Улуҳият тавҳиди

Тавҳид ақидаси китобининг ушбу бўлими улуҳият тавҳидининг ва икки шаҳодат калимасининг маънолари, рукнлари, шартлари, улар тақозо қиладиган ишлар, уларни бузувчи нарсалар; қонунчилик: ҳалол қилиш, ҳаром қилиш Аллоҳнинг ҳаққи; ибодатнинг маъноси, турлари, умумийлиги; дуруст ибодатнинг устунлари ҳақидадир.

اسم الكتاب: توحيد الألوهية


تأليف: صالح بن فوزان الفوزان


نبذة مختصرة: كتاب مترجم إلي اللغة الأوزبكية، مقتبس من كتاب "عقيدة التوحيد" للشيخ صالح بن فوزان الفوزان، فيه الكلام عن معنى توحيد الألوهية وأنه موضوعُ دعوةِ الرُّسُل، والشهادتان‏ :‏ معناهما - أركانهما - شروطهما - مقتضاهما - نواقضهما، والتشريع‏:‏ التحليل - التحريم - حق الله، والعبادة‏:‏ معناها - أنواعها - شمولها، بيان مفاهيم خاطئةٍ في تحديد العبادة، وبيان ركائز العبودية الصحيحة‏:‏ الحب - الخوف - الخضوع - الرجاء‏.

Улуҳият тавҳиди
“Тавҳид ақидаси” китобидан иқтибос

[ الأوزبكي –  Ўзбекча – Uzbek]
Шайх Солиҳ ибн Фавзон ибн Абдуллоҳ ал-Фавзон


 

 


Таржима: Исмоил Муҳаммад Яъқуб
Таҳрир: Абу Абдуллоҳ Шоший
 
توحيد الألوهية
مقالة مقتبسة من كتاب "عقيدة التوحيد"
[ الأوزبكي –  Ўзбекча – Uzbek]
فضيلة الشيخ صالح بن فوزان
بن عبد الله آل فوزان


ترجمة: إسماعيل محمد يعقوب
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
Улуҳият тавҳиди
У қуйидаги бўлимлардан иборат:
Биринчи бўлим: Улуҳият тавҳидининг маъ-носи ва унинг пайғамбарлар даъватининг мав-зуси экани;
Иккинчи бўлим: Икки шаҳодат калимаси: маънолари, рукнлари, шартлари, улар тақозо қиладиган ишлар, уларни бузувчи нарсалар;
Учинчи бўлим: Қонунчилик: ҳалол қилиш, ҳаром қилиш Аллоҳнинг ҳаққи;
Тўртинчи бўлим: Ибодат: маъноси, турлари, умумийлиги;
Бешинчи бўлим: Ибодатнинг чек-чегараси-ни белгилашдаги хато тушунчалар (ибодат маъ-носини тўлиқ тушунмаслик ёки унда ғулув кетиш каби);
Олтинчи бўлим: Дуруст ибодатнинг устун-лари: севги, қўрқув, бўйсуниш, умидворлик;
Еттинчи бўлим: Ибодат ва амалнинг қабул бўлиши шартлари — ихлос ва шариатга эрга-шиш;
Саккизинчи бўлим: Диндаги даражалар: Ислом, иймон, эҳсон. Уларнинг таърифи ва улар ўртасидаги умумийлик ва хусусийлик.


