Таҳорат китоби: жанобатдан ғусл қилиш боби
«Тайсирул аллом шарҳу умдатил аҳком» китобидан иқтибос
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
Шайх Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Оли Бассом
Мутаржим: Иброҳим Асарий
Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший
كتاب الطهارة: باب الغسـل من الجنـابة
مقتبس من كتاب " تيسير العلام شرح عمدة الأحكام "
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
الشيخ عبد الله بن عبد الرحمن بن صالح آل بسام
ترجمة: إبراهيم الأثري
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
Жанобатдан ғусл қилиш боб
Жанобат сўзи араб тилида узоқлик деган маънони билдиради. Жинсий яқинлик қилган ёки маний тўккан кишининг манийси ўз ўрнидан узоқлашгани учун уни жунуб деб айтилган.
Бу бобда ғуслга тааллуқли бўлган ҳукмлар, ғусл сабаблари, одоблари ва ҳоказолар ҳақида сўз юритилади. Ғусл жунуб одам намоз олдидан бажариши шарт бўлган ва кўнгиллар рағбат қиладиган озодалик жумласидандир.
Аллоҳ таолонинг “Агар жунуб бўлсангиз, чўмилингиз”, деган сўзи зимнида инсон соғлиғи, айниқса юрак соғлиғи учун жуда кўп фойдалар бор. Маълумки, одам жинсий алоқа қилганда ундан сулоласи (уруғи) ва жавҳари (мағизи) ҳисобланган маний чиқади ва бунинг ортидан ҳолсизла-ниш, чарчоқ, толиқиш ва эринчоқлик пайдо бўлади. Шунингдек, мия фаолияти ва қон айланиши сусталашади. Ҳикматли ва барча нарсадан хабардор Зот Ўз марҳамати ила жинсий алоқадан сўнг ғусл қилишни жорий қилди. Негаки, ғусл бадан қувватини асл ҳолига қайтариб, қон айланишини яхшилайди, натижада бадан қайта тетикла-шади. Қаранг, Аллоҳнинг шариатида қанча ҳикмат ва сирлар бор-а?! Аллоҳ таоло бизларни уларни англашга ва уларга иймон келтиришга муваффақ қилсин.
Йигирма саккизинчи ҳадис
عنْ أَبي هُرَيْرَةَ – رضي الله عنه – ((أَنَّ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – لَقِيَهُ في بعْضِ طُرُقِ المدينَةِ وهو جُنُبٌ قالَ: فَانْخَنَسْتُ مِنْهُ فَذَهَبْتُ فَاغْتَسَلْتُ ثُمَّ جِئْتُ فقَالَ: أَيْنَ كُنْتَ ياأَبا هُرَيْرَةَ؟ قَالَ: كُنْتُ جُنُبَاً فَكَرِهْتُ أَنْ أُجالِسَكَ على غَيْرِ طَهارَةٍ فَقَالَ: سُبْحانَ اللهِ! إِنَّ المُؤْمِنَ لايَنْجُسُ)) .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Мадина кўчаларининг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайрага дуч келиб қолади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Мен жунуб бўлганим учун у зотдан беркиниб олдим ва бориб ғусл қилиб келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қаерда эдинг, эй Абу Ҳурайра?”, деб сўрадилар. Мен: “Жунуб эдим. Сизнинг қаршингизда нопок ҳолда ўтиришни хоҳламадим”, деб жавоб бердим. Шунда у зот: “Субҳаналлоҳ, мўмин киши ҳаргиз нажас-нопок бўлмайди”, дедилар” [Бухорий: 283 ва Муслим: 371].
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Мадина кўчаларининг бирида тасодифан жунуб ҳолида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга рўбарў келиб қолади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни қаттиқ ҳурмат қилганидан у зотга жунуб ҳолида йўлиқишни хоҳламади. Шу боис Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яшириниб, билдирмай бориб ғусл қилиб келади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан қаерга кетгани ҳақида сўрайди. У жунуб бўлганини, нопок ҳолда у зотнинг ҳузурларида ўтиришни хоҳламаганини айтади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра жунуб одам нопок бўлади, деган ўйда ювингани кетганидан ажабландилар ва мўмин киши ҳар қандай ҳолатда ҳам нопок бўлмаслиги ҳақида хабар бердилар.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Жанобат бутун баданни эгаллайдиган нажосат эмас.
