажоним, сенга насиҳатим Аллоҳ азза ва жалладан ўзгага шикоят қилишдан сақлан. Чунки сен шикоят қилган киши ё дўст, ёки душман бўлади... Дўст бўлса унинг кўнглини ранжитасан, душман бўлса устингдан кулади, уни севинтирасан». Сўнгра унга қарата: «Менинг мана бу кўзимга боқ», деб бир кўзига ишора қилди, Аллоҳга қасамки, мана шу кўзим билан ўн беш йилдирки на бир одамни ва на теварак-атрофни кўра оламан... Ўн беш йилдан бери шу кўзим кўрмайди, аммо ҳеч кимга бу ҳақда шикоят қилмаганман. Сенга ибрат бўлсин деб, айтдим, холос. Солиҳ банда Яъқуб алайҳис-саломнинг сўзларини эшитмаганмисан: «Албатта, мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан...» (Юсуф: 86). Бошингга бирон мусибат тушса Аллоҳгагина шикоят қил, Унга дардингни тўкиб сол, зеро Аллоҳ сўралувчиларнинг энг саховатлиси ва дуо­ни ижобат қилишга энг яқин Зотдир».
Шурайҳ бир кишининг бошқа бир кишидан тиланаётганини кўриб: «Эй биродар, ким ўзига ўхшаган одамдан ҳожатини ўташини сўраса, ўзини қулликка маҳкум қилган бўлади. Агар сўралувчи унинг хожатини ўтаса, бу билан уни қул қилган бўлади. Борди-ю, ҳожатини ўтамай рад қилса, иккаласига ҳам хорлик етади... Бирига бахиллик хорлиги, яна бирига эса рад қилиниш хорлиги. Шунинг учун сўрасанг Аллоҳдан сўра. Ёрдам сўрасанг ҳам Аллоҳдан сўра. Шуни билки, банда учун Аллоҳнинг мадади ва тавфиқисиз бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиб ҳам ва бу ҳолатда давом этиш учун қувват ҳам бўлмайди», деб насиҳат қилди.
Кўфада вабо касали тарқаганида Шурайҳнинг бир дўсти вабодан қочиб «Нажаф» деган тарафларга кетиб қолади. Шунда Шурайҳ дўстига мана бундай мазмунда хат юборган экан: «Аммо баъд... Дўстим, сен ташлаб кетган ер сенга ажалингни яқин қилмас ва тақдирда битилган умрингни сендан тортиб олмас эди. Сен борган у ерлар ҳам, чора-тадбир қилиш Уни ожиз қолдирмайдиган ва Ундан қочиб қутулиб бўлмайдиган Зотнинг қабзидадир. Биз ҳам, сен ҳам бир Подшоҳнинг бисотидамиз. «Нажаф» эса қудрат Эгасига яқинроқдир».
Буларнинг барига қўшимча тарзда Шурайҳ жуда қобилиятли, хилма-хил мавзуларда шеър ёзадиган қалами ўткир шоир ҳам эди. Ривоятларга кўра Шурайҳнинг ўн ёшлардаги, жуда ўйинқароқ, шўх боласи бор экан. Бир куни болани излаб борса, мактабдан кетиб, итларни томоша қилаётган экан. Уйга қайтгач ўғлидан: «Намоз ўқидингми?», деб сўраганида, у: «Йўқ», деб жавоб берибди. Шунда қоғоз ва қалам келтиришга буюриб, боланинг тарбиячисига ушбуларни битган экан: (Шеърнинг мазмуни):
«Илакишиб итларга, намозини ташлади,
Ёмонларга қўшилиб, дилимизни ғашлади.
Ҳузурингизга ушбу мактуб ила борганда,
Адаб беринг яхшилаб, таъзирин есин анда.
Уришга ҳожат бўлса, майли, дарра урингиз,
Уч даррадан ошиғи кўплик қилар, билингиз.
Қаршингиздаги бола гарчи шўхдир, ёмондир,
Бироқ бизга жигарбанд, бизга ширин бир жондир.
Умар Форуқдан Аллоҳ рози бўлсин, дарҳақиқат, у Исломдаги қозилик мансабини соф ва адолатли қози билан зийнатлаб кетди... Мусулмонлар то бугунги кунга қадар унинг Аллоҳ таолонинг шариатига доир илмий зиёсидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари хусусидаги тушунчасининг нуридан баҳра оладиган ҳамда қиёмат кунида бошқа умматлар олдида у билан фахрланадиган ёрқин чироқни уларга инъом этди.