Биринчи бўлим:
Улуҳият тавҳидининг маъноси ва унинг пайғамбарлар даъвати мавзуси экани
Улуҳият тавҳидидан мурод ибодатдаги тавҳиддир.
Улуҳият тавҳиди — бандалар шаръий ибо-дат кўринишида қиладиган: дуо, назр, қон чиқариш, умидворлик, хавф, таваккул, рағбат, раҳбат, инобат каби феълларини Аллоҳ таоло-нинг ёлғиз Ўзига қилишларидир. Тавҳиднинг шу тури аввалги-ю охирги барча пайғамбар-ларнинг даъвати мавзусидир. Аллоҳ таоло айтади:
«Дарҳақиқат, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғутдан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғам-бар юборганмиз» (Наҳл: 36).
«(Эй Пайғамбар), Биз сиздан илгари юбор-ган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Мендан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25).
Ҳар бир пайғамбар қавмига даъватни улу-ҳият тавҳидига буюриш билан бошлар эди. Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Шуайб айтганлари каби: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга ҳақ Илоҳ йўқдир» (Аъроф: 59, 65, 73, 85).
«Иброҳимни (эсланг) — у ўз қавмига деган эди: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Ундан қўрқинглар!» (Анкабут: 16).
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилди: «Айтинг: Дарҳақиқат мен Аллоҳга У зот учун динимни холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилганман» (Зу-мар: 11).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамлар билан то улар «Аллоҳ-дан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир ва Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир», деб гувоҳлик бер-магунларича урушишга буюрилдим» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Мусулмон киши зиммасидаги энг биринчи вазифа «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик бериш ва шунга амал қилишдир. Аллоҳ таоло деди: «(Эй Пайғамбар), Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар-(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!» (Муҳаммад: 19).
Ислом динини қабул қилаётган кишига биринчи бўлиб буюриладиган нарса икки шаҳодат калимасини айтмоқликдир. Шундан маълум бўладики, улуҳият тавҳиди пайғам-барлар даъватидан асосий кўзда тутилган муроддир. Бундай деб номланишига сабаб, улуҳият Аллоҳ таолонинг “Аллоҳ” деган исми далолат қиладиган сифат бўлиб, Аллоҳ — улуҳият эгаси, яъни ибодат қилинувчи (маъбуд) демакдир.
Убудият (қуллик ва бандалик) банданинг васфи экани эътибори билан бу тавҳидга ибодат тавҳиди ҳам дейилади. Зотан, банда Роббига ғоят муҳтож бўлгани туфайли ушбу ибодатларнинг барини ихлос билан адо этиши вожиб бўлади. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Билингки, Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмаган ҳолда ибодат қилиш банданинг Аллоҳга бўлган эҳтиёжидир. Бунинг қиёс қилинадиган бирор ўхшаши йўқ. Фақат баъзи жиҳатдан тананинг емак-ичмакка бўлган эҳтиё-жига ўхшаб кетади, бироқ ўртада жуда катта фарқ мавжуд. Зеро, банданинг ҳақиқати (моҳияти) унинг қалби ва руҳидир. Қалб ва руҳ саломатлиги эса унинг илоҳи бўлмиш, Ундан ўзга ҳақ илоҳ бўлмаган Аллоҳ билангина ҳосил бўлади ва дунёда Унинг зикри билангина ором топади. Бандага Аллоҳдан бошқаси тарафидан қандайдир лаззат ва сурур келган тақдирда ҳам, бу унда давомли равишда бўлмайди, балки бир турдан бошқа турга ва бир шахсдан бошқа шахсга кўчиб туради. Аммо, у Илоҳига ҳар қандай ҳолда ва ҳамма вақт ғоят эҳтиёжлидир, қаерда бўлмасин, У у билан биргадир».
Тавҳиднинг ушбу тури пайғамбарлар даъватининг мавзуси бўлди. Чунки, у барча амаллар унинг устига қуриладиган асос-пойдевордир, усиз ҳеч бир амал дуруст ва яроқли бўлмайди. Агар у вужудга келмаса, унинг зидди бўлмиш ширк юзага чиқади. Аллоҳ таоло айтди:
«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас» (Нисо: 48, 116).
«Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Анъом: 88).
«Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетгай ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қолгайсан!» (Зумар: 65).
Чунки, тавҳиднинг бу тури бандага вожиб бўлувчи ҳуқуқларнинг энг биринчисидир. Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар ҳамда ота-онага яхшилик қилинглар!» (Нисо: 36).
«Роббингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди» (Исро: 23).
«Айтинг: Келинглар, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай. У зотга бирон нарсани шерик қилман-гиз, ота-онага яхшилик қилингиз...» (Анъом: 151).