2 – Инсоннинг ўзи, яъни бадани хоҳ тирик, хоҳ ўлик ҳолда нажас саналмайди. Бу инсон баданига нажосат тегмайди ёки борди-ю тегса ҳам бадани нажас бўлмайди деганини англатмайди. Баъзан инсон танасига нажосат тегиши туфайли ўша ер нажас саналиши мумкин.
3 – Жанобат туфайли қилинадиган ғуслни кечиктириш жоиз.
4 – Фазилатли, илмли ва тақводор кишиларни эҳтиром қилиш ва улар ҳузурида энг яхши кўринишда ҳозир бўлиш.
5 – Тобе ва кичик одамлар бирон иш қилишларидан олдин бошлиқ ва катталардан изн сўраши керак. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайрага у зотнинг изнисиз кетгани учун танбеҳ бердилар. Бинобарин, изн сўраш гўзал одоблар сирасидандир.
Йигирма тўққизинчи ҳадис
عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ: ((كَانَ النَّبِيُّ – صلى الله عليه وسلم – إذَا اغْتَسَلَ مِنَ الْجَنَابَةِ غَسَلَ يَدَيْهِ ثُمَّ تَوَضَّأَ وُضُوءَهُ لِلصَّلاةِ ثُمَّ يُخَلِّلُ بِيَدَيْهِ شَعْرَهُ حَتَّى إذَا ظَنَّ أَنَّهُ قَدْ أَرْوَى بَشَرَتَهُ أَفَاضَ عَلَيْهِ الْمَاءَ ثَلاثَ مَرَّاتٍ ثُمَّ غَسَلَ سَائِرَ جَسَدِهِ)) .
وَكَانَتْ تَقُولُ: ((كُنْتُ أَغْتَسِلُ أَنَا وَرَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – مِنْ إنَاءٍ وَاحِدٍ نَغْتَرِفُ مِنْهُ جَمِيعاً)) .
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобат туфайли чўмилсалар, аввал қўлларини ювар, сўнг намозга таҳорат олгандек таҳорат олар, сўнг қўллари билан сочлари орасини ишқалар, сув бош терисигача етиб борганига кўзлари етса, устидан уч марта сув қуяр, сўнг таналарининг қолган жойларини ювар эдилар” [Бухорий: 272 ва Муслим: 316].
Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Мен ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир идишдан, иккаламиз ҳам ундан сув олиб чўмилардик” [Бухорий: 273 ва Муслим: 321].
Шарҳ:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобат туфайли чўмилсалар”, яъни чўмилмоқчи бўлсалар.
“Сўнг қўллари билан сочлари орасини ишқалар”, яъни сув сочнинг остигача, бош терисигача етиши учун ҳўл бармоқлари билан сочларининг орасини ишқалардилар.
“Сув бош терисигача етиб борганига кўзлари етса”, ушбу жумла ғуслда сув тананинг барча қисмига етганини аниқ билиш шарт эмаслиги, балки сув етгани эҳтимоли кўпроқ бўлиши етарли эканига далолат қилади.
“Устидан уч марта сув қуяр”, яъни сочларининг устидан уч марта сув қуярдилар.
Ойша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чўмилишларини васфлаб айтадики, у зот жанобатдан покланиш мақсадида чўмилмоқчи бўлсалар, идишга қўл солганларида қўллари тоза бўлиши учун дастлаб қўлларини ювар, сўнг худди намозга таҳорат олгандек таҳорат олардилар. Сочлари қалин бўлгани сабабли хўл қўллари билан улар орасини ишқалар, сув сочнинг илдизигача етиб, бош териси намланганидан сўнг бошларига уч маротаба сув қуярдилар. Сўнгра қолган жойларини ювардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур комил кўринишда ғусл қилишларига қарамай, у зот ва Ойша розияллоҳу анҳога бир идиш сув етарди, иккалалари ҳам бир идишдан сув олиб чўмилар эдилар.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Жанобатдан покланиш учун чўмилиш лозим. Жин-сий алоқада уруғ суви (маний) тўкиш билан тўкмаслик ўртасида фарқ йўқ. Ҳар иккала ҳолатда ҳам одам жунуб саналади ва ундан покланиш учун чўмилиш керак бўлади. Келгусида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисида бу ҳақда батафсил маълумот келади.
