Таҳорат китоби: Ният ва унинг ҳукми

Ушбу мақола шайх Абдуллоҳ Оли Бассом раҳимаҳуллоҳнинг "Тайсирул Аллом шарҳу умдатил аҳком" китобидан таржима қилинган бўлиб, унда таҳорат китобининг турғун сувни ишлатишга тааллуқли ҳукм ҳақида сўз юритилади.

اسم الكتاب: كتاب الطهارة : النية وأحكامها


تأليف: عبد الله بن عبد الرحمن آل بسام


نبذة مختصرة: كتيب مترجم إلى اللغة الأوزبكية، مقتبس من كتاب تيسير العلام شرح عمدة الأحكام لفضيلة الشيخ عبد الله البسام - رحمه الله -، فقد قام الشيخ - رحمه الله - بشرحه شرحًا تميز بأسلوب سهل، قريب المأخذ، مفصل المواضيع، فتكلم أولاً على المعنى المجمل متحريًا مطابقة اللفظ، ومبينًا ما طوي تحت الألفاظ من حكمة وتشريع أو توطئة وتمهيد وغيره مما توحيه الجمل والألفاظ، وإذا احتاج المقام إلى توضيح من بعض طرق الحديث التي لم يورده المؤلف أجمله الشارح معه، منبهًا على ذلك، لتتم الفائدة، ويستقيم البحث، ثم يستخرج من الحديث ما يدل عليه من الأحكام والآداب، ثم يذكر ما قوي من خلاف العلماء، مع ذكر أدلتهم ومآخذهم، مع حرصه على بيان حكمة التشريع وجمال الإسلام وسمو أهدافه، وجليل مقاصده، من وراء هذه النصوص، وفي هذا الجزء بيان النية وأحكامها من كتاب الطهارة.

Таҳорат китоби: Ният ва унинг ҳукми
«Тайсирул аллом шарҳу умдатил аҳком» китобидан иқтибос
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
Шайх Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Оли Бассом



Мутаржим: Иброҳим Асарий
Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший
 
كتاب الطهارة: النية وأحكامها
مقتبس من كتاب تيسير العلام شرح عمدة الأحكام
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
الشيخ عبد الله بن عبد الرحمن بن صالح آل بسام

ترجمة: إبراهيم الأثري
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي

 

