Тобеинлар ҳаётига чизгилар (2-қисм)

Саҳобалар ҳаётига чизгилар номли ушбу китобда асри саодатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин даврда яшаб, саҳобалардан таълим олган солиҳ инсонлар бўлган тобеинлар ҳаётидан лавҳалар ўрин олгандир.

 

Тобеинлар ҳаётига чизгилар
(2-қисм)

> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <    
        

 

Абдурраҳмон Раъфат Бошо



 

Таржима: Камолиддин Иноятуллоҳ
Таҳрир: Абу Абдуллоҳ Шоший

 

 


صور من حياة التابعين
(الجزء الثاني)
> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <    
        

عبد الرحمن رأفت الباشا


ترجمة: كمال الدين عناية الله
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي


Рабиа ар-Роъй
«Рабиадан кўра суннатни сақловчироқ кишини кўрмадим».
Ибн Можашун
Ҳозир биз ҳижратнинг эллик биринчи йилида турибмиз...
Булар ернинг мағрибу машриқида от суриб, башарият учун соф ақийдани кўтариб, ёрдам ва ислоҳ қўлини чўзиб, инсониятни ўзи каби инсонларга қуллик қилишдан озод этиб, шериги йўқ ёлғиз Аллоҳгагина қуллик қилдирадиган шариатни ёйиб юрган мусулмон лашкарлари...
Бу эса Хуросон амири, Сижистон фотиҳи, музаффар қўмондон, улуғ саҳобий Робеъ ибн Зиёд Ҳорисий розияллоҳу анҳу Аллоҳ йўлида жанг қилувчи лашкарнинг аввалида, ундан ҳеч ажралмас, шижоатли ғуломи Фаррух билан кетмоқда. Аллоҳ таоло унга Сижистон ва бошқа ерларни фатҳ қилиш шарафини ато этгач, улуғ саҳобий ўзларининг сермазмун ҳаётларинининг охирида Сайҳун дарёсидан кечиб, Мовароуннаҳр диёрларида тавҳид байроғини олий қилишни азм қиладилар. Робеъ ибн Зиёд розияллоҳу анҳу кутилаётган жангга қаттиқ тайёргарлик қилиб, Аллоҳнинг душманларини тор-мор қилиб ташлашга шайландилар. Жанг бошлангач Робеъ розияллоҳу анҳу ва унинг енгилмас лашкарлари шундай жасорат ва мардлик намоён қилдиларки, ҳали-ҳануз тарих бу фидоийликни олқиш ва мақтовлар билан ёд этади. Айниқса, улуғ саҳобийнинг ғуломлари Фаррух жанг майдонида шундай қаҳрамонлик ва пешқадамлик кўрсатдики, Робеъ розияллоҳу анҳу ҳам бундан ҳайратланиб, уни мақтаб, унга бўлган эҳтиромлари янада ошди. Жанг мусулмонларнинг тўлиқ ғалабаси билан ниҳоясига етди. Душман тор-мор қилинди. Шундан сўнг, Турк диёрлари, Суғд вилояти ва Хитой ерлари билан ораларини тўсиб турган дарёдан кечиб ўтдилар. Улуғ саҳобий ва қўмондон Робеъ розияллоҳу анҳу ва лашкар дарёни кечиб, қирғоқнинг бу тарафига қадамлари тегиши биланоқ, дарё сувида чиройли таҳорат олишиб, қиблага юзланиб, нусрат ато этган Аллоҳ азза ва жаллага шукрона қилиб икки ракаат намоз ўқидилар. Сўнг ғуломи Фаррухнинг жангдаги фидоийлигини гўзал тарзда тақдирлаган қўмондон саҳобий, уни озод этиб, қўлга киритилган ўлжадан унга тегишли улушни ажратдилар ва ўз ёнларидан ҳам катта миқдорда насиба қўшиб бердилар.
Бундай нурафшон, ёрқин кунлардан сўнг, Робеъ ибн Зиёд розияллоҳу анҳунинг ҳаётлари узоқ давом этмади. Орзулари рўёбга чиққанидан икки йил ўтиб, тақдирда битилган ажалларига вафо қилиб, Парвардигорлари ҳузурига рози бўлинган ва рози бўлган ҳолда кетдилар. Довюрак, шижоатли йигит Фаррух эса, ўзининг ғаниматлардан қўлга киритган катта улуши, саховатли ҳожасининг ҳадяси ва бунга қўшимча бебаҳо ҳуррият ҳамда нодир жасорат ва қаҳрамонликка бой хотиралар билан Мадинаи Мунавварага қайтиб келди. Фаррух Мадинага келганида, чамаси ўттиз ёшдаги, билаги кучга тўлган, чавандоз, навқирон йигит эди. У ҳам бошқалар каби, уй-жой қилиб, уйланиб бола-чақа қилиш мақсадида, Мадина марказидан ҳовли сотиб олди. Ўзига жуфт қилиб эса, ақли расо, фазилат борасида етук, диндор, ёш жиҳатдан ҳам ўзига муносиб аёлни ихтиёр этди.
Шундай қилиб, Фаррух Аллоҳ таоло унга инъом қилган неъматлар ичида, яъни кенг ҳовли ва солиҳа жуфти ҳалолининг ширин суҳбатидан баҳра олиб, ўзи ўйлаганидан ҳам зиёда тарзда ҳаёт лаззатларидан роҳатланиб яшай бошлади. Лекин, барча қулайликларга эга бўлган кенг бу ҳовли жой ҳам, Аллоҳ ато этган гўзал хулқ ва олий фазилатларга эга бўлган солиҳа аёл ҳам, паҳлавон, чавандоз бу йигитнинг жанг майдонларига бўлган жўшқин иштиёқини, ўткир қиличларнинг бир-бирига урилгандаги товушини эшитишга бўлган муштоқлигини ва Аллоҳ йўлидаги жиҳодини қайта бошлашга бўлган қаттиқ муҳаббатини боса олмади. Ҳар сафар Аллоҳ йўлида ғазотга чиққан мусулмон лашкарларининг ғалаба қилгани ҳақидаги хабарлар Мадинада тарқаганда, унинг жиҳодга бўлган завқ-шавқини, шаҳид бўлиш иштиёқини янада аланга олдирар эди.
Бир куни Фаррух жума намозида, масжидун Набийнинг имом хатиби, мусулмон лашкарларнинг бир неча майдонлардаги ғалабаси ҳақидаги хушхабарни эълон қилиб, одамларни Аллоҳ йўлида жиҳод қилишга ундаб, диннинг иззати ва Аллоҳнинг розилигини талаб қилган ҳолда шаҳид бўлишга тарғиб қилди. Фаррух уйига қайтгач, чор-атрофга тарқаб кетган мусулмон қўшинларидан бирининг байроғи остига киришни азму қарор қилди ва қарорини аёлига айтди. Шунда аёли:
— Эй Абу Абдурраҳмон, мен ҳомиладор бўлсам, шу ҳолимда мени ва ҳомиламни кимга қолдириб кетасиз, ахир сизни Мадинада на бир яқинларингиз ва на қариндошларингиз бўлса? — деган эди. Фаррух:
— Сизларни Аллоҳ ва Унинг Росулига қолдириб кетаман, ғаниматлардан йиққан ўттиз минг динорни ҳам сизларга ташлаб кетаман, шуни иложи бўлса кўпайтиргин ва мен қайтиб келаманми ёки орзуимга етиб шаҳид бўламанми, иқтисод қилиб, ўртача тарзда ўзинга ва болага сарфлагин, — деди ва хайрлашиб мақсади сари йўл олди.
Эри кетганидан сўнг бир неча ой ўтгач, оғир вазминли ва жиддий бу аёлнинг кўзи ёриб, кўрган одамнинг кўзини қувонтирадиган, тўрт мучаси соғ чақалоқ дунёга келди. Бундан ниҳоят даражада шодланган она, бир муддат эрининг фироғини ҳам унута ёзди. Чақалоқ ўғил экан, унга «Рабиа» деб исм қўйди.
Ёшлик чоғиданоқ бу гўдакда улуғворлик аломатлари, ишида-ю сўзида заковат белгилари кўрина бошлади. Меҳрибон она фарзандини билимли бўлишини жуда-жуда истаганидан, муаллимлар ёллаб ўқитди, уни тарбиячиларга топшириб гўзал тарбия беришларини илтимос қилди. Натижада тез орада бола ўқиш ва ёзишни яхши ўзлаштириб олди. Қуръонни тўлиқ ёд олди, уни худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлганидек қироат қиладиган бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ўрганди. Билиш зарур бўлган дин ишларини пухта таълим олди. Шеъриятдан ҳам етарли миқдорда ёд олди.
Она ўғлининг муаллим ва тарбиячиларига, мол-дунё ҳамда мукофотларни аямай берар эди. Боласининг илми зиёда бўлаётганини кўрган сари, уларга ҳам инъом ва эҳсонини зиёда қиларди. «Отаси қайтиб қолсалар кўзларини қувонтирадиган фарзанд бўлсин» деб тиришар эди. Бироқ Фаррухнинг қайтиши чўзилиб кетди. Ундан ташқари у ҳақда турли гаплар ҳам эшитилиб қолар, баъзилар:
— Фаррух душман қўлида асир бўлиб қолибди, — деса, бошқалар:
— Фаррух ҳали-ҳануз жиҳод майдонларида жанг қилиб юрган экан, — дерди, яна бошқалар:
— Фаррух ўзи орзу қилган шаҳидликка эришибди, — деб айтардилар. Фаррухнинг ўзидан бирон-бир хат-хабар келмай қолганидан, Рабианинг онасида ҳам мана шу учинчи гап тўғри бўлса керак, деган ўй ғолиб келиб, қалби эзилди, қайғуга ботди, қаттиқ маҳзун бўлди. Аллоҳдан ажрини беришини сўраб илтижолар қилди.
Бу вақтга келиб Рабиа балоғат ёшига яқинлашиб, йигитлар сафига кира бошлаган эди. Баъзилар унинг онасига:
«Мана Рабиа ҳам катта йигит бўлиб қолди, ўқиш ва ёзишни мукаммал ўрганиб, тенгқўрларидан ўзиб, Қуръон ва ҳадисларни ҳам ёд олди. Энди бирон касб-ҳунар ўрганса бўлар эди. Бу қобилияти билан тезда яхши ҳунарлик бўлиб, сизни ва ўзини бемалол таъминлар эди», дедилар. Меҳрибон она:
«Боламнинг дину дунёсига яхши бўладиган нарсани ихтиёр этишини Аллоҳ таолодан сўрайман. Рабиа ўзи учун илм йўлини танлади ва ҳаётининг охиригача илм ўрганиб ва уни ўргатиб ўтишга азму қарор қилди», деб жавоб берди.
Ҳа, дарҳақиқат Рабиа ўзи учун чизиб олган йўлдан астойдил борди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидлари мавж уриб турган илм ҳалқаларига, худди ташна кишининг зилол чашмаларга интилиши каби талпинди. Ҳаёт бўлган саҳобаи киромларни, хоссатан, «Пайғамбар ходими» Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни маҳкам тутди. Саид ибн Мусаййаб, Макҳул Шомий, Салама ибн Дийнор каби пешқадам тобеинлардан дарс олди. Тунги машаққатини, тонгдаги заҳматига улади. Ҳатто бу заҳмату машаққатлар уни оздириб-тўздириб юборди. Бу ҳақда унга гап очиб, бунчалар ўзини қийнамасликка, жонига озгина бўлса ҳам шафқат қилишга чақирганларга:
— Сен ўзингни илмга тўла берсанггина, илм сенга озгинасини беради, — деб жавоб берарди. Кўп ўтмай Рабианинг довруғи тарқаб, юлдузи порлаб, дўстлари ва шогирдлари кўпайиб кетди, ҳатто қавми уни ўзларига саййид қилиб олдилар.
Шундай қилиб, Мадина олимининг ҳаёти содда ва осойишта тарзда кеча бошлади. Кунининг ярмини уйида оила аъзолари ва биродарлари билан ўтказса, иккинчи ярмини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида илм ҳалқаларида ўтказар эди. Ана шу тарзда ўтаётган олимнинг ҳаётида, кутилмаган бир воқеа рўй бериб қолди.
Ёзнинг ойдин кечаларидан бирида, Мадинаи мунавварага чамаси олтмиш ёшларни қоралаган бир отлиқ кириб келди. Шаҳарнинг тор кўчаларида отига минганича у ўзининг ҳовлисини излаб борар эди. Кўнглидан эса ҳовлиси ҳали ҳам ўзи билган кўринишда турганмикин ёки ўтган узоқ йиллар уни ўзгартириб юборганмикин деган хаёл ўтар эди. Сабаби уйидан чиқиб кетганига салкам ўттиз йил бўлибди-я. Уйида қолдириб кетган ҳомиладор ёш хотини ҳақида:
— У қаерда экан, ҳоли нима кечган экан, ҳомиласи ўғил бўлганмикин ё қизми, ҳаётмикин ё вафот этиб кетганмикин, ҳаёт бўлса қандай ҳолатда экан? Бухоро, Самарқанд ва ўша атрофдаги ерларни фатҳ қилиш учун мусулмон лашкарлари билан кетаётганида қолдириб кетган катта миқдордаги маблағ нима бўлган экан? — деб шуларни бирма-бир хаёлидан ўтказиб борарди. Мадина кўчалари зиёратчилар билан тўла эди. Одамлар хуфтон намозини эндигина тугатишган, масжиддан ҳали-ҳануз кўпчилик чиқишга улгурмаган. Одамлар отлиқ кишининг ёнидан ўтиб кетар, аммо ҳеч бирлари уни танимасди, на ўзига, на учқир отига ва на бўйнида осилиб турган қиличига эътибор берардилар. Мусулмон шаҳарлар аҳолиси, Аллоҳ йўлида жиҳодга кетувчи ё қайтувчи мужоҳидларни кўп кўраверганларидан уларни кўришга кўникиб қолишган эди. Одамларнинг бепарволиги чавандозни бироз ранжитди. Мадинанинг бироз ўзгарган тор кўчаларида, мана шу ўйларга чўмиб кетаётган чавандоз, тўсатдан ўз уйининг олдидан чиқиб қолди. Аҳли оиласи билан дийдорлашиш қувончи уни шошилтириб, уйининг дарз кетган дарвозасидан кириб, ҳовлининг ичкарисигача ўтиб борди. Эшикнинг ғижиллаганини эшитиб уйнинг эгаси тепа қаватдаги хонадан чиқиб қараса, тўлин ойнинг ёруғида бўйнига қиличини осиб, қўлига найзасини ушлаб олган қуролли кишини кўрди, кечаси унинг уйига бостириб кирибди. Унинг ёш хотини эса бу нотаниш кишининг кўзи тушиши мумкин бўлган яқин масофада турарди. Уйнинг эгаси ғазабда сакраб тушиб, яланг оёқ нотаниш кишининг олдига келиб: «Тун пардаси остида яшириниб уйимга бостириб кириб, хотинимга тажовуз қилмоқчимисан, эй Аллоҳнинг душмани» деб худди ҳужумга учраган ғазабнок шердек унга ташланди. Уйига кирган бу нотаниш кишининг гапиришига фурсат ҳам қолдирмади. Ҳовлининг ўртасида икковлон ёқалашиб кетдилар, овозлари кўтарилиб, шовқин-сурон бўлиб кетди. Дарҳол қўшнилар ҳар тарафдан келишиб, нотаниш кишини кишанлангандек қилиб маҳкам ушлаб, қўшниларига ёрдам бердилар. Уй соҳиби нотаниш кишининг ёқасидан тутиб қаттиқ сиқди ва:
— Эй Аллоҳнинг душмани, Аллоҳга қасамки, сени волийнинг ҳузурига олиб бормагунимча қўйиб юбормайман, — деди. Нотаниш киши:
— Мен Аллоҳнинг душмани эмасман, гуноҳга ҳам қўл урганим йўқ, бу менинг уйим, менинг мулким. Дарвозаси очиқ экан кириб келавердим, — деди ва одамларга қараб:
— Ҳой одамлар, менга қулоқ солинглар... Бу уй меники, мен уни ўз маблағимга сотиб олганман. Мен Фаррухман... Наҳотки қўшнилар ичида ўттиз йил муқаддам Аллоҳ йўлида жиҳодга кетган Фаррухни танийдиган бирон кимса қолмаган бўлса? Уй соҳибининг онаси юқори қаватда ухлаётган эди, шовқин-сурондан уйғониб кетиб, деразадан қараса, бутун бўй-басти билан эри турибди. Даҳшатдан тили айланмай қола ёзди. Тезда ўзини тутиб:
— Бу кишини қўйиб юборинглар, Рабиа ўғлим қўйиб юбор, бу киши сенинг отанг бўлади, эй одамлар тарқалинглар, барака топинглар. Эй Абу Абдурраҳмон хотиржам бўлинг, сизни ушлаб турган йигит, сизнинг ўғлингиз, жигарбандингиздир, — деди.
Бу гаплар қулоғига етиб келар-келмас, Фаррух Рабиани ўзига тортиб уни бағрига босди. Рабиа ҳам уни қучоқлаб, қўли, елкаси ва пешонасидан ўпди. Одамлар уларни холи қўйиб чиқиб кетдилар. Ўттиз йилдан бери алоқаси узилган шу ерда яна қайта кўришиш хаёлига ҳам келмаган Рабианинг онаси, эрига салом бериб кўришиш учун хонасидан пастга тушди.
Эр хотин анча суҳбатлашиб ўтиришди. Фаррух бошидан кечирганлари ва ўртадаги алоқанинг узилиш сабаблари ҳақида гапириб берди. Лекин хотин хаёли паришон эканидан, унинг аксар гапирган гаплари қулоғига ҳам кирмади. Унинг хаёлини олаётган ва узоқ йиллик айрилиқдан сўнг дийдорлашиш, ота боланинг топишишидек хурсандчиликни бир нав бўлсада хира қилаётган нарса — эри қолдириб кетган жуда катта маблағни тугатиб қўйганини эшитиб эрининг ғазаби келиб қолишидан хавфсираётгани эди. Хаёлидан ўтказаётгани: «Ҳозир менга омонат қилиб қолдирган ва тежаб ишлатишни васият қилган ўша катта миқдордаги маблағни сўраб қолса, нима деб жавоб бераман... Ундан бирон дирҳам ҳам қолмаганини айтсам не ҳолга тушар экан... Пулининг ҳаммасини фарзандининг таълим-тарбиясига сарф қилганимни айтсам ишонармикин... Фарзанд нафақасига ҳам ўттиз минг динор кетадими?, деб инкор қилармикин... Ўғли ёмғирга тўла булутдан ҳам саховатлироқ эканидан, на бир динор ва на бир дирҳам қўлида ушлаб турмаслигига ишонармикин... Унинг ўз биродарларига минг-минглаб инфоқлар қилганини бутун Мадина аҳли билади-ку...».
Умму Рабиа мана шундай ўйларга ғарқ бўлиб турганида, эри унга юзланиб:
— Эй Умму Рабиа, мен тўрт минг динор олиб келганман, сизга қолдирган пулларни олиб чиқсангиз бунга қўшамиз, кейин ҳаммасига бирон боғми, ҳовлими сотиб олиб, унинг ортидан келадиган даромад эвазига Аллоҳ насиб этганича ҳаёт кечирамиз, — деди.
Умму Рабиа ўзини эшитмаганга солиб жавоб бермай турганди, Фаррух яна қайтариб:
— Бориб пулларни олиб чиқинг, мана бу пулларни қўшиб қўяй, — деди. Шунда Умму Рабиа:
— Пулларни керакли ўринга жойлагандим, Аллоҳ хоҳласа яқин кунларда уни сизга чиқариб бераман, — деб жавоб берди. Муаззиннинг овози уларнинг сўзларини бўлиб қўйди. Азонни эшитган Фаррух дарҳол ўрнидан туриб таҳорат қилди ва дарвоза томон юрар экан:
— Рабиа қаерда? — деб сўради. «Биринчи азондаёқ Масжидун Набийга чиқиб кетганди, сиз кечикдингиз, жамоатга етиб бора олмасангиз керак.
Фаррух Масжидун Набийга етиб борганида, имом эндигина намозни тугатган экан. Ўзи ёлғиз бир четда фарз намозини адо этиб, сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот ва саломлар йўллаб, кейин Равзаи мутоҳҳара тарафга бурилди. Қалбида Равзага бўлган шавқ жўш урар, унда икки ракаат намоз ўқиш иштиёқи баланд эди. Муносиб жойни танлаб намоз ўқий бошлади. Аллоҳ хоҳлаганича намоз ўқигач, Аллоҳ қалбига солган дуолар билан Аллоҳга муножот қилди. Сўнг масжиддан чиқмоқчи бўлиб турганида, аввалда унинг мислини кўрмаган илм мажлисига кўзи тушиб қолди. Мажлисга йиғилганлар шунчалик кўп эдики, масжиднинг кенглигига қарамай, одам билан лиммо-лим эди. Одамлар илм мажлисини олиб бораётган шайх атрофида қадам босгудек жой қолдирмай, ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтириб олганлар. Ўтирганларга назар солди: уларнинг ичида салла ўраган ёши улуғ қариялар ҳам, кўринишларидан обрў-эътиборли эканликлари кўриниб турган виқорли кишилар ҳам чўкка тушиб, қўлларига қаламларини тутганча шайхнинг оғзидан чиқаётган сўзларни, дур тергандек, териб олаётган кўпгина ёшлар ҳам бор эди. Одамлар шайх ўтирган тарафга нигоҳларини қадашган, худди бошларига қуш қўнгандек сукунат билан, шайхнинг айтаётган ҳар бир сўзига диққат билан қулоқ солиб ўтирардилар. Мажлис катталигидан шайхнинг овози эшитилмаётган жойларда махсус кишилар шайхнинг ҳар бир сўзини ўтирганларга такрорлаб турибдилар.
Фаррух шайхни танишга уриниб кўрди, бироқ масофа узоқлигидан кўзи илғамади.
Лекин шайхнинг гўзал нутқи, чуқур илми ва ўткир ҳофизаси уни ўзига ром қилиб қўйди. Одамларнинг шайхга бўлган ихлос ва муҳаббатларини кўриб ҳайратда қолди. Бироз ўтиб шайх дарсни тугатиб ўрнидан турди. Одамлар шайх томон ёпирилиб, унинг атрофини ўраб олдилар ва масжиднинг ташқарисигача уни кузатиб чиқдилар. Шунда Фаррух ёнида ўтирган одамдан:
— Барака топгур, менга айтинг-чи, бу шайх ким? — деб сўради. У одам саволдан ажабланиб:
— Мадина аҳлидан эмасмисиз дейман?
— Йўқ, Мадина аҳлиданман.
— Қизиқ, Мадина аҳлининг орасида шайхни танимайдиган кимса ҳам бор экан-а?!
— Танимаганим учун узр, мен ўттиз йилдан бери Мадинадан узоқда эдим, кечагина қайтдим.
— Ҳа, шундайми, зарари йўқ, ўтиринг мен сизга шайх ҳақида гапириб бераман. Сиз сўзларини эшитган шайх, тобеинларнинг саййидларидан ва мусулмонларнинг буюкларидандир. Шайх ёш бўлишига қарамай Мадинанинг муҳаддиси, олими ва имомидир.
— Маша Аллоҳ, ла қуввата илла биллаҳ!
— Ўзингиз шоҳиди бўлганингиздек, шайхнинг дарсларида имом Молик (Моликий мазҳаб асосчиси), Абу Ҳанифа Нўъмон (Ҳанафий мазҳаб асосчиси), Яҳё ибн Саид Ансорий, Суфён Саврий, Абдурраҳмон ибн Амр Авзоий, Лайс ибн Саъд ва бошқалар ҳам қатнашадилар.
— Лекин сиз... Фаррухнинг гапини оғзида қолдириб, киши сўзида давом этди:
— Бундан ташқари шайх гўзал ахлоқли, ўта камтарин ва ниҳоятда саховатли, очиқ қўл инсондир... Мадина аҳли шайхдан кўра, ўз дўстларига ва дўстларининг фарзандларига серинфоқ бирон кимсани билмайди. У дунё матоларидан ўзини тортган, Аллоҳ таоло ҳузуридаги нарсаларга интилганроқ кишидир.
— Лекин сиз менга шайхнинг исмини айтмадингиз.
— Шайхнинг исми Рабиа ар-Роъй.
— Рабиа ар-Роъй.
— Ҳа, шайхнинг исми Рабиа... Лекин Мадина уламолари ва шайхлари Рабиатур-Роъй деб аташади. Сабаби улар бирон масалада Аллоҳнинг Китобидан ва ё Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан далил топа олмасалар, шайхга мурожаат қиладилар. Шайх улар ечимини топа олмаган масала ҳақида бош қотириб, далил келмаган масалани, далил келган масалаларга қиёс қилиб, қалблар таскин топиб, кўнгиллар хотиржам бўладиган ечим тақдим қиладилар.
— Шайхнинг насабларини айтмадингиз.
— Рабиа ибн Фаррух. Оталари Фаррухнинг куняси Абу Абдурраҳмон. Мана шу шайхнинг тўлиқ исмларидир. Оталари Аллоҳ йўлида жиҳод учун Мадинадан чиқиб кетганида туғилганлар. Шайхни оналари тарбиялаб вояга етказганлар. Дарвоқе, одамлар намоздан олдин гапиришаётган эдики, шайхнинг оталари ўтган кечада қайтиб келган эмишлар, — деганида, Фаррухнинг икки кўзидан катта-катта икки томчи ёш оқиб тушди, киши бунинг сабабини била олмади... У ўрнидан туриб уйи томон шаҳдам қадамлар билан йўл олди. Кўзлари жиққа ёшга тўлган эрини кўрган умму Рабиа:
— Дадаси сизга нима бўлди? — деб унга пешвоз чиқди. Фаррух:
— Менга ҳеч нарса бўлгани йўқ, бу хурсандчилик кўз ёшлари... Ўғлимиз Рабиани мисли кўрилмаган илм ва обрў-эътиборга етганидан масрурман, — деди. Фурсатдан фойдаланиб Умму Рабиа:
— Қайси бири сиз учун яхшироқ, ўттиз минг динорми ёки ўғлимиз қўлга киритган илм ва обрў-эътиборми? — деди. Фаррух:
— Албатта ўғлимиз қўлга киритган нарса мен учун яхшироқ, балки бутун дунёдаги бор мол-мулкдан ҳам кўра менга суюмлироқдир, — деди. Умму Рабиа:
— Сиз менга омонат қолдириб кетган пулларнинг ҳаммасини ўғлимизга сарфлаган эдим, қилган ишимдан розимисиз? Фаррух:
— Ҳа, албатта... Аллоҳ таоло сизни яхши мукофотлар билан мукофотласин...