Қози Шурайҳни Аллоҳ раҳмат қилсин... Олтмиш йил мобайнида одамлар орасида адолатни барпо қилиб турди... Бирон кимсага жабр-зулм қилмади, ҳақдан бурилмади, шоҳу гадога баб-баравар муомала қилди.


Муҳаммад ибн Сийрин
«Муҳаммад ибн Сийриндек тақвосида фақиҳроқ ва илмида тақволироқ кишини кўрмадим» (Муварриқ Ижлий).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қулликдан уни озод қилган, ҳамда ўз ҳунари орқали катта даромад ва кўп яхшиликларни қўлга киритган, моҳир мисгар уста Сийрин, динининг қолган ярмини мукаммал қилишга, яъни уйланишга қарор қилади. Излай-излай охири мўминлар амири Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг София исмли чўриларини ихтиёр этади.
София ёш бўлишига қарамай, заковатли, гўзал хулқли, ўзига яраша яхши хислатларга эга бўлган хушрўй чўрилардан бўлиб, бунга қўшимча у Мадина аёлларидан уни таниганларига, хоҳ ўзининг тенгқўр дугоналарига бўлсин ва хоҳ унинг фикр ва сулукдаги жиддийлигини ўзларига ўрнак қилиб олган кекса аёлларга бўлсин, баб-баравар маҳбуба ва хоссатан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари, айниқса Оиша онамизга, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин, жуда суюкли эди.
Шундай қилиб Сийрин Софиянинг қўлини сўраб совчи қўйди. Буни қаранки Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу чўриларига совчи қўйган йигитни, худди меҳрибон ота ўз қизига совчи қўйган йигитни суриштиргани каби суриштира бошлайдилар. Аслида бунинг ажабланарлик ери йўқ, сабаби София Абу Бакр Сиддиқнинг қалбларидан фарзанддек манзилатда жой олган ва бундан ташқари Сиддиқ розияллоҳу анҳуга Аллоҳ таоло томонидан қўйилган омонат ҳам эди-да. Шунинг учун совчи йигитнинг дини, хулқи ва бошқа зарур сифатлари ҳақида диққат билан қизиқиб ва эринмай суриштириб чиқдилар. Йигит ҳақида Анас ибн Моликдан сўраганларида Анас розияллоҳу анҳу:
— Эй мўминлар амири, Софияни Сийринга иккиланмай никоҳлаб бераверинг, Софиядан хавотир олманг, мен Сийринни дини-ю хулқи рози қиладиган, ўта мурувватли деб биламан. Холид ибн Валид «Айнут Тамр» жангидан асир қилиб Мадинага олиб келган қирқ қулнинг ичидан Сийрин менинг улушимга тушган эди. Ана шундан бери мен бу йигитни фақат яхшилигини биламан, — деди.
Шундан сўнг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Софияни Сийринга никоҳлаб беришга рози бўлдилар ва мушфиқ ота ўзининг суюмли қизига яхшилик қилгани каби, чўриларига ҳам яхшилик қилиш мақсадида, қизлар ҳавас қиладиган, Мадинанинг анча-мунча ҳур қизлари ҳам эриша олмайдиган даражада чиройли тўй қилиб бердилар. Бу муборак тўйга бир қанча саҳобаи киромлар, улардан ўн саккизта Бадр иштирокчилари ҳозир бўлдилар... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваҳий котиблари Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу икки ёшнинг ҳаққига дуо қилдилар, ҳозир бўлганлар эса «Омийн» деб туришди. Келинни уммаҳотул мўмининдан уч онамиз ясантирдилар, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.
Аллоҳ таоло ушбу муборак никоҳнинг самараси ўлароқ, бу ёш келин-куёвга, йиллар ўтиб тобеинларнинг буюкларидан, мусулмонларнинг энг нодирларидан бўлиб етишган бир ўғил фарзанд инъ­ом этди... У Муҳаммад ибн Сийрин эди.
Келинг, яхшиси бу улуғ тобеиннинг ҳаётини аввалидан ҳикоя қилиб берай...
Муҳаммад ибн Сийрин Усмон ибн Афвон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида, аниқроғи унинг тугашига икки йил қолганда дунёга келди. Ҳар бир бурчагида парҳезкорлик ва тақво ифори уфуриб турган хонадонда тарбия топди. Ақл-заковатли, доно бу бола, балоғатга яқинлашганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларини Зайд ибн Собит, Анас ибн Молик, Имрон ибн Ҳусайн, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳум каби буюк саҳобалар ва тобеинларнинг улуғлари билан тўла ҳолда топиб, уларнинг илм чашмаларига, худди ташна кишининг зилол сувга талпингани каби юзланиб, Аллоҳнинг Китобидаги илмларидан, диндаги билимларидан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг ривоятларидан, ақлини ҳикмат ва илмга, нафсини салоҳият ва ҳидоятга лиммо-лим қилгудек қониқиб-қониқиб симирди. Сўнгра оиласи билан бирга Басра шаҳрига кўчиб бориб, ўша ерни ўзига ватан тутди.
Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврининг охирроғида асос солинган Басра шаҳри, ёш бўлишига қарамай, ўша асрдаги Ислом умматининг кўпгина хусусиятларини намоён қилиб турар эди.
У — Аллоҳ йўлида жиҳод қилаётган мусулмон лашкарлари учун ҳарбий қароргоҳ... Ироқ ва Форс аҳлидан Аллоҳнинг динига кирувчилар учун таълим ва иршод маркази... Ва яна у, дунёси учун худди абадий яшайдигандек амал қиладиган ва охирати учун эса гўё эртага ўладигандек амал қилувчи жиддий Исломий жамиятнинг сиймоси эди.
Муҳаммад ибн Сийрин Басрадаги янги ҳаётини икки бир-бирига тенг ва ёнма-ён йўлда юриш ила давом эттирди: кунининг ярмини илм ва ибодатга, қолган ярмини эса касб ва тижоратга ажратди. Тонг отиб, дунё Роббул оламиннинг нури ила мунаввар бўлгач, Басранинг масжидига бориб таълим олар ва бошқаларга ҳам ўргатар, кун ярмидан ўтгач эса бозорга бориб олди-сотди билан шуғулланар, кеч тушиб, қоронғулик коинотга ўз пардасини тортгач, уйининг меҳробида қоим бўлган ҳолда Қуръон тиловатига шўнғиб, Раҳмон таолодан қўрққанидан қалб ва кўз ёшларини тўкар, унинг қалб томирларини ёргудек инграшларини эшитган оила аҳли ва бир девор қўшниларининг унга раҳмлари келар эди.
Муҳаммад ибн Сийрин бозорда юрганда ҳам одамларга охиратни эслатиб, дунёга берилиб қолишдан огоҳлантирар, уларни Аллоҳ таолога яқин қиладиган йўлларга йўллаб, ўзаро келишмовчиликларини ҳал қилиб юрарди. Вақти-вақти билан маҳзун диллардаги ғашликларни кетгазувчи ҳазилнамо гаплардан ҳам гапириб турар, аммо бу унинг одамлар қаршисидаги виқори ва ҳайбатини ҳеч ҳам туширмас эди. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло унга доҳийлик ва ҳайбат-салобат инъом қилганидан, гаплари таъсирли, одамлар мамнуният билан қабул қилар эдилар. Бозорда савдога берилиб ғафлат босган одамлар, уни кўрганларида, дарҳол ғафлатдан уйғониб, ҳушёр тортиб, Аллоҳ азза ва жаллани эсга олар, таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ) ва такбирлар айтар эдилар. Айниқса унинг амалий сийрати одамларга энг яхши муршид эди... Тижоратида икки иш кўндаланг бўлиб қолса, гарчи дунёсига зарар бўлса ҳам, динига фойдалисини олар эди.
Дин асрорларини чуқур билиши ва ҳалол ҳаром масалаларига тўғри қараши, одамлар кўзига қизиқ туюлган қарорлар қилишга уни ундарди. Шулардан бири: «Бир киши унинг зиммасида икки дирҳам қарзи борлигини ёлғон даъво қилиб келганида, Муҳаммад ибн Сийрин бундан бош тортади. У киши икки дирҳам деб қасам ичмаса керак деган гумонда:
— Қасам ичасизми? — деганида.
— Ҳа, қасам ичаман, — деб, икки дирҳам қарз эмаслигига қасам ичади. Шунда одамлар:
— Эй Абу Бакр, кечагина сиздан бошқа бирон одам шубҳаланмайдиган нарсада ўзингиз шубҳа қилиб қирқ минг дирҳамни тарк этгандингиз, арзимас икки дирҳам деб ҳам қасам ичасизми? — деганларида. Муҳаммад ибн Сийрин:
— Ҳа, қасам ичаман... Сабаби, бу кишининг ҳаром ейишини хоҳламайман, чунки мен бу икки дирҳам унга ҳаром эканини биламан-да, — деб жавоб бердилар.