Мутаржим муқаддимаси
Бисмиллаҳир-раҳмонир-роҳийм
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга, у кишининг аҳли-оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бизларга Ўзини танитадиган, динимизни ўргатадиган ва У зот нозил қилган ҳукмларни баён қиладиган Пайғамбар юборди.
Аллоҳ таоло шундай дейди: «Шунингдек, сизларга ўзларингиздан бўлган, Бизнинг оятларимизни сизларга тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга Китоб ва Ҳикматни (Қуръон ва Ҳадисни) таълим берадиган ҳамда билмаган нарсаларингизни ўргата-диган пайғамбар юбордик» [Бақара: 151].
Аллоҳ таоло бизларни юборилган бу Пайғамбарга итоат қилишга буюриб шундай дейди: «Айтинг: «Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз!» Агар юз ўгирсалар, албатта Аллоҳ бундай кофирларни севмас» [Оли-Имрон: 32]. Агар чиндан ҳам Аллоҳни севсак ва Аллоҳ таоло ҳам бизни севишини ва гуноҳларимизни кечиришини истасак Пайғамбарга эргашишимиз лозимлиги, шунингдек, Пайғамбарга итоат қилиш Аллоҳга итоат қилиш эканини баён қилиб Аллоҳ таоло шундай дейди: «Айтинг (Эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинг-лар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи ва меҳрибондир» [Оли-Имрон: 31].
Бошқа оятда шундай дейди: «Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди…» [Нисо: 80].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш ва у зотдан ўрнак олишга буюрувчи ёки тарғиб қилувчи бундан бошқа талай оятлар бор.
Қолаверса, жаннатга киришимиз учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишимиз лозимдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Умматимнинг барчаси жаннатга киради. Бундан бош тортганлар мустаснодир». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, (жаннатга киришдан) ким бош тортади?», деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ: «Ким менга итоат қилса жаннатга киради. Кимда-ким менга итоат қилмаса, (жаннатга киришдан) бош тортган бўлади», деб жавоб бердилар [Бухорий: 6851].
Шак-шубҳасиз, ҳар қандай солиҳ амалнинг дуруст ва қабул бўлиши учун унинг ихлос ила ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига мувофиқ бўлиши шарт қилинади.
Аллоҳ таоло айтади: «Ҳолбуки, улар ихлос билан ягона Аллоҳга ибодат қилишгагина буюрилдилар» [Баййина: 5]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Албатта амаллар(нинг солиҳ ёки яроқсизлиги, мақбул ёки номақбуллиги) фақат ниятларга боғлиқдир» [Бухорий: 1907]. Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейдилар: «Ким биз қилмаган амални қилса, қилган амали қабул қилинмайди» [Муслим: 1718].
Бинобарин, ислом уммати уламолари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган сўз, амал ва иқрорларидан иборат суннатини йиғиб, минглаб китоблар битишган. Ҳижрий олтинчи асрда яшаб ўтган имом Абдулғаний ибн Абдулвоҳид Мақдисий Жаммоилий ана шулар жумласидандир. У «икки саҳиҳ ҳадислар тўплами»-да келган фиқҳ аҳкомларига тааллуқли ҳадисларни бир китобда жамлаб, уни «Умдатул аҳком» деб номлаган. Бу китоб фиқҳ китобларидаги машҳур боблар асосида тартибланган бўлиб, унда имом Бухорий ва Муслим мазкур бобларда ривоят қилган саҳиҳ ҳадислар келтирилган.
Асримиз уламоларидан бўлмиш аллома шайх Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Оли Бассом бу китобга қисқа ва сермазмун шарҳ ёзиб, уни «Тайсирул Аллом шарҳу умдатил аҳком», дея номлаган.
Биз ушбу китоб таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз, иншаоллоҳ.
Аллоҳ таолодан бу арзимас амалимизни даргоҳида қабул қилиши, охиратда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатига сазовор бўладиган, ислом дини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига хизмат қилувчи бандаларидан қилишини сўраймиз. Шунингдек, Аллоҳ таолодан ушбу таржима Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини ёйиш борасида муносиб ҳисса қўшишини умид қилиб қоламиз. Омийн!

 

Муаллиф муқаддимаси
Муаллиф ҳофиз шайх Тақийюддин Абу Муҳаммад Абдулғаний ибн Абдулвоҳид ибн Али ибн Сарур Мақдисий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди:
Барчадан олий ва устун бўлган ёлғиз ҳақиқий подшоҳ — Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Гувоҳлик бераманки, шериги бўлмаган Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. У еру осмон ва улар ўртасидаги барча нарсаларнинг Раббиси бўлган Азиз ва Ғаффор зотдир.
Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Унинг бандаси ва танлаб олган пайғамбаридир. Пайғамбаримиз Муҳаммадга, у зотнинг аҳли-оиласи ва барча саҳобаларига Аллоҳнинг салом ва салавотлари бўлсин.
Аммо баъд:
Баъзи биродарларимиз «икки имом» — Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим Бухорий ва Муслим ибн Ҳажжож ибн Муслим Қушайрий Найсабурий ривоят қилган «муттафақун алайҳ»  ҳадислардан фиқҳий аҳком-ларга оид бўлганларини саралаб беришимни илтимос қилишди. Мен бу амал фойдали бўлади деган умидда уларнинг илтимосларига рози бўдим .
 Аллоҳ таолодан бу китобни бизларга ва уни ёзган, эшитган, ўқиган, ёдлаган ҳамда унга назар солган кишиларга фойдали қилишини сўраймиз.
Шунингдек, Аллоҳдан бу амалимизни холис Ўзи учун бўлиши ва жаннати наиймга киришга сабаб бўладиган амаллар қаторида қилишини умид қиламиз. Зеро, бизга Аллоҳнинг Ўзи кифоя ва У қандай ҳам яхши вакилдир.