Ражо ибн Ҳайва
«Кинда қабиласида уч киши борки, шулар сабаб Аллоҳ осмондан ёмғир ёғдиради ва душманлар устидан нусрат ато этади... Шулардан бири Ражо ибн Ҳайвадир».
Маслама ибн Абдулмалик
Тобеинлар ичида уч киши бор эдики, ҳатто замондошлари ҳам уларга ўхшашини билмаган ва уларга тенглашадиган бирон бошқани кўрмаган. Гўё улар учрашиб ваъдалашиб олгандай, бир-бирларини ҳақ ва сабрга чақириб, яхшилик ва эзгуликка ўзаро аҳдлашиб, ҳаётларини илм ва тақво устига қурган эдилар. Ўзларини Аллоҳ ва Расулига, мусулмонларнинг хос ва оммаларига хизмат қилишга бағишлаган эдилар. Улар: Ироқда Муҳаммад ибн Сийрин, Ҳижозда Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ва Шомда Ражо ибн Ҳайвадир.
Келинг уларнинг учинчилари Ражо ибн Ҳайванинг баракотли умрининг баъзи лаҳзаларини ўрганиб чиқайлик.
Ражо ибн Ҳайва Фаластин ерларидаги «Бийсан» номли жойда дунёга келди. Унинг таваллуд топиши Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалик даврининг охирларига тўғри келди. Арабларнинг «Кинда» қабиласига мансуб бўлиб, шунга кўра ватани Фаластин, асли араб, қабиласи «Киндий», деб таъриф берилди.
Бу йигит ёшлик чоғиданоқ Аллоҳ таолога тоат-ибодатда улғайди. Ажаб эмаски, шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уни суйиб ва одамларга ҳам уни севимли қилган бўлса. У ёшлигиданоқ илмга юзланди, илм унинг қалбини соф, тоза ва холи топиб, унга мустаҳкам ўрнашиб олди. Унинг энг олий мақсади Аллоҳ таолонинг Китобидан ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан етарли улуш олиш эди. Мақсади рўёбга чиққач унинг фикри Қуръон нури билан мунаввар, ақл-идроки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ила нурафшон, қалби эса ҳикмат билан тўлиб тошди. Кимга ҳикмат берилган бўлса, ҳақиқатда унга кўп яхшилик берилибди.
Ражо ибн Ҳайва бир қанча улуғ саҳобалардан таълим олиш шарафига муяссар бўлди. Жумладан: Абу Саид Худрий, Абуд Дардо, Абу Умома, Убода ибн Сомит, Муовия ибн Аби Суфён, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Наввос ибн Самъон ва бошқалар. Барчалари у учун ҳидоят ва илм-ирфон маёғи бўлдилар. Шундай буюк насибага эришиб қолган Ражо ўзи учун пухта дастур тузиб, ҳаётининг охиригача шунга амал қилди. Айтардики:
«Иймон зийнатлаган ИСЛОМ нақадар гўзал»...
«Тақво зийнатлаган ИЙМОН нақадар гўзал»...
«Илм зийнатлаган ТАҚВО нақадар гўзал»...
«Амал зийнатлаган ИЛМ нақадар гўзал»...
«Юмшоқлик зийнатлаган АМАЛ нақадар гўзал»...
Ражо ибн Ҳайва Абдулмалик ибн Марвондан бошлаб, Умар ибн Абдулазизгача бўлган Умавий халифаларнинг бир қанчаларига вазирлик қилди. Унинг Сулаймон ибн Абдулмалик ва Умар ибн Абдулазизга бўлган яқинлиги аввал ўтган халифаларга бўлган боғланишидан юқори эди. Ражо ибн Ҳайвани Умавий халифаларга яқин қилган сифат, унинг ўта жиддий ва мулоҳазали экани, тўғри сўз ва холис бўлгани, энг муҳими ишларни ҳикмат билан ҳал қилиши эди. Буларнинг барига тож бўлган асосий сифати эса, одамларни подшоҳлар атрофига жалб қиладиган дунё матоларидан ўзини тортиши эди.
Ражо ибн Ҳайванинг Умавий халифаларга боғланиши Аллоҳ таолонинг уларга бўлган буюк раҳматидан ва катта инъомидан дейиш мумкин. Чунки, Ражо ибн Ҳайва уларни яхшиликка чорлаб, унинг йўлларини кўрсатиб турган, ёмонликдан қайтариб, ёмонлик эшикларини беркитиб қўйган. Уларга ҳақни кўрсатиб, унга эргашишни уларга зийнатлаб кўрсатган. Аллоҳ ва Расули учун, мусулмонларнинг имомлари ва оммалари учун насиҳат қилиб турган. Ражо ибн Ҳайванинг ҳаётида содир бўлган бир воқеа унинг халифалар билан бирга юришидаги йўлини ёритиб, ундаги асосий мақсадни белгилаб берган. Бу ҳақда ўзи шундай ҳикоя қилади:
«Сулаймон ибн Абдулмалик билан халқ ичида турганимизда, одамлар орасини ёриб биз тараф юриб келаётган, хушсурат, кўркам бир кишига кўзим тушиб қолди. Келишидан халифани кўзлаб келаётганига шубҳа қилмадим. Рўпарамга келгач, саломлашиб ён томонимга ўтиб олди ва:
— Эй Ражо, сен мана бу киши билан синовга ташланибсан, деб халифага ишора қилди. Бу кишига яқин бўлиш, ё улкан яхшиликка ва ё катта ёмонликка сабаб бўлади. Сен унга яқинлигингни ўзинг учун, у учун ва одамлар учун яхшилик бўлишига ҳаракат қил. Шуни билки эй Ражо, кимнинг ҳокимга яқинлиги бўлса ва ҳокимга ҳожатини етказа олмайдиган заиф кишининг ҳожатини ҳокимга етказса, қиёмат кунидаги ҳисоб-китобини Аллоҳ таоло осон қилиб қўяди. Эй Ражо, шуни доим ёдингда тутгин, ким бир мусулмон биродарининг ҳожатини ўтаса, Аллоҳ унинг ҳожатини ўтайди. Яна шуни билки эй Ражо, Аллоҳ азза ва жаллага энг суюкли амаллардан бири, мусулмон биродарининг кўнглини шод этишдир. Унинг сўзларини тааммул қилиб, яна кўпроқ гапиришини истаб турганимда, халифа: «Ражо ибн Ҳайва қаерда?» деб мени йўқлаб қолдилар. Халифага юзланиб: «Мен шу ердаман эй Амирул мўминин», дедим. Унинг баъзи саволларига жавоб бериб, ёнимдаги насиҳатгўй дўстимга бурилсам, у жойида йўқ. Одамлар орасидан қидириб топишга ҳаракат қилдим, бироқ топа олмадим».
Ҳижрий тўқсон биринчи йилда Валид ибн Абдулмалик Ражо ибн Ҳайва ҳамроҳлигида Ҳажга борди. Мадинага етиб келишгач, Умар ибн Абдулазиз ҳамроҳлигида Масжидун Набийни зиёрат қилдилар. Халифа масжидни кенгайтиришни мақсад қилгани боис, хотиржам, диққаат билан масжидга назар солишни хоҳлади. Шунинг учун масжиддан одамлар чиқариб турилди. Масжидда Саид ибн Мусаййабдан бошқа ҳеч ким қолмади. Қўриқчилар Саид ибн Мусаййабни чиқаришга журъат қила олмадилар. Мадинанинг волийси Умар ибн Абдулазиз:
«Одамлар чиқиб тургани каби, сиз ҳам масжиддан чиқиб турсангиз яхши бўлар эди», деб одам жўнатганида, Саид ибн Мусаййаб:
— Масжиддан ҳар кун чиқиб кетишни одат қилган вақтимдагина чиқаман, — деб жавоб бердилар.
— Унда туриб Мўминлар амирига салом беринг, — дейилганида,
— Мен бу ерга оламлар Робби учун тургани келганман, — дедилар. Умар ибн Абдулазиз Саид ибн Мусаййабнинг жавобларидан бохабар қилингач, у киши ўтирган жойдан халифани буришга, узоқлаштиришга, Ражо ибн Ҳайва эса халифани гап билан чалғитишга ҳаракат қила бошлашди. Улар халифанинг жаҳли тезлигини билганлари учун шундай қилган эдилар. Минг уринишмасин, халифа ўтирган кишини кўриб қолди ва:
— Ҳов анави қария ким, Саид ибн Мусаййаб эмасми? — деб сўраб қолди.
— Ҳа, Саид ибн Мусаййаб, эй Амирул мўминин, — деб жавоб бериб, у кишининг дини, илми, фазлу тақвоси ҳақида гапира кетдилар ва: «Сизнинг келганингизни шайх билган бўлганларида, албатта келиб сиз билан кўришган булур эдилар, бироқ шайхнинг кўзлари яхши кўрмайди, — деб қўшиб қўйдилар.
Халифа:
— Мен шайхни сизлар сифатлаган даражада биламан, у киши биз бориб, салом беришимизга ҳақли зотдир, — деди. Сўнг масжидни айланиб, шайх ўтирган жойга етиб борди ва у кишига салом бериб:
— Шайхнинг аҳволлари яхшими? — деб ҳол сўради. Саид ибн Мусаййаб жойларидан қимирламасдан:
— Аллоҳ таолонинг фазли-марҳамати билан яхшиман, Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Амирул мўминин қандайлар, Аллоҳ уни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган амалларга муваффақ қилсин. Валид бурилиб кетар экан: «Ҳозирда қолган одамларнинг афзали мана шудир, бу уммат салафидан қолгани мана шу кишидир», — дер эди.
Халифалик Сулаймон ибн Абдулмаликка ўтгач, Ражо ибн Ҳайванинг шаъни, обрў-эътибори ўтган халифалар ҳузуридагидан кўра янада зиёдалашди. Сулаймон ибн Абдулмаликнинг Ражо ибн Ҳайвага бўлган ишончи жуда катта, унга қаттиқ суяниб қолган, ҳар бир катта-ю кичик ишда унинг фикрини олишга ҳарис эди.
Ражо ибн Ҳайва билан Сулаймон ибн Абдулмалик ораларида ажойиб ҳодиса ва воқеалар жуда кўп содир бўлган. Буларнинг энг муҳими, ҳамда Ислом ва мусулмонлар учун энг фойдалиги Сулаймон ибн Абдулмаликдан кейинги халифанинг тайинлашдаги тутган ўрни, байъатни Умар ибн Абдулазизга қилинишига қўшган ҳиссасидир.
Бу ҳақда Ражо ибн Ҳайванинг ўзи шундай ҳикоя қилади: «Ҳижратнинг тўқсон тўққизинчи йил Сафар ойининг биринчи жумъасида мўминлар амири Сулаймон ибн Абдулмалик билан «Добиқ» (Суриянинг Ҳалаб шаҳрига яқин қишлоқда) эдик. Сулаймон ибн Абдулмалик иниси Маслама ибн Абдулмалик қўмондонлигида, ўғли Довуд ва аҳли байтидан бир қанча кишилар ҳам бўлган катта бир қўшинни «Қустантиния»га юборган эди. Сулаймон ибн Абдулмалик Аллоҳ таоло унга «Қустантиния»ни фатҳ қилиб бермагунича ёки вафот топтирмагунича «Добиқ» ерларини тарк этмасликка қасам ичган эди. Жумъа намозининг вақти яқинлашганида Халифа мукаммал тарзда таҳорат қилиб, яшил чопон кийиб ва яшил салла ўраб, ўзига бино қўйиб, навқиронлигидан мағрур бўлиб кўзгуга боқди. У ўша кезда қирқ ёшлар чамасида эди. Сўнг одамларга жумъа намозини ўқиб бериш учун масжидга чиқди. Масжиддан истмаси кўтарилган ҳолда қайтди. Кундан кунга касали зўрая бошлади. Мендан узоқга кетмаслигимни, унга яқинроқ бўлиб туришимни талаб қилди.
Бир сафар ҳузурига кирсам ниманидир ёзаётган экан.
— Эй Мўминлар амири, нимани китобат қилмоқдасиз? — деб сўрадим.
— Мендан кейин ўғлим Айюбни халифа этиб тайинланиши ҳақидаги фармонни ёзмоқдаман.
— Халифани қабрда сақлайдиган ва Парвардигори ҳузуридаги зиммасини оқлайдиган нарсалардан бири, ўзидан кейин одамларга солиҳ бир инсонни халифа этиб қолдиришидир. Ўғлингиз Айюб балоғатга етмаган ёш бола бўлганидан, у солиҳлардан бўладими, ё аксинчами сизга номалум бўлса...
— Инна-а лиллаҳи ва инна-а илайҳи рожиуун, «Бу мен китобат қилган бир мактуб эди, холос. Аллоҳдан истихора қилиб сўрамоқчи эдим, азм қилганим йўқ эди», — деди ва мактубни йиртиб ташлади.
Бир-икки кун ўтгандан сўнг мени ҳузурига чақириб:
— Эй Абу Миқдом, ўғлим Довудга нима дейсиз? — деб сўраб қолди. Мен:
— Довуд ҳозир бу ерда эмас, у шу кунларда мусулмон лашкарлар билан «Қустантиния»да бўлиб, тирикми у, ё вафот этганми сизга номалум бўлса. Халифа:
— Унда кимни тайинланг, дейсиз эй Ражо?
— Танлаш ихтиёри сизда, эй Мўминлар амири, дедим ва у таклиф этаётган кишиларни бирма-бир йўққа чиқариб, Умар ибн Абдулазизни айтишини кутиб турдим. Ва ниҳоят:
— Умар ибн Абдулазизга нима дейсиз? — деди. Мен:
— Мен уни аҳли фазл, оқил, динда салобатли, комил инсон, деб биламан.
— Тўғри айтасиз, ҳақиқатда у шундай одам... Лекин мен уни халифа қилиб қолдириб, Абдулмалик болаларини четда қолдирсам фитна бўлишидан қўрқаман... Улар ўзларига асло уни бош бўлиб қолишини шундай ташлаб қўймайдилар, — деди.
— Ундай бўлса, Абдулмалик болаларидан бирини унга шерик қилиб, ундан кейинги халифа улардан бири бўлиши керак.
— Тўғри айтасиз, уларни тинчлантириб, Умар ибн Абдулазиз халифа бўлишига уларни рози этадиган иш мана шудир. Сўнг қоғоз қалам олиб ёза бошлади: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу фармон Аллоҳнинг бандаси ва мўминлар амири Сулаймон ибн Абдулмаликдан Умар ибн Абдулазизга бўлиб, мен уни ўзимдан кейин халифа этиб тайин этдим, ундан кейин эса Язид ибн Абдулмаликни халифа этдим. Унга қулоқ солинг ва итоат қилинг, Аллоҳдан қўрқинг, парчаланиб кетишингизни умид қилиб турганлар умидвор бўлиб қолмаслиги учун асло ихтилоф қилманглар». Ёзиб бўлгач, мактубга муҳр босиб, уни менга топширди. Сўнг миршаблар бошлиғига одам жўнатиб шундай дейишга буюрди:
— Менинг аҳли байтимга айт, ҳаммалари бир жойга йиғилишсин... Уларга шуни маълум қилгинки Ражо ибн Ҳайванинг қўлидаги мактуб менинг фармонимдир. Фармондаги кишига барчалари байъат қилишсин.
Ражо ибн Ҳайва воқеани ҳикоя этишда давом этади:
— Абдулмалик фарзандлари йиғилишгач, мен уларга айтдим: «Бу Мўминлар амирининг мактуби, унда бўлажак халифани тайин қилинганлиги ҳақидаги фармон бўлиб, сизларнинг ҳар бирингиздан бўлажак халифага байъат олишимни менга амр этган. Барчалари:
— Мўминлар амирининг буйруқларини бош устига қабул қиламиз ва бўлажак халифага итоат этамиз, — дедилар. Сўнг халифа билан сўрашиб ҳолидан хабар олишга изн сўрадилар. Изн берилиб халифанинг ҳузурига киришгач, Сулаймон ибн Абдулмалик уларга:
— Ражо ибн Ҳайванинг қўлидаги мактуб менинг фармонимдир. Мен унда ўзимдан кейинги халифани тайин қилганман. Бўлажак халифага қулоқ солиб итоатда бўлинглар ва барчангиз унга байъат қилинглар. Барчалари бирма-бир байъат қилдилар.
Муҳр босилган мактубни қўлимда тутиб ташқарига чиқдим. Бу мактуб ичида нима битилганини халифа ва мендан бошқа бирон кимса билмас эди. Одамлар тарқалишгач, Умар ибн Абдулазиз келиб менга:
— Эй Абу Миқдом, биласиз Мўминлар амири мен ҳақимда яхши фикрда эдилар, саховатпеша ва чин дўстликлари боис менга кўп яхшиликлар қилганлар, шу боис ўзларидан кейинги халифа этиб мени тайинлаб қўйишларидан қўрқаман. Аллоҳ учун ва ўзаро дўстлигимиз ҳурмати менга айтинг, халифанинг мактубида менинг номим борми? Агар мен тайинланган бўлсам, фурсат борида бундан халос бўлиб олишим учун менга хабар беринг, — деди. Мен:
— Йўқ, Аллоҳга қасамки, мактубдаги бир ҳарфни ҳам айтмайман, — дедим. У ғазабланган ҳолда мени тарк этди. Кўп ўтмай Ҳишом ибн Абдулмалик келиб:
— Эй Абу Миқдом, сиз билан мен эски қадрдонлармиз, бир-биримизга бўлган ҳурматимиз ҳам ниҳоятда баланд, шундай экан халифанинг мактубидан мени бохабар қилсангиз, агар кейинги халифа этиб мен тайинланган бўлсам жим бўламан ва агар мендан бошқа киши тайинланган бўлса гаплашиб кўраман, чунки мен бу ишдан четда қолишим мумкин эмас. Сиз айтганингизни эса ҳеч кимга айтмасликка ваъда бераман, — деди. Мен:
— Йўқ, Аллоҳга қасамки, халифа менга сир қилган мактубнинг бир ҳарфини ҳам сизга айтмайман, — дедим. Икки кафтини бир-бирига уриб:
— Халифалик менга бўлмаса, унда кимга бўлади? Абдулмалик авлодидан халифалик кетадими? Қасамки, мен Абдулмалик авлодининг саййидиман, — деганча бурилиб кетди.
Шу ишлардан кейин халифанинг ҳузурига кирдим, у руҳи билан видолашаётган эди. Руҳи танасидан чиқаётганида қиблага юзланган бўлсин, деб қибла тарафга бурмоқчи эдим, хириллаган товушда:
— Ҳали вақт келмади, эй Ражо, — деди. Икки маротаба шу ҳолат такрорланди, учинчи марта бурмоқчи бўлганимда:
— Энди, эй Ражо, нима қилмоқчи бўлсангиз ана энди қилинг... «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ»... Уни қибла тарафга юзлантириб қўйдим, тезда жон таслим қилди. Кўзларини ёпиб, устига яшил мато ташладим ва эшикни беркитиб қўйдим. Халифанинг хотини ҳол сўраб ва иложи бўлса унинг ҳузурига кириб бир кўрайин, деб одам юборган экан, чопарга эшикни қия очиб: «Ана қара кечаси билан бедорликдан сўнг, эндигина ором олди, уни безовта қилмай туришсин, шуни айтиб қўй», дедим. Чопар халифанинг хотинига бориб шу гапларни айтганида, у қабул қилиб, эрининг бир оз ухлаб ором олаётган экан деган ўйда хотиржам бўлди. Сўнг эшикни қулфладим, эшик тагига ишончли одамларимдан бирини соқчи қилиб қўйиб, қайтиб келгунимча шу ердан қимирламагин ва халифанинг олдига ким бўлишидан қатъий назар ҳеч кимни киритмагин, деб тайинладим. Сўнг масжидга қараб йўл олдим. Йўлда йўлиққан, халифанинг аҳволи ҳақида сўраган одамларга: «Касал бўлганларидан бери бу каби тинчланмаган эдилар», дердим. Улар: «Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», деб хурсандликларини изҳор қилардилар. Йўл-йўлакай миршаблар бошлиғи Каъб ибн Ҳомизга одам юбориб халифанинг яқинларини «Добиқ»нинг катта масжидига жамлашини айтдим. Йиғилишгач:
— Амирул мўминин мактубидаги кишига байъат қилинглар, — дедим. Улар:
— Бир марта байъат қилдик, яна байъат қиламизми? — дедилар. Мен:
— Бу Амирул мўмининнинг амридир, буюрилганидек мана бу муҳрланган мактубдаги кишига байъат қилинглар. Бирма-бир ҳаммалари байъат қилдилар. Иш пухта бажарилганига амин бўлгач:
— Биродарингиз Мўминлар амири вафот этдилар, «Инна-а лиллаҳи ва инна-а илайҳи рожиуун» «Албатта, биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У зотга қайтувчилармиз», деб халифанинг вафотини эълон қилиб, мактубни ўқий бошладим. Умар ибн Абдулазизнинг номини зикр қилганимда Ҳишом ибн Абдулмалик қичқириб:
— Асло унга байъат қилмаймиз, деди. Мен:
— Унда, Аллоҳга қасамки, бошинг кетади, туриб байъат қил, — дедим. У ўрнидан туриб, оёғларини зўрға судраб Умар ибн Абдулазизнинг олдига келди ва: «Инна-а лиллаҳи ва инна-а илайҳи рожиуун», деди. (У халифалик ўзига ҳам Абдулмалик фарзандларидан бирортасига ҳам бўлмай Умар ибн Абдулазизга ўтиб кетганига мусибат етган кишининг дуосини айтган эди). Ўз навбатида Умар ибн Абдулазиз ҳам мазкур дуони айтди, лекин у ўзи истамаган ишига мажбур тайин қилинганидан шундай деган эди.
Бу байъат сабаб Аллоҳ таоло Исломнинг навқиронлигини янгилаб, унинг маёғини олий қилди.
Мусулмонлар халифаси Сулаймон ибн Абдулмаликдан Аллоҳ рози бўлсинки, Аллоҳ таоло олдидаги зиммасини оқлаб, ўзидан кейин солиҳ кишини қолдириб кетди. Вафодор вазир Ражо ибн Ҳайвага мақтовлар бўлсинки, у Аллоҳ, Унинг расули ва мусулмонларнинг имомлари учун насиҳат қилиб яшади. Яхши ва солиҳ маслаҳатчига Аллоҳ таоло яхши мукофотлар, ажру-савоблар берсин. Тавфиқ берилган ҳокимлар, солиҳ маслаҳатчиларнинг тўғри фикрлари ила эзгуликларга йўлланилур.

 

Омир ибн Шароҳил Шаъбий
«Шаъбий жуда чуқур илмли, ўта ҳалим инсон эди. Исломда унинг алоҳида ўрни бор...».
Ҳасан Басрий
Хазрат Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврининг олти йили қолганида мусулмонлар сафида одатдагидан кўра кичкина, озғингина бир чақалоқ дунёга келди... Чақалоқ жисмининг кичик бўлиб қолишига сабаб, онасининг қорнидаги эгизаги унинг тўлиқ ўсишига халақит бергани бўлди... Бироқ шундан кейин илм, ҳилм, ҳифз ва фаҳму фаросат майдонларида, на акаси ва на бошқа бирон кимса унга халақит бера олмади... Бу киши Шаъбий номи билан танилган, асридаги мусулмонлар ичида бетакрор бўлган олийжаноб инсон Омир ибн Шуроҳабил Ҳимярийдир.
Имом Шаъбий Куфа шаҳрида дунёга келдилар ва шу ерда улғайиб вояга етдилар. Бироқ орзу қилган, қалблари ошиқ бўлган шаҳар Мадинаи Мунаввара эди. Саҳобалар Куфадан Аллоҳ азза ва жалла йўлида жиҳодга чиқиш ёки яшаш учун маскан қилиб олиш мақсадида Куфага келганлари каби, Шаъбий ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари билан кўришиб, улардан сабоқ олиш мақсадида, дамба-дам Мадинага бориб турар эдилар. Беш юзга яқин саҳобалар билан ҳамсуҳбат бўлиш ва улуғ саҳобалардан ривоят қилиш шарафига муяссар бўлдилар, жумладан Алий ибн Абу Толиб, Саъд ибн Абу Ваққос, Зайд ибн Собит, Убода ибн Сомит, Абу Мусо Ашъарий, Абу Саид Худрий, Нўъмон ибн Башир, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Адий ибн Ҳотим, Абу Ҳурайра, уммул мўминин Оиша, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.
Шаъбий ўта заковатли, қалби уйғоқ, зеҳн ва фаҳм-фаросати ўткир, мўъжизавий ёдлаш ва эслаб қолиш қобилияти бор йигит эдилар. Ўзлари ҳақида шундай деганлари ривоят қилинган:
«Ҳаётимда асло оқни қора қилмаганман, яъни бирон сўзни қоғозга ёзмаганман, ким бир ҳадисни айтиб берса уни ёдлаб олардим, менга бир сўз айтган кишининг яна шу сўзни такрорлашини истамаганман».
Шаъбий илм ва маърифатга муҳаббатли йигит бўлиб, бу йўлда энг қимматбаҳо нарсаларни ҳатто жонини ҳам сарфлашга тайёр, унинг йўлида ҳар қандай қийинчиликларни енгил санарди. У шундай дер эди:
«Агар бир киши Шомнинг у чеккасидан, Яманнинг бу чеккасига сафар қилиб, умрининг қолган қисмида унга фойда бўладиган бир калима ўрганган бўлса, демак унинг сафари зое бўлмабди».
Шаъбий илмда шундай даражага етган эдики:
«Мен энг оз ўрганган илм бу шеъриятдир. Шунга қарамай, агар истасам бирон шеърни қайта айтмасдан, сизларга бир ой шеър айтиб бера оламан», дер эди.
Саҳобалар ҳали ҳаёт, одамлар орасида юрган чоғларида, Куфанинг жомеъ масжидида Шаъбийнинг ўз ҳалқаси (дарс мажлиси) бор эди. Одамлар унинг атрофида тўп-тўп бўлиб ўтирардилар. Ҳатто бир кун улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Шаъбийнинг одамларга ғазотлар ҳақида тўлиқ мукаммал қилиб, унинг нозик нуқталаригача айтиб бераётганини диққат билан эшитиб:
«Дарҳақиқат мен бу йигит айтиб бераётган ғазотларнинг айримларига гувоҳ бўлиб, ўз кўзим билан кўрганман ва қулоғим билан эшитганман, лекин шунга қарамай бу йигит мендан кўра уларни гўзалроқ баён қилмоқда», деган эдилар.
Шаъбийнинг кенг илмли ва ўткир зеҳнли эканига далолат қилувчи ҳолат-ҳодисалар жуда кўпдир. Шулардан бирини ўзи шундай ҳикоя қилади:
«Бир куни насл-насаби билан бир-бирига фахрланаётган икки киши ҳузуримга келишди. Бири «Омир» қабиласидан, иккинчиси «Асад» қабиласидан эди. Омирий биродарига ғолиб келиб уни кийимидан судраб келарди. Асадий эса мағлуб ҳолда:
— Қўйиб юбор, — деб зорланар, Омирий:
— Аллоҳга қасамки, Шаъбий ўртамизда ҳукм чиқармагунча қўйиб юбормайман, — дер эди. Омирийга:
— Ўртангизда ҳукм чиқараман, уни қўйиб юбор, — дедим. Сўнг Асадийга қараб:
— Нима учун унинг ёнида заиф ва синиқ ҳолда кўряпман сени? Ҳолбуки сенинг қабилангда бошқа арабларда бўлмаган олтита фахрланадиган нарса бор:
Биринчиси: Сизнинг қабилангиздан бўлган аёлга, башарият саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам совчи қўйганлар, Аллоҳ таоло етти осмон тепасидан ул зотни унга уйлантирган. Уларнинг ўрталаридаги элчи Жаброил алайҳис-салом бўлган. Бу аёл мўминлар онаси Зайнаб бинти Жаҳшдир. Мана бу шараф сенинг қавминга бўлган, бошқа араблардан биронтасига бўлмаган.
Иккинчиси: Сизнинг қавмингизда ер устида юрган жаннат аҳлидан бўлган киши бор эди. У Укоша ибн Миҳсандир. Бу ҳам фақат Бани Асаддагина бўлган фазилатдир.
Учинчиси: Исломда энг биринчи байроқ сизнинг қавмингиздан бўлган Абдуллоҳ ибн Жаҳш бошчилигидаги лашкар учун боғланган.
Тўртинчиси: Исломда тақсим қилинган биринчи ўлжа Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг қўлга киритган ўлжаси бўлган.
Бешинчиси: Байъати Ризвонда биринчи байъат қилган киши сизлардан бўлган. У қабиладошингиз Абу Синон ибн Ваҳб бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Расулуллоҳ, қўлингизни ёзинг байъат қиламан», деганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
— Нима нарсага, — дедилар. У:
— Қалбингиздаги нарсага, — деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
— Менинг қалбимдаги нарса нима? — дедилар. У:
— Ғалаба ёки шаҳидлик, — деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
— Ҳа, шундай, — дедилар ва у байъат қилди, шундан сўнг одамлар ҳам Абу Синоннинг байъатига кўра байъат қилдилар.
Олтинчиси: Сенинг қавминг Бану Асадликлар «Бадр» кунида муҳожирларнинг еттидан бирини ташкил қилганлар. Бу фазилатларни эшитган Омирий ҳайратланиб жим бўлиб қолди. Имом Шаъбий заиф ва мағлуб кишига кучли ва ғолиб устидан ёрдам беришни ирода қилганига шубҳа йўқдир. Агар Омирий мағлуб ҳолда бўлганида, Бани Омирнинг фазилатларидан у хабардор бўлмаган фазилатларни санаб берган бўлар эди.
Абдулмалик ибн Марвон халифалик мансабига ўтирганида, Ироқ волийси Ҳажжожга мактуб юборади:
«Дин ва дунё ишларига лаёқатли бир кишини ҳузуримга юборгинки, мен уни ўзимга маслаҳатчи ва суҳбатдош қилиб олай». Ҳажжож халифанинг ҳузурига Шаъбийни юборади. Халифа Шаъбийни ўзига энг яқин кишилардан қилиб олди, мураккаб ишларда унинг кенг илмига таянадиган, ташвишли онларда унинг фикрига суянадиган ва ўзи билан подшоҳлар ўртасида элчи қилиб юборадиган бўлди.
Халифа Шаъбийни Рум шоҳи Жистинённинг олдига юборгани ана шулардан бири бўлиб, тарих саҳифаларига муҳрланган эътиборли ҳолатдир:
Шаъбий элчи бўлиб келиб, Рум шоҳи унинг сўзларини эшитгач, унинг заковати, улуғворлиги, сўзамоллиги ва ҳозиржавоблигидан даҳшатга тушди. Одатига хилоф ўлароқ уни ўз ҳузурида бир қанча кун олиб қолди. Шаъбий қайтиш учун қатъий изн сўраб туриб олгач, шоҳ унга кетишга изн берар экан Шаъбийдан сўради:
— Сиз халифанинг аҳли байтидан бўласизми? Шаъбий:
— Йўқ, мен мусулмонлардан бириман, холос. Рум шоҳи:
— Халифанинг ҳузурига қайтгач, бу ерда бўлган барча гапларни айтиб берганингиздан сўнг, унга мана шу мактубни беринг. Шаъбий Дамашқга қайтгач халифанинг ҳузурига кирди ва кўрган, эшитган барча нарсаларни сўзлаб, халифа сўраган саволларга жавоб берди. Сўнгра кетиш олдидан: «Эй Амирул мўминин Рум шоҳи мана шу мактубни сизга етказишимни омонат қилган эди», деб халифага мактубни топшириб чиқиб кетди. Абдулмалик ибн Марвон мактубни ўқиши биланоқ соқчиларига Шаъбийни тезда қайтариб келишни буюрди. Улар уни қайтардилар. Шаъбий келгач, Абдулмалик ибн Марвон унга:
— Мактубда нима битилганини билармидингиз? — деб сўради. Шаъбий:
— Йўқ, эй Мўминлар амири, билмас эдим, — деб жавоб берди. Абдулмалик ибн Марвон:
— Рум шоҳи менга қуйидагиларни ёзиб юборибди: «Арабларга ҳайронман, қандай қилиб ўзларига бу йигитдан бошқани подшоҳ қилдилар экан?» Шаъбий:
— У сизни кўрмагани учун шундай деган, агар, эй Мўминлар амири, у сизни кўрган бўлганида бундай демаган бўлар эди. Абдулмалик ибн Марвон:
— Нима учун Рум шоҳи менга бундай мактуб йўллаганини биласизми? Шаъбий:
— Йўқ, билмайман. Абдулмалик ибн Марвон:
— У менда сиздек киши борлигидан менга ҳасад қилган ва у мактуби билан мени сизни қатл қилишга тезлаб, сиздан халос бўлишни ирода қилгандир. Рум шоҳига бу гаплар етиб борганида:
«Отасига балли, қасамки, мен бундан бошқа нарсани мақсад қилмаган эдим», деди.
Имом Шаъбий илмда шундай юқори манзилатга эришдики, ҳатто у ўз асридаги тўртда забардаст олимларнинг бири бўла олди. Имом Зуҳрий шундай дер эди: «Уламолар тўртадир... Мадинада Саид ибн Мусаййаб, Куфада Омир Шаъбий, Басрада Ҳасан Басрий ва Шомда Макҳул».
Имом Шаъбий камтаринлигидан, бирон киши унга олим, деб мурожаат қилса уялиб кетар эди.
Кунларнинг бирида бир киши унга:
— Эй фақиҳ, олим, менга жавоб берсангиз, — деганида...
— Ҳой барака топгур, бизда йўқ сифат билан бизни кўтар-кўтар қилмагин. «Фақиҳ» деб Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тақво қилган, «Олим» деб Аллоҳдан ҳақиқий қўрққан кишига айтилади. Биз қаердаю, булар қаерда?! — деган эди.
Яна бир киши бир масала ҳақида сўраганида: «Бу ҳақда Умар ибн Хаттоб бундай деганлар... Алий ибн Абу Толиб бундай деганлар деб жавоб берса, сўровчи: «Сиз нима дейсиз?» деди. Шунда Шаъбий уялган ҳолда табассум қилиб:
— Умар ва Алий розияллоҳу анҳумонинг сўзини эшитдинг, мени сўзимни нима қиласан, — деди.
Имом Шаъбий гўзал ахлоқ ва улуғ хислатларга эга олим эди. Мана шу хислатлардан бири у талашиб-тортишишни ёмон кўрар, фойдасиз нарсаларга киришишдан ўзини сақлар эди. Бир куни суҳбатдошларидан бири:
— Эй Абу Амр, одамлар гапираётган мана бу икки киши ҳақида сиз нима дейсиз? — деб сўраганида, Шаъбий:
— Қайси икки киши ҳақида сўраяпсан? Суҳбатдош:
— Усмон ва Алий. Шаъбий:
— Мен, Аллоҳга қасамки, Қиёмат куни Усмон ибн Аффонга ёки Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумога хусуматчи бўлиб қолишдан покман, — деб жавоб берди.
Шаъбий илм билан ҳалимликни жамлай олган эди. Ривоят қилинишича, бир киши уни жеркиб, ёмон сўзлар билан хақорат қилганида: «Агар менга қилаётган туҳматларингда ростгўй бўлсанг, Аллоҳ мени кечирсин... Агар ноҳақ хақорат қилаётган бўлсанг, Аллоҳ сени кечирсин», дейишдан нарига ўтмаган экан.
Шаъбий нақадар қадри баланд ва улуғ фазилат соҳиби бўлишига қарамай, маърифат ва ҳикматни ўзидан шаъни паст одамлардан олишдан орланмасди. Бир аъробий унинг илм мажлисига келишни ўзига одат қилиб олган эди. Бироқ доим жим ўтирарди. Шаъбий унга:
— Гапирмайсизми? — деганида, аъробий:
— Жим ўтирсам саломат бўламан, эшитаман ва ўрганаман. Кишининг қулоқларидан бўлган улуши ўзига қайтади. Аммо тилидан бўлган улуши эса бошқага қайтади, — деб айтганида, Шаъбий то вафот этгунига қадар аъробийнинг ушбу сўзларини қайтариб юрган эди.
Балоғат ва фасоҳат билан гўзал гапириш ва уни ўз ўрнида ишлата билиш каби неъмат, жуда нодир кишиларгагина берилган бўлиб, ана шулардан бири Шаъбий эди. Бунинг мисоли ўлароқ, Шаъбийнинг икки Ироқ амири Умар ибн Ҳубайрага, у бир жамоа мусулмонларни қамаб қўйгандаги айтган сўзидир: «Эй Амир, агар уларни ноҳақ қамаган бўлсангиз, ҳақ уларни чиқаради. Агар уларни ҳақ билан қамаган бўлсангиз, афв уларга ҳам етади». Шаъбийнинг сўзидан ҳайратда қолган амир, унинг ҳурматидан барчаларини озод қилиб юборган экан.
Имом Шаъбий ўта шижоатли, дин ва илмда даражалари ниҳоятда юқори бўлиши билан бирга, очиқ қалб, бир нав ҳазилкаш ҳам эдиларки, бирон ҳазил ўрни келиб қолса уни ўтказиб юбормасдилар. Шулардан бири: Шаъбий аёли билан ўтирганларида, бир киши келиб:
— Қайси бирингиз Шаъбий бўласиз? — деганида, аёлларини кўрсатиб:
— Мана бу, — деганлар. Яна бир киши:
— Шайтоннинг хотинининг исми нима эди? — деб сўраганида.
— Биз у тўйда қатнашмаган эдик, — деб ҳазиллашиб қўйганлар.
Шаъбий ҳақидаги энг яхши тасаввурни, у кишининг ўзлари ҳақида айтган сўзлари берса ажабмас:
«Одамлар кўз тикиб турган нарсага асло ўрнимдан турмаганман. Қўл остимдагилардан биронтасини асло урмаганман. Бирон қаримдошим бўйнида қарзи бўлган ҳолда вафот этиб қолса, дарҳол унинг номидан қарзини тўлаб қўйганман».
Имом Шаъбий узоқ умр кечирдилар, саксон ёшдан ортиқроқ яшадилар. Аллоҳ таоло чақириғига лаббай, деб жавоб бердилар. Ҳасан Басрийга у кишининг вафотлари хабари етган пайтда шундай дедилар: «Аллоҳ раҳматига олсин. Дарҳақиқат Шаъбий жуда чуқур илмли, ўта ҳалим инсон эди. Исломда унинг алоҳида ўрни бор...».

