Таҳорат китоби: таяммум боби

Ушбу мақола шайх Абдуллоҳ Оли Бассом раҳимаҳуллоҳнинг "Тайсирул Аллом шарҳу умдатил аҳком" китобидан таржима қилинган бўлиб, унда таҳорат китобининг таяммум боби ҳақида сўз юритилади.

Таҳорат китоби: таяммум боби
«Тайсирул аллом шарҳу умдатил аҳком» китобидан иқтибос

[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
Шайх Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Оли Бассом



Мутаржим: Иброҳим Асарий
Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший
 
كتاب الطهارة: باب التيمم
مقتبس من كتاب " تيسير العلام شرح عمدة الأحكام "
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
الشيخ عبد الله بن عبد الرحمن بن صالح آل بسام

ترجمة: إبراهيم الأثري
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي

 

 

Таяммум боби
Араб тилида таяммум сўзи мақсад, ният қилиш деган маъноларни билдиради. Қуйидаги оятда ҳам таяммум сўзи мақсад маъносида қўлланилган: “Парвардигорларидан фазлу марҳамат ва ризолик тилаб Байтул-Ҳаромни (Каъбани) мақсад қилиб кетаётган кишиларга қарши (жанг қилишни) ҳалол қилиб олмангиз!” [Моида: 2].
Таяммум қилувчи тупроқ ишлатишни қасд қилгани учун кейинчалик фуқаҳолар истилоҳида таяммум деб юз ва қўлларга тупроқ суртишга ишлатила бошланган. Баъзи уламолар таяммумни: “Сув йўқлигида ёки сув ишлатишга қодир бўлинмаган пайтда юз ва қўлларга тупроқ суртишдан иборат тупроқлик таҳорат”, деб таърифлашган.
Таяммум Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматининг хусусиятларидан саналади. Аллоҳ таоло у зотнинг шарофати билан бу уммат ишларини осон ва шариатини енгил қилди, уларга ҳар қандай машаққат ва қийинчиликлардан енгиллик ато қилди, шунингдек, уларни ҳиссий ва маънавий нопокликлардан поклади.
Жумладан, сув топа олмаган одамга покликдан бутунлай маҳрум қолмаслиги учун тирикликнинг икки аслидан бири бўлган сув ўрнига иккинчи асл моддаси бўлган тупроқ билан покланишга рухсат берди. Маълумки, сув ҳиссий ва маънавий нопокликлардан тозалайди. Агар ушбу комил поклаш воситаси топилмаса, у ҳолда маънавий поклик воситаси бўлмиш тупроқ билан покланилади.
Албатта, фаҳм-фаросатли ҳар бир инсон бу ишнинг зимнида фойдалар борлигига заррача шубҳа қилмайди. Таяммум ҳукми Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда айтилган. Шунингдек, бутун уммат унинг жоизлигига ижмоъ қилган. Қолаверса, соғлом ақл шуни тақозо қилади.
Ўттиз олтинчи ҳадис
عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ – رضي الله عنه -: ((أَنَّ رَسُولَ اللهِ – صلى الله عليه وسلم – رَأَى رَجُلاً مُعْتَزلاً , لَمْ يُصَلِّ فِي  الْقَوْمِ؟ فَقَالَ: يَا فُلانُ , مَا مَنَعَكَ أَنْ تُصَلِّيَ فِي الْقَوْمِ؟ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ أَصَابَتْنِي جَنَابَةٌ , وَلا مَاءَ , فَقَالَ: عَلَيْك بِالصَّعِيدِ , فَإِنَّهُ يَكْفِيَكَ)) .
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар билан бирга намоз ўқимай, бир четда турган кишига кўзлари тушди ва: “Эй фалончи, сени жамоат билан намоз ўқишдан нима ман қилди?”, дедилар. Ҳалиги киши: “Ё Расулуллоҳ, жунуб бўлиб қолдим, ювинишга эса сув йўқ”, деди. Шунда у зот: “Тупроқ билан таяммум қил, шу сенга кифоя қилади”, дедилар” [Бухорий: 248].
Шарҳ:
Жамоат билан намоз ўқимаган киши Бадр жангига қатнашаган саҳобалардан бири Халлод ибн Рофеъ розияллоҳу анҳу эди.
Кунларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан бомдод намозини ўқиб бўлгач, улар билан намоз ўқимаган бир кишига кўзлари тушади. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам хушмуомала ва Аллоҳ динига гўзал услубда даъват қилар эдилар. Шу боис то ҳалиги киши нима сабабдан жамоат билан намоз ўқимаганини билмагунларича уни маломат қилмадилар. У зот: “Эй фалончи, нега одамларга қўшилиб намоз ўқимадинг?”, деб сўраган эдилар, у — ўз наздида узр деб ҳисоблаган — узрини, яъни жунуб бўлиб қолгани ва ювинишга сув топа олмаганини, шу боис то сув топиб ювингунча намозни кечиктирмоқчи бўлганини Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга баён қилди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло Ўз марҳамати ила сен учун покланишда сувнинг ўрнини босадиган нарсани — тупроқни яратиб қўйган. Тупроқ билан таяммум қил, шу сенга сувнинг ўрнига кифоя қилади”, деган мазмунда жавоб берадилар.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Таяммум жанобатдан покланишда ғуслнинг ўрнига ўтади.
2 – Таяммум қилиш сув топа олмаган ёки сув ишлатиш унга зарар етказадиган одам учун жоиз бўлади. Зеро, ҳадисда зикр қилинган саҳобий ҳам сув йўқлигини узр сифатида баён қилганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бу узрини ўринли санаб, унга таяммум қилишга изн бердилар.
3 – Бирон амалда камчиликка йўл қўйган кишини кўрган заҳоти то сабабини аниқлаштириб олмагунча уни койиш ва маломат қилишга шошилмаслик керак. Чунки сиз маломат қилаётган кишининг узри бўлиши мумкин.
4 – Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тириклик чоғларида ҳам баъзи фиқҳий масалаларда ижтиҳод қилишган. Бунга ушбу саҳобийнинг жунуб бўлиб қолган одам то сув топиб ювинмагунича намоз ўқимайди, таяммум ояти эса кичик бетаҳоратликка хос деб ўйлагани далил бўлади.
Ўттиз еттинчи ҳадис
عَنْ عَمَّارِ بْنِ يَاسِرٍ رضي الله عنهما قَالَ: ((بَعَثَنِي النَّبِيُّ – صلى الله عليه وسلم – فِي حَاجَةٍ فَأَجْنَبْتُ فَلَمْ أَجِدِ الْمَاءَ فَتَمَرَّغْتُ فِي الصَّعِيدِ كَمَا تَمَرَّغُ الدَّابَّةُ ثُمَّ أَتَيْتُ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – فَذَكَرْتُ ذَلِكَ لَهُ فَقَالَ: إنَّمَا يَكْفِيَكَ أَنْ تَقُولَ بِيَدَيْكَ هَكَذَا – ثُمَّ ضَرَبَ بِيَدَيْهِ الأَرْضَ ضَرْبَةً وَاحِدَةً ثُمَّ مَسَحَ الشِّمَالَ عَلَى الْيَمِينِ وَظَاهِرَ كَفَّيْهِ وَوَجْهَهُ)) .
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени иш билан бир ерга юбордилар. Мен жунуб бўлиб қолдим. Сув топа олмагач, ҳайвон тупроққа ағанаганидек, тупроққа ағанадим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, ушбу ишим ҳақида хабар бердим. У зот: “Қўлларинг билан мана бундай қилсанг кифоя қиларди”, дея қўллари билан ерга бир марта урдилар, сўнг чап қўлларини ўнг қўлларига (бир ривоятда икки қўлларини бир-бирига), кафтларининг устига ва юзларига суртдилар” [Бухорий: 347 ва Муслим: 368].
Шарҳ:
Сафарларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аммор ибн Ёсирни юмуш билан бир ерга жўнатади. Ўшанда у жунуб бўлиб қолади ва ювинишга сув топа олмайди. У кичик бетаҳоратликдан таяммум қилиш мумкинлигини билар, аммо жанобатдан покланиш учун таяммум қилиш жоизлигини билмасди. Шу боис ижтиҳод қилади ва сувга қиёслаб, кичик бетаҳоратликдан покланиш учун таяммум қилинганда баъзи таҳорат аъзоларига тупроқ суртилгани каби, жанобатдан покланиш учун ҳам бутун баданни тупроққа белаш керак, деб ўйлайди ва ерга ағанаб бутун баданини тупроққа белаб, сўнг намоз ўқийди. Бироқ ўз ижтиҳодига биноан қилган бу амалидан кўнгли хижил бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузур-ларига келгач бу ҳақда у зотга хабар беради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, бутун баданингни тупроққа белашинг ўрнига икки қўлингни бир марта ерга уриб, сўнг чап қўлинг билан ўнг қўлинг устини ва икки кафтинг ҳамда юзингни суртишинг кифоя қиларди, деган мазмунда кўрсатма берадилар.