Биринчи ҳадис
Мўминлар амири Абу Ҳафс Умар ибн Хаттоб розиял-лоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Албатта амаллар ниятларга боғлиқдир. Ҳар бир кимса учун ният қилгани насиб қилур. Кимда-ким Аллоҳ ва Унинг Расули учун ҳижрат қилса, у ҳолда Аллоҳ ва Расули сари ҳижрат қилган бўлур. Кимда-ким мол-дунёга эришиш ёхуд бир аёлга уйланиш мақсадида ҳижрат қилса, у ҳолда ўзи мақсад қилган нарсасига ҳижрат қилган бўлур» [Бухорий: 1 ва Муслим: 1907].
Шарҳ:
Мазкур ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буюк сўзларидан ва ислом динидаги муҳим қоидалардан бири бўлиб, амалларни ўлчаш учун энг тўғри мезондир. Амалларнинг қабул бўлиши ёки бўлмаслиги ва кўп ёки кам савоб берилиши ниятга боғлиқдир.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам амаллар ниятларга боғлиқ экани ҳақида хабар бердилар. Агар ният тўғри ва амал холис Аллоҳ учун бўлса, амал қабул қилинади. Аммо бундай бўлмаса, қабул қилинмайди. Зеро, Аллоҳ таоло нохолис ва ширк аралашган амалдан бутунлай беҳожат бўлган Зотдир.
Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу буюк қоидани ойдинлаштириб бериш учун бунга ҳижрат амалини мисол қилиб келтирдилар. Ким куфр диёридан Аллоҳнинг савобига эришиш, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин бўлиш ва шариатни ўрганиш ниятида ҳижрат қилса, унинг ҳижрати Аллоҳ йўлида бўлиб, У зот уни ажру савоб ила мукофотлайди. Ким бирон дунёвий манфаатга эришиш мақсадида ҳижрат қилса, ҳеч қандай савобга эришмайди. Балки гуноҳ-маъсият учун ҳижрат қилган бўлса, бу амали туфайли жазоланади.
Дарҳақиқат, ният орқали ибодат билан одат ўртаси ажратилади. Масалан, жанобатдан покланиш ниятида ғусл қилинса, ибодат, шунчаки тозаланиш ёки салқинланиш мақсадида ғусл қилинса, одат бўлади.
Шариатда ниятга икки томондан қаралади:
Биринчиси: Амалларни ёлғиз Аллоҳ таоло учун ихлос билан бажариш. Ниятдан кўзланган энг олий ғоя ҳам шудир. Бу тўғрида кўпроқ тавҳид ва одоб-ахлоқ илми уламолари сўз юритадилар.
Иккинчиси: Ибодатларни бир-биридан ажратиш. Бу тўғрида кўпроқ фуқаҳолар сўз юритади.
Мазкур ҳадис эътибор қаратишимиз ва унинг маънола-рини яхши англаб етишимиз лозим бўлган сермазмун ҳадислардан биридир. Албатта, ушбу ҳадисни қисқа сатрларда шарҳлаш билан унинг ҳаққини тўлиқ адо қилиб бўлмайди.
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис ҳар қандай илмий масала ёки бобга тааллуқли бўлгани боис саҳиҳ тўпламини у билан бошлаган.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1- Амалларнинг тўғри ёки нотўғри, савоби комил ёки ноқис бўлиши ҳамда тоат ёки маъсият деб эътибор қилиниши ниятларга боғлиқдир. Ким амали ила риёкор-ликни қасд қилса, гуноҳкор бўлади. Масалан, ким фақат Аллоҳнинг динини устун қилиш ниятида жиҳод қилса, комил савобга эришади. Борди-ю, Аллоҳнинг динини устун қилиш билан бир қаторда ўлжани ҳам ният қилса, савоби ноқис бўлади. Агар фақат ўлжа ниятида жиҳод қилса, гуноҳкор бўлмасада, бироқ мужоҳидга бериладиган ажр-савобга эришмайди.