Салама ибн Дийнор
Абу Ҳозим Аъраж номи билан танилган
«Абу Ҳозимдан кўра ҳикмат тилига яқин бўлган бирон кишини кўрмадим».
Абдурраҳмон ибн Зайд
Ҳижратнинг тўқсон еттинчи йилида, мусулмонлар халифаси Сулаймон ибн Абдулмалик анбиёлар отаси бўлмиш Иброҳим алайҳис-саломнинг нидоларига «Лаббай» деб муқаддас ерларга сафарга отланади. Унинг карвони Умавийлар пойтахти Дамашқдан интиқлик билан Мадинаи Мунаввара сари йўл олади.
«Равзаи мутоҳҳарада» намоз ўқиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом бериш завқи шавқи халифанинг қалбини эгаллаб олган эди. Халифанинг карвонида қорилар, муҳаддислар, фуқаҳолар, уламолар, амирлар ва саркардалар жам бўлган эди.
Карвон Мадинаи Мунавварага етиб келиб юклар туширилгач, Мадинанинг мансабдор ва ҳурматли кишилари, халифага салом беришга ва уни қутлашга бордилар. Лекин Мадинанинг қозиси, боҳужжат олими ва ишончли имоми бўлган Салама ибн Дийнор халифага салом бериш ва уни қутлашга чиққанлар ичида йўқ эди. Сулаймон ибн Абдулмалик зиёратга келганлар билан саломлашиб, дийдорлашиб бўлгач, суҳбатдошларидан бирига қараб:
— Қалблар учун уларни вақти-вақти билан тозалаб, зангини кетказиб турувчи одам бўлмаса, темирни занг босгани каби, қалбларни ҳам занг қоплайди, — деди.
Суҳбатдош:
— Ҳа шундай, эй Мўминлар амири тўғри айтасиз.
Халифа:
— Бизларга панду насиҳат қилиб, қалбларимизни софлайдиган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини кўрган бирон киши йўқми Мадинада?
Улар:
— Ҳа бор, эй Мўминлар амири, Абу Ҳозим Аъраж ана шундайлардандир.
Халифа:
— Абу Ҳозим Аъраж ким бўладилар?
Улар:
— Салама ибн Дийнор, Мадинанинг олими ва имоми, ҳамда бир қанча саҳобаи киромларни кўрган тобеинларнинг биридирлар. Халифа:
— Ундай бўлса ҳурматларини жойига қўйган ҳолда ҳузуримизга таклиф қилинглар.
Аъёнлар халифанинг таклифини Абу Ҳозимга етказганларида, улуғ тобеин қабул қилиб, халифа қўним олган ерга келадилар. Ўз навбатида халифа ҳам таклифни рад этмай қабул қилинганини қадрлаб, Абу Ҳозимни илиқ кутиб олиб, ўзига яқин ерга ўтказади ва маломатомуз оҳангда:
— Бу не жафо, эй Абу Ҳозим? — деди.
Абу Ҳозим:
— Қандай жафо кўрдингиз мендан эй Мўминлар амири?
Халифа:
— Мадинанинг мансабдор кишиларининг ҳаммалари зиёратимизга келдилар, сиз эса келмадингиз.
Абу Ҳозим:
— Жафо танишлар орасида бўлади... Сиз эса мени бугунгача танимас эдингиз, мен ҳам сизни кўрмаган эдим. Бас, шундай экан, қандай жафо содир бўлди мен тарафдан?
Халифа атрофидагиларга қараб:
— Шайх узрларини тўғри баён қилдилар, халифа уни хато маломат қилди, — деди. Сўнгра Абу Ҳозимга юзланиб: «Кўнглимда йиғилиб қолган муҳим масалалар бор, шуларни сизга баён қилсам».
— Мармаҳамат, эй Мўминлар амири, мадад ёлғиз Аллоҳдандир.
— Эй Абу Ҳозим, нима учун биз ўлимни ёмон кўрамиз?
— Чунки биз дунёйимизни обод қилиб, охиратимизни хароб қилганмиз... Шунинг учун обод жойдан хароб жойга чиқишни ёмон кўрамиз.
— Рост айтдингиз. «Эй Абу Ҳозим эртага Қиёмат куни биз учун Аллоҳнинг ҳузурида нелар ҳозирланган эканини жуда билгим келади?»
— Амалингизни Аллоҳнинг Китобига солиб кўрсангиз, ҳамма нарса аён бўлади.
— Уни Аллоҳ таоло Китобининг қаеридан топаман?
— Калимаси олий Зотнинг ушбу сўзидан топасиз: «Шак-шубҳасиз, яхшилар (яъни мўминлар) жаннат неъматларидадирлар. Шак-шубҳасиз, фисқ-фужур қилувчи кимсалар дўзахдадирлар» (Инфитор: 13-14).
— Аллоҳнинг раҳмати қаерда қолди?
— Аллоҳнинг раҳмати чиройли амал қилувчиларга яқиндир» (Аъроф: 56).
— Аллоҳнинг ҳузурига қай ҳолда бориларкин?
— Яхши амал қилувчи одам, узоқ муддат айрилиқдан сўнг оила аъзолари ҳузурига қайтаётган киши каби келур. Ёмон амал қилувчи эса, хожасидан қочган қулни ушланиб, хожаси ҳузурига судраб олиб келинаётган қул каби келур. Халифа йиғлаб юборди, ҳўнграб қаттиқ йиғлади. Сўнг:
— Эй Абу Ҳозим, қандай қилсак солиҳлардан бўламиз?
Абу Ҳозим:
— Такаббурликни ташлаб, тавозели бўлсангиз солиҳлардан бўласиз.
— Мол-дунё ҳақида нима дейсиз ва унда Аллоҳ таолога тақво қилиш йўли қандай?
— Мол-дунёни ҳақ билан оласизлар ва уни эгаларига берасизлар... Уни баробар тақсимлаб, қўл остингиздагилар орасида адолат қиласизлар.
— Эй Абу Ҳозим, одамларнинг афзали ким?
— Амалли ва тақво эгалари одамларнинг афзалидир.
— Энг адолатли сўз қайси сўз?
— Қўрқиб ёки ундан бирон нарса умид қилиб турган одам қаршисида кишининг айтган ҳақ сўзи, энг адолатли сўздир.
— Энг тез ижобат бўладиган дуо қайси?
— Чиройли амал қилувчи кишининг, чиройли амал қилувчи кишилар ҳақига қилган дуоси.
— Садақаларнинг афзаличи?
— Мол-дунёси оз камбағал кишининг, ўзидан кўра муҳтож бечора камбағалга, миннат қилмай ва озор бермай берган садақасидир.
— Энг ақлли киши ким?
— Аллоҳ таолога итоат қилиш имкониятига эга бўлган ва амал қилган, сўнг бошқаларни ҳам шунга йўллаган киши.
— Энг аҳмоқ киши ким?
— Золим дўстининг нафс-ҳавосига эргашиб кетган, бировнинг дунёси эвазига ўз охиратини сотиб юборган киши.
— Эй Абу Ҳозим, бизга ҳамроҳ бўлиб юрмайсизми, сиз биздан, биз сиздан насибадор бўлардик?!
— Йўқ, эй Мўминлар амири, сизга ҳамроҳ бўла олмайман.
— Нима учун?
— Сизларга ён босиб қолишим натижасида Аллоҳ менга бу дунё азобини ҳам ва охират азобини ҳам тоттиришидан қўрқаман.
— Эй Абу Ҳозим, бирон ҳожатингиз бўлса айтинг. Абу Ҳозим бирон нарса демай жим турган эдилар. Халифа яна қайта: «Эй Абу Ҳозим, бирон ҳожатингиз бўлса айтинг, сиз учун ҳар қандай ҳожат бўлса ҳам ўтаб берамиз», — деди.
— Ҳожатим, мени дўзахдан қутқариб, жаннатга олиб кириб қўйсангиз.
— Бу менинг қўлимдан келмайди, эй Абу Ҳозим.
— Менинг бундан бошқа ҳожатим йўқ, эй Мўминлар амири.
— Менинг ҳақимга дуо қилинг, эй Абу Ҳозим.
— Эй Аллоҳ, агар мана шу банданг Сулаймон Сенга яқин бандаларинг қаторида бўлса, унга икки дунё яхшилигини осон қил. Агар Сенга душманлардан бўлса, уни солиҳлар жумласидан қилиб, Ўзинг яхши кўрган ва рози бўладиган йўлга бошлаб қўй.
Шунда ўтирганлардан бири:
— Яхши гап айтмадингиз, Мўминлар амирини Аллоҳнинг душманлари сафига қўшиб, халифамизга озор бердингиз, — деди.
Абу Ҳозим:
— Аксинча, сизнинг гапирган гапингиз яхши гап бўлмади, шуни билинки Аллоҳ таоло: «Албатта уни одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар...» деб уламолардан ҳақ гапни гапиришга аҳд паймон олгандир. Сўнг халифага юзланиб:
— Эй Мўминлар амири, биздан аввал ўтганларнинг амирлари уламоларнинг илмларига рағбат қилиб уларнинг ҳузурларига мудом борар эдилар, шунинг учун улар яхшилик ва офиятда яшадилар. Кейин ҳиммати паст кишилар пайдо бўлди, улар амирлар ҳузуридаги арзимас дунёни қўлга киритиш учун илм ўргандилар, амирлар бундай олимларни назарга илмай қўйдилар... Натижада бу олимлар хор бўлиб ожиз қолдилар ва Аллоҳнинг ҳам назаридан тушдилар. Агар уламолар амирлар қўлларидаги нарсалардан ўзларини тортганларида, амирлар уларнинг илмларига интилардилар... Лекин уламолар амирлардаги нарсаларга интилдилар, амирлар эса улардан ўзларини тортдилар ва уларни қадрламай қўйдилар.
Халифа:
— Гапингиз ҳақ... Эй Абу Ҳозим, менга яна насиҳат қилинг, сиздан кўра ҳикмат тилига яқинроқ бўлган бирон кишини кўрмаган эдим.
Абу Ҳозим:
— Агар насиҳатга қулоқ тутадиганлардан бўлсангиз, сизга қилган насиҳатим етарлидир... Агар насиҳатни олмайдиганлардан бўлсангиз, ипсиз камондан ўқ отганимдан не фойда.
Халифа:
— Ўтиниб сўрайман эй Абу Ҳозим, менга насиҳат қилинг.
Абу Ҳозим:
— Майли насиҳат қиламан, лекин қисқа айтаман... Роббингизни улуғланг, Уни покланг, Сизни қайтарган ерда кўринишдан ва сизни буюрган ерда кўринмай қолишдан сақланинг. Сўнг Абу Ҳозим салом бериб чиқиб кетди.
Халифа:
— Насиҳатгўй олимга Аллоҳ яхши мукофотлар ато этсин, — деб дуо қилиб қолди.
Абу Ҳозим халифанинг олдидан чиқиб энди уйларига етганларида, халифадан чопар келиб, динорга лиқ тўла халта ва Мўминлар амирининг мактубини улуғ тобеинга узатди. Мактубда:
— Бу динорларни ишлатинг, сиз учун менда бундан-да кўпи бордир. Чопарга динор тўла халтани қайтариб, мактубга жавобан ушбу сўзларни битиб халифага юбордилар:
— Эй Мўминлар амири, сизни мендан сўраган саволларингиз ҳазил-беҳуда савол бўлиши ва менинг сизга берган жавобим эса ботил-бекор кетишидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман. Аллоҳга қасамки, эй Мўминлар амири, бундай бўлишини сизга раво кўрмайман, қандай қилиб ўзимга раво кўрай. Эй Мўминлар амири, агар бу динорлар сизга айтган сўзларим ва қилган насиҳатларим эвазига бўлса, музтар ҳолатдаги ўлакса ва чўчқа гўшти бундан ҳалолроқдир... Ва агар байтул молдан бериладиган улушим бўлса, бошқа мусулмонларга ҳам баробар шундай улуш ажратдингизми?
Салама ибн Дийнорнинг уйлари илм толиблари ва яхшилик шайдолари учун ширин сувлик булоқдек бўлиб, бунда оға-инилари билан шогирдлари ўртасида фарқ йўқ эди.
Кунларнинг бирида Салама ибн Дийнорнинг уйларига Абдураҳмон ибн Жарир билан унинг ўғли келиб, шайх билан саломлашиб ўтирдилар ва икки дунё яхшилигини тилаб дуо қилдилар. Одоб пешвоси улуғ тобеин ҳам ота-боланинг саломига ундан чиройлироқ қилиб алик олиб, уларни илиқ кутиб олдилар ва ўрталарида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди. Абдураҳмон ибн Жарир:
— Эй Абу Ҳозим, қандай қилиб уйғоқ қалб соҳиби бўла оламиз?
Абу Ҳозим:
— Ичингизни ўнгласангиз катта гуноҳлар кечирилади. Банда агар гуноҳларни тарк этишга азму қарор қилса, унга яхшилик эшиклари очилади. Асло шуни унутмангки эй Абдурраҳмон, мол-дунёнинг озгинаси ҳам, бизни охират ишларининг кўпгинасидан чалғитиб қўяди. Сизни Аллоҳ таолога яқинлаштирмайдиган ҳар қандай нарса неъмат эмас, балки у жазо, азоб, офат ва балодир.
Абдурраҳмон ибн Жарирнинг ўғли деди:
— Бизнинг кўп шайхларимиз бор, уларнинг қай бирига эргашайлик?
Абу Ҳозим:
— Эй ўғилчам, ёлғиз пайтда Аллоҳдан қўрқадиган ва айб бўладиган ишларга аралашишдан ўзини пок тутадиган, ёшлигидан ўзини ислоҳ қилган, буни кексалик даврига қолдирмаганларига эргашгин. Эй ўғилчам, шуни билгинки, қуёш чиққан ҳар кун борки толиби илмга нафс-ҳавоси билан илми қарама-қарши келиб, икки рақиб курашгани каби, унинг қалбида улар ҳам ўзаро курашадилар. Агар илми нафс-ҳавоси устидан ғолиб келса, ўша кун толиби илм учун фойдали кун бўлади... Ва агар нафс-ҳавоси илмидан ғолиб бўлса, у кун толиби илм учун зиён, ҳасрат куни бўлади.
Абдурраҳмон ибн Жарир:
— Эй Абу Ҳозим, бизни шукр қилишга кўп ундайсиз, шукрнинг ҳақиқати нима?
Абу Ҳозим:
— Бизнинг ҳар бир аъзоимизда шукрнинг ҳақи бор.
— Икки кўзнинг ҳақи нима?
— Яхшиликни кўрганингизда уни ёймоқлигингиз, ёмонликни кўрганингизда эса яширишингиз икки кўзнинг шукридир.
— Икки қулоқнинг шукри нима?
— Яхшиликни эшитсангиз уни қалбингизга жойлаб сақлаб қўйишингиз, ёмонликни эшитсангиз кўмиб ташлашингиз икки қулоқ шукридир.
— Икки қўлнинг шукри нима?
— Сизга тегишли бўлмаган нарсани олмаслигингиз ва Аллоҳнинг ҳақларидан бўлган ҳақни тўсмаслигингиз икки қўл шукридир. Шуни унутмангки, эй Абдурраҳмон, ким тил шукрини етарли қилмаса ва тил шукрига дил шукрини ва барча аъзолар шукрини ҳам қўшмаса, бундай одамнинг мисоли, либосини киймай қўлида ушлаб турган кишига ўхшайди, бу эса уни иссиқдан ҳам совуқдан ҳам сақламайди.
Бир йили Салама ибн Дийнор «Рум» шаҳарларига йўл олган мусулмон лашкарлар билан, Аллоҳ йўлида мужоҳидларга қўшилиб жанг қилиш учун йўлга чиқдилар. Лашкар кўзланган манзилга етишга оз қолганда, душманга қарши жангга киришдан олдин куч тўплаб олиш мақсадида бир оз дам олиш учун тўхтайди. Лашкар ичида Умавийлар амирларидан бири бор эди. Ана шу амир Абу Ҳозимга:
— Келиб бизларга бир дарс бериб кетсинлар, — деб одам юборди. Абу Ҳозим амирга жавобан унга хат ёзиб юбордилар, хатда ушбулар битилган эди:
«Эй амир, мен шундай аҳли илмларни кўрдим, улар дунё аҳлига динни кўтариб бормас эдилар. Дунё аҳлига динни кўтариб борган аҳли илмларнинг биринчиси мен бўлишимни истамасангиз керак, деб ўйлайман. Ҳожатингиз бўлса олдимизга ўзингиз келинг. Сизга ҳам атрофингиздагиларга ҳам Аллоҳнинг саломи бўлсин».
Хатни ўқиган амир Абу Ҳозимнинг ҳузурларига бориб, кўришиб саломлашгач:
— Эй Абу Ҳозим, бизга йўллаган мактубингизни ўқиганимиздан сўнг, наздимизда мартабангиз янада зиёда бўлиб, қадрингиз ошди. Аллоҳ сизни яхши мукофотлар билан сийласин, бизга панду насиҳат қилсангиз. Абу Ҳозим насиҳат қила бошладилар, мана бу қуйидаги сатрлар айтган сўзларининг жумласидандир:
— Қиёматда қайси амал сиз билан бўлишини яхши кўрсангиз, бу дунёда шу амални қилишга ҳарис бўлинг. Охиратда сиз билан қайси амал бўлишини истамасангиз, бу дунёда шу амалдан узоқ бўлинг. Шуни билингки эй амир, агар сизда ботилнинг бозори чаққон бўлса, бемаънилар, мунофиқлар атрофингизга йиғилиб оладилар. Ва агар сизда ҳақнинг бозори чаққон бўлса, атрофингизга яхши одамлар йиғилиб, ҳақ устида сизга ёрдамчи бўладилар... Ўзингизга ёққанини танлаб олаверинг.
Абу Ҳозимга ўлим соати келганида, атрофларидагилар:
— Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз эй Абу Ҳозим? — деб сўраган эдилар.
— Дунёда қилиб қўйган ёмонликларимиздан нажот топа олсак, дунёда йўқотган нарсаларимиз бизга зарар бўлмас, — деб ушбу ояти каримани такрор-такрор ўқиб жон таслим қилдилар: «Албатта иймон келтириб яхши амаллар қилган зотлар учун Раҳмон дўстликни (барқарор) қилур».

