Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозининг кайфияти

Ушбу рисола Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намози қандай бўлганлигининг қисқача баёнидир. Муаллиф шундай дейди: Ҳар бир киши у билан танишиб, эргашишга ҳаракат қилсин, дея барча мусулмон ва муслималарга уни тақдим қилишни хоҳладим. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг намоз ўқиётганимни кўрганларингдек намоз ўқинглар!”, деганлар.

 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозининг кайфияти
> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <    
        


Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз




Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший

 


كيفية صلاة النبي
صلي الله عليه وسلم

> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <    
        

 

سماحة الشيخ
عبد العزيز بن عبد الله بن باز


ترجمة: أبو عبد الله الشاشي


Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм


Яккаю ягона Оллоҳга ҳамду санолар, Унинг бандаси ва расули Пайғамбаримиз Муҳаммадга, унинг оиласига ва саҳобаларига саловоту саломлар бўлсин.
Аммо баъд:
Ушбу рисола Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намози қандай бўлганлигининг қисқача баёнидир. Ҳар бир киши у билан танишиб, эргашишга ҳаракат қилсин, дея барча мусулмон ва муслималарга уни тақдим қилишни хоҳладим. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг намоз ўқиётганимни кўрганларингдек намоз ўқинглар!”, деганлар .
Бу намознинг тафсилоти қуйидагичадир:
Мукаммал таҳорат
1- Мукаммал таҳорат қилмоқ. Намозхон Оллоҳ таоло буюрганидек: “Эй мўминлар, намоз ўқимоқчи бўлганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқлари билан ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқлари билан ювингиз!” , деган сўзига ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Таҳоратсиз намоз қабул қилинмайди” , деган сўзларига амал қилган ҳолда мукаммал таҳорат олади.
Қиблага юзланмоқ
2- Бутун вужуди билан қибла, яъни Каъба томонга юзланиб, ўқимоқчи бўлган фарз ёки нафл намозини қалбидан ният қилади. Ниятни тили билан талаффуз қилмайди, чунки ниятни тил билан нутқ қилиш ножоиздир, ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, саҳобалари разияллоҳу анҳумлар ҳам бундай қилмагани сабаб бидъатдир.
Намозхон имом бўлиб ёки бир ўзи ўқимоқчи бўлса, олди томонига сутра қўйиб олади ва унга қараб намоз ўқийди.
Қиблага юзланмоқ, намознинг битта шартидир. Аҳли илмларнинг китобларида (яъни фиқҳ китобларида) баён қилинган муайян истисно ҳолатларидагина қибла шартлик даражасидан тушади.
Такбиротул иҳром, такбир айтиб қўлларни кўтармоқ ва қўлларни кўкрак устига қўймоқ
3- Такбирутул иҳромда (намозни бошловчи такбирда) нигоҳни сажда ўрнига қаратган ҳолатда “Оллоҳу акбар”, дейди.
4- Такбир айтаркан қўлларини елка баробарида ёки қулоқларининг рўпарасигача кўтаради.
5- Қўлларини кўкрак устига қўяди. Бунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлганига биноан, ўнг қўлини чап кафтининг ёки билак узук соҳасининг ёки билагининг устига қўйиб туради.
Истифтоҳ дуоси
6- Истифтоҳ дуосини (яъни намозни очувчи дуони) ўқиши суннатдир:
"اللَّهُمَّ بَاعِدْ بَيْنِي وَبَيْنَ خَطَايَايَ كَمَا بَاعَدْتَ بَيْنَ الْمَشْرِقِ وَالْمَغْرِبِ، اللَّهُمَّ نَقِّنِي
 مِنْ خَطَايَايَ كَمَا يُنَقَّى الثَّوْبُ الْأَبْيَضُ مِنَ الدَّنَسِ، اللَّهُمَّ اغْسِلْني مِنْ خَطَايَايَ،
بِالثَّلْجِ وَالْماءِ وَالْبَرَدِ"
Маъноси: “Эй Оллоҳ, мен билан хатоларим ўртасини машриқ билан мағрибнинг ўртасини йироқ қилганингдек узоқ қилгин. Эй Оллоҳ, мени хатоларимдан худди оппоқ либос кирлардан поклангандек пок қилгин. Эй Оллоҳ, мени хатоларимдан қор, сув ва дўл билан ювгин-поклагин”.