Уламолар ихтилофи:
Уламолар таяммумда юз ва икки кафт учун қўлни ерга бир марта уриш кифоями ё икки марта уриш керакми, шунингдек, қўлларни тирсаккача суртиш шартми ёки йўқми, деб ихтилоф қилишган.
Баъзи уламолар, жумаладан, имом Шофеий таяммум қилишда қўлни ерга икки марта уриш лозим: биринчиси юз учун бўлса, иккинчиси қўлларни тирсаккача суртиш учун, деган фикрни билдирган. Улар ўз фикрларига бир қанча ҳадсиларни далил қилиб келтиришган. Имом Дорақутний Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган қуйидаги ҳадис шулар жумласидан: “Таяммум икки марта уриш биландир. Бири юзга, иккинчиси кўлларни тирсаккача суртиш учун” [Табароний “Мўъжамул кабир”, (13366)да, Дорақутний: (1/180) ва Байҳақий “Сунан”, (941) да ривоят қилган].
Жумҳур уламолар, жумладан, Имом Аҳмад, Авзоий, Исҳоқ (Ибн Роҳуя) ва муҳаддис уламоларнинг фикрича, таяммумда қўл ерга бир марта урилади ва юз билан кафтларгагина масҳ тортилади. Мазкур фикр эгалари ҳам бир қанча саҳиҳ ҳадисларни далил қилиб келтиришган. Ушбу Аммор розияллоҳу анҳунинг ҳадиси ҳам шулар қаторидан.
Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ атади: “Аммор розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонидан кейин шундай (таяммумда қўлни бир марта ерга уриш ва қўлларни кафтларгача суртиш кифоя қилади деб) фатво берар эди. Ҳадиснинг ровийси ҳадисдан кўзланган мақсадни бошқаларга қараганда яхшироқ билади”.
Шунингдек, мазкур фикр эгалари, таяммумда қўлни ерга икки марта уруш ва тирсаккача масҳ тортиш кераклиги айтилган барча ҳадисларнинг санади заифликдан холи эмас, деб жавоб беришган. Дарҳақиқат, бундай заиф ҳадисларни очиқ саҳиҳ ҳадисларга тенглаштириб бўлмайди.
Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аммор таяммум ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисларнинг аксарида қўлни ерга бир марта уриш айтилган. Икки марта уриш айтилган ҳадисларнинг барчаси музтариб, яъни заиф”.
Ибн Дақиқ Ийд роҳимаҳуллоҳ айтади: “Таяммумда қўлни ерга икки марта уриш ҳақида ҳадис келган. Бири юз учун, иккинчиси икки қўл учун. Бироқ у саҳиҳликда бу ҳадисга тенг келолмайди ”.
Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир гуруҳ уламолар, таяммумда юз ҳамда кафтлар учун қўлни ерга бир марта урилади, деган фикрни бидиришган. Мазкур фикрга далолат қилувчи ҳадис ривоят жиҳатидан саҳиҳроқдир”.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Жанобатдан покланишда ғуслнинг ўрнига таяммум қилиш жоиз.
2 – Таяммум қилишдан олдин сув излаш лозим.
3 – Таяммум қилишнинг кўриниши: қўлни бир марта ерга урилади, сўнг юзга ва икки қўлни тирсакларигача масҳ тортилади. Ибн Рушд роҳимаҳуллоҳ айтади: “Қўл деганда кафт ва билаклардан кўра, кафтнинг ўзи кўпроқ тушунилади”.
