Таҳорат китоби: Мисвок боби

Ушбу мақола шайх Абдуллоҳ Оли Бассом раҳимаҳуллоҳнинг "Тайсирул Аллом шарҳу умдатил аҳком" китобидан таржима қилинган бўлиб, унда таҳорат китобининг мисвок боби ҳақида сўз юритилади.

اسم الكتاب: كتاب الطهارة : باب السواك


تأليف: عبد الله بن عبد الرحمن آل بسام


نبذة مختصرة: كتيب مترجم إلى اللغة الأوزبكية، مقتبس من كتاب تيسير العلام شرح عمدة الأحكام لفضيلة الشيخ عبد الله البسام - رحمه الله -، وفي هذا الجزء بيان بَاب السواك.

Таҳорат китоби: Мисвок боби
«Тайсирул аллом шарҳу умдатил аҳком» китобидан иқтибос
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
Шайх Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Оли Бассом



Мутаржим: Иброҳим Асарий
Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший
 

كتاب الطهارة: باب السواك
مقتبس من كتاب تيسير العلام شرح عمدة الأحكام
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
الشيخ عبد الله بن عبد الرحمن بن صالح آل بسام

ترجمة: إبراهيم الأثري
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي

 

Мисвок боби
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ - رضي الله عنه - عَنْ النَّبِيِّ - صلى الله عليه وسلم - قَالَ: «لَوْلا أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمَّتِي لأَمَرْتُهُمْ بِالسِّوَاكِ عِنْدَ كُلِّ صَلاةٍ».  
السِّواكُ: اسمُ للعودِ الذي يتسوكُ به، ولفعلِ الاستياكِ نفسِهِ. وخيرُ مايُستاكُ بهِ عودُ جذورِ شجرِ الأَراكِ.
 Араб тилида “мисвок” ёки “сивок” деб тиш тозалашда ишлатиладиган дарахт новдасига айтилади. Шунингдек, тишлардаги кир ва сариқликни кетказиш ва савобга эришиш мақсадида тишларни новда ёки шунга ўхшаш нарсалар билан тозалашга ҳам мисвок сўзи ишлатилади.
Бу боб юқорида ўтган таҳорат китобининг бир боби бўлиб, муаллиф уни бу ерда зикр қилишининг сабаби тишларни мисвок билан тозалаш таҳорат суннатларидан ва шариатимиз тарғиб қилган озодаликдан саналади. Ушбу бобда озодалик, соғлиқни сақлаш, оғизни тозалаш ва ундаги ёқимсиз ҳидни кетказиш, савобга эришиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш каби талай фойдалар бор.
Ўн еттинчи ҳадис
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Агар умматимга машаққат бўлишидан қўрқмаганим-да, уларни ҳар намозда мисвок қилишга буюрган бўлар эдим” [Муттафақун алайҳ: Бухорий: 887 ва Муслим: 252].
Шарҳ:
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматига бўлган насиҳатгўйлиги,  уларга барча яхшиликларни раво кўргани, уларга манфаат келтирадиган барча боблардан баҳраманд бўлиши ва тўлиқ бахт-саодатга эришишларига ҳарис бўлганлари учун уларни мисвок қилишга буюрдилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам мисвокнинг фойда-лари ва унинг дунё ва охиратдаги манфаатлари кўп эканини билганлари боис умматини ҳар намозда мисвок қилишга буюрмоқчи бўлдилар. Бироқ Аллоҳ таоло уларга бу амални фарз қилиб қўйиши, сўнг улар бу ишни бажара олмай гуноҳкор бўлиб қолмасликлари учун уларга раҳми келиб, бу амалга буюрмадилар. Шундай бўлсада, уларни бу ишга қаттиқ тарғиб қилдилар ва ундадилар.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Мисвок қилиш мустаҳаб. Мисвок қилишнинг фази-лати шу даражадаки, унга фарз амалларга бериладиган савоб берилади.
2 – Ҳар таҳорат ва намозда мисвок қилиш суннати муаккададир. Ибн Дақийқул Ийд роҳимаҳуллоҳ айтади: “(Мисвок қилишнинг) ҳикмати шундаки, биз ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилишга буюрил-ганмиз. Бинобарин, ибодат шарафини зоҳир қилиш учун комил кўринишда ва озода ҳолатда бўлишимиз лозим. Баъзи уламолар: “Бунинг ҳикмати фаришталарга боғлиқ. Зеро, фаришталар ёмон ҳиддан азият чекадилар”, дейиш-ган”.
Санъоний роҳимаҳуллоҳ айтади: “(Мисвок қилишдан кўзланган) ҳикмат ҳар иккиси — озода ҳолда Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилиш ва фаришталарга озор бермаслик бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Чунки имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким саримсоқ, пиёз ёки кўк пиёз еса, масжиди-мизга яқинлашмасин. Зеро, фаришталар одам боласи озор-ланадиган нарсалардан озорланишади” [Муслим: 564].