Иккинчи бўлим:
Икки шаҳодат калимаси: маънолари, рукнлари, шартлари, улар тақозо қила-диган ишлар, уларни бузувчи ишлар
Биринчи: Шаҳодат калималари маъноси
1) «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик бериш маъноси — Аллоҳдан ўзга ҳеч ким ибодатга сазовор эмас, деб эътиқод қилиш ва иқрор бўлиш, шу эътиқодни лозим тутиб, унга амал қилиш демакдир. «Ла илаҳа» Аллоҳдан ўзга ҳеч бир кимса, ким бўлишидан қатъий назар, ибодатга лойиқлигини инкор қилиш, «иллал-лоҳ» эса ибодатга фақат Аллоҳнинг ўзигина сазовор эканини эътироф этишдир. Ушбу калиманинг қисқача маъноси — Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ, демакдир. Айнан «Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ» деб эмас, балки «Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ» деб айтиш лозим ва шу тўғри маъно бўлади. Чунки, биринчи маъно воқеликка зиддир, Аллоҳдан бошқа ҳам ибо-дат қилинаётган маъбудалар кўп, Аллоҳдан бошқаси маъбуд эмас, дейилса, ўша нарса-ларга ибодат ҳам Аллоҳга ибодатлиги келиб чиқади. Бу эса энг катта ботил гапдир ва бу ер юзи аҳлининг энг кофирларидан бўлмиш “ваҳдатул-вужуд” аҳлининг мазҳабидир.
Ушбу калимани бир неча ботил маънолар билан тафсир қилинган. Жумладан:
а) Унинг маъноси — “Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ” деганидир. Бу маъно тўғри эмас. Чунки, бундан, юқорида айтганимиздек, ҳаққу ноҳақ ҳар қандай маъбуд Аллоҳ экани келиб чиқиб қолади.
б) Унинг маъноси — “Аллоҳдан бошқа яра-тувчи йўқ” деганидир. Бу эса аслида, ушбу калима маъносининг бир қисми, тўла маъноси эмас. Чунки, бу маъно фақат рубубият тавҳи-дини исбот қилади, бу эса етарли эмас, чунки мушриклар ҳам бу тавҳидни эътироф этишган.
в) Унинг маъноси — “Ҳокимият фақат Аллоҳникидир” деганидир. Бу ҳам унинг маъ-носининг бир жузъи, тўла маъноси эмас. Чунки, бундай дейишнинг ўзи етарли эмас. Чунки, ҳокимиятни ягона Аллоҳга қилгани билан, агар Аллоҳдан бошқага дуо қилса ё ибодат тур-ларидан бирортасини Аллоҳдан бошқасига бурса, муваҳҳид (тавҳид аҳлидан) бўлмайди.
Бу тафсирларнинг барчаси ботил ё ноқис тафсирлардир. Биз уларни одамларнинг қўл-ларидаги баъзи китобларда бўлгани учунгина, танбеҳ ўлароқ келтирдик.
Ушбу калиманинг салафлар ва муҳаққиқ уламолар наздидаги энг тўғри тафсири, юқо-рида айтганимиздек, “Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ” деганидир.
2) «Муҳаммадун росулуллоҳ» деб гувоҳлик бериш маъноси — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳнинг бандаси ва бутун инсониятга элчиси эканларини ботину зоҳирда эътироф этиш, сўнг бунинг тақозоси ўлароқ, у зотнинг амрларига итоат қилиш, сўзларини тасдиқлаш, қайтарган ишларидан тийилиш ва Аллоҳга у зотнинг шариатларига мувофиқ ибодат қилишдир.
Иккинчи: Икки шаҳодатнинг рукнлари
а) «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг иккита рукни бўлиб, бири нафий, бири исботдир.
Биринчи рукн “Ла илаҳа” — нафий (рад қилиш) бўлиб, у ширкнинг барча турларини йўққа чиқаради ва Аллоҳдан ўзга сиғини-ладиган барча нарсаларга кофир бўлишни вожиб қилади.
Иккинчи рукн “Иллаллоҳ” — исбот (бор деб билиш) бўлиб, ибодат қилинишга фақат ягона Аллоҳгина сазовор эканини ўрнатади ва шунга амал қилишни вожиб қилади. Бу икки рукннинг маъноси кўпгина оятларда келган. Мисол учун:
«Бас, ким тоғутга кофир бўлса ва Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди» (Бақара: 256).
Оятдаги «Ким тоғутга кофир бўлса» ибораси биринчи рукн бўлмиш «Ла илаҳа» маъносидир, «Аллоҳга иймон келтирса» ибораси эса иккин-чи рукн бўлмиш «Иллаллоҳ» маъносидир.
Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳиссалом тилидан келтирган сўзлари ҳам шунга ўхшайди: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бут-лардан покдирман. Магар мени яратган Зотга-гина (ибодат қилурман)» (Зухруф: 26, 27).
Бундаги «бутлардан покдирман» ибораси ҳам биринчи рукндаги нафий маъноси, «магар мени яратган зотгагина» ибораси эса иккинчи рукндаги исбот маъносидир.
б) «Муҳаммадун росулуллоҳ» калимаси-нинг иккита рукни бор, бири — у зот Аллоҳнинг бандаси, иккинчиси — Аллоҳнинг расули (элчи-си) эканидир. Бу икки рукн у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ифрот (ҳаддан ошиш) ва тафритни (эътиборсиз қарашни) йўққа чиқаради. У зот ушбу икки улуғ сифат-лари билан халқларнинг энг комилидирлар. Бу ердаги “банда” маъноси — ибодат қилувчи, қул, демакдир. Яъни, у зот бошқа инсонлар нимадан яратилган бўлса, шундан яратилган оддий инсондирлар, у кишига ҳам бошқаларга жорий бўлган нарса жорий бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман» (Каҳф: 110). Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бандалик ҳаққини тўла-тўкис адо этдилар ва Аллоҳ таоло у зотни шу билан мақтади. Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳ Ўз бандасига (яъни Муҳаммад алайҳис-саломга, у кишини барча бало-қазодан асраш учун) етарли эмасми?!» (Зумар: 36).
«Бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Китоб — Қуръонни нозил қилган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин» (Каҳф: 1).
«(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад)-ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-ҳаромдан (Қуд-дусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўй-ган Масжид-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир» (Исро: 1).
«Расулуллоҳ» маъноси — бутун инсониятни Аллоҳга даъват қилиш, уларга хушхабар бериш ва огоҳлантириш учун юборилган Аллоҳнинг элчиси, демакдир.
У зотга ушбу икки сифат билан гувоҳлик беришда у зот ҳақларидаги ифроту тафритни (яъни ҳаддан ортиқ улуғлашни ҳам,  беҳурмат қилишни ҳам) рад қилиш мужассамдир. Зеро, у зотга умматлик даъвосидаги инсонлар ичида у кишини улуғлашда ҳаддан ошган ва ҳақларида ғулув кетган, ҳатто бандалик даражасидан илоҳлик даражасига чиқариб қўйган, Аллоҳни қўйиб, у кишидан мадад сўрайдиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қодир бўлмайдиган ҳожатларни бароридан келтириш ва мусибатларни аритиш каби ишларни у кишидан сўрайдиган кишилар ҳам бор. Ва аксинча, у зотнинг рисолатларини инкор қилган, йўлларига эргашишга бепар-волик қиладиган, у зот келтирган динга зид сўзу ишларга муккасидан кетган, у зотнинг ҳукм-лари ва хабарларини ўзбошимчалик билан хато таъвил қиладиган кимсалар ҳам бор.
Учинчи: Икки шаҳодатнинг шартлари
а) «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг шартлари
«Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасининг еттита шарти бор бўлиб, шу шартлар ҳаммаси топил-гандагина бу калима ўз айтувчисига фойда беради. Улар қуйидагилар:
Биринчи: Илм (билим). Бунинг зидди жаҳо-лат (билмаслик)дир.
Иккинчи: Яқийн (аниқ ишонч). Бунинг зидди шак-шубҳадир.
Учинчи: Қабул. Бунинг зидди рад қилишдир.
Тўртинчи: Бўйсуниш. Бунинг зидди тарк қилишдир.
Бешинчи: Сидқ (ростгўйлик). Бунинг зидди ёлғондир.
Олтинчи: Ихлос. Бунинг зидди ширкдир.
Еттинчи: Муҳаббат. Бунинг зидди нафрат-дир.
Биринчи шарт: Илм
Яъни, ушбу калимадан кўзда тутилган маъ-нони ҳамда бу калима рад қиладиган ва исбот қиладиган нарсаларни билишдир. Бунинг зид-дида эса ушбуларни билмаслик туради. Аллоҳ таоло айтади: «Фақат ўзлари билган ҳоллари-да ҳақ гувоҳлик берган (яъни, «Ла илаҳа ил-лаллоҳ» деб гувоҳлик берган) кишиларгина...» (Зухруф: 86).
Яъни, улар тиллари берган гувоҳликни қалб-лари англаган-билган ҳолларида «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик берган кишилардир. Агар маъносини билмаган ҳолда тил билангина айтиб қўйса, бу нарса фойда бермайди. Чунки, унинг мазмунига эътиқод қилган бўлмайди.
Иккинчи шарт: Яқийн
Яъни, айтувчиси унинг маъно-мазмунига аниқ ишонч ҳосил қилган бўлиши шарт. Агар бу ҳақда шак-шубҳа қиладиган бўлса, бу калима унга фойда бермайди. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ ва Расулига иймон келтириб, сўнгра ҳеч қандай шак-шубҳа қилмаган... зотлардир» (Ҳужурот: 15).
Шак-шубҳа қилувчи кимса мунофиқ бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга: «Ушбу девор ортида «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб чин қалбидан ишонч билан гувоҳлик берган қай бир кишини кўрсанг, унга жаннат башоратини бер» деган-лар (Имом Муслим ривояти). Демак, ким бу калимага чин дилдан ишонган бўлмаса, жан-натга киришга лойиқ бўлмайди.
Учинчи шарт: Қабул
Учинчи шарти ушбу калиманинг тақозоси бўлган ягона Аллоҳгагина ибодат қилиш ва Ундан ўзгага ибодатни тарк қилишни қабул қилмоқликдир. Ким бу калимани айтгани ҳолда, мазкур шартини қабул қилмаса ва унга амал қилмаса, Аллоҳ таоло қуйидаги оятда айтган кишилар жумласидан бўлади: «Улар «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилишар ва «Биз ҳали бир мажнун шоирни деб илоҳларимизни тарк қилар эканмизми?!» дейишар эди» (Ас-соффат: 35, 36).