 

Саид ибн Мусаййаб
«Саид ибн Мусаййаб саҳобалар ҳаётлик чоғларидаёқ фатво берар эди».
Қудома ибн Мусо
Мўминлар амири Абдулмалик ибн Марвон икки ҳарамни зиёрат қилиб, Маккага бориб ҳаж қилишни ва Мадинага келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом айтишни ният қилди. Зул-Қаъда ойи киргач халифа ушбу ниятини амалга ошириш учун сафар тадоригини кўришга амр қилди. Бир қанча Умавийлар амирлари, давлатнинг баобрў кишилари ва айрим фарзандлари ҳамроҳлигида Ҳижоз ерлари томон йўлга тушади. Халифа сарбонлигидаги карвон Дамашқдан Мадинаи Мунаввара сари юришида тез ҳам эмас, секин ҳам бўлмаган ўрта тезликда борар, ҳар қачон истироҳат учун тўхтасалар чодирлар қурилиб, тўшаклар тўшалар ва диний билимлари зиёда бўлиши, қалблари ҳикмат ва гўзал мавъизаларга тўлиб тошиши учун илм мажлислари уюштирилар эди.
Халифа Мадинаи Мунавварага етиб келгач, аввало Ҳарами Шарифга бориб Равзаи мутаҳҳарада намоз ўқиш шарафига, сўнгра Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом айтиш бахтига муяссар бўлди. Аввалда тотмаган роҳатини ва қалб хотиржамлигини тотди. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳрида имкон қадар кўпроқ туришни мақсад қилди. Масжид Набийни обод қилиб турган илм мажлислари унинг диққатини энг кўп жалб қилган нарсалардан бири бўлди. Осмонда порлаб турган юлдузлар мисоли, Ҳарами Шарифда ҳам улуғ тобеинлардан иборат уламолар ялт-ялт этиб кўзга ташланиб турардилар. Мана бу Урва ибн Зубайрнинг илм ҳалқалари. Буниси эса Саид ибн Мусаййабнинг илм ҳалқалари. Ҳов анови ерда Абдуллоҳ ибн Утбанинг илм ҳалқаси ва ҳоказо...
Кунларнинг бирида қайлула қилаётган (чошгоҳ вақтида ухлаётган) Халифа одатда уйғонмайдиган вақтда уйғониб, хизматкори Майсарага:
— Эй Майсара, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларига бориб, бизларга ҳадис айтиб бериши учун уламолардан бирларини чорлаб кел, — деб тайинлади. Майсара Масжид Набийга бориб қараса, қайлула вақти бўлганидан кўпчилик дам олаётгани боис, масжидда биргина илм ҳалқасига кўзи тушди. Ҳалқанинг шайхи ёши олтмишлардан ошган, сиймосида уламолардаги оддийлик, илм ҳайбати ва вақор зоҳир бўлиб турган киши эди. Майсара ҳалқага яқин келиб қўли билан шайхга ишора қилган эди, шайх унга қарамади ҳам, эътибор ҳам бермади. Шунда Майсара шайхнинг олдига келиб:
— Мен сизни ишора билан чақирганимни кўрмадингизми? — деди. Шайх:
— Мени чақирдингми?!
Майсара:
— Ҳа...
Шайх:
— Нима ҳожатинг бор эди?
Майсара:
— Мўминлар халифаси қайлула қилаётган эдилар, бирдан уйғониб:
— Масжидга бориб қарагин ва менинг ҳадис айтиб берувчиларимдан бирини олиб келгин, — деб менга айтдилар.
Шайх:
— Мен унга ҳадис айтиб берувчиларидан эмасман.
Майсара:
— Аммо халифа ҳадис айтиб берадиган кишини истамоқдалар. Шайх:
— Ким бирон нарсани истаса, унинг олдига ўзи келади. Агар суҳбатни хоҳлаётган бўлсалар, масжиддаги илм ҳалқаси кенг, бемалол сиғадилар. Ҳадисга борилади, ҳадис бормайди, — дедилар. Хизматкор орқасига қайтиб бориб, халифага:
— Масжидга бордим, лекин у ерда бир шайхдан бошқа ҳеч кимни топмадим. Ишора қилиб чақирган эдим, ўрнидан турмади, эътибор ҳам бермади, ўзим олдига бориб: «Мўминлар халифаси қайлуладан уйғониб: — Масжидга бориб қарагин ва менинг ҳадис айтиб берувчиларимдан бирини олиб келгин», дедилар, деб айтсам, босиқлик ва қатъийлик билан: «Мен унга ҳадис айтиб берувчиларидан эмасман. Агар суҳбат хоҳлаётган бўлса, масжиддаги илм ҳалқаси кенг, бемалол сиғадилар, деб жавоб берди», деди. Абдулмалик ибн Марвон чуқур хўрсиниб ўрнидан сапчиб турди-да, ичкарига кета туриб:
— Бу Саид ибн Мусаййабдир... Кошкийди сен унинг олдига бормаган ва унга гапирмаган бўлганингда эди, — деди. У меҳмонхонадан чиқиб кетгач, Абдулмалик ибн Марвоннинг кичик ўғли акасига:
— Бутун дунё унга бўйсунган, ҳайбатидан Рум шоҳлари унга бош эгган Мўминлар амирига катталик қилиб, унинг ҳузурига келиш ва мажлисига ҳозир бўлишдан бўйинтовлаган бу, ким экан?
Акаси:
— Мўминлар амири акамиз Валидга қизини сўраганларида, қизини акамизга беришдан бош тортган мана шу одам бўлади.
Ука:
— Валид ибн Абдулмаликка қизини беришдан бош тортганми? Мўминлар амирининг валиаҳди, мусулмонларнинг бўлажак халифасидан кўра яхшироқ куёв истаганми қизига? Ака укасининг гапларига жавоб бермай жим турган эди, ука сўзида давом этиб: «Қизини Мўминлар амирининг валиаҳдига беришни хоҳламаган бўлса, шунга яраша қизига муносиб жойини топиб узатганми ёки айримлар қилганидек қизини узатишни ўйламай қари қиз қилиб уйда ўтқазиб қўйганми?».
Акаси:
— Очиғини айтсам мен у киши ва унинг қизи ҳақида бирон хабарга эга эмасман.
Шунда даврада ўтирган Мадина аҳлидан бўлган бир киши:
— Агар амир изн берсалар, мен у қизнинг қиссасини тўлиқ гапириб бераман. У қиз маҳалламизда яшовчи Абу Вадоа деган йигитга турмушга чиққан. Бу йигит бизнинг ён қўшнимиз бўлади. Унинг бу қизга уйланишининг ғаройиб қиссаси бор, бу ҳақда йигитнинг ўзи менга гапириб берган, — деди. Ака-укалар:
— Ҳа, албатта, айтиб беринг бизга, — дедилар.
Абу Вадоа менга қуйидагиларни сўзлаб берган эди:
— Ўзингизга маълум, мен илм талабида Масжидун Набийга боғланганман, масжиддаги Саид ибн Мусаййабнинг илм ҳалқаларида толиби илмлар билан елкама-елка туриб давомий қатнашиб келар эдим. Шайхнинг илм ҳалқаларига бир неча кун қатнаша олмай қолдим. Шайх менинг йўқлигимни билгач: «Касал бўлиб қолганмикин ёки бирон кор ҳол рўй бердими...?» деб мен ҳақимда атрофидагилардан сўрабдилар, аммо улардан бирон хабар топа олмабдилар. Бир неча кундан сўнг ўзим яна шайхнинг ҳузурларига қайтган эдим, мен билан саломлашиб, ҳол аҳвол сўраб:
— Эй Абу Вадоа қаерда эдинг, нега кўринмай қолдинг? — деб сўрадилар. Мен:
— Хотиним вафот этиб қолди, шу билан машғул бўлиб қолдим, — дедим. Шайх:
— Эй Абу Вадоа, бизларга ҳам хабар бермабсан-да, оғир дамларда ёнингда турардик, жанозада қатнашиб бошинга тушган мусибатда сенга далда бўлардик, — дедилар. Мен:
— Аллоҳ сизни яхши мукофотлар билан сийласин, — деб ўрнимдан турмоқчи эдим, тўхтаб туришимни талаб қилдилар. Мажлисдаги ҳамма туриб кетгач менга:
— Эй Абу Вадоа, уйланиш ҳақида ўйлаб кўрмадингми? — деб сўраб қолдилар. Мен:
— Аллоҳнинг раҳмати бўлсин сизга, ким ҳам менга қизини берарди, мен етим бўлиб ўсган, қўли калта камбағал бўлсам, икки ё уч дирҳамдан бошқа пулим бўлмаса, — дедим. Шайх:
— Мен сенга қизимни бераман, — деб қолдилар. Тилим айланмай қолди... Зўр-базўр: «Сиз?!... Менинг бу ҳолимни билганингиздан кейин ўз қизингизни менга никоҳлаб берасизми?!» — дедим. Шайх:
— Ҳа... Бизга дини ва хулқидан рози бўлинадиган киши бўлса, албатта никоҳлаб берамиз. Сен бизнинг наздимизда дини ва хулқида рози бўлинган кишисан... — дедилар. Сўнг атрофга қараб бизларга яқин турганларни чақирдилар, Аллоҳга ҳамду сано айтиб ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва саломлар йўлладилар ва уларнинг гувоҳлигида мен билан қизларини никоҳлаб қўйдилар. Маҳрга икки дирҳам белгиладилар. Мен ҳайрон ва хурсандлигимдан нима дейишни билмай қотиб қолган эдим. Сўнг уйимга кетдим, шу куни рўза тутган эдим, рўзадорлигимни ҳам унутибман. Ўзимга-ўзим гапирардим: «Ҳолинга вой, эй Абу Вадоа... Нималар қилиб қўйдинг... Энди пулни қаердан топасан, кимдан қарз сўрайсан?!» Шундай ҳолатда турганимда азон айтиб қолинди. Намозни адо этиб бўлгач, ифторга ўтирдим, дастурхонда нон ва зайтундан бошқа нарса йўқ эди. Бир икки луқма еган ҳам эдимки, эшик таққиллаб қолди. «Ким у?» деган эдим. «Саидман», деган жавоб келди. Аллоҳга қасамки, хаёлимдан Саид исмли ўзим билган инсонларнинг ҳаммаси бирма-бир ўтди, аммо Саид ибн Мусаййаб хаёлимга келгани йўқ. Сабаби мана қирқ йилдирки шайхни фақат уйлари ҳамда масжид орасидагина кўриш мумкин эди. Эшикни очсам не кўз билан кўрайки рўпарамда Саид ибн Мусаййаб турар эдилар. Хаёлимга, қизларини менга никоҳлаб берганлари хусусида келдилармикин, фикрлари ўзгариб қолдимикин, деган ўй келди. «Эй Абу Муҳаммад, чақиртирсангиз ўзим ҳузурингизга борар эдим», дедим. Саид ибн Мусаййаб:
— Бугун мен сенинг ҳузуринга келишимга ҳақлироқсан, — дедилар. Мен:
— Қани уйимизга марҳамат қилсинлар. Саид ибн Мусаййаб:
— Йўқ, раҳмат, мен бир иш билан келган эдим.
Мен:
— Аллоҳнинг раҳмати бўлсин сизга, нима иш экан?
Саид ибн Мусаййаб:
— Менинг қизим бугундан бошлаб Аллоҳнинг шариатига мувофиқ сенинг хотининга айланган эди. Биламанки сенинг ёлғизлигингни кетказадиган ҳеч киминг йўқ. Сен бир жойда, хотининг эса бошқа жойда тунни ўтказишингларни яхши деб билмадим, шунинг учун уни ҳузуринга олиб келдим.
Мен:
— Во ажаб... Қизингизни олиб келдингизми?
Саид ибн Мусаййаб:
— Ҳа...
Қарасам, ҳақиқатан қизлари ёнларида турган экан. Шайх қизларига қараб:
— Қизим, Аллоҳнинг номи ва баракоти билан мана жуфти ҳалолингнинг уйига киравер.
Қиз бечора энди қадам ташламоқчи бўлганида, уялганидан кийимига ўралашиб йиқилиб тушишига оз қолди. Мен эса қизнинг олдида карахт ҳолда нима дейишимни ва нима қилишимни ҳам билмай туриб қолдим. Ўзимга келгач ичкарига таклиф қилдим, қиз кўриб қолмаслиги учун ўзим ундан тезроқ бориб, нон ва зайтундан иборат ифторлик дастурхонимни чироқ нуридан нарироққа олиб қўйдим. Сўнг томга чиқиб қўшниларимни чақирдим. Қўшнилар чиқиб:
— Ҳа... тинчликми, нима гап? — дейишган эди. Мен:
— Бугун масжидда Саид ибн Мусаййаб ўз қизларини менга никоҳлаб берган эдилар. Ҳозиргина, мен бехабар, тўсатдан қизларини олиб келиб ташлаб кетдилар. Биласизлар онамнинг уйлари узоқ, мен онамни чақириб келгунимча, келинни зериктирмай аёллар кириб туришсин. Бир кампир қўшнимиз:
— Ҳой, шуринг қургур, нима деяётганингни биласанми ўзи? Саид ибн Мусаййаб ўз қизини сенга никоҳлаб бериб, яна қизини ўзи сенинг уйинга олиб келиб ташлаб кетдими? Ахир у қизини Валид ибн Абдулмаликга бермаганку! Мен:
— Ҳа, шундай... Мана қиз менинг уйимда ўтирибди, ўзларингиз кириб кўринглар.
Қўшни аёллар уйга киришиб кўзларига ишонмасдилар. Қизни кўргач, у билан саломлашиб сўрашиб, мен онамни олиб келгунимча унинг ёлғизлигини билдирмай турдилар. Бир оздан сўнг онам келдилар, келинни кўргач, менга қараб: «Қизни тайёрлаб, ҳурматли аёллар каби келинчак қилиб бергунимча бизни холи қўясан», деб шарт қўйдилар. Мен:
— Ихтиёр сизда, онажон, — деб қайнона келинни холи қўйдим. Бир қанча муддатдан сўнг онам келинни менга топширдилар. Қарасам, у Мадина қизларининг энг гўзалларидан бири экан. Аллоҳнинг китобини энг мукаммал ёд олган қория ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини энг кўп билган ровия экан. Ва бунга қўшимча эрнинг ҳақ-ҳуқуқларини жуда яхши биладиган аёл экан. Бир қанча кун бирга яшадик, шу кунлар ичида қизнинг отаси ҳам ва ёки аҳли-оилаларидан биронталари ҳам келишмади. Мен ўзим яна одатимга кўра масжидга, шайхнинг илм ҳалқаларига бордим. Шайхга салом бериб ўтирдим, саломимга жавоб қайтаришдан нарига ўтмадилар. Дарс тугагандан сўнг, мажлисдагилар тарқалишиб, мендан бошқа ҳеч ким қолмагач, шайх:
— Эй Абу Вадоа, жуфти ҳалолингни аҳволи қандай? — деб сўрадилар. Мен:
— У дўстнинг ҳаваси, душманнинг ҳасади келадиган ҳолатда, — деб жавоб бердим. Шайх:
— Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, — деб қўйдилар. Уйга қайтганимда эса, шайх рўзғоримизни бутлаб олишимиз учун бизга етарли маблағ юборган эканларини билдим.
Абдулмалик ибн Марвоннинг ўғли:
— Бу шайхнинг иши қизиқ экан-а? — деди. Мадиналик киши: «Эй амир, нимаси қизиқ, зеро шайхимиз дунёни охиратга васила қилган, ўзлари ва оилалари учун фоний дунё эвазига боқий охиратни сотиб олгандирлар. Аллоҳга қасамки, шайх қизларини Мўминлар амирининг ўғлига беришга бахиллик қилмаганлар, «қизимни тенги эмас» деб ҳам ўйламаганлар, балки қизларини дунёга мафтун бўлиб қолишидан қўрққанлар. Бу ҳақда дўстларидан бири: «Мўминлар амирининг совчилигини қайтариб, қизингизни оддий мусулмонлардан бирига берасизми?» деб сўраганида. Шайх:
— Қизим менинг бўйнимдаги омонат, мен қилган ишимда фақат унинг фойдасини кўзладим, — деганлар. Атрофдагилар мақсадни яхши англамай: «Яъни, қандай?». Шайх:
— Агар қизим «Умавийлар» қасрларига кўчиб ўтса, қимматбаҳо кийим-кечак ва зеб-зийнатлар ичига тушиб қолса, атрофида хизматкорлар, жориялар гирди капалак бўлиб хизмат қилишса, бир муддатдан кейин эри халифа бўлса, қани айтингчи, шундай бўлса қизимнинг дини нима бўлади? — деб жавоб берган эдилар. Шом аҳлидан бўлган ва ўша ерда ўтирган бир киши: «Шайхингиз ноёб кишилар сирасидан кўринадилар», деди. Мадиналик киши: «Ҳақ гапни айтдингиз. Шайх кундузи соим, кечаси қоимдирлар. Қирқ марта ҳаж қилганлар. Мана қирқ йилдирки, Масжидун Набийда такбири таҳримани ўтказиб юбормаганлар. Шунча муддатдан бери доим биринчи сафда турганларидан, намозда бировнинг елкасига кўзлари тушмаган. Қурайш аёлларидан истаганларига уйланиш имконлари бўла туриб, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг қизларини бошқа аёллардан афзал кўриб, унга уйланганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинликлари, ҳадисларини энг кўп ривоят қилганлари ва у зотдан илм олишга рағбатларининг ўта кучли бўлгани бунга сабаб бўлгандир.
Саид ибн Мусаййаб ёшлик чоғлариданоқ ўзларини илмга бағишладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг азвожи мутаҳҳараларидан илм ва одоб-ахлоқ ўргандилар. Улардан кўп фойда олиб, йўлларини тутдилар. Бундан ташқари Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умарга шогирд бўлиб дарс олдилар. Усмон ибн Афвон, Алий ибн Абу Толиб, Суҳайб Румий ва бошқа саҳобаи киромлардан, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин, дарс тинглаб, панду насиҳатлар олдилар. Уларнинг хулқлари билан хулқландилар, сийрату шамоиллари билан зийнатландилар.
Ҳаётлари давомида бир калимани доим такрорлаб юрардилар, ҳатто бу сўз шайхнинг шиорларидек бўлиб қолган эди: «Бандалар Аллоҳга тоат билангина ўзларини азиз қиладилар... Аллоҳга маъсият қилиш билан эса ўзларини хор қиладилар...».

 

Саид ибн Жубайр
«Саид ибн Жубайр қатл қилинди ва ҳолбуки Ер юзидаги ҳар бир одам унинг илмига муҳтож эди».
Аҳмад ибн Ҳанбал
Бақувват жисмли, келишган, тетик ва шу билан бирга, қалби уйғоқ, ўта фаросатли, яхшиликларга интилувчан ва ёмонликлардан четланган навқирон бир йигит бор эди. Рангининг қоралиги, жингалак сочи ва аслининг ҳабаший экани, ёш бўлишига қарамасдан унинг ўта ноёб алоҳида шахсиятига путур етказмас эди.
Асли ҳабаш бўлса ҳам араб бўлиб кетган бу йигит, илм уни Аллоҳга элтувчи, тақво эса жаннатга етказувчи мустаҳкам тўғри йўл эканини идрок этиб, тақвони ўнг тарафига, илмни сўл тарафига қўяди ва икки қўли билан уларни маҳкам тутган ҳолда, ҳаёт сафарида оғишмай-толишмай илдам одимлаб боради... Ёшлик чоғиданоқ одамлар уни ё таълим олаётган китобини муккасидан кетиб ўқиётган ва ё бўлмаса жойнамози устида туриб ибодат қилаётган ҳолда кўрардилар... Юқоридаги сифатлар соҳиби мусулмонларнинг дурдоналаридан бўлмиш Саид ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳдир.
Саид ибн Жубайр бир қанча улуғ саҳобалар, жумладан, Абу Саид Худрий, Адий ибн Ҳотим, Абу Мусо Ашъарий, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Оиша розияллоҳу анҳо ва анҳумлардан таълим олдилар. Лекин асосий ва катта устозлари бу умматнинг олими, илм денгизи Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бўлганлар. Саид ибн Жубайр Абдуллоҳ ибн Аббосдан соя каби ажралмас эдилар... У зотдан Қуръон, тафсир, ҳадис ва унинг шарҳларини ўргандилар... Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо қўлларида диний илмни чуқур ўрганиб фақиҳ бўлдилар, тафсирдан таълим олиб буюк муфассир бўлиб етишдилар... Буларга қўшимча ўлароқ араб тили ва унинг қоидаларини шундай мукаммал ўргандиларки, ҳатто ўз замоналарида Ер юзидаги ҳар бир одам у зотнинг илмига муҳтож эди.
Сўнгра Ислом диёрларида илм-маърифат излаб Аллоҳ хоҳлаганича кездилар. Режаларидаги илмни ҳосил қилгач, Куфани ўзларига макон тутиб, унинг аҳлига устоз ва имом бўлиб шу ерда яшадилар.
Рамазон кечаларида одамларга имом бўлиб намозга ўтсалар, бир кеча Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатида намоз ўқисалар, яна бир кун Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг қироатида, учинчи кун эса яна бир бошқа саҳобанинг қироатида намоз ўқиб берардилар.
Ўзлари ёлғиз намоз ўқиганларида эса кўпинча бир намозда Қуръоннинг ҳаммасини ўқир эдилар... Аллоҳ таолонинг сўзи бўлмиш: «... тезда билурлар. Ўшанда улар бўйинларида кишанлар ва занжирлар ила тортилурлар. Ўта қайноқ сувга. Сўнгра оловда куйдирилурлар» ояти ва шу каби ваъда ё ваъид оятларини ўқисалар этлари жимирлар, қалблари эзилиб, кўзларидан тирқираб ёш оқарди ва шу оятни такрор-такрор ўқийверганларидан ҳалок бўлишга яқин бўлардилар.
Саид ибн Жубайр йилда икки маротаба Байтул Ҳаромга боришни одат қилган эдилар... Бири Ражаб ойида умра учун, иккинчиси Зул-Қаъда ойида ҳаж учун ният қилиб эҳром боғлардилар.
Илм толиблари, яхшилик ва насиҳат шайдолари Саид ибн Жубайрнинг мусаффо илм булоқларидан қониб-қониб ичиш, кўрсатмаларини олиш мақсадида Куфага келар эдилар. «Аллоҳдан қўрқиш қандай бўлади?» деб сўраган кишига: «Аллоҳдан қўрқишинг сен билан гуноҳларинг ўртасини тўса олса, мана шу Аллоҳдан қўрқиш бўлади», деб жавоб берсалар, зикр ҳақида сўраган кишига: «Аллоҳ таолога итоат қилиш зикрдир, ким Аллоҳга юзланса ва Унга итоат қилса, Аллоҳни зикр қилган бўлади, ким Аллоҳга юзланмаса ва Унга итоат қилмаса, Аллоҳни зикр қилувчилардан бўлмайди, агарчи кечанинг ҳаммасини зикр ва тиловат билан ўтказган бўлса ҳам», деб жавоб берардилар.
Саид ибн Жубайр Куфани ўзларига ватан қилган дамларда, Куфа Ҳажжож ибн Юсуф Сақафийнинг қўл остида эди. Ҳажжож ўша вақтда Ироқ, Машриқ ва Мовароуннаҳр диёрларининг волийси бўлиб, Абдуллоҳ ибн Зубайрни қатл қилиб, у кишининг ҳаракатига чек қўйган, Ироқни Умавийлар салтанатига бўйсиндирган ва у ер, бу ерларда чиққан қўзғолонларни бостириб, одамлар бўйинларида қиличини ўйнатиб турган, бутун шаҳарларга қўрқувни ёйиб, қалблар ундан ҳайиқиш ва азобидан қўрқув билан тўлиб-тошган ҳокимлик даврининг энг юқори чўққисига чиққан дамлар эди.
Шундай бир пайтда Ҳажжож билан унинг ўз қўмондонларидан бири Абдурраҳмон ибн Ашъас орасида зиддият чиқиб, бу зиддият қуролли тўқнашувга айланиб кетди. Натижада бу фитна ҳўлу қуруқни ажратмай домига ютди ва мусулмонларнинг жисмларида чуқур жароҳатларни қолдирди.
Бу фитнанинг тафсилоти қуйидагича бўлган: «Ҳажжож ўзининг қўмондонларидан бири Абдурраҳмон ибн Ашъасни катта қўшин билан, Сижистоннинг орқа тарафидаги минтақаларга эгалик қилган турк подшоҳи Ратбилга қарши ғазотга юборади. Музаффар қўмондон Ратбилнинг анча ерларини фатҳ қилиб, мустаҳкам қўрғонларини эгаллаб олади ва унинг шаҳар ва қишлоқларидан катта ўлжаларни қўлга киритади. Сўнг Ҳажжожга катта нусрат, ғалаба хушхабарини айтиш учун элчиларни ва уларга қўшиб мусулмонлар байтул молининг ҳаққи бўлган ўлжанинг бешдан бирини ҳам юборади. Яна қўмондон Ҳажжожга бир мактуб ёзиб, унда душман шаҳарларини яхши ўрганиш, унга кириш чиқиш йўллари, табиати ва ҳолатини текшириш, унинг ноаниқ бўлган тоғ ора йўлларига кириб, музаффар лашкарни хатарга қўймаслик учун, бир муддат жанг қилмай туришга изн сўрайди. Мактубни ўқиган Ҳажжож ғазабга келиб, қўмондонни қўрқоқлик ва заифлик билан сифатлаб, ўлдириш, қонини тўкиш, лашкар қўмондонлигидан четлатиш кабилар билан таҳдид қилади. Абдурраҳмон лашкардаги эътиборли кишиларни ва катибалар қўмондонларини чақириб, Ҳажжожнинг мактубини ўқиб беради ва бу ҳақда маслаҳат сўрайди. Улар Ҳажжожнинг тоатидан чиқиб, унга қарши уруш қилишни маслаҳат берадилар. Шунда Абдурраҳмон: «Шундай қилсам сизлар менга байъат берасизми ва Аллоҳ таоло Ироқ ерларини унинг ёмонликларидан поклаши учун, унга қарши жиҳодимда менга ёрдамчи бўласизми?» деб айтган эди, ҳаммалари унга байъат бердилар.
Шундай қилиб Ҳажжожга қарши нафрат билан тўлиб ёнган Абдурраҳмон ибн Ашъаснинг лашкарлари билан, Ҳажжож лашкарлари ўртасида қаттиқ жанг бўлиб, унда Абдурраҳмоннинг қўли баланд келди. Сижистонни тўлиқ эгаллаб, Форс ерларининг ҳам катта қисмини қўлга киритди. Сўнг Куфа билан Басрани ҳам Ҳажжожнинг қўлидан тортиб олишга отланди.
Икки гуруҳ ўртасида жанг алангаси ловуллаб турган, Абдурраҳмон ибн Ашъас зафар устига зафарга эришиб турган бир пайтда, Ҳажжож рақибининг қувватини янада зиёда қиладиган бир муаммога дуч келади. У ҳам бўлса шаҳар волийлари Ҳажжожга хат йўллашиб, унда: «Аҳли зиммалар жизя тўлашдан халос бўлиш учун Исломни қабул қилиб мусулмон бўлишмоқда ва ишлаб турган қишлоқларини ташлаб шаҳарларга кўчиб келишмоқдалар. Натижада ердан олинадиган хирож тушмай қолганига хазиналар ҳам бўшаб қолди», дедилар. Ҳажжож Басрадаги ва бошқа шаҳарлардаги волийларига мактуб йўллаб: «Шаҳарларга кўчиб келган зиммийларни жамлаб, қанча олдин кўчган бўлсалар ҳам ҳаммаларини яна қишлоқларга қайтаринг!» деб амр қилади. Волийлар буйруқни бажаришга киришадилар ва зиммийлардан жуда кўпчиликни диёрларидан ҳайдаб, тирикчиликларидан айриб, шаҳар чеккаларига жамлайдилар. Улар билан бирга хотинлари ва болаларини ҳам чиқариб юборадилар. Уларни анча илгари ташлаб кетган қишлоқларига қайтиб боришга мажбур қилдилар. Аёллар, болалар ва қариялар дод вой қилиб йиғлашар, ёлворишар, ё Муҳаммад... Ё Муҳаммад деб нидо қилишар, нима қилишни, қаерга боришни билмай ҳайрону лол эдилар. Басранинг олиму фуқаҳолари орага тушиб уларга ёрдам бериш учун чиқдилар, аммо имкон қила олмасдан, уларга қўшилиб йиғлаб, Аллоҳдан мусибатларини аритишни тиладилар.
Абдурраҳмон ибн Ашъас бу фурсатни ғанимат билиб, олиму фуқаҳоларни ўзига қўшилишга чақирди. Унинг бу чақириғига, Саид ибн Жубайр, Абдурраҳмон ибн Абу Яъло, Шаъбий, Абул Бухтарий бошчилигида бир қанча улуғ тобеинлар ва уламолар ижобат қилдилар.
Икки гуруҳ орасида уруш тегирмони айлана бошлади. Аввалида Абдурраҳмон ибн Ашъас ва унинг лашкари, Ҳажжож ва унинг аскари устидан ғолиб келаётган эди. Лекин кейинга бориб Ҳажжожнинг палласи оз-оздан оғир келиб, охири Абдурраҳмон ибн Ашъас тор-мор этилди. Унинг ўзи қочиб қутулиб қолди. Лашкарлари эса Ҳажжож ва унинг лашкарларига таслим бўлдилар.
Ҳажжож жарчисига амр қилиб, енгилган жангчиларни унга бўлган байъатларини янгилашга чақирди. Уларнинг аксарлари бу чақириқни қабул қилдилар, айримлари эса қабул қилмай яшириниб юрдилар. Саид ибн Жубайр яшириниб юрганлар орасида эдилар. Таслим бўлганлар байъатни янгилашга келганларида, кутилмаган ҳолатга дуч келиб қолдилар... Ҳажжож байъатдан олдин, ҳар бир байъат берувчидан сўрай бошлади: «Мўминлар амирининг волийсига берган байъатингни бузишлик билан кофир бўлганинга гувоҳлик берасанми? Агар: «Ҳа» деб айтса, янгидан бераётган байъатини қабул қилар ва қўйиб юборар эди. Ва агар: «Йўқ», деса қатл қиларди.
Уларнинг баъзилари Ҳажжождан қўрқиб, жонини сақлаб қолиш учун кофир бўлганига иқрор бўлар, баъзилари эса кофир бўлдим дейишни ўзига эп кўрмасди, буни инкор қилиб, оғир санарди ва бу бош тортишнинг тўловини бўйнини қиличга тутиш билан тўларди. Бир неча минг кишилар қатл қилинган ва яна бир неча мингги куфрга иқрор бўлиб ўлимдан қутулиб қолган бу ваҳшиёна қирғиннинг хабари кенг тарқалди.
Шулардан бири: «Хасъам қабиласидан бўлган бир қария, икки гуруҳга ҳам қўшилмай Фурот дарёсининг орқасида яшар эди. Ҳажжожнинг ҳузурига олиб келинганлар қаторида қарияни ҳам олиб келишганда, Ҳажжож унинг нима ишлар қилгани ҳақида сўради. Қария:
— Бу уруш олови чиққанида, мен мана шу дарё орқасида уруш нима билан тугашини кутиб турдим. Сиз ғолиб бўлгач байъат қилишга келдим, — деди.
Ҳажжож:
— Ўлим бўлсин сенга, амиринг билан бирга жанг қилмай кутиб ўтирдингми? — деди, сўнг дағдаға қилиб:
— Кофир бўлганинга гувоҳлик берасанми?
Қария:
— Саксон йил Аллоҳга ибодат қилиб, сўнг кофир бўлдим, деб гувоҳлик берсам, қандай ҳам ёмон одам бўламан.
Ҳажжож:
— Унда сени қатл қиламан.
Қария:
— Агарчи қатл қилсанг ҳам бундай демайман. Аллоҳга қасамки, умримдан қолган бўлса, эшак ташналикка сабр қила оладиганча муддат қолгандир. (Бирон ишнинг ниҳояси яқин эканига ишора қилиш учун айтиладиган арабча мақол. Тарж). Эшак эрталабда сув ичса-ю, кечга бориб суғорилмаса ўлиб қолади. Шундоқ ҳам мен ўлимни эрта-ю кеч кутиб ўтирибман. Хоҳлаганингни қилавер. Ҳажжож жаллодга:
— Бўйнига ур буни, — деди. Жаллод бўйнига қилич солиб қарияни қатл қилди. Ҳозир бўлганларнинг ҳаммалари Ҳажжож тарафдорлари ҳам, душманлари ҳам қарияга ачиниб такбир айтдилар ва Аллоҳ раҳматига олсин, — деб дуо қилдилар.
Сўнг Комил ибн Зиёд Нахаий олиб келинди.
Ҳажжож унга: «Кофир бўлганинга гувоҳлик берасанми?».
Ибн Зиёд: «Аллоҳга қасамки гувоҳлик бермайман».
Ҳажжож: «Унда сени ўлдираман».
Ибн Зиёд: «Нима ҳукм қилсанг қилавер... Аллоҳнинг ҳузурида кўришамиз... Ўлдиришдан сўнг ҳисоб-китоб бор».
Ҳажжож: «Ўша кунда ҳужжат сенинг зарарингга бўлади, фойдангга эмас».
Ибн Зиёд: «У кунда агар сен қози бўлсанг, ҳа шундай бўлади». Ҳажжож: «Ўлдиринглар». У ҳам қатл қилинди.
Сўнг яна бир кишини олиб келинди. Бу киши Ҳажжожни масхара қилиб юрганлиги ҳақида хабарни эшитган Ҳажжож уни ёмон кўриб қолган, шунинг учун уни қатл қилиш имконини излаб юрган эди. Ҳажжож унга:
— Мен қаршимда кўриб турган бу киши ўзини кофир бўлганига гувоҳлик бермайдиганлардан, деб ўйлайман.
У киши:
— Мени ҳалокатга ташламанг ва мен ҳақимда менда бўлмаган нарсани айтманг. Мен Ер аҳлининг энг кофириман, қозиқлар эгаси бўлган Фиръавндан ҳам кофирроқман, — деди. Ҳажжож уни қўйиб юборди, аммо уни қатл қилишга бўлган ташналигидан унинг ичи ёнар эди.
Бир неча минг собитқадам кишилар қатл қилинган ва яна бир неча мингги куфрни ўзларига тамға қилишга мажбурланган бу ваҳшиёна қирғиннинг хабари кенг тарқалди. Саид ибн Жубайр ҳам, агар Ҳажжожнинг қўлига тушиб қолса, учинчиси бўлмаган мана шу икки иш: ё бўйни узилиши ва ёки куфрни ўзига тамға қилиб босишга мажбурланиши унинг ҳам бошига тушишини аниқ билди. Ҳолбуки бу икки ишнинг энг ширини ҳам аччиқдир. Шунинг учун у Ироқдан чиқиб кетиб, кўзга кўринмай яшириниб юришни танлади.
Аллоҳнинг кенг ерида Ҳажжож ва унинг жосусларидан яшириниб, Макка ерларидаги кичик бир қишлоққа қочиб келди ва шу зайлда тўлиқ ўн йил ҳаёт кечирди. Бу йиллар Ҳажжожнинг қалбида ёнаётган ўч олиш оловини ўчириш ва ундаги ғазабни кетказиш учун етарлидек кўринганди. Аммо ҳеч ким кутмаган ҳодиса рўй берди... Маккага Холид ибн Абдуллоҳ Қасрий исмли Умавийлар томонидан янги ҳоким тайинланди. Бу ҳокимнинг ёмон хулқи ва ундан кутиладиган ёмонликлардан хавсираган Саид ибн Жубайрнинг дўстлари келишиб: «Бу ҳоким Маккага тайинланиб қолди, Аллоҳга қасамки биз сиздан хавотирдамиз, шунинг учун бизнинг талабимизга кўниб, бу ерлардан чиқиб кетсангиз», дедилар. Шунда Саид ибн Жубайр: «Шунча йил қочиб юрдим, Аллоҳга қасамки, энди яна қочишга Аллоҳдан уяламан... Шу жойимда қолишга қарор қилдим... Аллоҳ не кунни бошимга солса розиман», деб жавоб бердилар.
Дарҳақиқат янги ҳоким одамларнинг у ҳақида қилган ёмон гумонларини ёлғонга чиқармади. У Саид ибн Жубайрнинг турган ерларини билиб қолиб, Саид ибн Жубайрни қўлга олиш ва «Восит» шаҳридаги Ҳажжожнинг қароргоҳига олиб бориш учун дарҳол бир тўда аскарини юборди. Лашкарлар Саид ибн Жубайрнинг уйини қуршаб олиб, шайхнинг айрим шогирдлари кўз ўнгида у зотнинг қўлларига кишан тақдилар ва Ҳажжожнинг ҳузурига олиб кетишларини билдирдилар. Шайх бу хабарни хотиржам қабул қилдилар ва шогирдларига ўгирилиб дедилар: «Мен бу золимнинг қўлида қатл қилинаман, деб ўйлайман. Чунки мен икки шеригим билан ибодат ила ўтказаётган кечалардан бирида, дуо ҳаловатини ҳис этиб, Аллоҳга ёлвориб, тазарру билан кўп дуо қилдик. Охирида учовимиз ҳам Аллоҳ бизларга шаҳидликни насиб этишини илтижо қилиб Аллоҳдан сўрадик. Аллоҳ таоло икки шеригимга шаҳидликни насиб этди, энди мен ўз насибамни кутиб турибман», дедилар. Саид ибн Жубайр сўзларини тугатмаган ҳам эдиларки, ичкаридан кичкинагина қизчалари чиқиб қолди ва отасининг қўлига кишан тақиб аскарлар уни олиб кетаётганини кўриб, отасига қаттиқ ёпишиб олиб ҳўнграб йиғлаб юборди. Қизчани юмшоқлик билан оҳиста ўзларидан сурдилар ва шундай дедилар: «Эй қизалоғим, онангга айтиб қўй: «Иншааллоҳ энди жаннатда кўришамиз...»», дедилару жўнаб кетдилар...
Лашкарлар олим, обид, зоҳид ва муттақий имомни Восит шаҳрига олиб келдилар ва Ҳажжожнинг олдига олиб кирдилар. Ҳажжож шайхга ғазаб билан тикилиб туриб сўрай бошлади:
— Исминг нима?
— Саид ибн Жубайр.
— Йўқ, сен Шақий ибн Кусайрсан (Исмларининг аксини айтди).
— Исмимни ота-онам сендан кўра яхши билишган.
— Муҳаммад ҳақида нима дейсан?
— Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни назарда тутяпсанми?
— Ҳа.
— Одам болаларининг саййиди, Аллоҳ ихтиёр этган Пайғамбар. Аввалда ўтган ва кейинда келадиган башариятнинг энг яхшиси. Рисолатни етказдилар ва омонатни ўтадилар. Аллоҳ ва Унинг Китобига, мусулмонларнинг оммаси ва хосларига холис бўлиб ўтдилар.
— Абу Бакр ҳақида нима дейсан?
— Абу Бакр Сиддиқ, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси, бахтли яшадилар ва мақтовга сазовор бўлиб кетдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан бирон нарсани ўзгартирмай ўтиб кетдилар.
— Умар ҳақида нима дейсан?
— Умар Аллоҳ таоло ҳақ билан ботилни у билан ажратган Форуқдир. Аллоҳ таоло ва Унинг пайғамбари уни яхши кўргандирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакрнинг юрган йўлларида собит туриб ўтиб кетдилар. Бахтли яшадилар ва шаҳид қилиндилар.
— Усмон ҳақида нима дейсан?
— У Табук ғазотидаги «Жайшул усра»ни жиҳозлаган. Рума қудуғини қазитган. Жаннатдан ўзига уй сотиб олган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки қизларига уйланган куёвлари бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам осмондан инган ваҳий билан уни уйлаганлар. Усмон ибн Афвон зулм билан қатл қилиндилар.
— Алий ҳақида нима дейсан?
— Алий ибн Абу Толиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакиларининг ўғли. Болалардан энг биринчи Исломни қабул қилган. Фотимаи заҳрога уйланган. Жаннат аҳли йигитларининг саййидлари Ҳасан ва Ҳусайннинг оталаридир.
— Умавий халифаларнинг қай бири сенга кўпроқ ёқади?
— Яратганни рози қилувчироғи.
— Уларнинг қай бири Яратганни рози қилувчироқдир?
— Бунинг илми уларни ичию ташини Билувчи Зотнинг ҳузуридадир.
— Мен ҳақимда нима дейсан?
— Қандайлигингни ўзинг яхшироқ биласан.
— Мен сенинг фикрингни билмоқчиман.
— Фикримни билишинг сени хафа қилади, хурсанд қилмайди.
— Фикрингни ўзингдан эшитишни истайман.
— Сен Аллоҳнинг Китобига хилоф ишлар қиласан. Ҳайбатли бўлишни хоҳлаб баъзи ишларга қадам босасан ва ҳолбуки у сени ҳалокатга олиб боради ва сени дўзахга улоқтириб юборади.
— Аллоҳга қасамки, сени албатта қатл этаман.
— Агар шундай қилсанг, менинг дунёйимни барбод қиласан, мен эса сенинг охиратингни барбод қиламан.
— Сени қандай қатл этилишни хоҳлайсан, ўзинг танла!?
— Балки буни сен танла, эй Ҳажжож, Аллоҳга қасамки, сен мени қандай қатл қилсанг, охиратда Аллоҳ таоло сени ҳам худди шундай қатл этади.
— Сени афв этишимни истайсанми?
— Афв этиш Аллоҳ таоло тарафидан бўлади, сенинг афвингнинг эътибори йўқ.
Ҳажжож дарғазаб бўлиб қичқирди: «Ҳой ғулом, қилич билан кундани келтир». Саид ибн Жубайр табассум қилдилар.
Ҳажжож: «Бу нима табассум?».
Саид ибн Жубайр: «Аллоҳ таолога журъат қилишингни ва Аллоҳнинг сенга ҳалимлигини кўриб ажабланяпман».
Ҳажжож: «Ҳой ғулом, буни қатл эт!».
Саид ибн Жубайр қиблага юзланиб: «Мен ҳақ йўлга мойил бўлган ҳолимда юзимни осмонлар ва Ерни яратган Зотга қаратдим ва мен мушриклардан эмасман», оятини ўқидилар.
Ҳажжож: «Унинг юзини қибладан буриб қўйинглар», деди.
Саид ибн Жубайр: «...қай тарафга юз бурсангиз, ўша жой Аллоҳнинг тарафидир», оятини ўқидилар.
Ҳажжож: «Унинг юзини ерга қаратинглар!» деди.
Саид ибн Жубайр: «Биз сизларни (ердан) яратдик, яна унга қайтарурмиз ва (Қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз», оятини ўқидилар.
Ҳажжож қичқириб: «Аллоҳнинг душманини ўлдиринглар, Қуръон оятларини келтиришга бундан кўра кучлироқ кишини кўрмаган эдим», деди. Шунда Саид ибн Жубайр икки қўлларини кўтариб: «Эй Аллоҳ, мендан сўнг Ҳажжожга бирон одамни қатл қилиш имконини берма», деб дуо қилдилар.
Саид ибн Жубайрнинг фожиали ўлимларидан сўнг ўн беш кун ўтар-ўтмас, Ҳажжож иситмалаб, касали кундан-кун зўрая бошлади. Озгина кўзи илинар ва бирдан уйғониб кетарди. Ана шундай кўзи илинган пайтида, бирдан қаттиқ чўчиб уйғонар ва: «Саид ибн Жубайр мени бўғяпти, Саид ибн Жубайр мени нега қатл этдинг деяпти», деб бақирар эди. Сўнг йиғлаб: «Саид ибн Жубайр билан мени нима ишим бор эди-я! Уни мендан даф қилинглар...», дер эди.
Ҳажжож вафот этиб, устидан тупроқ тортилгач, одамлардан бири уни тушида кўриб: «Эй Ҳажжож, сен қатл қилган одамлар ҳақида Аллоҳ сени нима қилди?» деб сўраган экан, Ҳажжож: «Ҳар бир қатл қилган одамим бадалига Аллоҳ мени бир марта қатл қилди, аммо Саид ибн Жубайрни қатл қилганим учун мени етмиш маротаба қатл қилди», деб жавоб берибди.