Истаса бунинг ўрнига қуйидаги дуони ўқийди:
"سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ، وَتَبَارَكَ اسْمُكَ، وَتَعَالَى جَدُّكَ، وَلاَ إِلَهَ غَيْرُكَ"
Маъноси: “Эй Оллоҳ, Сен айбу нуқсонлардан поксан. Сенинг ҳамдинг билан тасбеҳ айтдим. Сенинг исминг баракотли, улуғлигинг олий бўлди ва Сендан ўзга барҳақ илоҳ йўқдир”.
Булардан ташқари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган бошқа истифтоҳ дуоларини ўқиса ҳам бўлаверади. Баъзан буни, баъзан уни ўқиши афзалдир, зеро бу комил эргашишликдир.
Сўнгра “Аъувзу биллаҳи минаш шайтонир рожийм, бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” , дейди ва Фотиҳа сурасини ўқийди. Зеро Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фотиҳатул китобни (яъни Фотиҳа сурасини) ўқимаган кишининг намози намоз эмас”, деганлар.  Фотиҳа сурасининг охирида жаҳрий намоз бўлса жаҳрий, сиррий намоз бўлса ичида “Омийн”, дейди. Сўнгра Қуръондан билганини ўқийди. Қироатда афзал бўлгани, бу борада ворид бўлган ҳадисларга биноан, пешин, аср ва хуфтон намозларида ўрта ҳажмдаги муфассал  суралардан, бомдодда узун муфассал  суралардан, шомда баъзан узун, баъзан қисқа муфассал  суралардан ўқийди.
Рукуъ қилмоқ, рукуъдан турмоқ ва рукуъга тааллуқли нарсалар
7- Такбир айтиб, қўлларини елка ёки қулоқ баробарида кўтариб рукуъга боради. Рукуъда қўлларини тиззаларига бармоқ ораларини очган ҳолат қўяди ва бошини орқаси билан бир хил текисликда тутади. Рукуъда хотиржам туриб, “Субҳана роббиял аъзийм” , дейди. Бу зикрни уч марта ёки кўпроқ айтиш афзалдир.
Бу билан бирга қуйидаги дуони айтиш мустаҳабдир:
"سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ رَبَّنَا وَبِحَمْدِكَ، اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي"
Маъноси: “Эй Оллоҳ, Сен айбу нуқсонлардан поксан. Эй Роббимиз, Сенинг ҳидоятинг ила тасбеҳ айтдим. Эй Оллоҳ, мени мағфират қилгин”.
8- Рукуъдан “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ” , деб қўлларини елка ёки қулоқ баробарида кўтариб, бошини кўтаради. Мазкур зикрни имомлик қилганда ёки якка ўзи ўқиганда айтади.
Рукуъдан тургандан кейин ушбу дуони айтади:
"رَبَّنَا وَلَكَ الْحَمْدُ حَمْداً كَثِيراً طَيِّباً مُبَارَكاً فِيهِ، مِلْءَ السَّمَوَاتِ وَمِلْءَ الأَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَا، وَمِلْءَ مَا شِئْتَ مِنْ شَيْءٍ بَعْدُ"
Маъноси: “Эй Роббимиз, Сенга кўп, ҳақиқий-риёсиз, муборак-хайрлилиги мўл ҳамд бўлсин. Осмонлару Ер ва улар ўртасидаги нарсалар миқдорича, яна Ўзинг хоҳлаган нарса миқдорича ҳамд бўлсин”.
Муқтадий (имомга иқтидо қилувчи)лар рукуъдан турганда фақат юқорида зикри ўтган “Роббана ва лакал ҳамд” деб бошланган дуони охиригача ўқийди. Яъни “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ”ни айтмайди.
Агар имом, муқтадий ва бир ўзи ўқиётган кишининг ҳар бири қуйидаги дуони ҳам айтсалар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлгани учун янада яхши бўлади:
"أَهْلَ الثَّنَاءِ وَالْمَجْدِ، أَحَقُّ مَا قَالَ الْعَبْدُ، وَكُلُّنَا لَكَ عَبْدٌ، اللَّهُمَّ لاَ مَانِعَ لِمَا أَعْطَيْتَ، وَلاَ مُعْطِيَ لِمَا مَنَعْتَ، وَلاَ يَنْفَعُ ذَا الْجَدِّ مِنْكَ الْجَدُّ"
Маъноси: “Мақтов ва улуғлик соҳибисан. Қулинг айтган нарсага энг ҳақли Зотсан. Барчамиз Сенга қулмиз. Эй Оллоҳ, Сен берган нарсани тўсувчи, Сен тўсган нарсани берувчи йўқдир. Сенинг олдингда улуғлик эгасига улуғлиги фойда беролмас”.