2 – Ушбу ҳадисда ғуслнинг комил кўриниши зикр қилинган. Унга биноан, аввал икки қўл ювилади, сўнг таҳорат олинади, сўнг қалин сочлар ораси ҳўл бармоқлар билан ишқалаб, бош терисига сув етказилади, сўнгра тананинг қолган қисми ювилади.
3 – Ойша розияллоҳу анҳонинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобат туфайли чўмилсалар”, деган сўзлари Пайғамбаримиз ҳар сафар жанобатдан ғусл қилган-ларида мазкур ишларни қилишларига далолат қилади.
4 – Эр-хотин бир-бирларининг авратларига қарашлари ва бир идишдан чўмилишлари жоиз.
5 – Жанобатдан ғусл қилинганда дастлаб таҳорат аъзо-лари ювилади, фақат оёқлар ғуслнинг охирида ювилади. Бу ҳақда келгусида сўз юритилади.
6 – Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғуслдан олдин таҳорат олганлари зикр қилинган. Бу эса таҳорат аъзоларини ювиш ўша аъзолардаги катта ва кичик бетаҳоратликни кетказишига далолат қилади. Зеро, ғуслни ҳам, таҳоратни ҳам фарз қилган сабаб биттадир.
Ўттизинчи ҳадис
عَنْ مَيْمُونَةَ بِنْتِ الْحَارِثِ رضي الله عنها زَوْجِ النَّبِيِّ – صلى الله عليه وسلم – أَنَّهَا قَالَتْ: ((وَضَعْتُ لِرَسُولِ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – وَضُوءَ الْجَنَابَةِ فَأَكْفَأَ بِيَمِينِهِ عَلَى يَسَارِهِ مَرَّتَيْنِ – أَوْ ثَلاثاً – ثُمَّ غَسَلَ فَرْجَهُ ثُمَّ ضَرَبَ يَدَهُ بِالأَرْضِ أَوْ الْحَائِطِ مَرَّتَيْنِ – أَوْ ثَلاثاً – ثُمَّ تَمَضْمَضَ وَاسْتَنْشَقَ وَغَسَلَ وَجْهَهُ وَذِرَاعَيْهِ ثُمَّ أَفَاضَ عَلَى رَأْسِهِ الْمَاءَ ثُمَّ غَسَلَ جَسَدَهُ ثُمَّ تَنَحَّى فَغَسَلَ رِجْلَيْهِ فَأَتَيْتُهُ بِخِرْقَةٍ فَلَمْ يُرِدْهَا فَجَعَلَ يَنْفُضُ الْمَاءَ بِيَدِهِ)) .
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфтлари Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо айтади: “Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобатдан ғусл қилишлари учун олдиларига бир идишда сув қўйдим. У зот идишни ўнг қўллари билан ушлаб, чап қўлларига икки ёки уч марта сув қуйдилар. Сўнг олатларини ювдилар ва қўлларини икки ёки уч марта ер ёки деворга урдилар (ишқаладилар). Сўнг оғиз ва бурунларини чайдилар. Сўнгра юзлари ва қўлларини тирсакларигача ювиб, бошларига сув қуйдилар. Кейин қолган жойларини ювиб бўлганларидан сўнг бир четга ўтиб оёқларини ювдилар. Мен у зотга (артинишлари учун) бир мато келтирган эдим, истамадилар. Қўллари билан баданларидаги сувни сидира бошладилар” [Бухорий: 274 ва Муслим: 317].
Шарҳ:
“Сўнг олатларини ювдилар ва қўлларини икки ёки уч марта ер ёки деворга урдилар”, яъни истинжодан кейин қўлда қолган нопоклик асоратини кетказиш учун қўлла-рини ер ёки деворга ишқаладилар.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
Ушбу ҳадис ҳам ўтган Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳадиси каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жанобатдан қай тарзда ғусл қилганларини баён қилиб беради. Бироқ мазкур Маймуна розияллоҳу анҳонинг ҳадисида собиқ ҳадисда зикр қилинмаган бир қанча фойдалар бор. Қуйида уларни қисқача айтиб ўтамиз:
1 – Аввалги ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғусл аввалида қўлларини неча марта ювганлари зикр қилинмаган эди. Аммо бу ҳадисда қўлларини икки ё уч марта ювганлари айтилмоқда.
