Таҳорат китоби: Маҳсига масҳ тортиш боби
«Тайсирул аллом шарҳу умдатил аҳком» китобидан иқтибос
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
Шайх Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Оли Бассом
Мутаржим: Иброҳим Асарий
Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший
كتاب الطهارة: باب المسْـح على الخـفّـين
مقتبس من كتاب تيسير العلام شرح عمدة الأحكام
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
الشيخ عبد الله بن عبد الرحمن بن صالح آل بسام
ترجمة: إبراهيم الأثري
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
Маҳсига масҳ тортиш боби
Бу бобда маҳсига масҳ тортиш жоизлиги борасида келган далиллар зикр қилинади. Масҳ тортиш оёқни ювиш ўрнига ўтади. Таҳоратда маҳсига масҳ тортиш жоизлигига барча мўътабар уламолар ижмо қилишган. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бу ишнинг жоиз эканини очиқ-ойдин саҳиҳ ва мутавотир далиллар исботлайди.
Маҳсига масҳ тортиш жоиз эмас деган ва бу борада келган ҳадисларни қабул қилмаган баъзи тоифаларнинг шоз (кўпчилик уламолар фикрига хилоф ўлароқ билдирган) фикри эътиборга олинмайди. Негаки, уларнинг фикри бу ишнинг жоизлигини кўрсатадиган мутавотир, очиқ-ойдин ва саҳиҳ далилларга зид.
Маҳсига масҳ тортиш Аллоҳ таоло яхши кўрадиган ва бағрикенг шариатимиз томонидан умматга енгиллик мақсадида жорий қилинган амаллардан биридир.
Йигирма биринчи ҳадис
عَنْ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ – رضي الله عنه – قَالَ: «كُنْتُ مَعَ النَّبِيِّ – صلى الله عليه وسلم – فِي سَفَرٍ فَأَهْوَيْتُ لأَنْزِعَ خُفَّيْهِ فَقَالَ: «دَعْهُمَا فَإِنِّي أَدْخَلْتُهُمَا طَاهِرَتَيْنِ فَمَسَحَ عَلَيْهِمَا «
Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарда бирга эдим. У зотнинг маҳсиларини ечмоқчи бўлиб, қўлимни узатган эдим: “Қўявер, мен уларни таҳоратли ҳолда кийганман”, деб уларга масҳ тортдилар” [Бухорий: 206 ва Муслим: 274].
Шарҳ:
Муғийра розияллоҳу анҳу сафарларнинг бирида Расу-луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эди. Пайғамбаримиз таҳорат олишни бошлаб, юзлари ва икки қўлларини ювиб, бошларига масҳ тортгач, Муғийра у зот оёқларини ювишлари учун маҳсиларини ечмоқчи бўлди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ечмай қўявер, мен уларни таҳоратли ҳолда кийганман”, дея оёқларини ювмасдан маҳси устига масҳ тортдилар.
Уламолар ихтилофи:
Шиа тоифаси бу борада келган далилларни инкор қилиб, маҳсига масҳ тортиш жоиз эмас, деган шоз фикрни айтишган. Бу фикр Имом Молик ва баъзи саҳобалардан ҳам нақл қилинган дейилади. Лекин шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ: “Улар, яъни баъзи саҳоба ва имом Молик-нинг маҳсига масҳ тортиш жоиз эмас деганларини билди-рувчи ривоятлар заиф”, деган. Қолаверса, имом Моликнинг маҳсига масҳ тортиш жоиз, деган сўзи саҳиҳ ривоятларда собит бўлган. Шу боис унинг издошлари бу амалнинг жоизлигига иттифоқ қилишган.
Шиа тоифаси “Моида” сурасидаги “ва аржулакум”, яъни “ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз!”, оятининг “ва аржуликум”, яъни “ва оёқларингизга ҳам масҳ тортингиз!”, деган қироатига таяниб, таҳоратда оёқ ювилмайди, балки унга масҳ тортилади, дея бутун ислом уммати ижмо қилган масалага зид фикрни билдиришган. Улар даъво қилишича, мазкур қироат таҳоратда оёқни ювишга буюрувчи барча ҳадисларни насх (бекор) қилади.
Ислом умматининг барча уламолари маҳсига масҳ тортиш жоиз деб эътиқод қилиш кераклигини айтишган ва бунга мутавотир ҳадисларни далил қилиб келтиришган.
Шиа тоифаси келтирган далилга икки хил тарзда жавоб бериш мумкин.