Мазкур ҳадис ниятларнинг хилма-хиллигига қараб амаллар, хоҳ у тоат-ибодат, хоҳ маъсият бўлсин, турлича бўлишини баён қилиш учун айтилган.
2- Ният амалнинг асосий шарти саналади. Аммо уни эсга олишда ибодатга путур етказадиган даражада чуқур кетмаслик керак. Зеро, бирон амални бажариш кўнгилдан ўтиши билан ният ҳосил бўлади. Уни эсга олиш ва рўёбга чиқаришда ортиқча такаллуфга ҳожат йўқ.
3- Ният қалбда бўлади, уни тил билан айтиш бидъат.
4- Модомики, риёкорлик ва фақат дунёвий манфаатларга эришиш ниятида амал қилиш ибодатга путур етказар экан, улардан сақланиш фарздир.
5- Қалбда кечадиган амалларга эътибор қаратиш ва уни доимо назорат қилиб туриш лозим.
6- Аллоҳ розилиги учун куфр диёридан ислом диёрига ҳижрат қилиш энг афзал ибодатлардан бири.
 Фоида:
Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ Аллоҳдан бошқаси учун қилинган амаллар бир неча қисм бўлишини зикр қилган:
1) «Инсон ўз амали билан фақат риёкорлик ва дунёвий манфаатларга эришишни қасд қилади. Бундай ҳолат мўмин кишидан деярли содир бўлмайди. Негаки, риёкорлик амални пучга чиқариб, амал соҳибини Аллоҳнинг ғазаби ҳамда азоб-уқубатига гирифтор қилади.
2) Инсон Аллоҳ учун амал қилади-ю, бироқ унга риё аралашади. Агар амалнинг бошиданоқ риё аралашган бўлса, саҳиҳ далиллар бу амалнинг ботил эканига далолат қилади.
3) Инсон Аллоҳ учун амал қилади-ю, сўнг унга риё қўшилади. Бироқ амал соҳиби риёга қарши курашиб, уни йўқотади. Уламолар бу ҳолатда риёнинг амалга путур етказмаслигига иттифоқ қилишган.
4) Амал асносида қўшилган риё кетказилмаса, амални пучга чиқарадими ёки унинг зиёни бўлмай, инсон асл ниятига кўра мукофотланадими? Салаф уламоларимиз бу хусусида ихтилоф қилишган». (Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ-нинг сўзи жузъий ўзгартиришлар билан нақл қилинди).
Иккинчи ҳадис
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Биронтангиз таҳоратини бузса, то таҳорат олмагунча Аллоҳ таоло унинг намозини қабул қилмайди» [Бухорий: 135, 6954].
Шарҳ:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бирон-тангиз таҳоратини бузса», деган сўзларининг мазмуни шуки, инсон бавл қилиш, ҳожатга чиқиш ёки бундан бошқа таҳоратни бузадиган амаллардан бирини қилса, то таҳорат олмагунича намози қабул қилинмайди.
Доно шариатимиз бизларни намозга гўзал сурат ва чиройли кўринишда киришга йўллаган. Чунки намоз Аллоҳ таоло билан банда ўртасидаги мустаҳкам ришта ва У зотга муножот қилиш йўлидир. Шу боис намозни адо қилишдан олдин покланиш ва таҳорат олишга буюрган ҳамда таҳораcиз намоз қабул қилинмаслигини маълум қилган.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1- Мусулмон киши жанобат ва ҳайз каби ғуслни вожиб қиладиган катта бетаҳоратсизлик, шунингдек, бавл қилиш ва ҳожатга чиқиш каби кичик бетаҳоратликдан покланма-гунча намози қабул қилинмайди.
2- Бавл қилиш, ҳожатга чиқиш, ел чиқариш ёки жунуб бўлиш каби ишлар таҳоратни бузиб, намозни ботил қилади.