2 – Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дастлаб қўлларини чайиб, кейин олатларини ювганлари, сўнгра қўлларини ерга икки ёки уч марта ишқалаганлари айтилган. Уламолар бу ҳадисга биноан, истинжодан сўнг қўлни ерга ишқалагандан кейин ёки бошқа тозаловчи восита билан ювгандан кейин қўлда бирон ҳид қолса, унинг зиёни йўқ дейишган.
3 – Ғусл асносида олатни қайта ювмаслик учун ғусл аввалида олатни ювар экан жанобатдан ғусл қилишни бошлаётганини ният қилиши лозим бўлади.
4 – Собиқ ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга таҳорат олгандек таҳорат олгани зикр қилинган эди. Бу оёқларини ҳам ювганликларини тақозо қилади. Маймунанинг ҳадисида эса бутун таналарини ювиб бўлганларидан кейин оёқларини ювганлари очиқ айтилган. Икки ҳадис ўртасини мувофиқлаштириш учун уларни қуйидагича изоҳлаган яхшироқ бўлса керак: Маймунанинг ҳадисида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўлиқ таҳорат олганлар, яъни ғусл аввалида оёқларини ювганлар, бироқ чўмиладиган ер тоза бўлмагани боис ювиниб бўлганларидан кейин бошқа тозароқ ерга ўтиб, яна бир бор оёқларини ювганлар.
5 – Ҳадисда Маймуна розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таналарини артиши учун мато олиб келгани, у зот матони олмай, балки қўллари билан таналаридаги сувни сидириб ташлаганлари зикр қилинган.
6 – Ғуслда баданни ишқалаш фарз бўлмай, балки таҳоратдаги каби суннатдир.
7 – Ғусл бошида таҳорат олгандан кейин ғусл асносида таҳорат аъзолари қайта ювилмайди. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ ғусл бошидаги таҳоратда ювилган аъзоларни ғуслда қайта ювмаса ҳам бўлаверади, деган фикр тўғрироқ эканини айтган.
8 – Ғуслда бадан бир бор ювилади. Баъзи уламолар таҳоратга таққослаб, ғуслда ҳам бадан уч марта ювилгани афзал дейишган. Лекин далил турганда қиёсга ҳожат йўқ. Бу шайхулислом Ибн Таймия ва шайхимиз Абдураҳмон Саъдий ёқлаган фикр, шунингдек, имом Аҳмад мазҳаби-даги икки фикрнинг бири.
Ўттиз биринчи ҳадис
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ: أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ – رضي الله عنه – قَالَ: ((يَا رَسُولَ اللَّهِ أَيَرْقُدُ أَحَدُنَا وَهُوَ جُنُبٌ؟ قَالَ: نَعَمْ إذَا تَوَضَّأَ أَحَدُكُمْ فَلْيَرْقُدْ)) .
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Ё Расулул-лоҳ, жунуб ҳолимизда ухласак бўладими?”, деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, агар таҳорат олсангиз, ухлайверинглар”, деб жавоб бердилар” [Бухорий: 287 ва Муслим: 306].
Шарҳ:
Саҳобалар жунублик ҳолатидан ҳазар қилашар ва бу ҳолатдан ноқулайлик ҳис қилишар эди. Шу боис жунуб ҳолда ухласа бўладими, йўқми деган ўй уларни ўйлантириб қўйди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кечанинг аввалида жунуб бўлган киши ғусл қилмасдан ухласа бўладими, деб сўрайди. У зот таҳорат олиб, ушбу катта бетаҳоратликни енгиллатган ҳолда ухласа бўлади, дея жунуб ҳолда ухлашга рухсат берадилар.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Жунуб одам агар таҳорат олса, ғусл қилмасдан ухлаши жоиз.
2 – Жунуб одам ғусл қилмагунча ухламагани афзал. Чунки таҳорат олиб ухлаш шариатимизда машаққатни даф қилиш мақсадида рухсат берилган, холос.
3 – Жунуб одам ухлашдан олдин ғусл қилмаса, у ҳолда таҳорат олиб ухлаши лозим.
4 – Жунуб одам ғусл қилмасдан ёки таҳорат олмасдан ухлаши макруҳ саналади.