4 – Санъоний роҳимаҳуллоҳ зикр қилишича, ушбу ҳадиснинг баъзи ривоятларида сўз ёки жумлани бир-бирига боғловчи ҳарфлар мутлақ атфни ифода этувчи “вов” ҳарфи билан келган, баъзиларида эса тартибни ифода этувчи “фа” ва “сумма” боғловчи ҳарфлари билан келган. Бу, яъни “фа” ва “сумма” боғловчи ҳарфлари билан келган ривоятда мутлақ атфни ифода этадиган “вов” боғловчиси билан келган ривоятда зикр қилинмаган қўшимча ҳукм бор. Ҳолбуки, “адл” ишончли кишининг қўшимчаси қабул қилинади. Шунга биноан “Саҳиҳайн”да мутлақни ифода этувчи “вов” боғловчиси билан келган ривоятлар тартибни билдирувчи ривоятлар билан изоҳланади. Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларидан олдин икки қўлларига масҳ тортганлари на сўзларида, на амалларида келган.
5 – Катта бетаҳоратликдан таяммум қилиш кўриниши ва ҳукми кичик бетаҳоратники билан бир хил.
6 – Ибодатга доир масалаларда ижтиҳод қилиш жоиз.
7 – Мужтаҳид олим ижтиҳоди натижасида хато қарорга келса ва шунга биноан бирон ибодатни адо қилса, сўнг қилган ижтиҳоди натижаси нотўғри экани аён бўлса, ўша ибодатни қайта бажармайди.
Ўттиз саккизинчи ҳадис
 عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ رضي الله عنهما: أَنَّ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ: ((أُعْطِيتُ خَمْساً لَمْ يُعْطَهُنَّ أَحَدٌ مِنْ الأَنْبِيَاءِ قَبْلِي: نُصِرْتُ بِالرُّعْبِ مَسِيرَةَ شَهْرٍ وَجُعِلَتْ لِي الأَرْضُ مَسْجِدًا وَطَهُورًا فَأَيُّمَا رَجُلٌ مِنْ أُمَّتِي أَدْرَكَتْهُ الصَّلاةُ فَلْيُصَلِّ وَأُحِلَّتْ لِي الْمَغَانِمُ وَلَمْ تَحِلَّ لأَحَدٍ قَبْلِي وَأُعْطِيتُ الشَّفَاعَةَ وَكَانَ النَّبِيُّ يُبْعَثُ إلَى قَوْمِهِ خَاصَّةً وَبُعِثْتُ إلَى النَّاسِ عَامَّةً)) .
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Менга ўзимдан илгари ҳеч бир пайғамбарга берилмаган беш хислат берилди:
1) Бир ойлик масофадаги душманимнинг кўнглига қўрқув солиниши билан мададлантирилдим;
2) Ер мен учун намозгоҳ ва (тупроғи сув ўрнини босадиган) таҳорат воситаси қилинди. Умматимдан қай бирига намоз вақти қаерда етса, ўша ерда ўқийверади;
3) Менга ўлжалар ҳалол қилинди, ҳолбуки, мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди;
4) Менга шафоат қилиш (ҳуқуқи) берилди;
5) Ҳар бир пайғамбар ўз қавмигагина юбориларди, мен эса бутун инсониятга юборилдим” [Бухорий: 335 ва Муслим: 521].
Шарҳ:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа пайғамбарларга берилмаган бир қанча фазилатли хислатлар ва мақтовли сифатлар ато этилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шарафи билан ислом уммати ҳам айрим шундай фазилатли ва мақтовли хусусиятларга эришди. Ушбу ҳадисда зикр қилинган сифатлар шулар қаторига киради.
Биринчиси: Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Пайғамбарини қўллаб-қувватлаш ва нусрат бериш ҳамда дин душман-ларини мағлуб ва хор қилиш учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай бир хислат бердики, у зот душманларидан бир ойлик масофада бўлсалар, улар қалбига ғулғула тушар, барқарорликларига путур етар, саф ва бирликлари бўлиниб, пароканда бўлар эди. Шубҳасиз, бу каби хислат билан мадад бериш ва қўлаб-қувватлаш Аллоҳ таолонинг  улкан кўмагидир.
Иккинчиси: Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу улуғ пайғамбарга ва унинг раҳматга сазовор умматига енгиллик килиб, ер юзини намозгоҳ қилиб қўйди. Қаерда намоз вақти кирса, ўша ерда ўқийверади. Уларнинг ибодат қилиш ўринлари илгариги умматлар ибодатларини черков ва синагогаларда адо қилганлари каби муайян, махсус бир жойга чеклаб қўйилмади. Шу тарзда Аллоҳ таоло ўз фазлу марҳамати ва илтифоти билан бу уммат устидан қийинчилик ва тангликни олиб ташлади. Шунингдек, олдинги умматлар фақат сув билан покланишга буюрилган эдилар. Бу умматга эса сув топа олмаган ёки ишлатишга қодир бўлмаган ҳолатларда тупроқ билан покланишга рухсат берилди.