Бугунги кундаги қабрпарастларнинг ҳолати ҳам худди шундай, улар ҳам «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейдилар, бироқ қабрларга сиғи-нишни ташламайдилар. Ва демакки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» маъносини қабул қилмайдилар.
Тўртинчи шарт: Бўйсуниш
Тўртинчи шарти ушбу калима далолат қил-ган нарсага тўла бўйсунишдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ким чиройли амал қилувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас у мус-таҳкам халқани ушлабди» (Луқмон: 22).
«Мустаҳкам ҳалқа»дан мурод «Ла илаҳа иллаллоҳ»дир. «Ўзини Аллоҳга топширса» дегани ихлос билан Аллоҳга бўйсунса, дегани-дир.
Бешинчи шарт: Сидқ
Бешинчи шарти ушбу калимани сидқидил-дан, яъни қалб шуни тасдиқлаган ҳолда айтиш-дир. Агар тили билан айтса-ю, қалби тасдиқ-ламаса, ёлғончи мунофиқ бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда «Аллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирдик», дейдилар. Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаган ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар. Уларнинг дилларида мараз бор эди, бас, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир» (Бақара: 8-10).
Олтинчи шарт: Ихлос
Ихлос — ушбу калимани айтиш билан дунё матоларидан биронта нарсани мақсад қилмас-дан, риё ва сумъани тарк қилиб, амални ҳар қандай ширк аралашмаларидан тоза ва мусаф-фо ҳолда қилишдир.
Итбон ҳадиси деб танилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Албатта, Аллоҳ Ўзининг юзини истаб «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишини дўзахга ҳаром қилгандир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Еттинчи шарт: Муҳаббат
Еттинчи шарти ушбу калимага ва у далолат қилган нарсаларга ҳамда унинг тақозосига кўра амал қилаётган кишиларга муҳаббат қўйиш. Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар орасида шун-дай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек сева-дилар. Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари эса (анавиларнинг Аллоҳга ва ўз илоҳларига бўлган муҳаббатидан) кучлироқ-дир» (Бақара: 165).
«Ла илаҳа иллаллоҳ» аҳли бўлмиш иймонли кишилар фақат Аллоҳни холис, чин дилдан яхши кўрадилар. Ширк аҳли эса Аллоҳни ҳам, Унга қўшиб бошқа илоҳларини ҳам яхши кўришади. Бу эса «Ла илаҳа иллаллоҳ» тақо-зосига зиддир.
 б) «Муҳаммадун росулуллоҳ»нинг шарт-лари
«Муҳаммадун росулуллоҳ» шаҳодат кали-масининг шартлари қуйидагилардир:
1)    Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва сал-ламнинг пайғамбарликларини эътироф этиш ва бунга чин дилдан эътиқод қилиш.
2)    Ушбу эътирофини тили билан очиқ айтиш.
3)    У зотга тўла эргашиш, бу эса у зот келтирган ҳаққа амал қилиш ва у зот қайтарган ботилдан тийилиш билан бўлади.
4)    У зот хабар берган ўтмиш ва келажак ишларидан иборат ғайб хабарларини тасдиқлаш.
5)    У зотни ўз жони, моли, бола-чақаси, ота-онаси ва барча одамлардан кўра кўпроқ яхши кўриш.
6)    У зотнинг сўзларини ҳар қандай киши-нинг сўзидан устун қўйиш ва у зотнинг суннатларига амал қилиш.
Тўртинчи: Икки шаҳодат калимаси тақозо қиладиган ишлар
а) «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси тақозо қиладиган ишлар
«Ла илаҳа» иборасидан тушунилган нафий-га амал қилиб, Аллоҳдан бошқа жамики маъбу-даларнинг ибодатидан воз кечиш ҳамда «Иллаллоҳ» иборасидан тушунилган исботга амал қилиб, фақат Аллоҳнинг Ўзига, ҳеч қандай шерик келтирмасдан ибодат қилиш. Аксарият ушбу калимани айтадиган кишилар бунга амал қилмайдилар, унинг тақозосига хилоф қилиб, илоҳликни махлуқларга, мозорларга, қадамжо-ларга, тоғутларга, дарахт ва тошларга исбот қилишади. Улар тавҳидни бидъат деб эътиқод қилишади, унга чақирган кишиларни ёмон кўришади, ибодатни холис Аллоҳгагина қила-диган кишиларни маломат қилишади.
б) «Муҳаммадун росулуллоҳ» калимаси тақозо қиладиган ишлар
У зотга ишониш ва итоат қилиш, у зот қайтарган ишларни тарк қилиш, суннатларига амал қилишга чекланиш, суннат бўлмаган, бидъат ва динда янги пайдо қилинган ишларни ташлаш, у зотнинг сўзларини бошқа ҳар қандай кишининг сўзидан юқори қўйиш.
Бешинчи: Икки шаҳодат калимасини бузувчи ишлар
Улар Исломни бузувчи ишлардир. Чунки, айни шу икки шаҳодат калимасини айтиш билан инсон Исломга киради. Бу калимани талаффуз қилиш унинг мазмун-моҳиятини эътироф этиш ҳамда у тақозо этган исломий амалларни амалга ошириш демакдир. Ким шунга амал қилмаса, ушбу калимага гувоҳлик берган пайтда ўз зиммасига олган аҳдни бузган бўлади. Исломни бузувчи ишлар кўп бўлиб, уламолар фиқҳ китобларида унга алоҳида боб ажратиб, «Муртадлик ҳақида боб» деб атаганлар. Улардан энг муҳимлари ўнта бўлиб, уларни шайхулислом Муҳаммад ибн Абдул-Ваҳҳоб раҳимаҳуллоҳ шундай баён қилади:
1)    Аллоҳнинг ибодатида ширк келтириш. Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48, 116).
«Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк кел-тирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72).
Аллоҳдан бошқага атаб қон чиқариш, мозорлар ё жинлар учун жонлиқ бўғишлаш ҳам шу турга киради.
2)    Ўзи билан Аллоҳнинг ўртасига восита-чилар қилиб, уларга дуо-илтижо қила-диган, шафоатларини сўрайдиган, уларга таваккул қиладиган (суянадиган) киши кофир бўлишига иттифоқ қилинган.
3)    Мушрикларни кофир санамайдиган, улар-нинг куфрида шак қиладиган ё уларнинг йўлларини тўғри санайдиган киши кофир бўлади.
4)    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва сал-ламдан бошқасининг йўли у зотнинг йўлларидан кўра мукаммалроқ, ёки бош-қасининг ҳукми у зотнинг ҳукмларидан тўғрироқ деб эътиқод қилган киши кофир бўлади. Тоғутларнинг ҳукмларини Расу-луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмларидан афзал санайдиган, қонун-ларнинг ҳукмини Ислом ҳукмидан афзал биладиган кимсалар бунга мисол бўлади.
5)    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган дин ва шариатдан бирор нарсани ёмон кўрган киши – гарчи ўзи шунга амал қилса ҳам – кофир бўлади.
6)    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал-ламнинг динидан ё шу диндаги савоб ва азоблар устидан кулиб, масхара қилган кимса кофир бўлади. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?» Узр айтманглар! Сизлар иймон келтир-ганингиздан сўнг яна куфрга қайтдин-гиз» (Тавба: 65, 66).
7)    Сеҳргарлик. (Эр-хотиннинг кўнгилини бир-бирига илитиш ё совутиш учун) иситма-совутма қилиш ҳам шунга киради. Ким шундай қилса ё шунга рози бўлса, кофир бўлади. Бунга далил Аллоҳ тао-лонинг қуйидаги сўзидир: «Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (сен сеҳр ўрга-ниш билан) кофир бўлиб қолма», демас-дан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар»  (Бақара: 102).
8)    Мусулмонлар қаршисига мушрикларни қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам бе-риш. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйи-даги сўзларидир: «Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албат-та, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас» (Моида: 51).
9)    Кимда-ким, айрим инсонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шари-атларидан чиқишга ҳақли бўлади, худди Хазир Мусо алайҳиссаломнинг шариат-ларидан чиқишга ҳақли бўлгани каби, деб эътиқод қилса,  кофир бўлади. Мен бунга қўшимча қилиб айтаманки, айрим ғулув кетган сўфийлар эътиқод қилганидек, уларнинг баъзи пиру муршидлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва сал-ламнинг шариатларига эргашишга эҳтиёж қолдирмайдиган даражада олий мақомга етганини эътиқод қилган киши кофир бўлади.
10)    Аллоҳнинг динидан юз ўгириш, уни ўрганмаслик ва унга амал қилмаслик. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Кофир бўлган кимсалар эса ўзлари огоҳлантирилган нарсадан юз ўгирувчидирлар» (Аҳқоф: 3), «Ўз Робби-нинг оятлари билан панд-насиҳат қилин-ганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта Биз ундай жиноятчи кимса-лардан интиқом олувчидирмиз» (Сажда: 22).
Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб раҳима-ҳуллоҳ айтади: «Исломни бузувчи бу амаллар-ни ҳазиллашиб ё жиддий ё қўрқиб айтган ва қилган кишилар ўртасида фарқ йўқ. Фақат мажбурланган кишигина бундан мустаснодир. Шунинг учун ҳам мусулмон бу ишлардан ҳазир бўлиши ва ўз нафсига улардан хавф қилиши зарурдир. Аллоҳдан Унинг ғазабини келти-рувчи ва азобига йўлиқтирувчи ишлардан паноҳ тилаймиз».