Ўттиз иккинчи ҳадис
عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رضي الله عنها – زَوْجِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَتْ: ((جَاءَتْ أُمُّ سُلَيْمٍ امْرَأَةُ أَبِي طَلْحَةَ إلَى رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللَّهِ إنَّ اللَّهَ لا يَسْتَحْيِي مِنْ الْحَقِّ فَهَلْ عَلَى الْمَرْأَةِ مِنْ غُسْلٍ إذَا هِيَ احْتَلَمَتْ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: نَعَمْ إذَا رَأَتِ الْمَاءَ)) .
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфтлари Умму Салама розияллоҳу анҳо айтади: “Абу Талҳанинг аёли Умму Сулайм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келиб шундай деб сўради: “Ё Расулуллоҳ, албатта Аллоҳ таоло ҳақдан ҳаё қилмайди. Агар аёл киши эҳтилом бўлса (яъни, тушида жинсий яқинлик қилганини кўрса), ғусл қилиши керакми?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, агар сув, яъни маний (асорати)ни кўрса”, деб жавоб бердилар” [Бухорий: 130 ва Муслим: 313].
Шарҳ:
Умму Сулайм Ансория розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир савол сўраб келади. Сўрамоқчи бўлган саволи одатда уятли саналадиган масалалардан бўлмиш жинсий алоқага тааллуқли бўлгани учун саволини эшитувчиларга юмшатадиган сўз билан бошлади: “Албатта Аллоҳ жалла ва ало ҳаёли зот, бироқ У зотнинг ҳаёси ҳақни (гарчи уятли масалага тааллуқли бўлсада, модомики, уни зикр қилишдан фойда бўлса) айтишдан ман қилмайди. Умму Сулайм саволини ушбу сўзлар билан бироз бўлсада юмшатганидан сўнг, асл мақсадига ўтиб деди: “Аёл киши тушида жинсий алоқа қилганини кўрса, ғусл қилиши керакми?”. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, агар шаҳват суви, яъни маний чиққанини кўрса, ғусл қилиши лозим”, дея жавоб берадилар.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Аёл киши тушида жинсий алоқа қилгани, сўнг ўнгида маний чаққанини кўрса, ғусл қилиши фарз бўлади.
2 – Аёллардан ҳам эркаклардан чиққани каби уруғ суви чиқади. Шу сабаб бола онасига ўхшайди. Мазкур ҳадис-нинг давомида бунга ишора қилиб ўтилган.
3 – Аллоҳ таолонинг ҳаё сифати борлигини тасдиқлаш. У зотнинг ҳаёси махлуқотларнинг ҳаёсидан фарқли ўлароқ, ҳақ сўзни айтишга тўсқинлик қилмайди.
4 – Ҳаё илм олишга, ҳатто бу илм уятли масалаларга оид бўлсада уни ўрганишга тўсқинлик қилмаслиги лозим.
5 – Одоб-ахлоқ қоидалари одатда уятли саналган бирон масала ҳақида сўз очишдан олдин ўша ўринга муносиб сўзлар билан гап очишни тақозо қилади. Зеро, бундай йўл тутиш мазкур масала ҳақида сўз очишга замин яратиб, унинг оддий ва юмшоқроқ эшитилиши ва сўзловчининг одобсизлик билан айбланмаслигини таъминлайди.
Ўттиз учинчи ҳадис
عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ: ((كُنْت أَغْسِلُ الْجَنَابَةَ مِنْ ثَوْبِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم فَيَخْرُجُ إلَى الصَّلاةِ وَإِنَّ بُقَعَ الماءِ فِي ثَوْبِهِ)) .
وَفِي لَفْظٍ لِمُسْلِمٍ ((لَقَدْ كُنْتُ أَفْرُكُهُ مِنْ ثَوْبِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم فَرْكاً فَيُصَلِّي فِيهِ)) .
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларига теккан маний юқини ювар эдим. Сўнг у зот намозга чиқар эканлар, кийимларининг ювилган жойи ҳўл бўлиб турар эди” [Бухорий: 229].
Муслим ривоятида шундай дейилган: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларига теккан манийни ишқалаб ташлардим. Сўнг у зот шу кийимларида намоз ўқир эдилар” [Муслим: 288].