Муҳаммад ибн Восеъ ал-Аздий
«Амирларнинг қорилари бор, бойларнинг қорилари бор,
Муҳаммад ибн Восеъ Раҳмон таолонинг қориларидандир».
Молик ибн Дийнор
Биз ҳозир Мўминлар амири Сулаймон ибн Абдулмаликнинг халифалик давридамиз...
Мана бу Исломнинг қинидан суғурилган қиличларидан бири ва Хуросоннинг кучли волийси Язид ибн Муҳаллаб ибн Абу Суфра, шаҳидлик излаган кўнгиллилардан ташқари, ўзининг юз мингдан ортиқ лашкари билан душман томон олға юриб бормоқда... У Журжон ва Табаристонни фатҳ қилишни ўз олдига мақсад қилган. Кўнгиллиларнинг аввалида улуғ тобеин, зайнул-фуқаҳо, Басранинг обиди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ходими, улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг шогирди Муҳаммад ибн Восеъ Аздий ал-Басрий эдилар.
Язид ибн Муҳаллаб лашкарлари билан Диҳистонга келиб тушди. Диҳистонда ниҳоятда кучли-қувватли ва мустаҳкам қўрғонлар билан ҳимояланган туркларга мансуб бир қавм яшар эди. Улар мусулмонларга қарши ҳар куни жангга чиқишар, қийинчиликка дуч келиб қаттиқ қаршиликка учрасалар, баланд тоғларига ва тоғ ораларига чекинишиб, тоғнинг баланд ва мустаҳкам қоялари билан ҳимояланиб олардилар.
Муҳаммад ибн Восеъ Аздий кексайиб қолгани ва жисмининг заифлашганига қарамай, бу жангда унинг катта ўрни бор эди. Мусулмон лашкарлари унинг пок юзидан таралаётган иймон нуридан баҳраманд бўлар, унинг ширин тилидан чиқаётган қайноқ нидоларни эшитиб тетиклашар ва оғир дамларда унинг мустажоб дуолари билан қалблари ором олар эди. Унинг одатларидан яна бири, ҳар қачон қўмондон жанг бошлаганида, у:
«Эй Аллоҳнинг отлиқлари олға! Эй Аллоҳнинг отлиқлари олға!» деб нидо қилар, унинг чақириғини эшитган аскарлар таъсирланиб, худди шер ўлжасига ташланганидек, душманга ёпирилар, ташна одамнинг жазирама кунда муздек сувга талпинганидек, жанг майдонига талпинар эдилар.
Ана шундай қирғин-баротларнинг бирида душман тарафдан бир отлиқ чавандоз майдонга чиқди. Унинг баҳайбатлиги, бақувватлиги, журъати ва шаҳди мисли кўрилмаган даражада эди. Жанг майдонида отини гижинглатиб у ердан бу ерга айлана бошлади ва мусулмонларни жойларидан четга суриб, уларнинг қалбларига қўрқув ва ҳайбат солиб қўйди. Сўнг кибрланган ва беодоблик билан мусулмонлардан бирини якама-якка олишувга чақирди. Такрор-такрор чақиравергач, охири Муҳаммад ибн Восеъ паҳлавон билан яккама-якка олишувга чиқишга бел боғладилар. Ана шунда мусулмон чавандозларнинг ҳамияти қўзиб кетди ва улардан бири шайхга юзланиб, қасам ичиб деди: «Шайх, сиз бундай қилманг, буни менга қўйиб беринг...». Шайх рози бўлиб, унга нусрат ва мадад сўраб Аллоҳга дуо-илтижолар қилди.
Шундай қилиб олишув бошланди. Ҳар иккала чавандоз рақибига ўлимга боққандай қарар эди. Улар икки кучли шер мисоли бир-бирларига ташландилар. Атрофдаги ҳар бир аскарнинг қалби-ю кўзи бу икки паҳлавонга қадалган... Чамаси бир соатча қаттиқ олишдилар, бундай олишув уларнинг тинкаларини қуритди ва ниҳоят иккала паҳлавон бир вақтда бир-бирининг бошига қаттиқ зарба бердилар. Туркийнинг зарбаси, мусулмон чавандознинг дубулғасига (темирдан ясалган бош кийим, шлем) келиб тушди ва қиличи дубулғада михланиб қолди. Мусулмон чавандознинг қиличи эса, рақибнинг пешонасига келиб тушди ва унинг бошини иккига бўлиб юборди... Сўнг ғолиб паҳлавон мусулмонлар сафига мисли кўрилмаган суратда қайтди. Унинг ҳолатини кўриб, ҳамма даҳшатга тушди. Чунки унинг қўлидаги қиличидан қон оқар, дубулғасига қадалган қилич эса қуёшнинг нурида ярақлаб турар эди. Мусулмонлар уни таҳлил, такбирлар билан Аллоҳга ҳамд айтиб кутиб олдилар. Язид ибн Муҳаллаб чавандознинг бошида ва қўлида ялтираб турган қиличга қараб:
— Отасига раҳмат! Ким экан бу чавандоз? — деди. Атрофдагилар:
— Муҳаммад ибн Восеъ дуосининг баракоти етган чавандоз бу, — дедилар.
Туркий паҳлавон қатл қилинганидан сўнг, мусулмонлар палласи босиб кетди. Қуруқ хашакка ўт кетгани каби қўрқув ва саросима мушриклар ичида тез ёйилди, мусулмонлар қалбида эса жасорат ва азизлик олови аланга олиб, Аллоҳнинг душманлари устига селдай ёпирилиб келдилар. Бўйинга солинган кишан каби уларни ўраб олдилар, улардан сув ва озуқа йўлларини кесиб қўйдилар. Шундан сўнг мушриклар подшоҳи сулҳдан бошқа йўли қолмаганини англаб, Язид ибн Муҳаллабга чопар юбориб, қўлидаги шаҳарларнинг ҳаммасини ундаги бор нарсалар билан бирга топширишини, эвазига ўзига, молига ва оиласига омонлик берилишини сўраб сулҳ таклиф қилди. Язид унинг таклифини қабул қилиб, етти юз минг дирҳам бўлиб-бўлиб, тўрт юз минг нақд товон тўлашни, заъфарон юкланган тўрт юз улов беришини ва яна ҳар бирининг қўлида бир жом кумуш, бошида эса ипакдан бўлган қалпоқли кўйлак, унинг устида чопон ва аскарларнинг хотинлари кийиши учун бир кийимлик шойи кўтарган тўрт юз киши юборишини шарт қилди. Жанг тугагач, Язид ибн Муҳаллаб хазинабонни чақириб:
— Ҳар бир аскарга ўз ҳаққини тўлиқ адо этишимиз учун ғанимат-ўлжани ҳисоблаб чиқиб менга хабар бергин, — деб топшириқ берди. Хазинабон ва у билан яна бир қанча одам ғаниматни ҳисоблаб чиқишга ҳаракат қилдилар, бироқ, кўплигидан бунинг уддасидан чиқа олмадилар. Шунда ғаниматлар лашкарларга ўзаро розичилик асосида бўлиб берилди.
Мусулмонлар ғаниматлар ичидан соф олтиндан ясалган, дуру гавҳарлар билан безалган, ўзига хос ажойиб нақшлар ўйиб ишланган тож топиб олдилар. Уни кўриш учун ҳамма бўйини чўзар, кўзлар эса унинг ярақлашига тикилганди. Язид тожни қўлига олиб, ҳамма кўрсин, деб уни юқорига кўтарди ва:
— Нима деб ўйлайсизлар, мана шу тождан ўзини тиядиган, унга эътибор бермайдиган одам бормикин? — деди. Лашкар:
— Саломат бўлсинлар, ким ҳам ундан ўзини тия оларди? — дедилар. Язид:
— Мана кўрасизлар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари ичида нафақат бу тождан, балки Ер юзи тўла шунга ўхшаш тожлардан ҳам ўзини тиядиган, уни сариқ чақага ҳам олмайдиганлар бор, — деди, сўнг хизматчисига қараб:
— Муҳаммад ибн Восеъни топиб кел, — деб амр қилди. Хизматчи шайхни излаш учун кетди. Қидира-қидира охири одамлардан узоқ бир ерда нафл намоз ўқиб, дуо-илтижолар ва истиғфорлар айтиб турган ҳолатларида топди. Шайхнинг олдига келиб:
— Амиримиз сизни йўқлаётган эдилар, шу онда боришингизни илтимос қилдилар, — деди. Шайх хизматчи билан бирга амирнинг олдига йўл олдилар. Етиб боришгач, салом бериб амирга яқин ерга ўтирдилар. Амир саломга алик олди ва тожни қўлига олиб:
— Эй Абу Абдуллоҳ, лашкарларимиз мана шу қимматбаҳо тожни қўлга киритибдилар, мен шуни сизга илиниб, сизнинг улушингиз сифатида бермоқчиман, аскарларимиз ҳам бунга рози, — деди. Муҳаммад ибн Восеъ:
— Буни менинг улушимдан қилмоқчимисиз, эй амир?
— Ҳа, сизнинг улушингиздан қилмоқчиман.
— Менинг бунга ҳожатим йўқ, эй амир. Аллоҳ барчангизни яхши мукофотлар билан сийласин.
— Аллоҳга қасам ичиб айтаман, буни албатта оласиз.
Амир қасам ичиб қўйгани учун Муҳаммад ибн Восеъ тожни олишга мажбур бўлдилар. Тожни қўлларига олиб, изн сўраб чиқиб кетдилар. Шайхни билмайдиганлар:
— Ана, тожни ўзлариники қилиб олиб кетдиларку? — деб қолишди. Язид ғуломларидан бирига:
— Шайхнинг кетларидан билдирмай кузатиб борчи, тожни нима қилар эканлар, — деб шайхнинг изларидан юборди. Ғулом шайхнинг кетидан билдирмай кузата бошлади. Муҳаммад ибн Восеъ қўлларида тож билан йўлда кетар эканлар, уст-боши чанг, сочлари тўзғиган, кўримсиз бир киши: «Бу Аллоҳнинг молиданми?» деб сўраб қолди. Шайх ўнг, чап ва орқа томонларига назар ташладилар. Ҳеч ким кўрмаётганига амин бўлгач, тожни тезда сўровчининг қўлига тутқаздилар ва елкаларидаги тоғ қулагандай ўзларини енгил ҳис қилиб, хурсанд бўлиб йўлларида давом этдилар.
Ғулом сўровчининг қўлидан тутганча амирнинг ҳузурига олиб келди ва бўлган воқеани айтиб берди. Амир ундан тожни олиб, эвазига у рози бўладиган миқдорда кўп мол-дунё берди. Сўнгра лашкарга юзланиб:
«Сизларга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари ичида нафақат бу тож, балки бунга бир неча баробар ортиқ келадиганларидан ҳам ўзини тиядиган, уни сариқ чақага ҳам олмайдиганлари бор, деб айтмаганмидим!» деди.
Муҳаммад ибн Восеъ ҳаж мавсуми яқинлашгунига қадар Язид ибн Муҳаллабнинг байроғи остида мушрикларга қарши жиҳодда бўлдилар. Ҳажга оз вақт қолгач, Язиднинг олдига кириб, ҳаж ибодатини бажариш учун кетишга изн сўрадилар. Язид:
— Ихтиёр ўзингизда, эй Абу Абдуллоҳ, истаган вақтингизда йўлга тушишингиз мумкин, ҳаж сафарингизда керак бўладиган йўл ҳаражатларини беришга амр қилдик, — деди. Муҳаммад ибн Восеъ:
— Лашкарнинг ҳар бирига ҳам шунча маблағ ажратишга амр қиласизми?
— Йўқ.
— Мусулмон лашкаридан ажралган ҳолда, фақат ўзимгагина хослаб бериладиган нарса менга керак эмас! — деди-да, хайрлашиб чиқиб кетди.
Муҳаммад ибн Восеънинг кетишлари Язид ибн Муҳаллабга ҳам ҳамроҳликларига ўрганиб қолган барча лашкарга ҳам оғир бўлди. Музаффар лашкар у зотнинг баракотларидан маҳрум бўлиб қолганидан афсусланиб, ҳаж ибодатини адо етгач яна ўз сафларига қайтишларини умид қилиб қолдилар. Бунинг ажабланарли ери йўқ, чунки, Ер юзида таралган мусулмон лашкарларнинг ҳар бир қўмондони, «Басранинг обиди» Муҳаммад ибн Восеъ Аздийнинг ўз сафларида бўлишларига қаттиқ ҳарис эдилар. Улар шайхнинг ўзлари билан бирга бўлишларини катта яхшилик, деб билишар, у кишининг тақволари ва дуолари туфайли Аллоҳ таоло уларга нусрат беришига орзуманд бўлардилар.
Ўзининг наздида ҳақир, аммо Аллоҳ ва одамлар наздида буюк бўлган бундай инсонлар нақадар улуғ! Мана шундай нодир инсонлардан насибадор бўлган тарих нақадар буюк!