Учинчи бўлим:
Қонунчилик: ҳалол қилиш ва ҳаром қилиш Аллоҳнинг ҳаққи
Қонунчилик деб таржима қилганимиз “ташриъ”дан мурод — Аллоҳ таоло бандалари ақида, муомалот ва бошқа ишларда унга амал қилишлари учун туширган манҳаж, яъни йўл-йўриқлар мажмуидир. Ҳалол қилиш ва ҳаром қилиш ҳам шунга дохил бўлиб, ҳеч ким Аллоҳ ҳалол қилмаган нарсани ҳалол санаши ва Аллоҳ ҳаром қилмаган нарсани ҳаром санаши мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар!» (Наҳл: 116).
«Айтинг: Хабар берингиз-чи (эй мушрик-лар), Аллоҳ сизлар учун нозил қилган ризқу рўзнинг (айримларини) ҳаром, (айримларини) ҳалол қилиб олдингиз». Айтинг: Хабар берингиз-чи, (бундай қилиш учун) сизларга Аллоҳ изн бердими ёки Аллоҳ шаънига бўҳтон қилмоқдамисизлар?!» (Юнус: 59).
Аллоҳ таоло Китоб ва Суннатдан бирон далилсиз ҳалол қилиш ва ҳаром қилишдан қайтарди ва бундай қилишни Аллоҳга нисбатан уйдирма тўқиш деб атади. Шунингдек, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бир нарсани ҳеч қандай далилсиз фарзу вожиб ёки ҳаром деб эълон қилган кишини Ўзининг хос ҳаққи бўлмиш қонунчиликда шериклик даъво қилувчи деб хабар берди. Аллоҳ таоло айтади:
«Ёки уларнинг диндан Аллоҳ изн бермаган нарсаларни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари борми?!» (Шуро: 21).
Ким шу нарсани била туриб Аллоҳдан бошқа қонун чиқарувчига итоат қилса ва унинг қонунига амал қилса, уни Аллоҳга шерик қилган бўлади. Аллоҳ таоло айтади:
 «Агар уларга бўйсунсангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолгайсиз-лар» (Анъом: 121).
Яъни, Аллоҳ ҳаром қилган ўлимтикларни ҳалол санайдиган кимсаларга ким итоат қилса, у мушрик бўлади.
Аллоҳ таоло яна шундай деб хабар берганки, ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қиладиган ва Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром санайдиган руҳоний ва роҳиб-ларига итоат қилса, Аллоҳни қўйиб, ўшаларни ўзига илоҳ қилиб олган бўлади. Аллоҳ таоло айтади:
«Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларининг олим-ларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Роб (илоҳ) қилиб олдилар. Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга бандалик килишга бую-рилган эдилар. Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. У зот уларнинг ширкларидан покдир» (Тавба: 31).
Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу ушбу оятни эшитиб: «Ё Расулуллоҳ, биз уларга ибодат қилмасдик-ку», деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилишганида сизлар ҳам уни ҳалол санармидинглар, улар Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиш-ганида сизлар ҳам уни ҳаром санармидинглар, ахир?!», дедилар. У: “Ҳа, шундай», деганида «Шу уларга ибодат қилишларидир», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Шайх Абдурраҳмон ибн Ҳасан раҳимаҳул-лоҳ айтади: “Ушбу ҳадисда шунга далил борки, Аллоҳнинг маъсиятида олимлар ва роҳибларга итоат қилиш Аллоҳни қўйиб, уларга ибодат қилишдир ва бу Аллоҳ асло кечирмайдиган катта ширкдир. Зеро, оят сўнггида Аллоҳ таоло айтмоқдаки: «Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга ибодат қилишга буюрилган эдилар. Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. У зот уларнинг ширк-ларидан покдир». Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло айтадики: «Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз! Зотан, бу иш итоатсизликдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларини (яъни мушрикларни) сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар. Агар уларга бўйсунсангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар» (Анъом: 121). Кўпчилик одамлар далилга беписанд қарашлари туфайли, ўзлари тақлид қилган кишиларга далилга хилоф бўлган ишларда тақлид қилиб, шу ҳолга тушиб қолишади, бу эса ширкдир” (иқтибос тугади).
Аллоҳнинг қонунига риоя қилиш ва Ундан ўзганинг қонунларини тарк қилиш «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг тақозо ва талабларидандир.