Муҳаммад ибн Сийриннинг илм мажлиси эзгулик, яхшилик ва панду насиҳатдан иборат мажлис бўлиб, агар унинг ҳузурида бирон кимса ёмонлаб қолинса, дарҳол ўша кишининг яхши хислатларини эслатиб қўярди. Ҳатто бир кишининг вафот этиб кетган Ҳажжожни ҳақорат қилаётганини эшитиб: «Ҳой биродар, бас қил! Ҳажжож Парвардигорининг ҳузурига кетди. Сен ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурига борганингда, ҳаёти дунёда қилган энг кичик гуноҳингни, Ҳажжож қилган энг катта гуноҳдан ҳам ўз нафсинга қаттиқроқ эканини кўрасан... Ҳар бирингиз учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлур. Шуни билгинки Аллоҳ таоло Ҳажжождан у кимга зулм қилган бўлса қасосини олгани каби, Ҳажжожга зулм қилганлардан ҳам қасос олади. Бугундан кейин бировни ҳақорат қилиш билан овора бўлмагин».
Тижорат сафарига кетаётган бирон кимса хайрлашиш учун Муҳаммад ибн Сийриннинг олдига келса, унга насиҳат қилиб:
— Биродарим, сизга насиҳатим аввало Аллоҳ азза ва жалладан қўрқинг, тақво қилинг... Ризқингизни фақат ва фақат ҳалол йўллар билан топинг. Сиз ризқингизни ҳалол бўлмаган йўллар билан топсангиз ҳам, барибир тақдирда ёзилганидан кўпроғини топа олмайсиз, — деб кузатиб қўярди.
Муҳаммад ибн Сийрин Умавийлар амирлари билан ҳам ўзига хос мавқеъда эди. Улар билан кўришганида маломатдан қўрқмай ҳақ сўзни гапирганига тарих шоҳиддир. Чунки у Аллоҳ учун, Росули учун ва мусулмонларнинг имомлари учун холис насиҳат қиларди. Шулардан бири:
«Ироқ ва Хуросон ҳокими, Умавийларнинг катталаридан бўлган Умар ибн Ҳубайра Фазорий Муҳаммад ибн Сийринни ҳузурига чорлаб чопар юборади. Ҳокимнинг даъватини ижобат қилиб Муҳаммад ибн Сийрин жияни билан йўлга тушади. Ҳокимнинг олдига киришганда у Муҳаммад ибн Сийринни иззат-икром билан кутиб олиб, тўрга ўтказади ва дин ва дунё ишларидан кўп масалаларни сўраб олади. Суҳбат асносида ҳоким:
— Эй Абу Бакр, шаҳрингиз аҳолисини қай аҳволда қолдириб келдингиз? — деб сўраганида. Муҳаммад ибн Сийрин:
— Шаҳар аҳолиси ичида зулм кенг тарқагандир, сиз эса бундан бехабарсиз... Шунда Муҳаммад ибн Сийриннинг жиянлари елкаларини босиб, гапдан тўхташларини талаб қилганида, жиянларига қараб:
— Сен булар ҳақида масъул эмассан, аммо мен масъулман. Бу «гувоҳлик»дир ахир... «Ким (гувоҳликдан бош тортиш билан) уни яширса, бас, албатта унинг қалби осий — гуноҳкордир», деди. Суҳбат ниҳоясига етганида, Умар ибн Ҳубайра Муҳаммад ибн Сийринни қандай иззат-икром билан кутиб олган бўлса, ундан-да зиёда ҳурмат-эҳтиром билан кузатиб қўяди ва ортларидан уч минг дийнор бериб юборади. Муҳаммад ибн Сийрин дийнорларни олмайдилар. Жиянлари:
— Ҳокимнинг ҳадясини нима сабабдан олмадингиз? — деб сўраганида. Улуғ тобеин:
— Ҳоким ҳадяни, менда яхшилик бор деган ўйда берган. Агар ҳоким ўйлаганидек мен яхшилик аҳлидан бўлсам, ҳокимнинг берганини олиш менга лойиқ бўлмайди. Агар у ўйлаганидек бўлмасам, буни олмаслигим менга авлороқдир, — деб жавоб бердилар.
Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Сийриннинг содиқлигини имтиҳон қилишни хоҳлаб, мусулмонларга етадиган машаққатларга рўбарў қилди... Шулардан бири:
«Улуғ тобеин насияга қирқ минглик ёғ сотиб оладилар. Ёғ солинган идишларнинг бирини очганларида, ўлган сичқоннинг титилиб ётганини кўрадилар. Ўзларига: «Бу идишлардаги ёғларнинг ҳаммаси идишларга алоҳида-алоҳида солинишдан аввал мойжувозда бир идишда бўлган. Демак бу нажосат фақат мана шу идишдаги ёғга хос эмас. Агар ёғинга сичқон тушиб ўлиб титилиб ётибди, мен бу айбли молингни олмайман, деб ёғни эгасига қайтариб берсам, у ёғни одамларга сотиб юбориши мумкин» деб, ёғнинг ҳаммасини тўкиб юборадилар. Бу иш, тижоратлари қаттиқ касодга учраб қолган вақтга тўғри келган эди. Шундай қилиб катта қарзга кириб қоладилар. Ёғнинг эгаси ҳаққини талаб қилганида, қарзни тўлашга қодир бўла олмайдилар. У волийга шикоят қилади, волий бўйниларидаги қарзни адо қилмагунларича Муҳаммад ибн Сийринни қамаб қўйишга амр қилади. Қамоқда узоқ муддат қолиб кетганларини ва яна улуғ тобеиннинг диндаги салобатлари, тақволари ва ибодатларини кўрган қамоқ нозири раҳми келиб:
— Эй шайх, кеч киргач уйингизга бориб, оилангиз билан кечани ўтказиб кела қолинг, тонг отгач қайтарсиз. Қамоқдан озод бўлиб чиққунингизгача шундай қилиб турақолинг, — деганида. Муҳаммад ибн Сийрин:
— Аллоҳга қасамки, мен асло бундай қилмайман.
Қамоқ нозири:
— Нима учун?
Муҳаммад ибн Сийрин:
— Волийга хиёнат қилишингда сенга ёрдамчи бўлиб қолмаслигим учун, — деб жавоб берган эканлар.
Муҳаммад ибн Сийриннинг қамоққа тушишлари, улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг дунёдаги охирги дамларига тўғри келиб қолди. Улуғ саҳобий вафотларидан сўнг ювиш, кафанлаш ва жанозаларини ўқишни Муҳаммад ибн Сийрин бажаришини васият қиладилар. Анас ибн Молик вафот этгач, одамлар волийга келиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўн йил хизмат қилган улуғ саҳобийнинг сўнги васиятлари ҳақида хабар бериб, васиятни бажариш учун Муҳаммад ибн Сийринни қамоқдан чиқариб туришга изн сўрайдилар, волий рухсат беради, аммо қамоқга бориб Муҳаммад ибн Сийринга ҳолатни баён қилишганида, улуғ тобеин: «Токи қарзимнинг эгаси изн бермагунича чиқмайман, чунки мен устимда унинг ҳаққи борлиги учун қамалганман», деб жавоб берадилар. Ҳақдор ҳам рози бўлгач, қамоқдан чиқиб, Анас розияллоҳу анҳуни ювиб, кафанлаб, жанозаларини ўқиб, сўнг аҳли-оилаларини кўриш учун уйларига ҳам бормай яна қамоққа қайтиб келадилар.
Муҳаммад ибн Сийрин етмиш етти йил умр кечирдилар... Умрлари тугаб, ўлим келганида, ўлим уни дунё юкларидан енгил, ўлимдан кейинги ҳолатлар учун зоди роҳилаларини оғир ҳолатда топди...
Ўз замонасидаги обида аёллардан бўлган Ҳафса бинти Рошид ҳикоя қилади: «Тоат-ибодатга берилган жуда обид киши бўлган Марвон Маҳмалий бизнинг қўшнимиз эди. Шу киши вафот этганида қаттиқ ғамга ботган эдик. Туш кўрибман, тушимда ана шу обид қўшнимизни кўриб:
— Эй Абу Абдуллоҳ, Аллоҳ таоло сизни нима қилди? — деб сўрадим. У:
— Роббим мени жаннатга киритди, — деди.
— Кейин нима бўлди?
— Кейин ўнг тараф эгаларининг олдига олиб чиқилдим.
— Кейин нима бўлди?
— Кейин муқарраблар (Аллоҳга яқин қилинган пешқадамлар) олдига олиб чиқилдим.
— У ерда кимларни кўрдингиз?
— Ҳасан Басрий ва Муҳаммад ибн Сийринни... деди.
 
Мундарижа

Ато ибн Аби Рабоҳ    2
Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимий    14
Урва ибн Зубайр    28
Робеъ ибн Хусайм    41
Иёс ибн Муовия ал-Музаний    53
Умар ибн Абдулазиз ҳамда ўғли Абдулмалик    68
Ҳасан Басрий    81
Қози Шурайҳ    95
Муҳаммад ибн Сийрин    107
Мундарижа    118