Муҳаммад ибн Восеъ Аздий
ҳаётларидан яна бир лавҳа
Басранинг обиди ва фуқаҳоларнинг зийнати
«Муҳаммад ибн Восеъ Аздийнинг
бир бармоғи, мен учун мингта яланғочланган қилични кўтариб
турган мингта паҳлавон йигитдан яхшироқдир».
Қутайба ибн Муслим
Ҳозир биз ҳижратнинг саксон еттинчи йилида турибмиз... Бу эса мусулмонларнинг фахри, фотиҳ қўмондон Қутайба ибн Муслим Боҳилий ўзининг кўп сонли қўшини билан Марв шаҳридан Бухоро минтақаси томон йўлга чиққан бўлиб, у Мовароуннаҳр ерларидан қолганларини ҳам фатҳ қилишни, ундан сўнг Хитой тарафларга ўтиб, у ерларда ҳам ғазот қилиш ва унинг аҳлидан Исломга бўйсинмаганларига жизя солишни мақсад қилган пайтдир.
Қутайба ибн Муслим Сайҳун дарёсидан кечиб ўтиб бўлмади ҳамки, Бухоро аҳли буни билиб қолдилар ва ҳар ерларда уруш ноғораларига уриб, жангга тайёргарликларини бошладилар. Улар яна атрофларидаги Суғд, Турк, Чин ва булардан бошқа қавмларни ҳам ёрдамга чақирдилар. Ранги, ирқи, тили ва дини турли бўлган тўп-тўп жангчилар уларнинг сафига келиб қўшилди ва мусулмонлардан сонда ҳам, тайёргарликда ҳам бир неча баробар кўп бўлган душман мусулмон лашкарининг қаршисига чиқди. Жанга моҳир душман тезлик билан мусулмон лашкарлар юрадиган тоғ оралиқ йўлларни, дара ва сойларни беркитиб ташлади. Ҳаттоки Қутайба ибн Муслим душманнинг ҳолини ўрганиб, унинг хабарини билиб келиш учун юборадиган махфий одамларини ҳам душман тарафга киргиза олмади ва аввалда душманнинг ичига киргизиб юборилган одамларидан биронтаси ҳам у ердан чиқиб келишни ундасидан чиқа олмади.
Қутайба ибн Муслим ўз лашкарлари билан Бойкент шаҳрига яқин ерни ҳарбий лагер қилиб олди ва мана шу жойида олдинга ҳам, орқага ҳам силжиёлмай михланиб қолди.
Душман ҳар тонг отиши билан ўзининг илғор гуруҳини чиқарар ва улар кун бўйи Қутайбанинг лашкарлари билан жанг қилиб, кеч тушиши билан яна мустаҳкам қўрғонларига қайтиб кетарди. Мана шу ҳол тўлиқ икки ой давом этди. Қутайба ҳайрон эди. У бостириб боришми ва ё орқага қайтиб кетишми нима қилишни билмай қолди.
Қутайба ва унинг лашкарининг мана шундай ҳолатда қолганлиги ҳақидаги хабар ҳар ердаги мусулмонларга ҳам етиб борди. Одамлар енгилмас буюк қўмондон ва унинг мағлубият нималигини билмайдиган катта қўшини устида ташвишлана бошладилар. Шаҳар волийларига Мовароуннаҳр диёрида шундай ҳолда қолган лашкар ҳаққига ҳар намоздан сўнг дуо қилиш кўрсатмаси берилди. Мусулмонларнинг дуолари, ёлвориш ва илтижолари билан масжидлар ларзага тушди. Имомлар ҳар намозни Аллоҳдан нусрат ато этишини сўраб тугатар эдилар. Кўпгина мусулмонлар эса кучли қўшинга ёрдамга отландилар. Ёрдамга отланганларнинг олдинги сафида улуғ тобеин Муҳаммад ибн Восеъ Аздий турардилар.
Қутайба ибн Муслимнинг ўта тажрибали ва донолиги билан машҳур бўлган «Тайзар» исмли ажам айғоқчиси бор эди. Душманлар уни ўзларига мойил қилиб олишга муваффақ бўлдилар, унга кўп мол-дунё бериб, ўзининг бор қобилияти ва заковатини мусулмонлар куч-қувватини заифлаштириш ва жанг қилмай бу ерларни ташлаб кетишларига сарфлашини талаб қилдилар.
Тайзар Қутайба ибн Муслимнинг ҳузурига кирди. Унинг мажлиси кибор қўмондонлар ва лашкардаги обрўли кишилар билан тўла эди. Тайзар Қутайбанинг ёнига келиб ўтирди ва оҳиста қулоғига пичирлаб:
— Эй амир, одамларни чиқариб турсангиз, холи қолсак, — деди. Қутайба мажлисдагиларга ишора қилган эди, уларнинг ҳаммалари чиқиб кетдилар. Зирор ибн Ҳусайннинг қолишини Қутайбанинг ўзи талаб қилгани учун у қолди. Учовларидан бошқа ҳеч ким қолмагач, Тайзар Қутайба қараб:
— Эй амир, мен сизга муҳим хабар олиб келдим, — деди. Қутайба бетоқатлик билан:
— Айтақол нима хабар бор? Тайзар:
— Мўминлар амири Дамашқда Ҳажжож ибн Юсуф Сақафийни ва унга тобеъ бўлган барча қўмондонларни ишдан четлатибди. Шу жумладан сизни ҳам. Лашкарларга янги қўмондонларни тайинлаб ҳаммаларини ўз жойларига юборибди. Сизни ўрин босарингиз ҳам бугун-эрта келиб қолса керак. Шунинг учун лашкарни олиб бу диёрлардан кетганингиз ва Марвга қайтиб жанг майдонларидан узоқроқда ишингиз тадбирини қилганингиз маъқулдир, деб ўйлайман. Тайзар сўзини тугатиши билан Қутайба ибн Муслим хизматкори Сиёҳни чақирди. Сиёҳ кириши билан унга деди: «Эй Сиёҳ, бу хоиннинг калласини ол». Сиёҳ унинг калласини танасидан жудо қилдию, тезда хонадан яна чиқиб кетди. Қутайба Зирор ибн Ҳусайнга юзланиб:
— Бу хабарни Ер юзида сен билан мендан бошқа ҳеч ким эшитмади. Мен Аллоҳга қасам ичиб айтаман, агар олиб бораётган мана шу жанггимиз тугашидан олдин, бу гап тарқаб қолгудай бўлса, сени ҳам мана шу хоинга қўшиб қўяман. Агар жонингдан умидинг бўлса, тилингни тийиб юр! Шуни ҳам билиб қўй, бу хабарнинг тарқалиши, лашкарнинг қувватини кетказиб, енгилишимизга сабаб бўлади, — деди. Сўнгра чиқариб юборган одамларни киришларига изн берди. Улар киришиб Тайзарнинг боши танидан жудо бўлиб, қонига беланиб ётганини кўришгач ҳайрат ва қўрқувдан ёқаларини ушладилар ва нима дейишларини билмай, жим бўлиб қолдилар. Шунда Қутайба ибн Муслим уларга:
— Ғаддор хиёнатчи кишининг қатлидан нега қўрқасизлар? — деди. Улар:
— Биз уни мусулмонларга холис, деб ўйлар эдик, — дейишди. Қутайба:
— Мусулмонларни алдаган эди, Аллоҳ унинг гуноҳига яраша жазолади. Сўнг овозини баланд қилиб: «Энди душманга қарши жангга чиқинглар ва шу кунга қадар жанг қилаётган юракдан бошқа юрак билан душманга қарши жанг қилинглар!» — деди.
Лашкар ўз қўмондонининг амрини бажариш мақсадида ҳаракатга тушди. Душман билан тўқнашиш учун тўсиқлардан ошиб ўтди. Икки томон лашкарлари саф бўлишгач, мусулмонлар душманинг сон жиҳатдан кўплигини ва қурол-аслаҳалари ҳам мукаммал тўлиқ эканини кўриб, қалбларига бир оз улардан қўрқув ва ҳайбат оралагандек бўлди. Лашкарнинг бу ҳолини пайқаган Қутайба ибн Муслим шахсан ўзи катибалар орасида юриб ҳамиятни қўзғатиб, куч-ғайрат ва иродани маҳкамлай бошлади.
Жангдан олдин Қутайба ёнидагиларга қараб:
— Муҳаммад ибн Восеъ Аздий қаердалар? — деб сўради.
— Шайх ўнг қанотдалар, эй амир.
— Нима қиляптилар?
— Найзаларига суяниб, кўзлари бир ерга тиккан ҳолда, кўрсатгич бармоқларини осмонга қаратиб турибдилар. Ҳузурингизга чақирайликми?
— Йўқ, ўз ҳолларига қўйинглар, дуо қилаверсинлар. Аллоҳга қасамки, унинг бир бармоғи, мен учун мингта яланғочланган қилични кўтариб турган, мингта паҳлавон йигитдан яхшироқдир, биз у кишини дуолари мустажоб зотлардан деб биламиз.
Ваҳший шерлар бир-бирига ташлангани каби, мусулмон лашкари билан куфр лашкари ҳам бир-бирларига шундай ташландилар... Бўронли кундаги жўшқин денгиз тўлқинларининг бир-бирига тўқнашиши каби, икки лашкар ҳам шундай тўқнашдилар...
Аллоҳ таоло мусулмонларнинг қалбларига ором туширди ва уларга Ўз томонидан бўлган Руҳ билан мадад берди. Мусулмонлар кун бўйи душманни қиличдан ўтказдилар. Кеч киргач эса Аллоҳ таоло мушрикларнинг оёқларига титроқ, қалбларига эса қўрқув солди. Орқага қарамай қоча бошладилар. Мужоҳидлар уларнинг устларидан қатл қилган, асирга олган ва қувғин қилган ҳолда тантанали юриш қилдилар. Ана шунда улар Қутайба ибн Муслимдан сулҳ ва фидя олишни сўрадилар, у рози бўлди.
Душманларнинг асирга олинганлари ичида ўта ярамас, кўп ёмонликлар қилган, қавмини мусулмонларга қарши тинмай гиж-гижлаган бир киши ҳам бор эди. У Қутайба ибн Муслимга:
— Эй амир, мени қўйиб юборишингиз эвазига фидя бермоқчиман, — деди. Қутайба ибн Муслим:
— Қанча бермоқчисан?
— Чинда тайёрланган, қиймати бир милионга тенг беш минг ипак кийимлик бераман. Қутайба лашкарнинг обрў-эътиборли кишиларига қараб:
— Нима дейсизлар? — деди. Улар:
— Бунча мол мусулмонларнинг ғаниматини бойитади, ундан ташқари биз бундай ғалабага эришганимиздан сўнг, бу ва бунга ўхшаш кишиларнинг ёмонликларидан қўрқиб ўтирмаймиз, деб ҳисоблаймиз, — дедилар. Қутайба ибн Муслим Муҳаммад ибн Восеъ Аздийга қараб:
— Сиз нима дейсиз, эй Абу Абдуллоҳ, — деди. Муҳаммад ибн Восеъ:
— Эй Амир, мусулмонлар ўз диёрларидан ғаниматни кўпайтириш ва мол жамғариш учун чиқмаганлар. Улар Аллоҳнинг розилигини истаб, Унинг динини Ерда ёйиш ва душманни мағлуб этиш учун чиққандирлар, — деди. Қутайба ибн Муслим:
— Аллоҳ сизни яхши мукофотлар билан сийласин. Аллоҳга қасамки, агарчи ўзини қутқариш учун бутун дунё молини фидя қилса ҳам, бу кимсанинг бугундан кейин бирон муслима аёл қалбига қўрқув солишига йўл қўймайман, — деди-да, уни қатл қилишга амр қилди.
Муҳаммад ибн Восеъ Аздийнинг Умавийлар амирлари билан алоқаси Язид ибн Муҳаллаб ва Қутайба ибн Муслимда чегараланиб қолмаган, балки булардан бошқа амир ва волийларга-да боғланган эди. Ана шу боғланишнинг энг кўзга ташлангани Басранинг волийси Билол ибн Абу Бурда билан бўлган эди. Муҳаммад ибн Восеънинг бу волий билан одамлар орасида тилдан-тилга кўчиб юрган, тарихларда битилган ва кенг тарқалган воқеа ва ҳодисалар кўп бўлган. Улардан бирини келтирамиз:
«Кунларнинг бирида Муҳаммад ибн Восеъ волийнинг ҳузурига кирди, эгнига жунли дағал бир жубба (чопон) кийиб олган эди. Волий унга:
— Эй Абу Абдуллоҳ, нима учун эгнингизга бундай дағал кийим кийиб олдингиз? — деб сўради. Шайх ўзини эшитмаганга олиб жавоб бермади. Волий шайхга қараб:
— Эй Абу Абдуллоҳ, нега жавоб бермаяпсиз? — деб қайта сўради. Шунда Муҳаммад ибн Восеъ:
— Зуҳд қилиб шундай кийим кийиб олдим дейишни хоҳламаяпманки, бу билан даражамни кўтаргандай бўлиб қоламан. Йўқчиликдан дейишни ҳам истамайманки, бу билан Роббимдан шикоят қилиб қўяман. Мен унисини ҳам, бунисини ҳам хоҳламайман, — деди. Волий:
— Бирон эхтиёжингиз борми, бажарамиз, эй Абу Абдуллоҳ?
— Инсонларнинг биронтасидан сўрайдиган менинг бирон ҳожатим йўқ. Фақат мен бир мусулмон биродаримнинг ҳожати учун сизнинг олдингизга келдим. Аллоҳ шу ҳожатни ўташга изн берган бўлса, сиз шунга сабаб бўласиз ва мақтовга эга бўласиз, аммо Аллоҳнинг изни бўлмаса, бу ҳожатни сиз ҳам ўтай олмайсиз ва узрли бўласиз. Волий: «Иншааллоҳ Аллоҳнинг изни билан ўтаймиз», деди ва шайхга қараб:
— Қазо ва қадар ҳақида нима дейсиз? — деб сўради. Муҳаммад ибн Восеъ:
— Эй амир, Аллоҳ таоло Қиёмат куни бандаларидан қазо ва қадар ҳақида сўрамайди, балки улардан амаллари ҳақида сўрайди, — деди. Волий хижолат бўлганидан жим бўлиб қолди. Муҳаммад ибн Восеъ волийнинг ҳузурида ўтирганларида, тушлик вақти бўлиб таом ҳозирланди. Волий шайхни дастурхонга таклиф қилди. Шайх қабул қилмадилар. Волий қаттиқ туриб олди. Шайх бир қанча узрларни келтирсаларда, волийнинг аччиғи чиқиб:
— Бизнинг таомимиздан тановул қилишни кароҳатли биляпсизми дейман? — деди. Муҳаммад ибн Восеъ:
— Бундай деманг, эй амир... Аллоҳга қасамки, сиз амирларнинг яхшиларингиз, биз учун ўз болаларимиздан ва яқинларимиздан ҳам суюклидир, — деди.
Муҳаммад ибн Восеъ Аздий бир неча маротаба қозилик мансабига таклиф қилиндилар, лекин ҳар сафар ҳам буни қаттиқ туриб рад қилардилар. Қозиликни қабул қилмаганлари боис ўзлари озорларга ҳам дуч келардилар. Шулардан бири: Басранинг миршаблар бошлиғи Муҳаммад ибн Мунзир шайхни чақиртириб:
— Ироқнинг амири, сизни қозиликка тайинлашимни мендан талаб қилди, — деди. Муҳаммад ибн Восеъ:
— Мени бундай ишлардан озод қилинглар, Аллоҳ сизларни саломат қилсин. Миршаблар бошлиғи қайта-қайта талаб қилаверди, шайх ҳам бош тортиб туравердилар. Шунда бошлиқ:
— Аллоҳга қасамки, қозиликни қабул қиласиз, ё бўлмаса уч юз дарра урдириб сазойи қилдираман, — деди. Муҳаммад ибн Восеъ:
— Эркинг қўлингда, хоҳлаганингни қилавер. Дунёда азобланиш, охиратда азоблангандан кўра яхшидир, — дедилар. Миршаблар бошлиғи қилган ишидан хижолат бўлиб, у кишини яхшилик билан қўйиб юборди.
Басра масжидидаги Муҳаммад ибн Восеънинг илм мажлислари толиби илмлар учун бир бошпанадек, ҳикмат ва насиҳат талабгорлари учун эса мусаффо булоқ каби эди. Тарих ва сийрат китобларида бу мажлисларнинг хабарлари йиғилиб, жамлаб қўйилган. Ана шулардан: «Бир киши:
— Менга насиҳат қилсангиз, эй Абу Абдуллоҳ! — деганида, Муҳаммад ибн Восеъ:
— Дунё ва охиратда шоҳ бўлишлигингни насиҳат қиламан, — деб айтганларида, насиҳатталаб ҳайрон бўлиб:
— Бунга қандай эришаман? — деди. Муҳаммад ибн Восеъ:
— Ўткинчи дунё матоларидан ўзингни тийсанг, одамлар қўлидаги нарсалардан беҳожатлигинг билан дунёда шоҳ бўласан ва Аллоҳнинг ҳузурида гўзал ажру савобларга эришишинг билан охиратда шоҳ бўласан, — деб жавоб бердилар.
Бошқа бир киши:
— Мен сизни Аллоҳ учун яхши кўраман, эй Абу Абдуллоҳ, — деганида, Муҳаммад ибн Восеъ:
— Мени У учун яхши кўрганинг Аллоҳ ҳам сени яхши кўрсин, — дедилар-да, ўгирилиб: «Парвардигоро, мени Сен ёмон кўриб, одамлар мени Сен учун яхши кўришларидан Сендан паноҳ тилайман», — деб дуо қилдилар.
Одамларнинг мақтовларини эшитиб қолсалар ёки тақво ва ибодатларини гапирсалар, уларга: «Агар гуноҳларнинг тараладиган ҳиди бўлганида, мендан келаётган ҳиднинг бадбўйлигидан, биронталарингиз менга яқин кела олмас эдингиз», дер эдилар.
Муҳаммад ибн Восеъ шогирдларини Аллоҳ азза ва жалланинг Китобини маҳкам ушлашга ва унинг соясида ҳаёт кечиришга қизиқтиришдан ҳеч тўхтамас эдилар. Айтардиларки: «Қуръон мўминнинг бўстонидир. Унинг қаерига тушса ҳам, бир боғга тушган бўлади». Яна кам таомликга тарғиб қилиб: «Ким кам таом бўлса идрокли бўлади, бошқага ҳам тушунтира олади, очиқ ва феъли юмшоқ бўлади. Кўп таом ейиш эса, кишининг ўзи истаган кўп нарсалардан тўсиб қўяди», дер эдилар.
Муҳаммад ибн Восеъ тақво ва парҳезкорликда юқори даражаларга эришдилар. Бу ҳақда кўп хабарлар ривоят қилинган. Шулардан: «Бир куни Муҳаммад ибн Восеъ эшакларини сотгани бозорга олиб чиқадилар. Бир киши: «Шу эшакни менга раво кўрасизми?» деган эди. Муҳаммад ибн Восеъ: «Агар уни ўзимга раво кўрганимда сотмаган бўлар эдим», деб жавоб бердилар.
Муҳаммад ибн Восеъ ҳаётларининг ҳаммасини гуноҳларидан ташвишланиб, Роббиларига йўлиқишдан хатарнок бўлиб ўтказдилар. «Қандай тонг оттирдингиз, эй Абу Абдуллоҳ?» деб сўралсалар,
— Ажалим яқин, орзуйим катта ва амалим ёмон ҳолда, — дер ва агар ҳол сўраган кишининг кўринишида ажабланиш аломатларини кўрсалар:
— Ҳар кун охиратга бир босқичдан яқинлашиб бораётган кишининг ҳолини қандай деб ўйлайсизлар? — дердилар.
Муҳаммад ибн Восеъ касал бўлиб, ўлим тўшагида ётиб қолганларида, зиёратчилар сони кўпайиб, манзилларига кириб чиқувчилар, турган ва ўтирганлардан уйлари тиқилиб қолди. Буни кўрган шайх ёнларида турган яқинларидан бирига: «Менга айтчи, эрта Қиёмат кунида пешона ва оёқлардан олинсак, булар мени сақлаб қола оладиларми. Агар дўзахга улоқтирилсам, булар менга нима фойда бера оладилар?» дедилар ва Роббиларига юзланиб муножот қила кетдилар: «Эй Роббим, мен Сендан бирон ёмон жойда турган бўлсам, ёки бирон ёмон жойда ўтирган бўлсам, ёки бирон ёмон жойга кирган бўлсам, ёки бирон ёмон жойдан чиққан бўлсам, ёки бирон ёмон амални қилган бўлсам, ва ёки бирон ёмон сўзни айтган бўлсам, эй Аллоҳ, шуларнинг барчасини кечиришингни сўрайман, мени кечиргин. Сенга шуларнинг баридан тавба қиламан, тавбамни қабул эт. Ҳисоб-китобга йўлқишимдан олдин, Сенга таслим бўламан», деб жонларини топширдилар.

 

Умар ибн Абдулазиз
«Умар ибн Абдулазиз аҳли
илмлар наздида, амалли
олимлардан ва хулафои рошидинлардан ҳисобланади».
Имом Заҳабий
Хулафои рошидинларнинг бешинчиси, обид, зоҳид халифа Умар ибн Абдулазиз ҳақида сўзлашиш, мушкдан ҳам хушбўйроқ, гулдан ҳам нафисроқдир. Зеро у зотнинг ажойиб ёрқин ҳаёти, хушбўй гулларга тўла боғга ўхшайдики, унинг қаерига борсангиз ҳам яшнаган майсаси, гўзал гуллари ва янги-янги меваларига ошно бўласиз.
Тарих саҳифаларини бойитган бу сийратнинг тўла-тўкис келтириш имконият доирамиздан ташқарида бўлса ҳам, лекин унинг боғидан гулдаста териб олиш ва унинг ёрқин нуридан баҳраманд бўлишга имконимиз бор. Ҳаммасига эришиб бўлмайдиган нарсанинг, баъзисини тарк қилинмайди, дейилганидек, сиз азизларга Умар ибн Абдулазизнинг ҳаётларидан уч лавҳани ҳавола қиламиз.
Биринчи лавҳа: Мадинанинг олими, қозиси ва устози Салама ибн Дийнор ҳикоя қиладилар:
«Кунларнинг бирида мусулмонларнинг халифаси Умар ибн Абдулазиз билан кўришиш ниятида йўлга отландим. Халифа «Ҳалаб» (Суриядаги шаҳар) ноҳияларидан бири «Хуносира» деган жойда экан. Менинг ёшим улғайиб, анча кексайиб қолган эдим. Умар ибн Абдулазиз билан кўришмаганимизга ҳам анча йиллар бўлган эди. Ҳузурига кирдим, у хонанинг тўрида ўтирган экан. У Мадинада волий бўлиб турганида кўрганимча қайтиб кўрмаганим ва ҳамда кўринишининг ўзгариб кетганидан танимай қолибман. Халифа менга салом берди ва илтифот кўрсатиб:
— Яқинроқ келинг, эй Абу Ҳозим, — деди. Яқинроқ бориб, уни яқиндан кўргач:
— Мўминлар амири Умар ибн Абдулазизмисиз? — дедим. У:
— Ҳа... — деди.
— Нима бўлди сизга? Ўзингиз ёш, кўркам, тароватли эдингиз, ҳаётингиз ҳузур-ҳаловатда, роҳат-фароғатда эмасмиди?
— Ҳа...
— Олтин-у кумушларга эга бўлганингиз ва мўминларнинг халифасига айланганингиздан сўнг, сизни нима нарса бу даражада ўзгартириб юборди?
— Нимам ўзгарибди, эй Абу Ҳозим?
— Озиб-тўзиб кетибсиз, юзингиз сарғайиб, ажин тушибди, кўзингизнинг нури ҳам сўнибди. Умар ибн Абдулазиз бу гапларни эшитиб йиғлаб юборди ва:
— Мен қабрда қўйилгач, икки кўзим лунжимга осилиб тушган, қорним шишиб, титилган ва бутун баданим қурт-қумурсқаларга яйлов бўлганини кўрсангиз эди, бугунгидан кўра кўпроқ танимаган бўлар эдингиз.
— Мадинада менга айтган ҳадис ёдингиздами, эй Абу Ҳозим?
— Мен сизга кўп ҳадислар айтганман, қай бирини назарда тутяпсиз?
— Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис.
— Ҳа, эсладим, эй Мўминлар амири.
— Шу ҳадисни яна айтиб беринг, уни сиздан эшитишни хоҳлайман.
— Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан эшитдим, у зот дедилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: «Олдингизда ундан ошиб ўтиш машаққатли ва кескир учли тошлардан иборат довон бор, ундан (ибодат ва жиҳод қилавериш) билан чиниққан кишигина ўта олади». Умар ибн Абдулазиз қаттиқ йиғлаб юборди, ҳатто мен унинг жигари ёрилиб кетмаса эди, деб қўрқдим. Сўнг кўз ёшларини арта-арта менга қараб:
— Мана шу довондан ўтиб, нажот топиш мақсадида жисмимни ориғлатганимга мени маломат қиласизми? Бироқ мен ўзимни нажот топган, деб ўйламайман.
Иккинчи лавҳа: Имом Табарий Туфайл ибн Мирдосдан ривоят қилади: «Мўминлар амири Умар ибн Абдулазиз халифа бўлганидан сўнг, ўзининг «Суғд»даги волийсига мактуб йўллаб, унда қуйидагиларни битган эди: «Юртингизда мусулмонлар учун меҳмонхоналар қуринглар. Бирон-бир мусулмон келса, бир кеча-кундуз меҳмон қилинглар, ҳол-аҳволини ўнглаб, уловига ҳам қараб қўйинглар. Агар машаққат чеккан ва ниҳоятда чарчаган бўлса, икки кеча ва кундуз меҳмон қилинглар ҳамда унга ёрдам беринглар. Агар у пулсиз ва уловсиз кўчада қолган бўлса, унинг ҳожатига етадиган маблағ билан таъминлаб, юртига етказиб қўйинглар».
Волий Мўминлар амирининг буйруғини бажариб, меҳмонхоналар қуриб, мусофирлар учун ҳозирлаб қўйди. Бунинг хабари ҳар ёққа тарқаб, Ислом диёрларининг машриқу мағрибидаги одамлар бу ҳақда гапиришар ва халифанинг адолати ва тақвосини мақтар эдилар.
Халифанинг адолатини эшитган Самарқанд аҳлининг обрўли кишилари волий Сулаймон ибн Аби Сарийнинг ҳузурига келиб, унга ўз талабларини арз қилишди:
«Сиздан аввалги волий Қутайба ибн Муслим Боҳилий бизнинг шаҳримизга огоҳлантиришсиз бостириб кирди ва биз билан жанг қилишда сизларнинг, яъни мусулмон жамоаларнинг йўлини тутмади. Биз биламизки, сизлар душманингизни аввал Ислом динига киришга чақирасизлар, агар бош тортсалар жизя тўлашни таклиф қиласизлар, бундан ҳам бош тортсалар, шундагина уларга қарши уруш эълон қиласизлар. Биз сизларнинг халифангизнинг адолати ва тақвосини кўргач, сизларнинг лашкарларингиз ва унинг қўмондонларидан бирининг бизга қилган ишидан ёрдам истаб сизларга шикоят қилишга ўзимизда журъат топдик. Шунинг учун эй амир, бизларга рухсат берсангиз, биз халифангиз ҳузурига бориб, ўзимизга етган зулмни у кишига етказсак. Агар ҳақ биз тарафда бўлса, ҳаққимизни оламиз ва агар ноҳақ бўлсак, яна қайтиб келаверамиз», дедилар. Волий Сулаймон уларга халифанинг ҳузурига бориш учун рухсат берди ва Самарқанд аҳлининг вакиллари Дамашққа қараб йўл олдилар.
Етиб боришгач, халифанинг ҳузурига кириб, унга ўз шикоятларини арз қилдилар. Шикоятни эшитгач, халифа Умар ибн Абдулазиз волий Сулаймон ибн Абу Сарийга мактуб ёзди: «Аммо баъд... Бу мактубим сенга етиб боргач, мусулмонлар қозисига буюр Самарқанд аҳлининг шикоятларини тингласин. Агар қози Самарқанд аҳлининг фойдасига ҳукм чиқарса, мусулмон лашкарларни уларнинг шаҳарларидан чиқиб кетишга амр қил. Уларнинг ораларида яшаётган мусулмонларни ҳам шаҳарни ташлаб чиқиб кетишга буюр. Сизлар ва улар Қутайба ибн Муслим Боҳилий уларнинг диёрларига киришидан олдинги ҳудудларингизга қайтинглар».
Самарқанд аҳлининг вакиллари ортга қайтиб, Мўминлар амирининг мактубини волий Сулаймон ибн Абу Сарийга топширдилар. Хатни ўқигач, волий дарҳол катта қози Жумайъ ибн Ҳозир Ножийни Самарқанд аҳлининг шикоятларини тинглашга буюрди. Қози уларнинг шикоятларини эшитиб, уни обдон ўрганиб чиқди. Мусулмон лашкари ва қўмондонларидан ҳам бир қанчаларининг гувоҳликларини тинглади. Самарқанд аҳлининг даъволари тўғри экани равшан бўлгач, уларнинг фойдасига ҳукм чиқарди. Ҳукмни эшитгач, волий мусулмон лашкарларга шаҳарни ташлаб чиқишга ва ўз жамлоқларига бориб жойлашиб жанга отланиб туришга амр қилди. Улар бу шаҳарга ё сулҳ тузилиб кирадилар, ёки жанг орқали ғалаба қозониб фатҳ қиладилар, ёҳуд улар учун бу шаҳарни фатҳ қилиш битилмаган бўлиши ҳам мумкин.
Самарқанд аҳлининг ақлли ва обрўли кишилари мусулмонларнинг қозиси уларнинг фойдаларига чиқарган ҳукмни кўришгач, ўзаро кенгашдилар: «Мусулмонлар билан аралашиб бирга яшадик, уларнинг хулқларини, адолатини ва садоқатини кўрдик. Уларнинг қандай қавм эканини кўра била туриб чиқариб юборсак ҳолимизга вой бўлмайдими ахир. Уларни ўзимиз билан қолдирайлик, улар билан хотиржамлик ва бахт-саодатда бирга яшайверайлик».
Учинчи лавҳа: Ибн Абдулҳакам «Умар ибн Абдулазизнинг сийрати» номли ўзининг нафис китобида ҳикоя қилади: «Умар ибн Абдулазизга ўлим соати яқинлашганида, унинг ҳузурига Маслама ибн Абдулмалик кирди ва деди:
— Эй Мўминлар амири, сиз фарзандларингизни мол-дунёга эгалик қилишдан тўсиб қўйдингиз, уларга мени ва ё аҳли байтингиздан ўзингиз муносиб кўрган биронтасини васий қилсангиз яхши бўлар эди. Маслама сўзини тугатгач, Умар ибн Абдулазиз: «Мени ўтказиб қўйинглар», деди. Ўтказиб қўйишгач:
— Эй Маслама, сўзингни эшитдим. «Сиз фарзандларингизни мол-дунёга эгалик қилишдан тўсиб қўйдингиз», дединг, Аллоҳга қасамки, мен уларга тегишлик бўлган бирон ҳақдан уларни ман қилмадим, шунингдек уларга тегишли бўлмаган биронта нарсани уларга бермадим. «Уларга мени ва ё аҳли байтингиздан ўзингиз муносиб кўрган биронтасини васий қилсангиз яхши бўлар эди», деган сўзинга келсак, мен уларга васий қилиб қолдирадиган васиййим ва менинг дўстим Қуръонни ҳақ билан нозил қилган Зот Аллоҳдир. У солиҳ бандаларнинг дўстидир». Эй Маслама, шуни билки, менинг фарзандларим икки одамнинг бири бўладилар: ё солиҳ тақводор одам бўладилар. Агар шундай бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу карами билан беҳожат қилади ва улар учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилиб қўяди. Ёки гуноҳларга ботган ёмон одам бўладилар. Агар шундай бўлсалар, Аллоҳга маъсият қилишларида мен уларга мол-дунё билан ёрдам берувчи бўлмайман», деди.
Сўнгра: «Фарзандларимни чақиринглар», деди. Уларни чақирдилар. Улар ўн тўққизтача эдилар. Ҳаммалари кириб келишди. Умар ибн Абдулазиз уларни кўргач, икки кўзи жиққа ёшга тўлди ва: «Жоним фидо бўлсин бу йигитларга ҳеч вақолари йўқ камбағал ҳолда уларни ташлаб кетяпман», деб унсиз йиғлади. Сўнг фарзандларига қараб: «Болажонларим, мен сизларга кўп яхшиликларни қолдириб кетяпман. Сизлар мусулмонларнинг ёки зиммийларнинг биронталари олдидан ўтар экансиз, улар ўзларининг устида сизнинг ҳаққингиз борлигини билиб турадилар. Болажонларим, сизлар икки иш орасини танлаш қаршисида турибсизлар: Сизлар бой-бадавлат бўлишингиз, бироқ отангиз дўзахга кириши, ёки сизлар камбағал бўлишингиз, отангиз эса жаннатга кириши. Ўйлайманки, сизлар отангизни дўзахдан қутқариб қолишни бойликдан муқаддам қўясизлар». Сўнг уларга меҳр билан боқиб: «Бораверинглар, Аллоҳ сизларни Ўз ҳифзи-ҳимоясида сақласин, ризқингизни мўл-кўл қилиб берсин», деди. Маслама ибн Абдулмалик Умар ибн Абдулазизга қараб:
— Эй Мўминлар амири, менда бундан кўра яхшироқ фикр бор.
— Нима экан?
— Менда уч юз минг динор бор, мен шуни сизга ҳадя қилсам, сиз уни фарзандларингизга бўлиб берсангиз, истасангиз садақа қилиб юборсангиз. Умар ибн Абдулазиз:
— Менда бундан кўра яхшироқ фикр бор. Маслама ибн Абдулмалик:
— Нима экан у, эй Мўминлар амири?
— Шу динорлар кимдан олинган бўлса эгаларига қайтариб бергин, чунки сен бунга ҳақли равишда эга бўлмагансан.
Масламанинг икки кўзи намланиб:
— Аллоҳнинг раҳмати бўлсин сизга, эй Мўминлар амири, қотиб кетган қалбларимизни юмшатдингиз, унутганларимизни эслатдингиз ва биз учун яхши инсонлар ичида ном қолдирдингиз, — деди.
Умар ибн Абдулазизнинг вафотидан сўнг фарзандларининг ҳаётларини кузатган одамлар, улардан биронтаси ҳам камбағал ва муҳтож бўлмай ҳаёт кечирганларини кўрдилар. Аллоҳнинг сўзи нақадар тўғри! Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтган: «(Бировнинг ўлимига ҳозир бўлган) кишиларнинг ўзлари ожиз-нотавон фарзандларини қолдириб вафот қилиб кетсалар, улардан хавотир олганлари каби (ўзгаларнинг етимлари ҳаққидан ҳам) қўрқсинлар. Бас, Аллоҳдан қўрқиб (ўлим олдидаги кишига) ҳақ сўзни айтсинлар!» (Нисо: 9).