3- Бу ерда намоз қабул қилинмаслигидан мақсад намоз-нинг дуруст бўлмаслиги ва намозхон зиммасидан намоз соқит қилинмаслигидир.
4- Мазкур ҳадис намоз дуруст бўлиши учун таҳорат шарт эканига далолат қилади.
Учинчи ҳадис
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Абу Ҳурайра ва Ойша розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Товонларга дўзахда ҳалокат бўлсин» [Бухорий: 60, 96, 163 ва Муслим: 241. Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳадисини ёлғиз имом Муслим ривоят қилган].
Шарҳ:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Товон-ларга», деган сўзларидан мурод таҳорат олишда товонлари-га сув етказмаган инсонлардир. Бинобарин, ҳадис мазмуни қуйидагича: «Таҳорат олишда товонларини рисоладагидек ювмайдиган инсонларга дўзахда ҳалокат бўлсин».
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу сўзлари ила бизларни таҳоратда камчиликка йўл қўйиш ва унга лоқайд бўлишдан огоҳлантириб, таҳоратни комил суратда олишга ундамоқдалар.
Одатда оёқларни ювишда унинг орқа қисмига (товонга) сув етиб бориши бироз қийинроқ бўлади. Бу эса таҳорат ва намозга путур етказади. Шу боис мазкур ҳадисда товонни шариатда кўрсатилганидек комил суратда ювишга лоқайд бўлган киши ва унинг товонига азоб бўлиши ҳақида хабар берилмоқда.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1- Таҳорат аъзоларини диққат-эътибор билан яхшилаб ювиш фарзлиги ва уларни ювишда камчиликка йўл қўймаслик. Мазкур ҳадисда фақат оёқларини рисолагидек ювмаган кишига танбеҳ берилган бўлсада, бироқ қолган аъзолар унга таққосланади. Қолаверса, қолган аъзоларни яхшилаб ювиш кераклиги борасида ҳам далиллар келган.
2- Ҳадисда таҳоратга лоқайдлик билан қараган кишига жиддий таҳдид қилинмоқда.
3- Таҳоратда оёқларни ювиш фарз эканини қўллаб-қувватлайдиган ҳадислар мутавотир даражасига етган. Шунингдек, бутун аҳли суннат ва жамоат уламолари шиаларга хилоф ўлароқ, таҳоратда оёқларни ювиш фарз эканига ижмо қилишган. Шиалар бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амаллари ва саҳобаларга оёқ ювишни ўргатганлари ҳақида келган ҳадисларга қарши иш тутишган. Қолаверса, шиалар таҳорат бобидаги соғлом қиёсга зид иш тутдилар. Негаки, оёқларни ювиш унга масҳ тортишдан кўра яхшироқ тозалайди. Бинобарин, оёқларни ювиш унга масҳ тортишдан кўра таҳорат олишдан кўзланган мақсадга муносиброқдир.
Тўртинчи ҳадис
 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Биронтангиз таҳорат олса, бурнига сув тортиб сўнг уни қоқиб ташласин. Агар тош билан истинжо қилса, тоқ сонли қилсин. Шунингдек, ким уйқудан уйғонса қўлини идишга солишдан олдин уни уч бор  ювсин. Зеро, ҳеч бирингиз қўли қаерда тунаганини билмайди».
Муслим ривоятида: «Бурнига сув тортсин», бошқа бир ривоятда: «Ким таҳорат олса, бурнига сув тортсин», дейилган [Бухорий: 162 ва Муслим: 278].
Шарҳ:
Ҳадисдаги: «тош билан истинжо қилса», деган сўздан мурод бавл ёки ҳожат чиқаргандан сўнг олд ва орқа авратни тош билан тозалашдир. [Бунга кесак, қоғоз, пахта, латта ва ҳоказо нажосат асоратини тозалайдиган нарсалар-ни ҳам киритиш мумкин].