Воил ибн Ҳужр ва Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиснинг далолатига кўра, намозхон рукуъдан турганида худди рукуъдан олдин қўлларини кўкрак устига қўйиб турганидек, кўкрак устига қўйиб туриши мустаҳабдир.
Сажда қилмоқ, саждадан турмоқ ва саждага тааллуқли нарсалар
9- Такбир айтиб саждага боради. Бунда имкони бўлса, қўлларидан олдин тиззаларини ерга қўяди. Агар бу машаққат туғдирса, биринчи қўлларини ерга қўяди. Саждада қўл ва оёқ бармоқлари қиблага қараган, қўл бармоқлари бирлаштирилган ва ёзилган ҳолатда бўлади. Етти аъзо: пешона билан бурун, икки қўл кафти, икки тизза ва икки оёқ бармоқларининг ички юзаси билан сажда қилиб “Субҳана роббиял аъло”, дейди. Бу зикрни уч марта ва кўпроқ айтиши суннатдир. Бу зикр билан бирга қуйидаги дуони айтиши мустаҳаб саналади:
"سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ رَبَّنَا وَبِحَمْدِكَ، اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي"
Маъноси: “Эй Оллоҳ, Сен айбу нуқсонлардан поксан. Эй Роббимиз, Сенинг ҳидоятинг ила тасбеҳ айтдим. Эй Оллоҳ, мени мағфират қилгин”.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига кўра, саждада кўп дуо қилинади: “Рукуъда Оллоҳни улуғланглар, саждада эса кўпроқ дуо қилишга ҳаракат қилинглар, зеро сажда ҳолати сиз учун ижобат қилинишга энг муносиб ўриндир”.  Хоҳ фарз, хоҳ нафл намози бўлсин, саждада Оллоҳдан дунёю охират яхшиликларини сўрайверади.
Саждада турганда тирсакларини ёнларидан, қорнини сонларидан, сонларини тиззаларидан узоқлаштиради ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига биноан тирсакларини ердан кўтаради: “Саждада мўътадил туринглар. Сизлардан бирингиз билакларини итнинг чўзиб ўтиришидек (ерга) тўшаб олмасин!”.
Икки сажда орасида ўтирмоқ ва унинг кайфияти
10- Саждадан такбир айтиб бошини кўтаради ва чап оёғини тўшаб, устига ўтиради, ўнг оёғини эса тик қилиб, қўлларини сонлари ва тиззалари устига қўйиб хотиржам ўтиради ва қуйидаги дуони айтади:
"اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي، وَارْحَمْنِي، وَاهْدِنِي، وَارْزُقْنِي، وَعَافِنِي، وَاجْبُرْنِي"
Маъноси: “Эй Оллоҳ, мени мағфират эт, менга раҳм эт, мени ҳидоят қил, менга ризқ бер, мени ўнгла ва офият (соғлик) ато эт”.
11- Такбир айтиб иккинчи саждага боради ва биринчи саждада қилган амалларини такрорлайди.
12- Яна такбир айтиб саждадан бошини кўтаради ва икки сажда орасида ўтиргани каби бироз ўтиради. Бунга “жалсатул истироҳа”  дейилиб, мустаҳаб амалдир. Буни қилмаса ҳам зарари йўқ. Бу ўтиришда зикр ҳам, дуо ҳам йўқдир. Сўнгра ўзига қулай бўлса, тиззаларига таяниб, агар ноқулай бўлса, ерга таяниб иккинчи ракаатга туради. Сўнгра Фотиҳа сурасини ва ундан кейин Қуръондан ўзига осон бўлган бирор сурани ўқийди. Кейин эса биринчи ракаатда қилганларини қилади.
Икки ракаатлик намозда ташаҳҳуд учун ўтирмоқ
ва унинг кайфияти
13- Агар намоз бомдод, жумъа, икки ҳайит намози сингари икки ракаатлик бўлса, иккинчи саждадан бошини кўтариб ўнг оёғи тик қилади ва чап оёғини тўшаб устига ўтиради. Ўнг қўлини ўнг сони устига қўйиб, кўрсаткич бармоғидан бошқаларини йиғиб (яъни мушт қилиб), кўрсаткич бармоғини кўтариб Оллоҳнинг якка эканига ишора қилади. Ёки жимжилоқ ва номсиз бармоқни йиғиб, бош ва ўрта бармоқларини ҳалқа қилиб, кўрсаткич бармоқ билан ишора қилади. Зеро бу икки сифат ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган. Гоҳида бундай, гоҳида ундай қилиши эса афзалдир. Чап қўлини эса, чап сони ва тиззасининг устига қўяди.
Мазкур ҳолатда ўтириб, ташаҳҳудни ўқийди:
"التَّحِيَّاتُ لِلَّهِ، وَالصَّلَوَاتُ وَالطَّيِّبَاتُ، اَلسَّلامُ عَلَيْكَ أَيُّهَا النَّبِيُّ وَرَحْمَةُ اللَّهِ وَبَرَكَاتُهُ، اَلسَّلامُ عَلَيْنَا وَعَلَى عِبَادِاللهِ الصَّالِحِينَ، أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ، وأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّداً عبْدُهُ وَرَسُولُهُ "
Маъноси: “Саломлар, намозлар ва тоййиба-покиза сўзу амаллар Оллоҳ учундир. Эй Набий, сизга Оллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракотлари бўлсин. Бизга ҳамда Оллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин. Гувоҳлик бераманки, Оллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ҳамда расулидир”.
Сўнгра ушбу салавотни ўқийди:
"اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ، اللَّهُمَّ بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ"
Маъноси: “Эй Оллоҳ, Иброҳимга ва унинг оиласига раҳмат этганинг каби Муҳаммадга ва унинг оиласи-умматига ҳам раҳм қил. Албатта Сен мақтовли ва улуғ Зотсан. Эй Оллоҳ, Иброҳимга ва унинг оиласига баракот-хайр ато этганингдек Муҳаммадга ва унинг оиласи-умматига ҳам баракот-хайр ато эт. Албатта Сен мақтовли ва улуғ Зотсан”.
Кейин тўрт нарсадан Оллоҳдан паноҳ тилайди:
"اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوْذُ بِكَ مِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ، وَمِنْ عَذَابِ جَهَنَّمَ، وَمِنْ فِتْنَةِ الْمَحْيَا وَالْمَمَاتِ، وَمِنْ شَرِّ فِتْنَةِ الْمَسِيحِ الدَّجَّالِ"
Маъноси: “Эй Оллоҳ, мен Сендан қабр азобидан, жаҳаннам азобидан, тириклик ва ўлим фитнасидан ҳамда масиҳи Дажжол фитнасининг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман”.  
Сўнгра дунёю охират яхшиликларидан истаганини сўрайди. Ота-онасининг ёки бошқа мусулмонларнинг ҳаққига дуо қилишининг зарари йўқ, фарз намози бўлса ҳам, нафл бўлса ҳам фарқи йўқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ибн Масъудга ташаҳҳудни ўргатганлиги ҳақидаги ҳадисда, “сўнгра ўзига ёққан дуони танлаб дуо қилаверади”, ҳадиснинг бошқа бир лафзида эса, “сўнгра хоҳлаган тилагини тилайверади”, дейилган умумийликка кўра, киши дунё ва охиратга тааллуқли барча нарсани сўраши мумкиндир.
Сўнгра ўнг ва чап томонига “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ”, “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ”, деб салом беради.
Уч ва тўрт ракаатлик намозларда ташаҳҳуд учун ўтирмоқ ва унинг кайфияти
14- Агар намоз шом каби уч, пешин, аср ва хуфтон каби тўрт ракаатлик намоз бўлса, икки ракаатдан кейин ташаҳҳудга ўтириб, мазкур ташаҳҳуд ва салавотни ўқийди, сўнгра икки тиззасига таяниб, такбир айтиб, қўлларини елка ёки қулоқ баробарида кўтариб ўрнидан туради ва юқорида ўтганидай қўлларини кўкрак устига қўяди. Фотиҳа сурасининг ўзини ўқийди, пешиннинг учинчи ва тўртинчи ракаатида баъзан Фотиҳадан кейин бирор сурани ўқиса, зарари йўқдир. Зеро Абу Саид разияллоҳу анҳу ривоят қилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган ҳадис бунга далил бўлади. Сўнгра шом намозида учинчи, пешин, аср ва хуфтон намозида тўртинчи ракаатда худди икки ракаатлик намоздаги сингари ташаҳҳуд ўқийди. Сўнгра икки томонига салом бериб, уч марта “астағфируллоҳ”, дейди ва шуни ўқийди:
"اللَّهُمَّ أَنْتَ السَّلامُ، ومِنْكَ السَّلامُ، تَبَارَكْتَ يَاذَا الجَلالِ وَالإِكْرَامِ"
Маъноси: “Эй Оллоҳ, Сен Саломдирсан. Салом Сендандир. (Яъни, саломатлик фақат Сен томонингдан). Эй улуғлик ва икром соҳиби, Сен айбу нуқсондан пок ва муқаддасдирсан”.  Агар имомлик қилган бўлса, жамоатга ўгирилишидан олдин ўқийди. Сўнгра қуйидаги дуони айтади:
"لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ، وَلَهُ الْحَمْدُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، اللَّهُمَّ لاَ مَانِعَ لِمَا أَعْطَيْتَ، وَلاَ مُعْطِيَ لِمَا مَنَعْتَ، وَلاَ يَنْفَعُ ذَا الْجَدِّ مِنْكَ الجَدُّ، لاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلاَّ بِاللَّهِ، لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ، وَلاَ نَعْبُدُ إِلاَّ إِيَّاهُ، لَهُ النِّعْمَةُ وَلَهُ الْفَضْلُ وَلَهُ الثَّنَاءُ الْحَسَنُ، لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ"
Маъноси: “Оллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. У ёлғиз ҳам шериксиз зотдир. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уникидир. У барча нарсага қодирдир. Эй Оллоҳ, Сен берган нарсани тўсувчи, Сен тўсган нарсани берувчи йўқ. Сенинг ҳузурингда улуғлик-бойлик эгасига улуғлиги-бойлиги фойда бермайди. Ҳаракат ва қувват ёлғиз Оллоҳ мадади биландир. Оллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Биз фақат Унгагина ибодат қиламиз. Неъмат ҳам, фазл ҳам, гўзал ҳамду сано ҳам Уникидир. Оллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да динни У учун холис қилувчилармиз”.
Ҳар намоздан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган ҳадисларга асосланиб, 33 марта “субҳаналлоҳ”, 33 марта “алҳамдулиллаҳ”, 33 марта “Оллоҳу акбар” ва юзинчисида “лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайин қодир” , дейди ва “Оятал курси”ни, “Қул ҳу валлоҳу аҳад”ни, “Қул аъувзу би роббил фалақ”ни ва “Қул аъувзу би роббин нас”ни ўқийди. Учта “Қул” билан бошланган ушбу сураларни бомдод ва шом намозидан кейин уч мартадан ўқийди.
Ушбу зикрлар фарз эмас, суннатдир.
Ҳар бир мусулмон ва муслима учун пешин намози (нинг фарзи)дан олдин тўрт ракаат, пешиндан кейин икки ракаат, шом ва хуфтон намозларидан кейин икки ракаат ва бомдод намозидан олдин икки ракаат, жами ўн икки ракаат нафл намоз ўқиши суннатдир. Бу 12 ракаат намоз ротиба суннат намозлари деб аталиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам муқимликларида мунтазам ўқир эдилар. Аммо сафарда бўлганларида уларни ўқимас, фақатгина бомдоддан олдинги икки ракаатни ва витр намозини ўқир эдилар. Бомдоддан олдинги икки ракаатни ва витр намозини муқимликда ҳам, сафарда ҳам ўқирдилар.
Мазкур ротиба суннатларни ва витр намозини уйда ўқимоқ афзал, масжидда ўқишликнинг эса зарари йўқдир. Зеро Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фарз намозлари хориж кишининг энг афзал намози уйида ўқиган намозидир”, деганлар.
Бу 12 ракаатни мунтазам ўқиб юриш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига биноан Жаннатга кириш сабабларидандир: “Ким бир кеча ва кундузда ўн икки ракаат нафл намози ўқиса, Оллоҳ унга Жаннатда бир уй бунёд қилади”.
Аср намозидан олдин тўрт ракаат, шом ва хуфтондан олдин икки ракаат нафл намози ўқиса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бунга далолат қилувчи ривоятлар саҳиҳ бўлиб келган учун, яхши бўлади.
Тавфиқ Оллоҳдандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абудуллоҳга, унинг оиласига, саҳобаларига ва то қиёмат у зотга эргашганларга Оллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
Мундарижа

Мукаммал таҳорат    1
Қиблага юзланмоқ    2
Такбиротул иҳром, такбир айтиб қўлларни кўтармоқ ва қўлларни кўкрак устига қўймоқ    2
Истифтоҳ дуоси    3
Рукуъ қилмоқ, рукуъдан турмоқ ва рукуъга тааллуқли нарсалар    5
Сажда қилмоқ, саждадан турмоқ ва саждага тааллуқли нарсалар    8
Икки сажда орасида ўтирмоқ ва унинг кайфияти    9
Икки ракаатлик намозда ташаҳҳуд учун ўтирмоқ  
ва унинг кайфияти    10
Уч ва тўрт ракаатлик намозларда ташаҳҳуд учун
ўтирмоқ ва унинг кайфияти    13
Мундарижа    17