Муҳаммад ибн Ҳанафийя
Муҳаммад ибн Алий ибн Абу Толиб
«Алий розияллоҳу анҳудан энг кўп
илм олган ва энг кўп фойдаланган Муҳаммад ибн Ҳанафийячалик бирон кишини мен билмайман».
Ибн Жунайд
Кунларнинг бирида Муҳаммад ибн Ҳанафийя билан унинг акаси Ҳасан ибн Алий аразлашиб қолишди. Шунда Муҳаммад ибн Ҳанафийя имом Ҳасанга мактуб йўллаб қуйидагиларни ёздилар: «Аллоҳ таоло мендан сизни афзал қилган. Онангиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳодир. Менинг онам эса Ҳанийфа уруғидан бўлган бир аёлдир. Она тарафдан бўлган бобонгиз, яралмишларнинг энг афзали Оллоҳнинг расули — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Менинг она тарафдан бобом эса Жаъфар ибн Қайсдир. Сизга ушбу мактубим етиб бориб уни ўқиганингиздан сўнг, менинг олдимга келиб орамизни ислоҳ қилишга шошилинг, шунда сиз мендан ҳар томонлама афзал бўласиз».
Имом Ҳасан мактубни ўқигач, тезда Муҳаммад ибн Ҳанафийянинг уйига келиб орани очиқ қилдилар ва шу билан ораларидаги келишмовчилик барҳам топди. Бундай одоб, заковат ва гўзал ахлоқ соҳиби бўлган Муҳаммад ибн Ҳанафийя ким ўзи? Келинг, унинг ҳаёт қиссасини бир бошдан кўриб чиқамиз.
Унинг қиссаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг охирларидан бошланади. Кунларнинг бирида Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирганларида:
— Эй Расулуллоҳ, сиз ўтганингиздан сўнг Аллоҳ таоло менга ўғил фарзанд ато этса, унинг исмини сизнинг исмингиз ва кунясини сизнинг кунянгиз билан номласам нима дейсиз? — деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
— Ҳа, майли, — деб жавоб бердилар.
Кунлар ўтди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рафийқул-Аълога етишдилар. Бир неча ойдан сўнг қизлари ва райҳоналари имом Ҳасан ва Ҳусайнларнинг онаси Фотимаи Заҳро ҳам вафот этдилар. Шундан сўнг Алий розияллоҳу анҳу Ҳанийфа қабиласига куёв бўлиб, Жаъфар ибн Қайснинг қизи Хавла Ҳанафийяга уйландилар. Ундан ўғил фарзанд кўрдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам берган рухсатларига кўра унинг исмини Муҳаммад, кунясини эса Абулқосим, деб қўйдилар. Бироқ, одамлар уни Фотима розияллоҳу анҳонинг ўғиллари имом Ҳасан ва Ҳусайндан фарқлаш учун Муҳаммад ибн Ҳанафийя, деб чақирадиган бўлдилар. Сўнгра тарихда мана шу ном билан машҳур бўлдилар.
Муҳаммад ибн Ҳанафийя Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик даврининг охирларида дунёга келди. Отаси Алий ибн Аби Толибнинг қўл остида ўсиб улғайди ва у зотнинг илмий ва ҳаётий мадрасаларида таҳсил олди. Отасининг ибодатлари ва зуҳдларидан намуна олди. Унинг қувват ва шижоатларига ворис бўлди. Фасоҳат ва балоғатларини тўлиқ қабул қилиб олди. Бунинг натижаси ўлароқ Муҳаммад ибн Ҳанафийя жанг майдонида паҳлавон, катта мажлисларда минбар соҳиби ва зулмат коинотни қоплаб, кўзлар уйқуга ғарқ бўлган тунларда ибодатгўй инсон бўлиб етишди.
Жанг соатларида отаси Муҳаммад ибн Ҳанафийяни ловуллаб турган жанг майдонига киритиб юборардилар. Икки акаси Ҳасан ва Ҳусайнга юкламаган жанг машаққатларини ҳам унга юклардилар. Унинг найзаси ҳеч эгилмас, шашти ҳам ҳеч пасаймас эди. Бир куни Муҳаммад ибн Ҳанафийяга:
— Нима учун дадангиз акаларингиз Ҳасан ва Ҳусайнларни қўйиб, сизни таҳликали ўринларга киритиб, оғир ишларни ҳам сизга юклайдилар? — деб айтилганида, Муҳаммад ибн Ҳанафийя:
— Менинг акаларим отамнинг икки кўзлари манзилатидадирлар, мен эса отамнинг икки қўли ўрнидаман. Отам икки кўзларини икки қўли билан сақлайдилар-да, — деб жавоб берди.
Алий ибн Аби Толиб ва Муовия розияллоҳу анҳумолар ўрталарида бўлиб ўтган «Сиффийн» жангида Муҳаммад ибн Ҳанафийя оталарининг байроқдори бўлганлар. Жанг тегирмони айланиб, икки тарафдан ҳам одамларни янчиётган бир дамда, Муҳаммад ибн Ҳанафийя билан бир ҳодиса содир бўлган. Бу ҳақда унинг ўзи шундай ҳикоя қилади:
— Сиффийн маъракасида эканмиз, биз Муовия тарафдорлари билан тўқнашиб шундай жанг қилдикки, ҳатто мен — биздан ҳам улардан ҳам бирон кимса қолмаса керак, деб ўйлаб, бу ҳолни даҳшатли ва улкан бир ҳол, деб ҳисобладим. Шуларни ўйлаб турганимда орқа томонимда бир кишининг: «Ҳой мусулмонлар, Аллоҳдан қўрқинглар! Ҳой мусулмонлар жамоаси, Аллоҳдан қўрқинглар! Агар сизлар ўлиб кетсангизлар аёллар ва болаларни ким ҳимоя қилади? Дин ва ор-номусни ким сақлайди? Рум ва Дайлам (Каспий шимолидаги катта қабила)га ким қарши туради? Ҳой мусулмонлар, Аллоҳдан қўрқинглар, мусулмонларни қириб ташламанглар», деб қичқираётганини эшитиб қолдим. Ана шунда: «Бугундан кейин қиличим бирон-бир мусулмонга қарши кўтарилмасин», деб ўзимга ўзим аҳд бердим.
Сўнг Алий розияллоҳу анҳу бир осий, золим қўл билан шаҳид қилиндилар. Хилофат Муовия ибн Аби Суфён розияллоҳу анҳумонинг қўлларига ўтди. Муҳаммад ибн Ҳанафийя мусулмонлар орасини ислоҳ қилиш, сўзларини бир қилиш, тарқоқликни жамлаш, Ислом ва мусулмонларнинг иззати учун енгил ва оғир дамларда ҳам эшитиб ва итоат қилишга байъат бердилар. Муовия розияллоҳу анҳу бу байъатнинг сидқидилдан, холис қилинганлигини ҳис қилиб, байъат соҳибига ишониб, кўнгли тўқ бўлганидан Муҳаммад ибн Ҳанафийяни ўз зиёратига чақирди. Муҳаммад ибн Ҳанафийя Муовия розияллоҳу анҳуни зиёрат қилиш учун Дамашққа бир неча бор ва бир неча сабабларга кўра келганлар.
Зиёратларидан бирининг сабаби қуйидагича бўлганди: Кунларнинг бирида Рум подшоҳи Мўминлар амири Муовия розияллоҳу анҳуга мактуб йўллади. Мактубда қуйидагилар битилган эди: «Биз томонларда подшоҳлар ўз диёрларидаги ғаройиб нарсаларни юборишиб, бир-бирларини шодлантириб, қайси бирларининг қўл остидагиларнинг қилган иши ғаройиброқ эканида бир-бирлари билан мусобақалашиб турадилар. Шу иш иккимиз ўртамизда ҳам бўлишига ижозат берасизми?» Муовия розияллоҳу анҳу таклифга ижобий жавоб қайтариб, рухсат бердилар.
Рум подшоҳи ўзидаги ғаройиб кишилардан иккитасини юборди. Уларнинг бири ҳаддан ташқари узун бўйли, ўта барваста, баҳайбат бўлиб, гўё у одам эмас, балки бамисоли ўрмондаги улкан дарахт ёки бир бино каби, иккинчиси эса ниҳоятда бақувват, кучли, темир каби метин бўлиб, худди йиртқич ҳайвонга ўхшар эди.
Рум подшоҳи бу иккиси билан ўз мактубини ҳам юборибди. Унда қуйидагилар битилган экан: «Мамлакатингизда узунлик ва қувватда мана шу иккисига тенг келадигани борми?».
Муовия розияллоҳу анҳу Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумога: «Бўйда уларнинг новчасига тенг келадиган, балки ундан-да узунроқ кишини биламан, у Қайс ибн Саъд ибн Убода. Аммо кучлигига келсак, сизнинг маслаҳатингизга муҳтожман».
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо: «Мен бунга тенг келадиган икки кишини биламан, бироқ уларнинг ҳар иккиси сиздан узоқда, Муҳаммад ибн Ҳанафийя ва Абдуллоҳ ибн Зубайр».
Муовия розияллоҳу анҳу: «Муҳаммад ибн Ҳанафийя биздан узоқ эмас».
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу: «Лекин, Муҳаммад ибн Ҳанафийя шунча қадр-қиммати ва олий мартабаси билан, одамлар олдида «Рум»лик бир киши билан куч синашишга рози бўлади, деб ўйлайсизми?».
Муовия розияллоҳу анҳу: «Исломни азиз қилиш учун бўлса нафақат буни, бундан-да кўпроғини ҳам қилади, деб ўйлайман».
Муовия розияллоҳу анҳу Қайс ибн Саъд ибн Убода билан Муҳаммад ибн Ҳанафийяни чақиртирдилар. Ҳамма йиғилиб беллашувчилар ҳам ҳозир бўлгач, Қайс ибн Саъд ўринларидан туриб шалварларини ечдилар ва «Рум»лик новчага узатиб кийишга буюрдилар. Румлик баҳайбат шалварни кийган эди, у унинг кўкрагидан келди ва роса кулгига қолди. Одамлар бу ҳолни кўриб мириқиб кулдилар.
Муҳаммад ибн Ҳанафийя эса таржимонга қараб: «Бу Румликка айт, агар хоҳласа у ўтирган ҳолда, мен эса тик ҳолда қўл бериб тортишамиз, ё у мени ўзига тортиб ўтқазиб қўяди ва ё мен уни тиклаб қўяман. Хоҳласа бунинг аксини танласин, мен ўтирган, у эса тик ҳолда». Румлик полвон ўтирган ҳолатни танлади. Беллашув бошланди. Румлик полвон Муҳаммад ибн Ҳанафийяни тортиб ўтқазиб қўя олмади, аксинча, Муҳаммад ибн Ҳанафийя уни бир тортиб тик тургазиб қўйдилар. Румлик полвоннинг ҳамияти қўзиб, энди у турган ҳолатда, Муҳаммад ибн Ҳанафийя эса ўтирган ҳолатда бўлишни талаб қилди. Муҳаммад ибн Ҳанафийя ўтирган ҳолатда Румлик полвоннинг қўлидан ушлаб шундай қаттиқ тортдиларки, унинг қўлини чиқариб юборишларига оз қолди ва уни ерга ўтқазиб қўйдилар. Шундай қилиб, Румлик икки «ғаройиб» ўз подшоҳларининг ҳузурига шарманда бўлиб, мағлуб ҳолда қайтдилар».
Сўнг яна кунлар ўтди. Халифалардан Муовия розияллоҳу анҳу, Язид ва Марвон ибн Ҳакамлар фоний ҳаётни тарк этиб, боқий ҳаётга сафар қилдилар. Умавийлардан халифа этиб Абдулмалик ибн Марвон тайинланди. У ўзини мусулмонлар халифаси, деб эълон қилди. Унга Шом аҳли байъат берди. Аммо Ҳижоз ва Ироқ аҳли Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат беришди. Ҳар икки даъвогар ҳам ўзига байъат қилмаганларни байъат қилишга чақирар ва халифаликка ўзини ҳақлироқ эканини одамларга уқтиришга уринар эди.
Шундай қилиб, мусулмонлар сафи яна иккига ажралиб қолди. Абдуллоҳ ибн Зубайр Ҳижоз аҳли байъат қилганидек, Муҳаммад ибн Ҳанафийя ҳам унга байъат қилишини талаб қилди. Муҳаммад ибн Ҳанафийя кимнидир байъат қилиши байъат қилинган одамга нисбатан ўзининг зиммасига бир қанча ҳақ-ҳуқуқларни юклашини яхши билар эди. Жумладан: Байъат қилинган кишини ҳимоя қилиб, уни қўллаб-қувватлаб унга мухолиф бўлганларга қарши қилич кўтариш. Ҳолбуки, унга мухолифлар ҳам, ўзларича ижтиҳод қилиб ундан бошқага байъат берган мусулмонлардир. Ақлли, баркамол одам «Сиффийн» кунини асло ёдидан чиқармайди. Узоқ йиллар ўтишига қарамай Муҳаммад ибн Ҳанафийя «Сиффийн» кунидаги ўз қулоқлари билан эшитган ўша бўғилган, вазмин ва ҳазин нидони асло унута олмайди: «Ҳой мусулмонлар, Аллоҳдан қўрқинглар! Ҳой мусулмонлар жамоаси, Аллоҳдан қўрқинглар! Агар сизлар ўлиб кетсангизлар аёллар ва болаларни ким ҳимоя қилади? Дин ва ор-номусни ким сақлайди? Рум ва Дайлам (Каспий шимолидаги катта қабила)га ким қарши туради? Ҳой мусулмонлар, Аллоҳдан қўрқинглар, мусулмонларни қириб ташламанглар». Ҳа, бу сўзлар унинг ёдидан чиққан эмас. Шунда Муҳаммад ибн Ҳанафийя Абдуллоҳ ибн Зубайрга:
— Ўзингиз яхши биласиз, хилофат ишида менинг бирон илинжим ва истагим йўқ. Мен мусулмонларнинг бириман, холос. Агар ҳамма мусулмонларнинг сўзи бир жойдан чиқиб, уларнинг барчалари сизга ёки Абдулмаликка байъат берсалар, мен ҳам мусулмонлар иттифоқ бўлган кишига байъат бераман. Аммо ҳозир сизга ҳам, унга ҳам байъат бермайман». Шундан сўнг, Абдуллоҳ ибн Зубайр Муҳаммад ибн Ҳанафийяга баъзида борди-келди қилиб яхши муомала қилса, баъзида эса алоқа қилмай ва ё дағал муомала қиладиган бўлиб қолди.
Кундан-кун Муҳаммад ибн Ҳанафийянинг фикрига қўшилганлар сони кўпайди ва унинг атрофида жамланиб, уни ўзларига етакчи қилиб олдилар. Фитнадан ўзларини четга олган ва ўзларини фитна оловига ўтин қилиб қўйишдан бош тортганлар сони етти мингга етди. Муҳаммад ибн Ҳанафийяга эргашувчилар кўпайгани сари, Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ҳам ғазаби зиёда бўлар ва байъат қилишини қаттиқ туриб талаб қилар эди. Уларнинг байъат қилишларидан ноумид бўлгач, Муҳаммад ибн Ҳанафийя ва у билан бирга бўлган Бани Ҳошим ва бошқа қабилалардан бўлганларни Маккадаги икки тоғ орасидаги жойларидан чиқмай ўша ерда туришга амр қилди ва уларга пойлоқчилар ҳам тайинлади.
Сўнг уларга: «Аллоҳга қасамки, байъат берасизлар ёки бўлмаса ҳаммангизни ўтда куйдираман», деб таҳдид қилди. Кейин уларни ўз уйларига қамаб қўйди. Ўтин тўплатиб, ўтин билан уйларининг атрофини ўраб чиқди. Ўтин кўплигидан девор бўйи бўлиб кетди. Агар бир дона ўтинни ёқиб юборса ҳаммалари олов остида қолиб кетар эдилар. Шунда Муҳаммад ибн Ҳанафийянинг ҳузурига атбоъларидан бир жамоа келиб:
— Рухсат беринг, биз Ибн Зубайр билан жанг қилиб, одамларни ундан халос этайлик, — дедилар. Муҳаммад ибн Ҳанафийя:
— Биз аралашиб қолмайлик, деб четланганимиз фитна оловини энди ўз қўлимиз билан ёқамизми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаси ва саҳобасининг ўғли билан жанг қиламизми?! Йўқ, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ ва Унинг Расули ғазаб қиладиган ишни асло қилмаймиз, — деб жавоб берди.
Абдулмалик ибн Марвонга Муҳаммад ибн Ҳанафийя ва унинг ҳамфикрлари Абдуллоҳ ибн Зубайрдан кўраётган қаттиқликлар хабари етганида, уларни ўзига мойил қилиш учун бу фурсатни ғанимат билиб, чопар орқали бир мактуб юборди. Агар у бу мактубни ўз ўғилларидан бирига ёзганда ҳам бу даражада мулойим ва илиқ бўлмаган бўларди:
«Ибн Зубайрнинг сизга ва биродарларингизга тазйиқ қилаётгани, сиздан қариндошлик риштасини узгани ва қадрингизга етмаётгани ҳақидаги хабар менга етиб келди. Мана, Шом ерлари сиз ва биродарларингиз учун очиқ. Келсангиз, қучоғимизни очиб кутиб оламиз. Хоҳлаган ерингизга келиб жойлашинг, ўзингизга муносиб яқинлар топасиз ва яхши қўшниларга эга бўласиз. Бизларни сизнинг қадр-қийматингизни билувчи, фазл-шарафингизни қадрловчи ва қариндош-уруғчилик риштасини боғловчи эканимизни кўрасиз, иншааллоҳ».
Муҳаммад ибн Ҳанафийя ўз сафдошлари билан бирга Шом ерларига йўлга чиқди. «Убла» (ҳозирда Эйлат) шаҳрига етганларида, шу ерни ўзларига макон қилиб, ўрнашдилар. Шаҳар аҳолиси уларни иззат-икром билан кутиб олдилар, яхши жойларга жойлаштириб, яхши қўшничилик қилдилар. Улар Муҳаммад ибн Ҳанафийянинг ибодати ва чин зоҳидлигини кўриб уни севиб қолдилар. Уни олқишлаб, ҳурмат кўрсатдилар. Ўз ўрнида Муҳаммад ибн Ҳанафийя ҳам уларни яхшиликка бошлаб, ёмонликдан қайтарар, улар ичида дин шиорларини қоим қилар, уларнинг ўрталарини ислоҳ этар, бирон кимсани бировга зулм қилишига йўл қўймас эди.
Бу хабар Абдулмалик ибн Марвонга етганида унга маъқул келмади ва хавотирланиб ўз мулозимларига маслаҳат солди. Улар: «Унга ўз мамлакатингизда қолишига изн беришингизни тўғри, деб билмаймиз. Унинг қандай инсон эканини ўзингиз яхши биласиз, ё сизга байъат берсин, ёки юртига қайтиб кетсин».
Машваратдан таъсирланган Абдулмалик Муҳаммад ибн Ҳанафийяга хат ёзиб юборди:
«Сиз бизнинг диёримизга келиб, унинг бир четига жойлашдингиз. Мен билан Абдуллоҳ ибн Зубайр ўртасидаги уруш эса ҳали ҳам давом этмоқда. Сиз мусулмонлар орасида обрў-эътиборли инсонсиз. Модомики бизнинг ерларимизда турар экансиз, менга байъат қилишингизни маъқул, деб билдим. Менга байъат қилсангиз, кечагина «Қалзам» портидан келган юзта кемани ичидаги барча нарсалари ва одамлари билан сизга ҳадя қиламан. Бунга қўшимча сизга миллион дирҳам нақд ҳамда ўзингиз, фарзандларингиз, қариндошларингиз, қўл-остингиздагилар ва мавлоларингизга ўзингиз белгилайдиган атолар берилади. Агар бош тортсангиз, унда менинг қўл остимда бўлмаган ерларга кўчиб кетинг».
Муҳаммад ибн Ҳанафийя унга шундай жавоб хати ёзадилар: «Муҳаммад ибн Алийдан Абдулмалик ибн Марвонга. Ассаламу алайкум. Мен Ундан ўзга ҳақ маъбуд бўлмаган Аллоҳга ҳамду сано айтаман. Аммо баъд...
Сен мендан хавфсираётган кўринасан, сен менинг хилофатга нисбатан тутган ўрнимни яхши биласан, деб ўйлагандим. Аллоҳга қасамки, бир дона қишлоқдан бошқа барча уммат менга байъат қилишга жамланса ҳам мен бу ишни қабул қилмайман ва ўша бош тортган қишлоқ аҳлига уруш ҳам очмайман. Маккага борганимда Абдуллоҳ ибн Зубайр уни байъат қилишимни истади. Мен бош тортгандим, менга яхши муомалада бўлмади. Шу вақтда сен ўзинг менга мактуб йўллаб, Шом диёрига кўчиб келиб шу ерларда яшашимга даъват этдинг. Салтанатинг марказидан узоқлиги ҳамда нарх-навосининг арзонлиги боис, сенга қарашли ерларнинг энг чеккасидаги бир шаҳарга келиб жойлашдик. Энди сен менга мана бу хатни ёзибсан. Биз сенинг ерингдан кетамиз, иншааллоҳ».
Муҳаммад ибн Ҳанафийя ўз аҳли ва одамлари билан Шом диёридан чиқиб кетдилар. Йўлда қаерга бориб тушсалар, тезда чиқиб кетишларини талаб қилинар эди. Мана шу ғам-ташвиш етмаганидай, Аллоҳ таоло яна бир бундан-да қаттиқроқ, таҳаммули оғирроқ синов билан имтиҳон қилди. Унга эргашганлардан бир қанча иймони заиф ва нодон кишилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам имом Алий ва унинг оиласининг қалбига кўпгина илм-асрорларни, дин қоидаларини ва шариат хазиналарини жойлаб кетганлар, ул зот аҳли байтни, бошқаларга билдирмаган нарсалар билан хослаганлар», деган гапларни айта бошладилар.
Муҳаммад ибн Ҳанафийядек оқил, доно, фаҳм-фаросатли олим бу сўз ичида яширинган ҳақдан тойиш ва залолатни ҳамда бу нарса Ислом ва мусулмонларга қанчалик зарар ва хатар эканини дарҳол идрок этдилар. Шунинг учун Муҳаммад ибн Ҳанафийя одамларни тўпладилар ва Аллоҳга ҳамду сано, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва саломлар айтганларидан сўнг шундай дедилар:
«Айрим кишилар бизларда, яъни аҳли байтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бирон-бир одамга билдирмаган, фақат бизларга билдирган хос илм бор, деб даъво қилмоқда эканлар. Аллоҳга қасамки, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мана шу Қуръондан бошқа нарсани олмаганмиз. Кимки бизда Аллоҳнинг Китобидан бошқа, биз ўқийдиган хос нарсалар бор, деб даъво қилса, ёлғон гапирибди».
Муҳаммад ибн Ҳанафийяга баъзи атбоълари: «Ассалому алайка, ё Маҳдий», деб салом берсалар.
— Ҳа, мен тўғри йўлга йўлланган маҳдийман, иншааллоҳ сизлар ҳам тўғри йўлга йўлланасизлар. Фақат, салом берсангизлар исмимни айтиб: «Ассалому алайка, ё Муҳаммад», деб салом беринглар, — дер эди.
Муҳаммад ибн Ҳанафийя ва у билан бирга бўлганлар, қаерга бориб ўрнашсак экан, деб ҳайрон бўлишлари узоқ чўзилмади. Сабаби Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий Абдуллоҳ ибн Зубайрни қатл қилгач, барча мусулмонлар Абдулмалик ибн Марвонга байъат бердилар. Муҳаммад ибн Ҳанафийя ҳам Абдулмалик ибн Марвонга хат йўллаб байъат берганини эълон қилди:
«Мўминлар амири Абдулмалик ибн Марвонга Муҳаммад ибн Ҳанафийядан. Аммо баъд...
Хилофат иши сен тарафга ҳал бўлиб, одамлар сенга байъат берганликларини кўргач, мен ҳам шулардан бири ўлароқ, сенга Ҳижоздаги волийинг орқали байъат бердим. Бу байъатимни мана шу мактуб орқали сенга юбордим. Вассаламу алайка».
Абдулмалик ибн Марвон Муҳаммад ибн Ҳанафийядан келган мактубни мулозимларига ўқиб берди. Улар: «Агар у қарши чиқишни ирода қилса ва рози бўлмай, ишни бузаман деса, албатта қўлидан келар эди, сиз эса унга қарши бирон чора топа олмас эдингиз. Шунинг учун унга, у ва у билан бирга бўлганларни асло безовта қилмайдиган, ранжитмайдиган ва Аллоҳ ва Расулининг омонлиги битилган аҳд мактубини йўлланг», деб маслаҳат бердилар.
Абдулмалик ибн Марвон маслаҳатга кўра шундай мактуб юборди. Ҳажжожга ҳам мактуб йўллаб, Муҳаммад ибн Ҳанафийянинг ҳурматини жойига қўйиш, унга зиёда иззат-икром кўрсатишга амр қилди. Бироқ, Муҳаммад ибн Ҳанафийя шундан кейин кўп яшамади. Аллоҳ таоло уни рози бўлган ва рози қилинган ҳолда Ўз даргоҳига ихтиёр этди.
Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Ҳанафийянинг қабрини мунаввар айласин, Жаннатда руҳларини шод қилсин. Дарҳақиқат Муҳаммад ибн Ҳанафийя Ер юзида зулму зўравонлик, бузғунчилик қилишни ва одамлар устидан олий бўлишни истмайдиган кишилардан эди.