Шунингдек, «тоқ сонли қилсин», деган сўзнинг маъноси олд ва орқа авратни тош ёки кесак билан уч, беш ёки етти каби тоқ сонлар билан тозалаш демакдир. (Бошқа ҳадис-ларда баён қилинганидек) олд ва орқа авратни энг камида уч бор тозалаш лозим.
«Зеро, ҳеч бирингиз қўли қаерда тунаганини билмайди». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу сўзлари ила уйқудан сўнг қўл ювиш сабабини баён қилмоқдалар.
Замахшарий, Ибн Ҳазм, Омидий ва Ибн Бурҳон роҳима-ҳумуллоҳ фикрларига кўра, ҳадисдаги «қаерда тунагани», деган сўз «қаерда бўлгани» деган маънода бўлиб, бу ҳукм фақат тунги уйқуга хос бўлмай, балки кундузги уйқуларни ҳам ўз ичига олади. Ҳадисдаги «қўл»дан кафт назарда тутилган. Зеро, қўл сўзи бирон қайдсиз мутлақ айтилганда ундан кафт назарда тутилади.
Мазкур ҳадис уч қисмдан ташкил топган бўлиб, ҳар бир қисмнинг ўзига хос ҳукми бор.
1- Маълумки, таҳоратда юзни ювиш фарз. Бурун эса унинг бир бўлагидир. Шу боис, ҳадисда таҳорат олган киши бурнига сув тортиб, сўнг уни қоқиб ташлаши кераклиги айтилган. Бу араб тилида «истиншоқ» ёки «истинсор», дейилади. Таҳоратда бурунни ювиш лозимлиги хусусида жуда кўп саҳиҳ ҳадислар келган. Қолаверса, бурунни ювиш шариат талаб қилган покликка ҳисса қўшадиган амаллардан биридир.
2- Ким ҳожатга боргандан сўнг нажосат асоратини кетказишни истаса, тоқ сонли тош билан истинжо қилиши керак. Олд ёки орқа авратдан чиққан нажосат асоратини кетказишда энг камида уч бор тош билан тозалаш лозим бўлса, энг кўпи билан ўша ердаги нажосат асорати кетиб, у жойнинг пок бўлгунига ишонч ҳосил қилгунга қадар давом этади. Борди-ю нажосат асорати жуфт сон билан кетса, тоқ қилиш мақсадида унга яна битта тош қўшиб тозаланади.
3- Уйқудан уйғонган одам то қўлини уч бор ювмагу-нича, идишга қўлини ботирмаслиги ёки ҳўл нарсаларни ушламаслиги лозим. Чунки кўпинча тунги уйқу узун бўла-ди ва одам қашиниш ёки шу каби ишлар учун, ўзи билмай баъзи нажосатларни ушлаши мумкин. Шу боис қўлни тозалаш мақсадида уйқудан сўнг уларни ювиш жорий қилинди.
 Уламолар ихтилофи:
Уламолар қай уйқудан сўнг қўлларни ювиш лозимлиги борасида ихтилоф қилишган.
Шофеий ва жумҳур уламолар ҳар қандай — хоҳ тунги, хоҳ кундузги уйқудан сўнг қўлларни ювиш лозим, деган фикрни билдиришган. Улар ўз фикрларига далил сифатида мазкур ҳадисдаги «уйқу» сўзи мутлақ зикр қилингани, ундан фақат тунги уйқу назарда тутилмаганини айтишган.
Имом Аҳмад ва Довуд Зоҳирий фақат тунги уйқудан сўнг қўллар ювилади дейишган. Улар ўз фикрларини қўллаш мақсадида ҳадисдаги «…қўли қаерда тунаганини билмайди», деган жумлани далил қилиб, тунаш кечага хос эканини айтишган. Қолаверса, улар имом Термизий ва Ибн Можа ривоятидаги: «Бирингиз тунги уйқудан уйғонса…», деган қўшимчани ҳам далил қилишган.