Шарҳ:
Ҳадисда Ойша розияллоҳу анҳо айтмоқдики, жанобат-дан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларига юққан маний ҳўл ҳолида бўлса, уни сув билан ювар, сўнг у зот кийимлари қуримаса ҳам унда намозга чиқардилар. Аммо кийимга юққан маний қуриб қолган бўлса, у ҳолда уни қўллари билан ишқалаб ташлар эди.
Уламолар ихтилофи:
Уламолар маний нажас ёки поклиги борасида ихтилоф қилганлар. Ҳанафий ва моликий мазҳаби уламолари фикрига кўра, маний нажосатдир. Бунга улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг маний теккан кийимла-рини аёллари ювгани ҳақида келган ҳадисларни далил қилишган. Мазкур Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳадиси шулар жумласидан.
Имом Шофеий, имом Аҳмад, Ибн Ҳазм, шайхулислом Ибн Таймия, шунингдек, муҳаддис ва муҳаққиқ уламолар наздида маний пок саналади. Улар бунга талай далилларни зикр қилишган. Қуйида уларнинг баъзиларни зикр қиламиз:
1 – Ойша розияллоҳу анҳо қуриб қолган манийни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кийимларидан тирноқлари билан ишқалаб тозалагани саҳиҳ ҳадисларда келган. Агар маний нажас бўлганида қолган нажосатлар сингари уни ҳам ювиш фарз бўларди.
2 – Маний инсоннинг асли, негизи ҳисобланади. Инсоннинг асли нопок, ифлос нарса бўлиши мумкин эмас. Зеро, Аллоҳ таоло инсонни мукаррам ва пок қилиб яратган.
3 – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам манийни сийдикни ювгандек ювишга ва ундан сақланишга буюрмаганлар.
4 – Уммулмўъминин Ойша розияллоҳу анҳо у зотнинг маний теккан кийимларини ювганлиги ҳақида келган ҳадисларга қуйидагича жавоб бериш мумкин. Мишиқи, балғам ва тупук каби нопок нарсалар инсон бадани ёки кийимига тегса, уни тозалашга ҳаракат қилади. Ҳолбуки, уларнинг барчаси пок нарсалар ҳисобланади. Бинобарин, маний теккан кийимни ювиш ҳам унинг нажас (нопок)лигига далолат қилмайди. Шариатимиз нажосат ва нопокликларни тозалашга буюрган бўлса, қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ювишга рози бўлмасинлар.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Маний пок бўлиб, уни бадан ёки кийимдан ювиб ташлаш фарз эмас.
2 – Кийим ва баданга теккан манийни тозалаш мустаҳаб. Агар хўл бўлса ювиб, қуриқ бўлса ишқалаб тозаланади.
Ўттиз тўртинчи ҳадис
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: ((إذَا جَلَسَ بَيْنَ شُعَبِهَا الأَرْبَعِ ثُمَّ جَهَدَهَا فَقَدْ وَجَبَ الْغُسْلُ)) وَفِي لَفْظٍ لمسلم ((وَإِنْ لَمْ يُنْزِلْ)) .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Агар киши у (яъни, чўри ёки аёли)нинг тўрт мучаси орасига ўтириб, унга қўшилса, ғусл вожиб бўлади” [Бухорий: 291].
Муслим ривоятида: “Маний тўкмаса ҳам”, деган қўшимча зикр қилинган [Муслим: 348].
Шарҳ:
“Тўрт мучаси”, яъни икки қўл ва икки оёғи. Бу жинсий яқинликдан киноя тарзида зикр қилинган.
“Унга қўшилса”, киши олатини аёлининг жинсий аъзосига киритса, деган маънодан киноя.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларининг маъноси шуки, эр аёлининг тўрт мучаси бўлган икки қўл ва икки оёқлари орасига ўтириб, сўнг олатини жуфтининг жинсий аъзосига киритса, гарчи маний чиқармаса ҳам, ҳар иккисига ғусл қилиш фарз бўлади. Чунки, жинсий олатни киргазишнинг ўзи ғуслни фарз қилувчи амаллардан бири ҳисобланади.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Гарчи маний тўкмаса ҳам олатни аёлнинг жинсий аъзосига киртиш билан ғусл фарз бўлади.
2 – Ушбу ҳадис Абу Саид розияллоҳу анҳу ривоят қилган: “Сув сув билан фарз бўлади”, яъни ғусл уруғ суви (маний) чиқиши билан фарз бўлади, деган ҳадисни насх қилади, яъни амалдан қолдиради.