Тўртинчи бўлим:
Ибодат: маъноси, турлари, умумийлиги
1. Ибодат маъноси
Ибодат аслида қуллик, ҳокисорлик, бўйин-суниш демакдир.
Шариат истилоҳида эса, унинг бир неча таърифлари бўлиб, умумий маъноси биттадир. Жумладан:
Ибодат — Аллоҳга У пайғамбарлари восита-сида буюрган ишларга бўйсуниш билан итоат қилиш демакдир.
Ибодат — Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳоки-сорлик ифодасидир. У Аллоҳга чексиз муҳаб-батга йўғрилган чексиз ҳокисорликдир. Унинг умумий ва кенг қамровли таърифи шуки, ибодат — Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган барча зоҳирий ва ботиний сўз ва ишлардир.
Ибодат қалб, тил ва тана аъзоларига тақсимлангандир.
Хавф (қўрқув), ражо (умидворлик), муҳаб-бат, таваккул, рағбат, раҳбат (қўрқинч), булар қалбга тааллуқли ибодатлардир.
Тилда ва дилда тасбеҳ, таҳлил, такбир, ҳамд, шукр айтиш, булар тил ва қалбга тааллуқли ибодатлардир.
Намоз, закот, ҳаж, жиҳод, булар қалб ва тана аъзолари ибодатидир.
Ибодатнинг қалб, тил ва бадан аъзоларига тааллуқли бундан бошқа ҳам турлари кўпдир.
Ибодат — Аллоҳ таоло халқларни фақат шу учун яратгандир. Аллоҳ таоло айтади:
«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман. Зеро Аллоҳ-нинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз берувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир» (Аз-зарият: 56-58).
Демак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло хабар бермоқдаки, инсу жинни яратиши остидаги ҳикмат уларнинг Аллоҳга ибодат қилиб туриш-ларидир. Аслида, Аллоҳ уларнинг ибодат-ларига муҳтож эмас, аксинча улар Аллоҳга муҳтожликлари туфайли Унинг ибодатига эҳтиёжлидирлар ва Унга шариатига мувофиқ ибодат қиладилар. Бас, ким Аллоҳга ибодат қилишдан бош тортса, у кибр қилувчидир. Ким Аллоҳга ибодат қилса ва У билан бирга бошқасига ҳам ибодат қилса, у мушрикдир. Ким ёлғиз Аллоҳга ибодат қилса, бироқ Унинг шариатига мувофиқ қилмаса, у бидъатчидир. Ким Аллоҳга Унинг шариатига мувофиқ ибодат қилса, у мўмин ва муваҳҳиддир.
2. Ибодат турлари ва умумийлиги
Ибодатнинг турлари кўп бўлиб, у тил ва бадан аъзоларида зоҳир бўлган ва қалбда содир бўлган зикр, тасбеҳ, таҳлил, Қуръон тиловати, намоз, закот, рўза, ҳаж, жиҳод, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш, қариндош-уруғ, етим-есир, мискин ва мусофирларга эҳсон (яхшилик) қилиш каби барча тоат турларини ўз ичига олади. Шунингдек, Аллоҳ ва Расулини яхши кўриш, Аллоҳдан қўрқиш ва Унга тавба-инобат қилиш, динни Аллоҳга холис қилиш, Унинг ҳукмига сабр қилиш ва қазосига рози бўлиш, Унга суяниш, раҳматидан умидвор бўлиш ва азобидан қўрқиш ҳам ибодатдир. Мўмин киши ўзининг қилаётган ҳар бир ишида агар қурбатни (Аллоҳга яқинлашишни) ният қилса, унинг ҳар бир хатти-ҳаракати ибодатга айла-нади. Ҳатто, уйқу ва ейиш-ичиш билан агар Аллоҳнинг тоатига куч-қувват ҳосил қилишни ният қилса, шу ҳам ибодатга айланади. Олди-сотти, касб-ҳунар, никоҳланиш каби одатий ишлар ҳам яхши ният туфайли ибодатга айланиб, бу билан савобга эришилади. Демак, ибодат фақат маълум расм-русумларгагина чекланиб қолмайди.