 

Товус ибн Кайсон
Волий Муҳаммад ибн Юсуф Сақафий билан бўлган воқеа ҳикояси
«Товус ибн Кайсонга ўхшаш инсонни асло кўрмадим».
Амр ибн Дийнор
Навбатдаги ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз тобеин, Товус номи билан машҳур бўлган Заквон ибн Кайсондир. Товус номи билан танилганининг сабаби эса, ҳақиқатда бу улуғ тобеин, бошқа қушлардан товус ажралиб тургани каби, у ҳам одамлар ичида яққол ажралиб турар эди. У фуқаҳоларнинг товуси эди. Ўз асрининг пешқадам кишиларидан бўлган. Бунинг ажабланарли ери йўқ, сабаби у ҳидоят юлдузларидан эллик юлдуз нуридан иқтибос олгани боис, уни нур қамраб олган, унинг чор тарафига, қалбига ва тилига қуйилган нур неъматига эга эди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам илм даргоҳларининг эллик нафар буюк алломалари қўлида таълим олган Товус ибн Кайсон, иймонда мустаҳкам туриш, садоқат, фоний дунёдан ўзини тийиш, Аллоҳнинг розилиги йўлида фидоийлик ва ғайрат кўрсатиш, ҳар қанча қимматга тушса ҳам ҳақ сўзни ошкор айтишда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларининг айни ўзи бўлган.
Товус ибн Кайсонга Муҳаммадийя мадрасаси «Дин — Аллоҳ учун, Унинг китоби, Пайғамбари, мусулмонларнинг имомлари ва оммалари учун насиҳат» эканини таълим берган эди. Ҳаётий тажриба уни «Ислоҳ иш эгаларидан бошланиб, шуларда ниҳоясига етади, ҳоким яхши бўлса, халқ ҳам яхши бўлади, ҳоким ёмон бўлса халқ ҳам расво бўлади», деган фикрга етаклади.
Товус ибн Кайсон Яманлик эди. Ўша кезларда Яманга Ҳажжож ибн Юсуфнинг акаси Муҳаммад ибн Юсуф Сақафий волийлик қиларди. Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Зубайр устидан ғолиб бўлгач, унинг шон-шавкати юксалиб, ҳайбату маҳобати ортганида, акасини Яманга волий этиб юборган эди.
Муҳаммад ибн Юсуф укаси Ҳажжожнинг кўплаб ёмон сифатларини ўзида жамлагани етмаганидек, ундаги яхши сифатлардан мутлақо мосуво ҳам эди.
Совуқ қиш кунларининг бирида Товус ибн Кайсон Ваҳб ибн Мунаббиҳ ҳамроҳлигида волий Муҳаммад ибн Юсуфнинг ҳузурига кирдилар. Ўзларига муносиб ўриндан жой олишгач, Товус ибн Кайсон волийни яхшиликларга чақириб, ёмонликлардан қайтариб панд-насиҳат қила бошлади. Мажлисда ҳозир бўлган бошқа кишилар ҳам унга қулоқ солиб ўтирардилар. Волий хизматкорларидан бирига қараб:
— Кимҳоб тўн келтириб, Абу Абдурраҳмоннинг елкасига ташланглар, — деб амр қилди. Хизматкор қимматбаҳо яшил тўн келтириб, Товуснинг елкасига ташлади. Товус ибн Кайсон жўшқин мавъизасини янада кучайтирди. Шу аснода елкасидаги тўнни тушириб юбориш учун, елкасини аста-аста қимирлатиб турарди, ва ниҳоят елкасидан тўн тушгач, ўрнидан туриб чиқиб кетди. Бундан Муҳаммад ибн Юсуф ғазабга келди. Унинг ғазаблангани юз-кўзи қизариб кетганидан яққол билиниб турарди. Шундай бўлсада, бирон нарса демади.
Товус билан ҳамроҳи мажлисдан ташқарига чиқишгач, Ваҳб ибн Мунаббиҳ Товус ибн Кайсонга:
— Волийнинг ғазабига дучор бўлмасак яхши бўларди-да. Шу тўнни олақолсангиз қадрингиз тушиб қолармиди? Тўнни сотиб, пулини фақир-мискинларга бериб юборсангиз ҳам бўлар эди-ку! Товус ибн Кайсон:
— Тўғри айтдингиз, лекин мендан кейин уламолар Товус олгани каби биз ҳам олаверамиз, деб олишларидан, бироқ сиз айтган ишни қилмасликларидан қўрқдим, — деб жавоб берди.
Муҳаммад ибн Юсуф Товус ибн Кайсоннинг қилган бу ишига жавоб қайтариб, уни тузоққа туширмоқчи бўлди. Ичига етти юз динор солинган ҳамённи ҳозирлаб, уни ўзи билган муғомбир кишиларидан бирига берди ва:
— Мана шу ҳамённи ол, бор маҳоратингни ишга солиб, қандай бўлмасин Товус ибн Кайсонга тутқазгин. Агар сен шу ҳамённи унинг қўлига тутқаза олсанг, сенинг ўзингга ҳам зиёда инъомлар бераман, елкангга кимҳоб тўнлар ташлайман ва менга яқин кишилардан бўласан, — деди. Муғомбир одам ҳамённи олиб Товус ибн Кайсон яшайдиган, Санъога яқин ерда жойлашган Жанад номли қишлоққа етиб келди. Товуснинг ҳузурига киргач, салом-аликдан сўнг, хушмуомалалик билан:
— Эй Абу Абдурраҳмон, амиримиз сизга мана бу ҳадяни бериб юбордилар, — деди. Товус ибн Кайсон:
— Менинг унга ҳеч ҳожатим йўқ, — деб рад этди. Муғомбир волий берган ҳамённи бир амаллаб тутқазиб кетиш учун ҳар хил йўлларни ишга солиб, уни қаноатлантира оладиган далилларни келтириб кўрди. Бироқ, улуғ тобеин қабул қилмади. Чорасиз қолган муғомбир Товуснинг чалғиб турганларидан фойдаланиб, ҳамённи хонадаги кичик токчалардан бирига билдирмай қўйиб қўйди. Сўнг волийнинг ҳузурига қайтиб: «Товус ҳамённи олди», деб айтди. Бу гапдан Муҳаммад ибн Юсуф мамнун бўлди ва кўзлаган режаси яхши натижа бериши учун бир муддат индамади. Бир неча кун ўтгач, икки хизматчисини ҳалиги муғобирга қўшиб Товуснинг олдига юборди ва:
— Кечирасиз, бу киши ҳамённи сизга адашиб бериб қўйибди, аслида у бошқа кишига берилиши керак экан. Шунинг учун биз уни сиздан қайтариб олиб, ўз эгасига олиб бориб бериш учун келдик, — деб айтишга буюрди. Товус ибн Кайсон:
— Мен амирдан бирон нарса олмадимки уни қайтариб берсам, — деди. Улар:
— Олгансиз, — дедилар. Товус ҳамённи олиб келган одамга қараб:
— Сендан бирон нарса олдимми? — деб сўраган эди, уни қаттиқ ваҳима босди ва:
— Йўқ, сиз олмадингиз, бир иш билан чалғиб турганингизда мен уни мана бу токчага қўйган эдим, — деди. Товус ибн Кайсон:
— Ана, токчага қаранглар агар турган бўлса, бемалол олиб кетаверинглар, — деди. Токчага қараган эдилар, муғомбир ҳамённи қандай қўйган бўлса, шундай ҳолда турган экан, ҳатто ўргимчак ин ҳам қўйишга улгурган экан. Ҳамённи олиб амирнинг ҳузурига қайтиб кетдилар.
Волий Муҳаммад ибн Юсуфнинг қилган бу қилмишига яраша Аллоҳ таоло унга кўрсатди, у одамлар кўз ўнгида мулзам бўлди. Бу қандай бўлганини Товус ибн Кайсондан эшитамиз: «Ҳаж қилиш ниятида Маккага бориб, ўша ерда эканимда, Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий мени чорлаб одам юборди. Чақириғига ижобат қилиб унинг ҳузурига бордим. Илиқ кутиб олди, салом-алик қилиб, ўзига яқин жойга ўтқазди, ёстиқ узатиб, бемалол ёнбошлаб ўтиришимни айтиб, илтифот кўрсатди. Сўнг ҳажга тааллуқли ва бошқа масалалар ҳақида сўрай бошлади. Биз Ҳажжож билан савол-жавоб қилиб ўтирар эканмиз, Каъба атрофида баланд овозда талбия айтиб юрган бир одамнинг товуши эшитилиб қолди. У товушини бир паст, бир баландлатиб, юракни эзадиган тарзда нола қилар эди. Ҳажжож: «Мана шу талбия айтувчини олиб келинглар», деди. Уни олиб келишгач:
— Сен кимлардан бўласан? — сўради ундан. У одам:
— Мусулмонлардан бириман.
— Сендан бу ҳақда сўраётганим йўқ, қайси юртдансан?
— Ямандан.
— Амирингизни қай ҳолатда қолдириб келдинг? (Ўз акасини назарда тутмоқда).
— Амиримизни савлатли, семиз, либосни кўп ўзгартирадиган, кўп маркаб минадиган ва кўп кирди-чиқди қиладиган ҳолида қолдириб келдим.
— Сендан бу ҳақда сўрамаяпман.
— Унда нима ҳақда сўраяпсан?
— Сизларга қандай муомала қилиши ҳақида сўраяпман.
— Одамларга кўп зулм қилувчи, мустабид, махлуққа итоат қилиб, Холиққа осий ҳолида қолдириб келдим. Ҳажжожнинг юзи ҳамсуҳбатлардан хижолат бўлганидан қизариб кетди ва:
— Амирингиз менинг яқиним эканини била туриб, шу сўзларни айтишга сени нима мажбур қилди?!
— Унинг сенга нисбатан бўлган ўрнини, менинг Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан бўлган ўрнимдан азиз деб биласанми? Мен Аллоҳнинг меҳмониман, Пайғамбарини тасдиқловчиман ва қарзини ўтагувчиман. Ҳажжож жим бўлиб қолди, бирон жавоб қайтармади. Ҳикояни давом эттириб Товус ибн Кайсон деди:
«Сўнг Яманлик киши, изн сўрамай, изн берилишини кутиб ҳам турмай, ўрнидан туриб чиқиб кетди. Мен ҳам унинг кетидан эргашиб чиқдим. Ўзимга ўзим: «Бу солиҳ киши кўринади, одамлар орасида кўздан ғойиб бўлиб қолмасидан олдин унга эргаш, ундан фойдалан, дедим. Уни кузатиб орқасидан юрдим. У Каъбанинг олдига келди, каъбапўшга осилиб, юзини Каъбага босиб дуо қила бошлади:
— Эй Аллоҳ, Ўзингдан паноҳ истайман, Ўзингнинг ҳимоянгни сўрайман. Эй Аллоҳ, мени фазлу карамингга хотиржам, кафолатингга рози, бахилларнинг манъ қилишидан қутулган ва худбинлар қўлидаги нарсалардан бехожат ҳолда қилгин. Эй Аллоҳ, сендан мусибатларни аритишинг, азалий яхшилигинг ва гўзал одатингни сўрайман, эй оламлар Робби...». Сўнг мени тавоф қилаётган одамлар тўлқини ўзи билан олиб кетиб, Яманлик кишини ҳам кўздан ғойиб қилди. Энди қайта топа олмасам керак, деб ўйлаб қолдим. Арафа куни кечасида қарасам одамлар билан юриб келмоқда. Унга яқинлашиб қулоқ солсам: «Эй Аллоҳ, агар қилган Ҳаж амалимни, чеккан машаққат-у чарчоқларимни қабул қилмаган бўлсанг, мендан қабул қилмаганингга тортаётган мусибатим ажридан мени маҳрум этма», деб дуо қилаётган экан. Сўнг қоронғида одамлар ичига кириб кўринмай кетди. Бу одамни яна қайтиб кўришдан умидимни узгач, дуо қилдим:
— Эй Аллоҳ, менинг ва ана шу бандангни ҳам дуоларимизни қабул қил, ўтинчларимизни ижобат эт. Қадамлар тойиладиган Кунда, қадамларимизни собит айла. Ҳавзи Кавсар олдида бирга жамлагин, эй карамлик Зот.
Улуғ тобеин Товус номи билан машҳур бўлган Заквон ибн Кайсон розияллоҳу анҳу билан навбатдаги кўришгунимизча...

Товус ибн Кайсон
Тўғри йўлга йўлловчи воиз
«Эй Абу Абдурраҳмон, сизни тушимда кўрдим. Сиз Каъбанинг олдида намоз ўқиётган экансиз, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъба эшиги олдида туриб: «Ёпинчиғингни очиб, қироатингни равон қил, эй Товус», деб айтаётган эканлар».
Мужоҳид
Мусулмонларнинг халифаси Сулаймон ибн Абдулмалик Маккага етиб келиб, Масжидул Ҳаром атрофидан жой олмай, ҳамда Каъбаи муаззамага бўлган завқ-шавқини қондирмаёқ, хизматкорига: «Бизга Динимизни англатадиган, шундай улуғ кунларда бизларга эслатма ўлароқ панд-насиҳат қиладиган бир олим топиб кел», деб амр қилди. Хизматчи одамлар оралаб, халифанинг истагини қондира оладиган киши ҳақида сўраб-суриштирди. Одамлар унга: «Сен Товус ибн Кайсонга бор. У ўз асри фуқаҳоларининг саййиди, Аллоҳ таоло йўлига даъват қилишда энг сўзи ўткир олимлардан, Сен уни маҳкам тут», деб маслаҳат бердилар. Хизматчи Товус ибн Кайсоннинг ҳузурига келиб, унга халифанинг чорловини етказди. Товус ибн Кайсон пайсалга солмай, халифанинг чақириғини дарҳол қабул қилдилар. Чунки у зот Аллоҳ таоло йўлидаги даъватчилар ҳар қандай фурсатдан фойдаланиб қолиши, кечиктирмай унга шошилиши лозим деб билардилар. Ва энг афзал сўз ҳокимларнинг хатоларини тўғрилаш, уларни жабр-зулм қилишдан қайтариш ва Аллоҳ таолога уларни яқинлатиш учун айтилган ҳақ сўз эканига амин эдилар.
Товус хизматкор билан бирга кетдилар ва халифанинг ҳузурига кириб бориб, салом бердилар. Халифа саломга гўзал жавоб қайтариб, олимни илиқ кутиб олди ва ўзига яқин ерга ўтказди. Сўнг ўзига ноаниқ бўлган Ҳаж арконлари ҳақида сўрай бошлади. Олимнинг қадрини жойига қўйиб, эҳтиром ва диққат билан жавобларга қулоқ тутар эди.
Товус ибн Кайсон айтадилар: «Халифанинг мақсади ҳосил бўлиб, сўрайдиган нарсаси қолмаганини билгач, ичимда ўзимга хитобан: «Бу шундай йиғинки, Аллоҳ таоло сендан бу ҳақда шубҳасиз савол-жавоб қилади», дедим, сўнг халифага юзланиб: «Эй Мўминлар амири, жаҳаннам чуқурлиги лабидаги бир тош ана шу чуқурликка қулаганида, етмиш йилдан сўнг унинг тубига етади. Мана шу жаҳаннамни Аллоҳ таоло кимлар учун тайёрлаб қўйганини биласизми? Халифа ўйлаб кўрмасдан: «Йўқ», деди. Аммо дарҳол ўзига келиб, бироз хижолат ичида: «Ким учун тайёрлаб қўйган?» деб сўради. Мен: «Аллоҳ таоло у чуқурликни ҳукмда ўзига шерик қилган, яъни одамлар устидан ҳукм қиладиган, одамларга бош қилиб қўйган бандаси зулм қилса, ана шундай ҳокимлар учун тайёрлаб қўйгандир», дедим. Бу гапни эшитган халифани чақмоқ ургандек бўлди. Тушган ҳолатини кўриб, ҳозир жон таслим қилса керак, деб ўйлаб қолдим. У жон томирни узиб юборгудек изтироб билан ҳўнграб йиғлай бошлади. Мен ўрнимдан туриб чиқиб кетдим, ортимдан: «Аллоҳ ажрингизни берсин», деб такрор-такрор айтиб қолди.
Умар ибн Абдулазиз халифалик мансабига ўтирганида, Товус ибн Кайсонга мактуб йўллаб, насиҳат қилишларини сўрайди. Улуғ тобеин бир қаторлик насиҳат мактубини ёзиб юборадилар: «Амалингизнинг ҳаммаси яхши бўлишини хоҳласангиз, волийликка фақат яхшилик эгаларинигина тайин этинг, саломат бўлинг (вассалом)». Умар ибн Абдулазиз мактубни ўқиб: «Етарлик насиҳат бўлибди... Етарлик насиҳат бўлибди», деди.
Халифалик Ҳишом ибн Абдулмаликка ўтгач эса, Товус ибн Кайсон билан халифа орасида бўлиб ўтган кўпгина машҳур воқеалар ҳақида ривоятлар келган. Шулардан бири: «Ҳишом ибн Абдулмалик ҳаж ниятида Маккага келади. Ҳарами шарифга киргач, Макка аҳлидан бўлган ёрдамчиларига:
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан топинглар, зиёрат қилайлик, — деди. Улар:
— Эй Мўминлар амири, саҳобаларнинг биронталари ҳам қолмай барчалари бирин-кетин Роббиларининг ҳузурига кетдилар. Халифа:
— Унда тобеинлардан топинглар.
Тобеинлардан Товус ибн Кайсонни излаб топдилар. Товус ибн Кайсон халифанинг ҳузурига кирганида, оёқ кийимини гиламнинг бир четига ечиб, халифага «мўминлар амири»ни қўшмасдан салом берди. Куняси билан эмас, балки исми билан мурожат қилди ва изн бўлмасдан аввал ўтириб олди. Бундан Ҳишом ғазаб ўтида ёнди, ғазаб аломати унинг кўзларида ҳам кўриниб турарди. Сабаби, бу ҳолни у ўзига қарши журъат ҳамда ён-атрофдагилар ва хизматчилар кўз ўнгида ҳайбатини кетказиш, деб баҳолади. Лекин, шу билан бирга у Ҳарамда эканини эсга олиб, дарҳол ўзини босиб олди ва оғирлик билан Товус ибн Кайсондан:
— Нима сабабдан бундай иш қилдингиз? — деб сўради. Товус ибн Кайсон:
— Нима иш қилибман? Халифанинг ғазаби қайта қўзғаб:
— Кавушингизни гиламнинг четига ечиб қўйдингиз, «мўминлар амири» демай салом бердингиз, куням билан эмас, исмим билан чақирдингиз ва ниҳоят, изн бермасимдан аввал ўтириб олдингиз. Товус ибн Кайсон вазминлик билан:
— Кавушимни гиламингиз четига ечганимдан бошласак, мен ҳар куни беш маротаба Роббул оламийн ҳузурида кавушимни ечиб қўяман... У мени койимайди, менга ғазаб ҳам қилмайди. «Мўминлар амири»ни қўшмай салом берганимга келсак, барча мусулмонлар ҳам сизнинг халифалигингизга рози эмаслар, шунинг учун, «эй мўминлар амири», деб айтсам, ёлғончилардан бўлиб қолишдан қўрқдим. Энди «куням билан эмас, исмим билан чақирдингиз», деб маломат қилишингизга жавобим: «Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбарларини исмлари билан чақирган: «Эй Довуд... Эй Яҳё... Эй Ийсо... деб. Душманларини эса кунялари билан: «Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай — ҳалок бўлгай! (Аниқки) у қуриди — ҳалок бўлди!». Ва ниҳоят, изн бўлмай ўтириб олганим эса... Мен мўминлар амири Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан: «Дўзах аҳлидан бўлган кишини кўрмоқчи бўлсанг, ўзи ўтириб ҳузуридаги одамлар тик турган кишига қарагин», деб айтганларини эшитганман, шунинг учун дўзах аҳлидан деб саналган шундай кишилардан бўлиб қолишингизни хоҳламадим», деб жавоб берди. Ҳишом ибн Абдулмалик хижолатдан ерга қараб қолди, сўнг бошини кўтариб: «Менга насиҳат қилинг, эй Абу Абдурраҳмон», деди. Товус ибн Кайсон: «Мен Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳунинг бундай деганларини эшитганман: «Жаҳаннамда йўғон устунлар мисол илонлар, хачирлардек чаёнлар бор. Улар фуқаролари орасида адолат қилмайдиган раҳбарларни чақадилар». Сўнг Товус ибн Кайсон ўрнидан туриб чиқиб кетди.
Товус ибн Кайсон айрим ҳокимларга панд-насиҳат қилиш ва тўғри йўлга йўллаш учун иқбол қилса, бошқа баъзиларидан уларга танбеҳ бўлсин учун юз ўгирар эди. Товус ибн Кайсоннинг ўғли ҳикоя қилади: «Бир йили отам билан Ямандан Ҳаж ниятида сафарга чиқдик. Юра-юра истироҳат учун йўлдаги шаҳарлардан бирига тушдик. Шаҳар ҳокими ҳокимларнинг энг ёмонларидан, ҳаққа қарши чиқишга ўта журъатли ва ботилга муккасидан кетган Ибни Нажиҳ исмли киши эди. Фарз намозини адо этиш учун масжидга кирдик. Ҳоким отамнинг келганларини эшитиб, масжидга келди. Отамнинг қаршиларига ўтириб салом берди. Отам саломига алик ҳам олмай, тескари қараб ўтириб олдилар. Ҳоким ўнг тарафларидан келиб гапирди. Отам юз ўгирдилар. Чап тарафларидан келиб гапирди. Отам яна юз ўгирдилар. Бу ҳолатни кўргач, мен ҳокимнинг олдига бориб салом бердим ва кўришиш учун қўл узатиб:
— Отам сизни танимадилар, — деб қўйдим. Ҳоким:
— Отангиз мени яхши танийдилар. Мени яхши билганлари учун ҳам мана шундай қиляптилар, — деди ва бошқа гапирмай, ўрнидан туриб чиқиб кетди. Манзилимизга қайтгач отам менга:
— Ҳой аҳмоқ, ана шундай ҳокимларни орқасидан қаттиқ мазаммат қиласан, ўзларини кўрганингда мулойимлик қиласан. Ахир бу мунофиқлик эмасми?! — деб койиб бердилар.
Товус ибн Кайсон даъват-у насиҳатларини халифа ва ҳокимларгагина чегараламаган эдилар, балки насиҳат талаб бўлган ҳар бир кишига панд-насиҳатларини аямас эдилар. Ато ибн Аби Рабоҳ ҳикоя қилади:
«Товус ибн Кайсон мени ўзлари ёқтирмаган ўринда кўриб: «Эй Ато, сенга эшигини ёпиб, эшигига соқчи қўйиб қўйган кишига эҳтиёжларингни айтмагин. Балки сенга эшикларини очиб қўйган, Унга дуо қилсанг ижобат қилиш ваъдасини берган Зотдан ҳожатларингни талаб қил», деб насиҳат қилдилар.
Товус ибн Кайсон ўз ўғилларига қилган насиҳатларида: «Эй ўғилчам, оқил инсонлар билан бирга бўл, шунда гарчи улардан бўлмасанг ҳам, уларга мансуб деб ҳисобланасан. Жоҳилларга қўшилма, зеро улар билан бирга бўлсанг, гарчи жоҳиллардан бўлмасанг ҳам, уларга мансуб деб ҳисобланасан. Шуни билки, ҳар бир нарсани олий мақсади бўлади. Кишининг олий мақсади дини ва хулқининг комил бўлишидир».
Бу насиҳатларнинг самараси ўлароқ Товус ибн Кайсоннинг ўғли Абдуллоҳ отасидан олган тарбия асосида ўсиб улғайди. Отасидаги барча яхши сифатларни ўзида жамлаб, отасига монанд фарзанд бўлиб етишди. Бунинг мисоли: Аббосий халифалардан Абу Жаъфар Мансур бир куни Товус ибн Кайсоннинг ўғли Абдуллоҳ билан Молик ибн Анасни (Моликия мазҳабининг асосчиси) ҳузурига таклиф қилади. Икковлари халифанинг қабулига кириб, ўзларига муносиб жойга ўтиришгач, халифа Абдуллоҳ ибн Товусга юзланиб:
— Отангиз айтиб берган ҳадислардан менга ҳам айтиб беринг, — деди. Абдуллоҳ ибн Товус:
— Отам менга ушбу ҳадисни айтиб берган эдилар: «Кимни Аллоҳ азза ва жалла мусулмонлар ишига бош қилиб қўйган бўлса, бироқ у зулм билан ҳукм юритса, ана шундай киши Қиёмат кунида азоби энг қаттиқ бўладиган кишидир».
Имом Молик дедилар: «Мен Абдуллоҳ ибн Товусдан бу сўзни эшитгач, унинг қони сачраб кийимларимга тегишидан қўрқиб, кийимимни йиғиштириб олдим... Лекин, бундай гапни эшитишига қарамай, халифа Абу Жаъфар Мансур узоқ жим бўлиб қолди. Охири биз хайрлашиб чиқиб кетдик».
Товус ибн Кайсон юз ёшдан ошиқ узун ва баракотли ҳаёт кечирдилар. Бироқ қарилик у зотнинг ўткир зеҳнлари, хотиралари ва ҳозиржавобликларига асло путур етказмаган эди. Абдуллоҳ Шомий шундай деган эди:
«Товус ибн Кайсоннинг панд-насиҳатларидан эшитиш мақсадида зиёратларига келдим, аммо ўзларини танимас эдим. Эшикни тақиллатдим. Ёши улуғ бир қария чиқди. Салом бериб:
— Сиз Товус ибн Кайсонмисиз? — дедим. Қария:
— Йўқ, мен у кишининг ўғлиман, — деди. Мен:
— Сиз ўғли бўлсангиз, унда ўзлари эс-ҳушлари бузилган даражада қариб-қартайиб қолган бўлсалар керак, мен илмларидан фойдалайин, деб узоқдан келган эдим. Қария:
— Ҳой инсон, шуни билки, Қуръонни кўтарганларнинг эслари оғмайди... Киравер. Товус ибн Кайсоннинг ҳузурларига кириб салом бердим ва:
— Илмингиздан фойдаланиш, панд-насиҳатларингизни тинглаш мақсадида келган эдим. Товус ибн Кайсон:
— Сўрайвер, фақат қисқа қил, чўзиб юборма. Мен:
— Имконим борича қисқа қиламан иншааллоҳ. Товус ибн Кайсон:
— Хоҳласанг Таврот, Забур, Инжил ва Қуръонда келган нарсаларнинг хулосасини жамлаб айтиб бераман. Мен:
— Ҳа, албатта, айтиб беринг. Товус ибн Кайсон:
— Аллоҳ таолодан шундай қўрққинки, Ундан ўзга бирон нарса сенга қўрқинчлироқ бўлмасин. Аллоҳдан умид қилишинг эса, Ундан қўрқишингдан зиёда бўлсин. Ўзингга нимани яхши кўрсанг, бошқаларга ҳам шуни раво кўргин.
Бир юз олтинчи ҳижрий сана Зул-ҳижжа ойининг ўнинчи кечаси, улуғ ёшли шайх Товус ибн Кайсон қирқинчи бор ҳаж қилиб, ҳожилар билан бирга Арафотдан Муздалифага тушдилар. Муздалифанинг пок ерларига тушиб, шом билан хуфтон намозларини жамлаб ўқигач, бироз ором олиш учун ёнбошлаганларида, оила аҳллари ва ватанларидан узоқ, аммо Аллоҳга яқин ҳолларида, эҳромда, талбия айтаёган, Аллоҳнинг ажру савобини умид қилган, Аллоҳнинг фазли марҳамати билан онадан янги туғилгандек гуноҳлардан пок ҳолда у зотга ўлим келди. Тонг ёришиб, муборак жасадларини дафн қилмоқчи бўлинганида, одамлар кўпайиб кетганидан тобутни олиб чиқиб, дафн қилишнинг имкони бўлмай қолди. Шунда Макканинг амири бир қанча соқчилар юборди. Улар одамларни четлатиб, дафн қилишга имкон қилиб бердилар. Товус ибн Кайсоннинг жанозаларига саноғи ёлғиз Аллоҳга аён жуда кўп инсонлар ҳозир бўлдилар. Жанозаларини ўқиган мусулмонлар ичида уларнинг халифаси Ҳишом ибн Абдулмалик ҳам бор эди.


Мундарижа

Рабиа ар-Роъй    1
Ражо ибн Ҳайва    17
Омир ибн Шароҳил Шаъбий    32
Салама ибн Дийнор    43
Саид ибн Мусаййаб    57
Саид ибн Жубайр    70
Муҳаммад ибн Восеъ ал-Аздий    87
Муҳаммад ибн Восеъ Аздий  ҳаётларидан
яна бир лавҳа    96
Умар ибн Абдулазиз    110
Муҳаммад ибн Ҳанафийя    120
Товус ибн Кайсон    136
Товус ибн Кайсон    144
Мундарижа    155