Ўттиз бешинчи ҳадис
عَنْ أَبِي جَعْفَرٍ مُحَمَّدِ بْنِ عَلِيِّ بْنِ الْحُسَيْنِ بْنِ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ رضي اللهُ عنهم ((أَنَّهُ كَانَ هُوَ وَأَبُوهُ عِنْدَ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ وَعِنْدَهُ قَوْمٌ فَسَأَلُوهُ عَنْ الْغُسْلِ فَقَالَ: صَاعٌ يَكْفِيكَ فَقَالَ رَجُلٌ: مَا يَكْفِينِي فَقَالَ جَابِرٌ: كَانَ يَكْفِي مَنْ هُوَ أَوْفَى مِنْك شَعَرَاً وَخَيْراً مِنْكَ – يُرِيدُ رَسُولَ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – ثُمَّ أَمَّنَا فِي ثَوْبٍ)) .
وَفِي لَفْظٍ ((كَانَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – يُفْرِغُ الْمَاءَ عَلَى رَأْسِهِ ثَلاثاً)) .
Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади. “У (Абу Жаъфар) ва отаси (Али ибн Ҳусайн) Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ҳузурида эди. Унинг ҳузурида одамлар бўлиб, ундан ғусл ҳақида сўрашди. Жобир: “Бир соъ сув етади”, деди. Бир киши: “(Бу миқдор) менга етмайди”, деган эди, у: “Сендан кўра яхшироқ ва соч-соқоллари кўпроқ зотга — яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга — етарди-ку”, деди. Сўнг битта кийим билан бизга имомликка ўтди” [Бухорий: 252].
Бошқа бир ривоятда: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ғуслда) бошлари устидан уч марта сув қуярдилар”, дейилган [Бухорий: 255].
Шарҳ:
Муаллиф айтади: ““(Бу миқдор) менга етмайди”, деган киши Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Али ибн Абу Толиб. Унинг отаси Муҳаммад ибн Ҳанафиядир”.
Абу Жаъфар отаси билан биргаликда буюк саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ёнида эди. Унинг ҳузурида одамлар бор эди. Улар ундан жанобат ғуслида қанча сув кифоя қилиши ҳақида сўрашди. Жобир: “Бир соъ етади”, деб жавоб берди.
Жобир ҳузуридаги одамлар ичида Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Ҳанафия ҳам бор эди. У жанобат ғуслида бу миқдор-даги сув етмаслигини айтади. Жобир: “(Бу миқдор) соч-соқоллари сеникидан кўпроқ ва қалинроқ ҳамда сендан кўра яхшироқ зотга етарди. Ҳолбуки, у зот сенга қараганда озодаликка ва динга (тақвога) ҳарисроқ эдилар”, дейди ва бир соъ сув билан ғусл қилиб, одамларга намозда имом-ликка ўтади. Бу бир соъ сув билан рисоладагидек ғусл қилиш мумкинлигига далолат қилади.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Жанобатдан ғусл қилиш фарз. Бадан устидан бир сидра сув қуйиш билан ғусл ҳосил бўлади ва зиммадаги фарз соқит бўлади.
2 – Ибн Рушд “Бидоятул мужтаҳид” китобида айтади: “Ушбу ҳадисни ғуслда баданни ишқалаш лозимлигига ҳам, унинг аксига ҳам далил қилиб бўлмайди”.
3 – Бир соъ сув жанобатдан ғусл қилишга кифоя қилади. Бир соъ тўрт ҳовучга тенг. Ибн Дақиқ Ийд роҳимаҳуллоҳ айтади: “(Ҳадисда зикр қилинган) миқдор чеклаш учун айтилмаган. Чунки бошқа ҳадислар ғуслда турли миқдор сув ишлатилганига далолат қилади. Бу – валлоҳу аълам – сувнинг озлиги ёки кўплиги ёхуд сафарда ёки муқимликда бўлиш каби вақт ва ҳолатларнинг турлича бўлишига боғлиқ бўлса керак.
4 – Ювинишда озроқ сув ишлатиш мустаҳаб.
5 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига хилоф иш тутганларга танбеҳ бериш лозим.
Манба: Ихлос веб саҳифаси