Биринчиси: оятни улар айтганидек “أرجلِكم”, деб ўқилиши мўътабар саналган тақдирда ҳам, “лом” ҳарфининг касра бўлиши ўзидан олдинги “رؤوسِكم”, сўзига мос бўлиши учундир.
Иккинчиси: масҳ тортиш ҳукмини маҳсига чеклаш. Яъни саҳиҳ ҳадисларда баён қилинганидек, оятда келган “أرجلِكم”, қироати “ва оёқларингиз (даги маҳси)га ҳам масҳ тортингиз!”, деган мазмунда бўлиб, маҳсига масҳ тортиш ҳукмини баён қилиб келган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг шогирдлари Жарир ибн Абдуллоҳнинг маҳсига масҳ тортиш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисини ёқтиришарди. Чунки Жарир “Моида” сураси нозил бўлганидан сўнг исломга келган эди.
“Моида” сурасидаги “أرجلكم”, сўзини касра билан “أرجلِكم”, деб ўқийдиган қироатга биноан маҳсига масҳ тортиш жоиз эмас, деган тоифага раддия бор. Негаки, ушбу қироатга кўра оят маъноси қуйидагича бўлади: “ва оёқларингиз-даги маҳсига ҳам масҳ тортингиз!”.
Ибн Дақийқул Ийд роҳимаҳуллоҳнинг “маҳсига масҳ тортиш жоизлиги шу даражада машҳур бўлиб кетганки, ҳатто у аҳли суннат ва жамоатнинг аломат-белгиси, уни инкор қилиш эса аҳли бидъатнинг аломатига айланиб қолган”, деган мазмунда сўзлари бор.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Таҳоратда маҳсига масҳ тортиш жоиз. Саҳобалардан келган ривоятларга кўра, нам қўлни маҳсининг устидан бир бор юргизиш ила масҳ ҳосил бўлади.
2 – Маҳсига масҳ тортиш жоиз бўлиши учун аввал маҳсини таҳоратли ҳолда кийган бўлиш шарт.
3 – Олим ва фозил кишилар хизматида бўлиш мустаҳаб саналади.
4 – Баъзи ривоятларда ушбу воқеа Табук ғазоти бомдод намозида бўлгани айтилган.
Йигирма иккинчи ҳадис
عَنْ حُذَيْفَةَ بْنِ الْيَمَانِ رضيَ اللهُ عنهما قَالَ: (( كُنْتُ مَعَ النَّبِيِّ – صلى الله عليه وسلم – فَبَالَ وَتَوَضَّأَ وَمَسَحَ عَلَى خُفَّيْهِ))
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарда эдим. У зот пешоб қилиб, сўнг таҳорат олдилар ва маҳсиларига масҳ тортдилар” [Бухорий: 203 ва Муслим: 273] (Ҳадис қисқартилган ҳолда келтирилди).
Шарҳ:
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу сафарларнинг бирида Расу-луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлгани, у зот пешоб қилганлари, сўнг таҳорат олиб, маҳсиларига масҳ тортганларини зикр қилмоқда.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Сафарда маҳсига масҳ тортиш жоиз. Сафарда маҳси ва саллага масҳ тортиш муддати уч кеча ва уч кундуз бўлиб, муқимликда (киши ўз шаҳрида бўлган пайтда) эса бир кеча-ю, бир кундуз, яъни йигирма тўрт соат. Масҳ тортиш муддатининг бошланиши сафарда ҳам, муқимликда ҳам — бу борадаги тўғрироқ фикрга кўра — масҳ тортган дастлабки вақтдан деб эътибор қилинади.
2 – Пешоб туфайли таҳорати синган киши таҳорат олмоқчи бўлса, маҳсига масҳ тортиши жоиз. Кичик бетаҳоратликдан таҳорат олинганда маҳсига ҳам, саллага ҳам масҳ тортиш жоизлиги саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган.
Жанобат каби ғуслни фарз қилувчи катта бетаҳо-ратликдан покланишда маҳси ёки саллага масҳ тортиш кифоя қилмайди. Балки бундай ҳолатда ювиниш, жумладан оёқ ва бошни ювиш фарз бўлади.
Кичик ва катта бетаҳоратликдан покланишда тахтакач (гипс) ва жароҳат устидан боғланган нарсаларга масҳ тортиш жоиз. Бироқ масҳ тортиш сабабли зарар етса ёки зарар етиш хавфи бўлса, у ҳолда ўша ерига таяммум қилади ва қолган соғлом аъзоларини ювади.
Манба: Ихлос веб саҳифаси