3 – Мисвок ила олинган таҳорат ва ўқилган намоз мисвоксиз таҳорат ва намоздан афзал.
4 ¬– Ҳар таҳорат ва намоз олдидан мисвок қилиш машаққатли бўлмаганда эди, мисвок қилиш фарз қилинган бўлур эди.
5 – Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматига бўлган раҳмдиллиги ва улар учун жон куйдиришлари мукаммал эди.
6 – Шариатимиз енгил бўлиб, унда ҳеч қандай қийинчи-лик ҳам, машаққат ҳам йўқ.
7 – Зиён ва машаққатларни кетказиш фойда ва манфаат-ларни жалб қилишдан олдин туради.
Ушбу умумий қоида жуда фойдали қоидалардан бири-дир. Албатта, ҳикматли Пайғамбаримиз мисвок қилишда катта фойдалар бўлишига қарамай, Аллоҳ таоло уни фарз қилиб қўйишдан хавотирга тушиб, унга буюрмадилар. Зеро, Аллоҳ уни фарз қилгудек бўлса, одамлар уни бажара олмай, шаръий фарзларни тарк қилиш сабабли улкан фасод ҳосил бўлиш эҳтимоли бор эди.
Ўн саккизинчи ҳадис
عَنْ حُذَيْفَةَ بْنِ الْيَمَانِ رضي الله عنهما قَالَ: «كَانَ رَسُولُ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم - إذَا قَامَ مِنْ اللَّيْلِ يَشُوصُ فَاهُ بِالسِّوَاكِ» .
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда уйқудан турсалар, оғизларини мисвок билан ишқалаб ювар эдилар” [Бухорий: 889 ва Муслим: 1136].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам озодаликни яхши кўрганлари ва ёқимсиз ҳидни ёқтирмаганлари учун тунги узун уйқудан турсалар, тишларини мисвок билан ювар эдилар. Чунки одатда тунги уйқудан сўнг оғиз ҳиди ўзгариб, ундан ёқимсиз ҳид келади. Мисвок билан оғизни тозалаш эса ўша ёқимсиз ҳидни кетказади ва уйқуни очишга ёрдам беради. Зеро, мисвокнинг уйқуни очиш ва одамни тетиклаштириш хусусиятлари бор.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Тунги уйқудан кейин оғизни мисвок билан тозалаш янада таъкидлироқдир. Зеро, уйқу оғиз ҳиди ўзгаришига сабаб бўлади. Мисвок эса тозалаш воситасидир. Шунга кўра, ҳар қачон оғиз ҳиди ўзгарса уни мисвок билан тозалаш суннат саналади.
2 – Юқорида зикр қилинган изоҳда айтилганидек, ҳар қачон оғиз ҳиди ўзгарса, оғизни мисвок билан тозалаш суннати муаккада бўлади.
3 – Умуман, озодаликка риоя қилиш лозим. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан ва юксак одоблардандир.
Ўн тўққизинчи ҳадис
عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ: «دَخَلَ عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ أَبِي بَكْرٍ الصِّدِّيقِ - رضي الله عنه - عَلَى النَّبِيِّ - صلى الله عليه وسلم - وَأَنَا مُسْنِدَتُهُ إلَى صَدْرِي وَمَعَ عَبْدِ الرَّحْمَنِ سِوَاكٌ رَطْبٌ يَسْتَنُّ بِهِ فَأَبَدَّهُ رَسُولُ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم - بَصَرَهُ. فَأَخَذْتُ السِّوَاكَ فَقَضَمْتُهُ فَطَيَّبْتُهُ ثُمَّ دَفَعْتُهُ إلَى النَّبِيِّ - صلى الله عليه وسلم - فَاسْتَنَّ بِهِ فَمَا رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم - اسْتَنَّ اسْتِنَانًا أَحْسَنَ مِنْهُ. فَمَا عَدَا أَنْ فَرَغَ رَسُولُ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم -: رَفَعَ يَدَهُ - أَوْ إصْبَعَهُ - ثُمَّ قَالَ: «فِي الرَّفِيقِ الأَعْلَى» - ثَلاثاً - ثُمَّ قَضَى. وَكَانَتْ تَقُولُ: مَاتَ بَيْنَ حَاقِنَتِي وَذَاقِنَتِي».
وَفِي لَفْظٍ «فَرَأَيْتُهُ يَنْظُرُ إلَيْهِ وَعَرَفْتُ: أَنَّهُ يُحِبُّ السِّوَاكَ فَقُلْتُ: آخُذُهُ لَكَ؟ فَأَشَارَ بِرَأْسِهِ: أَنْ نَعَمْ» هَذَا لَفْظُ الْبُخَارِيِّ وَلِمُسْلِمٍ نَحْوُهُ.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Абдураҳмон ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига кирди. Мен у зотни кўксимга суяб ўтирган эдим. Абдураҳмоннинг қўлида ҳўл мисвок бўлиб, у билан оғзини тозалаётган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга тикилиб қолдилар. Мен ундан мисвокни олдим, оғзимда юмшатдим, тозалаб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у билан оғизларини тозаладилар. Пайғамбаримизни бу қадар иштиёқ билан мисвок қилганларини ҳеч кўрмаганман. У зот мисвок қилиб бўлишлари биланоқ, қўлларини — ёки кўрсаткич бармоқларини кўтариб, “Фир-Рафийқил аъло” — олий даргоҳда (яшовчиларни ихтёр қиламан)”, дея уч маротаба айтиб, сўнг ҳаётдан кўз юмдилар”. Ойша розияллоҳу анҳо (фахрланиб) шундай дер эди: “Пайғам-баримиз бошларини менинг кўксимга қўйган ҳолларида вафот этдилар” [Бухорий: 890 ва 4438].