Бу борадаги рожиҳ фикр имом Аҳмад ва Довуд Зоҳирийнинг фикридир. Негаки, уйқудан сўнг қўл ювишдан кўзланган ҳикмат равшан эмас. Бу ҳукм қўлга тегиш эҳтимоли бўлган нажосатни тозалаш учун айтилган бўлишидан кўра, кўпроқ иллати аниқ бўлмаган ибодат қабилидан бўлиши ҳақиқатга яқинроқ. Кундузги уйқу қанча узоқ бўлсада уни тунги уйқуга таққослаб бўлмайди. Чунки одатда кундузги уйқу узоққа чўзилмайди. Ваҳоланки, ҳукмлар одатда кўп такрорланадиган ишларга тааллуқли бўлади. Шунингдек, ҳадисларнинг зоҳири мазкур ҳукмнинг тунги уйқуга хос эканига далолат қилади.
Уламолар уйқудан сўнг қўлни ювиш мустаҳаб ёки фарзлиги хусусида ихтилоф қилишган.
Жумҳур уламолар ва ҳанбалий мазҳаби уламоларидан Хирақий, Муваффақ ибн Қудома ҳамда Мажд ибн Таймияларнинг, шунингдек, имом Аҳмаддан келган бир фикрга кўра, уйқудан сўнг қўлни ювиш мустаҳаб саналади.
Ҳанбалий мазҳабидаги машҳур фикрга кўра, бу иш вожибдир. Дарҳақиқат, ҳадиснинг зоҳири уларнинг фик-рини қўллаб-қувватлайди.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1- Бурунга сув олиб, сўнг уни қоқиш фарз саналади. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Мазкур ҳадис таҳоратда бурунга сув олиш билан ундан сувни қоқиш ўртасида фарқ борлигига очиқ далил бўлади».
2- Аллоҳ таоло бизларни таҳоратда юзларимизни ювиш-га буюрган. Ушбу ҳадис орқали бурун юзнинг бир бўлаги экани, бинобарин, уни ҳам ювиш фарзлигини биламиз.
3- Тош билан истинжо қилишда тоқ қилиш лозим. Мажд ибн Таймия ўзининг «Мунтақо» китобида шундай дейди: «Нажосат асоратини тозалашда учтадан ортиғида тоқ сон билан якунлаш суннат».
4- Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир гуруҳ уламо-лар мазкур ҳадисдан олд ва орқа авратни тош ёки кесак билан тозалагандан сўнг, у ерда қоладиган (оз миқдордаги) нажосат асоратининг зиёни йўқ, деган ҳукмни олишган».
5- Тунги уйқудан сўнг қўлни ювиш лозим. Юқорида бу ҳукм тунги уйқуга хос ёки йўқлиги борасидаги, шунингдек, бу ҳукм мустаҳаб ёки фарзлиги хусусидаги уламолар ихтилофи баён қилинди.
6- Уйқудан сўнг қайта таҳорат олиш фарз.
7- Уйқудан сўнг қўлни ювмасдан туриб, уларни идишга ботиришдан қайтарилди. Бу қайтариқнинг ҳукми ё ҳаром, ё макруҳ бўлади. Кимда-ким уйқудан сўнг қўлни ювиш фарз деса, демак, уни ювмасдан идишга ботиришни ҳаром дейди. Уйқудан сўнг қўлни ювиш мустаҳаб деган уламолар эса, уни ювмасдан идишга ботиришни макруҳ дейишади.
8- Ҳадиснинг зоҳирига кўра, уйқудан сўнг қўлларни ювишдан мақсад уларни нажосатдан тозалашдир. Лекин инсон кўпинча уйқуда авратини ушлаш эҳтимоли юқори бўлгани боис ҳукм мазкур эҳтимол устига қурилди. Бинобарин, қўлни қопга солиб ёки уни бирон нарса билан ўраб ётилган тақдирда ҳам уйқудан сўнг қўлларни ювиш лозим бўлади.
9- Афтидан ҳадисдаги: «…Шунингдек, ким уйқудан уйғонса…», деган жумла ўзидан олдинги жумла билан бир вақтда айтилгандек кўринади. Зотан, имом Бухорий мазкур икки жумланинг санади бир бўлгани боис уларни битта ҳадисда келтиради. Бироқ имом Моликнинг «Муватто» китоби ва имом Муслим ривоятида эса бу икки жумла алоҳида икки ҳадисда келтирилган.
Манба: Ихлос веб саҳифаси

 

In this volume