Бешинчи бўлим:
Ибодатнинг ҳад-ҳудудини белгилашдаги хато тушунчалар баёни
Ибодатлар тавқифийдир
Шу маънодаки, ҳеч бир ибодат Китоб ва Суннатдан бўлган бирон далилсиз машруъ (шариатга мувофиқ) бўлмайди. Нимаики, машруъ бўлмаса, у бидъат деб эътибор қилинади ва қабул қилинмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ким бизнинг амримиз бўлмаган бир амални қилса, у рад қилингусидир» (Муттафақун алайҳ). Яъни, унинг бу иши мақбул бўлмайди, бу иши учун гуноҳкор бўлади. Чунки, унинг иши маъсиятдир, тоат эмасдир. Қолаверса, машруъ ибодатларни адо этишдаги соғлом йўл — бепарволик ва ялқовлик билан ўта ҳаддан ошиш ва ғулув ўртасидаги мўътадилликдир. Аллоҳ таоло пайғамбарига амр этганидек: «Бас (эй Муҳаммад), сиз ва сиз билан бирга тавба қилган зотлар ўзингизга буюрилгани янглиғ Тўғри йўлда бўлингиз! Туғёнга тушмангиз!» (Ҳуд: 112).
Ушбу ояти карима ибодатларни адо этиш-нинг соғлом ва тўғри йўлини чизиб бермоқда. Бу эса уларни адо этишда ҳаддан ошиш ҳам, лоқайдлик ҳам бўлмаган мўътадил йўлни тутиш билан, “ўзингизга буюрилгани янглиғ” шариатга мувофиқлик билан ҳосил бўлади. Сўнгра таъкидлаб, “туғёнга тушмангиз!” амри берилмоқдаки, туғён — ҳаддан ошиш ва ғулув кетишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан уч кишининг ўз амал-ларини кам санаб, улардан бири: «Мен умрбод рўза тутаман» деб, иккинчиси: «Ухламасдан, тинимсиз намоз ўқийман» деб, учинчиси: «Уйланмасдан ўтаман» деб айтганларини эшитиб, уларга танбеҳ берганлар, «Аммо, мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўламан. Намоз ўқийман ва ҳам ухлайман ва ҳам аёлларга уйланаман. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас!», деганлар (Муттафа-қун алайҳ).
Ҳозирда ибодат борасида одамларни бир-бирига бутунлай қарама-қарши бўлган икки тарафга бўлиниб қолганини кўриш мумкин.
Биринчи тоифа ибодат тушунчасини ғоят тор тушуниб, уни адо этишга ўта лоқайд қарайди, айрим ибодат турларини умуман бажармайди, ибодатларни маълум бир амал-ларгагина ва масжидда адо этиладиган ибодат-ларгагина чеклаб қўйган. Улар учун уйда, ишхонада, бозорда, кўчада, ўзаро муомала-ларда, сиёсатда, ҳукмда, низоларда ва ҳаёт-нинг бошқа майдонларида адо этилажак ибодат тушунчаси мавжуд эмас.
Тўғри, масжиднинг ўзига хос фазли бор, беш вақт намоз масжидда адо этилиши вожиб. Бироқ, ибодат шугина эмас, ибодат мусулмон кишининг масжид ташқарисидаги барча ҳаё-тини ҳам қамраб олади.
Иккинчи тоифа эса, ибодатларни татбиқ қилишда ўта қаттиқ, ҳаддан ошиш йўлини тутади. Мустаҳаб амалларни фарзу вожиб даражасига чиқаради, айрим мубоҳ ишларни ҳаром санайди. Унинг тутган йўлига қарши бўлганларни адашган ва хатокорликка ҳукм қилади, уларнинг тушунчаларини хатога чиқа-ради.
Аслида, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидир, ишларнинг ёмони эса динда янги пайдо қилинганларидир.