Имом Бухорий келтирган бошқа бир ривоятда Ойша розияллоҳу анҳо шундай деган: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни унга, яъни Абдураҳмонга қараганла-рини кўрдим. У зот мисвокни яхши кўришларини билганим учун: “Ундан мисвокни олиб берайми?”, дедим. Бошлари билан “Ҳа”, деб ишора қилдилар” [Бухорий: 4449. Муслим ҳам шу маънога яқин кўринишда ривоят қилган].
Шарҳ:
Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мисвок қилишни нақадар яхши кўришла-рини баён қилиб берадиган воқеани зикр қилмоқда. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим тўшагида ётган пайтларида Ойшанинг акаси Абдураҳмон ибн Абу Бакр қўлида мисвок билан у зотнинг ёнларига кириб келди. Пайғамбаримиз мисвок қилишни жуда яхши кўрар, шу боис унинг қўлидаги мисвокни кўргач, ўзлари ўлим тўшагида ва оғир бетоб бўлишларига қарамай, мисвок қилишни истаётгандек унинг қўлидаги мисвокка қарадилар. Ойша у зотнинг нимани хоҳлаётганларини дарров тушуниб, акасидан мисвокни олди, ишлатилган қисмини кесиб ташлади ва бош қисмини янгилаб, уни юмшатди. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга берди. У зот оғизла-рини ўша мисвок билан тозаладилар. Ойша розияллоҳу анҳо Пайғамбаримизни бу қадар иштиёқ билан мисвок қилганларини илгари ҳеч кўрмаганларини айтади. Мисвок қилиб бўлганларидан сўнг, Аллоҳ таолони ёлғиз илоҳ эканига ишора қилиб, кўрсаткич бармоқларини кўтардилар ва Раб таолонинг ҳузурига риҳлат қилишни танлаганларини айтиб туриб, ҳаётдан кўз юмдилар. Ойша розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз унинг кўксида жон берганлари билан фахрланар эди. Фахрланишга ҳақли эди ҳам.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Оғизни ҳўл мисвок билан тозалаш.
2 – Мисвокни ишлатишдан олдин тозалаб олиш.
3 –  Бировнинг мисвогини тозалаб, кейин ишлатиш.
4 – Имо-ишора билан тушуниладиган ишлар инобатга олиниши.
5 – “Рафийқул аъло”, деб Нисо сурасида зикр қилинган қуйидаги зотлар назарда тутилади: “Кимда-ким Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар шаънлари ва қадрлари юксак бўлган ҳамда Аллоҳ таоло уларга жаннатни инъом қилиб қўйган пайғамбарлар билан, пайғамбарлар келтирган нарсаларни эътиқод, сўз ва амалда тўла-тўкис тасдиқлаган сиддиқлар билан, Аллоҳ йўлида шаҳидликка эришган зотлар билан ва солиҳ мўминлар билан бирга бўладиган кишилардир. Улар эса жаннатдаги энг яхши ҳамроҳлардир” [Нисо: 69].
Йигирманчи ҳадис
عَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ - رضي الله عنه - قَالَ: «أَتَيْتُ النَّبِيَّ - صلى الله عليه وسلم - وَهُوَ يَسْتَاكُ بِسِوَاكٍ رَطْبٍ قَالَ: وَطَرَفُ السِّوَاكِ عَلَى لِسَانِهِ وَهُوَ يَقُولُ: «أُعْ أُعْ» وَالسِّوَاكُ فِي فِيهِ كَأَنَّهُ يَتَهَوَّعُ»
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдим. У зот ҳўл мисвок билан оғизларини тозалаётган эканлар. Мисвокнинг учи тилларига тегиб турар, қайт қилаётган кишидек “Уъ-уъ”, деган овоз чиқарар эдилар” [Бухорий: 244 ва Муслим: 254].
Шарҳ:
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келганида у зот ҳўл мисвок билан оғизларини тозалаётганларини кўрганини зикр қилмоқда. Чунки ҳўл мисвок оғизда титилиб, озор бермайди ва яхшироқ тозалайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мисвокнинг учини тилларига қўйиб, муболаға билан оғизларини тозалар, ҳатто у зотдан қайт қилаётган кишидек овоз чиқар эди.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Ҳўл новда билан мисвок қилиш афзал бўлиб, мисвок қилиш тоат-ибодатлардан саналади.
2 – Оғизни тозалашда муболаға қилиш. Чунки муболаға қилиш билан оғиз янада тозароқ бўлади.
3 – Баъзи вақтларда тилни ҳам мисвок билан тозалаб туриш.

Манба: Ихлос веб саҳифаси

 

In this volume