Учинчиси: Кофир душманлардан олинадиган ўлжалар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва умматига ҳалол қилинди. Ўлжалар улар ўртасида Аллоҳ таоло баён қилиб берган кўрсатмага биноан тақсимланади. Ваҳоланки, ўтган пайғамбарларга ва умматларига ўлжалар ҳаром қилинган эди. Улар ўлжаларни жамлаб, бир ерга тўплашар, агар амаллари мақбул бўлса, осмондан олов тушиб ўлжаларни ёндириб юборар эди.
Тўртинчиси: Аллоҳ таоло Пайғамбаримизгагина “Мақоми маҳмуд”, яъни мақтовли ўрин ва буюк шафоат соҳиби бўлишни насиб қилди. Қиёмат куни аросатда барча “улул азм”, яъни сабот-матонат эгалари бўлган пайғам-барлар шафоат қилишга ботина олмай турган бир пайтда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен шафоат сўрайман”, деб Арш остига сажда қиладилар ва Аллоҳ таолога лойиқ мақтов-ҳамдлар айтадилар. Шунда: “Шафоат сўранг, шафоат қилинади, сўранг берилади”, деб айтилади. Сўнг у зот Аллоҳ таолодан узоқ муддат маҳшарда туриб қолган халойиқни ҳисоб-китоб қилиб, улар ўртасида ажрим қилишини сўрайдилар. Мана шу аввалгилару охиргилар ҳавас қиладиган “Мақоми маҳмуд”, яъни мақтовли ўриндир.
Бешинчиси: Ўтган барча пайғамбарларнинг даъвати фақат ўз қавмларига чекланган эди. Аммо ушбу улуғ пайғамбарнинг рисолатини Аллоҳ таоло кенг қамровли ва то қиёматгача муносиб шариат қилиб қўйди. У зотнинг шариати барча замону маконларга яроқлидир. У барча одамларга — миллат ва элатларидан, макон ва замон-ларидан қатъий назар то қиёматгача абадий дастур ва қонун сифатида юборилди.
Ушбу шариат шундай улуғ ва барча замону маконга муносиб бўлгани учун ҳам охирги шариат қилинди. Зеро, унда қўшимча ҳукмларга эҳтиёж йўқ ва нуқсондан ҳам холи. У ўз ичига олган боқийлик ва абадийлик унсурлари туфайли ана шундай кенг қамровли қилинди.
Бу буюк ҳадис бўлиб, унда кўп фойдалар бор. Қуйида улардан энг муҳимларини қисқача келтириб ўтамиз.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қолган пайғамбарлардан, у зотнинг уммати қолган умматлардан афзал ҳисобланади.
2 – Банда ўзига Аллоҳ таоло томонидан берилган неъматларни санаши жоиз. Агар банда ўзига ато этилган неъматларни шукр қилиш ва ёдга олиш ниятида зикр қилса, ибодат ва Аллоҳга шукр қилиш саналади.
3 – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга душманлари қалбига қўрқув солиниши билан мадад берилди, ўлжалар ҳалол қилинди, бутун инсониятга пайғамбар қилиб юборилди, шафоат қилиш ҳуқуқи берилди, унга ва умматига ер намозгоҳ ва покловчи восита қилинди. Булар у зотнинг хислатларидан баъзиларидир. Айрим уламолар у зотнинг хос хислатларини ўн еттита, деб зикр қилишган. Санъоний роҳимаҳуллоҳ эса йигирма битта хислатларини санаганлар.
4 – Намознинг дуруст бўлиши хос бир маконга боғлиқ эмас. Балки ернинг ҳар қандай жойида ўқилган намоз дуруст ва яроқли саналаверади.
5 – Ер аслида намоз ва таяммум учун пок ва яроқли саналади.
6 – Ернинг барча жойидан таяммум қилса бўлади.
7 – Ислом шариати кенг қамровли, буюк шариат бўлиб, яшаб турган диёрлари ва ватанлари қаерда бўлишидан қатъий назар, бутун олам аҳлининг ибодатлари-ю ўзаро муносабатларини тартибга солиш учун юборилган.
8 – Санъоний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг довруқлари бир ойлик масофадаги душманлар қалбига қўрқув солувчи бўлгани-нинг сабаби, бундан кўра узоқроқ масофада у зотга душманлик қилганлар бўлмаган”.
Манба: Ихлос веб саҳифаси

 

 

この巻では