Олтинчи бўлим:
Дуруст ибодатнинг устунлари
Ибодатнинг асосий устунлари учта бўлиб, улар севги, хавф ва умидворликдир.
Ҳокисорликка йўғрилган муҳаббат ва умид-ворликка қоришган қўрқув... Ибодатда мана шу ҳолатлар жамул-жам бўлмоғи зарур. Аллоҳ таоло мўмин бандаларини шундай васф этади:
«Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар» (Моида: 54).
«Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари кучлироқдир» (Бақара: 165).
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарлари васфида айтади:
«Дарҳақиқат, улар яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар» (Анбиё: 90).
Салафлардан бирлари шундай деган экан: «Аллоҳга ёлғиз муҳаббат билангина ибодат қилган кимса зиндиқ, ёлғиз умидворлик билангина ибодат қилган кимса муржиъ, ёлғиз қўрқув билангина ибодат қилган киши ҳарурий, Унга севги, қўрқув ва умидворлик билан ибодат қилган киши мўмин муваҳҳиддир». Буни шайхулислом “Убудият” рисоласида зикр қил-гач, шундай дейди: «Демак, Аллоҳнинг дини Унга ибодат, итоат ва бўйсунишдан иборат. Ибодатнинг асл маъноси хорлик ва ҳокисор-ликдир. Зотан, арабларда босилавериб, қадам изи бўлиб кетган йўлни “тариқ муъаббад” (طريق معبد) дейилади. Ибодат ҳокисорлик маъносини ва муҳаббат маъносини ўз ичига олган бўлиб, унинг зимнида Аллоҳ таолога чексиз муҳаббатга қоришиқ чексиз ҳокисорлик бордир. Биров бир одамга ёмон кўргани ҳолда бўйсуниб турса, унга сиғинган бўлмайди. Биров бир нарсани яхши кўрса-ю, унга бўйсунмаса, унга сиғинган бўлмайди, ўз фарзандини ёки дўстини яхши кўргани каби. Шунинг учун Аллоҳнинг ибодатида бу икки сифатнинг биригина етарли бўлмайди, балки Аллоҳ бандага ҳамма нарсадан суюмлироқ бўлиши зарур бўлади ва унинг наздида Аллоҳ барча нарсадан буюкроқ бўлиши вожиб бўлади, балки тўла-тўкис муҳаббат ва бўйсуниш фақат Аллоҳгагина бўлмоғи лойиқдир...” (иқтибос тугади).
Ушбулар ибодатнинг меҳвари (марказий ўқи) бўлиб, ибодат унинг атрофида айланади. Аллома Ибнул Қаййим “Нунийя” номли қасидасида ушбу маънони ифодалаб, шундай дейди (шеър мазмуни):
“Раҳмонга бўлган ибодат Унга бўлган чексиз муҳаббат ҳамда обиднинг чексиз ҳокисор-лигидан иборат бўлиб, шу иккиси ибодатнинг икки қутбидир. Ва ибодат фалаги шу икки қутб атрофида айланади. Унинг айланиши пайғам-барнинг амри биландир, нафсу ҳаво ва шайтон йўриғи билан эмас”.
Аллома ушбу сатрларда ибодатнинг маҳ-бубга – яъни, Аллоҳ таолога – муҳаббат ва ҳокисорлик узра айланишини фалакнинг икки қутби узра айланишига ташбеҳ қилмоқда ва ибодат фалагининг айланиши хоҳиш-ҳаво билан ёки нафсу шайтоннинг йўриғи билан эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрлари ва у зот келтирган шариат кўрсатмаси асосида бўлишини зикр қилмоқда.

 

 

 

Улуҳият тавҳиди

Download

About the book

Author :

Saleh Bin Fawzaan al-Fawzaan

Publisher :

www.islamland.com

Category :

Doctrine & Sects